язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Фуқаролик ва оила қонунчилиги/ Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикасининг 19.11.1991 й. 425-XII-сон "Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

19.11.1991 й.

N 425-XII



ДАВЛАТ ТАСАРРУФИДАН ЧИҚАРИШ

ВА ХУСУСИЙЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Ушбу Қонун самарали, ижтимоий йўналишга эга бўлган бозор иқтисодиётини вужудга келтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси оммавий мулкини ўзгартиришнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини белгилаб беради.


1-модда. Асосий тушунчалар


Давлат тасарруфидан чиқариш - давлат корхоналарини ва ташкилотларини хўжалик ширкатлари ва жамиятларига, оммавий мулк бўлмайдиган бошқа корхоналар ва ташкилотларга айлантиришдир.

Хусусийлаштириш - жисмоний шахсларнинг ва давлатга тааллуқли бўлмаган юридик шахсларнинг оммавий мулки объектларини ёки давлат акцияли жамиятларининг акцияларини давлатдан сотиб олишидир.


2-модда. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш

тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари


1. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ушбу Қонундан ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларидан иборат бўлади.

2. Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги корхоналарни ва ташкилотларни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш Қорақалпоғистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

3. Ўзбекистон Республикасининг республика ҳудудидан ташқаридаги мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш ушбу Қонун ва давлатлараро ҳамда ҳукуматлараро шартномаларга мувофиқ амалга оширилади.


3-модда. Давлат тасарруфидан чиқариш ва

хусусийлаштиришнинг асосий принциплари


Қуйидагилар давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришнинг асосий принциплари ҳисобланади:

давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш шаклларини меҳнат жамоасининг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда аниқлаш;

давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш вақтида мулкни пулли ва пулсиз топширишни қўшиб олиб бориш;

пулсиз ва пулли хусусийлаштириладиган мулкдан улуш олишда фуқароларнинг ҳуқуқлари тенглиги;

давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш шароитида барча фуқаролар ижтимоий ҳимоя қилинишини таъминлаш;

ошкоралик давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тадбирларини амалга ошириш устидан давлат ва жамоат назоратини йўлга қўйиш;

рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш.


4-модда. Давлат тасарруфидан чиқариш ва

хусусийлаштириш объектлари


1. Ўзбекистон Республикаси оммавий мулки объектлари тўлиқ равишда ёки қисман давлат тасарруфидан чиқарилади ва хусусийлаштирилади.

2. Қуйидаги давлат мулки объектлари давлат тасарруфидан чиқарилмайди ва хусусийлаштирилмайди:

1) Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасида ер (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), ер ости бойликлари, ички сувлар, ҳаво ҳавзаси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси;

2) моддий маданий мерос объектлари, шу жумладан давлат фондларида, миллий фондларда, ахборот-кутубхона фондларида ва илмий-тадқиқот муассасаларининг фондларида сақланаётган моддий маданий мерос объектлари, шунингдек архивлар, музейлар ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар;

3) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг, валюта захирасининг, давлат мақсадли жамғармаларининг, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг маблағлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг олтин захираси;

4) пул муомаласи бўйича хизмат кўрсатувчи давлат ташкилотлари, қимматли қоғозларни, орденларни, медалларни ва почта тўлови белгиларини ишлаб чиқаришни таъминловчи корхоналар ва ташкилотлар;

5) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг, Давлат хавфсизлик хизматининг ва Ички ишлар вазирлигининг корхоналари, муассасалари ва ҳарбий-техникавий мол-мулки (саноатда қайта ишлов берилгунига қадар, шунингдек саноатда қайта ишлов берилиши мумкин бўлмаган мол-мулк);

6) ионловчи нурланиш манбаларидан фойдаланиб илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ишларини олиб борувчи, рентген ускуналари, асбоб-ускуналар ва жиҳозларни ишлаб чиқиш, тайёрлаш ва реализация қилишни амалга оширувчи корхоналар ва объектлар;

7) радиоактив моддаларни кавлаб олиш, ишлаб чиқариш, ташиш, қайта ишлашни, радиоактив чиқиндиларни кўмиш, уран ва бошқа бўлинувчи материалларни, шунингдек улардан ясалган буюмларни реализация қилишни амалга оширувчи корхоналар ва объектлар;

8) қурол-яроғ ва ўқ-дорилар, ҳимоя воситалари, ҳарбий техника, эҳтиёт қисмлар, бутловчи қисмлар ва улар учун асбоб-ускуналар, портловчи моддалар, пиротехника маҳсулотлари, шунингдек уларни ишлаб чиқариш учун махсус материаллар ва ускуналар ишлаб чиқиш, тайёрлаш, таъмирлаш ва реализация қилишни амалга оширувчи корхоналар;

9) овчилик ва спорт соҳасида фойдаланиладиган ўқотар қуроллар ва ўқ-дорилар, шунингдек тиғ қурол (совға тарзидаги миллий пичоқлар бундан мустасно) ишлаб чиқариш, таъмирлаш ва реализация қилишни амалга оширувчи корхоналар ва ташкилотлар;

10) кучли таъсир этадиган заҳарлар, гиёҳвандлик моддалари ва заҳарли моддалар ишлаб чиқарувчи, шунингдек таркибида гиёҳвандлик моддалари ва заҳарли моддалар бўлган экинлар экувчи, етиштирувчи ва уларга қайта ишлов берувчи корхоналар;

11) Ўзбекистон Республикасининг давлат захиралари. Фуқаро муҳофазаси ва сафарбарлик мақсадидаги объектлар ҳамда мол-мулк;

12) атом энергетикаси объектларини (ускуналари, тизимлари ва аппаратларини ўрнатиш) ва стратегик аҳамиятдаги объектларни қуриш ва монтаж қилиш ишларини олиб бориш, улардан фойдаланиш ҳамда уларни таъмирлашни амалга оширувчи ихтисослаштирилган корхоналар ва ташкилотлар;

13) портлаш хавфи бўлган ва заҳарли моддаларни ташишни амалга оширувчи ихтисослаштирилган корхоналар;

14) умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари;

15) санитария-эпидемиология станциялари. Суд-тиббий экспертизаси бюролари. Атроф-муҳит ҳолатини назорат қилувчи ҳамда табиатни муҳофаза қилувчи хизматлар;

16) даволаш-ишлаб чиқариш устахоналари, жазони ижро этиш муассасаларининг корхоналари;

17) махсус вазифаларни бажарадиган корхоналар (Республика махсус алоқа узели, 15361 рақамли Ҳарбий қисм, Электромагнит мослик маркази);

18) қабристонлар.

Давлат тасарруфидан чиқарилмайдиган ва хусусийлаштирилмайдиган давлат мулки объектлари жумласига Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ бошқа объектлар ҳам киритилиши мумкин.

3. Қуйидаги давлат мулки объектларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига биноан амалга оширилади (ушбу Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно):

1) асосий фондларининг баланс қиймати энг кам ойлик иш ҳақининг юз минг бараваридан ортиқ бўлган корхоналар;

2) қимматбаҳо, нодир металлар, қимматбаҳо тошларни кавлаб олиш ҳамда қайта ишлаш корхоналари;

3) саноатнинг таянч тармоқлари: ёқилғи-энергетика, кончилик, машинасозлик ва пахтани қайта ишлаш мажмуаларининг корхоналари ва ташкилотлари. Нефть, газ ва кўмир қазиб чиқариш, қудуқлар бурғулаш корхоналари ва ташкилотлари. Магистрал нефть қувурлари ва газ қувурлари, нефть маҳсулотларини оқизма ҳолда етказиб берадиган қувурлар, электр ва иссиқлик ҳосил қилувчи станциялар ва тизим ҳосил этадиган электр тармоқлари;

4) кимё корхоналари (гербицидлар, минерал ўғитлар, синтетик толалар, қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашда ишлатиладиган заҳарли кимёвий дорилар ва шу кабиларни ишлаб чиқариш);

