язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Нотариат/ Ўзбекистон Республикасининг 26.12.1996 й. 343-I-сон "Нотариат тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

26.12.1996 й.

N 343-I



НОТАРИАТ ТЎҒРИСИДА


I БЎЛИМ. НОТАРИАТ ФАОЛИЯТИНИНГ

ТАШКИЛИЙ АСОСЛАРИ


1-БОБ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ўзбекистон Республикасида нотариат

Ўзбекистон Республикасида нотариат қонунларда назарда тутилган нотариал ҳаракатларни ҳамда улар билан бевосита боғлиқ ҳуқуқий ва техник тусдаги ҳаракатларни нотариуслар томонидан амалга ошириш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга даъват этилган ҳуқуқий институтдир.

Ўзбекистон Республикасида нотариал ҳаракатлар ушбу Қонунга мувофиқ давлат нотариал идораларининг (бундан буён матнда нотариал идора деб юритилади) нотариуслари томонидан амалга оширилади. Нотариал идораларнинг реестрини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги юритади.

Бошқа давлатларнинг ҳудудида нотариал ҳаракатларни Ўзбекистон Республикаси консуллари амалга оширади.


2-модда. Ўзбекистон Республикасида нотариус

Йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида уч йиллик иш стажига эга бўлган, шу жумладан нотариал идорада камида бир йил стажировка ўтаган, малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқароси нотариус бўлиши мумкин. Судьялик лавозимида камида беш йил ишлаган ёки нотариус ёрдамчиси ёхуд адлия органларининг нотариал фаолиятга раҳбарлик қилиш ва ушбу фаолиятни назорат қилиш билан боғлиқ лавозимларида камида уч йил ишлаган шахслар учун стажировкадан ўтиш талаб қилинмайди.

Қуйидагилар нотариус бўлиши мумкин эмас:

муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахс;

қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахс;

ўз касбий фаолиятига мос келмайдиган қилмишлар содир этганлиги учун нотариус, адвокат, терговчи, суриштирувчи, прокурор, судья ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг бошқа ходими сифатидаги ваколати тугатилган шахс.

Нотариус ёрдамчи ва стажёргаэга бўлиши мумкин.

Нотариусларга махсус унвонлар - мансаб даражалари берилади.


2-1-модда. Нотариус ёрдамчиси

Юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси нотариус ёрдамчиси бўлиши мумкин.

Ушбу Қонун 2-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган шахслар нотариус ёрдамчиси бўлиши мумкин эмас.

Нотариус ёрдамчисини ишга қабул қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, шунингдек вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (бундан буён матнда адлия бошқармалари деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

Нотариус ёрдамчиси нотариуснинг топшириғига кўра нотариал ҳаракатларни амалга оширишда иштирок этишга, битимлар, аризалар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тузишга, ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари ва дубликатларини, улардан кўчирмаларни тайёрлашга, шунингдек нотариал ҳаракатларни амалга ошириш масалалари юзасидан тушунтиришлар беришга ҳақли.

Нотариус ёрдамчисига махсус унвонлар - мансаб даражалари берилади.


2-2-модда. Нотариус стажёри

Олий юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси нотариус стажёри бўлиши мумкин.

Ушбу Қонун 2-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилган шахслар нотариус стажёри бўлиши мумкин эмас.

Нотариус стажёрини ишга қабул қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Стажировка нотариал идорада ўталади. Нотариус стажёри ўз фаолиятини нотариус раҳбарлигида, унинг алоҳида топшириқларини бажарган ҳолда амалга оширади.

Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.


3-модда. Нотариус қасамёди

Нотариус Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссиясининг мажлисида қуйидаги мазмунда қасамёд қилади:

"Нотариус вазифасини ҳалол ва виждонан бажаришга, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга тантанали қасамёд қиламан.


3-1-модда. Малака комиссиялари

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссиялари (бундан буён матнда малака комиссиялари деб юритилади) стажировкадан ўтган шахслардан малака имтиҳонларини қабул қилиш мақсадида ташкил этилади.

Малака комиссиялари Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармаларининг қарорлари билан нотариуслар ҳамда адлия органларининг бошқа ходимлари орасидан тенг миқдорда тузилади.

Нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш, нотариус қасамёдини қабул қилиш, малака комиссияларининг қарорлари устидан берилган апелляцияларни кўриб чиқиш, шунингдек малака комиссияларининг иш амалиётини умумлаштириш ва таҳлил қилиш учун ўн бир кишидан иборат таркибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Олий малака комиссияси (бундан буён матнда Олий малака комиссияси деб юритилади) тузилади.

Олий малака комиссияси таркибига Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьялари, нотариуслар ҳамда адлия органларининг бошқа ходимлари, адвокатура вакиллари киради. Олий малака комиссиясининг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан тасдиқланади.

Олий малака комиссияси ва малака комиссиялари тўғрисидаги низомлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади.


4-модда. Малака имтиҳонлари

Стажировкадан ўтган шахслар малака комиссиясига малака имтиҳони топширади.

Малака комиссиясининг қарори устидан апелляция малака комиссиясининг қарори манфаатдор шахсга топширилган кундан эътиборан бир ойлик муддат ичида Олий малака комиссиясига берилади.

Малака имтиҳонидан ўта олмаган шахслар малака комиссияси томонидан қарор қабул қилинган кундан эътиборан камида бир йилдан сўнг қайта имтиҳон топширишга қўйилади.

Малака имтиҳонини топширган, лекин нотариус лавозимида уч йил мобайнида ишламаган шахснинг нотариус лавозимида ишлашига у малака имтиҳонини қайта топширганидан кейингина йўл қўйилади.



5-модда. Нотариуснинг мустақиллиги ва бетарафлиги

Нотариус ўз фаолиятида мустақил ва бетараф бўлиб, уни амалга оширишда нотариат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига амал қилади.



6-модда. Нотариал ҳаракатларнинг маҳфийлиги

Нотариуснинг, нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи бошқа мансабдор шахсларнинг, шунингдек амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлар тўғрисида ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан хабардор бўлиб қолган шахсларнинг ўзларига маълум бўлган маълумотларни ошкор қилиши, шу жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ҳам ошкор қилиши тақиқланади.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар (ҳужжатлар) бу ҳаракатлар кимнинг номидан ёки кимнинг топшириғига кўра амалга оширилган бўлса, ўша шахсларнинг ўзигагина берилиши мумкин.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар) суд, прокуратура, суриштирув ва тергов органлари юритувида бўлган ишлар муносабати билан уларнинг талабига биноан берилади.

Нотариуслар томонидан шунингдек:

махсус ваколатли давлат органига - жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар);

давлат солиқ хизмати органига - кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини, мол-мулк ижараси шартномаларини тасдиқлаш ва ижара ҳақининг миқдори тўғрисидаги, шунингдек мерос ёки ҳадя тартибида фуқаролар мулкига ўтаётган мол-мулкнинг қиймати ҳақидаги маълумотномалар;

ички ишлар органига - автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ҳуқуқи учун ишончномаларни, ушбу воситаларни бошқа шахсга ўтказиш, ижарага бериш, улардан текин фойдаланиш, уларнинг гаров, лизинг шартномаларини тасдиқлаш тўғрисидаги маълумотномалар;

ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси туман (шаҳар) филиалига - бошқа шахсга ўтказилаётган кўчмас мулкнинг кадастр рақами тўғрисидаги ва олувчи ҳақидаги маълумотлар;

кредит бюросига унинг сўровига кўра - битим предмети бўлган объектни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки ушбу объектга нисбатан хатлов мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар);

риэлторлик ташкилотига унинг сўровига кўра - битим предмети бўлган кўчмас мулк объектини бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки ушбу объектга нисбатан хатлов мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар);

манфаатдор шахсларга васият қилувчининг вафотидан кейин - васиятнома тўғрисидаги маълумотномалар берилади.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига ўз зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириши мақсадида унинг сўровига кўра тақдим этилади.

Маълумотномаларни (маълумотларни) тақдим этиш ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.



7-модда. Нотариус, нотариус ёрдамчиси

ва стажёри фаолиятидаги чеклашлар

Нотариус, нотариус ёрдамчиси ва стажёри:

илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари, тадбиркорлик ва бошқа фаолият билан шуғулланишга;

шартномалар тузишда воситачилик хизмати кўрсатишга ҳақли эмас.



8-модда. Нотариал идора

Нотариал идоралар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилади ва тугатилади.

Нотариал идора юридик шахс мақомига эга бўлмайди.

Нотариал идоранинг номида "давлат нотариал идораси" сўзлари бўлиши, тегишли туман, шаҳар кўрсатилиши ва зарурат бўлганда, нотариал идоранинг рақами бўлиши лозим.

