язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари/ Фуқаролар йиғинларида иш юритишни ташкил қилиш ва олиб бориш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 07.10.2013 й. 274-сон қарорига 13-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 7 октябрдаги

274-сон қарорига

13-ИЛОВА



Фуқаролар йиғинларида иш юритишни ташкил

қилиш ва олиб бориш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ фуқаролар йиғинларида иш юритишни ташкил этиш, бошқарув ҳужжатларини тайёрлаш ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш тартибини белгилайди.


2. Фуқаролар йиғинининг масъул котиби (кейинги ўринларда масъул котиб деб аталади) ва кенгаши девони ходимлари фуқаролар йиғинини (фуқаролар вакилларининг йиғилишини), фуқаролар йиғини кенгаши мажлисини ўтказишга доир материалларни тайёрлайди, фуқаролар йиғинининг, фуқаролар йиғини кенгашининг ва фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) қарорлари ижрочиларга ўз вақтида етказилишини таъминлайди, иш юритишни олиб боради.

Фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ҳамда фуқаролар йиғини ҳузуридаги тафтиш комиссиясида иш юритишни ташкил қилиш ва олиб бориш ушбу комиссияларнинг котибларига юкланади.


3. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) фуқаролар йиғини ва унинг органларида иш юритишнинг тўғри ташкил қилиниши ҳамда ушбу Низомга мувофиқ замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда самарали олиб борилиши учун шахсан масъулдир.


4. Масъул котиб фуқаролар йиғини кенгаши аъзоларини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, фармойишлари ва бошқа келиб тушган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан, ишга янги қабул қилинган ходимларни фуқаролар йиғини тузилмаси, мазкур Низом, ҳужжатлар ижросини назорат қилиш ва текширишнинг асосий қоидалари, ички меҳнат интизоми ва фуқаролар йиғини фаолиятини тартибга солишга доир бошқа ҳужжатлар билан таништиради.


5. Фуқаролар йиғини аъзоларига ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имконияти яратиб берилиши кафолатланади.


6. Масъул котиб ишдан бўшаганда ёки бошқа ишга ўтказилганда ҳужжатлар янги тайинланган масъул котибга (масъул котиб тайинлангунга қадар фуқаролар йиғинининг раисига (оқсоқолига) далолатнома асосида топширилади.



II. ИШ ЮРИТИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


7. Қонун ҳужжатларига мувофиқ фуқаролар йиғинида қуйидаги ҳужжатлар тайёрланади:

фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ўтказилган сана, ҳозир бўлган фуқаролар сони, кун тартиби ва қабул қилинган қарорлар кўрсатилган ҳолдаги баённомалар;

фуқаролар йиғини кенгаши мажлисининг ўтказилган санаси, ҳозир бўлган аъзолар сони, кун тартиби ва қабул қилинган қарорлар кўрсатилган ҳолдаги баённомалар;

фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ҳужжатлари, шунингдек комиссиялар йиғилишлари ўтказилган сана, ҳозир бўлган аъзолар сони, кун тартиби ва қабул қилинган қарорлар кўрсатилган ҳолдаги баённомалар;

фуқаролар йиғини ҳузуридаги тафтиш комиссияси ҳужжатлари, йиғилиш баённомалари;

фуқаролар йиғини, фуқаролар йиғини кенгаши қарорлари, фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) қарорлари ва топшириқлари.


8. Фуқаролар йиғинининг бошқа ташкилотлар билан хизмат алоқалари хатлар билан почта орқали амалга оширилади. Тезкор равишда бериладиган маълумотлар электрон почта, факс орқали ёки телефонограмма ва телеграмма тарзида юборилади.


9. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши), фуқаролар йиғини кенгаши мажлиси баённомаларини, бошқа ташкилотларга юбориладиган хатларни имзолайди.

Ҳужжатларга иловалар ижрочилар ва масъул котиб томонидан имзоланади.


10. Баённомалар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва масъул котиб, заруриятга қараб фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) маслаҳатчилари, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ва тафтиш комиссияси раислари томонидан имзоланади.


11. Фуқаролар йиғинида иш юритишнинг қулайлигини таъминлаш мақсадида қуйидаги йиғмажилдлар юритилади:

фуқаролар йиғини фаолиятини тартибга солишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;

фуқаролар йиғинининг (фуқаролар вакиллари йиғилишининг) ҳужжатлари;

фуқаролар йиғини кенгаши мажлисининг ҳужжатлари;

фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ҳужжатлари;

фуқаролар йиғини ҳузуридаги тафтиш комиссияси ҳужжатлари;

"Маҳалла посбони" жамоатчилик тузилмаси ҳужжатлари;

фуқаролар йиғини ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар бўйича ҳужжатлар.

Йиғмажилдлар фуқаролар йиғини ва унинг органлари тўғрисидаги низомлар асосида тузилади. Йиғмажилдларни юритишда ҳужжатлар номенклатураси ва уларни сақлаш муддати кўрсатилиши лозим.


12. Юритиладиган йиғмажилдлар масъул котиб томонидан имзоланади ва фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) томонидан тасдиқланади.

Йиғмажилдларни сақлаш масъул котиб томонидан амалга оширилади.



III. ИШ ЮРИТИШНИ ОЛИБ БОРИШ


13. Фуқаролар йиғинларига келиб тушаётган ҳужжатларни қабул қилиш, уларга бирламчи ишлов бериш (рўйхатга олиш, фуқаролар йиғини раисига (оқсоқолига) киритиш учун тайёрлаш) масъул котиб томонидан амалга оширилади.


