язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қурилиш ва архитектура/ Ўзбекистон Республикасининг 22.12.1995 й. 174-I-сон "Архитектура ва шаҳарсозлик тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

22.12.1995 й.

N 174-I



АРХИТЕКТУРА ВА ШАҲАРСОЗЛИК ТЎҒРИСИДА


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг архитектура ва

шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Архитектура ва шаҳарсозлик соҳасидаги муносабатлар ушбу Қонун ва бошқа қонунлар билан тартибга солинади.

Қорақалпоғистон Республикасида архитектура ва шаҳарсозлик соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.



2-модда. Архитектура ва шаҳарсозлик соҳасидаги

ҳуқуқий муносабатларнинг мавзуи


Архитектура ва шаҳарсозлик соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларнинг мавзуи:

аҳолини жойлаштиришни ҳудудий ташкил этиш, ишлаб чиқарувчи кучларни жойлаштириш, шаҳарлар, аҳоли яшайдиган бошқа манзилгоҳларни ҳамда уларнинг ижтимоий, муҳандислик ва транспорт инфраструктураларини атроф-муҳитнинг ҳолатини ҳисобга олган ҳолда барқарор ривожлантириш;

аҳоли пунктларини, уларнинг тизимлари, функционал зоналари ва ҳудудларини режалаш, қуриш ҳамда қайта қуриш, тарихий-маданий меросни, қўриқланадиган зоналарни, шаҳарсозлик, архитектура, монументал санъат ёдгорликларини, табиий-ландшафт мажмуилари ва шаҳарсозлик жиҳатидан аҳамиятли бошқа ҳудудларни сақлаш, қайта тиклаш ва муҳофаза қилиш;

ишлаб чиқариш объекти бинолари, уй-жойлар ва фуқаролик ҳамда қишлоқ хўжалик аҳамиятидаги бинолар қурилишини лойиҳалаш ва муҳандислик-техник изланишларини олиб бориш учун лицензиялар бериш;

лойиҳалаш-қидирув, қурилиш ишларининг сифати, бинокорлик материалларининг ишлаб чиқарилиши, архитектура-шаҳарсозлик ечимларининг рўёбга чиқарилиши устидан архитектура-қурилиш назоратини амалга ошириш;

нормалар, қоидалар, стандартларни ишлаб чиқиш ва илмий тадқиқотлар ўтказиш;

ҳудудларни хавфли табиий ва техноген жараёнлардан ҳимоялаш;

архитектура ва шаҳарсозлик воситалари асосида яшаш муҳитини яратиш ҳамда уни ўзгартириш билан боғлиқ бошқа фаолиятдан иборатдир.



3-модда. Архитектура-шаҳарсозлик фаолиятининг

асосий тамойиллари


Архитектура-шаҳарсозлик фаолияти қуйидаги тамойиллар асосида амалга оширилади:

инсоннинг яшаш муҳитини минтақавий, миллий, табиий-иқлимий ва бошқа хусусиятларни, экологик, техник, санитария-гигиеник ва эстетик талабларни ҳисобга олган ҳолда ўзгартириш;

фуқароларнинг ва архитектура-шаҳарсозлик фаолияти бошқа субъектларининг манфаатларини ҳисобга олиш ҳамда ҳуқуқларига риоя этиш, қарорлар қабул қилишда ошкоралик ва жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш;

аҳоли пунктини, ҳудудни ижтимоий ва макон жиҳатидан яхлит ҳолда ривожлантириш манфаатларининг устуворлиги;

ҳудудий ва бошқа архитектура-шаҳарсозлик ресурсларидан оқилона фойдаланиш, аҳолини хавфли техноген ва геологик жараёнлар, бошқа табиий офатлар эҳтимол тутилган юз беришидан ҳимоя қилиш ва бундай фалокатлар келтирадиган зарарни камайтириш;

архитектура-шаҳарсозликка оид қимматли меросни асраш, архитектура ва шаҳарсозликда миллий ҳамда маданий анъаналарни ривожлантириш.