Нотариал идора тегишли нотариал округ доирасида жойлашган бўлиши лозим.

Нотариал идора биносида фуқароларнинг нотариус ҳузурига кириши, нотариал ҳаракатлар маҳфийлиги, нотариал иш юритиш ҳужжатлари, материаллари ва нотариал архив ҳужжатларининг бут сақланиши, тўловларни қабул қилиш учун шарт-шароитлар таъминланиши лозим.


10-модда. Нотариал иш юритиш ва ҳисобдорлик

Нотариал идора нотариал иш юритиш ҳужжатлари ва материалларининг бут сақланишини таъминлаши, ўз нотариал архив ишини юритиши шарт.

Нотариал иш юритиш ҳужжатлари ва материаллари уч йил ўтгач Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳузуридаги идоравий нотариал архивларга топширилиши керак. Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳузуридаги идоравий нотариал архивлар томонидан бериладиган нотариал тасдиқланган ҳужжатларнинг дубликатлари ва реестрлардан кўчирмалар нотариал тасдиқланган ҳужжатларга тенглаштирилади ҳамда уларни берганлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳақ ундирилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳузуридаги идоравий нотариал архивлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган муҳрга эга бўлади.

Нотариал иш юритиш қоидалари, нотариал ҳужжатларни сақлаш муддатлари ва тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари давлат божи тушумларининг ҳисобини юритади ва улар юзасидан давлат солиқ хизмати органларига ҳисобот тақдим этади.



11-модда. Нотариал ҳаракатлар амалга ошириладиган тил


Ўзбекистон Республикасида нотариал ҳаракатлар давлат тилида амалга оширилади.

Расмийлаштирилган ҳужжат матни фуқароларнинг талабига биноан нотариус ёки нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи шахс томонидан рус тилида ёки имкон бўлса, бошқа мақбул тилда берилади.


12-модда. Нотариуснинг муҳри, штамплари, иш қоғозлари

Нотариус Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган, нотариуснинг исми-шарифининг бош ҳарфлари, фамилияси, лавозими ва нотариал идоранинг номи кўрсатилган шахсий муҳри, тасдиқловчи ёзувлар битилган штамплари, нотариал идоранинг бланкаларига эга бўлади.

Нотариуснинг муҳри Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган ягона намуна бўйича тайёрланади.

Нотариус муҳрининг изи ва нотариус имзосининг намунаси Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида, адлия бошқармаларида сақланади.



13-модда. Нотариусларнинг касбий мажбуриятларини

бажариши устидан назорат


Нотариусларнинг ўз касбий мажбуриятларини бажариши устидан назоратни Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари амалга оширади.



2-БОБ. НОТАРИАЛ ИДОРАЛАР ТАРМОҒИ,

НОТАРИУС ЛАВОЗИМИГА ТАЙИНЛАШ ВА

ЛАВОЗИМДАН ОЗОД ЭТИШ


14-модда. Нотариал идоралари тармоғи ва штатлари

Ўзбекистон Республикасида нотариал идоралари тармоғи, уларнинг штатлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Икки нафар ва ундан ортиқ нотариус ишлайдиган нотариал идораларида нотариуслардан бири катта нотариуси этиб тайинланади ва унинг зиммасига ушбу нотариал идоранинг маъмурий-ташкилий ишларини назорат қилиш вазифаси юклатилади.


15-модда. Нотариус лавозимини таъсис этиш ва

тугатиш тартиби. Нотариус лавозимига тайинлаш

Нотариус лавозими Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан таъсис этилади ва тугатилади.

Муайян ҳудуддаги (нотариал округдаги) нотариуслар лавозимларининг сони Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрнатиладиган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.

Нотариал округдаги нотариус лавозимига тайинлаш Олий малака комиссияси малака имтиҳонини топширган шахслар орасида ўтказадиган танлов асосида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади. Танлов ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.

Нотариуслар ўз касбий малакасини даврий ошириши якунлари бўйича аттестациядан ўтади. Нотариуслар алмаштириш (ротация қилиш) тартибида бошқа нотариал идораларга тайинланиши мумкин. Нотариусларни аттестациядан ўтказиш ва алмаштириш (ротация қилиш) тартиби тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланади.

Нотариус билан меҳнат шартномасини бекор қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


16-модда. Нотариуснинг фаолият кўрсатиш ҳудуди

(нотариал округ)

Нотариуснинг фаолият кўрсатиш ҳудуди (нотариал округ) Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бўлинишига мувофиқ белгиланади.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари аниқ ҳолатларни ҳисобга олиб муайян нотариал округда нотариал ҳаракатларни амалга оширишни бошқа нотариал округда фаолият юритаётган нотариусга юклаши мумкин. Нотариусга мазкур нотариал округ доирасида иш жойи берилиши шарт.

Жисмоний ёки юридик шахс нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун хоҳлаган нотариусга мурожаат қилишга ҳақли, бундан ушбу Қонуннинг 37, 51, 52, 59, 63, 74, 82 ва 93-моддаларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Нотариуснинг нотариал ҳаракатни белгиланган фаолият ҳудудидан ташқарида амалга ошириши бу ҳаракатни ҳақиқий эмас, деб топишга асос бўлмайди.

Нотариус мавжуд бўлмаган ҳудуддаги васият қилувчи оғир касал бўлган ҳолларда васиятномани тасдиқлаш учун нотариус ўзи хизмат кўрсатадиган ҳудуддан ташқарига чиқишга ҳақлидир.



3-БОБ. НОТАРИУСНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ,

МАЖБУРИЯТЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


17-модда. Нотариуснинг ҳуқуқлари


Нотариус қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзига мурожаат қилган барча шахслар учун ушбу Қонунда назарда тутилган нотариал ҳаракатларни амалга ошириш, нотариал ҳаракатни амалга ошириш жойи қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган ҳоллар бундан мустасно;

битим ва аризаларнинг лойиҳаларини тузиш, ҳужжатларнинг нусхаларини ва улардан кўчирмаларни тайёрлаш, шунингдек нотариал ҳаракатларнинг амалга оширилишига доир масалалар юзасидан тушунтиришлар бериш;

жисмоний ва юридик шахслардан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатларни талаб қилиб олиш;

давлат органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлардан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни сўраш ҳамда олиш;

жисмоний ва юридик шахслар номидан тегишли давлат органларига мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни ва ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга ошириш учун, шунингдек ҳужжатларнинг чет элда амал қилиши учун мазкур органлар томонидан расмийлаштирилган ҳужжатларни олган ҳолда ҳужжатларни легаллаштириш учун мурожаат қилиш;

юридик шахсларнинг раҳбар органлари йиғилишларида уларнинг таклифига кўра иштирок этиш.


18-модда. Нотариуснинг мажбуриятлари

Нотариус:

жисмоний ва юридик шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда кўмаклашиши, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириб бериши;

тарафлар тақдим этган битимлар лойиҳаларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириши ҳамда уларнинг мазмуни тарафларнинг асл мақсадига мос келиш-келмаслигини ва ушбу битимларнинг қонун талабларига зид келиш-келмаслигини текшириши;

юридик жиҳатдан бехабарликдан жисмоний ва юридик шахсларнинг зарарига фойдаланилмаслиги учун уларни амалга оширилаётган нотариал ҳаракатларнинг оқибатлари ҳақида огоҳлантириши;

қонун ҳужжатларига мос келмайдиган нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиши;

нотариал ҳаракатларни амалга ошириш чоғида фуқаролар ёки мансабдор шахслар томонидан қонунийлик бузилганлигини аниқлаган тақдирда, зарур чора-тадбирлар кўрилиши учун тегишли корхоналар, муассасалар, ташкилотларга ёки прокурорга бу ҳақда хабар қилиши;

уч йилда камида бир марта ўз касбий малакасини ошириши;

суд, прокуратура, суриштирув ва тергов органлари юритувида бўлган ишлар билан боғлиқ нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик тўғрисида уларнинг талабига биноан маълумотномалар (маълумотлар) бериши;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш билан боғлиқ бўлган амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномаларни (маълумотларни) махсус ваколатли давлат органига тақдим этиши;

кўчмас мулк олди-сотди шартномаларини, мол-мулк ижараси шартномаларини тасдиқлаш ва ижара ҳақининг миқдори тўғрисидаги, шунингдек мерос ёки ҳадя тартибида фуқаролар мулкига ўтаётган мол-мулкнинг қиймати ҳақидаги маълумотномаларни давлат солиқ хизмати органига тақдим этиши;

автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ҳуқуқи учун ишончномаларни, ушбу воситаларни бошқа шахсга ўтказиш, ижарага бериш, улардан текин фойдаланиш, уларнинг гаров, лизинг шартномаларини тасдиқлаш тўғрисидаги маълумотномаларни ички ишлар органига тақдим этиши;

бошқа шахсга ўтказилаётган кўчмас мулкнинг кадастр рақами тўғрисидаги ва олувчи ҳақидаги маълумотларни ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси туман (шаҳар) филиалига тақдим этиши;

битим предмети бўлган объектни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки ушбу объектга нисбатан хатлов мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаларни (маълумотларни) кредит бюроларининг сўровига кўра тақдим этиши;

битим предмети бўлган кўчмас мулк объектини бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки ушбу объектга нисбатан хатлов мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномаларни (маълумотларни) риэлторлик ташкилотининг сўровига кўра тақдим этиши;

васият қилувчининг вафотидан кейин манфаатдор шахсларга васиятнома тўғрисидаги маълумотномаларни тақдим этиши;

амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг сўровига кўра тақдим этиши шарт.



