язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Маҳсулот сифати. Стандартлаштириш. Сертификатлаштириш. Метрология/ Сертификатлаштириш/ Ўзбекистон Республикасининг 28.12.1993 й. 1006-XII-сон "Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

28.12.1993 й.

N 1006-XII



МАҲСУЛОТЛАР ВА ХИЗМАТЛАРНИ

СЕРТИФИКАТЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасида маҳсулотлар, хизматлар ва бошқа объектларни шу жумладан ишлаб чиқариш жараёнларини, менежмент тизимларини, мувофиқликни баҳолаш соҳасида ходимлар сифатида иштирок этишга талабгор мутахассисларни (матнда бундан кейин "маҳсулотлар" деб юритилади) сертификатлаштиришнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини, шунингдек сертификатлаштириш иштирокчиларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилаб беради.


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Асосий тушунчалар


Мазкур Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар ишлатилмоқда:


"сертификатлаштириш миллий тизими" - давлат миқёсида амал қиладиган, сертификатлаштириш ўтказишда ўз тартиб ва бошқарув қоидаларига эга бўлган тизим;


"маҳсулотларни сертификатлаштириш" (матнда бундан кейин "сертификатлаштириш" деб юритилади) - маҳсулотларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлашга оид фаолият;


"мувофиқлик сертификати" - сертификатланган маҳсулотнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш учун сертификатлаштириш тизими қоидаларига биноан берилган ҳужжат;


"мувофиқлик белгиси" - муайян маҳсулот ёхуд хизмат аниқ стандартга ёки бошқа норматив ҳужжатга мос эканлигини кўрсатиш учун маҳсулотга ёхуд кўрсатилган хизматга доир ҳужжатга қўйиладиган, белгиланган тартибда рўйхатга олинган белги;


"маҳсулотларни (ишларни, хизматларни) сертификатлаштириш тизими" - айни бир хил стандартлар ва қоидалар қўлланиладиган муайян маҳсулотлар, ишлар ёки хизматларга тааллуқли сертификатлаштириш тизими;

"сифат бўйича эксперт-аудитор" - қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аттестациядан ўтказилган, мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги ишларни олиб бориш учун тегишли малакага эга бўлган мутахассис;

"сертификатлаштириш бўйича инспекция органи" - қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аккредитация қилинган, сертификатлаштирилган маҳсулотлар устидан сертификатлаштириш органларининг топшириғига кўра инспекция назоратини амалга оширувчи юридик шахс;


"сертификатлаштирилган маҳсулотлар устидан инспекция назорати" - сертификатлаштирилган маҳсулотларнинг сертификатлаштирилаётганда белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш мақсадида амалга ошириладиган сертификатлаштирилган маҳсулотларни даврий такрорий баҳолаш тартиб-таомили.


2-модда. Сертификатлаштиришнинг мақсад ва вазифалари


Сертификатлаштириш:

одамларнинг ҳаёти, соғлиғи, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки ҳамда атроф-муҳит учун хавфли бўлган маҳсулотлар реализация қилинишини назорат этиб бориш;

маҳсулотларнинг жаҳон бозорида рақобат қила олишини таъминлаш;

мамлакат корхоналари, қўшма корхоналар ва тадбиркорлар халқаро миқёсдаги иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорликда ва халқаро савдо-сотиқда иштирок этишлари учун шароит яратиш;

истеъмолчини тайёрловчининг (сотувчининг, ижрочининг) виждонсизлигидан ҳимоя қилиш;

маҳсулот тайёрловчиси (сотувчиси, ижрочиси) таъкидлаган сифат кўрсаткичларини тасдиқлаш мақсадларида амалга оширилади.

Сертификатлаштириш мажбурий ва ихтиёрий тусда бўлади.


3-модда. Сертификатлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Сертификатлаштириш соҳасидаги муносабатлар мазкур Қонун ва унга мувофиқ чиқариладиган Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан, Қорақалпоғистон Республикасида эса - Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.


4-модда. Халқаро шартномалар ва битимлар


Башарти, халқаро шартнома ёки битимда сертификатлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан ўзгача қоидалар белгиланган бўлса, у ҳолда халқаро шартнома ёки битимнинг қоидалари қўлланилади.


5-модда. Ўзбекистон Республикасининг

сертификатлаштириш органлари


Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги (бундан буён матнда "Ўзстандарт" агентлиги деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг миллий сертификатлаштириш органидир.

"Ўзстандарт" агентлиги мазкур Қонунга мувофиқ:

сертификатлаштириш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади, сертификатлаштириш ўтказиш юзасидан умумий қоидаларни белгилайди, улар тўғрисида расмий ахборотлар эълон қилиб боради;

сертификатлаштириш тизимини такомиллаштириш дастурларининг лойиҳаларини ишлаб чиқади ҳамда уларни Ҳукумат муҳокамасига тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда сертификатлаштиришнинг халқаро тизимларига қўшилиш тўғрисида қарорлар қабул қилади, шунингдек сертификатлаштириш натижаларини ўзаро эътироф этиш тўғрисида битимлар тузади, сертификатлаштириш масалалари бўйича бошқа давлатлар билан ўзаро муносабатларда ва халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўради;

мажбурий равишда сертификатланадиган маҳсулотларнинг рўйхатини белгилайди ва уни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиғига киритади;

сертификатлаштирилган маҳсулотларнинг, аттестациядан ўтказилган сифат бўйича эксперт-аудиторларнинг давлат реестрларини юритади;

мажбурий сертификатлаштириш талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

сертификатлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари бузилганлиги учун мувофиқлик сертификатларининг ва мувофиқлик белгиларининг амал қилишини тўхтатиб туради ҳамда уларни бекор қилади.

"Ўзстандарт" агентлигининг сертификатлаштириш соҳасидаги фаолиятини молиявий таъминлаш манбаи - Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағи, шунингдек "Ўзстандарт" агентлиги кўрсатаётган хизмат учун олинадиган ҳақдан иборат.

Маҳсулотларни сертификатлаштиришга аккредитация қилинган органлар:

маҳсулотларни сертификатлаштириш тизимларини тузадилар ва уларнинг амал қилишини таъминлайдилар;

сертификатлаштиришни ташкил этадилар ва ўтказадилар;

миллий мувофиқлик сертификатларини расмийлаштирадилар, берадилар ёки чет эл мувофиқлик сертификатларини эътироф этадилар;

сертификатланган маҳсулотлар устидан назоратни амалга оширадилар.

Тегишли сертификатлаштириш тизими белгилаган тартибда аккредитация қилинган синов лабораториялари (марказлари) муайян маҳсулотларнинг синовини ёки муайян синов турини амалга оширадилар ҳамда сертификатлаштириш мақсадлари учун баённомалар берадилар.

"Ўзстандарт" агентлиги ўз вазифаларининг бир қисмини маҳсулотларни сертификатлаштириш органларига ва синов лабораторияларига (марказларига) ўтказишга ҳақлидир.


6-модда. Сертификатлаштириш объектлари ва субъектлари


Маҳсулотлар, шу жумладан дастурий ва бошқа илмий-техникавий маҳсулотлар сертификатлаштириш объектидир.

"Ўзстандарт" агентлиги, аккредитация қилинган сертификатлаштириш органлари, синов лабораториялари (марказлари), сертификатлаштириш бўйича инспекция органлари, сифат бўйича эксперт-аудиторлар, мувофиқликни баҳолаш фаолиятида иштирок этадиган ходимлар, шунингдек маҳсулотлари сертификатлаштирилиши лозим бўлган юридик ва жисмоний шахслар сертификатлаштириш субъектларидир.

Сертификатлаштириш субъектлари - юридик шахслар сертификатлаштириш миллий тизими доирасида сертификатлаштириш тизимлари тузишлари мумкин. Юридик шахсларнинг сертификатлаштириш тизимлари "Ўзстандарт" агентлиги белгилаган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт.


II БОБ. СЕРТИФИКАТЛАШТИРИШ

ФАОЛИЯТИГА ДОИР УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


7-модда. Мувофиқлик сертификати ва мувофиқлик белгиси


Маҳсулотнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги тасдиқлангани тақдирда сертификатлаштириш органи мувофиқлик сертификати беради, тайёрловчи ана шу сертификат асосида мувофиқлик белгисини ишлатиш ҳуқуқига эга бўлади.

Сертификатлаштириш тизимида фойдаланиладиган мувофиқлик сертификатларининг намуналари, миллий мувофиқлик белгисининг шакллари ва ҳажмлари "Ўзстандарт" агентлиги томонидан тасдиқланади.

Мувофиқлик сертификатлари, мувофиқлик белгилари, сертификатлаштириш органлари ва синов лабораторияларининг (марказларининг) аккредитация қилинганлик тўғрисидаги гувоҳномалари "Ўзстандарт" агентлиги томонидан белгиланган тартибда Давлат реестридан ўтказилиши шарт.

Давлат реестрида рўйхатдан ўтказилмаган мувофиқлик сертификатлари, мувофиқлик белгилари, сертификатлаштириш органлари ва синов лабораторияларининг (марказларининг) аккредитация қилинганлик тўғрисидаги гувоҳномалари ҳақиқий эмас.

Мувофиқлик сертификатидан, мувофиқлик белгисидан фойдаланиш ҳуқуқини аризачи бошқа юридик ёки жисмоний шахсга бериши ман этилади.


8-модда. Сертификатлаштириш фаолиятини амалга ошириш

Маҳсулотларни сертификатлаштиришга аккредитация қилинган органлар ва синов лабораториялари (марказлари) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилган аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома асосида сертификатлаштириш фаолиятини ҳамда сертификатлаштириш мақсадида синовлар ўтказиш фаолиятини амалга оширадилар.

Маҳсулотлар сертификатлаштирилаётганда аризачига сертификатни ёки мувофиқлик белгисини қўллаш ҳуқуқи мувофиқлик сертификатини берган аккредитация қилинган тегишли сертификатлаштириш органи билан тузилган битим асосида берилади.


9-модда. Сертификатлаштириш тўғрисида ахборот


"Ўзстандарт" агентлиги тайёрловчиларни (ижрочиларни), сотувчиларни, истеъмолчиларни ва бошқа манфаатдор шахсларни сертификатлаштиришнинг амалдаги тизимлари, уларнинг органлари, синов лабораториялари (марказлари), экспертлар тўғрисида, шунингдек мувофиқлик сертификатлари, мувофиқлик белгилари ва уларни қўллаш қоидалари тўғрисида хабардор этиб боради.

Сертификатлаштириш органлари аризачига унинг талабига биноан маҳсулотни сертификатлаштириш учун керакли ахборотни беришлари шарт.

Аризачи сертификатлаштириш органининг талабига биноан сертификатлаштириш билан боғлиқ ахборотни тақдим этиши шарт, тижорат сири ҳисобланган маълумотлар бундан мустасно.


III БОБ. МАҲСУЛОТЛАРНИ МАЖБУРИЙ

ВА ИХТИЁРИЙ СЕРТИФИКАТЛАШТИРИШ


10-модда. Мажбурий сертификатлаштиришни жорий этиш


Мажбурий сертификатлаштиришни ўтказиш ишларини ташкил этиш "Ўзстандарт" агентлиги зиммасига ёки унинг топшириғига биноан бошқа сертификатлаштириш органларига (уларни албатта аккредитация қилган ҳолда) юклатилади.

Сертификатлаштирилиши шарт бўлган маҳсулотларнинг рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайди.

Одамларнинг ҳаёти, соғлиғи, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига ҳамда атроф-муҳитга зарар етказиши мумкин бўлган маҳсулотларни тайёрлаш, улардан фойдаланиш, уларни ташиш ёки сақлаш хавфсизлигини таъминловчи талаблар бўлмаган тақдирда "Ўзстандарт" агентлиги давлат бошқарувининг тегишли органлари билан биргаликда бундай талабномаларнинг кечиктирмай ишлаб чиқилиши ва амалга киритилишини таъминлайди.


11-модда. Мажбурий сертификатлаштиришни ўтказиш шартлари


Мажбурий сертификатлаштириш ишлаб чиқаришни текширишни, маҳсулот хусусияти норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлаш учун уни синашни, сертификатлаштирилган маҳсулотлар устидан инспекция назоратини ўз ичига олади.

Синовлар аккредитация қилинган синов лабораториялари (марказлари) томонидан тегишли норматив ҳужжатларда белгиланган усулларда, бундай ҳужжатлар бўлмаган тақдирда эса тегишли сертификатлаштириш органлари ишлаб чиққан усулларда амалга оширилади.

Мажбурий сертификатлаштириш ишлари учун аризачи қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда ҳақ тўлайди.

Аризачи ўз маҳсулотини мажбурий сертификатлаштиришдан ўтказишга сарфлаган маблағлар суммаси шу маҳсулот таннархига қўшилади.

Мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган, аммо мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган маҳсулотни тарғиб қилиш ман этилади.


12-модда. Мажбурий сертификатлаштирилиши

лозим бўлган маҳсулотларга қўйиладиган талаблар


Мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган маҳсулотлар қуйидаги ҳолларда:

сертификатлаштиришга тақдим этилмаган бўлса;

сертификатлаштириш талабларига мувофиқ эмаслиги сабабли сертификатлаштиришдан ўтмаган бўлса;

агар сертификатнинг амал қилиш муддати тугаган ёки унинг амал қилиши тўхтатиб қўйилган (бекор қилинган) бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилиниши мумкин эмас.

Қонунга хилоф тарзда мувофиқлик белгиси босилган маҳсулотларни реализация қилиш ман этилади.


13-модда. Тайёрловчиларнинг (тадбиркорларнинг)

маҳсулотларни мажбурий сертификатлаштириш

вақтидаги мажбуриятлари


Мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган маҳсулотларни реализация қилувчи тайёрловчилар (тадбиркорлар):

мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган маҳсулотни сертификатлаштиришга тақдим этишлари;

сертификатланган маҳсулотни сертификатлаш органларининг ўзи ёки улар эътироф этган органлар берган сертификат мавжуд бўлган тақдирдагина реализация қилишлари ва унинг норматив ҳужжатлар талабларига мос бўлишини таъминлашлари;

сертификатланган маҳсулотни, башарти, у норматив ҳужжат талабларига мувофиқ келмаса, шунингдек сертификатнинг амал қилиш муддати тугаган ёхуд унинг амал қилиши сертификатлаштириш органининг қарори билан тўхтатиб қўйилган ёки бекор қилинган бўлса, реализация қилишни тўхтатиб қўйишлари ёки тугатишлари;

мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган маҳсулотни сертификатлаштирувчи ва сертификатланган маҳсулотни назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари ўз ваколатларини монеликсиз бажаришлари учун шароит яратишлари;

сертификатланган маҳсулот ишлаб чиқаришнинг техникавий ҳужжатларига ёки технологик жараёнига киритилган ўзгартишлар ҳақида сертификатлаштириш органини белгиланган тартибда хабардор этишлари;

илова қилинган техник ҳужжатда маҳсулот мувофиқ келиши лозим бўлган сертификатлаштириш тўғрисидаги маълумотларни ҳамда норматив ҳужжатларни кўрсатишлари ва бу маълумотлар истеъмолчи (харидор, буюртмачи) эътиборига етказилишини таъминлашлари шарт.


14-модда. Четдан олиб келинадиган ва четга олиб чиқиб

кетиладиган маҳсулотларни мажбурий сертификатлаштириш


Мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига етказиб бериш учун тузиладиган контрактлар (шартномалар) шартида маҳсулотларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи, "Ўзстандарт" агентлиги томонидан берилган ёки эътироф этилган мувофиқлик сертификатлари ва мувофиқлик белгилари бўлиши назарда тутилиши керак.

Миллий мувофиқлик сертификатлари ва мувофиқлик белгилари ёки бошқа давлатларнинг "Ўзстандарт" агентлиги томонидан эътироф этилган мувофиқлик сертификатлари ва мувофиқлик белгилари божхона юк декларацияси билан биргаликда аризачи (маҳсулот етказиб берувчи) томонидан божхона органларига тақдим этилади ҳамда ушбу ҳужжатлар маҳсулотни тегишли божхона режимига жойлаштириш учун асос бўлади.

Олиб кирилаётган маҳсулотнинг хавфсизлигини тасдиқловчи ҳужжат бўлмаган тақдирда, божхона органлари уни сертификатлаштиришдан ўтказиш тўғрисидаги масала ҳал этилгунига ёки чет эл сертификати миллий сертификатлаштириш тизими қоидаларига мувофиқ эътироф этилмагунига қадар бундай маҳсулотни тегишли божхона режимига жойлаштиришга йўл қўймайди, бундан вақтинча сақлаш ва божхона омбори божхона режимлари мустасно.

Сертификатлаштирилиши шарт бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.



15-модда. Мажбурий сертификатлаштириш

ишларининг давлат томонидан молиявий таъминоти


Қуйидаги ишлар:

сертификатлаштиришни ривожлантиришнинг истиқболларини, уни ўтказиш қоидалари ва тавсияларини ишлаб чиқиш;

сертификатлаштириш соҳасида расмий ахборотлар билан таъминлаш;

халқаро (минтақавий) сертификатлаштириш ташкилотлари ишида қатнашиш ҳамда чет эл миллий сертификатлаштириш органлари билан биргаликда ишлар ўтказиш;

сертификатлаштириш юзасидан халқаро (минтақавий) қоидалар ва тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда уларни ишлаб чиқишда қатнашиш;

сертификатлаштириш юзасидан умумдавлат аҳамиятига молик илмий-тадқиқот ишлари ва бошқа ишлар олиб бориш;

мажбурий сертификатлаштириш талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш ишлари давлат томонидан молиялаштирилиши керак.


16-модда. Мажбурий сертификатлаштириш талабларига

риоя этилиши устидан давлат назорати

Мажбурий сертификатлаштириш талабларига тайёрловчилар (тадбиркорлар, сотувчилар, ижрочилар) томонидан риоя этилиши устидан давлат назоратини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда "Ўзстандарт" агентлигининг давлат инспекторлари амалга оширади.



16-1-модда. Назорат йўсинидаги текширув

Сертификатлаштирилган маҳсулотлар устидан инспекция назорати мувофиқлик сертификатини берган сертификатлаштириш органлари ёки сертификатлаштириш бўйича инспекция органлари томонидан амалга оширилади.


17-модда. Ихтиёрий сертификатлаштириш


Ҳар қандай маҳсулот норматив ҳужжатларнинг талабларига мувофиқ эканлигини тасдиқлаш учун у юридик ва жисмоний шахснинг ташаббуси билан ихтиёрий сертификатлаштиришдан ўтказилиши мумкин.



18-модда. Ихтиёрий сертификатлаштиришни

амалга оширувчи субъектлар


Ихтиёрий сертификатлаштиришни "Ўзстандарт" агентлиги белгилаб қўйган тартибда аккредитация қилинган юридик ва жисмоний шахслар амалга оширишга ҳақлидир.


19-модда. Ихтиёрий сертификатлаштириш тизимлари


Сертификатлаштириш қоидалари ва тартибини белгиловчи ихтиёрий сертификатлаштириш тизимларини аккредитация қилинган органлар "Ўзстандарт" агентлиги билан келишган ҳолда белгилайдилар.


IV БОБ. НИЗОЛАРНИ ҚАРАБ ЧИҚИШ.

СЕРТИФИКАТЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН

ҲУЖЖАТЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


20-модда. Мазкур Қонунни қўллаш билан

боғлиқ низоларни қараб чиқиш


Мазкур Қонунни қўллаш билан боғлиқ низолар суд томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда қараб чиқилади.


21-модда. Шикоятларни қараб чиқиш


Сертификатлаштириш натижаларидан норози бўлган тақдирда манфаатдор томон "Ўзстандарт" агентлигининг Шикоятларни қараб чиқиш кенгашига мурожаат этишга ҳақлидир.

Шикоятларни қараб чиқиш кенгаши тўғрисидаги низомни "Ўзстандарт" агентлиги ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.

"Ўзстандарт" агентлигининг Шикоятларни қараб чиқиш кенгаши сертификатлаштириш органлари ва синов лабораторияларининг (марказларининг) қарорлари устидан берилган шикоят аризаларини қараб чиқади.

Шикоят аризалари икки ҳафта ичида қараб чиқилади.

"Ўзстандарт" агентлигининг, Шикоятларни қараб чиқиш кенгашининг қарорлари устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиш мумкин.


22-модда. Сертификатлаштириш органларининг ва синов

лабораторияларининг (марказларининг) жавобгарлиги


Сертификатлаштириш органи:

мувофиқлик сертификатини асоссиз ва қонунга хилоф тарзда берганлик учун;

аризачига нисбатан қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар қилганлик учун;

аризачининг тижорат сири ҳисобланган маълумотларни ошкор этганлик учун жавобгар бўлади.

Аккредитация қилинган синов лабораторияси (маркази) сертификатлаштириш органига синовларнинг натижалари ҳақида нотўғри маълумот берганлик учун жавобгар бўлади.

Сертификатлаштириш органлари ва синов лабораториялари (марказлари) мазкур моддада айтиб ўтилган хатти-ҳаракатлар натижасида аризачига етказилган зарарнинг ўрнини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўла ҳажмда қоплашлари шарт.


23-модда. Тайёрловчиларнинг (тадбиркорларнинг) мажбурий

сертификатлаштириш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлиги


Тайёрловчилар (тадбиркорлар) мажбурий сертификатлаштириш қоидаларини бузганлик учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган сертификатлаштирилмаган маҳсулотни реализация қилганлик учун тайёрловчининг (тадбиркорнинг) мансабдор шахслари, шунингдек якка тартибдаги тадбиркор - тайёрловчилар маъмурий жавобгарликка тортилади.

Маъмурий жазо чораси қўлланилганлиги тайёрловчиларни (тадбиркорларни) мажбурий сертификатлаштиришни ўтказишдан озод қилмайди.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   И. Каримов



Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ахборотномаси, 1994 йил, N 2, 50-модда