язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Агротехник, ирригация ва мелиорация ишлари/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21.06.2013 й. 176-сон "Томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш ва молиялаштиришни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

21.06.2013 й.

N 176



ТОМЧИЛАТИБ СУҒОРИШ ТИЗИМИНИ

ВА СУВНИ ТЕЖАЙДИГАН БОШҚА СУҒОРИШ

ТЕХНОЛОГИЯЛАРИНИ     ЖОРИЙ     ЭТИШ

ВА МОЛИЯЛАШТИРИШНИ САМАРАЛИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2013-2017 йиллар даврида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини янада яхшилаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2013 йил 19 апрелдаги ПҚ-1958-сон қарорига мувофиқ, томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этишни самарали ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш ва молиялаштириш тартиби тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ;

2013-2022 йиллар даврида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасининг кредит линияси ҳисобига тажриба тариқасида томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш учун тижорат банклари томонидан қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига кредитлар бериш тартиби тўғрисидаги низом 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилансинки, томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш устувор тартибда:

вегетация даврида сув ресурслари ўртача кўп йил тақчил бўлган суғориладиган ер участкаларида, шунингдек суғориш сувини юқорига кўтаришда катта харажатлар қилинадиган машина билан суғориладиган ерларда;

боғлар, узумзорлар, сабзавот-полиз маҳсулотлари ва бошқа юқори рентабелли экинлар учун ажратилган ер участкаларида;

ирригация эрозиясига учраган кучли нишабли ер участкаларида;

шўрланмаган ва кам шўрланган енгил тупроқли текис ер участкаларида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси маблағлари ҳисобига томчилатиб суғориш тизимини қуриш тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатлари бўйича мелиоратив ишларни ва бошқа сув хўжалиги ишларини бажаришга ихтисослашган пудратчи ташкилотлар томонидан фойдаланишга тайёр ҳолда амалга оширилади.

3. Белгилансинки:

томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этган қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига тежалган сув ресурсларидан бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонларда қишлоқ хўжалиги экинлари ўстириш учун фойдаланиш ҳуқуқи берилади;

Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган томчилатиб суғориш тизими ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологиялари учун бутловчи буюмлар ишлаб чиқарувчи ихтисослаштирилган ташкилотларга декларация қилинган нархлар бўйича полиэтилен гранула харид қилиш учун ҳар йиллик квоталар ажратилади;

томчилатиб суғориш тизими ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларининг бутловчи буюмларини ишлаб чиқариш учун ажратилган полиэтилен грануладан мақсадли фойдаланиш юзасидан масъулият Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига юкланади.

4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, "Ўзбекнефтегаз" акциядорлик жамияти ҳар йили, асосланган ҳисоб-китоблар ва Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигининг рўйхатлари бўйича ихтисослаштирилган ташкилотларга томчилатиб суғориш тизими ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларининг бутловчи буюмларини ишлаб чиқариш учун декларация қилинган нархлар бўйича полиэтилен грануланинг зарур ҳажмини ажратсинлар.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари:

беш кун муддатда томчилатиб суғориш тизими ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш бўйича ҳудудий ва туман ишчи гуруҳлари ташкил этилишини;

молиялаштириш учун тижорат банклари билан, лойиҳалаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш учун лойиҳа ташкилотлари билан ҳамда фойдаланишга тайёр ҳолда томчилатиб суғориш тизимини қуриш учун мелиоратив ишларни ва бошқа сув хўжалиги ишларини бажаришга ихтисослашган пудратчи ташкилотлар билан шартномалар тузишда қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига ёрдам берилишини;

томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этишнинг ҳудудий манзилли дастурлари амалга оширилиши, лойиҳаларнинг ўз вақтида молиялаштирилиши ва тижорат банкларининг кредит маблағларидан мақсадли фойдаланилиши устидан мониторинг ўрнатилишини, мониторинг натижалари бўйича ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритилишини таъминласинлар.


6. Томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш бўйича Идоралараро мувофиқлаштирувчи комиссия (кейинги ўринларда Идоралараро комиссия деб аталади) таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Сувдан фойдаланиш ва сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш бошқармаси Идоралараро комиссиянинг ишчи органи этиб белгилансин.

7. Идоралараро комиссия:

томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этишнинг ҳудудий манзилли дастурига киритилган ҳар бир лойиҳанинг ҳар томонлама муҳокама қилинишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланган томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш параметрлари доирасида томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этишнинг ҳар йиллик Давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқсин;

томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этишнинг ҳудудий манзилли дастурлари амалга оширилиши, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси томонидан ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланишнинг ҳолати тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва тижорат банклари раҳбарларининг ҳар чораклик ҳисоботларини эшитсин;

2013-2014 йиллар даврида томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш учун қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларини рағбатлантириш бўйича тажриба натижаларини ўрганиб чиқсин;

2015 йил 1 январгача бўлган муддатда Вазирлар Маҳкамасига томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида таклиф киритсин.


8. Тижорат банкларига томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган бошқа суғориш технологияларини жорий этиш Давлат дастурига киритилган лойиҳалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси бўйича кредитлар бериш тавсия қилинсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:

ўн кун муддатда ушбу қарор билан тасдиқланган низомларни амалга ошириш ва уларнинг талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқсинлар;

бир ой муддатда ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Ш. Рўзиев ва Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                           Ш. Мирзиёев






Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 21 июндаги

176-сон қарорига

3-ИЛОВА



Томчилатиб суғориш тизимини ва сувни тежайдиган

бошқа суғориш технологияларини жорий этиш бўйича

Идоралараро мувофиқлаштирувчи комиссия

ТАРКИБИ

1. Ш. Хамраев

-

сув хўжалиги вазири, Идоралараро мувофиқлаштирувчи комиссия раиси

2. С. Шерматов

-

иқтисодиёт вазирининг ўринбосари


3. Б. Юсупов

-

молия вазирининг биринчи ўринбосари


4. С. Арабов

-

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси


5. А. Хаитов

-

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси

6. У. Мустафаев

-

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раисининг биринчи ўринбосари


7. А. Юсупов

-

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасини бошқариш департаменти директори


8. А. Тамикаев

-

"Агробанк" акциядорлик тижорат банки раиси


9. У. Абдуллаев

-

"ЎзГИП" масъулияти чекланган жамият раҳбари


10. М. Нажимов

-

"Ўзсувлойиҳа" очиқ акциядорлик жамияти раҳбари


11. Ш. Қучқоров

-

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Сувдан фойдаланиш ва сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш бошқармаси бошлиғи

        

Изоҳ: Комиссия таркибидаги шахслар бошқа ишга ўтганда ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар ёхуд тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар унинг таркибига киритилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 1 июль, 26-сон, 334-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 6-сон, 41-модда