язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Транспорт/ Темирйўл транспорти/ Ўзбекистон Республикасининг 15.04.1999 й. 766-I-сон "Темир йўл транспорти тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

15.04.1999 й.

N 766-I



ТЕМИР ЙЎЛ ТРАНСПОРТИ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


темир йўл транспорти (темир йўл) - умумий фойдаланишдаги транспорт турларидан бири бўлиб, у ишлаб чиқариш ва ижтимоий йўналишдаги корхоналар, муассасалар ва ташкилотларни ўз таркибига олган, бошқа давлатларнинг темир йўллари ва транспортнинг бошқа турлари билан ўзаро ҳамкорликда ташиш эҳтиёжларини таъминловчи ягона ишлаб чиқариш-технология мажмуидан иборатдир;


темир йўл транспорти корхонаси - темир йўл асосий фаолиятининг тузилмавий бўлинмаси бўлиб, бевосита ташиш жараёнини таъминлайди;


темир йўл транспорти муассасаси - темир йўлнинг кадрлар тайёрлаш, темир йўл транспорти ходимларига ижтимоий-маиший ва маданий хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлган тузилмавий бўлинмаси;


темир йўл транспорти ташкилоти - темир йўлнинг қўшимча ёрдамчи фаолиятни амалга оширувчи ва ташиш жараёнида бевосита иштирок этмайдиган тузилмавий бўлинмаси;


Темир йўл устави - қонун ҳужжатларига мувофиқ темир йўлнинг, темир йўл транспорти хизматларидан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг (шу жумладан улар номидан иш кўрувчи экспедиторлик ва бошқа ташкилотларнинг) ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилайдиган норматив ҳужжат;

транспорт хизматлари бозори - юклар, йўловчилар, багаж ва юк багажини ташувчи, транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатувчи ва таъмирловчи, темир йўл транспортида ташиш билан боғлиқ қўшимча ёрдамчи ишларни ҳамда бошқа иш турларини (хизматларни) бажарувчи соҳа;


ташиш жараёни - юклар, йўловчилар, багаж ва юк багажини ташишга тайёргарлик қуриш, уни амалга ошириш ва тугаллаш чоғида темир йўл транспорти корхоналари бажарадиган ташкилий ва технологик жиҳатдан ўзаро боғлиқ ҳаракатлар ва операциялар мажмуи;


умумий фойдаланишдаги темир йўллар - темир йўлнинг поездларни қабул қилиш ва жўнатиш, юклар, багаж ва юк багажини қабул қилиш ҳамда топшириш ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш, маневр ишларини амалга ошириш бўйича тегишли операцияларни бажариш учун очиқ бўлган темир йўл бекатлари жойлашган тармоғи;


юк - ташиш учун темир йўл транспорти корхонаси томонидан белгиланган тартибда қабул қилинган, ўз вақтида элтиб берилиши ва сақланиши учун темир йўл жавобгар бўлган темир йўл ташиш объекти;


йўловчи - йўл ҳужжатларига эга бўлган ва поездда сафар қилувчи фуқаро (жисмоний шахс);


багаж - йўловчи олиб кетаётган ва сафар давомида йўловчилар вагонида унинг ёнида бўладиган буюмлар, товарлар ва бошқа моддий бойликлар;


юк багажи - йўловчилар ва почта-багаж поездларида ташиладиган темир йўл ташиш объекти;


юк жўнатувчи (жўнатувчи) - ўз номидан ёхуд юк ёки юк багажи эгаси номидан иш кўрувчи ва ташиш ҳужжатларида қайд этилган юридик ёки жисмоний шахс;


юкни олувчи (олувчи) - юк ёки юк багажини олиш ҳуқуқига эга бўлган юридик ёки жисмоний шахс;


хавфли юклар - муайян омиллар мавжуд бўлганда ўз хоссалари ва хусусиятларига кўра ташиш жараёнида, ортиш-тушириш ишларини бажариш ва сақлаш чоғида портлаш, ёнғин чиқишига ёки ташилаётган юклар, техника воситалари, қурилмалар, бинолар ва иншоотлар, бошқа объектларнинг шикастланишига, шунингдек одамлар ҳаёти ёки соғлиғига зиён етишига, ҳайвонларнинг нобуд бўлишига, атроф табиий муҳитнинг зарарланишига сабаб бўлиши эҳтимоли бор моддалар, материаллар, буюмлар, ишлаб чиқариш ва бошқа фаолият чиқиндилари;


ажратилган минтақа - темир йўл транспортининг тупроқ кўтармаси, сунъий иншоотлар, йўл бинолари, темир йўл алоқаси ва электр таъминоти қурилмалари, темир йўл бекатлари, бошқа бинолар, иншоотлар ва йўл қурилмалари, шунингдек иҳота дарахтзорлари жойлашган ерлари;


муҳофаза зоналари - темир йўллардан, электр таъминоти ва алоқа тармоқларидан бир меъёрда фойдаланишни, темир йўл транспорти иншоотлари, қурилмалари ва бошқа объектларининг сақланиши, мустаҳкамлиги ва турғунлигини таъминлаш учун зарур бўлган ер участкалари, шунингдек темир йўл транспорти ерларига туташ бўлган силжувчи тупроқли ерлар.



2-модда. Темир йўл транспорти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Темир йўл транспорти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Темир йўл транспорти хизматларидан фойдаланиш чоғида темир йўл транспорти корхоналари билан юк жўнатувчилар, юкни олувчилар, йўловчилар, бошқа юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган Темир йўл устави билан ҳам белгиланади.

Темир йўл транспортида юклар, йўловчилар, багаж ва юк багажини ташишни ташкил этиш тартиби давлат темир йўл транспортини бошқариш органи томонидан тасдиқланадиган юклар, йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш қоидалари, шунингдек бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг темир йўл транспорти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Темир йўл транспортида мулкчилик


Ташиш жараёнининг узлуксизлигини, ҳаракат хавфсизлигини ва авария-тиклаш ишлари ўтказилишини бевосита таъминловчи темир йўл транспорти корхоналари, умумий фойдаланишдаги темир йўллар ва темир йўл транспортининг бошқа мол-мулки мутлақ давлат мулкидир.

Ташиш жараёнида бевосита иштирок этмайдиган темир йўл транспорти мол-мулки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хусусийлаштирилиши мумкин.


4-модда. Темир йўл транспорти корхоналарини ташкил этиш,

қайта ташкил этиш ва тугатиш


Ташиш жараёнини таъминлаш билан боғлиқ бўлган темир йўл транспорти корхоналарини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш давлат темир йўл транспортини бошқариш органи томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


5-модда. Темир йўл транспорти корхоналари, муассасалари ва

ташкилотларининг мол-мулки


Темир йўл транспорти корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг мол-мулки асосий ва айланма маблағлардан, шунингдек қиймати ўз мустақил балансида кўрсатиладиган бошқа моддий бойликлардан иборат бўлади.

Темир йўл транспорти корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг мол-мулкидан фойдаланиш, унга эгалик қилиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқи қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Темир йўл транспорти корхоналарига хўжалик юритиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган кўчмас мол-мулкни сотиш давлат темир йўл транспортини бошқариш органи томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади. Бу мол-мулкни ижарага ёки бошқа усулда эгалик қилиш учун бу мол-мулкка давлатнинг мулк ҳуқуқини ўзгартирмаган ҳолда бериш темир йўл транспорти корхоналари томонидан давлат темир йўл транспортини бошқариш органи билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Давлат мулки бўлган ҳаракатдаги состав ва контейнерларни бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини ўзгартирмаган ҳолда сотиш, айирбошлаш, ижарага бериш, вақтинча фойдаланишга бериб қўйиш, балансдан чиқариш давлат темир йўл транспортини бошқариш органи томонидан ёки унинг топшириғига биноан тегишли темир йўл транспорти корхоналари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ҳаракатдаги состав ва контейнерларни юридик ва жисмоний шахсларга сотиш, шунингдек темир йўл транспорти корхоналарининг бу мол-мулкни сотишдан олинган маблағларни ҳаракатдаги состав, контейнерлар олиш ва ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш учун сарфлаши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда амалга оширилади.



6-модда. Темир йўл транспорти ерлари


Темир йўл транспорти ерлари жумласига давлат томонидан темир йўл транспорти корхоналари, муассасалари ва ташкилотларига темир йўл транспорти иншоотлари, қурилмалари ва бошқа объектларидан фойдаланиш, уларни сақлаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, такомиллаштириш ва ривожлантириш соҳасида улар зиммасига юклатилган вазифаларни амалга ошириш учун доимий фойдаланишга берилган ерлар киради.

Темир йўл транспорти фаолиятини таъминлаш учун ерлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилади.

Темир йўл транспорти ерларидан ажратилган минтақа доирасида фойдаланиш тартиби давлат темир йўл транспортини бошқариш органи томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



7-модда. Темир йўл транспортининг муҳофаза зоналари


Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек ер кўчиши, ер чўкиши, сув оқизиб кетиши, сел олиши ва бошқа хавфли таъсирларга учраши мумкин бўлган ерларда жойлашган темир йўллардан ҳамда темир йўл транспортининг бошқа объектларидан бир меъёрда фойдаланиш мақсадида муҳофаза зоналари белгиланади.

Муҳофаза зоналарини белгилаш тартиби, уларнинг ўлчамлари, бу мақсад учун ажратилган ерлардан фойдаланиш режими Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



8-модда. Темир йўл қатновларининг турлари ва махсус ташишлар


Темир йўл қатновлари қуйидаги турларга бўлинади:

ички қатновлар - юклар, йўловчилар, багаж ва юк багажини Ўзбекистон Республикаси доирасида ташиш;

халқаро қатновлар - юклар, йўловчилар, багаж ва юк багажини Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар ўртасида ташиш;

тўғри аралаш қатновлар - юкларни ягона транспорт ҳужжати бўйича транспортнинг ҳар хил турларида ташиш. Тўғри аралаш қатновлар ҳам ички, ҳам халқаро бўлиши мумкин.

Алоҳида муҳим давлат эҳтиёжларини, шу жумладан мудофаа эҳтиёжларини қондириш учун юкларнинг махсус турлари ташилишини таъминловчи ташишлар махсус ташишлар жумласига киради.



9-модда. Идораларга қарашли темир йўл шохобча йўллари


Идораларга қарашли темир йўл шохобча йўллари жумласига хўжалик юритувчи субъектларнинг мулки бўлган ва умумий фойдаланишдаги темир йўллар билан туташадиган темир йўллар киради.

Идораларга қарашли темир йўл шохобча йўлларининг ишлаш шарт-шароитлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади. Идораларга қарашли темир йўл шохобча йўлларининг мулкдорлари ва темир йўл транспорти корхоналари ўртасидаги муносабатлар шартнома билан белгиланади.



10-модда. Темир йўл транспортини бошқариш


Темир йўл транспортини бошқариш марказлаштирилган тартибда амалга оширилади ва давлат темир йўл транспортини бошқариш органининг ваколатлари жумласига киради.

Давлат темир йўл транспортини бошқариш органи:

- темир йўлда ташишларни ташкил этиш ва бажариш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

- темир йўл транспортининг фаолияти масалалари ва ташишларнинг шартлари бўйича норматив ҳужжатларни қабул қилади;

- транспорт хизматлари бозорини шакллантириш ва ривожлантиришга кўмаклашади;

- темир йўл транспортини, шу жумладан идораларга қарашли темир йўл шохобча йўлларини ривожлантириш ва улардан фойдаланишни назорат қилади;

- темир йўлда ташишлар соҳасида тариф сиёсатини олиб боради;

- темир йўл транспорти соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади;

- қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Темир йўл транспортининг ташиш жараёни билан боғлиқ фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Давлат темир йўл транспортини бошқариш органининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари барча юридик ва жисмоний шахслар, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари учун мажбурийдир.



11-модда. Юкларни ташиш


Темир йўл транспорти корхоналари, агар жўнатувчи юкларни ташишга нисбатан қўйиладиган талабларга риоя қилса ва ташишга темир йўл томонидан олди олиниши ёки бартараф этилиши мумкин бўлмаган ҳолатлар тўсқинлик қилмаса, юкни тайинланган жойига белгиланган муддатларда ташиб бериши шарт.

Юк жўнатувчилар ва темир йўл транспорти корхоналари юкларни мунтазам ташишларни амалга ошириш чоғида ташиш ва транспорт экспедициясини ташкил этиш тўғрисида узоқ муддатли шартномалар тузишлари мумкин.

Темир йўл транспортида юкларни ташиш юк жўнатувчиларнинг буюртманомаларига мувофиқ амалга оширилади. Юкларни ташиш учун буюртманомаларнинг шакллари, буюртмаларни бериш. бажариш ва ҳисобга олиш тартиби, шунингдек темир йўл транспортида ташиладиган юклар рўйхати давлат темир йўл транспортини бошқариш органи томонидан белгиланади. Юклар жўнатувчи томонидан ҳаракат хавфсизлиги ва юкларнинг сақланиши таъминланадиган қилиб ташишга тайёрланиши керак.



12-модда. Йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш


Темир йўл транспорти корхоналари йўловчилар, багаж, юк багажи ўз вақтида манзилига етказилишини, вокзалларда ва поездларда йўловчиларнинг хавфсизлигини, уларга хизмат кўрсатиш учун зарур қулайликлар ва шароитлар яратилишини, багаж ва юк багажининг сақланишини таъминлаши шарт.

Йўловчилар поездларнинг жўнаш ва келиш вақти, йўл ҳақи, багаж, юк багажи ташиш ҳақи, вокзалхоналарда жойлашган темир йўл чиптаси кассалари, сақлаш камераларининг иш вақти, йўловчиларга кўрсатиладиган хизматлар тўғрисида вақтида ишончли ахборот билан, шунингдек темир йўл транспорти корхоналари ва ташкилотларининг иши тўғрисидаги бошқа зарур ахборот билан таъминланишлари керак.

Темир йўл транспортида йўл чипталарини сотиш тартиби Темир йўл устави ҳамда Йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш қоидалари билан белгиланади.

Темир йўл транспортида йўл чипталари йўловчиларга тўлиқ қийматида сотилади, қонун ҳужжатларида имтиёзли юриши белгиланган фуқаролар бундан мустасно. Имтиёзли юришни компенсация қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Йўловчи поездда ўзи билан бирга беш ёшгача бўлган бир болани алоҳида жой берилмаган ҳолда бепул олиб юриш ҳуқуқига эга. Йўловчи билан бирга беш ёшгача бўлган биттадан ортиқ бола кетаётган бўлса, улардан бири бепул олиб юрилади, қолганлари эса чипта тўлиқ қийматининг 50 фоизи чегирилган, алоҳида жой берилган ҳолда олиб юрилади. Беш ёшдан ўн ёшгача бўлган болаларга ҳам чипта тўлиқ қийматининг 50 фоизи чегирилган ҳолда алоҳида жой берилади. Темир йўл транспортида болаларни ташиш бўйича бу имтиёзлар темир йўл транспорти корхоналарининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Йўловчиларнинг ҳамда темир йўл транспорти ходимларининг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, темир йўлда ташиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ваколатли органлар вокзалга киришда белгиланган тартибда қўл юкини, багажни кўздан кечиради ҳамда йўловчилар ва бошқа шахсларни шахсий кўздан кечиришдан ўтказади. Кўздан кечиришдан бош тортилган тақдирда, вокзалга кириш тақиқланади, йўловчилар эса ташишга қўйилмайди. Кўздан кечиришни ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган ваколатли органларнинг рўйхати ва кўздан кечиришни ўтказиш тартиби, шунингдек йўловчилар ва бошқа шахсларнинг вокзалларда бўлиши қоидалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


13-модда. Юклар, йўловчилар, багаж ва юк багажини

темир йўл орқали ташиш тарифлари


Темир йўл транспортида юклар, йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш тарифлари юк жўнатувчиларнинг ҳамда йўловчиларнинг манфаатлари инобатга олинган ҳолда давлат темир йўл транспортини бошқариш органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайин этиладиган тартибда белгиланади.

Халқаро қатновда ташиш тарифлари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ белгиланади.

Юклар, йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш билан боғлиқ қўшимча ишлар ва хизматлар учун шартнома асосида ҳақ тўланади.



14-модда. Темир йўл транспортининг молиявий ва

хўжалик фаолияти


Темир йўл транспорти фаолиятини молиялаш ўз хўжалик фаолияти даромадлари ҳисобидан ва имтиёзли ташишларга доир харажатларни қоплаш қисми бўйича давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Темир йўл транспортидаги ташишнинг барча турларидан олинадиган даромадларни тақсимлаш тартиби давлат темир йўл транспортини бошқариш органи томонидан ҳар бир темир йўл транспорти корхонасининг ташиш жараёнидаги аниқ улушини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

Темир йўлларни, сафарбарлик мақсадларига мўлжалланган объектларни, шу жумладан саноат корхоналари, электрлаштириш ва алоқа объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек темир йўл ҳаракатдаги составини ва махсус мақсадларга мўлжалланган йирик механизмларни олиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Темир йўл шохобча йўллари, тўхташ манзиллари, юк саройлари ва бошқа объектларни қуриш манфаатдор юридик ва жисмоний шахсларнинг ташаббусига кўра ҳамда уларнинг маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда амалга оширилиши мумкин.

Темир йўл тармоқлари, вокзаллар, пиёдалар ўтадиган кўприклар ва тоннеллар, йўловчилар платформалари ва темир йўл транспортининг аҳолига хизмат кўрсатувчи бошқа объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, шаҳар атрофига қатнаш учун ҳаракатдаги составни олиш темир йўл маблағлари ҳисобидан амалга оширилади, шунингдек маҳаллий бюджет, манфаатдор юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағлари ҳисобидан ҳам амалга оширилиши мумкин.

Темир йўл транспортини ривожлантириш вазифаларини ҳал қилиш учун давлат темир йўл транспортини бошқариш органи томонидан марказлаштирилган суғурта ва захира жамғармалари ташкил этилиши мумкин.

Юклар ва юк багажини жўнатувчилар ва олувчиларнинг ташиш, юк операциялари, транспорт-экспедиторлик хизматлари ва ҳаракатдаги составдан фойдаланганлик учун темир йўл транспорти корхоналари билан ҳисоб-китоблари, шунингдек шартнома мажбуриятларини бажармаганлик ва темир йўлга етказилган зарар учун жарималар ва пенялар тўлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Темир йўл транспорти корхоналари уларга ташиш учун берилган юкларни тегишли ташиш ҳақининг ва ташишга доир бошқа тўловларни таъминлаш мақсадида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ушлаб қолиш ҳуқуқига эга.

Шаҳар атрофидаги йўловчилар ташишни молиялаш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ёхуд манфаатдор юридик ёки жисмоний шахслар томонидан амалга оширилиши мумкин.



15-модда. Темир йўл транспорти корхоналарининг темир йўл

транспорти объектларининг мулкдорлари бўлган юридик ва

жисмоний шахслар билан муносабатлари


Темир йўл транспорти корхоналарининг умумий фойдаланишдаги темир йўлларга ва темир йўл транспортининг бошқа объектларига чиқадиган темир йўл шохобча йўллари мулкдорлари бўлган юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатлари, шунингдек темир йўл шохобча йўлларидан фойдаланиш ва уларга қарашли ҳаракатдаги составни умумий фойдаланишдаги темир йўлларда ишлатиш тартиби ва шартлари ушбу Қонун, бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек шартномалар билан белгиланади.

Темир йўл транспорти объектларининг мулкдорлари бўлган, умумий фойдаланишдаги темир йўлларга чиқувчи янги темир йўл тармоқларини барпо этувчи, шунингдек ҳаракатдаги составни лойиҳалаштирувчи ва ишлаб чиқарувчи юридик ва жисмоний шахслар мазкур тармоқлар ва ҳаракатдаги составни давлат темир йўл транспортини бошқариш органи билан келишилган ҳолда лойиҳалаш-тирадилар ва қурадилар.


16-модда. Темир йўл транспорти ходимларининг

меҳнатга оид муносабатлари


Темир йўл транспорти ходимларининг меҳнатга оид муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Иши бевосита поездлар ҳаракати билан боғлиқ бўлган темир йўл транспорти айрим тоифадаги ходимларининг иш вақти режими, дам олиш ва бошқа меҳнат шароитлари режими хусусиятлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайин этиладиган тартибда белгиланади.

Темир йўл транспорти корхоналари поездлар ҳаракати билан боғлиқ ҳамда меҳнат шароити ноқулай ишларда банд бўлган ходимларни дастлабки тарзда ва вақти-вақти билан тиббий кўриклардан ўтказишни ташкил этади. Шундай вазифалар ва ишлар рўйхати, шунингдек тиббий кўрикларни ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.


17-модда. Темир йўл транспорти ходимлари ишининг сайёр

хусусияти билан боғлиқ кафолатлар, компенсациялар ва

уларга бериладиган имтиёзлар


Меҳнати сайёр хусусиятли бўлган темир йўл транспорти ходимларига бериладиган кафолатлар ва компенсациялар қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Темир йўл транспорти ҳарбийлаштирилган қўриқчи бўлинмалари ходимлари хизмат вазифаларини бажаришда қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя кафолатларига эга.

Темир йўл транспорти ходимлари жамоа шартномалари ёки тармоқ жамоа келишуви билан белгиланадиган тартибда ва шартларда темир йўл транспортида ҳар йилги бепул юриш ҳуқуқидан фойдаланадилар.

Меҳнатда майиб бўлиш ёки касб касаллиги оқибатида бошқа ишга ўтказилган ёхуд меҳнатда майиб бўлиш, касб касаллиги ёки ходимнинг айби бўлмаган сабабга кўра соғлиғига бошқача тарзда шикаст етиши муносабати билан ногиронлик пенсиясига чиққан темир йўл транспорти ходимлари учун темир йўл транспортида ҳар йилги бепул юриш ҳуқуқи ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа имтиёзлар сақланиб қолади.

Ушбу модданинг учинчи ва тўртинчи қисмларида белгиланган имтиёзлар темир йўл транспорти корхоналарининг маблағлари ҳисобидан таъминланади.



18-модда. Темир йўл транспортида интизом


Темир йўл транспорти ходимларининг интизоми Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган Темир йўл транспорти ходимларининг интизоми тўғрисидаги низом билан тартибга солинади.

Темир йўл транспорти корхоналарида жамоа меҳнат низоларини ҳал қилиш воситаси сифатида ишни тўхтатишга йўл қўйилмайди.



19-модда. Темир йўл транспортида

ҳисоблаш-ҳисобот вақти


Ташишларда бевосита қатнашувчи темир йўл транспорти корхоналарида ташиш жараёнини марказлаштирилган ҳолда узлуксиз бошқаришни таъминлаш мақсадида, уларнинг жойлашган манзилидан қатъи назар, мамлакатда амал қилувчи ягона ҳисоблаш-ҳисобот вақти - Тошкент вақти белгиланади.



20-модда. Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, темир йўл

транспорти ва бошқа техника воситаларидан фойдаланиш


Темир йўл транспорти корхоналари йўловчилар ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсиз қатнов, юклар, багаж ва юк багажи ташиш шарт-шароитларини, поездлар ва темир йўл транспорти бошқа воситаларининг ҳаракат хавфсизлигини, шу жумладан маневр ишлари чоғидаги, ташиш жараёни билан боғлиқ транспорт ва бошқа техника воситаларидан фойдаланиш чоғидаги хавфсизликни, шунингдек темир йўл транспорти ходимларининг меҳнати ва атроф табиий муҳит муҳофаза қилинишини таъминлайдилар.

Темир йўл транспортида поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш устидан назорат қилувчи махсус таркибий бўлинма, шунингдек темир йўлда авариялар оқибатларини тугатувчи авария-тиклаш бўлинмалари фаолият кўрсатади. Ана шу бўлинмалар тўғрисидаги низом, шунингдек ҳаракат хавфсизлиги бузилишларини таснифлаш, хизмат текширувини олиб бориш ва ҳисобга олиш тартиби давлат темир йўл транспортини бошқариш органи томонидан белгиланади.


20-1-модда. Темир йўлда ташиш хавфсизлигини таъминлашга

қаратилган давлат назорати ва бошқа чоралар

Темир йўлда ташиш хавфсизлигини таъминлашга қаратилган давлат назорати ва бошқа чоралар ички ишлар, Давлат хавфсизлик хизмати органлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан уларнинг ваколатлари доирасида амалга оширилади.


21-модда. Темир йўл транспортида ҳаракат

хавфсизлигига доир асосий талаблар


Темир йўл бекатлари, вокзаллар ва темир йўлнинг ташиш жараёни билан боғлиқ бошқа бўлинмалари ҳудудлари, поездлар ҳаракати амалга ошириладиган ҳамда манёвр ва юк ортиш, юк тушириш ишлари бажариладиган йўловчилар платформалари ва темир йўл тармоқлари ўта хавфли зоналар ҳисобланади ва зарурат бўлганда атрофи ўраб қўйилади. Ўта хавфли зоналарда фуқароларнинг бўлиши ва объектларнинг жойлаштирилиши, бундай зоналарда ишлар бажариш, темир йўллар орқали юриш ва уларни кесиб ўтиш қоидалари давлат темир йўл транспортини бошқариш органи томонидан белгиланади.

Ҳаракатдаги состав, шу жумладан ҳаракатдаги махсус состав ва контейнерлар, темир йўлларнинг ер устки қурилмалари қисмлари ҳамда темир йўл транспортига етказиб бериладиган бошқа техника воситалари ва механизмлар, шунингдек йўловчиларга кўрсатиладиган хизматлар тегишли норматив ҳужжатлар билан белгиланган ҳаракат хавфсизлиги, меҳнатни муҳофаза қилиш ва экология хавфсизлиги талабларига мос келиши лозим.

Темир йўл транспорти фаолиятида фойдаланиладиган техника воситалари ва механизмларни, шунингдек кўрсатиладиган хизматларни сертификатлаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ҳудудида хавфли юкларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ортиш, ташиш ва тушириш ишлари амалга ошириладиган объектлар умумий фойдаланишдаги темир йўллардан ва иншоотлардан уларнинг хавфсиз ишлашини таъминлайдиган масофада узоқлаштирилган бўлиши керак. Умумий фойдаланишдаги йўлларнинг қувурлар, алоқа, электр узатиш тармоқлари ва бошқа иншоотлар билан кесишган жойларида мазкур объектлардан умумий фойдаланишдаги темир йўллар ва иншоотларгача бўлган энг кам масофа, шунингдек темир йўллар билан кесишиш ва яқинлашиш жойларида бундай объектларни қуриш ва сақлаш нормалари тегишли давлат бошқарув органларининг давлат темир йўл транспортини бошқариш органи билан келишилган ҳолда қабул қилинадиган норматив ҳужжатларида белгиланади.

Умумий фойдаланишдаги темир йўлларни кесиб ўтувчи ёки бевосита уларнинг яқинида жойлашган газ, нефть қувурлари ва бошқа иншоотларни қуриш ҳамда улардан фойдаланиш чоғида белгиланган нормативларни таъминлаш, шунингдек мазкур иншоотлардан фойдаланиш хавфсизлиги учун уларнинг эгалари жавобгар бўлади. Мазкур иншоотларнинг эгалари ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солувчи авария ҳолатлари юзага келганлиги ҳақида темир йўл транспорти корхонасини ўз вақтида хабардор қилиши шарт.

Темир йўл орқали ташилаётган хавфли ва махсус юкларнинг эгалари, бундай юкларни жўнатувчилар ва олувчилар уларнинг ташилиши, ортилиши ва туширилиши хавфсизлигини кафолатлашлари, бу юкларни ташиш чоғида авария ҳолатлари юзага келган тақдирда авария ҳолатларини ва авария оқибатларини тугатиш учун зарур воситалар ва ҳаракатчан бўлинмаларга эга бўлишлари лозим.

Темир йўл транспорти корхоналари хавфли ва махсус юкларни ташиш хавфсизлигини таъминлаши ҳамда бу юкларни ташиш чоғида авария ҳолатлари юзага келган тақдирда уларнинг оқибатларини тугатишда қатнашиши шарт.

Темир йўлларнинг автомобиль йўллари билан кесишган жойлари (темир йўл кесишуви жойлари) темир йўлдан техник фойдаланиш қоидалари ҳамда қурилиш нормалари ва қоидалари билан белгиланади.

Темир йўл кесишуви жойларидан фойдаланиш, уларни очиш ва ёпиш тартиби давлат темир йўл транспортини бошқариш органи томонидан тегишли давлат бошқарув органлари билан келишилган ҳолда белгиланади.

Темир йўл транспорти ва ташиш жараёни билан боғлиқ бошқа техника воситаларининг ҳаракат хавфсизлиги ҳамда улардан фойдаланиш қоидаларини бузганликда айбдор шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.



22-модда. Темир йўл транспортида

юклар ва объектларни қўриқлаш


Йўл давомида ва темир йўл бекатларида юкларни қўриқлаш, темир йўл транспорти объектларини қўриқлаш, шунингдек темир йўл транспортида ёнғиннинг олдини олишга қаратилган ишларни ўтказиш, ёнғинга қарши назорат ва ёнғинларни бартараф этиш темир йўл транспорти ҳарбийлаштирилган қўриқчи бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Темир йўл транспортининг ҳарбийлаштирилган қўриқчилиги тўғрисидаги низом ҳамда қўриқланиши ва кузатиб борилиши зарур бўлган юклар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. Бу юкларни қўриқлаш ва кузатиб бориш тартиби давлат темир йўл транспортини бошқариш органи томонидан белгиланади.

Кузатиб бориш талаб этиладиган юкларни темир йўл транспорти ҳарбийлаштирилган қўриқчи гуруҳлари Ўзбекистон Республикаси доирасида кузатиб борадилар. Ўзбекистон Республикаси чегараларини кесиб ўтиш чоғида кузатиб бориладиган юкларни топшириш тартиби ва жойи Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланади.

Темир йўл транспортининг энг муҳим объектлари ва махсус юкларни қўриқлаш ички ишлар органларининг транспортда хавфсизликни таъминлаш бўлинмалари ва давлат бошқарув органларининг бошқа ваколатли бўлинмалари томонидан амалга оширилади. Бундай объектлар ва юклар рўйхатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Юкларнинг айрим турларини, шу жумладан қимматбаҳо, тез бузиладиган ва бошқа юкларни қўриқлаш ва кузатиб бориш бутун йўл давомида жўнатувчи ёки олувчининг кузатувчилари томонидан амалга оширилиши мумкин. Бундай юкларни қўриқлаш ва кузатиб бориш тартиби юк жўнатувчилар (юкни олувчилар) томонидан давлат темир йўл транспортини бошқариш органи билан келишилган ҳолда белгиланади.

Зарурат бўлганда давлат темир йўл транспортини бошқариш органи юк жўнатувчилардан (юкни олувчилардан) авария ҳолатлари ва бошқа фавқулодда ҳолатларнинг юзага келиши хавфини, шунингдек уларнинг юкларини ташиш чоғидаги эҳтимол тутилган зарарларни камайтирадиган қўшимча чоралар кўришни талаб қилишга ҳақлидир.



23-модда. Фавқулодда ҳолатларда темир йўл

транспортининг ишлаши


Темир йўл транспорти корхоналари темир йўл транспорти ишининг бузилишига сабаб бўлган ҳалокатлар, авариялар, табиий офатларнинг оқибатларини (шамол ҳосил қилган тупроқ-қум босишлари, тошқинлар, ёнғинлар ва бошқа фавқулодда ҳолатларни) бартараф этиш учун шошилинч чора-тадбирлар кўради. Бундай чора-тадбирларни амалга ошириш учун улар рўйхати давлат темир йўл транспортини бошқариш органи томонидан белгиланадиган моддий ва техника воситалари захирасига эга бўлишлари зарур.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари одамлар ҳаёти ва соғлиғига, атроф табиий муҳитга, ҳаракат хавфсизлиги ва юкларнинг сақланишига таҳдид солувчи ҳалокатлар, авариялар, табиий офатлар ва бошқа фавқулодда ҳолатларнинг оқибатларини тугатишда темир йўл транспорти корхоналарига ёрдам кўрсатадилар.

Агар енгиб бўлмас куч таъсирида, ҳарбий ҳаракатлар, қамал, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолатлар натижасида юк, багаж ва юк багажини бундан буён ташиш учун темир йўл транспорти корхоналарини ушбу юк, багаж ва юк багажини белгиланган манзилга етказиш ёки тегишли олувчига топшириш имкониятидан маҳрум этадиган тўсиқлар вужудга келган бўлса, худди шунингдек ушбу сабабларга кўра юк, багаж ва юк багажини сақлашнинг энг охирги муддатлари ўтиб кетса, мазкур корхоналар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юк, багаж ва юк багажини жўнатувчилар ёки олувчиларнинг топшириғига биноан, шунингдек мазкур топшириқ белгиланган муддатда олинмаган тақдирда эса юк, багаж ва юк багажини топширишга (реализация қилишга) ёки бунинг имкони бўлмаган тақдирда жўнатувчининг ўзига қайтариб юборишга ҳақлидир.

Бунда топширилган (реализация қилинган) юк, багаж ва юк багажи учун темир йўл транспорти корхонаси томонидан олинган сумма ушбу корхонага тегишли бўлган суммалар чегириб қолинган ҳолда, қиймат ҳақи тўланган тақдирда ташиш ҳужжатларида кўрсатилган олувчининг ҳисобига, бошқа барча ҳолларда эса жўнатувчининг ҳисобига ўтказилади.

Ҳужжатлари бўлмаган юк, багаж ва юк багажини реализация қилганлик учун темир йўл транспорти корхонаси томонидан олинган сумма давлат темир йўл транспортини бошқариш органининг фойдасига ўтказилади ва ундан белгиланган манзилига етиб келмаган юк, багаж ва юк багажи учун темир йўл транспорти корхонаси томонидан тўланган маблағларни қоплаш учун фойдаланилади.

Олувчи (жўнатувчи) ушбу суммани талаб қилиб олмаган тақдирда, маблағлар даъво муддатлари ўтганидан сўнг давлат бюджети ҳисобига ўтказилиши керак.



24-модда. Темир йўл транспортида сафарбарлик

тайёргарлиги ва фуқаролар муҳофазаси


Темир йўл транспортида сафарбарлик тайёргарлиги ва фуқаролар муҳофазасига раҳбарлик давлат темир йўл транспортини бошқариш органи томонидан амалга оширилади.

Темир йўл транспортида сафарбарлик тайёргарлиги ва фуқаролар муҳофазаси бўйича тадбирларни молиялаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.



25-модда. Ихтиёрий ва мажбурий суғурта

Темир йўл транспортининг иши сайёр хусусиятга эга бўлган ходимлари, шунингдек ўз лавозим вазифаларини ҳаёт учун хавфли шароитларда бажарувчи ходимлар ва ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлинмаларининг ходимлари ўз хизмат вазифаларини бажариш даврида мажбурий шахсий суғурта қилиниши керак.

Темир йўл транспорти ходимларининг айрим тоифаларини мажбурий шахсий суғурта қилиш тартиби ва шартлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Темир йўл транспортида йўловчиларни ихтиёрий шахсий суғурта қилиш, шунингдек юклар, багаж ва юк багажини ихтиёрий суғурта қилиш мумкин.

Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш ташувчи томонидан амалга оширилади.


26-модда. Темир йўл транспорти корхоналарининг жавобгарлиги


Темир йўл транспорти корхоналари йўл ҳақини ҳамда юк, багаж ва юк багажининг ташиш ҳақини тўлаган ва йўл ҳужжатларини тўғри расмийлаштирган йўловчи ва юк жўнатувчига, агар ушбу Қонунда ёки бошқа қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ташишни рад этишга ҳақли эмас.

Ташиш жараёнини амалга оширувчи темир йўл транспорти корхоналари йўловчи ёки темир йўл транспорти хизматларидан фойдаланувчи бошқа шахснинг, худди шунингдек темир йўл транспорти фаолияти натижасида жабрланган шахснинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарар учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Темир йўл транспорти корхоналари юкларни ташиш чоғида юкларни ташиш учун олинган буюртманомаларни бажармаганлик, вагонларни шохобча йўлларига келтириб бермаганлик ва уларни шохобча йўллардан олиб кетишни кечиктирганлик, юкларни жўнатувчилар ва олувчиларга тегишли бўлган ёки улар томонидан ижарага олинган вагонлар ва контейнерларни ўзбошимчалик билан эгаллаганлик, бу вагонлар ва контейнерларга шикаст етказганлик ёки уларни йўқотганлик учун Темир йўл уставида белгиланган миқдорларда жарималар тўлаш тарзида жавобгар бўлади.

Темир йўл транспорти корхоналари юкларни ташишда юкни етказиб бериш муддатларини бузганлик учун мулкий жавобгарлик билан бир қаторда ташилаётган юкнинг сақланишини таъминламаганлик учун ҳам қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорларда мулкий жавобгар бўлади.

Темир йўл транспорти корхоналари йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш бўйича мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорларда жавобгар бўлади.

Темир йўл транспорти корхоналари атроф табиий муҳитга етказилган зарар учун ҳамда темир йўл транспорти ерларини лозим даражада сақламаганлик ва улардан фойдаланмаганлик учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.


27-модда. Юк жўнатувчилар ва юкни олувчилар, йўловчилар,

бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг темир йўл транспорти

корхоналари олдидаги жавобгарлиги


Юк жўнатувчилар ва юкни олувчилар қуйидагилар учун қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда жарималар тўлаш тарзида жавобгар бўладилар:

- ташишлар ҳақини ўз вақтида тўламаганлик учун;

- юкларни тақдим этмаганлик учун, юк ташишга берилган вагонлар, контейнерлардан фойдаланмаганлик ёки буюртманомада кўрсатилган вагонлар, контейнерларни рад этганлик учун;

- темир йўлга қарашли вагонлар ва контейнерлардан рухсатсиз фойдаланганлик учун;

- вагонлар ва контейнерларни юкни ортиш, тушириш ёки қайта юклаш пайтида белгиланган технология нормаларидан ортиқча кечиктирганлик (бекор ушлаб турганлик) учун, шунингдек уларни юкни ортиш, тушириш, қайта юклаш учун етказиб бериш пайтида куттириб қўйиш орқали ёки жўнатувчига боғлиқ бўлган бошқа сабабларга кўра кечиктирганлик (бекор ушлаб турганлик) учун;

- маҳсулотларни экспортга етказиб бериш бўйича божхона, чегара органлари ёки бошқа давлат органлари томонидан белгиланган талабларни вагонлар ва контейнерларнинг кечиктирилганлигига сабаб бўлган тарзда бузганлик учун;

- вагонлар, контейнерларга кўтарадиган юкидан ортиқча юк ортганлик учун;

- вагонлар ва контейнерларни юклари туширилганидан сўнг тозаламаганлик учун;

- темир йўл томонидан берилган вагонлар ёки контейнерларга, чиқариб олинадиган ташиш мосламалари ва ўраш-жойлаш воситаларига шикаст етказганлик ёки уларни йўқотганлик учун;

- ташиш тақиқланган юкни тақдим этганлик ёки ташиш чоғида ўта эҳтиёткорлик чоралари кўришни талаб этувчи юкни унинг номи ёки хоссаларини нотўғри кўрсатиб тақдим этганлик учун.

Йўловчилар, бошқа юридик ва жисмоний шахслар темир йўл транспорти воситаларидан фойдаланиш, ҳаракат хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини, темир йўл транспортидаги санитария-гигиена ва санитария-эпидемияга қарши қоидаларни бузганлик, қурилмалар, транспорт воситалари ва уларнинг ички жиҳозларига шикаст етказганлик учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Темир йўл транспортига унинг коммуникацияларини қасддан тўсиб (узиб) қўйиш ёки темир йўл транспортининг монеликсиз ва хавфсиз ишлашига халал берувчи қонунга хилоф бошқа хатти-ҳаракатлар натижасида етказилган зарар темир йўл транспорти корхоналарига айбдор юридик ва жисмоний шахслар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланади.


28-модда. Талаблар ва даъволарни кўриб чиқиш


Юклар, йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш бўйича мажбуриятлар бузилган тақдирда, юк жўнатувчилар ва юкни олувчилар тегишли темир йўл транспорти корхоналарига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда талаб ва даъволар тақдим этишга ҳақлидир.

Темир йўл транспортида ташишлар бўйича талаблар ва даъволарни кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари Темир йўл уставида белгилаб қўйилади.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    И. Каримов




"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси", 1999 й., N 5, 118-модда