14. Ҳужжатлар солинган конвертлар, шу жумладан, буюртма конвертлар масъул котиб томонидан очилади. Бунда конвертнинг тўғри етказилганлиги ва бутлиги текширилади. Конвертнинг бутлиги бузилган бўлса ёки ундаги ҳужжатлар ва иловалар етарли бўлмаса, бу ҳақда дарҳол ҳужжатни юборувчига маълум қилинади, икки нусхада далолатнома тузилиб, бири масъул котибда қолдирилади, иккинчиси ҳужжатни юборган ташкилотга жўнатилади.

Фуқаролар йиғинига хатолик туфайли келиб тушган ҳужжатлар узоғи билан беш кун муддат ичида масъул котиб томонидан янги конвертга солиниб, аввалги конвертни илова қилган ҳолда тегишли ташкилотларга жўнатилади ва бу ҳақда жўнатувчига хабар қилинади.


15. Келиб тушган ҳужжатлар солинган конвертлар (ҳужжатни юборувчининг манзили ва юборилган вақти фақат конверт орқали аниқланадиган ҳоллардан ташқари) йўқ қилинади.


16. Келиб тушган ҳужжатлар рўйхатга олинадиган ва рўйхатга олинмайдиган ҳужжатлар туркумига бўлинади.

Мазкур Низомнинг 1-иловасида кўрсатилган ҳужжатлар рўйхатга олинмайди. Рўйхатга олинадиган келиб тушган ҳужжатларга рўйхатга олиш штампи қўйилади.

Фуқароларнинг мурожаатлари, улар қаердан келиб тушганлигидан қатъи назар, алоҳида рўйхатга олинади ва уларнинг ҳисоби юритилади.


17. Фуқаролар йиғинига келиб тушган ҳужжатлар ушбу Низомнинг 2-иловасида кўрсатилган шаклда Фуқаролар йиғинларига келиб тушган ҳужжатларни рўйхатга олиш дафтарида рўйхатга олингандан сўнг фуқаролар йиғини раисига (оқсоқолига) берилади.


18. Фуқаролар йиғини томонидан тайёрланадиган ва бошқа ташкилотлардан келадиган ҳужжатлар билан ишлашда қуйидагилар амалга оширилади:

фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) томонидан ҳужжатга резолюция белгиланади ва унда ҳужжатнинг ижроси бўйича асосий кўрсатмалар ва ижро муддати акс эттирилади;

кўриб чиқилган ҳужжат резолюцияни назорат карточкасига кўчириш учун масъул котибга қайтарилади;

ҳужжат тегишли жойларга етказилади.

Келиб тушган ҳужжатни расмийлаштириш ва кўриб чиқиш учун киритиш ҳужжат келиб тушган кунда, кўриб чиқилган ҳужжатни тегишлилиги бўйича жўнатиш резолюция белгиланган кунда амалга оширилиши лозим.

Агар резолюцияда ҳужжатнинг ижросига бир нечта ходим масъул этиб белгиланган бўлса, унинг ижроси учун фамилияси биринчи кўрсатилган ходим масъул ҳисобланади.


19. Чиқувчи ҳужжатларни расмийлаштириш ва уларни жўнатиш масъул котиб томонидан амалга оширилади.

Ҳужжатларни конвертга солишдан аввал уларнинг тўғри расмийлаштирилганлиги, иловаларининг мавжудлиги, ҳужжатни олувчилар сонига ҳужжат нусхаларининг мувофиқ келиши текширилади. Нотўғри расмийлаштирилган ҳужжатлар ижрочига тўғрилаш учун қайтарилади.

Буюртма бўйича юбориладиган ҳужжатга ҳужжат юбориладиган ташкилотлар рўйхати тузилади ва масъул котибнинг фамилияси ҳамда юборилган санаси кўрсатилади.

Юбориш учун масъул котибга берилган ҳужжатлар шу куннинг ўзида ёки бир суткадан кўп бўлмаган муддатда расмийлаштирилиши ва юборилиши керак.


20. Масъул котиб мунтазам равишда келиб тушган, чиқарилаётган, шу жумладан, фуқаролар йиғини ходимлари томонидан тайёрланган ҳужжатларни ҳисобга олиб боради ҳамда йил якунлари бўйича маълумотларни умумлаштиради.

Фуқаролар мурожаатларининг ҳисоби алоҳида юритилади.


21. Келиб тушган (чиқарилаётган) ҳужжатнинг индекси мазкур Низомнинг 3-иловасида кўрсатилган шаклда йиғмажилдлар номенклатурасидаги тегишли индекс ва рўйхатга олиш рақамидан иборат бўлади. Қарор ва мажлис баённомалари индекслари бундан мустасно. Уларнинг индекслари ҳужжат турига мувофиқ ҳолдаги рўйхатга олиш рақамларидан иборат бўлади.


22. Ҳужжатларни рўйхатга олиш ушбу Низомнинг 4-иловасида кўрсатилган назорат карточкаларида расмийлаштирилади. Назорат карточкаси реквизитлари таркиби "назорат белгилари" устуни "ижрочилар", "ижрочининг имзоси", "ижро ҳолати" ва бошқалар билан тўлдирилиши мумкин.

Назорат карточкаларида ҳужжатлар рўйхатга олинаётганда фақат фуқаролар йиғинида тузилган ёки бошқа ташкилотлардан юборилган ҳужжатлар (сўровлар) мустақил тарзда рўйхатга олиниши лозим. Жавоб тариқасида юборилган ҳужжатлар назорат карточкасининг ўзида белгиланади.

Назорат карточкаларининг тақвим шкаласи ҳужжатлар ижроси муддатларини назорат қилиш учун қўлланилади. Унда ҳужжат ижро қилиниши лозим бўлган сана белгиланади.

"Корреспондент" устунига ҳужжатни юборган ёки ҳужжат юборилаётган ташкилот номи ёзилади. Фуқаролар йиғинининг ички ҳужжати тайёрланганда фуқаролар йиғинининг номи ёзилади.

