язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Тадбиркорлик субъектлари/ Ўзбекистон Республикасининг 21.12.1995 й. 159-I-сон "Кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни тартибга солиш тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

21.12.1995 й.

N 159-I



КИЧИК ВА ХУСУСИЙ ТАДБИРКОРЛИКНИ

РИВОЖЛАНТИРИШНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ

ТЎҒРИСИДА


1-модда. Кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни

рағбатлантириш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш ушбу Қонунга ва бошқа норматив ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикасида кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.



2-модда. Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари


Қуйидагилар кичик тадбиркорлик субъектлари ҳисобланади:

мулк шаклидан қатъи назар, ишлаб чиқариш тармоқларида банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони ўн кишигача, савдо, хизмат кўрсатиш ва ноишлаб чиқариш соҳасининг бошқа тармоқларида - беш кишигача бўлган микрофирмалар;

мулк шаклидан қатъи назар, саноат соҳасида банд бўлган ходимларининг ўртача йиллик сони қирқ кишигача, қурилиш, қишлоқ;

хўжалиги ва бошқа ишлаб чиқариш тармоқларида - йигирма кишигача, фан, илмий хизмат кўрсатиш, чакана савдо ва ноишлаб чиқариш соҳасининг бошқа тармоқларида - ўн кишигача бўлган кичик корхоналар.

Ишловчиларнинг белгилаб қўйилган сонини ҳисобот даврида оширишга қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва шартларда йўл қўйилади.

Ўзининг ёки бошқа шахсларнинг жалб этилган мол-мулки асосида, ўз меҳнати ёки ёлланган меҳнатни қўллаш воситасида, таваккал қилиб ва мулкий жавобгарликни зиммасига олиб, товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишга, фойда (даромад) олишга қаратилган ташаббускор фаолиятни амалга ошираётган юридик шахслар хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳисобланадилар.

Юридик шахсни тузмасдан туриб тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган жисмоний шахслар ҳам кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳисобланадилар.



3-модда. Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг

хўжалик уюшмалари


Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ривожлантириш ҳамда уларнинг фаолияти билан боғлиқ вазифаларни биргаликда ҳал этиш мақсадида хўжалик уюшмалари тузилиши мумкин бўлиб, улар ўзларининг уставдаги вазифаларини рўёбга чиқариш учун ишлаб чиқариш ва бошқа тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга ҳақлидир.



4-модда. Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларини

давлат рўйхатига олиш


Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари зарур ҳужжатларни тақдим этган тақдирда, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари уларни рўйхатга олишни рад этишга ёки рўйхатга олиш учун қўшимча шартлар белгилашга ҳақли эмас.

Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олишни асоссиз рад этиш устидан белгиланган тартибда судга шикоят қилиш мумкин.

Суд рўйхатга олиш органининг хатти-ҳаракатини (қарорини) қонунга хилоф деб топган тақдирда, кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектининг рўйхатдан ўтиш билан боғлиқ харажатларини мазкур орган қоплайди.

Рўйхатдан ўтишдан бўйин товлаган тақдирда кичик ва хусусий тадбиркорлик субъекти қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.



5-модда. Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан

ҳисоботларни тақдим этиш тартиби


Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари давлат статистика ва муҳосиба ҳисоботларини Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган, ҳисоботдорликнинг соддалаштирилган таомили ҳамда шаклларини назарда тутадиган тартибда тақдим этадилар.



6-модда. Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари

ва манфаатларининг кафолатлари


Давлат кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилишини кафолатлайди, эркин рақобат учун шарт-шароит яратади, моддий, молиявий, меҳнатга оид ва бошқа ресурслардан фойдаланишда тенг имкониятларни таъминлайди.

Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг кичик ва хусусий тадбиркорлик масалаларига оид, ҳамма учун мажбурий бўлган норматив ҳужжатлари тегишинча Адлия вазирлигида, унинг маҳаллий органларида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши, давлат рўйхатига олиниши зарур, бу ҳужжатлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари хўжалик ва бошқа фаолиятни амалга оширишда ўз ташаббуси билан қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ҳар ҳандай қарор қабул қилишга ҳақлидир.

Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг хизмат ёки тижорат сири бўлган ахборотларнинг ҳимоя қилиниши кафолатланади.

Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режали тартибда текширишлар Ўзбекистон Республикаси Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгашининг қарорига биноан солиқ ва бошқа назорат қилувчи органлар томонидан йилига кўпи билан бир марта амалга оширилиши мумкин.

Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида ҳамда тўла ҳажмда тўловчи, бошқа норма ва қоидаларга риоя қилувчи, аудиторларнинг ҳар йилги тегишли хулосаларига эга бўлган кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан, қоида тариқасида, икки йилда кўпи билан бир марта амалга оширилади.

Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишдан ўтказиш муддатлари ўттиз календарь кунидан ошмаслиги лозим. Алоҳида ҳолларда Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгашининг қарорига биноан бу муддат узайтирилиши мумкин.

Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг, Ўзбекистон Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси аъзоларининг фаолиятини текширишлар Палата юридик хизматлари ва ҳудудий тузилмаларининг мажбурий иштирокида амалга оширилади.

Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларини уларнинг хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда текширишлар Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика Кенгаши тасдиқлаган режалар асосида тегишли назорат қилувчи (ёнгинга қарши, санитария, ветеринария, энергетика назорати ва бошқа) органлар томонидан, қоида тариқасида, бир йўла ўтказиладиган комплекс текширув давомида амалга оширилади.

Аудиторлик текширишларини ўтказиш харажатлари шу текширишларни тайинлаган ташкилотлар ҳисобидан қопланади.

Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўз фаолияти текширишдан ўтказилаётганда қўйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз фаолияти текширилиши тўғрисидаги тегишли ахборотга эга бўлиш;

назорат қилувчи органларнинг текширувчи мансабдор шахсларидан Назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика Кенгаши ёки унинг ҳудудий комиссиялари қарорини, текшириш ўтказиш учун асос ҳисобланувчи бошқа ҳужжатларни талаб қилиш, текширувчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар билан танишиш;

текшириш ўтказиш учун асосга эга бўлмаган шахсларнинг текшириш ўтказишига йўл қўймаслик;

назорат қилувчи органларнинг улар ваколатига кирмайдиган масалаларга оид талабларини бажармаслик ва текшириш предметига тааллуқли бўлмаган материаллар билан уларни таништирмаслик;

назорат қилувчи органларнинг текширувчи мансабдор шахсларидан текшириш тугаганидан сўнг ўн кунгача бўлган муддат ичида текшириш натижаларини акс эттирувчи ҳужжатнинг бир нусхасини олиш;

текшириш натижалари устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиш.


7-модда. Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъекгларининг

фаолиятига аралашувга йўл қўйилмаслиги


Давлат органлари ва бошқа органларнинг, улардаги мансабдор шахслар ва ходимларнинг, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашувига йўл қўйилмайди.

Давлат органлари ёки бошқа органларнинг ҳамда улардаги мансабдор шахсларнинг кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини бузувчи хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан суд тартибида шикоят қилиниши мумкин.

Давлат органлари ёки бошқа органларнинг ёхуд улардаги мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари (қарорлари) туфайли кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектига етказилган зарар, бой берилган фойдани қўшган ҳолда, шу органлар томонидан қопланиши лозим. Зарарни қоплаш тўғрисидаги низолар судда ҳал этилади.

Давлат томонидан кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг мол-мулки олиб қўйилишига йўл қўйилмайди, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар ва тартибда олиб қўйиш бундан мустасно.



8-модда. Кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни

давлат томонидан рағбатлантиришнинг

асосий йўналишлари


Кичик ва хусусий тадбиркорликни шакллантириш, ривожлантириш жараёнларини тартибга солиш ва рағбатлантириш давлат томонидан норматив-ҳуқуқий негизни такомиллаштириш, инфраструктурани шакллантириш ҳамда кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун шарт-шароит яратиш асосида иқтисодий таъсир кўрсатиш йўли билан амалга оширилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида:

кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун маҳаллий солиқлар ва йиғимлар бўйича имтиёзлар белгилайдилар;

кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг ҳудудий дастурларини ишлаб чиқадилар;

кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини аниқлайдилар.



9-модда. Кичик ва хусусий тадбиркорликни

ривожлантириш дастурлари


Кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш Вазирлар Маҳкамаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ишлаб чиқиладиган кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг давлат ҳамда ҳудудий дастурларига мувофиқ амалга оширилади.

Кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг давлат ва ҳудудий дастурлари бозор инфраструктурасини вужудга келтиришни, қулай тадбиркорлик муҳитини шакллантиришни ҳамда кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни иқтисодий рағбатлантириш тадбирларини ўз ичига олади.

Дастурларни молиявий таъминлаш кичик ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш фондлари, халқаро дастурлар бўйича, хусусий ва бошқа манбалардан жалб этилган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.



10-модда. Кичик ва хусусий тадбиркорликни

қўллаб-қувватлаш фондлари


Кичик ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш фондлари:

кредитлар, шу жумладан, имтиёзли кредитлар бериш асосида инвестиция лойиҳаларини молиявий таъминлаш;

устав сармоясида иштирок этиш;

маслаҳат ва ахборот хизматлари кўрсатиш шаклида техник жиҳатдан кўмаклашиш;

инфраструктурани ривожлантиришга кўмаклашиш;

олинаётган кредитлар учун кафолатлар, мажбуриятлар ва кафилликлар бериш йўли ҳамда қўллаб-қувватлашнинг бошқа шакллари билан кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ривожлантиришни рағбатлантириш учун ҳосил қилинади.



11-модда. Кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни

рағбатлантиришнинг устуворликлари


Қишлоқ жойлардаги кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларини, шунингдек рақобатбардош ва экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва шундай хизматлар кўрсатиш юзасидан кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларини барпо этиш кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантиришнинг устувор йўналишларидир.



12-модда. Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларини

барпо этишда хусусийлаштириш ва давлат тасарруфидан

чиқаришнинг хусусиятлари


Кичик ва хусусий корхоналарни барпо этишда давлат тасарруфидан чиқарилаётган ва хусусийлаштирилаётган асосий фондлар қийматининг имтиёзли индексацияси қўлланади.

Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари хусусийлаштирилганидан кейин, махсус инвестиция фондлари ва банкларини ташкил этиш, кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларини рўёбга чиқариш учун хусусийлаштиришдан тушган маблағларни жамлаш ва улардан фойдаланиш йўли билан, шунингдек бошқа шаклларда қўллаб-қувватланади.



13-модда. Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларига

мол-мулкни ижарага бериш


Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ер участкаларини ижарага олиш, шунингдек биноларни, иншоотларни, машиналарни, ускуналарни ва бошқа мол-мулкни ижарага олиш, шу жумладан, ихтисослаштирилган лизинг корхоналари воситачилигида кейинчалик сотиб оладиган тарзда ижарага олиш ҳуқуқига эга.

Қишлоқ жойлардаги кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иморатни ижарага олиш ёки сотиб олишда, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси объектларини улар жойлашган ер участкалари билан биргаликда сотиб олишда биринчи навбат ҳуқуқига эга.



14-модда. Ахборот соҳасида қўллаб-қувватлаш


Давлат бошқарув органлари кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларини иқтисодий, ҳуқуқий, статистика, ишлаб чиқариш технологияга оид ва самарали фаолият юритиш учун керакли бошқа ахборотлар билан таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқадилар ва амалга оширадилар.

Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ахборот хизмати кўрсатиш қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзли шартларда амалга оширилади.



15-модда. Кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни

ишлаб чиқариш-технология жиҳатидан қўллаб-қувватлаш


Давлат бошқарув органлари кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари замонавий ускуна ва технологиялар олишига, технопарклар, лизинг корхоналари, бизнес-инкубаторлар, ишлаб чиқариш-технология марказлари ва инфраструктуранинг бошқа объектлари тармоғини барпо этишга ёрдам бериш юзасидан тадбирлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини таъминлайдилар, ихтисослашган улгуржи бозорлар, ярмаркалар барпо этиш ва ташкил этишда ёрдамлашадилар.



16-модда. Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг

давлат эҳтиёжлари учун маҳсулотлар ишлаб чиқариш

ва хизматлар кўрсатишдаги иштироки


Давлат бошқарув органлари маҳсулотлар харид этиш ва етказиб бериш, хизматлар кўрсатиш учун шартномаларни тузиш вақтида буюртмаларни танлов асосида кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларига тақсимлаб беришлари мумкин.



17-модда. Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг

маҳсулотлари ва хизматларини реализация қилиш

вақтида нарх белгилаш


Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўз маҳсулотлари ва хизматларини, мавжуд талаб-эҳтиёжлардан келиб чиқиб эркин баҳода реализация қиладилар.



18-модда. Кичик ва хусусий тадбиркорлик

субъектларидан солиқ олиш


Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларидан, шу жумладан, қишлоқ жойларда фаолият олиб бораётган ёки рақобатбардош ва экспрртга мўлжалланган маҳсулот ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатиш билан шуғулланаётан кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларидан солиқ олиш, шунингдек уларни солиқ тўлашдан озод қилиш солиқ тўлашни кечиктириб туриш тартиби ва солиқ олиш бўйича бошқа имтиёзлар қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.

Солиқ олишга доир қонун ҳужжатларига кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун бирмунча ноқулайроқ шароитларни юзага келтирадиган ўзгартишлар киритилган тақдирда, мазкур субъектлардан кейинги икки йил мобайнида улар давлат рўйхатидан ўтган пайтда амалда бўлган қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ ундирилади.



