Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Лицензиялаш. Рухсат бериш тартиб-таомиллари /

Ўзбекистон Республикасининг 25.05.2000 й. 71-II-сон "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

25.05.2000 й.

N 71-II



ФАОЛИЯТНИНГ АЙРИМ ТУРЛАРИНИ

ЛИЦЕНЗИЯЛАШ ТЎҒРИСИДА

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонун фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.



2-модда. Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш

тўғрисидаги қонунчилик

Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Фаолиятнинг баъзи бир турларини лицензиялашнинг ўзига хос жиҳатлари қонун билан белгиланади.

Ушбу Қонун товарларни (ишларни, хизматларни) экспорт ва импорт қилишни лицензиялашда, интеллектуал мулк объектларидан фойдаланишда, шунингдек комплекс тадбиркорлик лицензияси шартномаси (франшизинг тўғрисидаги шартнома) бўйича юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


лицензия - лицензияловчи орган томонидан юридик ёки жисмоний шахсга берилган, лицензия талаблари ва шартларига сўзсиз риоя этилгани ҳолда фаолиятнинг лицензияланаётган турини амалга ошириш учун рухсатнома (ҳуқуқ);


фаолиятнинг лицензияланаётган тури - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширилиши учун лицензия олиш талаб қилинадиган фаолият тури;

лицензиялаш - лицензия бериш тўғрисидаги аризани топшириш ва кўриб чиқиш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, шунингдек уни бекор қилиш ва қайта расмийлаштириш жараёни билан боғлиқ тадбирлар комплекси;

лицензия талаблари ва шартлари - фаолиятнинг лицензияланаётган турини амалга ошираётганда лицензиат томонидан бажарилиши мажбурий бўлган, қонунчиликда белгиланган талаблар ва шартларнинг мажмуи;

лицензияловчи органлар - қонунчиликка мувофиқ лицензиялашни амалга оширувчи махсус ваколатли органлар;

лицензия даъвогари - лицензияловчи органга фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга ошириш учун лицензия бериш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этган юридик ёки жисмоний шахс;


лицензиат - фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга ошириш лицензияси бўлган юридик ёки жисмоний шахс;


лицензия шартномаси - фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга ошириш учун лицензиатнинг лицензия олиши ва ундан фойдаланиши борасидаги лицензияловчи орган билан лицензия даъвогари ўртасидаги муносабатларни тартибга солиб турадиган ва улар ўртасида тузиладиган шартнома;

лицензиялар реестри - берилган, тўхтатиб турилган, қайта тикланган, қайта расмийлаштирилган, бекор қилинган лицензиялар, шунингдек амал қилиши тугатилган лицензиялар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган лицензияловчи органларнинг маълумотлар базалари мажмуи.


4-модда. Лицензиялаш соҳасини давлат томонидан

тартибга солиш

Лицензиялаш соҳасини давлат томонидан тартибга солишни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда лицензияловчи органлар амалга оширади.


5-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

лицензиялаш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ваколатлари жумласига қуйидагилар киради:

лицензияловчи органларни ва фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тартибини белгилаш, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида лицензиялар реестрини юритиш тартибини белгилаш;

фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш соҳасидаги қонунчиликка лицензияловчи органларнинг риоя этишларини назорат қилиш;

лицензиялашнинг айрим турларини амалга ошириш.


6-модда. Лицензияловчи органларнинг ваколатлари

Лицензияловчи органларнинг ваколатлари жумласига қуйидагилар киради:

фаолиятнинг айрим турларини қонунчиликка мувофиқ лицензиялаш;

қонунда назарда тутилган ҳолларда фаолиятнинг тегишли турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш;

лицензия талаблари ва шартларига лицензиатлар риоя этишини назорат қилиш;

лицензияларни қайта расмийлаштириш;

лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, қайта тиклаш;

лицензияларнинг амал қилишини тугатиш;

лицензияларни бекор қилиш;

лицензиялар реестрини юритиш.

