язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя/ Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш. Хайрия фаолияти/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 23.01.2006 й. ПҚ-266-сон "Ҳомийлар ва шифокорлар йили" дастури тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

23.01.2006 й.

N ПҚ-266



"ҲОМИЙЛАР ВА ШИФОКОРЛАР ЙИЛИ"

ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА



2006 йилнинг юртимизда “Ҳомийлар ва шифокорлар йили" деб эълон қилинганлиги муносабати билан ҳамда халқимизнинг маънавий қадрияти сифатида ҳомийликнинг роли ва аҳамиятини кучайтириш, ҳомийлик фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ушбу жараёнда аҳоли кенг қатламлари, барча мулкчилик шаклидаги ташкилотлар ва корхоналарнинг иштирокини кенгайтириш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш, уларнинг аҳолининг ижтимоий ночор қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳиссасини ошириш, шунингдек, тиббиёт ходимлари касбининг обрў-эътиборини кўтариш ва меҳнат шароитларини яхшилаш мақсадида:


1. Қуйидаги масалалар “Ҳомийлар ва шифокорлар йили"нинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

мамлакат бўйича, минтақалар, шаҳарлар, туманлар ва аҳоли пунктлари миқёсида аҳолининг ижтимоий ночор қатламлари, биринчи навбатда ногиронлар, ёлғиз кексалар, кам таъминланган оилалар ва етим-есирларга аниқ моддий ёрдам кўрсатиш ва маънавий қўллаб-қувватлаш юзасидан чора-тадбирлар дастурини амалга ошириш, кексалар ва ногиронлар интернат-уйларида, "Меҳрибонлик"  уйларида, жисмоний ва ақлий ривожланишда орқада қолган болалар мактаб-интернатларининг шарт-шароитларини яхшилаш;

ҳомийликнинг мустаҳкам кафолатланиши ва ижтимоий нуқтаи назардан кенг эътироф этилишини таъминлайдиган қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш, ўз даромадларининг бир қисмини қалб амри билан ҳомийлик мақсадларига йўналтиришга тайёр олижаноб инсонларнинг холисона интилишларини қўллаб-қувватлаш, халқимиз, айниқса ёшларнинг онгида меҳр-мурувват, саховат ва ҳиммат каби эзгу инсоний фазилатларни юксалтириш;

жамият ҳаётида тиббиёт ходими касбининг нуфузи ва унинг мақомини ошириш, моҳир шифокорлар, тажрибали ҳамширалар ва меҳнатсевар санитарларнинг машаққатли ва масъулиятли ишларини моддий ҳамда маънавий рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиш;

тиббий хизматлар сифатини ошириш, аҳолининг барча табақалари қамраб олиниши ва эркин фойдаланишини таъминлайдиган соғлиқни сақлаш тизимининг замонавий моддий-техника базасини, жумладан, хайрия ташкилотлари ва ҳомийларнинг маблағларини жалб этиш ҳисобига, янада мустаҳкамлаш ва ундан самарали фойдаланиш.


2. Республика комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар ва идоралар, жамоат ташкилотлари ҳамда хайрия жамғармалари билан биргаликда ишлаб чиқилган “Ҳомийлар ва шифокорлар йили" дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

икки ой муддатда ҳомийлик тушунчаси ва унинг мазмун-моҳиятини аниқ белгилайдиган, юридик ва жисмоний шахсларнинг кўмакка муҳтож инсонларга ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, жумладан, давлат томонидан тегишли имтиёзлар ва қўшимча имкониятлар беришнинг яхлит тизимини яратишни назарда тутадиган "Ҳомийлик тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритсин;

икки ҳафта муддатда "Тиббиёт ходимлари куни" касб байрамини таъсис этиш бўйича таклифлар киритсин.


4. “Ҳомийлар ва шифокорлар йили" Дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича Республика комиссияси (Мирзиёев):

нодавлат ташкилотлари, биринчи навбатда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини, бизнес, фирмалар, компаниялар, халқаро хайрия тузилмаларининг вакилларини ҳомийлик ишларига кенг жалб этиш ва шу асосда ҳомийликни оммавий ижтимоий ҳаракатга айлантириш, мазкур ҳаракат нафақат ушбу Дастур доирасида чекланиб қолмасдан, мамлакат ижтимоий муносабатлар тизимида ўзининг доимий ўрнига эга бўлишини таъминлашга қаратилган барча зарур шарт-шароитларни яратсин;

икки ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари томонидан ҳар бир аҳоли пункти, туман, шаҳар ва идоралар бўйича “Ҳомийлар ва шифокорлар йили" ҳудудий ва тармоқ дастурлари ишлаб чиқилиб, қабул қилинишини таъминласин;

давлат бошқаруви республика ва ҳудудий органлари ҳамда жамоат ташкилотлари даражасида ушбу Дастур бўлимлари ҳамда бандларини тўлиқ ва сўзсиз бажариш бўйича ишларнинг мувофиқлаштирилишини ташкил қилсин ҳамда Дастурга киритилган тадбирларнинг бажарилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин.


5. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Миллий телерадиокомпания, оммавий ахборот воситалари “Ҳомийлар ва шифокорлар йили" дастурининг мақсади ва аҳамиятини очиб бериш юзасидан кенг тушунтириш ишлари олиб борилишини, унда назарда тутилган тадбирларнинг бажарилиши, шу жумладан, аҳоли ўртасида меҳр-мурувват, ўзаро ёрдам ва ҳомийлик ғоялари мустаҳкамланишига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, савобли ишларни амалга ошираётган фуқаролар, маҳаллалар, корхона ва ташкилотлар жамоаларининг қўшаётган ҳиссалари мунтазам ёритиб борилишини таъминласин.


6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 4-5-сон, 25-модда.