19-модда. Нотариуснинг жавобгарлиги

Нотариус ўз касбий мажбуриятларини бузганлиги учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жавобгар бўлади.

Нотариус ўз касбий мажбуриятларини бузганлиги оқибатида етказган зарарнинг ўрни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда давлат томонидан қопланади.


4-БОБ. НОТАРИУСЛАР ФАОЛИЯТИНИНГ

МОЛИЯВИЙ ТАЪМИНОТИ


21-модда. Нотариал ҳаракатлар ва нотариуслар томонидан

амалга ошириладиган бошқа ҳаракатлар учун ҳақ тўлаш

Нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун белгиланган ставкалар бўйича давлат божи ундирилади.

Нотариус нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун ўз иш жойидан бошқа жойга борганида манфаатдор жисмоний ёки юридик шахслар унинг ҳақиқатда қилинган транспорт харажатларининг ўрнини қоплайди.

Нотариус томонидан амалга ошириладиган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун ҳақ ундирилади.

Нотариус томонидан нотариал ҳаракатлар амалга оширилганда нотариал тартибда тасдиқланадиган битим лойиҳасини мустақил тайёрлаган жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқий ҳамда техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар учун ҳақ тўлашдан озод этилади.



22-модда. Нотариал идораларни молиялаштириш

Нотариал идоралар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда молиялаштирилади.


4-1-БОБ. НОТАРИАТНИНГ ЯГОНА

АВТОМАТЛАШТИРИЛГАН АХБОРОТ ТИЗИМИ


22-1-модда. Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган

ахборот тизимининг асосий қоидалари


Нотариал фаолият тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, уларга ишлов бериш жараёнларини комплекс автоматлаштириш ҳамда нотариал ҳаракатларни амалга оширишга алоқадор давлат органлари билан ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш учун мўлжалланган ахборот тизими Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимидир.

Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизими Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тегишлидир.

Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимидан нотариал идорага юборилган электрон мурожаатни олиш учун ҳам фойдаланилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига нотариусларнинг киришини таъминлайди.

Нотариуслар томонидан Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига маълумотлар киритилиши нотариал ҳаракатларни амалга оширишнинг махфийлигини ошкор этиш ҳисобланмайди.



22-2-модда. Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган

ахборот тизимига маълумотлар киритиш


Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига маълумотларни киритиш нотариуслар томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига нотариуслар томонидан киритилиши лозим бўлган маълумотларнинг рўйхатини белгилайди.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар бундай ҳаракатлар амалга оширилган кундан кечиктирмай нотариус томонидан Нотариатнинг ягона автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилади.



22-3-модда. Электрон мурожаат


Жисмоний ва юридик шахслар нотариус қабулига олдиндан ёзилиш, битимлар ва аризаларнинг электрон шаклдаги лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда нотариал ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа мақсадлар учун ахборот тизимлари орқали нотариал идораларга мурожаат қилиши мумкин.

Электрон мурожаат электрон рақамли имзо билан тасдиқланган бўлиши лозим. Агар ҳуқуқий ва техник тусдагиқўшимча ҳаракатлар учун ҳақ тўланмаган бўлса, битимлар ва аризаларнинг электрон шаклдаги лойиҳаларини тайёрлаш тўғрисидаги электрон мурожаат кўриб чиқилмайди.

Ахборот тизимлари орқали нотариал идораларга келиб тушадиган электрон мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.



II БЎЛИМ. НОТАРИАЛ ҲАРАКАТЛАР ВА

УЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ ҚОИДАЛАРИ


5-БОБ. НОТАРИАЛ ҲАРАКАТЛАР


23-модда. Нотариуслар амалга оширадиган нотариал ҳаракатлар

Нотариуслар қуйидаги нотариал ҳаракатларни амалга оширади:

1) битимларни тасдиқлайди;

2) васиятномаларни тасдиқлайди;

3) эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳномалар беради;

5) меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беради;

6) мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўради;

7) ҳужжатлар нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини шаҳодатлайди;

8) ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлайди;

9) ҳужжатлардаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлайди;

10) кўчмас мулк очиқ савдода сотиб олинганлиги ҳақида гувоҳнома беради;

11) фуқаронинг тирик эканлиги фактини тасдиқлайди;

12) фуқаронинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлайди;

12-1) юридик шахснинг раҳбар органи томонидан қарор қабул қилинганлиги фактини тасдиқлайди;

13) фуқаронинг фотосуратда акс эттирилган шахс эканлигини тасдиқлайди;

14) ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлайди;

15) жисмоний ва юридик шахсларнинг аризалари ва (ёки) бошқа ҳужжатларини бошқа жисмоний ва юридик шахсларга топширади;

16) пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиб олади;

17) ҳужжатларни сақлаш учун қабул қилиб олади;

18) пул тўлаш учун чекларни тақдим этади ва чеклар бўйича пул тўланмаганлигини тасдиқлайди;

19) ижро хатларини ёзади;

20) векселларнинг протестларини амалга оширади;

21) денгиз протестларини амалга оширади;

22) нотариал тасдиқланган ҳужжатларнинг дубликатларини ҳамда реестрлардан кўчирмаларни беради.

Нотариуслар қонунларда назарда тутилган бошқа нотариал ҳаракатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


26-модда. Нотариал тасдиқланган ҳужжатларга

тенглаштириладиган васиятномалар,

ишончномалар ва аризалар

Қуйидагилар нотариал тасдиқланган ҳужжатларга тенглаштирилади:

касалхоналарда, госпиталларда, бошқа стационар даволаш муассасаларида даволанаётган ёки қариялар ва ногиронлар уйларида яшаётган фуқароларнинг ушбу касалхоналар, госпиталлар ва бошқа даволаш муассасаларининг бош шифокорлари, уларнинг тиббиёт бўйича ўринбосарлари ёки навбатчи шифокорлари, шунингдек госпиталларнинг бошлиқлари, қариялар ва ногиронлар уйларининг директорлари ва бош шифокорлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи остида сузиб юрган кемаларда сафарда бўлган фуқароларнинг шу кемаларнинг капитанлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

қидирув экспедицияларида ёки шунга ўхшаш бошқа экспедицияларда бўлган фуқароларнинг шу экспедициялар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

ҳарбий хизматчиларнинг, ҳарбий қисмлар жойлашган, нотариуслар бўлмаган пунктларда эса, шу қисмларда ишловчи ҳарбий хизматчи бўлмаган шахсларнинг, улар оила аъзоларининг ҳамда ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ҳарбий қисмларнинг командирлари томонидан тасдиқланган васиятномалари, ишончномалари ва аризалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно;

озодликдан маҳрум этиш жойларидаги ёки қамоқдаги шахсларнинг тегишли муассасалар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари, ишончномалари ва аризалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно.

Васиятномалар, ишончномалар ва аризаларни ушбу моддада айтиб ўтилган мансабдор шахслар томонидан тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги белгилаб қўядиган тартибда амалга оширилади.


27-модда. Мансабдор шахслар томонидан тасдиқланган

васиятномаларни ва ишончномаларни

нотариал идорага бериш

Ушбу Қонуннинг 26-моддасида санаб ўтилган мансабдор шахслар ўзлари тасдиқлаган васиятномаларнинг ва нотариал ҳаракатларни амалга ошириш билан боғлиқ ишончномаларнинг биттадан нусхасини васият қилувчи ёки ишонч билдирувчи доимий яшайдиган жойдаги нотариал идорага сақлаш учун кечиктирмай юбориши шарт.

Агар васият қилувчининг ёки ишонч билдирувчининг Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойи бўлмаса ёки уларнинг яшаш жойи номаълум бўлса, васиятнома ёхуд ишончнома уни қайси ташкилотнинг мансабдор шахси тасдиқлаган бўлса, ўша ташкилот жойлашган ердаги нотариал идорага сақлаш учун юборилади.

Нотариус сақлаш учун келиб тушган васиятномани ва ишончномани текшириб кўриши ҳамда уларнинг қонунга номувофиқлиги аниқланган тақдирда, бу ҳақда васият қилувчига, ишонч билдирувчига ва васиятномани тасдиқлаган мансабдор шахсга маълум қилиши шарт.

Ушбу Қонуннинг 26-моддасида санаб ўтилган мансабдор шахслар васиятномаларни ўзгартириш ва бекор қилиш, шунингдек ишончноманинг амал қилишини тугатиш учун асос бўладиган ҳужжатнинг биттадан нусхасини ушбу моддада белгиланган тартибда кечиктирмай нотариал идорага бериши шарт.



28-модда. Консуллар томонидан амалга ошириладиган

нотариал ҳаракатлар


Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари қуйидаги нотариал ҳаракатларни амалга оширади:

1) битимларни (шартномалар, васиятномалар, ишончномалар ва ҳоказоларни) тасдиқлайди, Ўзбекистон Республикасида жойлашган кўчмас мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш ва гаровга қўйиш тўғрисидаги шартномалар бундан мустасно;

2) фуқаронинг тирик эканлиги фактини тасдиқлайди;

3) фуқаронинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлайди;

4) фуқаронинг фотосуратда акс эттирилган шахс эканлигини тасдиқлайди;

5) ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлайди;

6) мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўради;

7) меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномалар беради;

8) эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга мулк ҳуқуқи ҳақида гувоҳномалар беради;

9) ҳужжатларнинг нусхалари ва ҳужжатлардан олинган кўчирмалар тўғрилигини шаҳодатлайди;

10) ҳужжатлардаги имзоларнинг ҳақиқийлигини шаҳодатлайди;

11) ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлайди;

12) пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиб олади;

13) сақлаш учун ҳужжатларни қабул қилиб олади;

14) ижро хатларини ёзади;

15) денгиз протестларини амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари қонунларда назарда тутилган бошқа нотариал ҳаракатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


29-модда. Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби


Нотариусларнинг, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бошқа мансабдор шахсларнинг нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш чоғида нотариуслар томонидан аудио ва видеоёзув воситаларидан фойдаланилиши мумкин.


6-БОБ. НОТАРИАЛ ҲАРАКАТЛАРНИ АМАЛГА

ОШИРИШ ҚОИДАЛАРИ


30-модда. Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш жойи

Нотариал ҳаракатлар нотариал идораларнинг биноларида амалга оширилади.

Фуқаро касаллиги, ногиронлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра нотариал идорага бора олмайдиган айрим ҳолларда нотариал ҳаракатлар мазкур фуқаро турган жойда амалга оширилиши мумкин.

Қонун ҳужжатларида нотариал ҳаракатлар нотариал идораларнинг биноларидан ташқарида амалга ошириладиган бошқа ҳоллар ҳам назарда тутилиши мумкин.


31-модда. Нотариал ҳаракатни амалга ошириш ва

тўхтатиб туриш муддатлари


Нотариал ҳаракатлар ҳақ тўланганидан сўнг зарур бўлган барча ҳужжатлар тақдим этилган куни амалга оширилади.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш қўшимча маълумотларни талаб қилиб олиш ёки ҳужжатларни экспертизага юбориш зарур бўлганида кечиктирилиши мумкин.

Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш, башарти қонунга биноан манфаатдор шахслардан ушбу ҳаракатларни амалга оширишга эътироз бор-йўқлигини сўраш зарур бўлганда, кечиктирилиши мумкин. Нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктириш муддати бир ойдан ошмаслиги лозим. Нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахснинг талабига кўра унга нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктириш ҳақидаги қарор берилади.

Манфаатдор шахс тасдиқлашни сўраётган ҳуқуқ ёки факт устида даъволашиш учун судга мурожаат қилиш истагидаги бошқа манфаатдор шахснинг аризасига кўра нотариал ҳаракатни амалга ошириш бир маротаба кўпи билан ўн кун муддатга кечиктирилиши мумкин. Агар бу муддат ичида ариза тушганлиги ҳақида суддан маълумот олинмаса, нотариал ҳаракат амалга оширилиши лозим.

Бир манфаатдор шахс тасдиқлашни сўраётган ҳуқуқ ёки факт устида даъволашаётган бошқа манфаатдор шахсдан ариза тушганлиги тўғрисида суддан маълумот олинган тақдирда нотариал ҳаракатни амалга ошириш мазкур иш судда ҳал бўлгунига қадар тўхтатиб турилади.

Қонун ҳужжатларида нотариал ҳаракатларни амалга оширишни кечиктириш ва тўхтатиб туришнинг бошқа асослари ҳам белгиланиши мумкин.

32-модда. Нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб

мурожаат қилган кишининг шахсини аниқлаш


Нотариуслар ва нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи бошқа мансабдор шахслар нотариал ҳаракатларни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган кишиларнинг шахсини аниқлайди.

Нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган кишининг шахси унинг шахсига нисбатан ҳар қандай шубҳаларни истисно этадиган паспорти ёки бошқа ҳужжатларига асосан аниқланиши керак.

Нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаронинг шахсини аниқлашда нотариус тегишли ахборот ресурсларидан фойдаланади.


33-модда. Битимларда иштирок этаётган фуқароларнинг

муомала лаёқатини ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ

лаёқатини текшириш


Битимлар тасдиқлаб берилаётганида уларда иштирок этаётган фуқароларнинг муомала лаёқати белгиланган тартибда аниқланади ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ лаёқати текширилади. Битим вакил томонидан тузилган тақдирда унинг ваколати ҳам текширилади.


34-модда. Нотариал тасдиқланадиган битимлар, шунингдек

аризалар ва бошқа ҳужжатларни имзолаш тартиби


Нотариал тасдиқланадиган битимлар, шунингдек аризалар ва бошқа ҳужжатлар нотариус иштирокида имзоланади. Битимлар, аризалар ва бошқа ҳужжатлар тарафлар томонидан бармоқ изларини олиш йўли билан тасдиқланиши мумкин.

Агар фуқаро жисмоний нуқсони, касаллиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаса, битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни унинг топшириғига кўра унинг ўзи ва нотариус ҳозирлигида бошқа фуқаро имзолаши мумкин, бунда нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаронинг ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаганлиги сабаблари ёзиб қўйилиши лозим. Бундай ҳолларда нотариал ҳаракатларни амалга ошириш чоғида видеоёзув воситаларидан фойдаланилади.

Башарти нотариал идоранинг йиғмажилдларида корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар мансабдор шахсларининг ваколатлари текширилганлиги ҳақида маълумотлар, имзоларининг шахсан мурожаат қилинган вақтда олинган намунаси бўлса ва уларнинг имзолари ҳақиқийлигига шубҳа туғилмайдиган бўлса, нотариус бу мансабдор шахсларнинг ўзлари келишини талаб қилмаслиги мумкин.


35-модда. Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун тақдим

этиладиган ҳужжатларга қўйиладиган талаблар


Нотариуслар нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун қириб ўчирилган ёки қўшимчалар киритилган, сўзлари устидан чизилган ва изоҳ берилмаган бошқа тузатишлари бўлган ҳужжатларни, шунингдек қаламда ёзилган ҳужжатларни қабул қилмайди. Агар ҳужжатдаги мавжуд изоҳ берилмаган тузатишлар ёки бошқа камчиликлар тақдим этилган ҳужжатнинг мақсади учун аҳамиятсиз бўлса, нотариус бундай ҳужжатни нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун қабул қилишга ҳақли.

Нотариал тасдиқланадиган битимларнинг матни аниқ ва равшан ёзилган бўлиши керак, ҳужжатнинг мазмунига тааллуқли сана ва муддатлар ҳеч бўлмаганда бир марта сўз билан, юридик шахсларнинг номлари эса - улар органларининг манзилларини кўрсатган ҳолда қисқартиришларсиз ёзилиши лозим. Фуқароларнинг фамилияси, исми, отасининг исми тўлиқ ёзилиб, яшаш жойи кўрсатилган бўлиши керак.

Бир варақдан ортиқ бўлган ҳужжат ип ўтказиб тикилган, варақлари рақамланган ва муҳр босиб тасдиқланган бўлиши керак.


36-модда. Тасдиқловчи ёзувларни ёзиш ва гувоҳномалар бериш


Битимларни тасдиқлашда, ҳужжатлар нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини, ҳужжатлардаги имзоларнинг ҳақиқийлигини, ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга қилинган таржимаси тўғрилигини тасдиқлашда, ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлашда тегишли ҳужжатларга тасдиқловчи ёзувлар ёзилади.

Меросга бўлган ҳуқуқ, мулк ҳуқуқи тасдиқланганда, фуқаронинг тирик эканлиги ва муайян жойда эканлиги фактлари, фуқаронинг фотосуратда акс эттирилган шахс эканлиги тасдиқланганда, сақлаш учун ҳужжатлар қабул қилиб олинганида тегишли гувоҳномалар берилади.


