Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш /

Ўзбекистон Республикасининг 07.05.1993 й. 871-XII-сон "Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ў3БЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

07.05.1993 й.

N 871-XII



АЛОҲИДА МУҲОФАЗА ЭТИЛАДИГАН

ТАБИИЙ ҲУДУДЛАР ТЎҒРИСИДА


Ушбу Қонун ҳозирги ва келажак авлод манфаатларини кўзлаб ноёб ҳамда экологик, иқтисодий, илмий, маданий, санитария-соғломлаштириш, эстетик нуқтаи назардан миллий бойлик ва умумхалқ мулки бўлмиш қимматли табиий мажмуиларни муҳофаза этишнинг умумий ҳуқуқий, экологик, иқтисодий ва ташкилий асосларини белгилаб беради.



I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар

тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари

Ўзбекистон Республикасида алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш, улардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатлар ушбу Қонундан, шунингдек ер, сув, ўрмон тўғрисидаги қонунлар, ер ости бойликлари тўғрисидаги, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза этиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги, атмосфера ҳавосини муҳофаза этиш тўғрисидаги ҳамда атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунлардан иборат алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Қорақалпоғистон Республикасида алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш, улардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари билан ҳам тартибга солиб турилади.



2-модда. Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар

тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг

вазифалари

Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг вазифалари ноёб табиий мажмуиларни, табиат ёдгорликларини, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг ирсий фондини сақлаб қолишдан, табиий жараёнларни ўрганишдан ҳамда табиий муҳитни кузатиш ва тадқиқ этиш мажмуидан, аҳолини экология бобида тарбиялашдан, табиатни муҳофаза қилиш аҳамиятига молик ҳудудлардан хўжалик мақсадида фойдаланишни чеклашдан иборатдир.



3-модда. Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар

таърифи ва уларнинг ҳуқуқий мақоми

Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар - бу ерлар ва сув кенгликлари (акваторийлар)нинг устивор экологик, илмий, маданий, эстетик, санитария-соғломлаштириш аҳамиятига молик қисмларидир.

Табиат ранг-баранглигини сақлаб қолиш, экологик мувозанатни ва биосфера мониторингини сақлаб туришга, шунингдек шикаст етган табиий мажмуиларни тиклашга мўлжалланган ягона тизимни ташкил этувчи Ўзбекистон Республикасининг алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлари хўжалик мақсадида фойдаланишдан тўлиқ ёки қисман, бир умрга ёки вақтинча тортиб олиниши мумкин.

Табиий захиралардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга доир режалар ва дастурлар, ер тузилиши ва жойларни текислаш кесмалари ҳамда бошқа режаларни ишлаб чиқишда алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ҳисобга олинади.

Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга Қонунда белгилаб қўйилган тартибда давлат қўриқхоналари (шу жумладан биосфера қўриқхоналари), давлат миллий боғлари, давлат табиат ёдгорликлари, давлат буюртма қўриқхоналари мақоми берилади.

Сувни муҳофаза қилиш минтақалари (тегралари), курорт ва рекреация тегралари, ер усти ва ер ости сувлари ҳосил бўладиган тегралар (дарё увалари, оқизиқли адирлар, тоғ ёнбағирларининг этаклари), нодир ва қимматбаҳо минерал конлари, алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг қўриқланма (оралиқ) тегралари, балиқ хўжалиги тегралари, ўрмонларнинг тақиқланган минтақалари, тарихий-табиий ва ёдгорий боғлар, ботаника ва ҳайвонот боғлари, дендрарийлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва халқаро шартномалар билан белгилаб қўйиладиган тартиб асосидаги бошқа ҳудудлар ҳам алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга киради. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви маҳаллий идораларининг қарорлари билан алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг бошқа тоифалари ҳам назарда тутилиши мумкин.



4-модда. Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга

бўлган мулкчилик

Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар давлат мулкидир ва унинг муҳофазасидадир.

Ботаника, дендрология ва ҳайвонот боғлари бошқа шакллардаги мулк асосида ҳам ташкил этилиши мумкин.



5-модда. Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий

ҳудудларнинг ерлари

Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ерлари табиатни муҳофаза этиш, соғломлаштириш, рекреация ва тарихий-маданий аҳамиятга молик ерлар жумласига киради.

Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ерларида уларнинг мақсад-муддаосига зид фаолият тақиқланади.

Юқорида айтиб ўтилган ерлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг тартиби ва шартлари ушбу Қонун ва ер тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан белгилаб қўйилади.

Давлат қўриқхоналари, давлат миллий боғлари ер учун ҳақ тўлашдан озод этиладилар. Алоҳида муҳофаза этиладиган бошқа табиий ҳудудлар ҳам Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгилаб қўйилган тартибда ер учун ҳақ тўлашдан озод этилишлари мумкин. Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда хўжалик фаолияти билан шуғулланилган ҳолларда ижара ҳақи ва ер солиғи ундириб олинади. Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ерлари

тортиб олинишига фавқулодда ҳолларда Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда йўл қўйилади.



6-модда. Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни

ташкил этиш, улардан фойдааланиш ва уларни муҳофаза қилиш

соҳасидаги давлат бошқаруви

Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш, улардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат бошқарувини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, давлат ҳокимияти ва бошқаруви маҳаллий идоралари, шунингдек бу ишга махсус вакил қилинган давлат идоралари амалга оширадилар.

Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат назоратини Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси амалга оширади.



7-модда. Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни

ташкил этиш тартиби

Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ривожлантириш ва жойлаштиришнинг бош кесмаси ёки табиатни муҳофаза қилишнинг ҳудудий мажмуи кесмасига мувофиқ барпо этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ривожлантириш ва жойлаштиришнинг бош кесмасини ёки давлат ҳокимияти маҳаллий идоралари табиатни муҳофаза қилишнинг ҳудудий мажмуи кесмасини тасдиқлаши билан айни бир вақтда муҳофаза этишга тавсия этилаётган ер майдонини захиралаш тўғрисида қарор қабул қилинади. Алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудуд ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилингунга қадар мазкур ҳудудда ер эгалари ва ердан фойдаланувчиларнинг хўжалик фаолияти чекланади ёки тўхтатилади. Бундай ҳолларда ер эгалари ва ердан фойдаланувчилар хўжалик фаолиятининг чекланиши ёки тўхтатилиши туфайли қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқаришида кўрилган йўқотиш ва талофотлар учун товон олиш ҳуқуқига эгадирлар ҳамда ер солиғи бўйича имтиёзлардан фойдаланадилар.