"Ҳужжат келиб тушган сана ва индекс" устунида ҳужжат келиб тушган сана ва фуқаролар йиғинида берилган индекс кўрсатилади.

"Ҳужжатнинг санаси ва индекси" устунида ҳужжатни юборган ташкилот томонидан белгиланган ҳужжат юборилган сана ва индекс кўрсатилади. Чиқиш хати ёки фуқаролар йиғинининг ички ҳужжати рўйхатга олинганда ушбу устунда рўйхатга олинаётган ҳужжат имзоланган сана ва индекс ёки рўйхатга олиш рақами қўйилади.

"Қисқача мазмуни" устунида ҳужжатнинг тури, сарлавҳаси ёки қисқача мазмуни кўрсатилади.

"Резолюция ва ижрочи тўғрисидаги маълумотлар" устунида топшириқ берилаётган шахснинг фамилияси, масалани ҳал қилиш бўйича қисқа ва аниқ топшириқ, бажариш муддати, резолюция муаллифи ва сана кўрсатилади.

"Ҳужжатнинг ижроси тўғрисида маълумот" устунида масаланинг аниқ ечими, жавоб хатининг сана ва индекси кўрсатилади. Агар жавоб хатини тайёрлаш зарурати бўлмаса, ташаббусли ҳужжатдаги масала қачон, ким томонидан ва қандай ҳал қилинганлиги тўғрисида ёзув киритилади.

"Ҳужжатни олганлиги тўғрисида ижрочининг имзоси" ва "Сана" устунларида ижрочи имзо қўяди ва ҳужжат олинган сана кўрсатилади.

"Назорат белгилари" устунида ҳужжатнинг ижро муддатларини назорат қилиш тўғрисида белгилар қўйилади ва ҳужжат ижроси кечикишининг аниқ сабаблари кўрсатилади.

Назорат карточкасининг "Фонд N", "Рўйхат N", "Йиғмажилд N" устунлари архивда тўлдирилади.

Назорат карточкалари фуқаролар йиғини иш ҳажмига қараб нашр қилинади.

Назорат карточкалари хронологик тарзда - аввалги вақтдан кейинги вақтга тартиби бўйича жойлаштириб борилади.


23. Фуқаролар йиғинларида назорат картотекаси юритилиши лозим. Бунда ахборотнинг йўқ бўлиб кетишининг олдини олиш учун ахборот хавфсизлиги талабларини бажарган ҳолда махсус автоматлаштирилган тизимлардан фойдаланилиши мумкин.


24. Фуқароларнинг мурожаатлари бўйича назорат картотекаси уларнинг фамилиялари бўйича алфавит тартибида ҳамда рўйхатга олиш рақами тартиби бўйича тузилади.


25. Ҳужжатнинг ҳар бир тури (қарор, баённома, хат ва бошқалар) аниқ белгиланган реквизитлар мажмуига (таркибий қисмларига) ва улар жойлашувининг стандарт тартибига эга бўлиши керак.


26. Ҳужжатларни тузиш ва расмийлаштиришда асосий талаблар:

ҳужжат муаллифини (фуқаролар йиғинининг номини, қоидага кўра, ҳужжат бланкида) кўрсатиш;

ҳужжатнинг турини кўрсатиш, матнга сарлавҳа тузиш, манзил ва санани кўрсатиш;

ҳужжатни индекслаш;

ҳужжатни тайёрлаган масъул шахснинг имзоси;

ҳужжатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш (имзолаш, муҳрлаш);

ҳужжатнинг ижро қилинганлиги ва йиғмажилдга жойлаш тўғрисидаги белги.


27. Ҳужжатларни тузиш учун А4 (210 х 297) ва А5 (148 х 210) шаклидаги бланклар қўлланилади. Ҳужжат бланкида 5-иловага мувофиқ реквизитлар кўрсатилган бўлиши керак.

Аниқ ҳужжатлар турига йил мобайнида 200 дан ортиқ эҳтиёж бўладиган ҳолларда бланкларни нашр қилиш усули бўйича тайёрлашга йўл қўйилади.

Бланклар чапдан 20 мм, юқоридан 10 мм, ўнгдан ва пастдан 8 мм дан кам бўлмаган ўлчамларда ёзув киритиладиган майдонларга эга бўлиши керак.


28. Икки ва ундан ортиқ варақларда тайёрланадиган ҳужжатларнинг иккинчи ва кейинги варақлари рақамланиши керак. Рақамлар варақнинг юқори қисмининг ўртасида, араб рақамлари билан қўйилади, бунда "варақ" сўзи ва тутуқ белгилари қўйилмайди.


29. Ҳужжат турининг номи ҳар бир ҳужжатда (хатлардан ташқари) кўрсатилиши шарт.


30. Ҳужжат сарлавҳаси қисқа шаклда бўлиб, асосий матн мазмунини аниқ ифодалаши керак. Сарлавҳаларни ҳужжатнинг номига мувофиқ ҳолда шакллантириш тавсия этилади. Масалан:

қарор (нима тўғрисида?): "Моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тўғрисида", йиғилиш баённомаси (ниманинг?): "Яраштириш комиссияси йиғилишининг".

Сарлавҳа варақнинг чап қисмига ёзилади. А5 шаклда тузиладиган телеграммалар, эслатмалар матнига сарлавҳа қўйилмайди.