Лицензияловчи органлар шу органлар лицензиялайдиган фаолият турлари билан шуғулланаётган корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар тузишга ёки улар фаолиятида муассислар (қатнашчилар) сифатида иштирок этишга ҳақли эмас, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


II. АМАЛГА ОШИРИШ УЧУН ЛИЦЕНЗИЯЛАР ТАЛАБ

ҚИЛИНАДИГАН ФАОЛИЯТ ТУРЛАРИ

7-модда. Фаолиятнинг лицензияланадиган турларини аниқлаш

Фаолиятнинг лицензияланадиган турлари жумласига амалга оширилиши фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, соғлиғига, жамоат хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлган ҳамда тартибга солиб турилиши лицензиялашдан ташқари усуллар билан амалга оширилиши мумкин бўлмаган фаолият турлари киради.

Амалга оширилиши учун лицензия талаб қилинадиган фаолият турлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


8-модда. Фаолиятнинг лицензияланадиган айрим турларини

жисмоний шахслар томонидан амалга оширишни тақиқлаш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган жисмоний шахслар (якка тартибдаги тадбиркорлар) фаолиятнинг лицензияланадиган айрим турларини амалга оширишини тақиқлаб қўйиши мумкин, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.Рўйхати



9-модда. Давлат унитар корхоналари ва муассасалари

томонидан фаолиятнинг лицензияланадиган

турларини амалга ошириш

Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан ташкил этилган давлат унитар корхоналари ва муассасалари, башарти Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларида фаолиятнинг лицензияланадиган турларини амалга ошириш назарда тутилган бўлса, фаолиятнинг мазкур турларини тегишли лицензияни олмасдан амалга оширишга ҳақлидир. Мазкур қоида кўрсатилган корхоналар ва муассасаларни лицензия талаблари ва шартларини, шунингдек фаолиятнинг лицензияланадиган турларини амалга ошириш билан боғлиқ, қонунчиликка мувофиқ қўйиладиган бошқа талабларни бажаришдан озод этмайди.


III. ЛИЦЕНЗИЯЛАР

10-модда. Лицензияларнинг турлари

Лицензиялар намунавий (оддий) ва якка тартибдаги бўлиши мумкин.

Намунавий (оддий) лицензиялар жумласига чекланмаган доирадаги юридик ва жисмоний шахсларга бериладиган лицензиялар киради, агар ушбу шахслар тегишли фаолият турини амалга оширишга нисбатан қўйиладиган ягона шартлар ва талабларга жавоб берсалар.

Якка тартибдаги лицензиялар жумласига юридик ва жисмоний шахсларга алоҳида талаблар ва шартлар асосида бериладиган, лицензиатларга фаолиятнинг мазкур турини амалга оширишда мутлақ ҳуқуқлар берувчи, миқдорий чекланган лицензиялар киради. Якка тартибдаги лицензиялар амал қилиш ҳудуди, фаолият объекти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган бошқа асосларга кўра миқдорий чекланади.

Якка тартибдаги лицензияларни бериш, қоида тариқасида, танлов (тендер) асосида амалга оширилади.

Якка тартибдаги лицензияларни бериш тартиби ва шартлари, шу жумладан, танловларни (тендерларни) ўтказиш шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


11-модда. Лицензиянинг амал қилиши

Лицензия ҳар бир лицензияланадиган фаолият тури учун алоҳида берилади. Лицензия даъвогарининг аризасига мувофиқ лицензия лицензияланаётган фаолият турининг бир қисмига (қисмларига) берилиши мумкин.

Амалга оширилиши учун лицензия олинган фаолият тури фақат лицензияни олган юридик ёки жисмоний шахс томонидан амалга оширилиши мумкин. Лицензияларни ёки уларга доир ҳуқуқларни бошқа шахсларга бериш тақиқланади.

Амалга оширилиши учун лицензия берилган фаолият, агар лицензия талаблари ва шартларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида амалга оширилиши мумкин.



12-модда. Лицензиянинг амал қилиш муддати

Фаолиятнинг айрим турларини амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензиялар уларнинг амал қилиши муддати чекланмаган ҳолда берилади.

Фаолиятнинг лицензияланадиган айрим турларига нисбатан қонунчиликда лицензиянинг чекланган амал қилиш муддати белгиланиши мумкин, лекин бу муддат беш йилдан кам бўлмаслиги лозим.

Лицензиянинг амал қилиш муддати тугагач, у лицензиатнинг аризасига биноан узайтирилиши мумкин. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза лицензияловчи органга лицензиянинг амал қилиш муддати тугашидан камида икки ой олдин берилиши лозим. Лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш лицензияни бeрувчи учун назарда тутилган тартибда амалга оширилади.