19-модда. Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятидан

маҳаллий бюджетларга тушадиган солиқ тушумлари


Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари фаолиятидан келадиган солиқ тушумларининг маҳаллий бюджетларга йўлланадиган ажратмалари нормативлари қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.



20-модда. Тезлаштирилган амортизация


Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқариш чиқимларига мўлжалланган харажатларга киритиб, асосий ишлаб чиқариш фондларининг тезлаштирилган амортизациясини тегишли асосий фондлар учун белгиланган нормадан икки мартадан кўпроқ ошиб кетмайдиган миқдорда қўлланишга ҳақлидир.

Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари уч йилдан кўпроқ муддат давомида ишлатилиб, амортизация ажратмалари ажратиб келинган асосий фондлар дастлабки қлйматининг 50 фоизига қадарини ҳисобдан чиқаришга ҳақлидир.

Кичик ёки хусусий корхона ишга тушган пайтдан эътиборан икки йил ўтгунга қадар ўз фаолиятини тугатган тақдирда қўшимча равишда ҳисоблаб чиқарилган (тезлаштирилган) амортизация суммаси кичик ёки хусусий корхонанинг баланс фойдаси кўпайиши ҳисобига қайтарилиши керак.



21-модда. Қишлоқдаги кичик ва хусусий тадбиркорлик

субъектларига энергия таъминоти манбаини ишлатишда

бериладиган имтиёзлар


Энергия таъминоти манбаидан фойдаланишда қишлоқ хўжалик ишлаб чиқарувчилари учун белгиланган имтиёзли тарифлар қишлоқдаги кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларига ҳам тааллуқлидир.



22-модда. Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларини

имтиёзли кредитлаш


Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, қарз олувчининг қарзни тўлашга қодирлигини ва таваккал қилиш даражасини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларини имтиёзли кредитлашни махсус фондлар ихтисослаштирилган агентликларнинг суғурта полиси асосида амалга оширадилар.



23-модда. Кичик ва хусусий тадбиркорликни

суғурта йўли билан ҳимоя қилиш


Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларини суғурталашни суғурта ташкилотлари амалга оширадилар.

Тадбиркорлик таваккалчиликларидан ҳамда кредитлар қопланмаганлиги учун қарздорни жавобгарликдан имтиёзли шартларда суғурта йўли билан ҳимоя қилиш ихтисослаштирилган суғурта агентликлари ва бошқа суғурта ташкилотлари томонидан таъминланади.

Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларини суғурта қилишни амалга ошираётган суғурта ташкилотлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёзлардан фойдаланадилар.



24-модда. Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг

ўзаро кредит бериши


Кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари қатнашчиларнинг вақтинча ишлатилмаётган пул маблағларини молиявий ёрдам кўрсатиш мақсадида жамлаш учун ўзаро кредит бериш жамиятини ташкил этишга ҳақлидир. Шу билан бирга кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун ушбу Қонунда назарда тутилган имтиёзлар ўзаро кредит бериш жамиятига ҳам татбиқ этилади.



25-модда. Тижорат банкларининг кичик ва хусусий тадбиркорлик

субъектларига зарар етказилганлиги учун жавобгарлиги


Тижорат банклари кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларига зарар етказилганлиги учун, шу жумладан, бой берилган фойда тарзида зарар етказилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Тижорат банклари кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларига банкдаги ўз ҳисобварақларидан ўз маблағларини олишни рад этишга ҳақли эмас.



26-модда. Ташқи иқтисодий фаолиятдаги ҳамкорлик


Давлат бошқарув органлари кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт-импорт операцияларидаги иштирокини кенгайтиришга, шунингдек мазкур субъектларнинг ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги дастурларни ва лойиҳаларни рўёбга чиқаришда қатнашувига оид тадбирларни амалга оширадилар, уларнинг халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда қатнашишларига ёрдам берадилар.



27-модда. Кичик ва хусусий тадбиркорлик учун кадрлар тайёрлашни

давлат томонидан қўллаб-қувватлаш


Давлат кичик ва хусусий тадбиркорлик учун кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантиришни таъминлайди. Қишлоқ жойлардаги кичик ва хусусий тадбиркорлик учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш билан шуғулланувчи муассасалар ва ташкилотлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёзлардан фойдаланадилар.



28-модда. Халқаро шартномалар ва битимлар


Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ёки битимларида ушбу Қонунда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома ёки битимнинг қоидаси қўлланилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                            И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси", 1995 й., 12-сон, 252-модда