31. Ҳужжатлар ташкилотларга, таркибий бўлинмаларга ёки мансабдор шахсга манзили кўрсатилиб юборилади. Ташкилот номи ва таркибий бўлинма номи бош келишикда кўрсатилади. Масалан:

Учтепа тумани Электр тармоқлари корхонаси

Ҳисоб-китоб бўлимига

Ҳужжат ташкилот раҳбарига юборилаётганда ташкилот номи ҳужжатни олувчининг лавозими номи таркибига киритилади. Масалан:

Тошкент юридик коллежи директори

Б.Э. Аллаевга

Агар ҳужжат бир нечта турдош ташкилотларга юборилаётган бўлса, уларни умумлашган ҳолда кўрсатиш керак. Масалан:

Тошкент шаҳри Чилонзор тумани

"Гулзор" маҳалла фуқаролар йиғини

ҳудудидаги таълим муассасалари раҳбарларига

Ҳужжатда ҳужжатни олувчилар тўрттадан кўп бўлмаган тақдирда уларнинг номи тўлиқ кўрсатилади.

Ҳужжат беш ёки ундан кўп манзилга юборилаётганда ҳужжатни юбориш учун рўйхат тузилади ва ҳар бир ҳужжатда битта олувчи қўшимча (ёзма ёки босма тарзда) кўрсатиб қўйилади. Масалан:

Тошкент шаҳри Чилонзор тумани

"Гулзор" маҳалла фуқаролар йиғини

ҳудудидаги корхоналар, муассасалар,

ташкилотлар раҳбарларига (рўйхат бўйича)

Агар ҳужжат жисмоний шахсга юборилаётган бўлса, аввал почта манзили, сўнгра олувчининг исми, отасининг исмининг бош ҳарфлари ва фамилияси кўрсатилади. Масалан:

100129, Тошкент ш., Чилонзор тумани,

6-мавзе, 9-уй, 69-хонадонда яшовчи

С.А. Барноевга

Давлат ташкилотлари ва доимий корреспондентларга юборилаётган ҳужжатларга почта манзили қўйилмайди.


32. Ҳужжатлар санаси расмийлаштирилаётганда йил, сана ва ойнинг тартиб рақами араб рақамларида қўлланилади. Масалан: 29.04.2012 й.

Молиявий тусдаги маълумотларга эга ҳужжатларда санани расмийлаштиришда сўз ва рақамлардан фойдаланишга йўл қўйилади. Масалан: 2012 йил 15 апрель.


33. Ҳужжат лойиҳасининг ички келишуви (фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ўринбосарлари (фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари ҳамда ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчилари), маслаҳатчилари, масъул котиб билан) шахсий имзодан ташқари, исми, отасининг исмининг бош ҳарфлари, фамилияси ва имзолаш санасини ўз ичига олган тегишли визалар билан расмийлаштирилади. Зарур ҳолларда виза қўяётган шахснинг лавозими ҳам кўрсатилади.

Ҳужжат бўйича қўшимчалар ва эътирозлар алоҳида варақда келтирилади. Масалан:

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) маслаҳатчиси (имзо) С.М. Мирзаев

Қўшимчалар ва эътирозлар илова қилинади. 05.06.2012 й.

Визалар "Имзо" реквизитидан қуйида ёки ҳужжатнинг охирги варағи орқасига қўйилади.

Ташқи келишувда (бошқа ташкилотлар билан) келишув грифи, келишув маълумотномаси расмийлаштирилади.

Келишув грифи "Имзо" реквизитидан қуйида ёки ҳужжатнинг охирги варағи орқасига қўйилади. У қуйидаги элементларни ўз ичига олади: "Келишилган" сўзи, келишган мансабдор шахс лавозими (ташкилот номи ҳам кўрсатилади), шахсий имзо, исми, отасининг исмининг бош ҳарфлари ва фамилияси, сана. Масалан:

Келишилган

"Катта ҳовуз" маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)

(имзо) Б.И. Мирзаев 16.06.2012 й.


34. "Имзо" реквизити таркибига ҳужжатни имзолаётган шахснинг лавозими (агар ҳужжат бланкда расмийлаштирилмаган бўлса тўлиқ, агар бланкада бўлса қисқа), шахсий имзо ва унинг таърифи киради. Масалан:

"Журжоний" маҳалла фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)

(имзо) Б.И. Мирзаев

Ҳужжат бир неча мансабдор шахслар томонидан имзоланаётганда уларнинг имзоси эгаллаган лавозимига кўра юқоридан пастга қаратиб жойлаштирилади.

Тенг лавозимдаги шахслар томонидан ҳужжат имзоланаётганда уларнинг имзоси бир қаторга жойлаштирилади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) узоқ вақт бўлмаганда ҳужжатларни фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) ўринбосарларидан бири имзолайди. Бунда ҳужжатни имзоловчи шахснинг амалдаги лавозими ва унинг фамилияси кўрсатилади. Ҳужжатнинг лавозим номи олдига эгик чизиқ қўйиб ёки "ўрнига" сўзини ишлатиб имзолашга йўл қўйилмайди.

35. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) томонидан тасдиқланиши керак бўлган ҳужжат қуйидагиларни ўз ичига олган тасдиқлаш грифига эга бўлиши керак: "Тасдиқлайман" сўзи, ҳужжатни тасдиқлаётган шахснинг лавозими, шахсий имзо, исми, отасининг исмининг бош ҳарфлари, фамилияси ва сана. Масалан:


"Тасдиқлайман"

Учқўрғон тумани "Янги ҳаёт" қишлоқ

фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)

имзо А. Маҳмудов

17.09.2012 й.

    

Тасдиқлаш грифи ҳужжатнинг юқори ўнг қисмига жойлаштирилади. Тасдиқлаш ҳақидаги имзодан сўнг фуқаролар йиғинининг муҳри қўйилади.


36. Ҳужжатнинг ижроси бўйича топшириқлар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) резолюцияси шаклида берилади. Резолюция таркибига қуйидаги мажбурий элементлар киритилади: ижрочи (ёки ижрочилар фамилияси); топшириқ мазмуни; ижро этиш муддати (зарур ҳолларда); фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) имзоси; резолюция қўйилган сана. Масалан:

Б.М. Мирзабоевга

Фуқаролар йиғини кенгаши йиғилишига материал тайёрлашингизни сўрайман.

