язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик/ Уй-жой қонунчилиги/ Уй-жойни хусусийлаштириш/ Ўзбекистон Республикасининг 07.05.1993 й. 846-XII-сон "Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонуни

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

07.05.1993 й.

N 846-XII


ДАВЛАТ УЙ-ЖОЙ ФОНДИНИ

ХУСУСИЙЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида давлат уй-жой фондини хусусийлаштиришнинг ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий асосларини ва тартибини белгилаб беради.

Уй-жойга эгалик ҳуқуқини олиш фуқароларга ўз маблағларини кўчмас мулкка самарали сарфлаш, ўз уй-жойига эркин эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш имконини беради.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда


Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш (бундан буён "хусусийлаштириш" деб юритилади) деганда фуқароларга уларнинг ихтиёрига қараб давлат уй-жой фондининг улар эгаллаб турган ёки янги қурилган квартираларини, уйларини (уйларининг бир қисмини) сотиш, шу жумладан, имтиёзли асосда сотиш ёки текинга мулк қилиб бериш тушунилади.

Давлат уй-жой фонди маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг уй-жой фонди ҳамда давлат органлари, корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг тўлиқ хўжалик тасарруфида ёки оператив бошқарувидаги уй-жой фондидир.


2-модда


Давлат уй-жой фондини хусусийлаштиришга доир қонунлар ушбу Қонундан ҳамда унга мувофиқ чиқариладиган бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Қорақалпоғистон Республикасида давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш Қорақалпоғистон Республикасининг қонунлари билан ҳам тартибга солинади.



3-модда


Давлат уй-жой фондини хусусийлаштиришнинг асосий қоидалари:

Ўзбекистон Республикасининг барча хусусийлаштириш субъектлари давлат уй-жой фондини хусусийлаштиришда тенг ҳуқуқларда иштирок этиши;

хусусийлаштиришнинг ихтиёрийлик асосида бўлиши;

хусусийлаштиришнинг уй-жой муаммосини ҳал этиш билан ўзаро алоқадорлиги;

ҳақ эвазига ва текинга бериш хусусиятининг уйғунлаштирилиши;

фуқароларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоялаш;

ошкоралик, ижтимоий адолатга риоя этилиши;

хусусийлаштиришнинг амалга оширилиши жараёни устидан давлат ва жамоатчилик назоратининг ўрнатилишидан иборатдир.


4-модда


1. Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш:

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида белгиланган фуқароларнинг айрим тоифаларига квартираларни, уйларни (уйларнинг бир қисмини) текинга бериш;

давлат квартираларини, уйларини (уйларнинг бир қисмини) Ўзбекистон Республикасининг - фуқароларига ва юридик шахсларига ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга сотиш йўли билан амалга оширилади.

2. Давлат квартираларини, уйларини (уйларнинг бир қисмини) ҳамда хусусийлаштирилган квартираларни, уйларни (уйларнинг бир қисмини) сотиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда амалга оширилади.


5-модда


Ўзбекистон Республикасининг хусусийлаштириш субъектларига давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш ҳуқуқи фақат бир марта берилади.


6-модда


Хусусийлаштирилган уйлар жойлашган ер участкаларига ва уларнинг этагидаги ҳудудга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ер тўғрисидаги қонунларда назарда тутилган тартиб ва шартларда амалга оширилади.


7-модда


Фуқароларнинг давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан уйлари бузилиши натижасида, агар уларга бузилган уйлари эвазига пул товони тўланмаган бўлса, давлат уй-жой фонди уйларидан олган турар жойлари, шунингдек табиий офатлар оқибатида уйлари бузилиши муносабати билан олган квартиралари, бу квартиралар қачон ажратилганидан қатъи назар, уларга ёки уларнинг ворисларига текинга берилади.


8-модда


Фуқароларга қарашли бўлган уй, иморат ва иншоот ушбу Қонун амалга киритилганидан кейин бузилгани тақдирда ана шу фуқароларга, улар оила аъзоларига, шунингдек ушбу уйда доимий яшаб турган ва уй рўйхатидан (пропискадан) ўтган бошқа фуқароларга ўз хоҳишига кўра ҳамда томонларнинг келишувига биноан текинга квартира олиш ёхуд тегишли корхона, муассаса, ташкилот томонидан янги жойда уй, иморат ва иншоот қурилиб, ўз мулклари қилиб берилиши ёки бузилган уй, иморат, нобуд бўлган экин ва дов-дарахтлар эвазига товон пули олиш ҳуқуқи берилади.