IV. ЛИЦЕНЗИЯЛАШНИ АМАЛГА ОШИРИШ

13-модда. Лицензия талаблари ва шартлари

Фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга оширишда риоя этиладиган лицензия талаблари ва шартлари фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисидаги низомлар билан белгиланиб, улар қуйидаги нормаларни ўз ичига олиши лозим:

лицензиатнинг қонунчиликка риоя этиши шартлиги тўғрисидаги;

фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга оширишга даъвогар шахсларга қўйиладиган малака талаблари, жумладан махсус билимларга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги;

фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга оширишнинг махсус шартларига қўйиладиган талаблар, жумладан фойдаланиладиган моддий-техника базаси, асбоб-ускуналар, бошқа техник воситаларга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги.

Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисидаги низомларда лицензияланаётган фаолият тури хусусида қўшимча лицензия талаблари ва шартлари назарда тутилиши мумкин.



14-модда. Лицензия олиш учун зарур бўладиган ҳужжатлар

Лицензия олиш учун лицензия даъвогари тегишли лицензияловчи органга қуйидагиларни тақдим этади:

лицензия бериш тўғрисидаги ариза - унда: юридик шахс учун - юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган ери (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банк муассасасидаги ҳисобварағи рақами; жисмоний шахс учун - фамилияси, исми ва отасининг исми, фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг маълумотлари; юридик ёки жисмоний шахс амалга оширишни мўлжаллаган фаолиятнинг лицензияланаётган тури (унинг бир қисми) шунингдек қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда фаолиятнинг мазкур тури амалга ошириладиган муддат кўрсатилади. Лицензия бериш тўғрисидаги аризада лицензия даъвогарининг электрон манзили кўрсатилиши мумкин;

лицензияловчи орган лицензия даъвогарининг аризасини кўриб чиқиши учун лицензия даъвогари қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда йиғим тўлаганлигини тасдиқловчи ҳужжат;

фаолиятнинг айрим турига лицензия олиш учун қўйиладиган талаблар ва шартларни лицензия даъвогари бажариши мумкинлигини тасдиқловчи ҳамда қонунчиликда белгилаб қўйиладиган бошқа ҳужжатлар.

Лицензия даъвогаридан ушбу Қонунда ҳамда фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисидаги ўзга қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган бошқа ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар лицензия даъвогари томонидан лицензияловчи органга бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда, улар олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар лицензия даъвогарининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади. Лицензия бериш тўғрисидаги аризада лицензия даъвогарининг электрон манзили кўрсатилганлиги унинг аризаси бўйича қабул қилинган қарор ҳақида ахборот тизими орқали электрон шаклда хабарнома олишга бўлган розилигидир.

Лицензия олиш учун тегишли лицензияловчи органга юборилган ҳужжатлар рўйхат бўйича қабул қилиниб, рўйхатнинг нусхаси мазкур орган томонидан ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана кўрсатилган ҳолда аризачига юборилади (топширилади).

Нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни тақдим этганлиги учун лицензия даъвогари қонунга мувофиқ жавобгар бўлади.



14-1-модда. Фаолиятнинг айрим турларини

"бир дарча" принципи бўйича лицензиялаш

Лицензияловчи орган фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаши учун бошқа ташкилотлар томонидан бериладиган ҳужжатларни олиши талаб қилинган ҳолларда, фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш соддалаштирилган тартибда "бир дарча" принципи бўйича амалга оширилади, бунда лицензияловчи орган мазкур ҳужжатларни мустақил равишда, тадбиркорлик субъектининг иштирокисиз олади.


15-модда. Лицензия бериш тўғрисидаги аризани

кўриб чиққанлик учун йиғим

Лицензияловчи орган лицензия даъвогарининг аризасини кўриб чиққанлиги учун қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда йиғим ундирилади.

Лицензия даъвогарининг аризасини кўриб чиққанлик учун йиғим миқдори ҳар бир лицензияланадиган фаолият тури бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лицензияловчи органнинг мазкур аризани кўриб чиқиш билан боғлиқ харажатлари доирасида белгиланади. Бунда йиғимнинг энг кўп миқдори қонунчиликда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ошиб кетиши мумкин эмас.

