язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Тадбиркорлик субъектлари/ Ўзбекистон Республикасининг 09.12.1992 й. 732-XII-сон "Хўжалик жамиятлари ва ширкатлари тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

09.12.1992 й.

N 732-XII



ХЎЖАЛИК ЖАМИЯТЛАРИ ВА

ШИРКАТЛАРИ ТЎҒРИСИДА


I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Ушбу Қонун хўжалик жамиятлари ва ширкатларини ташкил этиш ҳамда улар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради.



1-модда. Хўжалик жамиятлари ва ширкатлари


1. Хўжалик ёки тадбиркорлик фаолиятини юритиш мақсадида юридик шахсларнинг, юридик шахслар билан жисмоний шахсларнинг ҳамда жисмоний шахсларнинг ўртасида ўз ҳиссаларини ва мол-мулкини бирлаштириш асосида ўзаро ихтиёрий келишувига мувофиқ тузиладиган корхоналар хўжалик жамиятлари ва ширкатлари ҳисобланади.

Хўжалик жамиятлари ва ширкатларига қуйидагилар киради:

акцияли жамиятлар;

масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамиятлар;

тўлиқ ва коммандит хўжалик ширкатлари.

Хўжалик жамиятлари ва ширкатлари корхоналарнинг хўжалик ассоциациясига: иттифоқ, концерн, консорциум, корпорация ва бошқа уюшмаларга бирлашишга ҳақлидир.


2. Хўжалик жамиятлари ва ширкатлари юридик шахс ҳисобланиб, ушбу Қонун, бошқа қонун ҳужжатлари ва таъсис ҳужжатлари асосида иш олиб боради.

Хўжалик жамиятлари ва ширкатларининг муассислари таъсис ҳужжатларида фаолиятларининг асосий турларинигина санаб ўтишга ҳақлидирлар. Хўжалик жамиятлари ва ширкатлари Қонун ҳужжатларида ман этилмаган ҳамда таъсис ҳужжатларида кўрсатилмаган исталган фаолият тури билан Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шуғулланишлари мумкин.

Қорақалпоғистон Республикасида жамиятлар ва ширкатлар ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиш тартиби Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари билан ҳам тартибга солинади.


3. Акциядорлик жамиятларини тузиш, ташкил этиш ва уларнинг фаолият тартиби "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солинади.


2-модда. Жамият ва ширкат қатнашчиларининг

таркиби ва ваколатлари


1. Бошланғич устав фонди шакллантирадиган қатнашчилар жамиятнинг ва ширкатнинг муассислари ҳисобланадилар.

Жамият қатнашчиси бўлган корхоналар (ташкилотлар) юридик шахс мақомини сақлаб қолади.

Давлат ҳокимияти идораларининг жамиятлар ва ширкатлар фаолиятида иштирок этиши ман қилинади.

Давлат бошқаруви идоралари қонунларда бериб қўйилган ваколатлар доирасида давлат мулкини идора этиш бўйича жамият ва ширкат қатнашчиси бўлиши мумкин.

Жамиятларда ва ширкатларда ажнабий юридик ва жисмоний шахслар қатнашишининг ўзига хос жиҳатлари амалдаги қонунларга биноан белгиланади.


2. Жамият ва ширкат қатнашчилари:

таъсис ҳужжатларида белгиланадиган тартибда жамият ва ширкат ишларини бошқаришда иштирок этиш;

жамият ва ширкат фаолиятидан тушадиган ўзларига тегишли фойдани (дивидендни) пул билан ифодаланган ҳолда ҳам, натурал ҳолда ҳам олиш. Давлат бошқарув идораси бўлмиш жамият ва ширкат қатнашчисига тегишли фойданинг (дивиденднинг) бир қисми у томонидан ўзининг ижтимоий тараққиётига ҳамда ушбу жамиятни бошқариш билан боғлиқ мақсадларга ишлатилиши мумкин;

таъсис ҳужжатларида белгиланадиган тартибда жамият ва ширкат фаолияти тўғрисидаги ахборотдан воқиф бўлиш, шу жумладан, бухгалтерлик ҳисоб-китоби ва ҳисоботи ҳамда ўзга ҳужжатлар билан танишиб чиқиш;

белгиланган тартибда жамият ва ширкат таркибидан чиқиш ҳуқуқига эгадирлар.

Жамият ва ширкат қатнашчилари шу жамият ва ширкат ишлаб чиқараётган (кўрсатаётган) маҳсулотни (хизматни) олишда устун ҳуқуққа, қонунларда ва таъсис ҳужжатларида назарда тутилган ўзга ҳуқуқларга эгадирлар.


