язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш/ Экологик экспертиза. Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш/ Ўзбекистон Республикасининг 25.05.2000 й. 73-II-сон "Экологик экспертиза тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

25.05.2000 й.

N 73-II



ЭКОЛОГИК ЭКСПЕРТИЗА ТЎҒРИСИДА


1-модда. Экологик экспертиза тушунчаси


Экологик экспертиза деганда режалаштирилаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик ва бошқа хил фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини белгилаш ҳамда экологик экспертиза объектини рўёбга чиқариш мумкинлигини аниқлаш тушунилади.



2-модда. Экологик экспертиза тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Экологик экспертиза тўғрисидаги қонун, ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг экологик экспертиза тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Экологик экспертиза мақсадлари


Экологик экспертиза қуйидаги мақсадларда ўтказилади:

мўлжалланаётган хўжалик ва бошқа хил фаолиятни амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилинишидан олдинги босқичларида бундай фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини аниқлаш;

режалаштирилаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик ва бошқа хил фаолият атроф табиий муҳит ҳолатига ва фуқаролар соғлиғига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлса ёки шундай таъсир кўрсатаётган бўлса, бундай фаолиятнинг экологик хавфлилик даражасини аниқлаш;

атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича назарда тутилаётган тадбирларнинг етарлилиги ва асослилигини аниқлаш.


4-модда. Экологик экспертиза турлари


Экологик экспертиза давлат ва жамоат экологик экспертизаси, шунингдек экологик аудит тарзида амалга оширилади.


5-модда. Экологик экспертизанинг асосий принциплари


Экологик экспертизанинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

холислик;

асослилик;

экологик хавфсизлик талабларини ҳисобга олишнинг мажбурийлиги;

ҳар қандай режалаштирилаётган хўжалик ва бошқа хил фаолиятнинг эҳтимол тутилган экологик хавфлилик презумпцияси;

хўжалик ва бошқа хил фаолиятнинг атроф табиий муҳитга ва фуқаролар соғлиғига таъсирини баҳолашнинг комплекслилиги.



6-модда. Экологик экспертизанинг ошкоралиги


Экологик экспертиза буюртмачилари уни ўтказиш тўғрисида оммавий ахборот воситаларида эълон беришлари мумкин. Бундай ҳолда экологик экспертиза тугалланган кундан бошлаб бир ой ичида унинг натижалари тўғрисидаги маълумотлар эълон қилинади.

Давлат экологик экспертизаси ўтказилиши тўғрисидаги эълон ва унинг натижалари тўғрисидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида берилиши шарт бўлган объектларнинг рўйхати қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.



7-модда. Экологик экспертиза экспертининг мустақиллиги


Экологик экспертиза буюртмачиси ёки бошқа манфаатдор шахсларнинг экологик экспертиза экспертининг фаолиятига аралашувига йўл қўйилмайди.



8-модда. Экологик экспертиза буюртмачисининг ҳуқуқлари


Экологик экспертиза буюртмачиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

экологик экспертиза ўтказиш масалалари бўйича маслаҳатлар ва зарур услубий ёрдам олиш;

экологик экспертиза экспертларига экологик экспертиза объектлари хусусида таклифлар, мулоҳазалар, тушунтиришлар ва экологик аудит натижаларини тақдим этиш;

қўшимча экологик экспертиза ўтказиш тўғрисида илтимос қилиш;

экологик экспертиза ўтказилишининг бориши ҳақида ахборот олиш. Экологик экспертиза буюртмачиси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга хам эга бўлиши мумкин.



9-модда. Экологик экспертиза буюртмачисининг мажбуриятлари


Экологик экспертиза буюртмачиси:

экологик экспертиза учун материалларни қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ тақдим этиши;

давлат экологик экспертизаси ўтказилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳақ тўлаши;

давлат экологик экспертизаси хулосасида кўрсатилган талабларни бажариши шарт.

Экологик экспертиза буюртмачиси зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар хам бўлиши мумкин.



10-модда. Экологик экспертизани молиялаш


Давлат экологик экспертизасини ва экологик аудитни молиялаш буюртмачининг маблағлари ҳисобидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Жамоат экологик экспертизасини молиялаш нодавлат нотижорат ташкилотларининг ёки фуқароларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


11-модда. Давлат экологик экспертизаси объектлари


Давлат экологик экспертизаси объектлари қуйидагилардан иборат:

давлат дастурларининг, концепцияларининг, ишлаб чиқариш кучларини, иқтисодий ва ижтимоий соҳа тармоқларини жойлаштириш ҳамда ривожлантириш схемаларининг лойиҳалари;

барча турдаги қурилишлар учун ер участкаларини ажратиш материаллари;

лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатлари;

табиий ресурслардан фойдаланиш билан боғлиқ, хўжалик ва бошқа хил фаолиятни тартибга солувчи норматив-техник ва йўриқнома-услубий ҳужжатларнинг лойиҳалари;

техника, технология, материаллар, моддалар, маҳсулотларнинг янги турларини яратишга доир ҳужжатлар;

атроф табиий муҳит ҳолатига ва фуқаролар соғлиғига салбий таъсир кўрсатувчи ишлаб турган корхоналар ва бошқа объектлар;

кейинчалик уларга муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, фавқулодда экологик вазият ва экологик офат зоналари мақомини бериш мақсадида ўтказилган ҳудудларни комплекс текшириш материаллари;

шаҳарсозлик ҳужжатларининг барча турлари;

махсус ҳуқуқий режимли объектлар.


12-модда. Давлат экологик экспертизаси соҳасидаги

махсус ваколатли давлат органи


Давлат экологик экспертизаси соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:

давлат экологик экспертизасини ташкил этади ва ўтказади;

давлат ҳамда жамоат экологик экспертизаси, шунингдек экологик аудит бўйича норматив-техник ва йўриқнома услубий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

давлат экологик экспертизасини ўтказишга экспертлар ва мутахассисларни жалб этади;

давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасини ололмаган объектларга нисбатан молиялаш, кредитлаш ва бошқа молия операцияларини тўхтатиб туриш (тугатиш) тўғрисидаги тақдимномаларни банк ва бошқа кредит ташкилотларига юборади;

давлат экологик экспертизаси хулосаларининг ижро этилиши устидан назоратни амалга оширади;

экологик экспертиза ўтказиш масалалари юзасидан бошқа давлатларнинг табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари ҳамда халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга оширади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.



13-модда. Давлат экологик экспертизасини

ўтказишнинг мажбурийлиги


Ушбу Қонуннинг 11-моддасида кўрсатиб ўтилган объектларни давлат экологик экспертизасидан ўтказиш мажбурийдир.

Давлат экологик экспертизаси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларининг ихтисослашган эксперт бўлинмалари томонидан ўтказилади.


14-модда. Давлат экологик экспертизасини ўтказишда

қўйиладиган талаблар


Давлат экологик экспертизасини ўтказишда:

тақдим этилган материалларнинг табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлиги текширилади;

режалаштирилаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик ва бошқа хил фаолиятнинг экологик ва ижтимоий оқибатларни тўғрисидаги маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлиги таҳлил қилинади;

биологик, кимёвий моддалар ва технологияларнинг атроф табиий муҳитга таъсирини баҳолашнинг асослилиги текширилади;

режалаштирилаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик ва бошқа хил фаолиятни амалга ошириш оқибатларининг экологик хавфлилиги даражасини баҳолашнинг тўғрилиги текширилади;

экологик хавфсизлик талабларини таъминлашга доир чора-тадбирларнинг етарлилиги ва асослилиги аниқланади;

экологик нормативлар лойиҳаларининг асослилиги текширилади.



15-модда. Давлат экологик экспертизасини ўтказиш учун

тақдим этиладиган материаллар


Давлат экологик экспертизасини ўтказиш учун буюртмачи-томонидан қуйидагилар тақдим этилади:

лойиҳалаштирилаётган объектлар бўйича - атроф-муҳитга таъсир кўрсатилиши тўғрисидаги баёнот лойиҳасини, экологик оқибатлар тўғрисидаги баёнотни, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса атроф-муҳитга таъсир кўрсатилиши тўғрисидаги баёнотни уз ичига олган атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш материаллари;

ишлаб турган объектлар бўйича - экологик нормативларнинг лойиҳалари, объектнинг атроф табиий муҳитга ва фуқаролар соғлиғига таъсир кўрсатиш ҳоллари аниқланган тақдирда атроф-муҳитга таъсир кўрсатилиши тўғрисида тайёрланган баёнот. Буюртмачи қўшимча тарзда экологик аудит материалларини тақдим этишга ҳақли;

ушбу Қонун 11-моддасининг иккинчи, учинчи, бешинчи ва саккизинчи хатбошиларида кўрсатилган объектлар бўйича - тайёрланган барча ҳужжатлар.

Атроф-муҳитга таъсир кўрсатилиши тўғрисидаги баёнот лойиҳаси давлат экологик экспертизаси объектини молиялаш бошлангунга қадар тақдим этилади.

Атроф-муҳитга таъсир кўрсатилиши тўғрисидаги баёнот давлат экологик экспертизаси объектнинг техник-иқтисодий асослари тасдиқлангунга қадар тақдим этилади.

Экологик оқибатлар тўғрисидаги баёнот объект қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланишга қабул қилиб олингунга қадар тақдим этилади.


16-модда. Давлат экологик экспертизаси экспертининг ҳуқуқлари


Давлат экологик экспертизаси эксперти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат экологик экспертизасини ўтказиш учун зарур бўлган маълумотлар ва материалларни олиш;

давлат экологик экспертизаси учун тақдим этилган, қонун ҳужжатлари талабларига жавоб бермайдиган материалларни рад этиш;

давлат экологик экспертизаси объекти бўйича алоҳида фикр билдириш, бу фикр давлат экологик экспертизаси хулосасига илова қилинади.

Давлат экологик экспертизаси эксперти қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга хам эга бўлиши мумкин.



17-модда. Давлат экологик экспертизаси

экспертининг мажбуриятлари


Давлат экологик экспертизаси эксперти:

давлат экологик экспертизасини амалга ошириш тартиби ва шартларига риоя этиши;

давлат экологик экспертизаси ўз вақтида, комплекс, холис, сифатли ўтказилишини ҳамда белгиланган тартибда хулоса борилишини таъминлаши;

давлат экологик экспертизасининг муайян объектига нисбатан шахсий манфаатдорлиги бўлган тақдирда ўзини ўзи рад этиши;

давлат экологик экспертизаси учун тақдим этилган материалларнинг бут сақланишини ҳамда давлат, ҳарбий, хизмат ва тижорат сири бўлган маълумотларнинг ошкор қилинмаслигини таъминлаши шарт.

Давлат экологик экспертизаси экспертининг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар хам бўлиши мумкин.



18-модда. Давлат экологик экспертизаси

экспертининг жавобгарлиги


Ўз вазифасини буюртмачининг ҳуқуқларига ёки қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларига моддий зарар ёки маънавий зиён етказган тарзда бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун, шунингдек экологик экспертиза тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бошқача тарзда бузганлик учун давлат экологик экспертизасининг эксперти қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.


19-модда. Давлат экологик экспертизасини

ўтказиш муддатлари


Давлат экологик экспертизасини ўтказиш муддати ўттиз кундан ошмаслиги лозим. Уни ўтказиш муддати давлат экологик экспертизаси объектининг мураккаблигига қараб Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раиси томонидан кўпи билан икки ойга узайтирилиши мумкин.


20-модда. Давлат экологик экспертизасининг хулосаси


Давлат экологик экспертизаси натижалари бўйича хулоса тузилиб, у давлат экологик экспертизаси объектини рўёбга чиқариш мумкинлиги ёки мумкин эмаслиги тўғрисидаги якунларни ўз ичига олган бўлади.


21-модда. Давлат экологик экспертизаси хулосасини

ижро этишнинг мажбурийлиги


Давлат экологик экспертизасининг хулосаси давлат экологик экспертизаси объектини молиялаш ва рўёбга чиқаришда юридик ва жисмоний шахслар томонидан ижро этилиши мажбурийдир. Давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси бўлмай туриб, лойиҳаларнинг банк ва бошқа кредит ташкилотлари томонидан молияланиши, шунингдек уларнинг рўёбга чиқарилиши тақиқланади.

Давлат экологик экспертизасининг давлат экологик экспертизаси объектини рўёбга чиқариш мумкин эмаслиги тўғрисидаги хулосаси бўлган тақдирда, буюртмачи хулосадаги мавжуд таклифларга мувофиқ лойиҳа маромига етказилишини таъминлаши ҳамда материалларни давлат экологик экспертизаси учун қайта тақдим этиши ёхуд режалаштирилаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик ва бошқа хил фаолиятдан воз кечиши шарт.


22-модда. Давлат экологик экспертизаси хулосасининг

амал қилиш муддати


Давлат экологик экспертизаси объектининг экологик талабларга мувофиқлиги хусусида давлат экологик экспертизасининг берган хулосаси берилган кундан эътиборан уч йил мобайнида юридик кучга эга бўлади.


23-модда. Жамоат экологик экспертизаси


Жамоат экологик экспертизаси экологик асосланиши тақозо этиладиган ҳар қандай фаолият соҳасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқароларнинг ташаббуси билан амалга оширилиши мумкин. Жамоат экологик экспертизасини амалга оширишга тўсқинлик қилиш тақиқланади.

Жамоат экологик экспертизаси давлат экологик экспертизаси ўтказилишидан қатъи назар амалга оширилиши мумкин.

Жамоат экологик экспертизасининг хулосаси тавсия хусусиятига эга бўлади.



24-модда. Экологик аудит


Экологик аудит - экологик аудиторлар (фирмалар) томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва шартларда ўтказиладиган, атроф табиий муҳит ҳолатига салбий таъсир кўрсатаётган, ишлаб турган корхоналар ва бошқа объектларни мустақил экологик экспертиза қилишдир.

Экологик аудит хўжалик ва бошқа хил фаолият объекти мулкдорининг қарорига биноан ўтказилади.


25-модда. Низоларни ҳал қилиш


Экологик экспертизани ташкил этиш ва ўтказишда юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал қилинади.


26-модда. Экологик экспертиза тўғрисидаги қонун

ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Экологик экспертиза тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                        И. Каримов