Лицензия даъвогарларининг аризаларини кўриб чиққанлик учун йиғим суммалари лицензияловчи орган ҳисобварағига ўтказилади.

Лицензия даъвогари берган аризасидан воз кечган тақдирда тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.



16-модда. Лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилиш

Лицензия даъвогарининг аризасини барча зарур ҳужжатлар билан бирга олган кундан эътиборан ўттиз кундан ошмаган муддат ичида лицензияловчи орган намунавий (оддий) лицензия бериш ҳақида ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Намунавий (оддий) лицензия бериш ҳақида ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилишнинг энг кам муддатлари фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисидаги низомларда белгилаб қўйилиши мумкин.

Лицензияловчи орган, зарур ҳолда, ўз маблағлари ҳисобидан тегишли хулосаларни тайёрлаш учун экспертларни шартнома асосида жалб этишга ҳақли.

Лицензияловчи орган лицензия даъвогарини қабул қилинган қарор тўғрисида мазкур орган тегишли қарорни қабул қилганидан кейин уч кун ичида хабардор қилиши шарт.

Лицензия бериш тўғрисида қарор қабул қилингани ҳақидаги хабарнома лицензия даъвогарига ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда банк ҳисобварағи реквизитлари ва давлат божини тўлаш муддати кўрсатилган ҳолда юборилади (топширилади).

Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарнома лицензия даъвогарига ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда, рад этишнинг сабаблари ва лицензия даъвогари кўрсатилган сабабларни бартараф қилиб, ҳужжатларни кўриб чиқиш учун такрор тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда юборилади (топширилади). Лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.

Агар лицензияловчи орган лицензия бериш ёхуд лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати давомида лицензия бериш ҳақида ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида ёхуд лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириш ҳақида ёки унинг амал қилиш муддатини узайтиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилмаса, кўрсатилган муддат ўтганидан сўнг лицензия даъвогари аризада кўрсатилган фаолият турини амалга ошириш ҳуқуқига бу ҳақда лицензияловчи органни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда эга бўлади.

Ушбу модданинг еттинчи қисмида назарда тутилган ҳолда лицензияловчи орган лицензия даъвогарининг ёзма хабари олинганидан кейин беш иш куни ичида унга лицензия бериши ёки лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтириши шарт. Тақдим этилган ҳужжатларнинг улар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган рўйхати ҳамда лицензия даъвогари томонидан лицензияловчи органга юборилган ёзма хабар лицензия олингунига қадар лицензияга тенглаштирилади ва шундай фаолиятни амалга ошириш учун асос бўлади. Бунда лицензия даъвогари лицензиясиз фаолият билан шуғулланганлик учун жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.

Лицензия даъвогари лицензия бериш рад этилиши учун асос бўлган сабабларни бартараф этган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш лицензия даъвогарининг аризаси барча зарур ҳужжатлар билан бирга олинган кундан эътиборан ўн кундан кўп бўлмаган муддатда лицензияловчи орган томонидан амалга оширилади. Лицензия даъвогарларининг аризаларини такроран кўриб чиққанлик учун йиғим ундирилмайди.

Лицензия даъвогарининг аризасини такроран кўриб чиқишда лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия даъвогарининг лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат ўтганидан кейин берилган аризаси янгидан берилган деб ҳисобланади.

Лицензия даъвогари давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этган тақдирда ҳамда у лицензия шартномасини имзолаганидан кейин лицензия берилади.

Агар лицензиат унга лицензия бериш тўғрисидаги қарор қабул қилингани ҳақидаги хабарнома юборилган (топширилган) пайтдан эътиборан уч ой ичида лицензияловчи органга лицензия берганлик учун давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этмаган ёки лицензия шартномасини имзоламаган бўлса, лицензияловчи орган мазкур лицензияни бекор қилишга ҳақли.

17-модда. Лицензия беришни рад этиш

Лицензия беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

лицензия даъвогарининг ҳужжатларни лозим тарзда расмийлаштирмай тақдим этиши;

лицензия даъвогари тақдим этган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги;

лицензия даъвогарининг лицензия талаблари ва шартларига, шунингдек танлов (тендер) шартларига номувофиқлиги.

Бошқа асосларга кўра, шу жумладан, лицензия бериш мақсадга мувофиқ эмас деган важ билан лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Лицензия даъвогари лицензияловчи органнинг лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан, шунингдек лицензияловчи орган мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.


18-модда. Лицензияларни расмийлаштириш

Лицензиялар тегишли бланкларда расмийлаштирилади. Лицензияларнинг бланклари қатъий ҳисобот ҳужжатлари ҳисобланади, улар ҳисобга олиш сериясига, тартиб рақамига ва ҳимояланганлик даражасига эга бўлиши лозим. Лицензия бланкларининг намуналари ва уларни тайёрлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Лицензия йўқолган тақдирда, лицензиатнинг аризасига биноан унинг дубликати берилади. Дубликат беришда ушбу Қонуннинг 15-моддасида назарда тутилган йиғим суммасининг ярми ундирилади.



19-модда. Лицензия шартномаси

Лицензия шартномаси лицензияловчи орган ва лицензиатнинг ўзаро ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгиловчи ҳужжатдир.

Лицензия шартномаси қуйидагиларни ўз ичига олган бўлиши лозим:

шартномани имзолаган шахсларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, лавозими;

тарафларнинг реквизитлари;

амалга оширилиши учун лицензия берилаётган фаолият турининг номи;

лицензиатга қўйиладиган лицензия талаблари ва шартлари;

чекланган амал қилиш муддатига бериладиган лицензиялар учун - лицензиянинг амал қилиш муддати;

лицензия шартномасининг талаблари ва шартларини бузганлик учун тарафларнинг жавобгарлиги;

лицензия шартномасининг талаблари ва шартларини лицензиат қандай бажараётганлигининг лицензияловчи орган томонидан назорат қилиниши тартиби;

фаолиятнинг айрим турини лицензиялаш тўғрисидаги низомга мувофиқ бошқа маълумот.

Лицензия шартномаси икки нусхада - лицензиат ҳамда лицензияловчи орган учун биттадан нусхада тузилади.



20-модда. Лицензияни қайта расмийлаштириш

Юридик шахс бўлмиш лицензиат ўзгартирилган, унинг номи ёки жойлашган ери (почта манзили) ўзгарган тақдирда, лицензиат ёки унинг ҳуқуқий вориси қайта рўйхатдан ўтганидан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга, кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи тегишли ҳужжатларни илова қилган ҳолда, лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

Жисмоний шахс бўлмиш лицензиат фамилияси, исми ва отасининг исми ёки турар жойи ўзгарган тақдирда, лицензиат қайта рўйхатдан ўтганидан кейин бир ой муддатда лицензияловчи органга, кўрсатиб ўтилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда, лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза бериши шарт.

Янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида фаолиятнинг айни бир лицензияланадиган турини амалга ошириш учун лицензияга эга юридик шахслар бўлмиш лицензиатлар қўшиб юборилган тақдирда, лицензияни ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган тартибда қайта расмийлаштиришга йўл қўйилади.

Лицензиянинг амал қилиши лицензияланадиган фаолият турининг бир қисми (қисмлари) учун тугатилган тақдирда, лицензия қайта расмийлаштирилади.

Ҳужжатлар лицензиат томонидан лицензияловчи органга бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда, улар олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар лицензиатнинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Лицензия қайта расмийлаштирилгунга қадар лицензиат унда кўрсатилган фаолиятни илгари берилган лицензия асосида амалга оширади.

Лицензия қайта расмийлаштирилганда лицензияловчи орган лицензиялар реестрига тегишли ўзгартишлар киритади. Лицензияни қайта расмийлаштириш лицензияловчи орган лицензияни қайта расмийлаштириш тўғрисидаги, тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолдаги аризани олган кундан ёки лицензиянинг амал қилишини лицензияланадиган фаолият турининг бир қисми (қисмлари) учун тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида амалга оширилади.

Лицензия қайта расмийлаштирилганда лицензия даъвогарининг лицензия бериш тўғрисидаги аризасини кўриб чиқиш учун тўланадиган сумманинг ярми миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим суммаси лицензияловчи орган ҳисобварағига ўтказилади.

Лицензияланадиган фаолиятни ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларидаги талабларни бузган ҳолда амалга ошириш фаолият билан лицензиясиз шуғулланганлик учун қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Лицензияни қайта расмийлаштириш тартиби фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисидаги низомлар билан белгиланади.


21-модда. Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши

устидан назорат қилиш

Лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат амалга оширилаётганда лицензияловчи органлар ўз ваколатлари доирасида қуйидаги ҳуқуқларга эгадирлар:

лицензиатлар лицензия талаблари ва шартларига риоя этаётганлиги устидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли орган билан келишилган ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда текширувлар ўтказиш;

лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан текширувлар ўтказилаётганда юзага келадиган масалалар бўйича лицензиатдан зарур маълумотларни талаб қилиш ва олиш;

текширув натижалари асосида лицензиат йўл қўйган лицензия талаблари ва шартларининг аниқ қоидабузилишларини кўрсатган ҳолда далолатномалар (маълумотномалар) тузиш;

лицензиат зиммасига аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини юкловчи қарорлар чиқариш, бундай қоидабузарликларни бартараф этиш муддатларини белгилаш;

лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш.

Лицензияловчи органлар қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширишлари мумкин.

Назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар лицензиат томонидан лицензия талаблари ва шартлари бузилишларига йўл қўйилганлигини аниқлаганлари тақдирда ўз ваколатлари доирасида лицензияни берган лицензияловчи органга аниқланган қоидабузарликлар ҳақида хабар қиладилар.



22-модда. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш

Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин:

лицензиат лицензия шартномасида назарда тутилган лицензия талаблари ва шартларини бузганлиги аниқланганда;

лицензияловчи органнинг аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш мажбуриятини лицензиат зиммасига юкловчи қарори лицензиат томонидан бажарилмаганда.

Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш лицензияловчи орган ёки суд томонидан амалга оширилади. Лицензиянинг амал қилиши лицензияловчи орган томонидан ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга, суд томонидан эса ўн иш кунидан кўп бўлган муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.

Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори лицензиатга ёзма шаклда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай етказилади. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги суд қарори лицензиатга ва лицензияловчи органга қонунчиликда белгиланган муддатларда етказилади.

Лицензияловчи орган ёки суд лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни бартараф этиши учун муддат белгилаши шарт. Бунда лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни бартараф этиши учун суд қарорида белгиланган муддат олти ойдан кўп бўлиши мумкин эмас.

Лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришга олиб келган ҳолатларни бартараф этган тақдирда, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилган лицензияловчи орган ёки суд кўрсатилган ҳолатлар бартараф этилганлиги тўғрисидаги тасдиқномани олган кундан эътиборан лицензиянинг амал қилишини тиклаш тўғрисида уч кун муддат ичида қарор қабул қилиши шарт.

Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Суд лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришни асоссиз деб топган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида унга етказилган зарар миқдорида жавобгар бўлади.

Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тиклаш тўғрисидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида, шунингдек лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши керак.


23-модда. Лицензиянинг амал қилишини тугатиш

Лицензиянинг амал қилиши қуйидаги ҳолларда тугатилади:

лицензиат лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда;

юридик шахс тугатилганда - тугатилган пайтдан эътиборан ёки унинг фаолияти қайта ташкил этиш натижасида тугатилганда - қайта ташкил этилган пайтдан эътиборан, бундан унинг ўзгартирилиши, шунингдек янгидан вужудга келган юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш санасида қайта ташкил этилаётган юридик шахсларда фаолиятнинг айни бир лицензияланадиган турини амалга ошириш учун лицензия мавжуд бўлган тақдирда қўшиб юборилиши мустасно;

якка тартибдаги тадбиркор давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг амал қилиши тугатилганда;

якка тартибдаги тадбиркорнинг муомалага лаёқатлилиги белгиланган тартибда чекланганда ёки у муомалага лаёқатсиз деб топилганда;

лицензиат лицензия шартномасида назарда тутилган лицензия талабларини ва шартларини мунтазам равишда ёки бир маротаба қўпол равишда бузганда;

лицензиат лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туришига олиб келган ҳолатларни лицензияловчи орган ёки суд белгилаган муддатда бартараф этмаганда;

лицензияловчи органнинг лицензия бериш тўғрисидаги қарорининг қонунга хилофлиги аниқланганда;

лицензиянинг амал қилиш муддати тугаганда.

Лицензиянинг амал қилишини тугатиш лицензияловчи орган қарорига биноан амалга оширилади, ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Лицензиянинг амал қилишини тугатиш ушбу модданинг биринчи қисми олтинчи - саккизинчи хатбошиларида кўрсатилган ҳолларда суд тартибида амалга оширилади, қонунчиликда белгиланган ҳоллар бундан мустасно.

Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори лицензиатга ёзма шаклда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай етказилади. Лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги суд қарори лицензиатга ва лицензияловчи органга қонунчиликда белгиланган муддатларда етказилади. Лицензиат лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарорни олган кундан эътиборан ўн кун ичида лицензия лицензияловчи органга қайтарилиши ва йўқ қилиниши керак.

Лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги маълумот оммавий ахборот воситаларида, шунингдек лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши керак.

Тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган санадан эътиборан лицензиянинг амал қилиши тугатилади.

Лицензияловчи органнинг лицензиянинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиш мумкин. Суд лицензиянинг амал қилишини тугатишни асоссиз деб топган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида унга етказилган зарар миқдорида жавобгар бўлади.


24-модда. Лицензияни бекор қилиш

Лицензия қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин:

ушбу Қонун 16-моддасининг ўн биринчи қисмида назарда тутилган ҳолда;

лицензиат лицензияни бекор қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилганда;

лицензия сохта ҳужжатлардан фойдаланилган ҳолда олинганлиги факти аниқланганда.

Лицензияни бекор қилиш ушбу модданинг биринчи қисми тўртинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолда суд қарорига, бошқа ҳолларда эса, лицензияловчи органнинг қарорига биноан амалга оширилади.

Лицензияловчи органнинг лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори лицензиатга ёзма шаклда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай етказилади. Лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги суд қарори лицензиатга ва лицензияловчи органга қонунчиликда белгиланган муддатларда етказилади. Лицензиат лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарорни олган кундан эътиборан ўн кун ичида лицензия лицензияловчи органга қайтарилиши ва йўқ қилиниши керак.

Лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги маълумот оммавий ахборот воситаларида, шунингдек лицензияловчи органнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши керак.

Лицензияни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, лицензия у берилган санадан эътиборан бекор қилинган деб ҳисобланади.

Лицензияловчи органнинг лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Суд лицензиянинг бекор қилинишини асоссиз деб топган тақдирда, лицензияловчи орган лицензиат олдида унга етказилган зарар миқдорида жавобгар бўлади.


25-модда. Лицензияларнинг реестрлари

Лицензияловчи органлар ўзлари лицензиялашни амалга ошираётган фаолиятнинг ҳар бир тури учун алоҳида лицензиялар реестрларини юритадилар.

Лицензиялар реестрининг ҳар бирида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши лозим:

лицензиатлар тўғрисидаги асосий маълумотлар;

лицензиялар берилган сана ва лицензияларнинг тартиб рақамлари;

чекланган амал қилиш муддатига бериладиган лицензиялар учун - лицензияларнинг амал қилиш муддатлари;

лицензияларни қайта расмийлаштириш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва қайта тиклаш асослари ҳамда саналари;

лицензияларнинг амал қилишини тугатиш асослари ва саналари;

лицензияларни бекор қилиш асослари ва саналари;

фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисидаги низомларда белгиланган бошқа маълумотлар.

Лицензияларнинг реестрларида мавжуд бўлган маълумотлар лицензияловчи органнинг веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиб чиқиш учун очиқ бўлади.


26-модда. Лицензия берганлик учун давлат божи

Лицензия берганлик ва лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтирганлик учун давлат божи ундирилади.

Лицензия берганлик ва лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтирганлик учун давлат божи миқдорлари ва уни тўлаш тартиби қонунда белгиланади.

Фаолиятнинг лицензияланадиган турининг бир қисми учун лицензия берганлик ва лицензиянинг амал қилиш муддатини узайтирганлик учун давлат божи ставкаларининг камайтирилган миқдорлари белгиланиши мумкин.


27-модда. Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш

тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун

жавобгарлик

Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                  И. Каримов



“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси”, 2000 йил, 5-6-сон, 142-модда






























Время: 0.1424
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск