язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Ўзбекистон Республикасининг 29.08.1996 й. 267-I-сон "Уруғчилик тўғрисида"ги Қонуни

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

29.08.1996 й.

N 267-I



УРУҒЧИЛИК ТЎҒРИСИДА


1-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


"уруғлик" - ўсимликнинг нав ва дурагайларни сақлаб қолиш, такрор етиштириш учун ишлатиладиган ботаник донлари ёки бошқа қисмлари;

"репродукцион уруғликлар" - фонд уруғликларини ва уларнинг кейинги репродукцияларини кўпайтиришдан олинадиган уруғликлар;

"дурагай уруғликлар" - туркумдошларни чатиштиришдан олинадиган уруғликлар;

"генетик сифат (нав сифати)" - муайян нав уруғликнинг генетик (нав) жиҳатидан қанчалик тоза эканлигини билдирувчи кўрсаткичлар мажмуи;

"экинбоплик хусусияти" - уруғликларнинг экишга қанчалик яроқли эканлигини билдирувчи кўрсаткичлар мажмуи;

"уруғлик туркуми" - бир турдаги (муайян экин, нав, репродукция, тоифа, генетик (нав) тозаликдаги, муайян йил ҳосилидан олинган, келиб чиқиши бир), ҳужжат билан тасдиқланган махсус жамланган уруғликнинг бир хил миқдори;

"апробация қилиш" - ўсимликларнинг генетик (нав) жиҳатидан қанчалик тоза эканлигини, касалликларга, зараркунандаларга чидамлилиги ва экишга мўлжалланган уруғликнинг умумий ҳолатини аниқлаш мақсадида далада ўтказиладиган тадқиқот;

"патент эгаси (лицензиар)" - селекция навининг эгаси, дурагай эгаси ҳуқуқини қонун ҳужжатларига мувофиқ олган шахс.


2-модда. Уруғчиликнинг асосий вазифалари

Уруғчиликнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

қишлоқ хўжалиги экинларининг ўз уруғчилик базасини яратиш;

навни янгилаш ва нав алмаштириш жараёнида уруғлик навлари ва дурагайларининг биологик ҳамда хўжалик жиҳатидан қимматли хусусиятларини сақлаб қолиш;

мамлакатимиз ва жаҳоннинг қимматли генофондини сақлаб қолиш ҳамда ундан самарали фойдаланиш;

республиканинг турли табиий-иқлим минтақаларига мосланган янги тезпишар, серҳосил, интенсив навларини яратиш ва кўпайтириш;

қишлоқ хўжалигини серҳосил ва юқори сифатли уруғликлар билан таъминлаш;

уруғликларнинг сифати устидан давлат назоратини амалга ошириш;

уруғчиликка жаҳон тажрибаси ютуқларини жорий этиш.



3-модда. Уруғчилик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Уруғчилик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонундан ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Қорақалпоғистон Республикасида уруғчилик соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.



4-модда. Уруғлик етиштириш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи

Патент билан муҳофаза қилинадиган навлар ва дурагайлар уруғлигини етиштириш ҳамда ундан фойдаланиш ҳуқуқига патент эгалари, шунингдек лицензияга эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар эгадирлар.

Патент ёки гувоҳнома билан муҳофаза қилинмайдиган навлар ва дурагайлар уруғлиги ҳар қандай юридик ва жисмоний шахслар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ етиштирилиши ва ундан фойдаланилиши мумкин.

Патент эгалари, улар ваколат берган шахслар, шунингдек улар ўртасидаги шартномалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади.


5-модда. Уруғчилик билан шуғулланувчи шахсларнинг вазифалари

Уруғчилик билан, дурагайлар ва янги навлар яратиш билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларнинг вазифаси қуйидагилардан иборат:

бирламчи уруғчиликнинг самарали тизимини ва уруғ етиштириш технологиясини ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш;

дурагайлар ва навларга доир муаллиф таърифларини тақдим этиш;

уруғликларни ишлатувчилар билан шартнома тузиш асосида юқори навли ва экинбоп хусусиятли уруғликлар етиштириш;

вақти-вақти билан уруғлар каталогларини тайёрлаш ҳамда босиб чиқариш;

ҳар бир туркумдаги уруғлик нави ва экинбоплик хусусиятлари бўйича тўлиқ ҳисобни олиб бориш.



6-модда. Уруғликнинг сифатини аниқлаш

Уруғликнинг генетик (нав) сифати дала ва лабораторияда ўтказиладиган синов натижалари бўйича аниқланади.

Экинбоп уруғликлар етиштириш мақсадида экилган навли қишлоқ хўжалик экинлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги белгилайдиган тартибда апробация қилинади.


7-модда. Уруғликларни сертификатлаш

Экиш учун ишлатиладиган уруғликлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сертификатланиши лозим.

Уруғликларни сертификатлаш амалдаги стандартлар асосида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси қошидаги "Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази" давлат унитар корхонаси томонидан ҳамда унинг жойлардаги бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Стандарт уруғликларга мувофиқлик сертификати, ностандарт уруғликларга эса уларнинг сифати тўғрисида талон берилади.


8-модда. Уруғликларни реализация қилиш

Уруғликларнинг нави ва экинбоплик хусусиятлари кўрсатилган мувофиқлик сертификати мавжуд бўлган тақдирда уларни реализация қилишга йўл қўйилади.

Кимёвий ёки биологик ишлов берилган уруғлар истеъмолчига ёки савдо тармоғига фақат ўралган ҳолда етказиб берилади. Ҳар бир ўрамда қайси турда ишлов берилганлиги кўрсатилган ёрлиқ ва хавфсизлик чора-тадбирлари тўғрисидаги йўриқнома бўлиши шарт.

Ҳимоя қилинадиган навлар Давлат реестрига ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экишга тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига киритилмаган навлар ва дурагайларнинг уруғлигини сотиш мумкин эмас.

Муомалага киритилаётган уруғликлар давлат стандартлари талабларига мувофиқ албатта тамғаланади ва идишларга жойланади.

Карантиндаги ва бошқа хавфли ҳашаротлар, ўсимлик касалликлари ёки бегона ўтлар кенг тарқалган давлатлардан келтирилган уруғликларни республика ҳудудида тарқатиш тақиқланади.


9-модда. Уруғликларни импорт ва экспорт қилиш

Уруғликларни импорт қилишга қуйидаги шартларда йўл қўйилади, агар:

улар давлат синовидан ўтган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экишга тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига киритилган навнинг уруғи бўлса;

уларни импорт қилишга ўсимликлар карантини бўйича давлат хизматининг рухсатномаси мавжуд бўлса;

уларнинг мувофиқлик сертификати ва мувофиқлик белгиси мавжуд бўлса;

уларга экспорт қилаётган мамлакат томонидан фитосанитария сертификати берилган бўлса;

улар селекция ва тадқиқот ишларига, кўргазмага қўйишга мўлжалланган бўлса.

Илмий ва нав синаш мақсадларида импорт ва экспорт қилинаётган уруғликлар учун бож ундирилмайди, улар квоталанмайди ва лицензияланмайди.

Уруғликларни экспорт қилишга Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ёки у ваколат берган органнинг хулосаси мавжуд бўлган тақдирдагина йўл қўйилади.

Экспорт қилинадиган уруғликларга Ўзбекистон Республикаси ўсимликлар карантини хизмати томонидан бериладиган фитосанитария сертификати илова қилинади.


10-модда. Реализация қилинадиган уруғликларга кафолатлар

Уруғликлар етиштириш ва уларни реализация қилиш билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар уруғларнинг нави ва экинбоплик сифатлари тегишли ҳужжатларда кўрсатилгандек бўлишига кафолат берадилар ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Башарти, уруғликлар етиштириш ва уларни реализация қилиш билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган уруғликларнинг сифат кўрсаткичлари йўқлиги ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатларнинг оқибати эканлигини исботласалар, уруғликни ишлатувчи кўрилган зарарни қоплашни талаб қилиши мумкин эмас.

Сотиб олинган уруғликларга берилган кафолатлар уларнинг сифати тўғрисидаги ҳужжатда кўрсатилган муддат давомида амал қилади.



11-модда. Суғурта уруғлик фонди

Суғурта уруғлик фонди имкониятлари чекланган минтақаларга, халқаро шартномаларга мувофиқ навли уруғликларни етказиб бериш учун, шунингдек табиий офатлар эҳтимолини назарда тутган ҳолда ва бошқа мақсадларда ташкил этилади.

Суғурта уруғлик фондини ташкил этиш ва ундан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


12-модда. Уруғчиликни илмий жиҳатдан таъминлаш

Уруғчилик Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази, тегишли тармоқ илмий-тадқиқот муассасалари, олий ўқув юртлари ва бошқа илмий ташкилотлар томонидан илмий жиҳатдан таъминланиб, улар:

селекция ва уруғчилик бўйича илмий-техника дастурларини;

уруғчилик, уруғшунослик ва навшуносликнинг илмий асосланган тизимини;

янги ва истиқболли навларни жорий этишга доир тавсияларни;

юқори сифатли уруғлик етиштириш самарадорлигини оширишнинг услуб ва усулларини;

уруғчиликда ахборот билан таъминлаш тизимини ишлаб чиқадилар.


13-модда. Уруғлик етиштиришнинг давлат

томонидан рағбатлантирилиши

Қонун ҳужжатларида уруғлик етиштиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари назарда тутилиши мумкин.


14-модда. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги

вазирлигининг уруғчилик соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги:

уруғчилик соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрини юритади;

қишлоқ хўжалик экинлари уруғликларининг навларини синаш борасидаги ишга раҳбарлик қилади;

манфаатдор вазирликлар ва идоралар, давлат ҳокимияти маҳаллий органлари билан бирга қишлоқ хўжалиги экинларининг муайян ҳудудларга мослаштирилган ва истиқболли навларини экиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқади;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия қилинган қишлоқ хўжалик экинларининг Давлат реестри тўғрисидаги Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.



15-модда. Уруғликларни сертификатлаш ва уларнинг

сифатини назорат қилиш давлат органи

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари уруғликларни сертификатлаштириш ва уларнинг сифатини назорат қилиш бўйича давлат органидир.



16-модда. Ўзбекистон Республикаси

Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи

ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан

назорат қилиш инспекциясининг уруғчилик

соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси:

асосий қишлоқ хўжалиги экинлари (пахта ва ғалла) учун ажратилган экин майдонларини мунтазам назорат қилади, экин майдонларининг ишлаб чиқарувчилар - фермер хўжаликлари ва бошқа хўжаликлар, туманлар ва вилоятлар томонидан қабул қилинган ҳамда тасдиқланган шартнома мажбуриятларига мувофиқлиги бўйича танлаб текширишларни амалга оширади;

пахта ва дон экинларининг уруғликлари сифати устидан назоратни амалга оширади;

қишлоқ хўжалиги экинлари навларининг генетик софлиги ва ушбу экинлар уруғликларининг сифати соҳасидаги давлат сиёсатининг ижро қилиниши, қишлоқ хўжалиги экинлари навларини жойлаштириш, районлаштириш ва навли уруғликлар тайёрлаш режаларининг бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;

юқори сифатли элита уруғликларни, биринчи ва кейинги репродукциялардан ҳосил қилинган уруғликларни етиштириш, уруғликларни давлат стандартига, мавжуд йўриқномалар ва қоидаларга риоя этилган ҳолда тежаб сарфлаш устидан назоратни амалга оширади;

қишлоқ хўжалиги экинлари апробацияси тўғри ўтказилиши устидан назоратни амалга оширади;

қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларининг маҳаллий ва хорижий селекция навларининг, шу жумладан биотехнологик навларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш ҳамда ривожлантириш устидан назоратни амалга оширади;

тармоқ корхоналари томонидан қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғликларини тайёрлаш, қайта ишлаш ва сақлаш бўйича норматив талабларнинг халқаро стандартлар ва техник регламентларга мувофиқ ишлаб чиқилиши устидан назоратни амалга оширади;

ишлаб чиқаришда кимёвий препаратларнинг самарали қўлланилиши устидан назоратни амалга оширади;

сертификатлаштирилмаган ва давлат стандартига жавоб бермайдиган уруғликларнинг тарқатилишини тақиқлайди;

экинлар бўйича уруғлар архивининг таркиби ва уруғлар архивларининг юритилиши устидан назоратни амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



17-модда. Ўзбекистон Республикаси

Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи

ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан

назорат қилиш инспекцияси органлари

ходимларининг ҳуқуқлари

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси органларининг ходимлари ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

сифат кўрсаткичларининг тўғрилигини ва давлат стандартларига мувофиқлигини текшириш мақсадида зарур таҳлиллар ўтказиш учун уруғликларнинг намуналарини танлаб олиш;

уруғликларнинг ҳимоя қилинадиган навларидан ғайриқонуний равишда фойдаланилишини тақиқлаш;

ҳар қандай уруғлик етиштирувчининг, уруғлик етказиб берувчининг ва савдо ташкилотининг ҳудудига кириш;

уруғчилик далаларига ҳамда уруғликларнинг туркумларига доир зарур ахборот, ҳужжатлар ва намуналарни олиш;

қонун ҳужжатларини бузган ҳолда уруғликни етиштириш, сақлаш ва сотиш ҳолларини тўхтатиб қўйиш ёки тақиқлаш;

мувофиқлик сертификати ва фитосанитария ёки карантин сертификати мавжуд бўлмаса, уруғликлар туркумларининг ташилишини тақиқлаб қўйиш;

мувофиқлик сертификати, фитосанитария ёки карантин рухсатномаси бўлмаган уруғликларни бошқа давлатлардан республикага олиб киришга йўл қўймаслик;

қишлоқ хўжалиги экинларининг навини янгилаш ва навларни жойлаштириш тартибини бузганлик учун хўжаликларнинг раҳбарларига ва бошқа масъул шахсларга нисбатан чоралар кўриш.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси органларининг ходимлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.



18-модда. Уруғчилик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини

бузганлик учун жавобгарлик

Уруғчилик тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.


19-модда. Халқаро шартномалар

Башарти, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ушбу Қонунда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                              И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 1996 йил, 9-сон, 130-модда