язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш/ Радиациявий хавфсизлик/ Ўзбекистон Республикасининг 31.08.2000 й. 120-II-сон "Радиациявий хавфсизлик тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

31.08.2000 й.

N 120-II



РАДИАЦИЯВИЙ ХАВФСИЗЛИК ТЎҒРИСИДА


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади радиациявий хавфсизликни, фуқаролар ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулки, шунингдек атроф-муҳитни ионлаштирувчи нурланишнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилишни таъминлаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ионлаштирувчи нурланиш - радиоактив парчаланишда, ядровий эврилишларда, моддадаги зарядланган зарралар ҳаракатининг секинлашувида ҳосил бўладиган ҳамда муҳит билан ўзаро таъсир этиш чоғида ҳар хил қутбли ионларни ҳосил қиладиган нурланиш;

ионлаштирувчи нурланиш манбаи - ўзидан ионлаштирувчи нурланиш чиқарувчи ёки чиқаришга қодир бўлган қурилма ва (ёки) радиоактив модда;

ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан фойдаланувчилар - ионлаштирувчи нурланиш манбаларини қазиб олувчи, ишлаб чиқарувчи, ҳосил қилувчи, қайта ишловчи, улардан фойдаланувчи, уларни сақловчи, уларга хизмат кўрсатувчи, уларни ташувчи, зарарсизлантирувчи, утилизация қилувчи ва кўмиб ташловчи юридик ва жисмоний шахслар;

кузатув зонаси - радиациявий мониторинг ўтказиладиган санитария-муҳофаза зонасидан ташқаридаги ҳудуд;

радиациявий авария - ускуна носозлиги, ходимлар (персонал)нинг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар туфайли келиб чиққан, фуқароларнинг белгиланган нормалардан кўпроқ нурланиш олишига ёки атроф-муҳитнинг радиоактив ифлосланишига олиб келиши мумкин бўлган ёхуд олиб келган ионлаштирувчи нурланиш манбаи устидан бошқарувнинг издан чиқиши;


радиациявий хавфсизлик - фуқаролар ва атроф-муҳитнинг ионлаштирувчи нурланишнинг зарарли таъсиридан муҳофазаланганлик ҳолати;


радиоактив чиқиндилар - кейинчалик фойдаланиш учун мўлжалланмаган, таркибидаги радионуклидларнинг активлик даражаси қонун ҳужжатларида белгиланган кўрсаткичлардан юқори бўлган ҳар қандай агрегат ҳолатидаги моддалар;

санитария-муҳофаза зонаси - ионлаштирувчи нурланиш манбаи атрофидаги ҳудуд бўлиб, у ерда фуқароларнинг нурланиш олиш даражаси мазкур манбадан нормал фойдаланиш шароитида аҳоли учун нурланиш дозасининг белгиланган асосий чегарасидан ошиши мумкин;

табиий радиациявий фон - космик нурланиш орқали ҳамда ерда, сувда, ҳавода, биосферанинг бошқа элементларида, озиқ-овқат маҳсулотларида ва инсон организмида табиий равишда тақсимланган табиий радионуклидларнинг нурланиши орқали ҳосил бўладиган нурланиш дозаси;


техноген равишда ўзгартирилган радиациявий фон - инсон фаолияти натижасида ўзгарган табиий радиациявий фон;


ходимлар (персонал) - бевосита ионлаштирувчи нурланиш манбалари билан доимий ёки вақтинча ишлайдиган ёхуд иш шароитларига кўра бундай манбалар таъсир зонасидаги жисмоний шахслар;


ядровий хавфсизлик - ядровий материалдан хавфсиз фойдаланишни таъминловчи чора-тадбирлар мажмуи.


3-модда. Радиациявий хавфсизлик

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Радиациявий хавфсизлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.



4-модда. Радиациявий хавфсизликни

таъминлашнинг асосий принциплари


Радиациявий хавфсизликни таъминлашнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:


нормалаштириш принципи - ионлаштирувчи нурланиш барча манбаларидан фуқароларнинг нурланиш олиши индивидуал дозасини йўл қўйиладиган, улар соғлиғига хавфсиз бўлган даражадан оширмаслик;


асослаш принципи - инсон ва жамият учун келтирадиган фойдаси агар (табиий радиациявий фонга қўшимча равишда) етказиши эҳтимол тутилаётган хавфдан ортиқ бўлмаса, ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан фойдаланишга оид фаолиятнинг барча турларини тақиқлаш;


минималлаштириш принципи - ионлаштирувчи нурланишнинг ҳар қандай манбаидан фойдаланилганда нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини фуқаролар соғлиғига хавфсиз бўлган чегарада ва нурланиш олаётган шахслар сонининг мумкин қадар оз даражада бўлишини сақлаб туриш.



5-модда. Фуқароларнинг радиациявий хавфсизликни

таъминлашдаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Фуқаролар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан нурланиш оқибатида уларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига етказилган зарар қонун ҳужжатларига мувофиқ қопланиши;

атроф-муҳитнинг, фойдаланишдаги ва истеъмолдаги предметларнинг радиациявий ҳолати, радиациявий хавфсизликни таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар, шунингдек ўзлари олган нурланиш дозаси тўғрисида тўлиқ ва холис ахборот олиш;

радиациявий хавфсизликни таъминлаш масалалари муҳокамасида иштирок этиш.

Фуқаролар қуйидагиларга мажбурдирлар:

радиациявий хавфсизлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишга;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, радиациявий хавфсизлик соҳасида тартибга солишни амалга ошираётган давлат органларининг талабларини бажаришга.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ фуқаролар бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ҳамда улар зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


6-модда. Айрим тоифадаги фуқароларнинг

ижтимоий ҳимояси


Нурланиш олиш дозаларининг белгиланган асосий чегараларидан ошиб кетиш эҳтимоли бўлган ҳудудларда яшовчи фуқаролар ижтимоий ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Ижтимоий ҳимоялаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


II. РАДИАЦИЯВИЙ ХАВФСИЗЛИКНИ

ТАЪМИНЛАШ СОҲАСИНИ

ТАРТИБГА СОЛИШ


7-модда. Радиациявий хавфсизликни таъминлаш

соҳасини давлат томонидан тартибга солиш


Радиациявий хавфсизликни таъминлаш соҳасини давлат томонидан тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда у ваколат берган давлат органлари томонидан амалга оширилади.

Радиациявий хавфсизликни таъминлаш соҳасини давлат томонидан тартибга солиш қуйидагилардан иборат бўлади:

радиациявий хавфсизликка доир талабларга риоя этилишини давлат томонидан назорат қилиш ва текшириш;

ионлаштирувчи нурланиш манбалари муомаласи соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш;

қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотларини, емларни, ичимлик ва техник сувларни, қурилиш материалларини ва улардан тайёрланган буюмларни радиациявий ифлосланиш жиҳатидан сертификатлаш;

барча турдаги қурилиш учун ер участкалари ажратилиши келишиб олинаётганда радиациявий ифлосланишни аниқлаш.



8-модда. Радиациявий хавфсизликни таъминлаш

соҳасидаги назорат ва мувофиқлаштириш

Радиациявий хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги давлат назорати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси радиациявий хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги давлат назорати органларининг фаолиятини мувофиқлаштиради, чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бундан мустасно.

Радиациявий хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ишлаб чиқариш назорати ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан фойдаланувчилар, шунингдек таркибида табиий радиоактив элементлар мавжуд бўлган хом ашё, қурилиш материаллари ва минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчилар томонидан амалга оширилади.

Радиациявий хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги жамоатчилик назорати Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари томонидан амалга оширилиши мумкин.

Радиациявий хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги назорат ва мувофиқлаштиришни амалга ошириш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.


9-модда. Ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан

фойдаланиш объектларининг давлат экспертизаси


Ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан фойдаланиш объектлари қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда давлат экологик, радиация-гигиена ва техникавий экспертизасидан ўтказилиши шарт.


10-модда. Ионлаштирувчи нурланиш манбалари

муомаласи соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш

Ионлаштирувчи нурланиш манбалари муомаласи соҳасидаги фаолият белгиланган тартибда берилган лицензия асосида амалга оширилади ва қуйидагиларни ўз ичига олади:

ионлаштирувчи нурланиш манбаларини ишлатиш соҳасидаги илмий-тадқиқот ҳамда тажриба-конструкторлик ишларини, ионлаштирувчи нурланиш манбаларини лойиҳалаштириш, барпо этишни, улар учун технологик асбоб-ускуналарни, радиациядан муҳофаза қилиш воситаларини яратиш ва тайёрлашни;

ионлаштирувчи нурланиш манбаларини қазиб олишни, ишлаб чиқаришни, ҳосил қилишни, қайта ишлашни, улардан фойдаланишни, уларни сақлаш, уларга хизмат кўрсатишни, уларни ташишни, зарарсизлантиришни, утилизация қилишни ва кўмиб ташлашни.


11-модда. Радиациявий хавфсизликни

таъминлаш соҳасида нормалаштириш


Радиациявий хавфсизликни таъминлаш соҳасида нормалаштириш қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда тасдиқланадиган ҳамда рўйхатга олинадиган радиациявий хавфсизлик санитария нормалари ва қоидаларини, гигиена нормативларини, давлат стандартларини, қурилиш нормалари ва қоидаларини, меҳнат муҳофазаси қоидаларини, радиациявий хавфсизлик бўйича йўриқномага оид, услубий ва бошқа ҳужжатларни жорий этиш йўли билан амалга оширилади.


III. РАДИАЦИЯВИЙ ХАВФСИЗЛИКНИ

ТАЪМИНЛАШГА ДОИР ТАЛАБЛАР


12-модда. Радиациявий хавфсизликнинг таъминланиши


Радиациявий хавфсизлик қуйидаги йўллар билан таъминланади:

радиациявий хавфсизликни таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан фойдаланилганда фуқаролар олган нурланишнинг индивидуал дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш ягона давлат тизимининг амал қилиши;

радиациявий таъсир туфайли фуқаролар соғлиғига зарар етказилиши хавфи юқори бўлганлиги учун тўланадиган товон турлари ва миқдорларини белгилаб қўйиш;

радиациявий авария натижасида фуқаролар соғлиғига ҳамда улар мол-мулкига етказилган зарарни қоплаш;

ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан фойдаланиш билан боғлиқ фаолият турларини белгилаш;

ионлаштирувчи нурланиш манбаларининг экспорт ва импорт қилинишини давлат томонидан тартибга солиш;

тиббий-профилактик тадбирлар ўтказиш;

радиациявий вазият ҳамда радиациявий хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида фуқароларни хабардор қилиш;

фуқароларга радиациявий хавфсизлик чора-тадбирларини ўргатиш;

радиациявий авариялар натижасида нурланишга дучор бўлган фуқароларга ёрдам кўрсатиш;

радиоактив ифлосланиш зоналарида фуқароларнинг яшашига доир алоҳида режимларни жорий этиш;

тегишли ҳудудда радиациявий авариялар оқибатларини бартараф этиш;

радиациявий авария юзага келиши хавфи бўлган тақдирда тезкор чора-тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш.

Радиациявий хавфсизлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа чора-тадбирлар орқали ҳам таъминланиши мумкин.



13-модда. Радиациявий хавфсизлик ҳолатини баҳолаш


Радиациявий хавфсизлик ҳолатини баҳолаш радиациявий хавфсизликни таъминлаш тадбирларини режалаштириш ва амалга ошириш, мазкур тадбирлар самарадорлигини таҳлил этиш чоғида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, радиациявий хавфсизлик соҳасида тартибга солишни амалга оширувчи давлат органлари, шунингдек ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан фойдаланувчилар томонидан олиб борилади.

Радиациявий хавфсизлик ҳолатини баҳолаш қуйидаги асосий кўрсаткичларни ўз ичига олади:

атроф-муҳит радиоактив ифлосланишининг тавсифи;

радиациявий хавфсизлик тадбирларининг таъминланиши ҳамда радиациявий хавфсизлик нормалари ва қоидалари ҳамда гигиена нормативларининг бажарилиши таҳлили;

радиациявий авариялар эҳтимоли ва уларнинг кўлами;

радиациявий аварияларни ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга тайёргарлик даражаси;

ходимлар (персонал) ва аҳоли ионлаштирувчи нурланиш барча манбаларидан олаётган, олган ва олиш эҳтимоли бўлган нурланиш дозаларининг таҳлили;

нурланиш дозаларининг белгилаб қўйилган асосий чегарасидан юқори бўлган нурланишга дучор бўлган шахслар сони.


14-модда. Радиация-гигиена паспорти

Радиация-гигиена паспорти - ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан фойдаланувчи юридик шахснинг радиациявий хавфсизлик ҳолатини тавсифловчи ҳужжат.

Радиация-гигиена паспортига ҳар йили радиациявий хавфсизлик ҳолатини баҳолаш натижалари киритиб борилади.

Радиация-гигиена паспортларини юритиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.



15-модда. Табиий радионуклидлар таъсир этиш

чоғида радиациявий хавфсизликни таъминлаш


Ер участкаларини танлаш, бинолар ҳамда иншоотларни лойиҳалаштириш ва қуриш хоналар ҳавосига табиий радионуклидлар тушишини бартараф этиш ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилиши керак.

Қурилиш материалларини ишлаб чиқариш, бинолар ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиб олиш, бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш хоналари ҳавосидаги табиий радионуклидларнинг мавжудлик даражасини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши керак.

Радиациявий хавфсизлик нормативларига жавоб бермайдиган қурилиш материаллари ва буюмларидан фойдаланиш тақиқланади.

Турар жой ва ишлаб чиқариш хоналарида аҳоли ва ходимлар (персонал)нинг табиий радионуклидлар оқибатида нурланиш олиши белгилаб қўйилган нормативлардан ошмаслиги керак.


16-модда. Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб

чиқаришда ҳамда ичимлик сувидан фойдаланишда

радиациявий хавфсизликнинг таъминланиши


Озиқ-овқат хом ашёси, озиқ-овқат маҳсулотлари, ичимлик суви ҳамда уларни тайёрлаш, сақлаш, ташиш ва реализация қилиш жараёнида уларга ёндош бўладиган материаллар ва буюмлар радиациявий хавфсизликни таъминлаш талабларига жавоб бериши керак.


17-модда. Ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан

фойдаланувчининг радиациявий хавфсизликни таъминлаш

борасидаги мажбуриятлари


Ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан фойдаланувчи қуйидагиларга мажбурдир:

радиациявий хавфсизлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишга;

радиациявий хавфсизликни таъминлаш тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишга;

ионлаштирувчи нурланиш манбалари бўлмиш маҳсулотлар, материаллар ва моддалар, технологик жараёнларнинг радиациявий хавфсизлигини асослаш ва баҳолаш ишларини олиб боришга;

иш жойларида, хоналарда, ишлаб чиқариш ҳудудларида, санитария-муҳофаза зоналарида ва кузатув зоналарида радиация вазияти устидан, шунингдек ионлаштирувчи нурланиш манбаларининг чиқарилиши, ташланиши устидан ва кўмиб ташланган жойларида ишлаб чиқариш назоратини амалга оширишга;

ходимлар (персонал) нурланиш олганлигининг индивидуал дозалари назоратини ва ҳисобини олиб боришга;

ишлаб чиқариш раҳбарларини, ходимлар (персонал)ни, ишлаб чиқариш назорати хизмати мутахассисларини тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва аттестациядан ўтказишга;

ходимлар (персонал)ни уларнинг иш жойларидаги ионлаштирувчи нурланиш даражалари хусусида ҳамда улар олган нурланишнинг индивидуал дозалари тўғрисида мунтазам хабардор қилиб боришга;

ходимлар (персонал) тиббий кўрикдан ўтказилишини ташкил этиб туришга;

ишлатилмаётган ионлаштирувчи нурланиш манбаларини кўмиб ташлашни таъминлашга;

радиациявий хавфсизликни таъминлаш соҳасида тартибга солишни амалга оширувчи давлат органларининг талабларини бажаришга.


18-модда. Нурланиш олишнинг индивидуал

дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш


Ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан фойдаланишда, тиббий рентгенорадиологик муолажалар ўтказилганда фуқаролар олган, шунингдек табиий радиациявий фон ва техноген равишда ўзгарган радиациявий фон сабабли юзага келган нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаб қўйган тартибда яратиладиган нурланиш олишнинг индивидуал дозаларини назорат қилиш ва ҳисобга олиш ягона давлат тизими доирасида амалга оширилади.



19-модда. Тиббий рентгенорадиологик

муолажалар ўтказилганда фуқароларнинг

радиациявий хавфсизлигини таъминлаш


Тиббий рентгенорадиологик муолажалар ўтказилганда фуқароларнинг оладиган нурланиш дозалари радиациявий хавфсизликнинг белгилаб қўйилган нормаларига мувофиқ бўлиши керак.

Тиббий рентгенорадиологик муолажалар ўтказилганда фуқароларни муҳофаза қилиш воситаларидан фойдаланиш лозим.

Фуқаро талаби билан унга тиббий рентгенорадиологик муолажалар ўтказилганда олиниши кутилаётган ёки у олаётган нурланиш дозаси тўғрисида ва бунинг эҳтимол тутилган оқибатлари хусусида ахборот берилади.

Фуқаро тиббий рентгенорадиологик муолажалардан воз кечиш ҳуқуқига эга, эпидемиологик жиҳатдан хавфли касалликларни аниқлаш мақсадида ўтказилаётган профилактик тадқиқотлар бундан мустасно.


20-модда. Санитария-муҳофаза ва кузатув зоналари


Фуқаролар ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадида ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан фойдаланилаётган объектлар жойлашган ерда санитария-муҳофаза ва кузатув зоналари белгилаб қўйилади.

Санитария-муҳофаза зоналарининг ўлчамлари ва чегаралари Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан белгиланади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилади.

Санитария-муҳофаза зонасида одамларнинг доимий ва вақтинча яшаши, шунингдек ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ишлаб чиқариш объектларининг ва бошқа объектларнинг жойлаштирилиши тақиқланади.

Санитария-муҳофаза зонасида жойлашган мавжуд объектлар ва иншоотлардан, уларнинг йўналиши ўзгарган тақдирда, хўжалик мақсадлари учун фойдаланишга ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан фойдаланувчилар тақдимномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси рухсати билан йўл қўйилади.

Кузатув зонаси, унинг ўлчамлари ва чегаралари ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан фойдаланувчилар томонидан белгиланади ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, радиациявий хавфсизликни таъминлаш соҳасида тартибга солишни амалга оширувчи давлат органлари билан келишилади.

Кузатув зонасида қонун ҳужжатларига мувофиқ хўжалик фаолиятига доир чекловлар жорий этилиши мумкин.

Кузатув зонасида ва санитария-муҳофаза зонасида радиациявий аварияни бартараф этиш чора-тадбирлари амал қилиши татбиқ этилади.

Санитария-муҳофаза зонаси ҳамда кузатув зонасини белгилаб қўйиш оқибатида етказилган зарарлар ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан фойдаланувчилар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ қопланади.



21-модда. Радиоактив чиқиндиларни

сақлаш ёки кўмиб ташлаш


Радиоактив чиқиндиларни сақлашда ёки кўмиб ташлашда уларнинг атроф-муҳитдан ажратиб қўйилиши таъминланган бўлиши керак.

Радиоактив чиқиндиларни йиғиш ва кўмиб ташлашни ташкил этиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.


22-модда. Радиоактив ва ядровий

материалларнинг сақланишини таъминлаш


Радиоактив ва ядровий материалларнинг сақланишини таъминлаш уларни ишлатишнинг барча турларида мажбурийдир.

Радиоактив ва ядровий материалларнинг сақланиши ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан фойдаланувчилар томонидан таъминланади.

Радиоактив ва ядровий материалларнинг сақланишини таъминлаш техник ва ташкилий чоралар мажмуини режалаштириш ҳамда амалга ошириш ягона тизимини назарда тутади, бу тизим қуйидагиларга йўналтирилган бўлади:

радиоактив ва ядровий материаллар жойлашган ҳудудга рухсатсиз киришнинг, шунингдек уларнинг талон-тарож қилиниши ёки шикастланишининг олдини олиш;

йўқолган ёки ўғирланган радиоактив ва ядровий материалларни топиш ва қайтариш.

Радиоактив ва ядровий материалларнинг сақланишини таъминлаш устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ер қаърини геологик ўрганиш, саноатда, кончиликда ва коммунал-маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.

Радиоактив ва ядровий материалларнинг сақланишини таъминлаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.


IV. РАДИАЦИЯВИЙ АВАРИЯ СОДИР БЎЛГАНДА

РАДИАЦИЯВИЙ ХАВФСИЗЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ


23-модда. Фуқаролар ва атроф-муҳитни

радиациявий авариялардан муҳофаза қилиш


Радиациявий авариялар юзага келиши эҳтимоли мавжуд ташкилотлар қуйидагиларга эга бўлиши шарт:

потенциал радиациявий авария вазиятларининг (улар оқибатлари тахмини ҳамда радиациявий ҳолати тахмини кўрсатилган) рўйхатига;

радиациявий авария юзага келганда қарорлар қабул қилиш мезонларига;

фуқаролар ва атроф-муҳитни радиациявий авария ва унинг оқибатларидан муҳофаза қилиш тадбирларининг маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, радиациявий хавфсизликни таъминлаш соҳасида тартибга солишни амалга оширувчи давлат органлари билан келишилган режасига;

радиациявий авариядан хабардор қилиш ва радиациявий авария оқибатларининг тугатилишини таъминлаш воситаларига;

радиациядан зарарланишнинг олдини олиш тиббий воситалари ва радиациявий аварияда жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш воситаларига;

ходимлар (персонал) жумласидан тузиладиган авария-қутқарув бўлинмаларига.


24-модда. Ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан

фойдаланувчининг радиациявий авария содир бўлган

пайтдаги мажбуриятлари


Радиациявий авария содир бўлган тақдирда ионлаштирувчи нурланиш манбаларидан фойдаланувчи қуйидагиларга мажбурдир:

ходимлар (персонал)ни ва аҳолини радиациявий авариядан ҳамда унинг оқибатларидан муҳофаза қилиш тадбирлари бажарилишини таъминлашга;

радиациявий хавфсизликни таъминлаш соҳасида тартибга солишни амалга оширувчи давлат органларини, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларини ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилишга;

жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш чораларини кўришга;

радиоактив ифлосланиш ўчоғи доирасини камайтиришга ва атроф-муҳитга радиоактив моддалар тарқалишини бартараф этишга;

радиациявий авариянинг кечишини ва радиациявий авария вақтидаги радиациявий вазият ўзгаришларини таҳлил қилишга ҳамда уларнинг тахминий чизгиларини тайёрлаб қўйишга;

радиациявий авария тугатилганидан кейин радиациявий вазиятни нормаллаштириш чораларини кўришга.


25-модда. Радиациявий авария оқибатларини

тугатишга жалб этиладиган фуқаролар юқори

нурланиш олишининг режалаштирилиши


Радиациявий авария оқибатларини тугатиш, авария-қутқарув ишлари ҳамда дезактивация ўтказишга жалб этиладиган фуқаролар юқори нурланиш олишининг режалаштирилиши фақат одамларни қутқариш ва уларнинг янада кўпроқ нурланиш олишининг олдини олиш заруратидан келиб чиққан бўлиши мумкин. Радиациявий авария оқибатларини тугатишга жалб этиладиган фуқароларнинг нурланиш олиши белгилаб қўйилган гигиена нормативларидан ошмаслиги керак.

Радиациявий авариялар оқибатларини тугатишга жалб этиладиган фуқаролар юқори нурланиш олишининг режалаштирилишига уларнинг ихтиёрий розилиги бўлган ҳамда эҳтимол тутилган нурланиш дозалари ва соғлиқ учун зарари тўғрисида олдиндан хабардор қилинган ҳолда уларнинг ҳаёти мобайнида бир марта йўл қўйилади.

Мазкур ишларни бажариш учун жалб этиладиган шахсларга хавф юқори бўлганлиги учун тўланадиган товон ҳамда радиация таъсирида соғлиғига етказилган зарарни қоплаш турлари ва миқдорлари қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.


V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


26-модда. Халқаро шартномалар


Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг радиациявий хавфсизлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


27-модда. Низоларни ҳал этиш


Радиациявий хавфсизликни таъминлаш соҳасида юзага келадиган низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.



28-модда. Радиациявий хавфсизлик тўғрисидаги қонун

ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Радиациявий хавфсизлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишида айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          И. Каримов



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 й., 7-8-сон, 212-модда