9-модда


Корхоналар, бирлашмалар ва ташкилотларга ўз ходимлари ҳамда пенсионерлари уй-жой қурилиши ёки уйни хусусийлаштириш мақсадида олган қарзи ёки кредитини тўлиқ ёхуд қисман тўлаш ҳуқуқи берилади.



10-модда


Фуқаролар томонидан белгиланган тартибда хусусийлаштирилган турар жойлар давлат уй-жой фондидан чиқарилиб, якка тартибдаги уй-жой фонди таркибига киритилади.


11-модда


Меҳнатга қобилиятсизлар, ёлғиз қариялар, пенсионерлар ва уларнинг оила аъзоларига, агар уларнинг жон бошига тўғри келадиган ўртача ойлик даромадлари энг кам иш ҳақидан оз бўлса, шунингдек биринчи марта никоҳдан ўтган турар жойга муҳтож ёш оилаларга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган рўйхатга биноан фуқароларнинг ижтимоий ҳимояланмаган ва таъминоти оз бошқа тоифаларига маҳаллий давлат ҳокимият органлари ҳузурида аниқ мақсадга қаратилган ижара шартномаси талаблари асосида хусусийлаштириш ҳуқуқисиз фойдаланиладиган коммунал уй-жой фонди ташкил этилади.


II БОБ. ХУСУСИЙЛАШТИРИШНИНГ

ОБЪЕКТЛАРИ ВА СУБЪЕКТЛАРИ


12-модда


1. Хусусийлаштириш объектлари:

фуқаролар ижара шартномаси асосида фойдаланилаётган кўп квартирали уйлардаги квартиралар ва бир квартирали уйлар (уйларнинг бир қисми);

қайта тиклаш, таъмирланиш ишлари тугалланган-ку, аммо одамлар кўчиб кирмаган ва бўшатилган уйларнинг квартиралари, бир квартирали уйлар (уйларнинг бир қисми);

янги қурилган уйлардаги квартиралар киради.

2. Янги фойдаланишга топширилаётган давлат уй-жой фондининг турар жойлари фуқароларга келгусида хусусийлаштириш ҳуқуқи билан ҳақ тўлаб яшаш учун ёки ижарага берилиши мумкин.


3. Уй-музейлар, меъморчилик, тарих ва маданият ёдгорликлари ҳисобланувчи квартира ва уйлар;

уй-музейлар, шунингдек моддий маданий мерос объектлари бўлган квартиралар ва уйлар;

умумий ётоқларнинг хоналари;

белгиланган тартибда яшаш учун яроқсиз деб топилган квартиралар;

хизмат квартиралари, хоналари (уйлари);

икки ва ундан зиёд ижарачи яшаб турган бўлса-ю, улардан айримлари хусусийлаштиришга рози бўлмаган квартиралар хусусийлаштирилиши мумкин эмас.


13-модда


1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган (уй рўйхатидан ўтган) Ўзбекистон Республикасининг, бошқа давлатларнинг фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар хусусийлаштириш субъектлари ҳисобланадилар.

2. Ўзбекистон Республикасининг вазирликлари, давлат қўмиталари, идоралари, корхоналари, муассасалари, ташкилотлари ва бошқа юридик шахслари, бошқа давлатларнинг юридик шахслари ўз ходимлари ва пенсионерларини уй-жой билан таъминлаш учун уй-жой фонди эгасидан уй-жой сотиб олишлари мумкин.

3. Давлат уй-жой фонди таркибидаги уйларда ижара шартномаси асосида турар жойни эгаллаб турган фуқаролар биргаликда яшаб турган барча балоғат ёшидаги оила аъзолари ва турар жой майдонида ҳақи бўлган бошқа шахсларнинг розилиги билан шу турар жойни ушбу Қонунда кўзда тутилган шартларда ўз мулки қилиб, шу жумладан, биргаликда ёки улушбай асосида эгалик қилиш учун сотиб олишга ҳақлидирлар.