6) электр алоқаси корхоналари, телевизион, радио қабул қилиш ва радио узатиш марказлари ҳамда уларнинг муҳандислик иншоотлари;

7) ракета-космик мажмуалар, алоқа тизимлари ва уларни бошқариш воситаларини ишлаб чиқиш, тайёрлаш, таъмирлаш ва реализация қилишни амалга оширувчи корхоналар ва объектлар;

8) матбаа корхоналари ва нашриётлар;

9) ахборот ва телеграф агентликлари;

10) шифрлашда ишлатиладиган техникани ишлаб чиқариш, таъмирлаш, реализация қилиш ва ундан фойдаланишни амалга оширувчи корхоналар ва ташкилотлар;

11) стандартлаштириш ва метрология корхоналари ҳамда ташкилотлари;

12) таваккалчилик хавфи юқори бўлган объектлар ҳамда ички ва ташқи хавф-хатари бор ишлаб чиқариш объектлари (ушбу модданинг 2-банди 12-кичик бандида кўрсатиб ўтилган объектлар бундан мустасно) қуриш ҳамда улардан фойдаланишни, улар учун ускуналар, назорат қилиш ва фалокатларнинг олдини олиш тизимларини тайёрлашни амалга оширувчи корхоналар ва ташкилотлар;

15) муҳандислик инфратузилмаси объектлари: туман марказлари ва шаҳарларнинг электр, иссиқлик, газ таъминоти, водопровод-канализация хўжалиги;

16) темирйўл, ҳаво ва дарё транспортида йўловчилар ҳамда юклар ташишни амалга оширувчи корхоналар ва ташкилотлар;

18) вазирликлар, давлат қўмиталари, идораларнинг олий, ўрта махсус ва касб-ҳунар ўқув юртлари, шунингдек умумтаълим муассасалари;

19) Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш марказининг ташкилотлари. Давлат илмий марказлари;

20) давлат наслчилик хўжаликлари ва фермалари, от заводлари, элита-уруғчилик хўжаликлари, уруғчилик ва селекция станциялари, давлат уруғчилик инспекциялари ва қишлоқ хўжалиги экинларининг технологик сифатини баҳолаш лабораториялари, нав синов станциялари ва участкалари;

21) почта алоқаси корхоналари;

22) ўрмон хўжалигининг, геология, картография-геодезия, гидрометеорология хизмати корхоналари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг ахборот марказлари;

23) саноатнинг қаттиқ чиқиндилари ва рўзғор чиқиндилари кўмиладиган майдонлар, бинолар, иншоотлар ва кўмиш учун керакли ускуналар, чорва моллари кўмиладиган жойлар;

24) машина синаш станциялари, элеваторлар;

25) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлашган давлат санаторий-курорт хўжаликлари;

26) кинолаштириш ва концерт-томоша кўрсатиш муассасаларининг корхоналари, шунингдек ахборот-кутубхона муассасалари ва ўқув заллари;

27) соғлиқни сақлаш муассасалари;

28) давлат ветеринария хизмати, ўсимликларни ҳимоя қилиш хизмати корхоналари ва муассасалари;

29) ногиронлар, қариялар ва фуқароларнинг ижтимоий жиҳатдан ҳимоя этилмаган бошқа тоифалари қаровда бўладиган уйлар ва интернатлар;

30) болалар, ўсмирлар ва ёшларнинг соғломлаштириш муассасалари.


5-модда. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш

жараёнида мулкни олувчи субъектлар


Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришни амалга ошириш чоғида:

Ўзбекистон Республикасининг, бошқа давлатларнинг фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар;

давлатга тааллуқли бўлмаган юридик шахслар;

ажнабий юридик шахслар оммавий мулкни сотиб олувчи субъектлар бўлиши мумкин.

Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши ман этилган шахслар давлат тасарруфидан чиқариладиган ва хусусийлаштириладиган объектларни сотиб олишлари, танлов ва кимошди савдосида харидор сифатида қатнашишлари, хусусийлаштирилаётган корхоналарнинг (очиқ акциядорлик жамиятлари бундан мустасно) акцияларини сотиб олишлари мумкин эмас.


6-модда. Давлат тасарруфидан чиқариш ва

хусусийлаштириш шакллари ва шартлари


1. Ўзбекистон Республикасида давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш:

давлат корхонасини хўжалик ширкати ёки жамиятига айлантириш;

давлат мол-мулкини танлов йўли билан ва кимошди савдосида давлатга тааллуқли бўлмаган юридик шахсларга ва жисмоний шахсларга сотиш шаклида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа шаклларда амалга оширилиши мумкин.

2. Ўзбекистон Республикасида давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш қуйидаги шартларга риоя этган ҳолда амалга оширилади:

бошқа давлатларнинг жисмоний ва юридик шахслари давлат тасарруфидан чиқарилган ва хусусийлаштирилаётган объектларни, уларнинг акцияларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ёки у ваколат берган идора томонидан белгиланадиган тартиб бўйича сотиб оладилар.


7-модда. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш

юзасидан қарор қабул қилиш тартиби


1. Ўзбекистон Республикасининг республика мулки объектларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки ваколат берган давлат бошқаруви идораларига берилади.

Муниципал мулк объектларини давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисидаги қарор қабул қилиш ҳуқуқи маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идораларига берилади.

Бундай қарорларни қабул қилишга ҳуқуқ берилган идоралар матнда бундан кейин оммавий мулк объектларини тасарруф этувчилар деб юритилади.

Ўзбекистон Республикасининг оммавий мулкини республика мулкига ва маъмурий-ҳудудий тузилмалар мулкига (муниципал мулкка) ажратишни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг таклифига биноан амалга оширади.

Хусусийлаштирилиши тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан қарорлар қабул қилинадиган давлат мулки объектларини аниқлаш мезонлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.

2. Корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришни ўтказиш ташаббуси билан чиқиш ҳуқуқига фуқаролар, давлатга тааллуқли бўлмаган Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари ва бошқа давлатларнинг юридик шахслари, меҳнат жамоалари оммавий мулк объектларини тасарруф этувчилар эгадирлар.

Буюртма оммавий мулк объектларини тасарруф этувчига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилади.

3. Давлат тасарруфидан чиқаришни, хусусийлаштиришни ўтказиш ёки бундай қилишни рад этиш тўғрисидаги қарорни оммавий мулк объектларини тасарруф этувчи буюртма тушган пайтдан бошлаб 10 кун ичида қабул қилади ҳамда уни буюртма берганга ва давлат тасарруфидан чиқарилаётган ва хусусийлаштирилаётган корхонанинг меҳнат жамоасига ёзма равишда етказади.

4. Давлат корхонасини очиқ акциядорлик жамиятига айлантириш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ёки унинг ҳудудий органи томонидан қабул қилинади.

5. Давлат тасарруфидан чиқариш ёки хусусийлаштириш:

башарти, корхона давлат тасарруфидан чиқарилмайдиган ва хусусийлаштирилмайдиган корхоналар рўйхатига киритилган бўлса;

башарти, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришнинг корхоналарнинг мазкур тури учун назарда тутилган хусусиятлари ҳисобга олинаётган бўлса.

Оммавий мулк объектларини тасарруф этувчи рад этишни асослаш билан бирга давлат тасарруфидан чиқариш ёки хусусийлаштиришни амалга ошириш мумкин бўлган шартлар ва муддатларни кўрсатмоғи зарур.


8-модда. Корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш

ва хусусийлаштиришга тайёрлаш


1. Корхонани давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришга тайёрлаш иши давлат тасарруфидан чиқариладиган ва хусусийлаштириладиган мол-мулк таркибини аниқлашни, унинг ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш фондларини инвентаризациядан ўтказишни, корхонанинг активлари ва пассивларини баҳолашни, меҳнат жамоасида тушунтириш ишлари олиб боришни, бошқа масалаларни ҳал этишни, шу жумладан, рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини инобатга олган ҳолда ҳал этишни ўз ичига олади.

2. Корхонани давлат тасарруфидан чиқариш ёки хусусийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг оммавий мулк объектларини тасарруф этувчилар комиссиялар тузади, бу комиссиялар барча зарур ишларни олиб борадилар. Комиссия таркибига оммавий мулк объектларини тасарруф этувчиларнинг, маъмуриятнинг, корхона меҳнат жамоасининг, жамоат ташкилотларининг, молия идорасининг, банкнинг, халқ депутатлари маҳаллий Советларининг вакиллари, бошқа мутахассислар киритилади.

Давлат тасарруфидан чиқариш комиссияси давлат тасарруфидан чиқарилаётган ёки хусусийлаштирилаётган корхона маблағи ҳисобидан пул тўлаш шарти билан ишнинг айрим йўналишлари бўйича экспертлар гуруҳларини тузишлари, маслаҳат берувчи, аудитор ва бошқа ташкилотларни бу ишга жалб қилишлари мумкин.

Комиссия корхона маъмурияти билан биргаликда давлат тасарруфидан чиқарилаётган ёки хусусийлаштирилаётган корхона тўғрисида давлат тасарруфидан чиқариш ёки хусусийлаштиришда қатнашаётган субъектлар учун, шунингдек жамоатчилик учун белгиланган нусхада зарур ахборот тайёрлайди.

Давлат корхонаси очиқ акциядорлик жамиятига айлантирилаётганда корхона раҳбари давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришга доир ҳужжатларни тайёрлаш учун ишчи комиссия тузади. Комиссия бир ойлик муддатда зарур ҳужжатларни тайёрлаб, оммавий мулк объектини тасарруф этувчига тақдим этади. Зарур ҳужжатлар рўйхатини Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.

3. Комиссия корхонани давлат тасарруфидан чиқариш ёки хусусийлаштириш тадбирлари режасини ишлаб чиқади ва оммавий мулк объектларини тасарруф этувчига тасдиқлаш учун тақдим этади, бу режа:

давлат тасарруфидан чиқаришни ёки хусусийлаштиришни ўтказиш муддатларини;

объектнинг қийматини;

корхонани қайта ташкил этишнинг, зарурат бўлганда, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфраструктура объектларидан фойдаланишнинг мавжуд тартиби ва шартларини сақлаб қолишни ҳам назарда тутувчи лойиҳасини;

ҳисоб-китобларнинг тавсия этиладиган шакл ва муддатини;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёзлар бериш, шу жумладан, давлат тасарруфидан чиқарилаётган хусусийлаштирилаётган мол-мулкнинг бир қисмини бепул бериш имкониятини ўз ичига олади.

Давлат тасарруфидан чиқариш ёки хусусийлаштириш режасига бошқа масалалар ҳам киритилиши мумкин.


9-модда. Давлат тасарруфидан чиқариш ва

хусусийлаштириш объектининг сотув нархи


1. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш объектининг сотув нархини оммавий мулк объектларини тасарруф этувчи белгилайди. Сотув нархини белгилашда объектнинг давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш вақтидаги қийматига асосланилади ҳамда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш ўтказилаётган пайтдаги бозорнинг жорий конъюнктураси ва объектнинг қийматига таъсир кўрсатувчи объектив омиллар мажмуи ҳисобга олиниши лозим.

2. Оммавий мулк объекти қийматининг дастлабки баҳоси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланади.


10-модда. Давлат корхонасининг ижарага олинган

мол-мулкини сотиб олиш


Ижарачи оммавий мулк объектларини тасарруф этувчининг розилиги билан ўзи ижарага олган мол-мулкни (тўлиқ ёки қисман) сотиб олиши мумкин.


12-модда. Давлат корхоналарини хўжалик жамиятлари

ва ширкатларига айлантириш

1. Давлат корхонасини хўжалик жамияти ёки ширкатига айлантириш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонунлари билан белгиланади.

2. Қуйидагилар хўжалик жамиятлари ёки ширкатларининг муассислари ёки акциялар (улуш пай) бўлиши мумкин:

меҳнат жамоасининг аъзолари, Ўзбекистон Республикасининг бошқа фуқаролари, ажнабий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;

Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатларнинг юридик шахслари;

республика ва маҳаллий давлат бошқаруви органлари номидан Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ёки унинг ҳудудий органлари.


13-модда. Оммавий мулк объектини танлов бўйича сотиб олиш

1. Оммавий мулк объектлари танлов бўйича сотилиши мумкин.

2. Танловни ўтказиш шартлари, тартиби ва муддатини оммавий мулк объектларини тегишли тасарруф этувчи тайинлайдиган танлов комиссияси белгилайди.


14-модда. Оммавий мулк объектини кимошди савдосида сотиш

1. Давлат тасарруфидан чиқариладиган ва хусусийлаштириладиган корхоналарни кимошди савдосида сотишга қўйиш тўғрисидаги қарорни оммавий мулк объектини тасарруф этувчи қабул қилади.

2. Давлат тасарруфидан чиқариладиган ва хусусийлаштириладиган объектларнинг кимошди савдосини ўтказиш учун оммавий мулк объектларини тасарруф этувчилар кимошди савдоси хизматларини ташкил этадилар, бу хизматлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ иш кўради.

3. Харидор томонидан сотиб олинмаган объект республика ёки муниципал мулк бўлиб туради. Бундай ҳолларда мулк объектларини тасарруф этувчи корхонани тугатиб, унинг мол-мулкини бўлак-бўлак қилиб сотиб бориш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.


15-модда. Битимларни расмийлаштириш тартиби


1. Оммавий мулк объектларини тасарруф этувчи мол-мулкни янги мулкдорга топшираётганда унга мулкдорлик ҳуқуқини тасдиқловчи ордер беради. Ордернинг нусхаси, давлат божининг миқдори ва уни тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

2. Давлат корхоналари ҳақини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган тақдирда, мулкдорлик ҳуқуқини тасдиқловчи ордер ҳақнинг биринчи бадали тўлангач берилади. Корхонанинг қиймати бутунлай тўлаб бўлингунга қадар оммавий мулк объектини тасарруф этувчи мол-мулкни тасарруф этиш ҳуқуқини чеклаб қўйиши, шу жумладан, оммавий мулк объектларини тасарруф этувчининг розилигисиз бу мулкни сотишни ва текинга беришни тақиқлаб қўйиши мумкин.


16-модда. Давлат тасарруфидан чиқариш ва

хусусийлаштириш учун маблағлар манбаи


1. Қуйидаги маблағлар мол-мулкни сотиб олиш учун манба бўлади:

жисмоний шахсларнинг шахсий маблағлари, давлатга тааллуқли бўлмаган юридик шахсларнинг ўз маблағлари, кредитлар, Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид бўлмаган усуллар билан олинган бошқа молиявий маблағлар.


2. Давлат тасарруфидан чиқариладиган ва хусусийлаштириладиган давлат корхонаси меҳнат жамоасининг аъзолари корхонани қуйидаги манбалар ҳисобига сотиб олишлари мумкин:

соф фойданинг меҳнат жамоаси аъзолари мулки бўлган қисми;

амортизация ажратмалари ҳамда меҳнат жамоасининг мулки бўлган ва давлат корхонасида ишлатиладиган мол-мулкни сотишдан келган тушум;

банк кредитлари ва ўзга қарз маблағлари;

меҳнат жамоаси аъзоларининг шахсий маблағлари;

давлат мулки бўлмаган бошқа маблағлар.


3. Давлат бюджетидан ажратилган маблағлардан давлат мулкини сотиб олиш манбаи сифатида фойдаланиш мумкин эмас.



17-модда. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан

тушадиган маблағлардан фойдаланиш


1. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан олинган маблағ Ўзбекистон Республикасининг ва халқ депутатлари маҳаллий Советларининг оммавий мулки ҳисобланади.

2. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришдан келган даромадлар давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш махсус фонларида жамланади. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш фондларини тузиш ва улардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


18-модда. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш

субъектларининг ўзаро мажбуриятлари


1. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш чоғида оммавий мулк объектларини тасарруф этувчи билан янги мулкдор ўртасида ўзаро мажбуриятлар ҳамда давлат тасарруфидан чиқарилаётган ёки хусусийлаштирилаётган объект фаолиятининг шартлари ҳақида, шу жумладан:

муайян давргача корхона ихтисосини, ишлаб чиқариш ҳажмини сақлаб қолиш;

иш жойларини сақлаб қолиш ёки ўзгартириш;

маҳсулотни маълум истеъмолчиларга етказиб бериш;

ишловчиларнинг меҳнат шароитини яхшилаш, экологик хавфсизлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш;

ижтимоий-маиший объектларни сақлаш, уларнинг ишлаш шароитларини сақлаб қолиш;

ходимларни ижтимоий-маиший таъминлашнинг ўзига хос жиҳатлари;

ўзга мажбуриятлар ҳақида муайян даврга мўлжалланган битим тузилиши мумкин.

2. Битимнинг шартлари корхонани давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришга тайёрлаш даврида белгиланади ҳамда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш субъектларига сотилажак нарх билан бирга маълум қилинади.


19-модда. Давлат тасарруфидан чиқарилаётган ва

хусусийлаштирилаётган корхоналарнинг ходимларига

бериладиган енгилликлар ва кафолатлар


1. Давлат корхоналари давлат тасарруфидан чиқарилаётганда ва хусусийлаштирилаётганда меҳнат фахрийларига, шу корхонадан пенсияга чиққан шахсларга ҳамда корхонада камида 10 йил ишлаган меҳнат жамоасининг аъзоларига акциялар ва бошқа мулк бўлиб-бўлиб ҳақ тўлаш орқали сотилиши мумкин.

2. Давлат корхоналарининг мол-мулкини сотиб олиш чоғида меҳнат жамоасининг аъзолари, улар томонидан тузилган хўжалик жамиятлари ва ширкатлари бошқа шароитлари тенг бўлганида ўзга фуқаролар ва юридик шахсларга нисбатан, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари эса бошқа харидорларга нисбатан устувор ҳуқуққа эга бўладилар.

Давлат корхонасининг мол-мулки шу корхона меҳнат жамоаси томонидан сотиб олинаётганида корхона балансида турган ижтимоий инфраструктура ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш объектларининг қиймати сотилаётган объект нархига қўшилмайди.

3. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш оқибатида қайта тузилган корхоналарга Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ солиқ тўлашда енгилликлар берилиши мумкин.


4. Давлат тасарруфидан чиқарилаётган ва хусусийлаштирилаётган корхоналар меҳнат жамоаларининг аъзоларига қуйидаги кафолатлар берилган.

давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш амалга оширилаётган даврда корхона маъмурияти илгари тузилган жамоа шартномасининг барча қоидаларига риоя этишга мажбурдир;

эгалик ҳуқуқи янги мулкдорга ўтган кундан бошлаб олти ой давомида мулкдор билан корхона меҳнат жамоаси ўртасида янги жамоа шартномаси тузилади.

5. Бўшатилаётган ходимларни ишга жойлаштириш Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат тўғрисидаги ҳамда Иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонунларига мувофиқ амалга оширилади.


20-модда. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш

ўтказилиши устидан назорат қилиш

Оммавий мулк объектларини тасарруф этувчилар давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнлари устидан давлат назоратини, шу жумладан давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш чоғида фойдаланиладиган пул маблағларининг келиб чиқиши устидан назоратни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга ҳақли.



21-модда. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш

масалалари юзасидан баҳсларни ҳал этиш

Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш масалалари юзасидан баҳслар суд тартибида ҳал этилади.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                      И. Каримов