(имзо) Р.С. Абидов 11.02.2012 й.


37. Фуқаролар йиғинида ҳужжат мазмуни билан таништириш тегишли белгилар билан амалга оширилади.

Ҳужжатнинг келиб тушганлиги ҳақидаги белги ҳужжат биринчи варағининг пастки қисмига қўйилади.

Ҳужжатнинг назоратга олинганлиги ҳақидаги белги ҳужжатнинг биринчи варағи юқори қисмининг ўнг тарафига "Назорат" ёки "Н" белгиси қўйилади.

Ҳужжатнинг ижроси таъминланганлиги ва уни йиғмажилдга жойлаш ҳақида белгида қуйидаги маълумотлар бўлиши керак:

ижро тўғрисида гувоҳлик берувчи ҳужжат бўлмаса - қисқача маълумот, ижро тўғрисида гувоҳлик берувчи ҳужжат бўлганда - унинг санаси ва рақамига ҳавола;

"Йиғмажилдга" сўзи;

йиғмажилдлар номенклатураси бўйича ҳужжат сақланадиган йиғмажилд рақами;

ҳужжатни йиғмажилдга жойлаш санаси;

ижрочининг имзоси.

Назоратдаги ҳужжатларнинг ижроси тўғрисида белги ўрнатилган тартибда қўйилади (фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори - ижро қилинганидан сўнг тегишли қарор билан; фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) топшириғи - фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) резолюцияси билан; қолганлари - фуқаролар йиғини ходимлари томонидан).

"Йиғмажилдга" белгиси ҳужжат билан ишлаш якунига етказилганлигини билдиради.

Ҳар бир ҳужжат бевосита ижрочи тўғрисидаги белгига эга бўлиши керак. Бундай белги ҳужжатнинг ҳар бир нусхасида, ҳужжатнинг сўнгги варағининг пастки чап қисмида, агар жой бўлмаса - варақнинг орқа томонида қўйиладиган ҳужжат ижрочисининг (ҳужжатни тайёрлаган ходимнинг) фамилияси ва хизмат телефонидан иборат. Масалан:

Д.К. Маҳкамов, тел.: 8 (371) 294-45-14.


38. Агар ҳужжатнинг иловалари бўлса - улар ҳақидаги белги қуйидагича қўйилади.

Матнда ҳужжатга илова борлиги кўрсатилади. Масалан: "Интизор" кўчасида истиқомат қилувчи иловада келтирилган рўйхатдаги хорижда ишлаб келган фуқароларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш чора-тадбирлари кўрилсин".

Маъмурий ҳужжатлар иловалари биринчи варағининг юқори ўнг қисмида қуйидаги шаклда белгига эга бўлиши керак:

(ҳужжат санаси ва рақами, ҳужжат номи)га илова

Ҳужжатга бир нечта иловалар бўлса - уларга тартиб рақами қўйилади.

Агар ҳужжат матнида унга қўшилган иловалар ҳақида эслатиб ўтилмаса, унда иловаларнинг варақлари ва нусхалари сони келтирилган рўйхат келтирилиши керак.

Агар ҳужжатга бошқа, иловалари мавжуд бўлган ҳужжат қўшиб юборилаётган бўлса - унда илова мавжудлиги ҳақида қуйидаги шаклда белги қўйилади:

Илова:

Туман молия бўлимининг 05.05.2012 йилдаги 104-1/202-сон хати ва унга илова, жами 16 варақда, 5 нусхада.

Агар илова ҳужжатда кўрсатилган барча олувчиларга юборилмаётган бўлса, унда илова мавжудлиги тўғрисида қуйидагича белги қўйилади:

Илова: 5 варақда, 1 нусхада, биринчи манзилга.

Агар илова брошюраланган бўлса - варақлар сони кўрсатилмайди.


39. Ҳужжат нусхаси - ҳужжатдаги барча реквизитларнинг кўчирилган нусхаси. Кўчирма - ҳужжат бир қисмининг нусхаси.

Ҳужжатлардан нусха (кўчирма) фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) рухсати билан берилади. Ходимларнинг шахсий йиғмажилдлари шакллантирилаётганда бошқа ташкилотлардан берилган ва тегишли масалаларни ҳал қилиш учун зарур бўлган ҳужжатлардан нусха ва кўчирма олишга йўл қўйилади (диплом, туғилганлик ҳақида гувоҳнома ва шунга ўхшаш ҳужжатларнинг нусхалари).

Ҳужжатнинг нусхаси (кўчирмаси) фуқаролар йиғини кенгашининг умумий бланкида чиқарилади ва унинг аслига тўғрилигини тасдиқловчи ходимнинг имзоси билан тасдиқланади.

Агар нусха бланкда чиқарилмаса, лекин ҳужжатнинг бланкда тайёрланган аслидан олинаётган бўлса - ҳақиқий нусхадаги бланк матни тўлиқ кўчирилади. Нусханинг биринчи варағи юқоридаги ўнг қисмига "Нусха" белгиси қўйилади. Тасдиқловчи ёзув қуйидаги шаклда киритилади:

Аслига тўғри

Масъул котиб (имзо) З. Мусаева, 11.10.2012 й.

Тасдиқловчи ёзув "Имзо" реквизитидан пастга қўйилади.

Ҳужжатнинг нусхаси (кўчирмаси) бошқа ташкилотга юборилаётганда ёки алоҳида шахсларга берилаётганда тасдиқловчи ёзувга муҳр қўйилади.


40. Бланкларнинг сақланишини таъминлаш ва ҳисобини юритиш мақсадида ҳар қайси турдаги (қарор, хат) бланклар рақамланган бўлиши керак. Рақам бланкнинг орқа бетидаги юқори қисмининг чап томонига қўйилади.


41. Келиб тушган ҳужжатларга жавоб хати тайёрланаётганда келиб тушган хатнинг рақами ва санаси кўрсатилади.


42. Ҳар бир фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) йиғилиш ўтказилган сана, ҳозир бўлган фуқаролар йиғини аъзоларининг сони, кун тартиби ва қабул қилинган қарорлар кўрсатилган ҳолда баённома юритилади.

Йиғилиш баённомаси ушбу Низомнинг 6-иловасига мувофиқ шаклда расмийлаштирилади.

Фуқаролар йиғинининг (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) баённомаси ва қарорини фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) ва масъул котиб имзолайдилар. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) йўқлигида, баённомани фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) ўринбосарларидан бири ва масъул котиб имзолайди.

43. Йиғилиш баённомасининг санаси йиғилиш ўтказилган кун ҳисобланади. Йиғилиш баённомаси тартиб рақами йил мобайнида хронологик тарздаги кетма-кетликда белгилаб борилади. Кейинги йил тартиб рақамлари янгидан бошланади.


44. Йиғилиш баённомаси матни кириш ва асосий қисмдан иборат бўлади. Йиғилиш баённомаси матнининг кириш қисмида йиғилиш иштирокчиларининг сони, таклиф қилинганларнинг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилади.

Йиғилиш баённомасида раислик қилувчининг исми, отасининг исмининг бош ҳарфлари, фамилияси, муҳокама қилинадиган масалалар, ушбу масалалар бўйича маърузачиларнинг исми, отасининг исмининг бош ҳарфлари ва фамилияси, регламент кўрсатилган кун тартиби ёзилади.

Йиғилиш баённомасининг асосий қисми кун тартиби бандларига мувофиқ тарзда бўлимларга ажратилади. Ҳар бир бўлим "эшитилди - сўзга чиқдилар - қарор қилинди" тартиби бўйича тузилади.


45. Йиғилиш баённомаси санаси йиғилиш ўтказилган сана ҳисобланади.


46. Йиғилиш баённомаси йиғилиш ўтказилган санадан 3 кундан кўп бўлмаган муддатда расмийлаштирилиши ва имзоланиши керак.


47. Фуқаролар йиғини кенгаши, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссиялар ва тафтиш комиссияси йиғилишлари баённомалари ушбу Низомнинг 42 - 46-бандларига мувофиқ расмийлаштирилади.


48. Йиғмажилдлар номенклатураси - фуқаролар йиғинида юритиладиган, сақлаш муддати кўрсатилган, белгиланган тартибда расмийлаштириладиган йиғмажилдлар сарлавҳаларининг тизимлаштирилган рўйхатидан иборат бўлади.

Йиғмажилдлар номенклатураси йиғмажилдларни тўғри шакллантириш, уларни ҳисобга олиш ва излаб топишни таъминлаш, ҳужжатларнинг сақланиш муддатини кўрсатиш учун тузилади.


49. Фуқаролар йиғини йиғмажилдларнинг номенклатураси масъул котиб томонидан тайёрланади.

Йиғмажилдлар номенклатураси фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) томонидан тасдиқланади.

Йиғмажилдлар номенклатураси 2,5 йилда бир мартадан кам бўлмаган муддатда ёки фуқаролар йиғинининг вазифалари ва таркибий тузилиши ўзгарган вақтда қайта тузилади ва тасдиқланади.


50. Йиғмажилдлар номенклатурасига ушбу Низомнинг 11-бандида кўрсатилган йиғмажилдлар, шунингдек ахборот-маълумотнома ва назорат картотекалари, шахсий йиғмажилдлар киритилади.

Йиғмажилдлар номенклатурасига босма нашрлар, брошюралар, ахборот-маълумотномалар, маълумот варақалари, бюллетенлар, кўрсаткичлар, экспресс-маълумотлар киритилмайди.


51. Йиғмажилдлар номенклатураси бўлимлари фуқаролар йиғинининг таркибий тузилишига мувофиқ жойлаштирилади. Таркибий тузилмалар ичида йиғмажилдлар муҳимлик даражаси бўйича қуйидагича тартибда жойлаштирилади:

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар;

фуқаролар йиғинининг (фуқаролар вакилларининг йиғилишининг) ташкилий-фармойиш ҳужжатлари;

фуқаролар йиғини кенгашининг ташкилий-фармойиш ҳужжатлари;

йиғилиш баённомалари ва уларга тегишли материаллар;

режалар, сметалар, ҳисоботлар;

маърузалар, шарҳлар, хизмат хатлари;

ёзишмалар;

маълумотномалар, далолатномалар, маълумотлар;

лимитлар, буюртмалар;

фуқаролар йиғинининг асосий фаолият йўналишлари бўйича комиссиялар ҳар бирининг ишлари алоҳида тарзда;

фуқаролар йиғини ҳузуридаги тафтиш комиссиясининг ишлари;

рўйхатлар;

ахборот-маълумот картотекаси.


52. Йиғмажилдлар номенклатурасидаги йиғмажилдлар сарлавҳалари уларда мавжуд бўлган ҳужжатларнинг таркиби ва мазмунини акс эттириши керак. Номенклатурадаги йиғмажилдлар сарлавҳалари уларда доимий ва вақтинча сақланадиган ҳужжатларни алоҳида гуруҳлашни ҳисобга олган ҳолда шакллантирилади.

Ҳар бир сарлавҳада ҳужжатнинг турини (турларини), мазмунини, ёзишмаларда эса - корреспондентни кўрсатиш керак.

Маъмурий ҳужжатлар ёки йиғилиш баённомаларини ўз ичига олган йиғмажилдлар сарлавҳасида уларнинг асли ёки нусхаси эканлиги кўрсатилиши керак.

Агар йиғмажилд таркиби бир неча турдаги ҳужжатлардан иборат бўлса, бир масалага оид, лекин иш юритиш кетма-кетлиги бўйича ўзаро боғлиқ бўлмаса, сарлавҳаларда "ҳужжатлар" атамаси қўлланилади. Умумлаштирувчи ҳужжатга (масалан, йиғилиш баённомаси) илова ҳужжатлар ҳам "ҳужжатлар" тушунчаси билан белгиланади.


53. Йиғмажилд индекси икки элементдан иборат бўлади: фуқаролар йиғини ва унинг органлари рақами ва ушбу тузилма қисми доирасидаги тартиб рақами (01-1, 01-2, 02-1 ва бошқалар).

Масалан:

фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) - 01-1, 01-2 ва бошқалар;

фуқаролар йиғини кенгаши - 02-1, 02-2 ва ҳ.к.;

фуқаролар йиғинининг вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссияси - 03-1, 03-2 ва ҳ.к.;

фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш бўйича комиссияси - 04-1, 04-2 ва бошқалар.

Йил давомида янги тузилган йиғмажилдлар номлари йиғмажилдга қўшимча тарзда киритилади. Шу мақсадда йиғмажилдлар номенклатурасининг ҳар бир бўлимида захира рақамлар қолдирилади.


54. Йил якунида йиғмажилдлар номенклатураси охирида юритилган йиғмажилдлар сони тўғрисида ёзув киритилади.


55. Йиғмажилдларни шакллантириш - бу йиғмажилдлар номенклатурасига мувофиқ ижро қилинган ҳужжатларни йиғмажилдларга гуруҳлашдир.

Йиғмажилдларни шакллантириш масъул котиб томонидан назорат қилинади.

Йиғмажилдларни шакллантиришда қуйидаги умумий қоидаларга риоя қилиниши керак:

йиғмажилдга фақат ижро қилинган, тўғри расмийлаштирилган ҳужжатларни жойлаш;

муайян масалага оид барча ҳужжатларни биргаликда жойлаш;

иловаларни асосий ҳужжатлар билан бирга жойлаш;

йиғмажилдда бир календарь йилга оид ҳужжатларни жамлаш (кейинги йилга ўтувчи йиғмажилдлардан ташқари);

доимий ва вақтинча сақланадиган ҳужжатларни алоҳида гуруҳлаб йиғмажилдга жойлаш.

Йиғмажилдда қайтарилиши лозим бўлган ҳужжатлар, ортиқча нусхалар, ҳужжатнинг қоралама варианти бўлмаслиги керак.

Йиғмажилдда варақлар сони 250 тадан ошмаслиги зарур. Варақлар сони кўп бўлганда иккинчи ва ундан кейинги жилдлар юритилади.


56. Кадрлар масалаларига оид ҳужжатлар алоҳида шакллантирилади.

Маъмурий ҳужжатлар ва йиғилиш баённомалари хронологик тарзда, тегишли рақамлар бўйича жойлаштирилади.


57. Ёзишмалар календарь йил даври учун йиғмажилдга аниқ масалалар бўйича гуруҳланади ва хронологик кетма-кетликда тизимлаштирилади.

Жавоб ҳужжати сўров ҳужжатидан кейин қўйилади.


58. Режалар, ҳисоботлар, сметалар уларнинг лойиҳаларидан алоҳида гуруҳлантирилади.


59. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) ўринбосарлари (фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар ишлари ҳамда ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчилари), масъул котиб, "Маҳалла посбони" жамоатчилик тузилмасининг аъзолари шахсий варақалари йил давомида мустақил йиғмажилдларга гуруҳланади.

Жамоатчилик асосида фаолият кўрсатадиган фуқаролар йиғини фаоллари - фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) маслаҳатчилари, фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларнинг ва тафтиш комиссияси аъзоларининг шахсий варақалари ҳам алоҳида йиғмажилдларга гуруҳланиши мумкин.


60. Фуқаролар йиғинида ҳужжатларнинг сақланиши масъул котиб томонидан таъминланади.


61. Идоравий архивга ёки тегишли архивга берилаётган, доимий ва вақтинча (10 йилдан ортиқ) сақланадиган ҳужжатлар, улар бўйича иш юритиш тугатилгандан 2 йил ўтгандан сўнг тартибга келтирилиши керак.

Ҳужжатларни тартибга келтириш қонун ҳужжатларида белгиланган талаблар асосида амалга оширилади.

Йиғмажилдлар тикилади, мавжуд талабларга мувофиқ расмийлаштирилади ва уларга рўйхатлар тузилади (доимий ва фуқаролар йиғини фаолларига доир ҳужжатларга алоҳида).

Сақлаш муддатлари тугаган ҳужжатлар бўйича масъул котиб фуқаролар йиғини кенгаши аъзолари иштирокида ҳужжатларни йўқ қилишга ажратиш далолатномасини тузади.

Рўйхатлар ва далолатномалар тегишли архивнинг эксперт-текшириш комиссиясига кўриб чиқиш учун тақдим этилади. Рўйхатлар ва далолатномалар тегишли архивнинг эксперт-текшириш комиссияси томонидан маъқуллангандан сўнг фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) томонидан тасдиқланади.

Тасдиқланган далолатномаларга мувофиқ ҳужжатларни йўқ қилиш фуқаролар йиғини кенгаши томонидан амалга оширилади.


62. Ходим ишдан бўшаганда ёки бошқа ишга ўтганда ижроси тугалланмаган ва унинг ҳисобида бўлган йиғмажилдлар ушбу лавозимга янги тайинланган ходимга ёки унинг мажбуриятлари зиммасига юкланган ходимга ҳисобга олиш карточкаси ёки рўйхатга олиш дафтарига имзо қўйдирган ҳолда топширилади. Ишдан бўшаган ёки бошқа ишга ўтган ходим олган ҳужжатларини (регламент, йўриқнома, низом ва б.), услубий адабиётларни масъул котибга топширади.