3. Жамият ва ширкат қатнашчилари:

жамият ва ширкат таъсис ҳужжатларининг қоидаларига риоя этишлари, жамият ва ширкатнинг умумий йиғилиши ва бошқа бошқарув идоралари қарорларини бажаришлари;

таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда, миқдор ва усулларда улуш қўшишлари (акциялар ҳақини тўлашлари);

тижорат сиридан иборат бўлмиш жамият ва ширкат фаолияти тўғрисидаги ахборотни ошкор қилмасликлари;

Ўзбекистон Республикаси қонунларида ва таъсис ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни адо этишлари шарт.

Ширкат (жамият) қатнашчилари жамият ишлаб чиқарадиган маҳсулотни олишда (хизматлардан фойдаланишда) устун ҳуқуққа эга бўлишлари мумкин, улар зиммасида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида ва таъсис ҳужжатларида назарда тутилган ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Давлат корхоналарини қайта тузиш натижасида ташкил этиладиган акциядорлик жамиятларини, уларнинг эмиссияларига доир маълумотномаларни давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек акцияларини чиқариш ва жойлаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда амалга оширилади.



3-модда. Жамият ва ширкатнинг таъсис ҳужжатлари,

уларни рўйхатдан ўтказиш тартиби


1. Таъсис шартномаси ва устав хўжалик жамиятларининг таъсис ҳужжатлари ҳисобланади. Масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулияли жамият таъсис шартномаси ва устав асосида иш юритади. Тўлиқ ва коммандит ширкатлар таъсис шартномаси асосида тузилади ва иш юритади.

2. Таъсис шартномасида:

таъсис этилаётган жамият ва ширкат тури, уларнинг фаолият соҳаси, мақсадлари ва муддати;

қатнашчилар (муассислар) таркиби;

таъсис этилаётган жамият ва ширкатнинг фирма номи ҳамда унинг жойлашган ери (почта манзили);

устав фондининг миқдори ва уни ҳосил қилиш тартиби;

даромадларни (фойдани), дивидендларни тақсимлаш ва зарарларни қоплаш тартиби;

қонунларга зид келмайдиган бошқа шартлар тўғрисидаги маълумотлар бўлади.


3. Жамият уставида:

фирма номи ва жойлашган ери (почта манзили);

фаолият соҳаси, мақсадлари ва муддати;

устав фондининг миқдори;

ҳар бир қатнашчига тегишли улуш миқдори;

улар қўшадиган ҳиссанинг миқдори, таркиби, қўшиш муддатлари ва тартиби;

устав фондини ошириш ёки камайтириш тартиби;

чиқарилаётган акцияларининг турига, номинал қиймати, ҳар хил турдаги акцияларнинг ўзаро нисбати;

даромадларни (фойдани), дивидендларни тақсимлаш ва зарарларни қоплаш тартиби;

захира фондларни ва ўзга фондларни ҳосил қилиш тартиби; улушларнинг эгаларини ўзгартириш тартиби;

жамият қатнашчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

жамиятни бошқариш тузилмаси, ижрочи ва назорат идоралари аъзоларининг сони, уларни сайлаш тартиби, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

қатнашчилар йиғилишининг ваколатлари;

йиллик ҳисоботларни тузиш, текшириш ва тасдиқлаш тартиби;

жамиятни қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби тўғрисидаги маълумотлар;

жамият фаолиятининг хусусиятига кўра зарур бўлган ўзга маълумотлар акс эттирилиши керак.


4. Жамият ва ширкат Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган тартибда давлат рўйхатига олинган вақтдан бошлаб юридик шахс ҳуқуқига эга бўлади.

6. Давлат корхоналарини қайта тузиш натижасида ташкил этиладиган акциядорлик жамиятларини, уларнинг эмиссияларига доир маълумотномаларни давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек акцияларини чиқариш ва жойлаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда амалга оширилади.


4-модда. Жамият ва ширкатнинг мулки


1. Ширкат ва жамият:

муассислар ва қатнашчилар томонидан унинг эгалигига берилган мол-мулкнинг;

хўжалик фаолияти натижасида ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг;

олинган даромадларнинг;

қонунларда тақиқланмаган асосларга кўра сотиб олинган ўзга мол-мулкнинг эгаси ҳисобланади.

Давлатнинг мол-мулки асосида тузилган хўжалик жамияти, ширкати тегишли ордерни ваколатли органдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олган дақиқадан эътиборан мулкдор ҳуқуқига эга бўлади.

2. Жамият ва ширкат амалдаги қонунларга мувофиқ тарзда қимматли қоғозлар чиқариш ва улардан даромад олишга ҳақлидир.


