язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Транспорт/ Темирйўл транспорти/ Ўзбекистон Республикаси Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан объектлар, маҳсулотлар ва технологияларнинг лойиҳаларини ҳамда фойдаланишга қабул қилиб олиш ишларини уларнинг темир йўл транспорти соҳасида белгиланган талабларга мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.11.2013 й. 310-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 19 ноябрдаги

310-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Темир йўлларда юк

ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш

давлат инспекцияси томонидан объектлар, маҳсулотлар

ва технологияларнинг лойиҳаларини ҳамда фойдаланишга

қабул қилиб олиш ишларини уларнинг темир йўл транспорти

соҳасида белгиланган талабларга мувофиқлиги юзасидан

экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом ўтказилган экспертиза натижалари бўйича объектлар, маҳсулотлар ва технологияларнинг лойиҳаларни ҳамда уларни фойдаланишга қабул қилиб олиш ишларини амалга ошириш ҳуқуқини берадиган ушбу Низомга 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ схема ва шакл бўйича хулоса (кейинги ўринларда хулоса деб аталади) бериш учун Ўзбекистон Республикаси Темир йўлларда юк ва йўловчилар ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси (кейинги ўринларда "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекцияси деб аталади) томонидан объектлар, маҳсулотлар ва технологияларнинг лойиҳаларини ҳамда уларни фойдаланишга қабул қилиб олиш ишларини уларнинг темир йўл транспорти соҳасида белгиланган талабларга мувофиқлиги юзасидан экспертизадан ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ариза берувчи - хулоса олиш учун ҳужжатларни "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекциясига тақдим этадиган тадбиркорлик субъекти - юридик шахс;


темир йўл транспорти объекти (кейинги ўринларда объект деб аталади) - фойдаланилаётган темир йўл инфратузилмаси (темир йўл инфратузилмасининг участкалари); темир йўл инфратузилмасининг таркибий қисмлари (йўллар, темир йўл электр таъминоти, бошқариш, назорат қилиш, сигнализация ва алоқа, станция кичик тизимлари); ташкил этилган темир йўл ҳаракат таркиби ва унинг таркибий қисмлари (поездлар, монёврли таркиблар, тиркамаларнинг кичик тизимлари); умумий фойдаланишдаги темир йўл транспорти, эгалари жисмоний шахслар ҳисобланадиган идоравий темир йўл кириш йўллари ҳамда ва темир йўл кириш йўллари, шунингдек технологик темир йўл транспорти;


темир йўл транспорти маҳсулоти (кейинги ўринларда маҳсулот деб аталади) - темир йўл транспорти учун янгидан тайёрланадиган маҳсулотлар: темир йўл ҳаракат таркиби ва (ёки) унинг таркибий қисмлари, шунингдек темир йўл транспорти инфратузилмаси кичик тизимларининг таркибий қисмлари элементлари ёки унинг кичик тизимлари таркибий қисмлари элементларининг йиғиндиси;


темир йўл транспорти технологияси (кейинги ўринларда технология деб аталади) - темир йўл транспорти соҳасида фойдаланиладиган методлар ва жараёнлар йиғиндиси, шунингдек темир йўл транспорти маҳсулотини тайёрлашга, унга хизмат кўрсатишга, уни таъмирлашга ва (ёки) ундан фойдаланишга йўналтирилган ташкилий чора-тадбирлар, операциялар ва усуллар комплексини ўз ичига оладиган техник ишлаб чиқариш усулларининг илмий тавсифи;


экспертиза - лойиҳалар ҳужжатларини ва объектлар, маҳсулотлар ва технологияларни қабул қилиб олиш ишлари ҳужжатларини уларнинг темир йўл транспорти соҳасидаги талабларга мувофиқлиги юзасидан "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекцияси томонидан кўриб чиқиш. Экспертизани амалга ошириш давомида тақдим этилган ҳужжатларнинг ва техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларнинг қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги аниқланади.


3. Хулоса 5 йил муддатга берилади.



