язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қурилиш ва архитектура/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27.12.2011 й. ПҚ-1666-сон "Ижтимоий ва фуқаро объектларини лойиҳалаш ва қуришда тегишли тартиб ўрнатиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

27.12.2011 й.

N ПҚ-1666



ИЖТИМОИЙ ВА ФУҚАРО ОБЪЕКТЛАРИНИ

ЛОЙИҲАЛАШ ВА ҚУРИШДА ТЕГИШЛИ ТАРТИБ

ЎРНАТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Объектларни лойиҳалаш ва қуришда тегишли тартиб ўрнатиш, шаҳарлар ва аҳоли пунктларини комплекс ривожлантириш бўйича қабул қилинадиган лойиҳа ечимлари сифатини ошириш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодекси талабларига, тасдиқланган шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши учун инвестиция жараёни қатнашчиларининг масъулиятини кучайтириш мақсадида:


1. Белгилаб қўйилсинки, ижтимоий-фуқаролик аҳамиятидаги янги объектлар ва уй-жойларни қуриш фақат шаҳарлар ҳамда аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларига ва зарур ҳолларда, белгиланган тартибда уларга киритиладиган тузатишларга қатъий мувофиқ равишда амалга оширилади.

Объектларни белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларисиз ҳамда уларни шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларига боғламасдан қуриш ва реконструкция қилиш йўл қўйиб бўлмайдиган ҳол деб ҳисоблансин.


2. Қуйидагилар қатъиян тақиқлансин:

молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатларини параллел равишда ишлаб чиқиш ва молиялаштириш билан бир вақтда қуриш ва реконструкция қилиш;

тегишли ваколатларга эга бўлмаган шахсларнинг қурилиш жараёнига ҳамда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилишига аралашуви;

шаҳарлар, шаҳарчалар ва туман марказларида қурилиши тугалланган мавзелар, кўп қаватли тураржой микрорайонлари (даҳалар)нинг ҳудудларида тасдиқланган бош режаларда назарда тутилмаган ишлаб чиқариш, савдо, умумий овқатланиш, сервис хизмати кўрсатиш ва бозор инфраструктурасининг алоҳида турган объектларини жойлаштириш, лойиҳалаштириш ва қуриш.


3. Белгилаб қўйилсинки:

объектларни лойиҳалаштириш ва қуришда белгиланган тартибнинг бузилишига йўл қўйган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка, шу жумладан, жиноий жавобгарликка тортиладилар;

объектларни параллел равишда лойиҳалаштириш билан бир вақтда қуриш ва реконструкция қилишга истисно тариқасида, фақат Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ва Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолдагина йўл қўйилади.


4. Ҳисоб-китоб (смета) қиймати 2,0 млрд. сўм ва ундан юқори бўлган объектларни қуриш ва реконструкция қилишнинг манзилли рўйхатлари, уларни молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати даражасида тасдиқланадиган тартиб ўрнатилсин.


5. Қурилиши ва реконструкция қилиниши Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати даражасида тасдиқланиши лозим бўлган объектларнинг манзилли рўйхатларини тасдиқлаш бўйича Ҳукумат комиссияси иловага* мувофиқ таркибда тузилсин.

Ҳукумат комиссияси (Б.И. Зокиров) зиммасига қуйидаги вазифалар юклансин:

молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, ҳисоб-китоб (смета) қиймати 2,0 млрд. сўм ва ундан юқори бўлган объектларни қуриш ва реконструкция қилишнинг манзилли рўйхатларини тасдиқлаш;

қурилиш ва реконструкция қилишнинг ҳисоб-китоб (смета) қиймати ошириб юборилишига йўл қўйилган объектларни йилнинг ҳар чорагида кўриб чиқиб, улар юзасидан тегишли чоралар кўриш;

республика аҳамиятидаги ижтимоий, ишлаб чиқариш, транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш схемалари ва лойиҳаларини келишиб олиш;

шаҳарлар ва шаҳарчалар (туман марказлари)даги қурилиши тугалланган маъмурий марказлар, тураржой микрорайонлари ҳудудларида илгари ишлаб чиқилган ва тасдиқланган лойиҳалар бўйича барпо этиш учун объектлар жойлаштирилишини келишиб олиш.

Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Қурилиши ва реконструкция қилиниши Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати даражасида тасдиқланиши лозим бўлган объектларнинг манзилли рўйхатларини тасдиқлаш бўйича Ҳукумат комиссияси тўғрисидаги низомни тасдиқласин.

Мазкур банднинг амал қилиши эркин иқтисодий зоналар ҳудудларида амалга оширилаётган фаолиятга дахл қилмайди.

6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги "Давархитектқурилиш" қўмитаси ҳамда Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда икки ҳафта муддатда ҳисоб-китоб (смета) қиймати ошириб юборилган объектлар бўйича хулосалар тайёрлаш ва уларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманларнинг ҳокимликлари, вазирликлар ва идоралар:

лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асослари, техник-иқтисодий ҳисоб-китоблари ҳамда бошқа зарур шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича белгиланган талабларга қатъий риоя этилишини;

тасдиқланган бош режаларнинг изчил амалга оширилишини шаҳарлар ҳамда бошқа аҳоли пунктларини қуриш, реконструкция қилиш ва ободонлаштириш бўйича мақсадли ҳудудий инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш орқали таъминласинлар.


8. Тижорат банклари:

объектларни қуриш ва реконструкция қилиш ишларини молиялаштиришда объектларнинг манзилли рўйхатларини тасдиқлаш ва келишиб олишнинг белгиланган тартибига қатъий амал қилсинлар;

объектларни қуриш ва реконструкция қилишни белгиланган тартибда тасдиқланган манзилли рўйхатларга мувофиқ ажратилган капитал маблағларнинг қатъий доирасида молиялаштирсинлар.


9. Ўзбекистон Республикаси "Давархитектқурилиш" қўмитаси Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:

зарур шаҳарсозлик ҳужжатларисиз объектлар қуриш ва реконструкция қилишга йўл қўйган юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш, ҳатто жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисида;

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                           И. Каримов



*) Илова берилмайди.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 52-сон, 559-модда