4-модда. Архитектура-шаҳарсозлик фаолиятининг объектлари


Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикасининг, Қорақалпоғистон Республикасининг, вилоятларнинг, аҳоли пунктларининг ҳудуди, уларнинг тизимлари ва қисмлари;

умумреспублика ва минтақавий аҳоли жойлашуви тизимлари, ер участкалари, бинолар ва иншоотлар, ҳудудий-ишлаб чиқариш, шаҳарсозлик ва ландшафт мажмуилари, табиатни муҳофаза қилиш ва саноат рекреация зоналари, архитектура-шаҳарсозлик, археология ёдгорликлари ва уларнинг қўриқланадиган зоналари, муҳандислик-транспорт коммуникацияларининг сувдаги ва қуруқликдаги ҳудудлари архитектура-шаҳарсозлик фаолиятининг объектларидир.



5-модда. Архитектура-шаҳарсозлик фаолиятининг субъектлари


Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, чет эллик юридик ва жисмоний шахслар архитектура-шаҳарсозлик фаолиятининг субъектларидир.

Архитектура-шаҳарсозлик фаолиятининг субъектлари:

буюртмачилар (инвесторлар);

архитектура-шаҳарсозлик, қурилиш лойиҳаларини ишлаб чиқувчилар;

объектларни қуриш (қайта қуриш, таъмирлаш ва ободонлаштириш) бўйича пудратчилар;

архитектура-шаҳарсозлик фаолияти объектларидан фойдаланувчилар сифатида иш кўришлари мумкин.



II БОБ. ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ВА БОШҚАРУВ

ОРГАНЛАРИНИНГ АРХИТЕКТУРА ВА ШАҲАРСОЗЛИК

СОҲАСИДАГИ ВАКОЛАТЛАРИ


6-модда. Архитектура ва шаҳарсозлик бўйича

давлат бошқарув органлари


Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси (бундан буён матнда "Ўздавархитектқурилиш" деб юритилади);

вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар архитектура ва шаҳарсозлик бош бошқармалари;

туманлар (шаҳарлар) архитектура ва шаҳарсозлик бўлимлари (бошқармалари) архитектура ва шаҳарсозлик бўйича давлат бошқарув органларидир.

Вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар архитектура ва шаҳарсозлик бош бошқармаларига, туманлар (шаҳарлар) архитектура ва шаҳарсозлик бўлимларига (бошқармаларига) бош архитекторлар раҳбарлик қиладилар.

Архитектура ва шаҳарсозлик бўйича давлат бошқарув органлари ўз ваколатларини ушбу Қонуннинг 3-моддасида баён этилган архитектура-шаҳарсозлик фаолиятининг асосий тамойилларига асосланган ҳолда амалга оширади.

Вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг, туманларнинг (шаҳарларнинг) архитектура ва шаҳарсозлик бўйича давлат бошқарув органлари ўз ваколатларига кирадиган масалаларда тегишли ҳокимларга ва юқори турувчи органларга бўйсунадилар.



7-модда. Вазирлар Маҳкамасининг архитектура

ва шаҳарсозлик соҳасидаги ваколатлари


Архитектура ва шаҳарсозлик соҳасида Вазирлар Маҳкамаси тасарруфига:

комплекс давлат дастурларини тасдиқлаш ва уларнинг рўёбга чиқарилишига кўмаклашиш;

умумдавлат ёки минтақалараро аҳамиятга молик архитектура-шаҳарсозлик ва лойиҳа ҳужжатларининг асосий қоидаларини тасдиқлаш;

давлатлараро дастурлар рўёбга чиқарилишида қатнашиш;

архитектура ва шаҳарсозлик бўйича ҳукуматлараро шартномалар ҳамда битимлар тузиш;

лойиҳа-тадқиқот ҳужжатларининг давлат экспертизасини ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда лицензия бериш тартибини белгилаш;

давлат шаҳарсозлик кадастрини юритиш тартибини, архитектура ва шаҳарсозлик бўйича давлат бошқарув органларининг ташкилий тузилишини, ваколатларини белгилаш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалаларни ҳал этиш киради.