3. Жамият ва ширкат қатнашчисининг қўшадиган ҳиссаси бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналар, ўзга моддий бойликлардан, қимматли қоғозлардан, ер, сув ва ўзга табиий бойликлардан, бинолар, иншоотлар ва асбоб-ускуналардан фойдаланиш ҳуқуқидан, шунингдек ўзга мулкий ва мулкка оид бўлмаган ҳуқуқлардан, пул маблағларидан иборат бўлиши мумкин. Қўшилаётган мол-мулкнинг қиймати жамият қатнашчиларининг биргаликдаги қарори билан белгиланади.

Қайта тузилаётган давлат корхонаси (ташкилоти)нинг мол-мулкини баҳолаш қонунларга мувофиқ амалга оширилади.


4. Пул кўринишида баҳоланган, устав фондига қўшилган ҳисса қатнашчининг устав фондидаги улушини ташкил этади.


5. Қатнашчи мол-мулкини жамиятга фақат фойдаланиш учун ўтказган ҳолларда қатнашчи ҳиссасининг миқдори ҳамда мос равишда унинг улуши, башарти таъсис ҳужжатларида ўзга ҳол қайд этилмаган бўлса, жамият ва ширкатнинг таъсис ҳужжатларида кўрсатилган бутун фаолият муддати учун ёки қатнашчилар томонидан белгиланган ўзга муддат учун ана шу мол-мулкдан фойдаланганлик эвазига ижара ҳақи эътиборга олинган ҳолда ҳисоблаб чиқилади.



5-модда. Давлат корхоналарини хўжалик жамиятларига

ва ширкатларига айлантириш


1. Давлат корхонасини хўжалик жамияти ва ширкатга айлантириш ҳамда шу хусусида қарор қабул қилиш Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ амалга оширилади.

2. Корхонанинг юридик шахс ҳисобланмайдиган тармоқ бўлинмасини хўжалик жамиятига ва ширкатига айлантириш мулкдорнинг ёки у вакил қилган идоранинг розилигига биноан, уларни олдиндан мустақил давлат корхонасига айлантирмай туриб амалга оширилади.



6-модда. Жамият ва ширкат фаолиятини тўхтатиш


Жамият ва ширкат фаолияти:

у тузилаётганида мўлжал қилинган муддат тугаганда ёки уни тузишдан кўзланган мақсадга эришилганда;

у синганда ёхуд қонунларни сурункасига ёки қўпол равишда бузган ҳолларда тегишли суднинг қарорига асосан;

жамият ва ширкатни бошқариш олий идорасининг қарорига биноан;

улар тугатилган ва қўшиб юбориш, бирлаштириш, ажратиш, бўлиш ёки қайта тузиш йўли билан қайта ташкил этилган тақдирда;

таъсис ҳужжатларида ва амалдаги қонунларда кўзда тутилган бошқа асосларга кўра тўхтатилиши мумкин.

Жамият ва ширкатни тугатиш ҳамда қайта ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси қонунларида ва таъсис ҳужжатларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.



7-модда. Низоларни қараб чиқиш тартиби


Жамият ва ширкатларнинг ўзаро, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар билан ҳамда чет эл юридик шахслари ва фуқаролар билан низолари қонунларда белгиланган тартибда суд, хўжалик суди ва холислар суди томонидан кўриб чиқилади.


III БЎЛИМ. МАСЪУЛИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ЁКИ

ҚЎШИМЧА МАСЪУЛИЯТЛИ ЖАМИЯТ


16-модда. Масъулияти чекланган ёки қўшимча

масъулиятли жамият


1. Миқдори таъсис ҳужжатларида белгилаб бериладиган улушларга бўлинган устав фонди бор ҳамда мажбуриятлар юзасидан ўз мол-мулки доирасидагина жавобгар бўлган жамият масъулияти чекланган жамият деб эътироф этилади.

Жамият қатнашчилари қўшган ҳиссалари доирасида жавобгар бўладилар.


2. Миқдори таъсис ҳужжатларида белгилаб берилган улушларга бўлинган устав фонди бор жамият қўшимча масъулиятли жамият деб эътироф этилади. Бундай жамиятнинг мол-мулки камлик қилган тақдирда жамият қатнашчилари унинг мажбуриятлари юзасидан ўз мол-мулклари билан ҳам, барча қатнашчилар учун тенг миқдорда, қўшган ҳиссаларига монанд суммада жавоб берадилар.



17-модда. Масъулияти чекланган ёки қўшимча

масъулиятли жамиятнинг устав фонди


1. Масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамиятда устав фонди тузилиб, унинг миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваридан кам бўлмаслиги керак.

Жамият устав фондини таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантиришнинг энг кўп муддати, башарти қонун ҳужжатларида ўзгача қоидалар назарда тутилган бўлмаса, жамият давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йилдан ошмаслиги лозим.

2. Жамият давлат рўйхатидан ўтадиган пайтгача қатнашчиларнинг ҳар бири таъсис ҳужжатларида кўрсатилган ҳиссанинг камида ўттиз фоизини киритиши шарт, бу банк муассасалари берган ҳужжатлар билан тасдиқланади.

Қатнашчи ўз ҳиссасини жамият рўйхатдан ўтганидан кейин бир йил ичида тўлиқ қўшиши шарт. Ушбу мажбурият белгиланган муддатда бажарилмаган тақдирда қатнашчи, башарти таъсис ҳужжатларида ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, муддати ўтказиб юборилган вақт учун тўланмаган суммадан олинадиган йиллик даромаднинг йигирма беш фоизини тўлайди.

Жамиятнинг ўз ҳиссасини тўлиқ тўлаган қатнашчисига гувоҳнома берилади, бу гувоҳнома қимматбаҳо қоғозлар жумласига кирмайди.


3. Ҳисса сифатида киритилган мол-мулк қийматининг ўзгариши ва таъсис ҳужжатларида белгиланган ҳолларда жамият юқори идорасининг қарорига биноан қатнашчилар томонидан киритилган қўшимча бадаллар жамиятнинг устав фондидаги улушлари миқдорига таъсир этмайди.


4. Масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамиятнинг қатнашчилари қолган қатнашчиларнинг розилиги билан ўз улушини (улушнинг бир қисмини) шу жамиятнинг бир ёки бир неча қатнашчисига ёхуд учинчи шахсларга бериши мумкин. Жамият қатнашчилари ана шу улушни (унинг бир қисмини) жамият устав фондидаги ўз улушларига мутаносиб тарзда сотиб олишда устувор ҳуқуқдан фойдаланадилар. Улушни (унинг бир қисмини) жамият қатнашчиларининг манфаатлари қаноатлантирилганидан кейингина учинчи шахсларга бериш мумкин бўлади. Бундай ҳолларда учинчи шахс унинг ҳуқуқий ворисига айланади.


5. Қатнашчининг улушини у ҳиссасини тўлиқ киритиб бўлганидан кейингина жамиятнинг ўзи сотиб олиши мумкин. Бундай ҳолларда жамият улушни бошқа қатнашчиларга ёки учинчи шахсга узоғи билан бир йил муддатга бериши шарт. Ана шу давр мобайнида фойдани тақсимлаш, шунингдек юқори идорада овоз бериш ва кворумни аниқлаш жамият томонидан сотиб олинган улуш назарда тутилмаган ҳолда амалга оширилади.


6. Қатнашчи масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамият таркибидан чиққан тақдирда унга устав фондидаги улушига муносиб тарзда жамият мол-мулки бир қисмининг қиймати тўланади. Жамиятдан чиққан қатнашчига у жамиятдан чиққунига қадар жамият ўша йили орттирган фойданинг унга тегишли қисми тўланади. Қатнашчи жамиятга фақат фойдаланиш учунгина берган мол-мулк натура ҳолида, эскириб ишдан чиқишини инобатга олган ҳолда, мукофотсиз қайтарилади.


7. Масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамиятнинг қатнашчиси бўлмиш юридик шахс қайта ташкил этилган тақдирда ёки жамият қатнашчиси бўлмиш фуқаро вафот этган ҳолларда жамиятнинг розилиги билан ҳуқуқий ворислар (меросхўрлар) жамиятга киришлари мумкин. Ҳуқуқий ворис (меросхўр) жамиятга киришдан бош тортган ёки жамият ҳуқуқий ворисни (меросхўрни) ўз таркибига қабул қилишни рад этган ҳолларда унга мол-мулкдаги улуши пул ёки натура шаклида берилади, бу улушнинг юридик шахс қайта ташкил этилган ёки қатнашчи вафот этган кундаги қиймати ҳисоблаб чиқилади. Бундай ҳолларда жамиятнинг устав фонди миқдори камайтирилиши керак.


8. Масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамиятнинг ўз устав фондини камайтириш тўғрисидаги қарори, ана шу ҳақда белгиланган тартибда эълон қилинганидан сўнг камида 3 ойдан кейин кучга киради.


9. Жамият қатнашчисининг шахсий мажбуриятлари юзасидан жаримани унинг улушига қаратишга йўл қўйилмайди. Ўз қарзларини қоплаш учун қатнашчининг мол-мулки етмаган ҳолларда қарз берувчилар қарздор-қатнашчининг улуши ажратиб берилишини талаб қилишга ҳақлидирлар.