37-модда. Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш

ҳуқуқини чеклашлар

Нотариуслар ўз номига ва ўз номидан, хотини (эри) номига ҳамда унинг номидан, хотинининг (эрининг) ва ўзининг қариндош-уруғлари (ота-онаси, болалари, набиралари, туғишган ака-ука ва опа-сингиллари), улар билан васийлик ва ҳомийлик туфайли боғланган шахслар номига ҳамда уларнинг номидан нотариал ҳаракатларни амалга оширишга ҳақли эмас.


38-модда. Нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш


Нотариус қуйидаги ҳолларда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этади, агар:

бундай ҳаракатни амалга ошириш қонунга зид бўлса;

бу ҳаракат бошқа нотариус томонидан амалга оширилиши керак бўлса;

муомалага лаёқатсиз фуқаро ёхуд зарур ваколатлари бўлмаган вакил нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган бўлса;

юридик шахс номидан амалга ошириладиган битим унинг уставида ёки низомида кўрсатилган мақсадларга зид бўлса;

битим қонун талабларига мувофиқ бўлмаса;

нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаса.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш рад этилган тақдирда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш ҳақида нотариус мурожаат қилинган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмасдан қарор чиқаради.

Нотариус нотариал ҳаракатни амалга ошириш тўғрисидаги мурожаати рад этилган шахснинг илтимосига биноан рад этиш сабабини ёзма равишда баён этиши ва рад этиш устидан шикоят қилиш тартибини тушунтириб бериши лозим.


39-модда. Нотариал ҳаракат устидан, нотариал ҳаракатни

кечиктириш ёки уни амалга оширишни рад этиш тўғрисидаги

қарор устидан шикоят қилиш

Амалга оширилган нотариал ҳаракатни, нотариал ҳаракатни кечиктириш ёки нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш тўғрисидаги қарорни нотўғри деб ҳисоблаган манфаатдор шахс бу хусусда нотариал идора турган жойдаги судга шикоят қилишга ҳақлидир.



40-модда. Нотариал ҳаракатларни рўйхатга олиш


Нотариуслар томонидан амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар реестрда рўйхатга олинади. Ҳар бир нотариал ҳаракат алоҳида тартиб рақами билан рўйхатга олинади.

Нотариуслар ушбу Қонун 6-моддасининг икки нчи - тўртинчи қисмларида кўрсатилган жисмоний ёки юридик шахсларнинг ёзма аризасига биноан нотариал ҳаракатларни рўйхатга олиш реестрларидан кўчирмалар беради.


41-модда. Нотариал ҳаракатларни, нотариал гувоҳномаларни,

тасдиқловчи ёзувларни рўйхатга олиш

реестрларининг шакллари


Нотариал ҳаракатларни, нотариал гувоҳномаларни, битимлар ва тасдиқланувчи ҳужжатлардаги тасдиқловчи ёзувларни рўйхатга олиш реестрларининг шакллари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.



42-модда. Нотариал тасдиқланган ҳужжатларнинг

дубликатларини бериш


Нотариус томонидан тасдиқланган ёки берилган, нусхалари нотариал идоранинг йиғмажилдларида сақланаётган ҳужжатлар йўқолган тақдирда номидан ёхуд топшириғига биноан нотариал ҳаракатлар бажарилган жисмоний ва юридик шахсларнинг ёки улар қонуний вакилларининг ёзма аризасига кўра йўқолган ҳужжатларнинг дубликатлари берилади.

Дубликатларни бериш ушбу Қонуннинг 6 ва 40-моддалари талабларига риоя этган ҳолда бажарилади.


7-БОБ. БИТИМЛАРНИ ТАСДИҚЛАШ


43-модда. Нотариал тартибда тасдиқланадиган битимлар


Нотариуслар қонун ҳужжатларига биноан нотариал шаклда тасдиқланиши мажбурий қилиб қўйилган битимларни тасдиқлайди. Томонларнинг хоҳишига кўра нотариус бошқа битимларни ҳам тасдиқлаши мумкин.


44-модда. Рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган

мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш ва гаровга

қўйиш тўғрисидаги битимларни тасдиқлаш

Рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш ва гаровга қўйиш тўғрисидаги битимлар бошқа шахсга ўтказилаётган ёки гаровга қўйилаётган мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилган тақдирдагина тасдиқланиши мумкин. Бунда мол-мулкнинг бошқа шахсга ўтказувчига ёки гаровга қўювчига тегишлилиги ҳамда бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ва хатланмаганлиги текширилади. Тақиқ мавжуд бўлган ҳолларда кўрсатилган мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги битим фақат кредитор билан олувчи шахс қарзни олувчининг ҳисобига ўтказишга рози бўлган тақдирда тасдиқланиши мумкин.


45-модда. Васиятномаларни тасдиқлаш


Нотариуслар муомалага лаёқатли фуқароларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ тузилган ва уларнинг ўзлари нотариусга шахсан тақдим этган васиятномаларини тасдиқлайди. Васиятномаларни вакиллар орқали тасдиқлашга йўл қўйилмайди.

Васиятномани тасдиқлаб беришда васият қилувчидан унинг васият қилинаётган мол-мулкка бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи далилларни тақдим этиш талаб қилинмайди.


46-модда. Васиятномаларни ўзгартириш ва

бекор қилиш тартиби


Нотариуслар, васиятномани бекор қилиш тўғрисида ариза олинган тақдирда, шунингдек васиятномани бекор қилувчи ёки ўзгартирувчи янги васиятнома олинган тақдирда васиятноманинг нотариусда сақланаётган нусхасига ва нотариал ҳаракатларни рўйхатга олиш реестрига бу хусусда белги қўяди. Васиятномани бекор қилиш ҳақидаги аризага қўйилган имзо нотариал шаҳодатланиши лозим.


47-модда. Ишончномаларни тасдиқлаш


Нотариуслар бир ёки бир неча шахс номидан бир ёки бир неча шахс номига ёзилган ишончномаларни тасдиқлайди.

Ўз ваколатини бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида берилган ишончнома шундай ишониб топшириш ҳуқуқи кўрсатиб қўйилган асосий ишончнома тақдим этилганидан кейин ёки асосий ишончнома бўйича вакил ишончнома берган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун вазият тақозоси билан шундай иш тутишга мажбур бўлганлиги ҳақида далиллар тақдим этганидан кейин нотариал тасдиқланиши керак. Ўз ваколатини бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида берилган ишончнома асосий ишончнома бўйича берилганидан кўпроқ ҳуқуқни қамраб олмаслиги керак. Ўз ваколатини бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида берилган ишончноманинг амал қилиш муддати бу ишончномани беришга асос бўлган асосий ишончноманинг амал қилиш муддатидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.


48-модда. Битим мазмуни баён этилган

ҳужжат нусхаларининг сони


Нотариал тартибда тасдиқланадиган битим мазмуни баён этилган ҳужжат нусхаларининг сони нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахслар томонидан белгиланади, лекин у битимда қатнашувчи томонлар миқдоридан ошиб кетмаслиги керак. Бироқ васиятномалар ва мол-мулкни гаровга қўйиш, турар жойни ва бошқа кўчмас мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги шартномалар нотариусга камида икки нусхада тақдим этилади, улардан биттаси нотариал идоранинг йиғмажилдларида қолади.



8-БОБ. МЕРОС МОЛ-МУЛКНИНГ ҚЎРИҚЛАНИШИГА

ДОИР ЧОРА-ТАДБИРЛАР КЎРИШ, МЕРОСГА БЎЛГАН

ҲУҚУҚ ТЎҒРИСИДА ГУВОҲНОМАЛАР БЕРИШ

49-модда. Меросхўрларни мерос очилганлиги

ҳақида хабардор қилиш


Нотариус мерос очилганлиги ҳақидаги хабарни олгач, бу ҳақда турар жойи ва иш жойи ўзига маълум бўлган меросхўрларни хабардор қилиши шарт. Нотариус бу ҳақда оммавий ахборот воситаларида ошкора маълум қилиш ёки хабар бериш йўли билан ҳам меросхўрларни чақириши мумкин.



50-модда. Меросни қабул қилиш ёки ундан воз кечиш

ҳақидаги аризаларни қабул қилиш


Мерос очилган жойдаги нотариус қонун ҳужжатларига мувофиқ меросни қабул қилиш ёки ундан воз кечиш ҳақидаги аризаларни қабул қилади. Меросни қабул қилиш ёки ундан воз кечиш ҳақидаги аризалар ёзма равишда берилиши керак.


51-модда. Мерос қолдирувчининг кредиторларидан

даъволарни қабул қилиш


Мерос очилган жойдаги нотариус қонун ҳужжатларига мувофиқ мерос қолдирувчининг кредиторларидан даъволарни қабул қилади. Даъволар ёзма равишда баён этилиши шарт.