8-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

архитектура ва шаҳарсозлик соҳасидаги ваколатлари


Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфига:

ўзига қарашли ҳудудларда архитектура-шаҳарсозлик фаолиятига дахлдор масалаларни ҳал этиш;

чегарадош аҳоли пунктлари ҳамда ҳудудларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда дастурлар, режалар, лойиҳалар ва илмий тадқиқотларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва рўёбга чиқариш;

ўзига қарашли ҳудудда жойлашган шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларини лойиҳа-режалаш ҳужжатлари билан таъминлаш;

аҳолини оқилона жойлаштириш, ҳудудни ташкил этиш, транспорт тизимлари, ижтимоий ва муҳандислик инфраструктураларини ривожлантириш масалаларини ҳал этиш;

архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларининг лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва муҳокама қилишда фуқароларнинг иштирокини таъминлаш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органлари объектларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда бундай объектларни қуриш бўйича буюртмачи вазифасини бажариш, уларни маблағ билан таъминлаш;

агар ушбу Қонун талабларига, тасдиқланган архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатлари ва аҳоли пунктини қуриш қоидаларига мувофиқ бўлмаса, қурилишнинг барча турларини ман этиш, тўхтатиб туриш ёки чеклаб қўйиш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалаларни ҳал этиш киради.



9-модда. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура

ва қурилиш қўмитасининг ваколати


"Ўздавархитектқурилиш" архитектура ва шаҳарсозлик соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи махсус ваколат берилган давлат бошқарув органидир.

"Ўздавархитектқурилиш"нинг ваколати унинг Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган Низомида белгилаб қўйилади.

"Ўздавархитектқурилиш"нинг ўз ваколати доирасида қабул қилган қарорлари барча вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, жамоат бирлашмалари, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, чет эллик юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурийдир.



10-модда. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар)

архитектура ва шаҳарсозлик бош бошқармаларининг,

бўлимларининг (бошқармаларининг) ваколати


Вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар архитектура ва шаҳарсозлик бош бошқармаларининг ваколати, Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган намунавий Низомга мувофиқ, "Ўздавархитектқурилиш" маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишган ҳолда тасдиқлайдиган низомлар билан белгиланади.

Туманлар (шаҳарлар) архитектура ва шаҳарсозлик бўлимларининг (бошқармаларининг) ваколати, Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган намунавий низомга мувофиқ, вилоятлар ва Тошкент шаҳар архитектура ва шаҳарсозлик бош бошқармалари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишган ҳолда тасдиқлайдиган низомлар билан белгиланади.

Архитектура ва шаҳарсозлик бош бошқармаларининг, бўлимларининг (бошқармаларининг) ўзларига берилган ваколат доирасида қабул қилган қарорлари уларга қарашли ҳудудда корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, чет эллик юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурийдир.



III БОБ. АРХИТЕКТУРА-ШАҲАРСОЗЛИК ФАОЛИЯТИ

СУБЪЕКТЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА БУРЧЛАРИ


11-модда. Архитектура-шаҳарсозлик фаолияти

субъектларининг ҳуқуқлари


Архитектура-шаҳарсозлик фаолиятининг субъектлари:

архитектура-шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш вақтида аҳоли пунктларини, уларнинг тизимлари ва ҳудудларини ўз фаолиятларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган тарзда режалаш, қуриш ҳамда қайта қуришга доир қарорлар тайёрланиши ва қабул қилиниши ҳақида, шунингдек яшаш муҳитининг экологик ва санитария-гигиена ҳолати тўғрисида ҳокимиятнинг маҳаллий вакиллик ҳамда ижроия органларидан ахборот олиш;

мансабдор, юридик ва жисмоний шахсларнинг архитектура-шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги ўз ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфатларини чеклаб қўядиган хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эгадирлар.



12-модда. Архитектура-шаҳарсозлик фаолияти

субъектларининг бурчлари


Архитектура-шаҳарсозлик фаолиятининг субъектлари:

ушбу Қонун ва архитектура-шаҳар.созлик фаолияти соҳасидаги бошқа норматив ҳужжатларнинг талабларига риоя этишлари;

тарихий ва маданий бойликларга, архитектура ёдгорликларига, табиий ва сунъий ландшафтларга зарар етказмасликлари, аҳолининг яшаш муҳити сифатини ёмонлаштирадиган, архитектура-шаҳарсозлик фаолияти бошқа субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини чеклаб қўядиган ҳатти-ҳаракатларга йўл қўймасликлари;

ўзларига мулк қилиб берилган, эгалик қилиш ёки фойдаланиш учун берилган ер участкаларидан белгиланган мақсадда архитектура-шаҳарсозлик фаолияти соҳасидаги норматив ҳужжатларга, мазкур ҳудудни режалаш ва қуриш шарт-шароитларига зид бўлмаган доирада фойдаланишлари;

архитектура-шаҳарсозлик фаолияти бўйича давлат бошқарув органларининг кўрсатмалари ва буйруқ-фармойишларини бажаришлари шарт.



13-модда. Буюртмачиларнинг архитектура-шаҳарсозлик

ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда рўёбга чиқариш

борасидаги ҳуқуқлари ва бурчлари


Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, чет эллик юридик ва жисмоний шахслар архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда рўёбга чиқариш бўйича буюртмачилар бўлишлари мумкин.

Буюртмачилар:

архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчини, объектлар ва иморатлар мажмуиларини қуриш учун пудратчини эркин танлаш;

ишлаб чиқувчи лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаши учун бевосита ёки воситачи орқали буюртма бериш;

лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш учун ва қурилишни олиб бориш учун шартномалар тузиш ҳамда олдиндан келишилган шартларга мувофиқ уларни бекор қилиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эгадир.

Буюртмачилар:

ушбу Қонун ҳамда архитектура ва шаҳарсозликка оид бошқа қонунларнинг талабларига риоя этишлари:

лойиҳалаштиришнинг бориши устидан назоратни амалга оширишлари ва лойиҳа ҳужжатлари белгиланган тартибда экспертиза қилинишини таъминлашлари;

қурилиш сифати устидан назоратни амалга оширишлари ва архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатлари рўёбга чиқарилиши юзасидан муаллифлик назорати олиб борилишини таъминлашлари шарт.



14-модда. Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини

ишлаб чиқувчиларнинг ҳуқуқлари ва бурчлари


Республика ҳудудида архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳуқуқини берувчи тегишли лицензияга эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчилар бўлишлари мумкин.

Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчилар:

буюртмачилар ҳамда архитектура ва шаҳарсозлик бўйича давлат бошқарув органлари билан келишилган ҳолда, белгиланган тартиб доирасида ишлаб чиқиладиган ҳужжатларнинг таркиби ва ҳажмини белгилаш;

буюртма олиш учун танловларда қатнашиш;

қабул қилинган лойиҳа ечимларининг бажарилиши устидан муаллифлик назоратини амалга ошириш;

қурилиш, монтаж қилиш ишлари ва махсус ишлар тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларини, норматив талабларни бузган ҳолда ва одамлар ҳаёти ҳамда соғлиғига, тарихий ва маданий бойликларга, шу жумладан, архитектура ва шаҳарсозлик ёдгорликларига, табиий ландшафтларга зарар етказишга ва уларнинг йўқолиб кетишига хавф туғдирадиган, шунингдек юридик ва жисмоний шахсларнинг мулкига, ҳуқуқлари ҳамда манфаатларига, давлат манфаатларига зарар етказадиган тарзда бажарилгани тақдирда, бундай ишларни тўхтатиб қўйиш ёки тўхтатиб туриш;

зарурат бўлган тақдирда архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларига белгиланган тартибда ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқига эгадирлар.

Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқувчилар ушбу Қонун ҳамда архитектура ва шаҳарсозлик соҳасидаги бошқа қонунларнинг талабларига риоя этишлари шарт.



15-модда. Пудратчиларнинг архитектура-шаҳарсозлик

ҳужжатларини рўёбга чиқаришдаги ҳуқуқлари ва бурчлари


Қурилиш учун лойиҳалаш ва муҳандислик-техник изланиш ишларини олиб бориш, қурилиш, монтаж қилиш ишлари ва бошқа махсус ишлар бажариш ҳуқуқини берувчи тегишли лицензиялари бўлган юридик ва жисмоний шахслар пудратчи бўлишлари мумкин.