II. РУХСАТ БЕРИШ ТАЛАБЛАРИ ВА ШАРТЛАРИ


4. Ариза берувчи томонидан лойиҳаларни ҳамда объектлар, маҳсулотлар ва технологияларни қабул қилиб олиш ишларини амалга оширишда рухсат бериш талаблари ва шартларига қуйидагилар киради:

лойиҳаларни ҳамда объектлар, маҳсулотлар ва технологияларни қабул қилиб олиш ишларини амалга оширишда қонун ҳужжатларига мажбурий риоя этиш;

ҳаракат хавфсизлигини, техника хавфсизлигини, ёнғин хавфсизлиги талаблари ва нормаларини, ишлаб чиқариш санитарияси ва экологиясини таъминлаш;

техник асбоб-ускуналарнинг, мосламалар ва инструментларнинг, шунингдек хизмат кўрсатувчи ходимларнинг темир йўл транспортида белгиланган талабларга мувофиқлиги;

лойиҳаларни ҳамда объектлар, маҳсулотлар ва технологияларни қабул қилиб олиш ишларини хулосада кўрсатилган доирада амалга ошириш;

ариза берувчининг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганлиги қайта рўйхатдан ўтказилгандан кейин етти иш куни мобайнида "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекциясини хабардор қилиш.



III. ХУЛОСА ОЛИШ УЧУН ЗАРУР БЎЛГАН ҲУЖЖАТЛАР


5. Хулоса олиш учун ариза берувчи "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекциясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

ариза берувчининг номи, жойлашган жойи (почта манзили) ва ташкилий-ҳуқуқий шакли кўрсатилган хулоса бериш тўғрисидаги ариза; ушбу Низомнинг 3-иловасига* мувофиқ шакл бўйича объектлар, маҳсулотлар ва технологияларнинг лойиҳалари ҳамда фойдаланишга қабул қилиб олиш ишлари;

юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;

ташкилот раҳбарияти томонидан белгиланган ташкилотнинг ички назорати бўйича ариза берувчининг талаблари келтирилган ҳолда, темир йўл транспорти соҳасидаги ишларни бажариш учун ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланган, ариза берувчи томонидан ишлаб чиқилган, темир йўл транспорти соҳасида амалга ошириладиган ишларни бажариш технологияси (темир йўл ҳаракат таркибининг хизмат муддатини узайтириш учун техник диагностика методикаси).

6. Ариза берувчидан ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.


7. Хулоса олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар ариза берувчи томонидан "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекциясига бевосита, уларнинг олинганлиги тўғрисидаги хабарнома билан, почта алоқаси воситаси орқали ёки электрон шаклда тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар ариза берувчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.


8. Хулоса олиш учун "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекциясига тақдим этилган ҳужжатлар рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхат "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекцияси томонидан ҳужжатлар қабул қилинган сана тўғрисидаги белги билан ариза берувчига дарҳол берилади (юборилади).



IV. АРИЗАНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ВА ХУЛОСА БЕРИШ

ЁКИ УНИ БЕРИШНИ РАД ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

ҚАРОР ҚАБУЛ ҚИЛИШ


9. "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекцияси аризани кўриб чиқади, лойиҳаларни ҳамда объектлар, маҳсулотлар ва технологияларни қабул қилиб олиш ишларини экспертизадан ўтказади, сўнгра ушбу Низомнинг 5-бандида назарда тутилган ҳужжатлар қабул қилиб олинган санадан бошлаб ўн беш иш кунидан ошмайдиган муддатда хулоса беради ёки хулоса беришни рад этади. Ариза кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

10. Агар "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекцияси ушбу Низомнинг 9-бандида назарда тутилган муддат мобайнида ариза берувчига хулосани бермаса ёки уни беришни рад этмаса, у ҳолда ушбу муддат ўтгач ариза берувчи, бу тўғрида "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекциясини ёзма равишда хабардор қилган ҳолда, ўзи амалга ошириш учун хулоса олмоқчи бўлган лойиҳаларни ҳамда объектлар, маҳсулотлар ва технологияларни қабул қилиб олиш ишларини амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган ҳолатда, "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекцияси ариза берувчининг ёзма шаклдаги хабарномасини олгач, беш иш куни мобайнида унга хулоса бериши шарт. Хулоса олингунгача, қабул қилиб олинган санаси кўрсатилган ҳолдаги тақдим этилган ҳужжатлар рўйхати ҳамда ариза берувчи томонидан "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекциясига юборилган хабарнома хулосага тенглаштирилади ҳамда лойиҳаларни ҳамда объектлар, маҳсулотлар ва технологияларни қабул қилиб олиш ишларини амалга ошириш учун асос ҳисобланади.


11. "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекцияси раҳбари (бошлиғи ёки унинг ўринбосари), "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекциясининг мутахассислари томонидан тайёрланган ушбу Низомга 4-иловага* биноан шакл бўйича мувофиқлик тўғрисидаги далолатнома асосида хулосани имзолайди ёки уни беришни рад этади.

"Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекцияси раҳбарининг (бошлиғи ёки унинг ўринбосарининг) имзоси гербли муҳр билан тасдиқланади.


12. "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекцияси ариза берувчига хулосани беради (юборади) ёки уни тегишли қарор қабул қилинган санадан бошлаб бир иш кунидан кечикмай хулоса беришнинг рад этилгани тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилади. Хулоса берилганлиги ва унинг амал қилиш муддати узайтирилганлиги учун йиғим ундирилмайди.


13. Хулоса бериш қуйидаги асослар бўйича рад этилиши мумкин:

ариза берувчи томонидан ушбу Низомнинг 5-бандида кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганда;

ариза берувчи рухсат бериш талаблари ва шартларига мувофиқ бўлмаганда;

ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки бузилган маълумотлар мавжуд бўлганда.

Хулоса беришнинг бошқа асосларга кўра, шу жумладан, мақсадга мувофиқ эмаслиги сабабларига кўра рад этилишига йўл қўйилмайди.


14. Хулоса беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, рад этиш тўғрисидаги хабарнома ариза берувчига, рад этишнинг сабаблари, қонунчиликнинг аниқ нормалари ва ариза берувчи кўрсатиб ўтилган сабабларни бартараф этиб ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда юборилади (тақдим этилади). Ариза берувчи рад этиш сабабларини бартараф этишга ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этишга ҳақли бўлган муддат хулоса беришни рад этиш тўғрисидаги ёзма хабарнома олинган кундан бошлаб ўн иш кунидан кам бўлиши мумкин эмас.


15. Хулоса беришни рад этиш учун асос бўлган сабаблар белгиланган муддатда ариза берувчи томонидан бартараф этилган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш, хулоса бериш ёки уни беришни рад этиш "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекцияси томонидан рад этиш сабаблари бартараф этилганлиги тўғрисида ариза ва рад этиш сабаблари бартараф этилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар олинган кундан бошлаб ўн иш кунидан ошмайдиган муддатда амалга оширилади. Тадбиркорлик субъектининг аризаси такроран кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.


16. Ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда ариза берувчига илгари ёзма шаклда баён қилинмаган рад этиш сабабларининг "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекцияси томонидан кўрсатилишига йўл қўйилмайди, илгари кўрсатилган сабабларнинг бартараф этилганини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ ҳолдаги рад этиш сабабларининг кўрсатилиши бундан мустасно.


17. Хулоса беришининг рад этилгани тўғрисидаги ёзма хабарномада кўрсатилган муддат ўтгандан кейин ариза берувчи берган ариза янгидан берилган ариза ҳисобланади ва "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекцияси томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.


18. Ариза берувчи хулоса беришнинг рад этилгани, шунингдек "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекцияси мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) тўғрисида белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.



V. ХУЛОСАНИ ҚАЙТА РАСМИЙЛАШТИРИШ,

УНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИНИ

УЗАЙТИРИШ, ДУБЛИКАТ БЕРИШ


19. Ариза берувчи қайта ташкил этилганда, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганда ариза берувчи ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта расмийлаштиришдан ўтгандан кейин етти иш куни мобайнида "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекциясига, кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда, хулосани қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида хулосага эга бўлган ариза берувчилар қўшиб юборилган тақдирда, хулосани ушбу банднинг биринчи хатбошида назарда тутилган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.

Хулосадаги мавжуд маълумотлар мазкур банднинг биринчи ва иккинчи хатбошиларида назарда тутилмаган ҳолларда ўзгартирилган тақдирда, хулоса ариза берувчининг тегишли ҳужжатлар илова қилинган аризаси бўйича қайта расмийлаштирилади.

Ҳужжатлар ариза берувчи томонидан "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекциясига ушбу Низомнинг 7-бандида назарда тутилган тартибда тақдим этилади.

Тадбиркорлик субъектидан ушбу бандда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.


20. Хулоса қайта расмийлаштирилгунгача хулосани қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза берган ёки унинг ҳуқуқий вориси хулосада кўрсатилган лойиҳаларни ҳамда объектлар, маҳсулотлар ва технологияларни қабул қилиб олиш ишларини ариза қабул қилиб олинган санаси "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекцияси томонидан кўрсатилган ҳолдаги хулосани қайта расмийлаштириш тўғрисида берилган ариза асосида амалга оширади.


21. Хулосани қайта расмийлаштиришда "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекцияси берилган хулосалар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади. Хулосаларни қайта расмийлаштириш ва бериш тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда хулосани қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекцияси томонидан олинган кундан бошлаб беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.


22. Хулосани қайта расмийлаштирганлик учун йиғим ундирилмайди.


23. Аризанинг амал қилиш муддати тугагач у ариза берувчининг аризасига кўра узайтирилиши мумкин. Хулосанинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекциясига хулосанинг амал қилиш муддати ўтгунгача берилиши керак. Хулосанинг амал қилиш муддатини узайтириш уни бериш учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


24. Хулоса йўқолганда ёки яроқсиз ҳолга келганда ариза берувчининг аризаси бўйича хулосанинг дубликати берилади.


25. "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекцияси хулоса дубликатини ариза, шунингдек у яроқсиз ҳолга келганда хулосанинг асл нусхаси олинган кундан бошлаб беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда бериши (юбориши) шарт. Хулоса дубликати берилганлиги учун йиғим ундирилмайди.



VI. ХУЛОСАНИНГ АМАЛ ҚИЛИШ МУДДАТИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ, ТЎХТАТИШ ВА ХУЛОСАНИ

БЕКОР ҚИЛИШ


26. Хулосанинг амал қилиш муддатини тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва хулосани бекор қилиш "Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг тегишли равишда 22, 23 ва 25-моддаларида назарда тутилган ҳолатларда ва тартибда амалга оширилади.


27. Қуйидагилар хулосанинг амал қилишини белгиланган тартибда тўхтатиш учун асос бўладиган рухсат бериш талаблари ва шартларининг бир марта қўпол равишда бузилишига киради:

"Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекцияси томонидан белгиланган тартибда ўтказиладиган рухсат бериш талаблари ва шартларига риоя этилишини текширишлардан бош тортиш;

улар юзасидан хулоса берилган лойиҳаларни ҳамда объектлар, маҳсулотлар ва технологияларни қабул қилиб олиш ишларини амалга ошириш натижасида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиш ёхуд бундай зарар етказилишининг аниқ хавфини туғдириш.



VII. БЕРИЛГАН ХУЛОСАЛАРНИНГ РЕЕСТРИ


28. "Ўздавтемирйўлназорат" давлат инспекцияси берилган хулосалар реестрини юритади ва уни ўзининг расмий веб-сайтида жойлаштиради.


29. Берилган хулосалар реестрида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:

ариза берувчининг номи, жойлашган жойи (почта манзили) ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, телефони;

хулосанинг берилган санаси ва тартиб рақами;

хулосанинг амал қилиш муддати;

хулосани қайта расмийлаштириш, амал қилиш муддатини узайтириш, амал қилишини тўхтатиб туриш ва тиклашнинг асоси ва санаси;

хулосанинг амал қилиш муддатини тўхтатишнинг асоси ва санаси;

хулосани бекор қилишнинг асоси ва санаси;

хулоса дубликатини беришнинг асоси ва санаси.



VIII. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


30. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 25 ноябрь, 47-сон, 617-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 11-сон, 83-модда