18-модда. Масъулияти чекланган ёки қўшимча

масъулиятли жамиятнинг бошқарув идоралари


1. Масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамиятнинг юқори бошқарув идораси қатнашчилар йиғилишидир.

Жамият қатнашчиси қатнашчилар йиғилишидаги ўз ваколатини бошқа қатнашчига ёки бошқа қатнашчининг вакилига беришга ҳақлидир.

Қатнашчилар устав фондидаги ўз улушларининг миқдорига мутаносиб овозлар сонига эга бўладилар.


2. Умумий йиғилишнинг мутлақ ваколатига қўйидагилар киради:

жамият фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш, унинг режаларини ва уларнинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботларни тасдиқлаш;

жамиятнинг уставини ўзгартириш ва унга қўшимчалар киритиш;

ижроия органи ва тафтиш комиссияси аъзоларини сайлаш, чақириб олиш ҳамда уларнинг фаолият юритиши тартибини тасдиқлаш;

жамият, шу жумладан, унинг филиаллари фаолиятининг йиллик натижаларини, шунингдек тафтиш комиссиясининг ҳисобот ва хулосаларини, даромадни (фойдани) тақсимлаш ва зарарни қоплаш тартибини тасдиқлаш;

филиаллар ва ваколатхоналарни тузиш, қайта ташкил этиш ҳамда тугатиш, улар тўғрисидаги низомларни (уставларни) тасдиқлаш;

жамиятни бошқариш органларининг мансабдор шахсларини мулкий жавобгарликка тортиш тўғрисида қарорлар қабул қилиш;

жамиятнинг тартиб-таомил қоидаларини ва бошқа ички ҳужжатларини тасдиқлаш, жамиятнинг ташкилий тузилишини белгилаш;

устав фондини ўзгартириш;

жамиятни, унинг филиалларини ва ваколатхоналарини бошқариш органлари мансабдор шахсларининг меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини белгилаш;

жамият фаолиятини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилиш, тугатиш комиссиясини тайинлаш, тугатиш балансини тасдиқлаш;

қатнашчилар томонидан қўшимча бадаллар қўшиш миқдори, шакли ва тартибини белгилаш;

қатнашчининг улушини жамият томонидан сотиб олиш тўғрисидаги масалани ҳал этиш;

қатнашчини жамиятдан чиқариб юбориш.

Жамиятнинг уставида умумий йиғилишнинг мутлақ ваколатига бошқа масалалар ҳам киритилиши мумкин.

Жамият фаолиятининг асосий йўналишларини белгилаш, унинг режаларини ва режаларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларини тасдиқлаш, жамият уставини, устав фондини ўзгартириш билан боғлиқ масалалар юзасидан қарорлар жамият қатнашчиларининг тўртдан уч қисмидан иборат кўпчилик овоз билан, қолган масалалар юзасидан эса оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Қатнашчини жамият чиқариб юбориш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш чоғида бу қатнашчи ёки унинг вакили овоз беришда иштирок этмайди.

3. Масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамиятнинг исталган қатнашчиси қатнашчилар йиғилишида масалани қараб чиқишни бу масалани йиғилиш бошланишидан камида йигирма беш кун аввал кўтарган бўлсагина, талаб қилишга ҳақлидир.


4. Масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамият қатнашчиларининг йиғилиши ҳар йили камида икки марта чақирилади.

Қўшиб ҳисоблаганда овозларнинг йигирма фоизидан кўпроғига эга бўлган жамият қатнашчилари исталган пайтда ва ҳар қандай сабабга кўра навбатдан ташқари йиғилиш чақирилишини талаб қилишга ҳақлидирлар. Агар жамият раиси ушбу талабни йигирма кун мобайнида бажармаса, уларнинг ўзлари қатнашчиларнинг йиғилишини чақиришга ҳақлидирлар.


5. Масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамиятда ҳайъат йўсинидаги (маъмурият) ёки яккабошчилик тарзидаги (директор) ижроия идораси тузилади, у жамиятнинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилади. Жамият ижроия идораси қатнашчиларнинг йиғилишига ҳисобот бериб туради ва унинг қарорлари бажарилишини ташкил этади.


6. Масъулияти чекланган ёки қўшимча масъулиятли жамият маъмурияти (директори)нинг молия-хўжалик фаолиятини тафтиш комиссияси назорат қилиб боради, тафтиш комиссиясини жамият қатнашчиларининг йиғилиши қатнашчилар орасидан таъсис ҳужжатларида назарда тутилган таркибда тузади. Маъмурият аъзолари (директор) тафтиш комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.