Пудратчилар:

буюртмачилар, лойиҳалаш ва илмий-тадқиқот институтлари, лойиҳа муаллифи билан биргаликда бинолар ва иншоотларнинг янги конструктив ечимларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

лойиҳа муаллифи, архитектура ва шаҳарсозлик бўйича давлат бошқарув органлари ҳамда буюртмачи билан келишувга биноан лойиҳа ҳужжатларига уларнинг архитектуравий-бадиий қиёфаси ва конструктив ечимига путур етказмаган ҳолда, техник-иқтисодий кўрсаткичларини яхшилайдиган ўзгартишлар киритиш;

лойиҳа муаллифидан зарур техникавий маслаҳатлар олиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқига эгадир.

Пудратчилар турар жой, жамоат, ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари қуришни, муҳандислик коммуникациялари ва иншоотлари қурилишини, ободонлаштиришни тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ, иморатларнинг зилзилабардошлиги, узоққа чидамлилиги ва сифатлилигини таъминлаган, амалдаги республика қурилиш нормалари ва қоидалари талабларига риоя этган ҳолда бажаришлари шарт.



16-модда. Архитектура-шаҳарсозлик лойиҳалари ва

асарларига муаллифлик ҳуқуқи


Архитектура-шаҳарсозлик лойиҳалари ва асарларига муаллифлик ҳуқуқи фуқаролик қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.



IV БОБ. ШАҲАР ВА ҚИШЛОҚ АҲОЛИ ПУНКТЛАРИ.

АРХИТЕКТУРА-ШАҲАРСОЗЛИК ҲУЖЖАТЛАРИ


17-модда. Шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларини

жойлаштириш ва ривожлантириш


Янги аҳоли пунктларини жойлаштириш ва мавжудларини ривожлантириш аҳоли пунктларининг (шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқлар, овуллар ва бошқа яшаш жойларининг) норматив жиҳатдан фарқланишига, режа-иқтисодий ва шаҳарсозлик истиқболларига, Ўзбекистон Республикасининг ҳудудий ташкил этилиши чизмасига, ҳудудий режалаштириш чизмалари ва лойиҳалари, бош режаларга, шунингдек шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларини режалаш ва қуриш лойиҳаларига мувофиқ амалга оширилади.

Шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларини ташкил этиш ҳамда қайта ташкил этиш, уларнинг мақоми ва чегараларини ўзгартириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳамда тасдиқланган шаҳарсозлик лойиҳа ҳужжатлари асосида амалга оширилади.

Аҳоли пунктлари чегаралари доирасидаги барча ерлар, уларнинг функционал мақсади ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар, улардан фойдаланишни тасдиқланган бош режага мувофиқ тартибга солиб турадиган маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тасарруфида бўлади.

Шаҳарларнинг (посёлкаларнинг) ҳудудий режалаштириш лойиҳалари ва бош режаларига мувофиқ, ҳудудий ривожлантириш ҳисобга олинган ҳолда аҳоли пунктларининг чегаралари аниқлаб қўйилган шаҳар (посёлка) доираси белгиланади.



18-модда. Давлат шаҳарсозлик кадастри


Давлат шаҳарсозлик кадастри - шаҳарсозлик жиҳатидан тартибга солинадиган ҳудудлардан фойдаланишнинг табиий, хўжалик ва ижтимоий-ҳуқуқий тартиботи, ҳаёт ва фаолият муҳити ҳолати тўғрисидаги бутун мамлакат учун ягона ахборот тизимидир.

Кадастр аҳоли пунктларининг ерлари ва объектлари рўйхатини, таснифини белгилайди ҳамда ҳудудни иқтисодий, ижтимоий ва экологик жиҳатдан комплекс баҳолаш учун асос бўлади.

Давлат шаҳарсозлик кадастрини юритиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



19-модда. Атроф-муҳитни, архитектура ва шаҳарсозлик

санъати ёдгорликларини шаҳарсозлик жиҳатидан

муҳофаза қилиш


Ҳар бир аҳоли пункти маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шаҳарсозлик фаолияти ва табиий омилларнинг ўзаро таъсирини тартибга солувчи, хавфли табиий жараёнлар ва ифлосланишнинг олдини олувчи атроф-муҳит экологик мувозанатининг комплекс дастури билан таъминланади.

Тарихан шаклланган аҳоли пунктларини шаҳарсозлик жиҳатидан муҳофаза қилиш махсус ваколат берилган давлат органи зиммасига юклатилади. Шаҳарсозлик жиҳатидан муҳофаза қилиш архитектура, ландшафт санъати ва археология ёдгорликларини, аҳоли пунктларининг бош режалари таркибида ишлаб чиқиладиган анъанавий тураржой муҳитидаги архитектура-этнография зоналарини, тарихий, муҳофаза, қўриқхона зоналарини тадқиқ этиб бориш ҳамда комплекс қайта қуриш ва қайта тиклаш йўли билан амалга оширилади.

Архитектура ва археология ёдгорликларини таъмирлаш-қайта тиклаш ишларини олиб бориш, уларнинг тарихий-бадиий қимматига путур етказмаган ҳолда ҳозирги замон мақсадларида фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Қўриқхона зоналари (археологик, архитектура-этнографик, ландшафт, тарихий-кўргазмали ва бошқа зоналар), уларнинг чегаралари ва уларни қўриқлаш ҳамда улардан фойдаланишнинг алоҳида шартлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тақдимномаси бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши лозим.

Қўриқхона-шаҳарларда ва архитектура ёдгорликлари мавжуд бўлган жойларда шаҳарсозлик ишлари уларнинг архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларида белгилаб қўйиладиган назорат остидаги чегаралари доирасида тарихан шаклланган муҳандислик-геологик, гидрогеологик ва геоэкологик шароитларига путур етказмаслиги лозим.

Қўриқланадиган зоналар, архитектура ёдгорликлари доирасидаги барча қурилиш, ободонлаштириш ва қайта қуриш ишлари, уларни умумий тартибда, шунингдек тарих ва маданият ёдгорликларини муҳофаза қилиш органлари билан келишиб олинганидан сўнг белгиланади.



20-модда. Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатлари

ва уларнинг нормативларга мос бўлишини таъминлаш


Архитектура-шаҳарсозлик дастурлари ва лойиҳалари (муайян жойни режалашга доир маълумотлар, чизмалар ва лойиҳалар, шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг бош режалари, тураржой объектларининг, ижтимоий, маданий-маиший, саноат бинолари ва иншоотларининг техник-иқтисодий асослари, лойиҳа-смета ҳужжатлари) архитектура ва шаҳарсозликка оид қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ишлаб чиқилади.

Архитектура-шаҳарсозликка доир дастурлар, релолар ва лойиҳаларнинг таркиби ҳамда уларни ишлаб чиқиш тартиби "Ўздавархитектқурилиш" томонидан белгиланади.

Белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳа-режалаш ҳужжатлари тегишли ҳудудда архитектура-шаҳарсозлик фаолиятининг барча қатнашчилари томонидан бажарилиши мажбурийдир.

Қурилишни олиб боришга доир лойиҳа-смета ҳужжатлари архитектура ва шаҳарсозлик бўйича давлат бошқарув органлари берадиган архитектура-режалаш топшириғи асосида ишлаб чиқилади.

Қурилишни олиб боришга доир лойиҳа-смета ҳужжатлари, уни такроран келишиб олмасдан ва тасдиқламасдан туриб, буюртмачилар, лойиҳани рўёбга чиқараётган органлар ёки лойиҳа муаллифлари томонидан ўзгартирилиши мумкин эмас.

Архитектура-шаҳарсозлик нормалари, қоидалари ҳамда стандартлари аҳоли ҳаёт ва фаолият муҳити сифатининг асосий кўрсаткичларини, ижтимоий-иқтисодий, табиий-иқлимий ва бошқа шароитларни ҳисобга олган ҳолда ҳудудларни шаҳарсозлик жиҳатидан ўзлаштириш, аҳоли пунктларини режалаш ва қуриш борасида қўйиладиган санитария-гигиена талабларини, техникавий талабларни, фойдаланишга оид, ёнғиндан сақлашга қаратилган ва бошқа талабларни тартибга солади.

Давлат архитектура-шаҳарсозлик нормалари, қоидалари ҳамда стандартлари Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда тасдиқланади.



21-модда. Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларининг экспертизаси


Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларининг экспертизаси шу ҳужжатларни ишлаб чиқувчилар қонун ҳужжатлари талабларига қанчалик риоя этганлигини аниқлаш мақсадида ўтказилади.