52-модда. Мерос мол-мулкни қўриқлаш


Мерос очилган жойдаги нотариус, башарти меросхўрларнинг, васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчиларнинг, кредиторлар ёки давлатнинг манфаатлари учун зарур бўлса, жисмоний ва юридик шахсларнинг хабарига кўра ёки ўз ташаббуси билан мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўради.



53-модда. Мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир

чора-тадбирлар кўриш тўғрисида топшириқ бериш


Агар мерос қолдирувчининг мол-мулки ёки унинг бир қисми мерос очилган жойдан ташқарида бўлса, мерос очилган жойдаги нотариус бу ҳақда мерос мол-мулк жойлашган ердаги нотариусга мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўриш тўғрисида топшириқ юборади.

Мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўрган нотариус мерос очилган жойдаги нотариал идорага кўрилган чора-тадбирлар ҳақида хабар қилади ва мерос мол-мулк рўйхатининг нусхасини юборади.


54-модда. Мерос мол-мулкни рўйхатга олиш ва

уни сақлаш учун топшириш


Мерос мол-мулкнинг қўриқланиши учун нотариуслар бу мол-мулкни рўйхатга олади ва мол-мулкни сақлаш учун меросхўрларга ёки бошқа шахсларга топширади.

Мерос таркибида бошқаришни талаб этадиган мол-мулк бўлса, шунингдек мерос қолдирувчининг кредиторлари меросхўрлар меросни қабул қилиб олгунга қадар даъво қўзғатган ҳолларда нотариус мерос бошқарувчисини тайинлайди.

Мерос бошқарувчилари ва мерос мол-мулк сақлаш учун топширилган бошқа шахслар мерос мол-мулкни талон-торож қилганлик, бошқа шахсга берганлик ёки яширганлик учун ва меросхўрларга зарар етказганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилади.



55-модда. Мерос мол-мулкни сақлаганлик учун тақдирлаш


Мерос бошқарувчилари ва мерос мол-мулк сақлаш учун топширилган бошқа шахслар, агар меросхўр бўлмасалар, мерос мол-мулкни сақлаганлик учун меросхўрлардан ҳақ олишга ҳақлидир. Кўрсатиб ўтилган шахсларнинг мерос мол-мулкни сақлаш ва бошқариш учун қилган зарур харажатлари ҳам қопланади, бунда мол-мулкдан фойдаланиш ҳисобига амалда олинган фойда чегириб ташланади.



56-модда. Мерос мол-мулкнинг қўриқланишига

доир чора-тадбирларни тўхтатиш


Мерос мол-мулкни қўриқлаш меросхўрлар томонидан мерос қабул қилиб олингунга қадар, агар мерос улар томонидан қабул қилиб олинмаган бўлса, қонунда белгилаб қўйилган меросни қабул қилиб олиш муддати ўтгунга қадар давом этади.

Мерос очилган жойдаги нотариус мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар тўхтатилиши ҳақида меросхўрларни, агар мол-мулк ворислик ҳуқуқи бўйича давлатга ўтса, тегишли давлат органини олдиндан хабардор қилиши шарт.



57-модда. Мерос мол-мулк ҳисобидан харажатларни тўлаш


Нотариус меросхўрлар томонидан мерос қабул қилиб олингунига қадар, агар мерос қабул қилиб олинмаган бўлса, давлатга меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома берилгунига қадар мерос мол-мулк ҳисобидан:

мерос қолдирувчи касал бўлган вақт мобайнида унга қараб туриш, шунингдек вафот этган тақдирда уни дафн этиш ва қабрини обод қилиш;

мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлган фуқароларни таъминлаш;

иш ҳақи бўйича даъволарни ва уларга тенглаштирилган даъволарни қаноатлантириш;

мерос мол-мулкни қўриқлаш ва уни бошқариш, шунингдек меросхўрларни чақириш ҳақидаги хабарни эълон қилиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш тўғрисида фармойиш беради.

Қонунларда мерос мол-мулк ҳисобидан харажатларни қоплашнинг бошқа ҳоллари ҳам белгиланиши мумкин.


58-модда. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномалар

бериш жойи ва муддатлари


Мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрларнинг ёзма аризаларига кўра меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномалар беради.

Гувоҳномалар қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда берилади.


59-модда. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома

бериш тартиби


Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома меросни қабул қилиб олган меросхўрларга қонун ҳужжатларига мувофиқ берилади.

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома барча меросхўрларга биргаликда ёки уларнинг хоҳишига боғлиқ равишда ҳар бирига алоҳида берилиши мумкин.

Нотариуслар вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз меросхўрларнинг мулкий манфаатларини муҳофаза қилиш учун уларга меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома берилганлиги ҳақида меросхўрлар яшаётган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органларига хабар қилади.

Мол-мулк ворислик ҳуқуқи бўйича давлатга ёки қонунда назарда тутилган ҳолларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ўтган тақдирда меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома тегишли давлат органига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига берилади.



60-модда. Қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида

гувоҳнома беришнинг шартлари


Нотариус қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш чоғида тегишли далилларни талаб қилиб олиш йўли билан мерос қолдирувчининг вафот этганлигини, мерос очилган жой ва вақтни, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беришни сўраб ариза топширган шахсларнинг мерос қолдирувчи билан қонун бўйича ворисликка чақириш учун асос бўладиган муносабатлари мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини, мерос мол-мулкнинг таркиби ва жойини текшириб кўради.

Агар қонун бўйича меросхўрларнинг бири ёки бир нечаси ворисликка чақиришга асос бўладиган муносабатлар мавжудлигини исботлайдиган ҳужжатларни тақдим этиш имкониятига эга бўлмаса, улар меросни қабул қилиб олган ва тегишли исботларни тақдим этган бошқа барча меросхўрларнинг ёзма розилиги билан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага киритилиши мумкин.


61-модда. Васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ

тўғрисида гувоҳнома бериш шартлари


Нотариус васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш чоғида тегишли далилларни талаб қилиб олиш йўли билан мерос қолдирувчининг вафот этганлигини, васиятноманинг бор-йўқлигини, мерос очилган вақт ва жойни, мерос мол-мулкнинг таркиби ва жойини текширади.

Нотариус меросдан шак-шубҳасиз улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар доирасини ҳам аниқлайди.


9-БОБ. ЭР-ХОТИННИНГ УМУМИЙ МОЛ-МУЛКИДАГИ

УЛУШГА БЎЛГАН МУЛК ҲУҚУҚИ ТЎҒРИСИДА

ГУВОҲНОМАЛАР БЕРИШ. МОЛ-МУЛКНИ

БОШҚА ШАХСГА ЎТКАЗИШНИ ТАҚИҚЛАБ

ҚЎЙИШ ВА ТАҚИҚНИ БЕКОР ҚИЛИШ


62-модда. Эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга

бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳномалар бериш


Нотариус эр-хотиннинг ёзма аризасига мувофиқ улардан бирига ёки ҳар иккисига никоҳ давомида орттирилган умумий мол-мулкдаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома беради.

63-модда. Марҳум эрдан (хотиндан) кейин хотиннинг (эрнинг)

аризасига кўра умумий мол-мулкдаги улушга бўлган

мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома бериш


Эр-хотиндан бири вафот этган тақдирда эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома марҳум эрдан (хотиндан) кейин хотиннинг (эрнинг) ёзма аризасига кўра мерос очилган жойдаги нотариус томонидан берилиб, меросни қабул қилиб олган меросхўрлар бу хусусда хабардор қилинади.

Эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома марҳум эрдан (хотиндан) кейин хотинга (эрга) никоҳ давомида орттирилган умумий мол-мулкнинг ярмиси учун берилиши мумкин.

Агар марҳум эрдан (хотиндан) кейин хотин (эр) томонидан мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномани олиш ҳақида ёзма ариза берилмаса, эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улуш ажратилмайди.

Меросни қабул қилиб олган меросхўрларнинг ёзма аризасига кўра ва марҳум эрдан (хотиндан) кейин хотиннинг (эрнинг) розилиги билан мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномада вафот этган эрнинг (хотиннинг) ҳам умумий мол-мулкдаги улуши белгиланиши мумкин.


64-модда. Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни

тақиқлаб қўйиш ва тақиқни бекор қилиш


Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб қўйиш ва тақиқни бекор қилиш қонунларда белгиланган шартларда ва тартибда амалга оширилади.

10-БОБ. ҲУЖЖАТЛАР НУСХАЛАРИНИНГ ВА

ҲУЖЖАТЛАРДАН ОЛИНГАН КЎЧИРМАЛАРНИНГ

ТЎҒРИЛИГИНИ, ИМЗОНИНГ ҲАҚИҚИЙЛИГИНИ ВА

ТАРЖИМАНИНГ ТЎҒРИЛИГИНИ ШАҲОДАТЛАШ


65-модда. Ҳужжатлар кўчирма нусхаларининг

ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг

тўғрилигини шаҳодатлаш

Нотариуслар жисмоний ва юридик шахслар томонидан берилган ҳужжатлар кўчирма нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини шаҳодатлайди.

Кўчирма олинаётган ҳужжатда ўзаро боғлиқ бўлмаган бир нечта алоҳида масалага оид қарорлар мавжуд бўлган тақдирдагина кўчирманинг тўғрилиги шаҳодатланиши мумкин. Кўчирма ҳужжатнинг муайян масалага доир қисмининг тўла матнини акс эттириши керак.

Нотариус ҳужжатлар кўчирма нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини шаҳодатлар экан, ҳужжат мазмунининг қонунийлигини, унда баён қилинган фактларнинг ҳақиқатга мослигини, уни имзолаган жисмоний шахсларнинг шахсини, муомалага лаёқатлилиги ва ваколатларини, ҳужжатни юборган юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқатини тасдиқламайди.

Агар бир қисми бошқа ҳужжатнинг кўчирма нусхасини ифодалаган бир неча варақдан иборат ҳужжат аслининг кўчирма нусхаси ёки ҳужжатнинг аслидан олинган кўчирма тўғрилиги шаҳодатланаётган бўлса, тасдиқлов ёзувида бу ҳақда белги қўйилади.


66-модда. Ҳужжат нусхасидан кўчирилган нусханинг

тўғрилигини шаҳодатлаш


Ҳужжат нусхасидан кўчирилган нусханинг тўғрилигини нотариуслар, башарти аввалги нусханинг тўғрилиги нотариал тартибда шаҳодатланган бўлса ёки ҳужжатнинг нусхаси унинг асл нусхаси тайёрланган корхона, муассаса, ташкилот томонидан берилган бўлса, шаҳодатлайди. Кейинги ҳолатда ҳужжатнинг нусхаси мазкур юридик шахснинг иш қоғозида баён этилган, муҳр босиб тасдиқланган ва унда шу ҳужжатнинг асли мазкур корхона, муассаса, ташкилотда эканлиги ёзиб қўйилган бўлиши керак.


67-модда. Ҳужжатлардаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлаш

Нотариус имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлар экан, ҳужжатда баён этилган фактларни эмас, балки фақат имзонинг муайян шахс томонидан қўйилганлигини тасдиқлайди.

Битимни ифодаловчи ҳужжатлардаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлашга йўл қўйилмайди.



68-модда. Таржиманинг тўғрилигини шаҳодатлаш


Нотариус, башарти у тегишли тилларни билса, бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлайди.

Агар нотариус тегишли тилларни билмаса, таржима таржимон томонидан қилиниши мумкин, нотариус унинг имзоси ҳақиқийлигини шаҳодатлайди.


11-БОБ. ФАКТЛАРНИ ТАСДИҚЛАШ


69-модда. Фуқаронинг тирик эканлиги фактини тасдиқлаш


Нотариус фуқаронинг тирик эканлиги фактини унинг шахсий илтимосига кўра ва унинг иштирокида тасдиқлайди.

Вояга етмаган шахснинг тирик эканлиги фактини тасдиқлаш унинг қонуний вакиллари (ота-онаси, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек уни ўз ҳомийлигига олган муассасалар ва ташкилотларнинг илтимосига кўра амалга оширилади.


70-модда. Фуқаронинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлаш


Нотариус фуқаронинг илтимосига кўра унинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлайди.

Вояга етмаган шахснинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлаш унинг қонуний вакиллари (ота-онаси, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек уни ўз ҳомийлигига олган муассасалар ва ташкилотларнинг илтимосига кўра амалга оширилади.


70-1-модда. Юридик шахснинг раҳбар органи

томонидан қарор қабул қилинганлиги

фактини тасдиқлаш

Нотариус юридик шахснинг раҳбар органи йиғилишини чақирувчи органнинг ёки шахснинг илтимосига кўра ушбу йиғилиш ўтказилиши чоғида ҳозир бўлади ва юридик шахснинг раҳбар органи томонидан қарор қабул қилинганлиги фактини тасдиқлаш тўғрисида ҳамда ушбу қарорни қабул қилиш чоғида ҳозир бўлган иштирокчиларнинг (акциядорларнинг) таркиби ҳақида гувоҳнома беради.

Нотариус юридик шахснинг раҳбар органи томонидан қарор қабул қилинганлиги фактини белгилаш учун юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқатини текширади, юридик шахс раҳбар органининг қарор қабул қилиш борасидаги ваколатини, йиғилишда кворум мавжудлигини ва овозларни санаб чиқиш асосида қарор қабул қилиш учун керакли овозлар сони мавжудлигини қонун ҳужжатларига ва юридик шахснинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ аниқлайди.


71-модда. Фуқаронинг фотосуратда акс эттирилган шахс

эканлигини тасдиқлаш


Нотариус фуқаро тақдим этган фотосуратдаги шахс шу фуқаронинг айнан ўзи эканлигини тасдиқлайди.


72-модда. Ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлаш


Нотариус ўзига ҳужжат тақдим этилган вақтни тасдиқлайди.


12-БОБ. ЖИСМОНИЙ ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРНИНГ

АРИЗАЛАРИ ВА (ЁКИ) БОШҚА ҲУЖЖАТЛАРИНИ

ТОПШИРИШ. ПУЛ СУММАЛАРИ ВА ҚИММАТЛИ

ҚОҒОЗЛАРНИ ДЕПОЗИТГА ҚАБУЛ ҚИЛИБ ОЛИШ

73-модда. Аризалар ва (ёки) бошқа

ҳужжатларни топшириш

Нотариус жисмоний ва юридик шахсларнинг аризалари ва (ёки) ўзга ҳужжатларини бошқа жисмоний ва юридик шахсларга топширади.

Аризалар ва (ёки) бошқа ҳужжатлар уларнинг топширилганлигини маълум қилиш шарти билан почта орқали юборилади ёки бевосита тегишли шахсларга имзо қўйдириб топширилади. Аризалар телефакс, компьютер тармоқлари ва бошқа техник воситалардан фойдаланиб ҳам узатилиши мумкин. Аризалар ва (ёки) бошқа ҳужжатларни топшириш билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраган шахс қоплайди.

Шахснинг илтимосига кўра нотариус аризалар ва (ёки) бошқа ҳужжатларнинг топширилганлиги ҳақида гувоҳнома беради.


74-модда. Пул суммалари ва қимматли қоғозларни

депозитга қабул қилиш


Нотариус қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда кредиторга топшириш учун қарздордан депозитга пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилади.

Нотариус пул суммалари ва қимматли қоғозлар келиб тушганлиги ҳақида кредиторга хабар қилади ҳамда унинг талаби бўйича унга тегишли пул суммалари ва қимматли қоғозларни топширади.

Пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга мажбурият бажариладиган жойдаги нотариус қабул қилади.


75-модда. Пул суммалари ва қимматли қоғозларнинг

уларни депозитга топширган шахсга қайтарилиши


Пул суммалари ва қимматли қоғозларнинг уларни депозитга топширган шахсга қайтарилишига тўлов кимнинг фойдасига амалга оширилган бўлса, ўша шахснинг ёзма розилиги билан ёки суд қарорига биноан йўл қўйилади.



13-БОБ. ИЖРО ХАТЛАРИ ЁЗИШ

76-модда. Қарздордан пул суммаларини ундириш ёки

мол-мулкни талаб қилиб олиш


Қарздордан пул суммаларини ундириш ёки мол-мулкни талаб қилиб олиш учун нотариус қарздорликни белгиловчи ҳужжатларга ижро хатларини ёзади.



77-модда. Қарзни ундириш сўзсиз амалга ошириладиган

ҳужжатлар рўйхати


Ижро хатларига асосан қарзни ундириш сўзсиз амалга ошириладиган ҳужжатлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгилаб қўйилади.


78-модда. Ижро хатларини ёзиш шартлари


Ижро хатлари қуйидаги ҳолларда ёзилади:

тақдим этилган ҳужжатлар қарздорнинг ундириб олувчидан қарздор эканлиги ёки бошқа мажбуриятини шубҳасиз тасдиқласа;

даъво қилиш ҳуқуқи вужудга келган кундан бошлаб ўтган вақт уч йилдан ортиқ бўлмаса.

Агар ижро хати бериш ҳақидаги талаб учун қонун ҳужжатларида бошқа муддат белгиланган бўлса, ижро хати шу муддат ичида берилади.



79-модда. Ижро хатининг мазмуни


Ижро хатида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши лозим:

ижро хатини ёзаётган нотариус исм-шарифининг бош ҳарфлари, фамилияси, лавозими;

ундириб олувчининг номи ва манзили;

қарздорнинг номи ва манзили;

ундириб олиш амалга ошириладиган муддат;

ундириб олиниши керак бўлган суммалар ёки талаб қилиб олиниши керак бўлган нарсалар, шу жумладан, тўланиши керак бўлган пеня, фоизлар;

ундириб олувчи тўлаган ёки қарздордан ундирилиши керак бўлган давлат божи ёки тариф суммалари;

ижро хати ёзилган сана (йил, ой, кун);

ижро хатининг реестрда қайд этилган тартиб рақами;

ижро хатини ёзган нотариуснинг имзоси;

нотариуснинг муҳри.



80-модда. Ижро хатини тақдим этиш муддатлари ва

ижро хати бўйича ундириб олиш тартиби


Ижро хати, агар қонун ҳужжатларида бошқа муддат белгиланган бўлмаса, у ёзилган кундан бошлаб уч йил муддат ичида мажбурий ижро учун тақдим этилиши мумкин.

Ижро хатини тақдим этишнинг ўтказиб юборилган муддатини, шунингдек ижро хати бўйича ундиришни тиклаш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



14-БОБ. ВЕКСЕЛНИ ПРОТЕСТ ҚИЛИШ.

ЧЕКНИ ТЎЛОВГА ТАҚДИМ ЭТИШ ВА ЧЕКНИНГ

ТЎЛАНМАГАНЛИГИНИ ТАСДИҚЛАШ

81-модда. Векселни протест қилиш


Нотариус пули тўланмаган, акцепт қилинмаган ва акцепт санаси кўрсатилмаган векселни қонун ҳужжатларига мувофиқ протест қилади.



82-модда. Чекни тўловга тақдим этиш ва чекнинг

тўланмаганлигини тасдиқлаш


Тўловчининг турар жойидаги нотариус тўловга тақдим этилган чекни қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва тартибда қабул қилиб олади.

Чек тўланмаган тақдирда нотариус чекнинг тўланмаганлигини унга ёзиб қўйиш йўли билан тасдиқлайди ва буни реестрда қайд этади. Чекка ёзиш билан бирга чек берувчига унинг чекини банк тўламаганлиги ва бу хусусда чекка ёзиб қўйилганлиги ҳақида билдириш хати юборилади.

Чек тўланмаган тақдирда нотариус чек сақловчининг илтимосига кўра ижро хатини ёзади.



15-БОБ. ҲУЖЖАТЛАРНИ САҚЛАШ УЧУН

ҚАБУЛ ҚИЛИБ ОЛИШ ВА УЛАРНИ

ҚАЙТАРИБ БЕРИШ

83-модда. Ҳужжатларни сақлаш учун қабул қилиб олиш


Нотариус ҳужжатларни сақлаш учун рўйхат бўйича қабул қилиб олади. Рўйхатнинг бир нусхаси нотариусда қолади, бошқа нусхаси ҳужжатларни сақлаш учун топширган шахсга берилади.

Агар ҳужжатлар лозим тарзда ўраб жойлаштирилган бўлса, шахснинг илтимосига кўра нотариус уларни рўйхатсиз ҳам қабул қилиб олиши мумкин. Ҳужжатлар ўрамига нотариуснинг муҳри қўйилади ҳамда у нотариус ва ҳужжатларни топширган шахс томонидан имзоланади. Бундай ҳолларда нотариус ҳужжатлар ўрамининг бут сақланиши учун жавоб беради.

Ҳужжатларни сақлаш учун топширган шахсга гувоҳнома берилади.



84-модда. Сақлаш учун қабул қилинган ҳужжатларни қайтариш


Сақлаш учун қабул қилинган ҳужжатлар уларни сақлаш учун топширган шахсга ёки унинг қонуний вакилига гувоҳнома ва рўйхатни тақдим этганидан кейин ёхуд суднинг қарори бўйича қайтариб берилади.



16-БОБ. ДЕНГИЗ ПРОТЕСТЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ

85-модда. Денгиз протестлари ҳақидаги ариза


Нотариус кема эгасининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун далил-исботларни таъминлаш мақсадида кема капитанининг кема сузиб бораётганда ёки у тўхтаб турган жойда содир бўлган ҳамда кема эгасининг олдига мулкий талаблар қўйиш учун асос бўлиши мумкин бўлган ҳодиса тўғрисидаги аризасини қабул қилади.

Денгиз протести ҳақидаги аризада юз берган ҳодиса тафсилотлари ва капитаннинг ўзига ишониб топширилган мулкнинг бут сақланишини таъминлаш юзасидан кўрган чора-тадбирлари баён этилган бўлиши керак.

Денгиз протести тўғрисидаги аризада баён этилган ҳолатларнинг тасдиғи сифатида кема капитани ариза билан бир вақтда ёки кема портга кирган кундан бошлаб, агар ҳодиса портда юз берган бўлса, у юз берганидан сўнг етти кундан кечиктирмай нотариусга кўздан кечириш учун кема дафтарини ва кема дафтаридан олиниб капитан томонидан тасдиқланган кўчирмани тақдим этиши шарт.



86-модда. Денгиз протестлари ҳақида ариза бериш муддатлари


Денгиз протести ҳақидаги ариза кема портга кирган вақтдан бошлаб йигирма тўрт соат ичида берилади. Агар денгиз протести ҳақида ариза бериш заруратини келтириб чиқарган ҳодиса портда юз берган бўлса, протест ҳодиса юз берган вақтдан бошлаб йигирма тўрт соат ичида берилиши керак.

Протестни белгиланган муддатда беришнинг имкони бўлмаган тақдирда, бунинг сабаблари денгиз протести ҳақидаги аризада кўрсатилиши керак.



87-модда. Денгиз протести ҳақида далолатнома тузиш


Нотариус капитаннинг аризаси, кема дафтаридаги маълумотлар, шунингдек капитаннинг ўзи ҳамда кема қўмондонлиги таркибидан камида икки гувоҳни ва кема командаси таркибидан икки гувоҳни сўроқ қилиш асосида денгиз протести ҳақида далолатнома тузади ва уни ўз имзоси ҳамда гербли муҳр билан тасдиқлайди. Денгиз протести ҳақидаги далолатноманинг бир нусхаси капитанга ёки вакил қилинган шахсга берилади.



17-БОБ. ЧЕТ ЭЛ ҲУҚУҚИ НОРМАЛАРИНИНГ

ҚЎЛЛАНИЛИШИ. ХАЛҚАРО ШАРТНОМАЛАР

88-модда. Нотариус томонидан чет эл ҳуқуқи

нормаларининг қўлланилиши


Нотариус Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, халқаро шартномаларга мувофиқ чет эл ҳуқуқи нормаларини қўллайди.

Нотариус халқаро шартномалар талабларига мувофиқ тузилган ҳужжатларни қабул қилиб олади, шунингдек агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига зид келмаса, уларга бошқа давлатларнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган шаклда тасдиқловчи устхатлар ёзади.



89-модда. Мерос мол-мулкни қўриқлаш ва меросга бўлган

ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш


Чет эл фуқароси вафотидан кейин унинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қолган мол-мулкини қўриқлаш ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси вафот этганидан кейин чет эл фуқаросига тегишли бўлган мол-мулкни қўриқлаш, шунингдек бундай мол-мулк хусусида меросга бўлган ҳуқуқ ҳақида гувоҳномалар бериш билан боғлиқ ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



90-модда. Чет элда амал қилишга мўлжалланган ишончномалар


Нотариус томонидан тасдиқланган, чет элда амал қилишга мўлжалланган, амал қилиш муддати кўрсатилмаган ишончномалар уларни берган шахс томонидан бекор қилингунига қадар ўз кучида қолади.



91-модда. Нотариуснинг чет элда тузилган ҳужжатларни

қабул қилиши


Чет элда бошқа давлатлар ваколатли органларининг мансабдор шахслари иштирокида тузилган ёки улардан келаётган ҳужжатлар расмийлаштирилган ёки апостиль қўйилган тақдирдагина нотариус томонидан қабул қилинади.

Бундай ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ва халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда расмийлаштирилмаган ёки апостиль қўйилмаган ҳолида нотариус томонидан қабул қилинади.


92-модда. Нотариуснинг бошқа давлатлар адлия

органлари билан ўзаро муносабатлари


Нотариуснинг бошқа давлатлар адлия органлари билан ўзаро муносабатлари тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномалари билан белгиланади.



93-модда. Халқаро шартнома


Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида нотариал ҳаракатлар тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг қонунларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш чоғида халқаро шартнома қоидалари қўлланади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси нотариусга Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган нотариал ҳаракатни амалга ошириш ваколатини берса, нотариус бу нотариал ҳаракатни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги белгилаган тартибда амалга оширади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 1997 йил, 2-сон, 42-модда