7. Тафтиш комиссияси жамиятнинг мансабдор шахсларидан ўзи учун зарур материалларни, бухгалтерлик ёки ўзга хил ҳужжатларни ҳамда шахсий изоҳномаларни талаб қилиб олишга ҳақлидир. Тафтиш комиссиясининг аъзолари жамият ижроия идорасининг мажлисларида маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этадилар.


8. Тафтиш комиссияси ўзи ўтказган текширув натижаларини жамият ижроия идорасига ва жамият йиғилишига йўллайди. Тафтиш комиссияси йиллик ҳисоботлар ва баланслар юзасидан ўз хулосасини беради. Жамият қатнашчиларининг йиғилиши жамият балансини ана шундай хулосасиз тасдиқлаши мумкин эмас.


9. Тафтиш комиссияси, башарти жамиятнинг муҳим манфаатлари учун хавф юзага келган ёки жамиятнинг мансабдор шахслари суиистеъмолликлар қилганлиги аниқланган тақдирда, қатнашчиларнинг навбатдан ташқари йиғилишини чақиришни талаб қилиши шарт.



IV БЎЛИМ. ХЎЖАЛИК ШИРКАТЛАРИ


19-модда. Тўлиқ ва коммандит хўжалик ширкатлари


1. Хўжалик ширкати - бу шахсларнинг бирлашмаси бўлиб, унда қатнашчилар мулкий бадаллар билангина эмас, балки шахсий фаолиятлари билан ҳам иштирок этадилар.

Хўжалик ширкатлари тўлиқ ва коммандит ширкатларга бўлинади.

2. Барча қатнашчилари биргаликда тадбиркорлик фаолияти олиб борадиган ҳамда ширкат мажбуриятлари юзасидан ўзларига тегишли бор мул-мулк билан бирдамликда жавобгар бўладиган хўжалик ширкатлари тўлиқ хўжалик ширкатлари деб эътироф этилади.

3. Ширкатнинг мажбуриятлари юзасидан ўзининг бутун мол-мулки билан жавобгар бўладиган бир ёки ундан ортиқ қатнашчилари билан бир қаторда жавобгарлиги улар қўшган ҳиссалар суммаси доирасидагина чекланадиган бир ёки бир неча қатнашчи (коммандитистлар) бўлган хўжалик ширкати коммандит (аралаш) ширкат деб эътироф этилади.

Агар коммандит ширкатда тўлиқ масъулият билан икки ёки ундан ортиқ қатнашчи иштирок этаётган бўлса, бу қатнашчилар ширкатнинг қарзлари юзасидан биргаликда жавобгар бўладилар.



20-модда. Таъсис шартномасининг мазмуни


1. Тўлиқ ширкат тўғрисидаги таъсис шартномаси ушбу Қонуннинг 3-моддасида назарда тутилган шартлардан ташқари қатнашчилардан ҳар бирининг улуши миқдорини, улар томонидан ҳиссаларни қўшиш миқдори, таркиби ва тартибини, уларнинг ширкат ишларида иштирок этиши шаклини белгилаб қўйиши лозим.

2. Коммандит ширкат таъсис шартномасида тўлиқ ширкатлар учун кўзда тутилган шартлар билан бирга коммандитистларнинг ширкат мол-мулкидаги улушларининг умумий миқдори, улар томонидан ҳиссаларни қўшиш миқдори, таркиби ва тартиби кўрсатилади.



21-модда. Ширкат коммандитистларининг ҳуқуқ ва бурчлари


1. Коммандитист коммандит ширкатга аъзо бўлиб киришда ҳам пулли, ҳам моддий ҳисса қўшишга ҳақлидир.

Коммандитист:

топшириқ мавжуд бўлганида ва топшириққа мувофиқ коммандит ширкат номидан иш кўриш;

ширкат тугатилган тақдирда тўлиқ масъулиятли қатнашчиларга нисбатан ҳисса биринчи навбатда қайтариб берилишини талаб қилиш;

унга ширкат фаолияти тўғрисидаги баланслар ва йиллик ҳисоботлар тақдим этилишини, шунингдек уларнинг тўғри тузилганлигини текшириш имконияти берилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

2. Коммандитист ҳиссалар ва қўшимча бадалларни таъсис шартномасида назарда тутилган миқдорда, усуллар ва тартибда қўшади.

Коммандитистлар улушининг умумий миқдори ширкатнинг таъсис шартномасида кўрсатилган мол-мулки қийматининг эллик фоизидан ошмаслиги лозим.

Коммандит ширкатни давлат рўйхатига олиш пайтига қадар ҳиссадорлардан ҳар бири ўз бадали суммасининг камида йигирма беш фоизини қўшади.