Архитектура-шаҳарсозлик ҳужжатларининг экспертизаси лойиҳаларни экспертиза қилиш учун махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда берилган тегишли лицензияга эга бўлган юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўтказилади.

Лойиҳаларни экспертиза қилиш давлат органлари ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган Низомга мувофиқ амалга оширади.



V БОБ. АРХИТЕКТУРА-ШАҲАРСОЗЛИК ФАОЛИЯТИНИ

АМАЛГА ОШИРИШНИНГ ИҚТИСОДИЙ АСОСЛАРИ


22-модда. Архитектура-шаҳарсозлик фаолиятини

маблағ билан таъминлаш


Архитектура-шаҳарсозлик фаолиятини инвестициялаш ва маблағ билан таъминлаш буюртмачиларнинг - юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларнинг маблағларини жалб этиш йўли билан амалга оширилади.

Архитектура-шаҳарсозлик фаолиятини маблағ билан таъминлаш учун давлат маблағларидан, шунингдек жамоат фондларининг маблағларидан фойдаланиш ҳудудни шаҳарсозлик жиҳатидан ўзлаштириш давлат, минтақалараро манфаатларга ёхуд аҳоли пунктлари тизими манфаатларига дахлдор бўлган ҳолларда амалга оширилади.



23-модда. Архитектура-шаҳарсозлик фаолиятини

иқтисодий рағбатлантириш


Архитектура-шаҳарсозлик фаолиятини ривожлантириш учун иқтисодий рағбатлантириш ва имтиёзлар белгилаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгилаб қўйилади.



VI БОБ. ДАВЛАТ АРХИТЕКТУРА-ҚУРИЛИШ НАЗОРАТИ


24-модда. Давлат архитектура-қурилиш назоратининг мақсади


Давлат архитектура-қурилиш назорати вазирликлар, идоралар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан, чет эллик юридик ва жисмоний шахслар томонидан архитектура ва шаҳарсозлик соҳасидаги қонун ҳужжатлари, лойиҳа ечимлари талабларига, аҳоли пунктларини режалаш ва қуришнинг, ишлар сифати ва фойдаланишнинг белгиланган нормалари ҳамда қоидаларига риоя этилиши мақсадида амалга оширилади.



25-модда. Давлат архитектура-қурилиш назорати органлари


Давлат архитектура-қурилиш назорати "Ўздавархитектқурилиш"нинг Давлат архитектура-қурилиш назорати бошқармаси ("Давархитектқурилишназорат") ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат архитектура-қурилиш назорати инспекциялари томонидан амалга оширилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари архитектура-қурилиш назоратининг давлат инспекторларига улар хизмат бурчларини ижро этиш чоғида амалий ёрдам кўрсатишлари шарт.

Архитектура-қурилиш назорати органлари ўз фаолиятларида қонун ҳужжатларига ҳамда Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган Низомга амал қиладилар.



VII БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


26-модда. Шаҳарсозлик суғуртаси


Республикада архитектура-шаҳарсозлик объектлари ва иморатлар мажмуилари табиий офатлар, портлашлар, ёнғинлар ҳамда фалокатлардан ихтиёрий ва мажбурий суғурталанади.

Архитектура-шаҳарсозлик объектларини суғурталаш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



27-модда. Архитектура-шаҳарсозликка оид қонун

ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Архитектура-шаҳарсозликка оид қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



28-модда. Низоларни ҳал этувчи органлар

ва низоларни ҳал этиш тартиби


Архитектура-шаҳарсозлик фаолияти жараёнида келиб чиқувчи низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Чегарадош ҳудудлар ва аҳоли пунктларини комплекс ташкил этиш билан боғлиқ низолар Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳал этилади.

Ўзбекистон Республикасининг бошқа давлатга чегарадош ҳудудлари ҳамда аҳоли пунктларини комплекс ташкил этиш билан боғлиқ низолар манфаатдор томонларнинг комиссияси томонидан ёки давлатлараро шартномалар, битимларда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.



29-модда. Халқаро шартномалар ва битимлар


Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ёки битимларида ушбу Қонунда назарда тутилганидан ўзгача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома ёки битим қоидалари қўлланилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                            И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ахборотномаси", 1995 й., N 12, 264-модда