4. Хусусийлаштирилган турар жой эгасининг оила аъзолари ҳамда турар жой майдонига ҳақли бўлиб, уни хусусийлаштиришга розилик берган шахслар шу турар жой майдонидан фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қоладилар, хусусийлаштирилган уй-жойни сотиш ёки ижарага бериш уларнинг розилиги билан амалга оширилади.


14-модда


Хусусийлаштирилган квартиранинг, уйнинг (уй бир қисмининг) эгаси:

Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг, давлатнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларига путур етказмаган ҳолда ана шу турар жойга эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш;

коммунал хизматлар ҳақини ва суғурта бадалларини тўлаш бўйича, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича имтиёзлардан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланиш;

эгаллаб турган майдоннинг сатҳидан қатъи назар, бошқа квартирани, уйни (уйнинг бир қисмини) сотиб олиш;

квартирага, уйга (уйнинг бир қисмига) турар жой майдонининг сатҳидан қатъи назар, ушбу Қонун 13-моддасининг биринчи бандида уқтирилган оила аъзоларини, бошқа шахсларни уй рўйхатидан ўтказиш;

ўз квартирасини, уйини исталган бошқа квартирага ёки уйга, шу жумладан, кооператив квартира ёки уйга уй рўйхатидан ўтказиш ва турар жойи борасида ҳеч қандай чекловларсиз айирбошлаш;

ширкатлар ташкил этиш ҳамда турар жой ва биргаликда тасарруф этиладиган жойлардан фойдаланиш бўйича бундай ишларни амалга оширувчи ташкилотни, шу жумладан, давлат уй-жойлардан фойдаланиш ва таъмирлаш-қурилиш ташкилотларини, кооперативлар, хусусий ҳамда бошқа хўжалик субъектларини мустақил белгилаш, уй-жойларга хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш учун шартномалар тузиш;

уйлар ва уйлар олдидаги ҳудудларни ораста сақлаш борасида бажарилаётган ишлар сифатини баҳолашда бевосита ёхуд ширкатлар таркибида қатнашиш, шартнома мажбуриятларини бажармаганлик ёки белгиланган тартибда бажармаганлик учун корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга нисбатан, шунингдек айрим шахсларга нисбатан жарима чоралари қўллаш юзасидан материаллар тақдим этиш;

хусусийлаштирилган уй-жойдан фуқароларни кўчирмасдан амалга оширилиши мумкин бўлмаган капитал таъмирлашни ўтказиш пайти учун мулк эгаларидан ёки турар жой фондини идора этишга ваколати бўлган органлардан турар жойни ижарага олиш ҳуқуқига эгадир.



15-модда


Хусусийлаштирилган квартира эгаси:

ушбу Қонун талабларига ҳамда турар жой хоналари ва уйлар олдидаги ҳудудларни ораста сақлаш қоидаларига риоя этиши;

белгиланган солиқларни ва коммунал хизматлар ҳақини ҳамда уйдан фойдаланишга кетадиган харажат пулларини ўз вақтида тўлаши;

ўзига қарашли турар жойни ораста сақлаш ҳамда таъмирлаш юзасидан корхоналар ва хусусий шахслар билан тузилган шартнома мажбуриятларига риоя этиши шарт.



III БОБ. ДАВЛАТ УЙ-ЖОЙ ФОНДИНИ

ХУСУСИЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


16-модда


Фуқаро давлат уй-жой фондига қарашли уйдаги квартирани (уйнинг бир қисмини) ўз мулки қилиб ҳақини тўлаб сотиб олиш (ёки бепул олиш) учун ўзи истиқомат қилаётган давлат уй-жой фонди тасарруфида бўлган туман, шаҳар ҳокимига, корхона, муассаса, ташкилот маъмуриятига ариза беради. Ариза узоғи билан икки ой муддат ичида қараб чиқилади.


17-модда


Ҳарбий хизматчиларга берилган давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда амалга оширилади.

Давлат хўжаликлари ва бошқа давлатга қарашли қишлоқ хўжалик корхоналарининг уй-жой фондини хусусийлаштириш тартиби маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан уқтириб ўтилган уй-жой фонди эгалари томонидан биргаликда белгиланади.



18-модда


Турар жойларни хусусийлаштириш давлат уй-жой фондининг эгаси ёки у ваколат берган давлат бошқаруви органи томонидан амалга оширилади.

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг маблағи ҳисобига пайчилик шарти билан янги қурилган квартиралар ва уйларни хусусийлаштириш тартиби корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг ўзлари томонидан, давлат маблағлари ҳисобига қурилган квартиралар ва уйларни хусусийлаштириш тартиби эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


19-модда


Фуқароларнинг алоҳида уй, квартира ва хонага бўлган эгалик ҳуқуқи турар жой қиймати тўлиқ тўланган (сотиб олинган) ва ордер олинган пайтдан бошланади.

Турар жойнинг ҳақини тўлаб ва текинга хусусийлаштирилаётган фуқароларга уй-жой эгасининг қарори асосида эгалик ҳуқуқини берувчи ягона шаклда белгиланган давлат ордери берилади. Ордер хусусийлаштирилган уй-жой учун қонуний ҳуқуқни белгиловчи ҳужжат ҳисобланиб, техника инвентаризацияси органларида рўйхатдан ўтказилиши шарт.


20-модда

Хусусийлаштирилаётган турар жойни баҳолаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда баҳоловчи ташкилот томонидан қолдиқ баланс қиймати бўйича амалга оширилади


21-модда


Турар жойларни хусусийлаштириш фуқароларнинг шахсий жамғармалари, корхоналар ва ташкилотларнинг маблағлари, шунингдек имтиёзли шартларда бериладиган кредитлар, ссудалар эвазига ҳамда бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


22-модда


Давлат уй-жой фондини хусусийлаштиришдан тушган маблағлар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг махсус ташкил этилган бюджетдан ташқари хусусийлаштириш уй-жой счётига ўтказилади ҳамда турар жой хўжалигини сақлаш ва ривожлантириш учун фойдаланилади.


IV БОБ. ХУСУСИЙЛАШТИРИЛГАН ТУРАР ЖОЙЛАРГА

ХИЗМАТ КЎРСАТИШ ВА УЛАРНИ ТАЪМИРЛАШ


23-модда


Хусусийлаштирилган турар жойларга хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш уй-жой фондидан фойдаланиш ҳамда уни таъмирлашнинг ягона қоида ва меъёрларига албатта риоя қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгиланган тартибда амалга оширилади.

Хусусийлаштирилган квартираларга, уйларга (уйларнинг бир қисмига) хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш борасида имтиёзларга эга бўлган шахслар тоифасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.


24-модда


Хусусийлаштирилган турар жойлардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш шартнома асосида амалга оширилади. Тўлиқ хусусийлаштирилган уйдаги турар жой эгалари уйдан фойдаланиш ширкати тузишлари мумкин. Бу ширкат уйга хизмат кўрсатувчи ва уни таъмирловчи ташкилотни мустақил танлайди.

Қисман хусусийлаштирилган уйлардаги фуқароларнинг мулкига айланган турар жой хоналарига хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш шу уйларга хусусийлаштиришга қадар хизмат кўрсатган уй-жойлардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш-қурилиш ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Хусусийлаштирилган турар жойларнинг эгалари унинг инженерлик ускуналарига, умумий фойдаланиладиган жойларига хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш ҳамда унинг теварак-атрофига қараш билан боғлиқ харажатлар ҳақини ўзлари эгаллаб турган умумий майдонга мутаносиб равишда тўлайдилар.


25-модда


Хусусийлаштирилган квартиралар эгаларининг тузилган шартномалар бўйича уйга қараш ва коммунал хизматлар ҳақини тўлаш билан боғлиқ қарзлари белгиланган тартибда ундириб олинади.


V БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


26-модда


Давлат уй-жой фонди квартираларини, уйларини (уйнинг бир қисмини) хусусийлаштиришда юзага келадиган низолар суд томонидан ҳал қилинади.


27-модда


Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш қандай бораётганлигини назорат қилиш мазкур уй-жой фондининг эгаси ёки у ваколат берган давлат бошқарув органи томонидан амалга оширилади.


28-модда


Ушбу Қонун талаблари бузилишида айбдор бўлган мансабдор шахслар ва фуқаролар қонунларга биноан жавобгарликка тортиладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                          И. Каримов