язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Саноат/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17.06.2011 й. ПҚ-1554-сон "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компанияси ҳузурида Дизайн маркази ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

17.06.2011 й.

N ПҚ-1554



"ЎЗБЕКЕНГИЛСАНОАТ" ДАВЛАТ-АКЦИЯДОРЛИК

КОМПАНИЯСИ ҲУЗУРИДА ДИЗАЙН МАРКАЗИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Миллий анъаналарни ва иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда либосларнинг талаб қилинган замонавий моделлари ишлаб чиқилишини ташкил этишни такомиллаштириш, шунингдек маҳаллий енгил саноат маҳсулотларини халқаро бозорларга кенг кўламда киритиш мақсадида:


1. "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компанияси, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, "OSIYO RAMZI" Ўзбекистон Республикаси дизайнерлари ва модельерлари уюшмаси, енгил саноат корхоналари ва ташкилотларининг "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компанияси ҳузурида унитар корхона шаклида Дизайн маркази ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


2. Қуйидагилар "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компанияси ҳузуридаги Дизайн марказининг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари этиб белгилансин:

аҳолининг ошиб бораётган эҳтиёжлари ва талабларини ҳисобга олган ҳолда енгил саноат буюмларини истиқболли моделлаштириш, жаҳон модаларининг энг янги тенденцияларини ўрганиш, енгил саноат маҳсулотларининг ички ва ташқи бозорлари маркетинг тадқиқотларини амалга ошириш;

дизайннинг модель бизнеси ва кийим-кечак ишлаб чиқариш соҳасига ихтисослашаётган халқаро эътироф этилган етакчи марказлари билан мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш ва уларнинг илғор тажрибасини ўрганиш;

моделларнинг техник шартлари ва тавсифларини ишлаб чиққан ҳолда аҳолининг миллий хусусиятлари ва менталитетидан келиб чиқиб, турли ассортиментдаги либосларнинг мавсумий коллекцияларини яратиш, илмий-тадқиқот, маслаҳатлар бериш фаолиятини амалга ошириш;

бозор конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиладиган моделларни доимий равишда янгилаб бориш, либосларнинг рақобатбардош моделларини яратиш, манфаатдор ташкилотларнинг ишлаб чиқаришига буюртмалар портфелини шакллантиришда уларга ҳамда тўқимачилик, тикувчилик ва трикотаж саноатига замонавий, юқори технологияли ишлаб чиқаришларни жалб этиш бўйича маслаҳат ёрдами кўрсатиш;

халқаро тажрибани ўрганиш асосида харажатларни ҳисобга олишнинг замонавий усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг рентабеллигини таъминлаш, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришда ва уларнинг янги турларини жаҳон бозорига киритишда маҳаллий енгил саноат ташкилотларига кўмаклашиш;

маҳаллий ва хорижий дизайнерлар либослари моделларининг намойишларини, конференциялар, кўргазмалар, методик семинарлар ва маҳорат дарсларини ташкил этиш.


3. Белгилансинки:

Дизайн маркази ўз фаолияти тўғрисида "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компаниясига ҳисобот берадиган мустақил юридик шахс ҳисобланади;

Дизайн марказига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли Комплекси билан келишган ҳолда "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компанияси бошқаруви раиси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор бошчилик қилади.


4. Дизайн марказининг ходимларнинг чекланган умумий сони 35 нафар, шу жумладан, бошқарув ходимлари сони 9 нафар бўлган ташкилий тузилмаси иловага мувофиқ маъқуллансин.

"Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компанияси бошқаруви раисига Дизайн маркази тузилмасига ходимларнинг белгиланган чекланган умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.


5. "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компаниясининг Дизайн марказига "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компаниясининг Тошкент шаҳар, Бобур кўчаси, 45-уйда жойлашган биноси хоналарининг бир қисмини туташ ҳудуди билан бирга ижара тўлови ундирмасдан бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Белгилансинки, "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компанияси кўрсатиб ўтилган хоналарни бериш айланмаси бўйича қўшилган қиймат солиғи ва юридик шахсларнинг фойда солиғи, шунингдек Дизайн марказига берилган мол-мулк ва майдонлар бўйича мулк солиғи ва ер солиғи тўлашдан озод қилинади.


6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

бир ой муддатда Дизайн марказига берилаётган хоналарни реконструкция қилиш ва Дизайн марказини замонавий, юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга Дизайн марказининг "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компанияси билан келишилган ҳолда тақдим этилган ҳисоб-китобларига мувофиқ 2011 йилда Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан маблағ ажратиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ Дизайн маркази фаолиятини ташкил этишга ва уни жорий таъминлашга жорий йилда республика бюджети маблағлари ҳисобидан зарур бюджет маблағлари ажратсин ва 2012-2015 йилларда ажратишни назарда тутсин.

7. Бюджетдан ажратиладиган маблағлар билан бирга, ўз хўжалик фаолиятидан олинган маблағлар, шу жумладан, пулли хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Дизайн маркази фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.

Дизайн марказига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун унга хайрия эҳсонларини жалб этиш ҳуқуқи берилсин.


8. Дизайн маркази 2016 йил 1 январгача бўлган муддатга солиқларнинг барча турларини тўлашдан, шунингдек фаолиятининг асосий тури бўйича Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод қилинсин.


9. Тошкент шаҳар ҳокимлиги, "Ўзбекенгилсаноат" давлат-акциядорлик компанияси, Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси:

бир ой муддатда Дизайн маркази белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласинлар;

Дизайн марказининг буюртманомалари бўйича фирма савдо салон-дўконлари ташкил этиш ва бошқа ишлаб чиқариш мақсадлари учун ижара асосида тегишли жойларни берсинлар.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     И. Каримов






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2011 йил 17 июндаги

ПҚ-1554-сон қарорига

ИЛОВА



Дизайн марказининг

ТУЗИЛМАСИ






Директор



Консультант


















































































Дизайнерлик гуруҳи

(7 нафар)

Экспериментал тикувчилик цехи

(10 нафар)


Реклама-маркетинг хизмати

(4 нафар)


Илмий-тадқиқот лабораторияси

(2 нафар



Бухгалтерия

(2 нафар)















































Тақдимотлар зали

(1 нафар)















Кадрлар бўйича инспектор - иш юритувчи

(1 нафар)


























Салон-дўкон

(1 нафар)




































































































Дастурчи

(1 нафар)

























































































Ходимларнинг чекланган умумий сони - жами 35 нафар,

шу жумладан, бошқарув ходимлари - 9 нафар.












"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 25-сон, 257-модда