язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Таълим/ Тошкент давлат юридик университети магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 23.07.2013 й. 206-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 23 июлдаги

206-сон қарорига

1-ИЛОВА


Тошкент давлат юридик университети

магистратурасига қабул қилиш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Таълим тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Юридик кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2013 йил 28 июндаги ПҚ-1990-сон қарорига мувофиқ Тошкент давлат юридик университети (кейинги ўринларда ТДЮУ деб аталади) магистратурасига қабул қилиш тартибини белгилайди.


2. ТДЮУ магистратурасига қабул мутахассисликлар кесимида Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган давлат грантлари ва тўлов-контракт асосида қабул квоталарига мувофиқ амалга оширилади.

ТДЮУ магистратурасида иккинчи ва ундан кейинги олий маълумотни олиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.


3. ТДЮУ магистратурасига қабул Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси (кейинги ўринларда - Давлат комиссияси деб юритилади) томонидан кириш синовлари натижаларига кўра, тўпланган балларнинг рейтинг тизими бўйича амалга оширилади.


4. ТДЮУ магистратурасига қабул қилишни ташкил этиш тегишли ўқув йили учун ташкил этилган ТДЮУ қабул комиссиясига (кейинги ўринларда қабул комиссияси деб аталади) юкланади. Қабул комиссиясининг жорий ишлари ТДЮУ магистратурасига қабул қилиш ишлари бўйича масъул котиб ҳамда масъул котиб ўринбосари томонидан амалга оширилади.


5. ТДЮУ магистратурасига қабул барча абитуриентлар учун тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов асосида амалга оширилади.

Кириш синовларида энг юқори балл тўплаган абитуриентларнинг давлат грантлари бўйича биринчи навбатда қабул қилиниш ҳуқуқи таъминланади. Қолган абитуриентлар рейтинг баллари асосида белгиланган тўлов-контракт квоталари доирасида қабул қилиниш ҳуқуқига эгадирлар.


6. ТДЮУ магистратурасида кириш имтиҳонлари тест синовлари ва ёзма имтиҳон шаклида олиб борилади.


7. Тест синовлари "Демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш назарияси ва амалиёти асослари", "Мутахассислик фанлари", "Чет тили" фанларидан ўтказилади.

8. Ёзма имтиҳон "Мутахассислик фанлари" фани бўйича ўтказилади ва абитуриентларда таҳлил, тафаккур, ҳуқуқий манбалар билан мустақил ишлаш ҳамда ҳуқуқий масалалар бўйича хулосаларни ифода этиш борасида қобилиятларни аниқлашга қаратилган.

9. ТДЮУ магистратурасига қабул қилиш учун кириш синовлари талаба магистратурада ўқийдиган тилда топширилади ва бу магистратурага кириш учун тўлдириладиган аризада кўрсатилиши лозим.

Кириш синовлари магистрлик мутахассисликлари ва ўқитиш тилларига кўра алоҳида ўтказилади.


10. ТДЮУ магистратурасига хорижий фуқароларни қабул қилиш Вазирлар Маҳкамасининг "Хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида" 2008 йил 4 августдаги 169-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида амалга оширилади.


11. ТДЮУ магистратурасига кўзи ожиз абитуриентларни қабул қилиш Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 18 июндаги 118-сон қарори билан тасдиқланган Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-иловасига мувофиқ амалга оширилади.


12. ТДЮУ магистратурасига қабул "юриспруденция" йўналиши бўйича таълим олган бакалаврлар орасидан ўтказилади.



II. ҲУЖЖАТЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ


13. Қабул комиссияси имтиҳонлар бошланишидан бир ой олдин, абитуриентлар эътиборига қабул қилиш муддатлари, ихтисосликлар номланиши ва ТДЮУ магистратурасига қабул қилиш квотасини маълум қилади.


14. ТДЮУ магистратурасига қабул қилишда абитуриентлар қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

мутахассислик кўрсатилган ҳолда ТДЮУ ректори номига ариза;

олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг асл нусхаси (ёки дипломдан кўчирма - Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларини давлат гранти бўйича ўқиб тугатганлар учун) ҳамда унга илованинг асли;

3.5 x 4.5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат;

086-У шаклдаги тиббий маълумотнома.


15. Ҳужжатлар 1 июлдан 30 июлгача қабул қилинади.


16. Ҳужжатлар тақдим этилиши жараёнида абитуриентлар паспорт ва ҳарбий мажбуриятга алоқадорлик ҳақидаги ҳужжатларини шахсан кўрсатадилар.


17. Мазкур Низомнинг 14-бандида назарда тутилган талабларга мос келадиган ҳужжатлар тақдим этилганда қабул комиссияси абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.



III. КИРИШ ИМТИҲОНЛАРИНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


18. Кириш имтиҳонлари бошланишидан бир ой аввал қоида тариқасида синов имтиҳонларига киритилган ўқув дастурлари қабул комиссиясининг ахборот стендларига ва ТДЮУ веб-сайтига жойлаштирилади.


19. Кириш имтиҳонлари 5-20 август кунлари ўтказилади.

20. Кириш имтиҳонлари ўтказилишига қадар қабул комиссияси томонидан маслаҳатлар ташкил этилади. Маслаҳатлар жадвали қабул комиссияси томонидан ишлаб чиқилади ва ТДЮУ ректори томонидан тасдиқланади.


21. Тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази (кейинги ўринларда - Давлат тест маркази деб юритилади) томонидан ўтказилади.

Тест синовлари учун саволлар ТДЮУ томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ўқув дастурлари асосида Давлат тест маркази томонидан шакллантирилади. Бунда тест синовлари учун саволлар ТДЮУ билан келишилади.

ТДЮУ магистратурасига қабул учун тест синовларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби Давлат тест маркази томонидан ТДЮУ билан келишилган ҳолда белгиланади.

22. ТДЮУ ректори буйруғи билан ташкил этилган комиссия томонидан ёзма имтиҳон ўтказилади. Комиссия таркибига ТДЮУ ходимлари билан бир қаторда бошқа ташкилотлар вакиллари ҳам уларнинг раҳбарлари билан келишилган ҳолда киритилиши мумкин.

Ёзма имтиҳон учун саволлар юриспруденция соҳасидаги малакали мутахассислар томонидан тузилади.

Ёзма имтиҳон натижалари магистратурага қабул амалга оширилаётган тегишли мутахассисликларга мувофиқ ҳуқуқ соҳалари мутахассислари орасидан ректор буйруғи билан ташкил этиладиган махсус комиссия томонидан аниқланади.

Абитуриентнинг билимлари ёзма имтиҳонда 0 баллдан 100 баллгача баҳоланади.

Ёзма имтиҳонни ўтказиш ва унинг натижаларини белгилаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва ТДЮУ билан келишилган ҳолда белгиланади.

23. Тест синовлари бўйича абитуриентларнинг максимал бали 200 баллни ташкил қилади. Ушбу баллар қуйидагилардан ташкил топади:

"Демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуриш назарияси ва амалиёти асослари" фани бўйича - 0 баллдан 50 баллгача;

"Мутахассислик фанлари" фани бўйича - 0 баллдан 100 баллгача;

"Чет тили" фани бўйича - 0 баллдан 50 баллгача.


24. Магистратурага киришда умумий юқори балл 300 баллни ташкил этади.


25. Хорижий тилларни CEFR (Common European Framework of Reference) бўйича камида В2 даражага, IELTS (International English Language Testing System) бўйича 5,5 баллга ёки TOEFL (Test of English as a Foreign Language) бўйича 72 баллга мувофиқ бўлган даражада билишининг расмий тасдиғи тўғрисидаги амалдаги халқаро сертификатларга эга бўлган абитуриентлар "Чет тили" фани бўйича кириш имтиҳонлари топширишдан озод қилинадилар.

Ушбу абитуриентлар учун энг юқори балл (50 балл) қўшилади.

26. Тест синовларида хоҳлаган йўналиш бўйича белгиланган максимал баллнинг 55 фоизи ва ундан кам балл тўплаган абитуриентлар ёзма имтиҳонларга қўйилмайди. Ёзма имтиҳонда белгиланган максимал баллнинг 55 фоизи ва ундан кам балл тўплаган абитуриентлар магистратурага қабул қилинмайди.


27. Тест синовларининг натижалари Давлат тест марказининг қайдномасига киритилади.

Ёзма имтиҳонлар натижалари ТДЮУ қайдномасига киритилади.

Тест синовлари ва ёзма имтиҳонлар натижалари асосида танлов қайдномаларига киритиладиган кириш имтиҳонларининг умумий натижаси аниқланади. Танлов қайдномаси Давлат тест марказининг директори ва ТДЮУ ректори томонидан тасдиқланади ҳамда ТДЮУ магистратурасига қабул қилиш ҳақида қарор қабул қилиш учун Давлат комиссиясига юборилади.


28. ТДЮУ магистратурасига кириш имтиҳонларини қайта топшириш тақиқланади.


29. Абитуриентларнинг кириш имтиҳонлари натижалари бўйича шикоятларини кўриб чиқиш учун ТДЮУда Апелляция комиссияси ташкил этилади. Апелляция комиссияси ТДЮУ ректорининг буйруғи билан ташкил этилади.

Апелляция комиссиясига шикоятлар қабул комиссияси томонидан кириш имтиҳонлари натижалари эълон қилинган кундан икки иш куни мобайнида берилиши мумкин.

Аризани кўриб чиқиш муддати ариза абитуриент томонидан тақдим этилган кундан бошлаб икки кундан ошмаслиги лозим.



IV. МАГИСТРАТУРАГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ


30. ТДЮУ магистратурасига қабул қилиш тўғрисидаги Давлат комиссияси қарори 25 августдан кечиктирилмасдан қабул қилиниши лозим.

Давлат комиссияси томонидан қабул қилинган қарор ТДЮУ ректори томонидан абитуриентларни давлат грантлари асосида ТДЮУ магистрантлари сафига қабул қилиш тўғрисида йигирма бешинчи августга қадар буйруқ чиқарилиши учун асос ҳисобланади.


31. Тўлов-контракт асосида магистратурага қабул қилиш Давлат комиссияси қарорига асосан ТДЮУ ва юридик ҳамда жисмоний шахслар ўртасида контракт (шартнома) тузиш ва контракт тўлови миқдорини 15 сентябргача тўлаш шарти билан ТДЮУ ректори буйруғи билан расмийлаштирилади. Белгиланган намунадаги шартнома бланклари қабул комиссияси томонидан имтиҳондан ўтиш натижалари эълон қилинган кундан бошлаб берилади ҳамда ТДЮУ раҳбари ва бош бухгалтери имзоси билан юридик шахслар учун 3 нусхада ва жисмоний шахслар учун 2 нусхада расмийлаштирилади.


32. Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендиялари ва номли давлат стипендиялари билан тақдирланган абитуриентлар ТДЮУ магистратурасига давлат гранти асосида умумий қабул квотаси доирасидан ташқарида танланган магистратура мутахассислиги бакалавриатнинг таълим йўналишига мос келган тақдирда қабул қилинадилар.



V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


33. ТДЮУ магистратурасига қабул қилинган абитуриентларнинг кириш имтиҳонлари тест синовлари ва ёзма имтиҳон натижаларидан тегишли кўчирмалар уларнинг шахсий ҳужжатлар йиғма жилдларига тикиб қўйилади.

ТДЮУ магистратурасига қабул қилинмаган абитуриентларнинг кириш имтиҳонлари тест синовлар ва ёзма имтиҳон натижалари 6 ой давомида сақланади ва ундан сўнг белгиланган тартибда йўқ қилинади.


34. Тест синовлари ўтказилиши билан боғлиқ харажатларни қоплаш Давлат тест маркази томонидан тақдим этиладиган ҳисоб-китобга мувофиқ, ТДЮУ бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


35. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.


36. Ушбу Низомни қўллашда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 29 июль, 30-сон, 389-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 7-сон, 47-модда