22-модда. Тўлиқ ва коммандит ширкатларнинг фаолияти


1. Тўлиқ ширкатнинг фаолияти унинг барча қатнашчиларининг умумий келишуви асосида амалга оширилади.

Ширкат фаолияти барча қатнашчилар томонидан, ширкат номидан иш кўрадиган бир ёки бир неча қатнашчи томонидан амалга оширилади. Иккинчи ҳолатда қатнашчиларнинг ваколатлари кўлами ширкатнинг қолган қатнашчилари имзолаган топшириқ билан белгилаб қўйилади.

2. Агар таъсис шартномасида ширкат ишларини юритиш учун ваколатлар бериладиган бир неча қатнашчи белгиланаётган бўлса, бунда улардан ҳар бири ширкат номидан мустақил иш кўра олиши назарда тутилади. Таъсис шартномасида бундай қатнашчилар тегишли хатти-ҳаракатларни фақат биргалашиб амалга оширишга ҳақли эканликлари қайд этиб қўйилиши мумкин.

Ширкат ишларини юритиш топширилган қатнашчилар жамият номидан ва унинг манфаатларини кўзлаб бажараётган ишлари тўғрисида қолган қатнашчиларга уларнинг талабига биноан тўлиқ ахборот беришлари шарт.

3. Қатнашчининг ширкат ишларини юритишга доир ваколатлари қатнашчининг топшириқдан воз кечиши ёки топшириқнинг қолган қатнашчилардан лоақал биттасининг талабига биноан бекор қилиниши муносабати билан тўлиқ ёки ширкат фаолияти тўхтатилиши туфайли қисман тўхтатилади.

4. Ваколати бўлмай туриб, унинг хатти-ҳаракатлари барча бошқа қатнашчилар томонидан маъқулланмайдиган ҳолларда умумий манфаатларни кўзлаб иш кўрган қатнашчи, агар унинг ҳаракатлари натижасида ширкатнинг мол-мулки сақланиб қолгани ёки мувофиқ равишда ширкат қилган сарф-ҳаражатлар қийматидан ортиқ мол-мулкка эга бўлгани исботланган тақдирдагина чиқимларни қоплаш тўғрисида ширкат олдига талаб қўйишга ҳақлидир.

5. Агар коммандит ширкатнинг коммандитисти тегишли ваколатларсиз ширкат номидан ва унинг манфаатларини кўзлаб битим тузса, унинг ҳаракатлари коммандит ширкат томонидан маъқулланган тақдирда, у тўлиқ масъулиятли қатнашчилар билан биргаликда кредиторлар олдида битим юзасидан ўзининг қонунга биноан ундириш қаратилиши мумкин бўлган барча мол-мулки билан жавобгар бўлади.

Ҳаракатлари маъқулланмаган тақдирда коммандитист учинчи шахс олдида ўзининг ундириш қаратилиши мумкин бўлган барча мол-мулки билан мустақил равишда жавоб беради.

6. Ушбу моддада белгиланган қоидаларни бузганлари тақдирда, ширкат қатнашчилари бундай хатти-ҳаракатлари туфайли ширкатга етказилган зарарни қоплашлари шарт.

7. Устав фондидаги ва қатнашчилар улушларидаги ўзгартишлар ушбу Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ амалга оширилади.



23-модда. Қатнашчининг тўлиқ ва коммандит ширкатдан чиқиши


Номаълум муддатга тузилган ширкатнинг қатнашчиси камида уч ой олдин огоҳлантириб, ширкатдан исталган пайтда чиқиб кетиши мумкин.

Муайян муддатга тузилган ширкатдан чиқиб кетишга фақат узрли сабаблар бўлган ва бу ҳақда чиқишдан камида олти ой олдин огоҳлантириш берилган тақдирда йўл қўйилади.

Агар қатнашчи хўжалик ширкатидан чиқиб кетаётганида бу ширкат сақланиб қолса, унда қатнашчига чиқиш кунидаги ҳолат бўйича тузилган баланс асосида аниқланадиган унинг бадали қиймати тўланади. Қатнашчининг талаби ва ширкатнинг розилиги билан ҳисса тўлиқ ёки қисман натурал шаклда қайтарилиши мумкин.

Чиқиб кетган қатнашчига ширкат шу йили олган фойданинг унга тегишли қисми тўланади. Қатнашчи томонидан фақат фойдаланиш учун бериб қўйилган мол-мулк эскириб ишдан чиқиши ҳисобга олинган ҳолда, ҳақ тўланмасдан натурал шаклда қайтариб берилади.



24-модда. Тўлиқ ва коммандит ширкатнинг қарзлари учун

ундиришни қатнашчилар улушига қаратиш ҳамда

уларнинг жавобгарлиги


Хўжалик ширкатида қатнашчининг шахсий қарзлари юзасидан ундиришни қатнашчининг улушига қаратишга йўл қўйилмайди. Шахсий қарзларини қоплаш учун қатнашчининг мол-мулки озлик қилган тақдирда кредиторлар ширкатни белгиланган тартибда тугатишни ва қарздор қатнашчининг улушини ажратишни талаб қилиши мумкин. Бу ҳолда қолган қатнашчилар ширкатни сақлаб қолиш мақсадида бундай қатнашчининг хўжалик ширкатидан чиқиб кетиш кунидаги ҳолат бўйича тузилган балансга мувофиқ қарздор қатнашчининг улушини пул билан ёки натурал шаклда ажратишга ҳақлидирлар.

Агар хўжалик ширкатини тугатишда мавжуд мол-мулк барча қарзларни тўлашга озлик қилиб қолса, ширкатнинг барча қатнашчилари Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ ундиришни қаратиш мумкин бўлган ўз мол-мулклари билан қарзларнинг етишмаган қисми юзасидан умумий жавобгар бўладилар. Хўжалик ширкати қатнашчиси ширкатнинг қарзлари юзасидан, қарзлар у ширкатга аъзо бўлиб кирганидан кейин ёки киришидан олдин пайдо бўлганидан қатъи назар, жавобгар бўлади.

Ширкатнинг қарзларини тўлиқ тўлайдиган қатнашчи унинг олдида ширкат мол-мулкидаги ўз улушига мутаносиб равишда жавобгар бўлган қолган қатнашчиларга нисбатан тегишли улуш юзасидан регрессив талаб билан мурожаат қилишга ҳақлидир.



25-модда. Коммандит ширкатни бошқариш хусусиятлари


Коммандит ширкат ишларини бошқариш фақат тўлиқ масъулиятли қатнашчилар томонидан амалга оширилади.

Фақат бир тўлиқ масъулиятли қатнашчи бўлган коммандит ширкатда, ишларни бошқаришни шу қатнашчи мустақил равишда амалга оширади.

Коммандитистлар коммандит ширкатнинг ишларини бошқариш юзасидан тўлиқ масъулиятли қатнашчилар фаолиятига тўсқинлик қилишга ҳақли эмаслар.



26-модда. Тўлиқ ширкат фаолиятини тўхтатиш хусусиятлари


1. Тўлиқ ширкатни қайта ташкил этиш унинг қатнашчилари бир овоздан қабул қилган қарорга биноан, тугатиш эса ушбу Қонуннинг 6-моддасида кўрсатилган асослардан ташқари - ширкат мол-мулкининг учдан бир улушига эга бўлган қатнашчилардан бирининг талабига биноан амалга оширилади.

2. Қатнашчи чиқиб кетганида ва тўлиқ ширкат тугатилганида ширкатнинг қарзлари юзасидан қатнашчига (қатнашчиларга) нисбатан қўйилган талаблар қатнашчи чиқиб кетган пайтдан бошлаб ёхуд ширкат тугатилган пайтдан бошлаб бир йил ўтганидан кейин узилган деб ҳисобланади.



27-модда. Коммандит ширкатни тугатиш хусусиятлари


1. Ушбу Қонуннинг 6 ва 26-моддаларида назарда тутилган ҳоллардан ташқари, коммандит ширкат, шунингдек тўлиқ масъулиятли барча қатнашчилар чиқиб кетган тақдирда тугатилади.

2. Барча коммандитистлар чиқиб кетган тақдирда, тўлиқ масъулиятли қатнашчилар ширкатни тугатиш ўрнига уни тўлиқ ширкатга айлантиришга ҳақлидирлар.

3. Коммандит ширкат ихтиёрида мавжуд бўлган пул маблағлари, тугатиш чоғида унинг мол-мулкини сотишдан олинган тушумни ҳам қўшган ҳолда, ширкатнинг ёлланган ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича ҳисоб-китоб қилинганидан ва банклар, бюджет, бошқа кредиторлар олдидаги мажбуриятлар бажарилганидан кейин биринчи навбатда коммандитистлар ўртасида уларнинг ҳиссаларини қайтариш учун тақсимланади, кейин эса тўлиқ масъулиятли қатнашчилар ўртасида ушбу Қонунда ҳамда таъсис шартномасида назарда тутилган тартиб ва шартларда тақсимланади. Ҳиссадорларга уларнинг ҳиссаларини тўлиқ қайтариш учун ширкатнинг маблағлари озлик қилган тақдирда мавжуд маблағлар қатнашчилар ўртасида уларнинг ширкат мол-мулкидаги улушларига мутаносиб равишда тақсимланади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                И. Каримов



Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, 1-сон, 13-модда