8-модда. Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий

ҳудудларнинг давлат кадастри

Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг давлат кадастри бу ҳудудларнинг ҳуқуқий мақоми, уларнинг жуғрофий мавқеи, миқдор ва сифат кўрсаткичлари, экологик, илмий, маърифий ва бошқа хил аҳамияти тўғрисидаги, ер эгалари ва ердан фойдаланувчилар ҳақидаги маълумотларни қамраб олади.

Ўзбекистон Республикасининг алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлари давлат кадастри мазкур ҳудудлар тармоғини режалаштириш, уларни муҳофаза этишни таъминлаш ва илмий тадқиқотлар ўтказиш, тегишли қоидага риоя этилиши устидан давлат назорати даражасини ошириш, шунингдек ишлаб чиқариш кучларини ривожлантириш ва жойлаштиришни режалаштириш чоғида бу ҳудудлар ўрни ва аҳамиятини ҳисобга олиш мақсадида юритилади.

Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг давлат кадастри республика бюджети ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлаган ягона тизим асосида юритилади. Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг давлат кадастрини юритишни Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг идоралари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси билан биргаликда амалга оширадилар.



9-модда. Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардан

фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни йўлга қўйишда

жамоат ташкилотлари билан фуқароларнинг иштироки

Жамоат ташкилотлари ўз уставларига мувофиқ ва айрим фуқаролар алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш, улардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга оид тадбирларни амалга оширишда давлат идораларига ҳамкорлик қиладилар.

Ана шу тадбирларни амалга ошириш чоғида давлат идоралари жамоат ташкилотлари билан айрим фуқароларнинг таклифларини инобатга оладилар.



II БЎЛИМ. ДАВЛАТ КЎРИҚХОНАЛАРИ

10-модда. Давлат қўриқхоналарининг таърифи ва вазифалари

Давлат қўриқхоналари ўз олдига оддий, одатий ва ноёб табиий мажмуилар, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг ирсий фондларини сақлаб қолиш ва ўрганиш, табиий жараёнлар ва ҳодисалар ўзгариши устидан мониторинг ўтказиш мақсадини қўйган табиатни муҳофаза этувчи илмий-тадқиқот муассасалари ҳисобланади.

Давлат қўриқхоналари ҳудудидаги ер, сув, ер ости бойликлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси хўжалик фойдаланишидан тўлиқ ва бир умрга тортиб олинади ҳамда доимий фойдаланиш учун қўриқхоналарга бепул берилади. Давлат қўриқхоналари ерларини ижарага бериш тақиқланади.

Ҳудуди табиий ландшафтларнинг хос бўлакларидан иборат бўлган ва белгиланган тартибда биосфера қўриқхоналарининг халқаро шохобчасига киритилган давлат қўриқхоналари биосфера давлат қўриқхоналари мақомига эгадир.

Давлат қўриқхоналари зиммасига: муҳофаза остига олинган бутун табиий мажмуини табиий ҳолатда асраш; илмий тадқиқотлар ўтказиш; рўёбга чиқарилганда қўриқхоналар ва муҳофаза этилаётган теграларнинг табиий мажмуига салбий таъсир этиши мумкин бўлган хўжалик объектлари ва бошқа объектларнинг лойиҳалари ҳамда уларни жойлаштириш кесмаларининг давлат экологик экспертизасида қатнашиш;

табиатни муҳофаза қилиш соҳасида илмий ходимлар ва мутахассислар тайёрлашга ҳамкорлик қилиш;

экологик билимларни тарғиб этиш вазифалари юкланади.



11-модда. Давлат қўриқхоналарини ташкил

этиш тартиби ва уларни бошқариш

Давлат қўриқхоналарини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қабул қилади.

Давлат қўриқхоналарини бошқариш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган идоралар томонидан амалга оширилади.

Ҳар бир қўриқхона қайси идоранинг тасарруфида бўлса, шу идора Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан келишиб туриб тасдиқлайдиган Низом асосида фаолият кўрсатади.



12-модда. Давлат қўриқхоналарининг

мақоми ва маблағлари

Давлат қўриқхоналари юридик шахс бўлиб, республика бюджетидан таъминланади, мустақил балансда туради, уларнинг банк муассасаларида ўз ҳисоб рақамлари, ўз номида ва Ўзбекистон Республикаси давлат герби туширилган муҳри бўлади.

Давлат қўриқхоналарининг маблағлари, шу жумладан чет эл валютасидан иборат маблағлари:

Ўзбекистон Республикаси бюджети ажратмаларидан; илмий, табиатни муҳофаза қилиш, реклама-ноширлик ва маърифий фаолиятдан келадиган даромадлардан; корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва айрим шахслар фаолияти натижасида давлат қўриқхонасига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тушумларидан;

маъмурий ва суд йўли билан ундириб олинадиган жарима пулларидан;

овчилик ва балиқчиликнинг мусодара этилган асбобларини, ноқонуний ўлжа қилинган маҳсулотларни сотишдан олинган пуллардан;

корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, шунингдек фуқаролардан беғараз ёрдам тарзида келадиган тушумлардан ҳосил этилади.

Давлат қўриқхоналари ўз маблағларини аниқ мақсадга қаратган ҳолда мустақил тарзда, ушбу Қонуннинг 11-моддасида белгиланган тартибга мувофиқ тасарруф этадилар.



13-модда. Давлат қўриқхоналарининг иш тартиби

Давлат кўриқхоналарининг ҳудудида кўриқхоналар мақсадларига зид бўлган, табиий жараёнларнинг ўзича ривожланишига путур етказадиган ёки табиий мажмуи ва объектлар ҳолатига таҳдид соладиган ҳар қанақа хўжалик, рекреация ва бошқа йўсиндаги фаолият тақиқланади.

Қўриқхоналарнинг ҳудудларида ва уларнинг қўриқланма теграларида иқлимлаштириш мақсадида ўсимликлар ва жониворлар турларини ва хилларини жойлаштириш тақиқланади.

Давлат қўриқхоналарида улар тўғрисидаги тасдиқланган низомга мувофиқ ёнғинга қарши тадбирлар ўтказишга йўл қўйилади. Қўриқхоналарнинг ёки уларга мутасаддилик қилувчи

идораларнинг ходими бўлмаган фуқароларнинг қўриқхоналар ҳудудида бўлишига уларда ана шу идоралар ёки қўриқхона маъмурияти берган рухсатнома бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.



14-модда. Давлат қўриқхоналарида илмий-тадқиқот фаолияти

Илмий тадқиқотларни йўлга қўйиш ва ўтказиш учун давлат қўриқхоналари ўз илмий ходимлар штати билан таъминланади. Илмий тадқиқотлар шунингдек чет илмий ташкилотларни ва айрим мутахассисларни жалб этиш йўли билан ҳам ўтказилиши мумкин. Давлат қўриқхоналарида олимлар кенгаши (илмий кенгаш) тузилади.

"Табиат солномаси"ни юритиш барча давлат қўриқхоналари учун мажбурийдир.

Давлат қўриқхоналарининг илмий жамғармаларини сақлаш муддати чегараланмайди.

Давлат қўриқхоналарига илмий асарларни нашр этиш ҳуқуқи берилади.

Давлат қўриқхоналарининг илмий тадқиқотларини Ўзбекистон Республикасининг Фанлар академияси мувофиқлаштириб боради.



III БЎЛИМ. ДАВЛАТ МИЛЛИЙ ТАБИАТ БОҒЛАРИ

15-модда. Давлат миллий табиат боғларининг

таърифи ва вазифалари

Давлат миллий табиат боғлари табиатни муҳофаза қилиш муассасаси бўлиб, уларнинг ҳудудлари (акваторийлари) алоҳида экологик, тарихий ва эстетик қимматга эга бўлган ҳамда табиатни муҳофаза қилиш, рекреация, маърифий, илмий ва маданий мақсадларда фойдаланишга мўлжалланган табиий мажмуиларни қамраб олади.

Давлат миллий табиат боғлари ҳудуди давлат миллий боғларига эгалик қилиш ёки улардан фойдаланиш учун бериладиган ерларда, шунингдек бошқа ер эгалари ва ердан фойдаланувчиларнинг ерларида жойлашади.

Давлат миллий табиат боғларига: рекреация, маърифий ва илмий мақсадларда фойдаланиш учун табиий мажмуилар ва тарихий-маданий меросларни асраб қолишни таъминлайдиган иш тартибига риоя этиш;

шикаст етган табиий мажмуиларни тиклаш; тарих, маданият, меъморчилик обидаларини сақлаб қолиш; туризм, экскурсия ва дам олиш учун шароит яратиш; экология билимларини тарғиб қилиш; захираларни тежайдиган, экологик жиҳатдан соф технологияларни қишлоқ хўжалиги, саноат ишлаб чиқариши ва бошқа фаолиятда ишлатишга жорий этишга кўмаклашиш;

табиатни муҳофаза қилиш ва табиатдан оқилона фойдаланиш соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказиш, илмий кадрлар ва мутахассислар тайёрлашга ҳамкорлик қилиш вазифалари юклатилади.



16-модда. Давлат миллий табиат боғларини ташкил этиш

тартиби ва уларни бошқариш

Давлат миллий табиат боғларини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси манфаатдор идораларнинг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан келишиб туриб киритган тақдимига кўра қабул қилади.

Давлат миллий табиат боғларини бошқариш улар фаолияти табиатни муҳофаза қилиш билан боғлиқ қайси вазирлик, давлат қўмитаси ёки идора тасарруфида бўлса, шу вазирлик, давлат қўмитаси ёки идора томонидан амалга оширилади.

Ҳар бир миллий боғ қайси идора тасарруфида бўлса, шу идора тасдиқлаб берадиган Низом асосида фаолият кўрсатади.



17-модда. Давлат миллий табиат боғларининг

мақоми ва маблағлари

Давлат миллий табиат боғлари юридик шахс бўлиб, давлат бюджетидан таъминланади, мустақил балансда туради, уларнинг банк муассасаларида ўз ҳисоб рақамлари, ўз номида ва Ўзбекистон Республикаси герби туширилган муҳри бўлади.

Давлат миллий табиат боғларининг маблағлари, шу жумладан чет эл валютасидаги маблағлари:

Ўзбекистон Республикаси бюджети ажратмаларидан; рекреация, туризм-экскурсия, реклама-ноширлик ва ушбу

Қонун ҳамда Миллий боғлар тўғрисидаги низомда рухсат этилган бошқа фаолиятдан келадиган даромадлардан;

давлат, кооператив ва бошқа жамоат корхоналари, муассасалари, ташкилотларидан, қўшма корхоналар, ажнабий ва халқаро ташкилотлар ҳамда хусусий шахслардан келадиган пул маблағлари ва моддий бойликлардан;

давлат миллий табиат боғини муҳофаза этиш қоидасини бузувчилардан белгиланган тартибда ундириб олинадиган жарима пуллардан иборат тушумлардан;

корхона, муассаса, ташкилот ва фуқароларнинг фаолияти натижасида давлат миллий табиат боғига етказилган зарар ўрнини қоплаш ҳисобидан келадиган тушумлардан ҳосил этилади.

Давлат миллий табиат боғлари ўз маблағларини аниқ мақсадга қаратган ҳолда мустақил тарзда, ушбу Қонуннинг 16-моддасида белгиланган тартибга мувофиқ тасарруф этадилар.



18-модда. Давлат миллий табиат боғларининг иш тартиби

Давлат миллий табиат боғларининг ҳудудларида табиий мажмуи ва объектлар ҳолатини, уларнинг рекреация, маданий ва эстетик қимматини инобатга олган ҳолда муҳофаза этиш ва улардан фойдаланишнинг табақалаштирилган тартиби белгилаб қўйилади.

Давлат миллий табиат боғларининг теграсида давлат қўриқхоналари ҳудудлари учун назарда тутилган тартибдаги қўриқ тегралари, рекреация, хўжалик ва ўзга йўсиндаги фойдаланиш тегралари, тарихий-маданий объектларнинг муҳофаза тегралари ажратиладики, уларда давлат миллий табиат боғлари вазифаларига зид бўлмаган фаолият билан шуғулланилади.

Давлат миллий табиат боғларининг ҳудудида: дарахт кесишга (санитария мақсадидаги ва парваришлаш йўсинидаги кесиш бундан мустасно); экологик жиҳатдан хавф-хатар туғдирувчи саноат корхоналарининг фаолият олиб боришига; гидрологик ва гидрогеологик тартибни ўзгартириб юборувчи ҳаракатларга; тупроқ эрозиясини, шунингдек ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг таназзулини келтириб чиқарувчи ҳаракатларга; давлат миллий табиат боғларининг фаолияти билан боғлиқ бўлмаган йўл ва муҳандислик-коммуникация ишлари олиб боришга; кимё ва радиоактив моддаларнинг чиқиндиларини кўмишга; иқлимлаштириш мақсадида тирик организмларни кўчириб келтиришга йўл қўйилмайди. Давлат миллий табиат боғларида улар ҳудудининг табиий, илмий, эстетик ва маданий қиммати пасайишига олиб келувчи бошқа фаолият турлари тақиқланиши ёки чекланиши мумкин.

Боғнинг расамади билан фаолият кўрсатиши учун йўллар, бошқа коммуникация ва иншоотлар қуриш зарур бўлиб қолган ҳолларда шикаст топган ерларни маданийлаштириш, табиатни муҳофаза қилиш тадбирлари мажмуини ўтказиш мажбурийлиги назарда тутилади.



IV БЎЛИМ. ДАВЛАТ БУЮРТМА ҚЎРИҚХОНАЛАРИ

ВА ДАВЛАТ ТАБИАТ ЁДГОРЛИКЛАРИ

19-модда. Давлат буюртма қўриқхонаси тушунчаси ва бундай

қўриқхонани ташкил этиш

Давлат буюртма қўриқхоналари табиий мажмуиларни ёки уларнинг айрим бўлакларини асраш, кўпайтириш ва тиклаш мақсадида буюртма қўриқхона олдига қўйилган вазифаларни бажариш учун зарур муддатга ажратиб бериладиган ҳудудлар (акваторийлар)дир.

Давлат буюртма қўриқхоналари республика ва маҳаллий аҳамиятга молик бўлиши мумкин.

Буюртма қўриқхоналар вазифасига кўра: алоҳида қимматга эга бўлган табиий ландшафтлар ва мажмуиларни асраш ва тиклаш учун мўлжалланган ландшафт (яхлит) буюртма қўриқхоналарга;

қимматли, нодир ва йўқолиб бораётган ўсимликлар ва жониворлар турларини асраб қолиш ва тиклаш учун мўлжалланган биологик (ботаник, зоологик) буюртма қўриқхоналарга;

айрим қазилма бойликлар ва уларнинг мажмуини асраб қолиш учун мўлжалланган палеонтологик буюртма қўриқхоналарга;

жонсиз табиатнинг қимматли объектлари ва мажмуиларини асраб қолиш учун мўлжалланган гидрологик (ботқоқ, кўл, дарё) буюртма қўриқхоналарга;

табиат яратган нодир ва ноёб рельеф шаклларини асраб қолиш учун мўлжалланган геоморфологик буюртма қўриқхоналарига;

нодир геологик ва минералогик ҳосилалар ва тузилмаларни асраб қолиш учун мўлжалланган геологик ва минералогик буюртма қўриқхоналарга бўлинади.

Ноёб минерал ва ўзга хил геологик тузилмаларга эга бўлган ҳамда фундаментал илмий аҳамиятга молик геологик буюртма қўриқхоналарга давлат қўриқхонаси мақоми берилиши мумкин. Буюртма қўриқхоналар фаолият муддатлари кўрсатилмай (муддатсиз), 5 йилдан ортиқ муддатга (узоқ муддатли) ёки 5 йилдан кам муддатга (қисқа муддатли) қилиб ташкил этилади.

Республика аҳамиятига молик давлат буюртма қўриқхоналарини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ташкил этади.

Маҳаллий аҳамиятга молик давлат буюртма қўриқхоналари табиатни муҳофаза этиш идораларининг тақдимига кўра вилоят ҳокимларининг қарори билан ташкил этилади.



20-модда. Давлат буюртма қўриқхоналарининг иш тартиби

Давлат буюртма қўриқхоналари деб эълон қилинган ҳудудлар уларни хўжалик мақсадларида истифода этаётган ер эгалари ва ердан фойдаланувчилардан тортиб олинмайди.

Ерида давлат буюртма қўриқхоналари ташкил этилган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар давлат буюртма қўриқхонаси белгилайдиган тартибга риоя этишлари шарт.

Давлат буюртма қўриқхоналарининг ҳудудларида буюртма қўриқхона олдига қўйилган вазифаларга зид бўлган фаолиятнинг ҳар қанақа тури тўхтатилади ёки чеклаб қўйилади.

Ҳар бир давлат буюртма қўриқхонасининг аниқ вазифалари ва иш тартибининг хусусиятлари Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг идоралари, ер эгалари ва ердан фойдаланувчилар билан келишиб туриб ишлаб чиқиладиган ҳамда давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этиш тўғрисида қарор чиқарган идора тасдиқлайдиган низомда белгилаб қўйилади.



21-модда. Давлат табиат ёдгорликлари

Экологик, илмий, эстетик, маданий жиҳатдан ноёб, ўрнини тўлдириб бўлмас, қимматли, келиб чиқиши табиий бўлган объектлар давлат табиат ёдгорликлари деб эълон қилинади.

Табиат объектларини давлат ҳокимиятининг маҳаллий идоралари табиатни муҳофаза этиш бўйича давлат идоралари тақдимига биноан давлат табиат ёдгорликлари деб эълон қиладилар.

Ер эгалари ва ердан фойдаланувчилардан улар эгаллаб турган ер участкаларини тортиб олмай туриб ҳам объект давлат табиат ёдгорлиги деб эълон қилинишига йўл қўйилади.

Давлат табиат ёдгорликлари жойлашган ҳудудда уларни асраб қолишга таҳдид этувчи ҳар қандай фаолият тақиқланади.

Табиат ёдгорликларини муҳофаза этиш тартибини таъминлашга оид мажбуриятлар бу ёдгорликлар қайси корхона, муассаса ва ташкилот ҳудудида бўлса, шу корхона, муассаса ва ташкилот зиммасига юкланади.

Табиий объектни давлат табиат ёдгорлиги деб эълон қилиш тўғрисида қарор чиқарган идора объектни муҳофаза остига ўтказиш ва муҳофаза этиш мажбуриятини расмийлаштириш ишларини амалга оширади.

Аҳоли диний мақсадларда фойдаланиб турган давлат табиат ёдгорликлари уларни муҳофаза этиш ва ободонлаштириш ишлари ўтказиш мақсадида давлат табиат ёдгорлигини асраб қолиш шарти билан диний ташкилотларга ёки алоҳида шахсларга фойдаланиш учун ёҳуд ижарага берилиши мумкин.



V БЎЛИМ. АЛОҲИДА МУҲОФАЗА ЭТИЛАДИГАН

ЎЗГА ТАБИИЙ ҲУДУДЛАР

22-модда. Сувни муҳофаза қилиш минтақалари

(тегралари) ва уларни ташкил этиш

Дарёларнинг, кўлларнинг, сув омборларининг, каналларнинг, коллекторларнинг ҳамда бошқа сув объектларининг ўзанларига туташ ҳудуд сувни муҳофаза қилиш теграси деб эътироф этилади ва бу ҳудуд учун ифлосланиш, булғаниш, саёзланишнинг ҳамда сув объектлари тупроқ нураши маҳсуллари бўлмиш лойқа билан тўлиб қолишининг олдини олиш мақсадида, шунингдек энг мақбул сув маромини сақлаб туриш учун махсус тартиб-қоида белгилаб қўйилади.

Сувни муҳофаза қилиш минтақалари (тегралари)нинг иш тартиби ер усти ва ер ости сувлари ҳосил бўладиган тегралар (дарё увалари, оқизиқли адирлар, тоғ ёнбағирларининг этаклари)га ҳам тааллуқлидир.

Сувни муҳофаза қилиш минтақалари (тегралари) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган тартибга мувофиқ табиатни муҳофаза қилиш ва сув хўжалиги идораларининг тақдимига биноан белгиланади.

Давлатлараро дарёлардаги сувни муҳофаза қилиш тегралари манфаатдор давлатлар ўртасида тузилган шартномаларга биноан белгиланади. Аҳоли пунктлари ҳудудида хўжаликлараро ер тузиш ва ер текислаш чоғида сувни муҳофаза қилиш минтақалари (тегралари) барпо этишга доир масалалар табиатни муҳофаза қилиш ва сув хўжалиги идоралари билан келишиб олиниши лозим.



23-модда. Сувни муҳофаза қилиш минтақалари

(тегралари)нинг иш тартиби

Сувни муҳофаза қилиш теграси доирасида сув объектларини ёқалаб хўжалик фаолияти юритиш қатъий чекланган ҳудуддан иборат қирғоқ бўйи минтақалари ажратилади.

Сувни муҳофаза қилиш теграси доирасида аҳоли пунктларидаги аҳолининг ичиши ва рўзғорда фойдаланиши учун сув тўплаш мақсадида сув объектларини ёқалаб санитария муҳофазаси минтақаси белгиланиб, унда ҳар қандай хўжалик фаолияти юритиш ман этилади.

Сувни муҳофаза қилиш минтақалари (тегралари) доирасида чекланган хўжалик фаолияти юритишга йўл қўйилади. Сувни муҳофаза қилиш теграсида:

бута-дарахтларни кесиш (санитария мақсадидаги ва парвариш йўсинидаги кесиш бундан мустасно);

заҳарли кимёвий моддалар қўлланиш, заҳарли кимёвий моддалар ва минерал ўғитлар омборлари қуриш ҳамда бундай модда ва ўғитларни сақлаш;

канализация-тозалаш иншоотлари ва оқова сувлар тўпланадиган турли хил иншоотлар қуриш;

чорвачилик комплексларини, аҳлат, ишлаб чиқариш чиқиндилари ташланадиган, кўмиладиган жойларни жойлаштириш, шунингдек суғоришда "шарбат" (суюқ гўнг) ишлатиш;

автомобиль транспортини қўйиб туриш, уларга ёнилғи қуйиш, уларни ювиш ва таъмир қилиш жойларини ташкил этиш;

нефть маҳсулотлари сақланадиган омборхоналарни жойлаштириш;

зиғир, каноп ва тери ювиладиган жойлар ташкил этиш ман қилинади.

Дарё ўзанларини ўзгартириш, фойдали қазилмалар кавлаб олиш ва сув захиралари ҳолатига таъсир қиладиган бошқа ишлар бажаришга фақат сув хўжалиги, сувни муҳофаза қилиш ва геология идораларининг рухсати билангина йўл қўйилади.

Сувни муҳофаза қилиш теграларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш тартиби ҳамда шартларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.



24-модда. Курорт табиий ҳудудлар ва уларни ташкил этиш

Даволаш ва саломатликни тиклаш хусусиятларига, минерал манбаларга, даволовчи балчиқ қатламларига, қулай иқлим шароитлари ва бошқа шарт-шароитларга эга бўлган табиий ҳудудлар курорт табиий ҳудудлар деб эътироф этилади.

Курортлар маҳаллий ва республика аҳамиятига молик бўлиши мумкин.

Республика аҳамиятига молик курортларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма тақдимномасига биноан ташкил этади.

Маҳаллий аҳамиятга молик курортлар давлат ҳокимияти маҳаллий идораларининг Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма тақдимномасига биноан қабул қилган қарорлари билан ташкил этилади.



25-модда. Курорт табиий ҳудудларнинг иш тартиби

Курорт табиий ҳудуд уч теграга бўлинади. Даволаш хусусиятига эга манбалар, даволовчи балчиқ қатламлари бор ҳудуд биринчи теграга киради. Бундай теграда ҳар қандай хўжалик фаолияти билан шуғулланиш ман этилади, даволаш хусусиятига эга манбалар ва балчиқ билан даволаш шифохоналари теварак-атрофини ободонлаштириш учун зарур иншоотлар қуриш бундан мустасно.

Санаторийлар, пансионатлар, дам олиш уйларининг дам олувчилар ҳордиқ чиқарадиган манзиллари, улар даволаниши ва яшаши учун қурилган бинолар жойлашган ҳудуд иккинчи теграга киради. Бу теграда хўжалик фаолияти юритиш ман этилади, даволаш ва дам олишни ташкил этиш учун зарур бўлган фаолият бундан мустасно, шунингдек бу ҳудудда вақтинча истиқомат қиладиган тиббиёт ходимлари ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари бошқа аҳолининг яшаши ман этилади.

Санаторийлар, пансионатлар ва дам олиш уйларига туташ ҳудуд учинчи теграга киради. Бу теграда даволаш манбаларига зиён етказмайдиган ҳамда атроф муҳитга зарарли жисмоний таъсир этиш ва ифлослантириш йўли билан дам олиш ҳамда даволаниш учун яратилган шароитларни ёмонлаштирмайдиган

чекланган хўжалик фаолияти юритишга рухсат берилади. Бундай курорт табиий ҳудудлар доирасида:

фойдали қазилмаларни кавлаб чиқариш; дарахт кесиш (санитария мақсадидаги ва парваришлаш йўсинидаги кесиш бундан мустасно); заҳарли кимёвий моддалар ва минерал ўғитлар омборлари қуриш; заҳарли кимёвий моддалар қўлланиш; ахлат тўкиладиган, кимёвий ва радиоактив моддаларнинг чиқитлари кўмиладиган жойларни жойлаштириш, кимё, целлюлоза-қоғоз, металлургия саноати корхоналарининг иш олиб бориши;

жойнинг гидрология маромини ўзгартирувчи ишлар бажариш қатъиян ман этилади.



26-модда. Рекреация тегралари

Туризм ва аҳолининг оммавий дам олишини ташкил этиш учун қулай жуғрофий ва иқлим шароитларига эга ҳудудлар рекреация тегралари деб эътироф этилади.

Рекреация тегралари давлат ҳокимияти маҳаллий идораларининг Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тақдимномасига биноан қабул қилган қарори билан ташкил этилади.

Рекреация теграларида оммавий дам олиш ва туризм манфаатларига зид келмайдиган чекланган хўжалик фаолияти юритишга рухсат берилади.

Рекреация теграларида кимё, металлургия, микробиология корхоналари ва ташкилотларининг фаолият кўрсатиши, пестицидларни қўлланиш, ҳаром ўлган чорва моллар кўмиладиган, кимёвий ва радиоактив моддалар, рўзғор ва ишлаб чиқариш чиқиндилари ташланадиган ва кўмиладиган жойларни жойлаштириш, дарахт кесиш (санитария мақсадидаги ва парваришлаш йўсинидаги кесиш бундан мустасно), жойнинг гидрологик маромини бузадиган ишлар бажариш ман этилади.



27-модда. Ботаника боғлари

Ботаника боғлари ботаника термалари тузиш, тўлдириш ва асраш, илмий, ўқув ва таълим ишлари олиб бориш йўли билан маҳаллий миқёсдаги ва жаҳон миқёсидаги ўсимликлар мажмуиларининг нодир ва муайян туркумга хос турларини махсус яратилган шароитда асраш, ўрганиш, иқлимлаштириш, кўпайтириш ҳамда улардан самарали, оқилона фойдаланиш мақсадида ташкил этилади.

Умумдавлат аҳамиятига молик ботаника боғлари табиатни муҳофаза қилиш борасида илмий-тадқиқот муассасалари ҳисобланади.

Маҳаллий аҳамиятга молик ботаника боғларига белгиланган тартибда илмий-тадқиқот муассасаси мақоми берилиши мумкин.

Ерлар ва сув кенгликларининг участкалари барча табиий захиралари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгилаб қўйиладиган тартибда хўжалик мақсадларида фойдаланишдан тортиб олиниб, ботаника боғларига берилади.

Ботаника боғларининг ҳудудида уларнинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга алоқаси бўлмаган ҳамда ўсимликлар мажмуи термаларини асрашга таҳдид қилувчи фаолият билан шуғулланиш ман этилади.



28-модда. Дендрология боғлари

Дендрология боғлари илмий, маданий, рекреация ва бошқа йўсинда ғоят самарали фойдаланиш учун дарахтлар ва буталарнинг ҳар хил турларини ҳамда улардан таркиб топган дарахтзорлар-бутазорларни махсус яратилган шароитда асраш ва ўрганиш мақсадида ташкил этилади.

Умумдавлат аҳамиятига молик дендрология боғлари табиатни муҳофаза этиш борасида илмий-тадқиқот муассасалари ҳисобланади.

Маҳаллий аҳамиятга молик дендрология боғларига белгиланган тартибда илмий-тадқиқот муассасаси мақоми берилиши мумкин.

Ер майдонлари барча табиий захиралари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгилаб қўйиладиган тартибда хўжалик мақсадларида фойдаланишдан тортиб олиниб, дендрология боғларига берилади.

Дендрология боғларининг ҳудудида уларнинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга алоқаси бўлмаган ҳамда дендрология термаларини асрашга таҳдид қилувчи фаолият билан шуғулланиш ман этилади.

Дендрология боғларининг ҳудудида ботаника боғлари учун белгиланган талабларга мувофиқ тегралаш ишлари ўтказилиши мумкин.



29-модда. Қўриқланма (оралиқ) тегралар

Қўриқланма (оралиқ) тегралар давлат қўриқхоналарига, давлат миллий табиат боғларига, давлат буюртма қўриқхоналарига, давлат табиат ёдгорликларига ва алоҳида муҳофаза этиладиган ўзга табиий ҳудудларга бўладиган салбий таъсирнинг олдини олиш мақсадида чекланган хўжалик фаолияти юритилувчи ҳудудни қамраб олади.

Қўриқланма (оралиқ) теграда хўжалик фаолияти ва табиатдан фойдаланишнинг алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга салбий таъсир келтириб чиқарувчи турлари билан шуғулланиш ман этилади.

Қўриқланма (оралиқ) теграларнинг катта-кичиклиги ва уларнинг иш тартиби алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни ташкил этиш билан бир вақтда белгилаб қўйилади.



30-модда. Ўрмонларнинг тақиқланган минтақалари

Бағоят қимматли ва нодир ўсимликлар турларининг ирсий фондини муҳофаза этиш ва сақлаб қолиш, шунингдек ўрмон фонди майдонларида давлат қўриқхоналари, давлат миллий табиат боғлари ва алоҳида муҳофаза этиладиган ўзга табиий ҳудудларнинг иш тартибини таъминлаш мақсадида ўрмонларнинг тақиқланган минтақалари белгилаб қўйилади.

Ўрмонларнинг тақиқланган минтақаларини давлат ҳокимияти ва бошқарувининг маҳаллий идоралари табиатни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги идоралари тақдимига биноан белгилайдилар.



31-модда. Ҳайвонот боғлари

Ҳайвонот боғлари экологик таълим-тарбия ишларини йўлга қўйиш, ҳайвонларнинг нодир экзотик ва маҳаллий турлари экспозицияларини яратиш, уларнинг ирсий фондини сақлаб қолиш, ёввойи ҳайвонларни ўрганиш ҳамда уларни тутқунликда кўпайтиришнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш мақсадида барпо этилади.

Умумдавлат аҳамиятига молик ҳайвонот боғлари маданий-маърифий йўналишдаги табиатни муҳофаза қилиш муассасалари ҳисобланади.

Ер майдонлари барча табиий захиралари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгилаб қўйиладиган тартибда хўжалик мақсадларида фойдаланишдан тортиб олиниб, ҳайвонот боғларига берилади.

Ҳайвонот боғларининг ҳудудида уларнинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришга алоқаси бўлмаган ҳамда бу боғлардаги ҳайвонларнинг ҳаёти учун қулай шароитни сақлаб қолишга таҳдид қилувчи фаолият билан шуғулланиш ман этилади.

Ҳайвонот боғларининг ҳудудида улар олдига қўйилган вазифаларни бажаришни таъминлаш мақсадида:

ҳайвонларни бир жойда асраш ва улардан маданий ҳамда билимни ошириш мақсадларида фойдаланиш учун экспозиция теграси;

сарҳадида илмий-тадқиқот ишлари олиб бориладиган илмий тегралар (бундай теграга киришга рухсат ҳайвонот боғининг маъмурияти белгилаб қўядиган тартибда берилади);

ҳайвонот боғи томошабинларининг дам олиши ва уларга хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш учун рекреация теграси;

ёрдамчи хўжалик объектларини жойлаштириш учун хўжалик теграси ажратиб берилади.

Ҳайвонот боғлари жониворларнинг кўчма экспозицияларини ташкил этишлари, жониворларни озуқа билан таъмин этиш мақсадида барпо этиладиган ёрдамчи хўжаликларга эга бўлишлари мумкин.



32-модда. Балиқ хўжалиги тегралари

Нодир, йўқолиб бораётган балиқ турлари ва бошқа сув жонзотларини муҳофаза этиш ва кўпайтириш мақсадида, шунингдек балиқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган сув объектлари ёки уларнинг бир қисми балиқ хўжалиги тегралари деб эълон қилиниши мумкин.

Сув объектларининг балиқ хўжалиги теграларидаги иш тартиби табиатни муҳофаза қилиш ва сув хўжалиги идоралари тақдимига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан белгиланади.

Балиқ хўжалиги теграларида балиқлар ва бошқа сув жонзотларини муҳофаза қилиш ҳамда уларни кўпайтириш билан боғлиқ шароитларга зарар етказувчи ҳар қандай хўжалик фаолияти билан шуғулланиш ман этилади.



VI БЎЛИМ. АЛОҲИДА МУҲОФАЗА ЭТИЛАДИГАН

ТАБИИЙ ҲУДУДЛАР МУҲОФАЗАСИНИ

ЙЎЛГА ҚЎЙИШ

33-модда. Давлат қўриқхоналари ва давлат миллий табиат

боғларини муҳофаза қилиш

Давлат қўриқхоналари ва давлат миллий табиат боғларини муҳофаза қилишни махсус табиат ҳудудларини муҳофаза қилиш инспекцияси амалга оширади ва бу иш давлат қўриқхонаси тўғрисидаги ёки давлат миллий табиат боғи ҳақидаги низом билан тартибга солинади.

Муҳофаза қилиш ходимлари давлат қўриқхоналари ва давлат миллий табиат боғлари штатида турадилар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат инспекторларига хос барча ҳуқуқлар ва имтиёзлардан фойдаланадилар.



34-модда. Давлат буюртма қўриқхоналари ва давлат табиат

ёдгорликларини муҳофаза қилиш

Давлат буюртма қўриқхоналари ва давлат табиат ёдгорликларини муҳофаза қилишни давлат буюртма қўриқхоналари ва давлат табиат ёдгорликлари қайси корхона, муассаса ва ташкилотнинг ер майдонида жойлашган бўлса, ана шу корхона, муассаса ва ташкилот амалга оширади.

Башарти давлат буюртма қўриқхонаси ёки давлат табиат ёдгорлиги тасарруф этиш ёхуд фойдаланиш учун берилмаган ер майдонида жойлашган бўлса, у ҳолда бундай қўриқхона ёки табиат ёдгорлигини муҳофаза қилишни у қайси идоранинг қарамоғида бўлса, ана шу идора таъминлайди.

Корхона, муассаса ва ташкилотлар давлат буюртма қўриқхоналари ҳамда давлат табиат ёдгорликлари муҳофаза қилинишини таъминламайдиган ҳолларда давлат буюртма қўриқхонаси ва давлат табиат ёдгорлиги эгаллаб турган ер майдони ҳамда муҳофаза қилинишини таъминлаш учун зарур унга туташ ҳудуд ер эгаларидан ва ердан фойдаланувчилардан олиб қўйилиши мумкин.

Агар давлат табиат ёдгорлиги муайян ердан фойдаланувчи, ер эгаси ёки сувдан фойдаланувчига биркитиб қўйилмаган ер майдонида ёки сув объектида жойлашган бўлса, уларнинг муҳофаза қилиниши давлат ҳокимияти ва бошқаруви маҳаллий идоралари томонидан таъминланади.



35-модда. Алоҳида муҳофаза этиладиган ўзга табиий

ҳудудларни муҳофаза қилиш

Сувни муҳофаза қилиш минтақаларини (теграларини) муҳофаза қилиш табиатни муҳофаза қилиш ва сув хўжалиги идоралари томонидан таъминланади. Сувни муҳофаза қилиш минтақалари (тегралари) таркибига кирувчи ерлар чекланган хўжалик фаолияти юритиш учун корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларга улар эгалигига, фойдаланишига биркитиб қўйилаётган ёки ижарага берилаётган ҳолларда сувни муҳофаза қилиш минтақаларини (теграларини) муҳофаза қилиш вазифаси мазкур корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва фуқаролар зиммасига юкланади.

Сув объектларининг санитария муҳофаза тегралари ички ишлар идоралари томонидан муҳофаза этилади.

Курорт табиий ҳудудларни ва рекреация теграларини муҳофаза қилиш давлат ҳокимияти ва бошқаруви маҳаллий идоралари томонидан, табиатни муҳофаза қилиш идоралари томонидан таъминланади.

Ботаника боғларини, дендрология боғларини ва ҳайвонот боғларини муҳофаза қилишни уларнинг маъмуриятлари таъминлайдилар.

Қўриқланма (оралиқ) теграларни муҳофаза қилишни ҳудудида қўриқланма (оралиқ) тегралар жойлашган ер эгалари ва ердан фойдаланувчилар таъминлайдилар. Қўриқланма (оралиқ) теграларнинг ҳудуди корхоналарга, муассасаларга, ташкилотларга берилмаган ҳолларда бу теграларни муҳофаза қилиш табиатни муҳофаза қилиш идоралари томонидан таъминланади.

Ўрмонларнинг тақиқланган минтақаларини муҳофаза қилишни ўрмонни муҳофаза қилиш идоралари таъминлайдилар.

Балиқ хўжалиги теграларини муҳофаза қилишни мазкур сув объектида балиқчилик билан шуғулланувчи корхоналар ҳамда табиатни муҳофаза қилиш идоралари таъминлайдилар.



VII БЎЛИМ. АЛОҲИДА МУҲОФАЗА ЭТИЛАДИГАН

ТАБИИЙ ҲУДУДЛАРГА ДОИР МУНОСАБАТЛАР БИЛАН

БОҒЛИҚ НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШ

36-модда. Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий

ҳудудларга доир муносабатлар билан боғлиқ

низоларни ҳал этиш

Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг иш тартибини таъмин этиш масалаларига доир корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фуқаролар, давлат идоралари ўртасидаги низолар суд ёки хўжалик суди томонидан қараб чиқилади.

Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардаги табиий захиралардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш масалаларига доир низолар ер, сув, ўрмон тўғрисидаги қонунларда, ер ости бойликлари тўғрисидаги, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунларда белгиланган тартибда ҳал этилади.

Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга доир муносабатлар билан боғлиқ мулкий низолар қонунларда белгиланган тартибда суд ёки хўжалик суди томонидан ҳал этилади.



VIII БЎЛИМ. АЛОҲИДА МУҲОФАЗА ЭТИЛАДИГАН

ТАБИИЙ ҲУДУДЛАРНИНГ ИШ ТАРТИБИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

37-модда. Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг

иш тартибини бузганлик учун жавобгарлик

Қуйидаги ҳолларда: табиат-қўриқхона фонди ҳудудлари ва объектларидан ўз

ўрнида фойдаланмасликда, алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудудларни барпо этиш ва улар ишини йўлга қўйиш лойиҳаларининг талабларини бузганликда;

алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, уларнинг муҳофаза этиладиган тегралари доирасида ман этилган хўжалик фаолияти билан шуғулланганликда;

алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг объектлари ва муҳофаза этиладиган теграларида олдиндан экологик экспертиза ўтказмай туриб ёки бундай экспертиза хулосаларини бузган ҳолда хўжалик фаолиятини йўлга қўйганликда;

алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда фалокатларнинг экологик оқибатлари ва бошқа зарарли таъсирларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш чораларини кўрмаганликда;

алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар барпо этиш тўғрисидаги илтимосномаларни қараб чиқиш муддатлари ва тартибини бузганликда;

алоҳида муҳофаза этиладиган ҳудудлардан фойдаланиш талабларини бузганликда;

алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлардан фойдаланишда кимёвий, физик, биологик ва ўзга хил таъсирлар йўл қўйиладиган меъёрдан ошиб кетганликда, бундай ҳудудларни истифода этиш учун берилган рухсатномаларнинг талабларини бузганликда;

алоҳида муҳофаза этиладиган табиий объектларнинг табиий мажмуилари ҳамда уларнинг таркибига киритишни мўлжаллаб асраб қўйилган жойларни бузганликда, уларга шикаст етказганликда ёки уларни йўқ қилганликда;

алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг чегарасини ўзбошимчалик билан ўзгартирганликда, бундай ҳудудларни ўз билгича бошқа эҳтиёжлар учун ажратиб берганликда айбдор бўлган шахслар маъмурий, жиноий ва ўзга хил жавобгарликка тортиладилар.

Ўзбекистон Республикаси қонунларида алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисидаги қонунларни ўзгача тарзда бузганлик учун ҳам жавобгарлик белгиланиши мумкин.

Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, ўзга юридик ва жисмоний шахслар алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг иш тартибини бузиш орқали етказган зарарларнинг ўрнини қонунларда белгиланган ҳажмда ва тартибда қоплашга мажбурдирлар.



38-модда. Корхоналар, ташкилотлар, цехлар, қурилмаларнинг

фаолиятини тўхтатиб туриш, чеклаб қўйиш,

ўзгартириш ва тугатиш

Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг ҳолатига зарарли таъсир ўтказаётган корхоналар, ташкилотлар, цехлар, қурилмаларнинг фаолияти зарарли таъсир кўрсатаётган манбалар, шу жумладан алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ҳамда уларнинг муҳофаза қўриқланма тегралари ташқарисидаги манбалар бартараф этилгунга қадар тўхтатиб турилади ёки чеклаб қўйилади.

Алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга етказилаётган зарарни бартараФ этишнинг имкони бўлмаса, корхона, ташкилот, цех ва қурилмаларнинг фаолияти тўхтатилади ҳамда уларнинг фаолият йўналиши ўзгартирилганидан ва алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга зарарли таъсири албатта бартараф қилинганидан кейингина фаолиятлари амалдаги қонунларга мувофиқ қайта тикланиши мумкин.



IХ БЎЛИМ. АЛОҲИДА МУҲОФАЗА ЭТИЛАДИГАН

ТАБИИЙ ҲУДУДЛАРНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ВА

УЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШГА ДОИР ХАЛҚАРО

ШАРТНОМАЛАР ВА БИТИМЛАР

39-модда. Халқаро шартномалар ва битимлар

Башарти Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш бобида ўзга қоидалар белгиланган бўлса, у ҳолда халқаро шартнома қоидалари амал қилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                               И. Каримов







































Время: 0.1444
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск