язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Солиқлар. Мажбурий тўловлар/ Солиққа тортишнинг умумий қоидалари/ Солиқ органлари фаолиятини тартибга солиш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 08.01.2010 й. ПҚ-1257-сон "Республика солиқ органлари тизимини янада модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

08.01.2010 й.

N ПҚ-1257



РЕСПУБЛИКА СОЛИҚ ОРГАНЛАРИ

ТИЗИМИНИ ЯНАДА МОДЕРНИЗАЦИЯ

ҚИЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Қайд этилсинки, мустақиллик йилларида мамлакатда бозор тамойилларига жавоб берадиган солиқ тизими шаклланди, Ўзбекистон Республикасининг янги Солиқ кодекси қабул қилинди, солиқларни бошқаришнинг замонавий методлари ва механизмлари жорий этилди, солиқ органларининг яхлит тизими яратилди.

Шу билан бирга, мамлакатимизда тўпланган ва чет эл тажрибасининг танқидий таҳлили республика солиқ органлари тизимини янада модернизация қилишнинг зарурлигидан далолат беради.

Солиқ органларининг функциялари, ваколатлари ва тузилмаси замонавий талабларга жавоб бермайди, улар фискал-молия органлари тузилмасида, энг аввало, солиқ қонунчилигига риоя этилишини назорат қилиш, Давлат бюджетининг даромад қисмини барқарор шакллантиришнинг белгиланган топшириқларини бажариш масалаларида ҳали етакчи ўринни эгаллагани йўқ.

Илғор ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда ишларни ташкил этишнинг замонавий шакл ва методларидан зарур даражада фойдаланилмаяпти, солиқ қонунчилиги бузилишларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича ахборот-таҳлилий ишлар суст олиб борилмоқда.

Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш ишлари аниқ-пухта мувофиқлаштирилмаяпти, бозорлар ҳудудларидаги хўжалик юритувчи субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятига турли текширувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан ноқонуний аралашиш ҳолатлари мавжуд. Шу билан бир қаторда, бозорларда солиқ қонунчилигини бузиш, турли йиғимларни ундириш, акциз солиғига тортиладиган товарлар ва контрафакт маҳсулотларнинг ноқонуний муомалада бўлиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини оширилган нархларда қайта сотиш, олинган нақд тушумни тўлиқ инкассация қилмаслик ҳоллари давом этмоқда.

Мамлакатимизда тўпланган ва чет эл тажрибасини ҳисобга олган ҳолда солиқ органлари тизимини янада модернизация қилиш, назорат қилувчи органлар функцияларидаги бир-бирини такрорлашларни бартараф этиш, республика фискал-молия органлари тузилмасида солиқ органларининг, энг аввало, қабул қилинган солиқ қонунчилигини ва Давлат бюджетининг даромад қисмини шакллантириш бўйича белгиланган топшириқларни бажариш масалаларидаги ваколатларини кенгайтириш ва ролини ошириш мақсадида:

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ бозорлар, савдо комплекслари, уларга туташ автомобиль тўхташ жойлари, шунингдек, улар ҳудудида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқи фақат давлат солиқ хизмати органларига берилади.

Белгилаб қўйилсинки, бозорлар ва савдо комплексларида санитария норма ва қоидаларига, шунингдек, стандартларга, ёнғин хавфсизлиги нормалари ва қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология хизмати органларига ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматига юклатилади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, тегишли вазирликлар ва идоралар ўз ходимлари ва мутахассисларининг бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солиш бўйича қонун ҳужжатлари талаблари бажарилишини таъминлаш учун давлат солиқ хизмати органлари томонидан ташкил этиладиган гуруҳлар таркибида қатнашишини таъминласинлар.

6. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси:

икки ҳафта муддатда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тўғрисидаги низомни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

бир ой муддатда Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини назорат қилиш бош бошқармаси ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бўлимлари жойлаштирилишини ташкил этсин, уларни моддий-техник база ва юқори малакали кадрлар билан таъминласин;

бир ой муддатда, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси бўлинмаларининг харажатлар сметаси ва штатлар жадвалига тегишли қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритсин;

бир ой муддатда давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг янги кийим-бош формаси намунасини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин, унинг 2010 йил 1 июлдан бошлаб жорий этилишини назарда тутсин.


7. 2010 йил 1 апрелдан бошлаб давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг лавозим маошларига уларнинг функционал вазифаларини бажариши, билим даражаси, солиқ тўловчилар билан иш олиб бориш бўйича касбий қобилиятлари ҳар йили тест синовидан ўтказилиши асосида белгиланадиган махсус рағбатлантирувчи устамалар жорий этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси тест синовидан ўтказиш натижалари бўйича берилган тоифаларга қараб лавозим маошларига 10 фоиздан 30 фоизгача миқдорда Махсус рағбатлантирувчи устамаларни қўллаш тартибини икки ой муддатда ишлаб чиқсин ва синовдан ўтказилгандан кейин белгиланган тартибда тасдиқласин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари лавозим маошларига махсус рағбатлантирувчи устамалар тўлаш, шунингдек янги намунадаги кийим-бош формаси қийматини қисман қоплаш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш манбаи этиб белгилансин.


8. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

идоравий норматив ҳужжатларни ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси И.Б. Абдуллаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 1-2-сон, 4-модда.