IV. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


63. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Фуқаролар йиғинларида рўйхатга олинмайдиган

келиб тушган ҳужжатларнинг

РЎЙХАТИ


1. Маълумот учун юборилган хат нусхалари.


2. Хизмат сафари ва меҳнат таътилига рухсат бериш сўралган хатлар.


3. Йиғилишлар, мажлислар тўғрисидаги хабарлар, кун тартиби.


4. Ўқув режалари, дастурлари (нусхалари).


5. Реклама хабарлари, плакатлар, йиғилиш, конференциялар дастурлари.


6. Табрик хатлари ва таклиф чипталари.


7. Бухгалтерия ҳужжатлари.


8. Нашрлар (китоблар, журналлар, бюллетенлар).


9. Ойлик ва чораклик ҳисоботлар.


10. Статистик ҳисоботлар шакллари.


Изоҳ: ушбу рўйхатнинг 5, 7, 8, 9 ва 10-бандларида кўрсатилган ҳужжатлар алоҳида ҳисобга олинади.






Низомга

2-ИЛОВА



Фуқаролар йиғинларига келиб тушган

ҳужжатларни рўйхатга олиш

ДАФТАРИ

Т/р

Сана


Индекс


Ҳужжат юборган

ташкилотнинг

номи


Ҳужжатнинг

индекси ва санаси

(ҳужжатни юборган

ташкилот

томонидан

қўйилган)


Раиснинг

резолю-

цияси ва

санаси


Масъул ижрочи

(Ф.И.О.,

ҳужжатни

олган санаси)


Ҳужжатнинг

ижроси тўғрисида

маълумот (қаерга

ва қачон жавоб

юборилганлиги,

санаси ва индекси)








       





Низомга

3-ИЛОВА


"ТАСДИҚЛАЙМАН"

________________________________

фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)

________________________________

(Ф.И.О.)

          

"____" _______ 201__ йил

     

ЙИҒМАЖИЛДЛАР НОМЕНКЛАТУРАСИ

_______ N ________

___________________________________________

(тузилган жойи)

       

__________ йил учун

Йиғмажилд

индекси


Йиғмажилд

сарлавҳаси

(жилд, қисм)


Йиғмажилдлар сони

(жилдлар, қисмлар)


Йиғмажилдни сақлаш

муддати ва рўйхат бўйича

модданинг тартиб рақами


Изоҳ


1

2


3

4

5







Масъул котиб





(имзо)


(Ф.И.О.)


"КЕЛИШИЛГАН"*

______ (вилоят, шаҳар) архив иши бошқармаси

Эксперт-текшириш комиссиясининг

____ йил ________ даги ___-сон баёни

     

     

*) Агар фуқаролар йиғини давлат архивининг жамлаш манбаига киритилган бўлса, у ҳолда йиғмажилдлар номенклатураси тегишли давлат архиви ёки архив иши бошқармаси Эксперт-текшириш комиссияси билан келишилади.






Низомга

4-ИЛОВА



Назорат карточкаси

олд тарафи


А 5 (210х148)шаклда

      

1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20


21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31


     

Корреспондент _________________________________________________

Ҳужжатнинг келиб тушган санаси ва индекси ______________________


Ҳужжатнинг санаси ва индекси ___________________________________


Қисқача мазмуни _______________________________________________


______________________________________________________________

Резолюция ва ижрочи тўғрисидаги маълумотлар ___________________


______________________________________________________________


Ҳужжатнинг ижроси тўғрисида маълумот _________________________

(орқа тарафи)


Ҳужжатни олганлиги тўғрисида

ижрочининг имзоси ___________

        

Сана _______________

      


Назорат белгилари _____________________________________________

      


Фонд N ______

Рўйхат N _______

Йиғмажилд N ________

       



      





Низомга

5-ИЛОВА



Фуқаролар йиғини ҳужжати бланкининг шакли


Ўзбекистон Республикаси

Тошкент шаҳар

Шайхонтоҳур тумани

"Гулобод" маҳалла

фуқаролар йиғини



  

O`zbekiston Respublikasi

Toshkent shahar

Shayxontohur tumani

"Gulobod" mahalla

fuqarolar yigini

      

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Гулобод мавзеси, 26-уй, 12-хонадон

Тел/факс 8 (371) 243-13-35 Web: www.mumfy.uz , e-mail: mumfy@inbox.uz

СТИР 000186141, МФО 00423, Ҳ/Р 23404000900101017181

    

     

____________________ N ________________________

__________________даги N ____________________га

        





Низомга

6-ИЛОВА



Фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши)

баённомаси шакли


"______________"фуқаролар йиғинининг

_____ -сон баённомаси


20 __ йил "___" __________                 __________ шаҳар (туман)

Раислик қилувчи:

Ф.И.О.

Қатнашганлар:

Жами ___ киши.


Ҳовлилар, уйлар, кўчалар, маҳаллалардан фуқароларнинг вакиллари ____ киши.

Таклиф этилганлар:

Кенгаш аъзолари: ___ киши.

Ташкилотлар вакиллари (Ф.И.Ш., иш жойи, лавозими).

КУН ТАРТИБИ:


1.

2.

3.



ЭШИТИЛДИ:


Маърузачи: Ф.И.О.


Сўзга чиқдилар: Ф.И.О.



ҚАРОР ҚИЛИНДИ:


Мажлис раиси           имзо       Ф.И.О.


Мажлис котиби         имзо       Ф.И.О.



М.Ў.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 14 октябрь, 41-сон, 549-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 10-сон, 71-модда