ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Маҳаллий давлат ҳокимият органлари / Умумий қоидалар /Ўзбекистон Республикасининг 02.09.1993 й. 913-XII-сон "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Қонуни
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ
ҚОНУНИ
02.09.1993 й.
N 913-XII
МАҲАЛЛИЙ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ТЎҒРИСИДА
Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан ташқари) халқ депутатлари Кенгашлари давлат ҳокимиятининг вакиллик органларидир.
Тегишли ҳудуддаги ижро этувчи ҳокимиятга вилоят, туман ва шаҳар ҳокими бошчилик қилади. Вилоят ҳокими, Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобдордирлар. Туман, шаҳар ҳокими юқори турувчи ҳоким ва тегишли халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобдордир.
Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким вилоят, туман ва шаҳар учун умумий бўлган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш вазифалари амалга оширилишини, жойларда қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган ҳужжатлар, юқори турувчи халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимлар қарорларининг ижросини, Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги алоқаларни, аҳолини вилоят, туман ва шаҳарни бошқаришга жалб этишни таъминлайди.
Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари ва ҳокимлар Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган муҳрга эга бўладилар.
2-модда. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият бошлиғини
лавозимига тайинлаш ва лавозимдан озод этиш
Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади.
Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тегишли халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларининг (бундан буён матнда партия гуруҳлари деб юритилади) ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этилади.
Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига номзод тегишли халқ депутатлари Кенгашида унинг номзоди кўриб чиқилаётганда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурини тақдим этади.
Тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини олган вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзоди тасдиқланган ҳисобланади.
Агар овоз бериш вақтида вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодлари тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини ололмаса, Ўзбекистон Республикаси Президенти мазкур лавозимларга номзодларни партия гуруҳлари билан қўшимча маслаҳатлашувлар ўтказганидан сўнг бир ой ичида яна икки марта тақдим этиш ҳуқуқига эга.
Тегишли халқ депутатлари Кенгаши тақдим этилган вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодларини уч марта рад этган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчини тайинлаш, тегишли халқ депутатлари Кенгашини тарқатиб юбориш ҳуқуқига эга. Бунда халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг қарорига мувофиқ ҳоким номзоди бўйича фармон қабул қилади.
Туман, шаҳар ҳокимлари вилоят, Тошкент шаҳар ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этилади ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади.
Вилоят, туман, шаҳар ҳокими тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутати этиб сайланиши мумкин.
Туман, шаҳар ҳокими лавозимига номзод тегишли халқ депутатлари Кенгашида унинг номзоди кўриб чиқилаётганда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурини тақдим этади.
Туманга бўйсунадиган шаҳар ҳокими туман ҳокими томонидан тайинланади ва лавозимидан озод этилади ҳамда халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан тасдиқланади.
Вилоят ҳокими Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда шаҳар ҳокимини туман (шаҳар таркибига кирувчи туманлар бундан мустасно) ҳокимига бўйсундириш ва ягона бошқарув органларини тузиш ваколатига эга бўлиб, бу хусусда қабул қилинган қарор кейинчалик халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан тасдиқланади.
Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ айни бир вилоят, туман, шаҳар ҳокими этиб тайинланиши мумкин эмас.
Ҳокимларнинг ваколатлари муддати - беш йил.
3-модда. Ўзбекистон Республикасининг маҳаллий
давлат ҳокимияти тўғрисидаги қонунчилиги
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Қорақалпоғистон Республикасида халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари ва тегишли ҳокимларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу қонун ва Қорақалпоғистон Республикасининг қонунчилиги билан тартибга солинади.
4-модда. Ҳокимият вакиллик органлари
ва ҳокимларнинг ўзини ўзи бошқариш
органлари билан ўзаро муносабатлари
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ва вилоят, туман, шаҳар ҳокими тегишли ҳудудда ўзини ўзи бошқаришни ривожлантиришга кўмаклашадилар, ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини йўналтириб турадилар.
Вилоят, туман, шаҳар ҳокими зарур бўлган ҳолларда ўз фаолияти тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳисобот тақдим этади.
5-модда. Халқ депутатлари Кенгашлари ва
ҳокимларнинг Ўзбекистон Республикаси бошқа
маъмурий-ҳудудий тузилмалари давлат ҳокимияти
ва бошқаруви органлари билан ўзаро муносабатлари
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ва вилоят, туман, шаҳар ҳокими берилган ваколатлари доирасида умум манфаатни ифодаловчи тадбирлар ўтказиш, қўшимча корхоналар, хўжалик ташкилотлари тузиш учун, турли тармоқлар ва бошқарув соҳаларида фаолиятларни уйғунлаштириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасининг, Ўзбекистон Республикаси бошқа вилоятлари, шаҳарлари ва туманларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан шартномалар асосида ўзаро муносабатлар ўрнатишга ҳақлидирлар.
6-модда. Халқ депутатлари Кенгаши
ва ҳоким қабул қиладиган ҳужжатлар
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши қарорлар қабул қилади.
Вилоят, туман, шаҳар ҳокими қарорлар қабул қилади ва фармойишлар чиқаради.
Халқ депутатлари Кенгашининг ва ҳокимнинг ҳужжатлари Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизимида (бундан буён матнда Ягона электрон тизим деб юритилади) ишлаб чиқилади, келишилади ва рўйхатдан ўтказилади, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким қабул қилган ҳужжатлар, бундан норматив-ҳуқуқий тусга эга бўлмаган ҳужжатлар мустасно, агар шу ҳужжатнинг ўзида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, Ягона электрон тизимда рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан кучга киради.
Халқ депутатлари Кенгашининг ва ҳокимнинг норматив-ҳуқуқий тусдаги ҳужжатлари, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Халқ депутатлари Кенгашининг ва ҳокимнинг Ягона электрон тизимда рўйхатдан ўтказилмаган ҳужжатлари тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас ва ҳуқуқий оқибатларга олиб келмайди, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.
Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким ўз ваколатлари доирасида қабул қилган ҳужжатлар вилоят, туман, шаҳар ҳудудида жойлашган барча ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан ижро этилиши мажбурийдир.
II БОБ. МАҲАЛЛИЙ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ
ФАОЛИЯТИНИНГ ИҚТИСОДИЙ АСОСИ
7-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти фаолиятининг
иқтисодий асосини ташкил этувчи мулк шакллари
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ва вилоят, туман, шаҳар ҳокими фаолиятининг иқтисодий асосини маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг давлат мулки (коммунал мулк) ҳамда вилоят, туман ва шаҳарда мавжуд бўлиб, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишга хизмат қилувчи бошқа мулк ташкил этади.
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ва вилоят, туман, шаҳар ҳокими мутлақ Ўзбекистон Республикаси мулкида бўлган давлат мулки объектларига нисбатан ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектларни самарали жойлаштириш, табиий ва меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза этиш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида назоратни амалга оширадилар. Бунда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекциясининг хулосасига кўра яроқсиз деб топилган давлат кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисида қонунда белгиланган тартибда қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга.
Вилоят, туман, шаҳар мулкини, шунингдек вилоят, туман ва шаҳарга хўжалик юритиш учун берилган давлат мулки объектларини бошқариш тартиби ушбу қонун, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан йўлга солинади.
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши, вилоят, туман, шаҳар ҳокими ўзлари идора қилаётган ҳудуддаги мулкчиликнинг турли шаклига асосланган корхоналар учун Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида назарда тутилмаган, тадбиркорлик ва хўжалик фаолиятини эркин юритишга тўсқинлик қиладиган чекловларни жорий этишга ҳақли эмаслар.
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши давлат мулкини чегаралаш натижасида ўзига берилган ёки қонунчиликка мувофиқ ўзи сотиб олган объектларга нисбатан мулкдор ваколатларини тўлиқ амалга оширади.
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг мол-мулки, маҳаллий бюджетларнинг маблағлари ва бюджетдан ташқари жамғармаларнинг маблағлари вилоят, туман, шаҳар мулкидир. Вилоят, туман, шаҳар аҳамиятига эга бўлган муҳандислик инфраструктураси объектлари ва бошқа объектлар, корхоналар ва бирлашмалар, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот, фан ва маданият муассасалари, вилоят, туман, шаҳар маблағи ҳисобидан ташкил этилган ёки сотиб олинган, шунингдек улушбай асосларда ташкил этилган ёки сотиб олинган ёхуд халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашига бошқа манбалардан бепул берилган қимматли қоғозлар ва молия активлари вилоят, туман, шаҳар мулки бўлиши мумкин.
8-1-модда. Маҳаллий ҳокимият органларининг
вилоят, туман, шаҳар бюджетдан ташқари жамғармалари
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши бюджетдан ташқари жамғармалар ташкил этиши мумкин, уларга қуйидагилар киритилади:
фуқаролар, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг, бундан бюджет ташкилотлари мустасно, ихтиёрий бадаллари ва ҳайриялари;
қонунчиликда тақиқланмаган бошқа бюджетдан ташқари маблағлар.
Маҳаллий ҳокимият органлари вилоят, туман, шаҳар бюджетдан ташқари жамғармаларининг маблағлари шахсий ғазна ҳисобварақларида туради, олиб қўйилмайди ҳамда тегишли халқ депутатлари Кенгаши ва ҳокимнинг қарорига кўра сарфланади.
Халқ депутатлари Кенгаши, ҳоким вилоят, туман, шаҳар мулки объектларини Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида белгиланган доирада бошқаради.
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ҳамда вилоят, туман, шаҳар ҳокими тегишли вилоят, туман, шаҳар мулкида бўлган объектларни Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида назарда тутилган тартибда ва доирада вақтинча ёки доимий эгалик қилиш ва фойдаланиш учун беришга ҳақлидир.
10-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг
ер муносабатларини тартибга солиши
Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ер участкаларини доимий фойдаланишга беришга ҳақли.
Қонунда назарда тутилган ҳолларда, туман, шаҳар ҳокими жисмоний ва юридик шахслар билан ер участкаларини ижарага бериш шартномасини тузади.
Қонунда назарда тутилган ҳолларда, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ер участкасини ёки унинг бир қисмини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тўғрисида қарорлар қабул қилади.
Халқ депутатлари Кенгаши, ҳоким қонунчиликка мувофиқ ер муносабатлари соҳасидаги бошқа масалаларни ҳам ҳал қилади.
IV БОБ. МАҲАЛЛИЙ ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ
ВАКИЛЛИК ОРГАНЛАРИ
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига мувофиқ вилоят, туман, шаҳар аҳолиси томонидан сайланадиган халқ депутатларидан иборат бўлади.
Халқ депутатлари Кенгашларининг ваколатлари муддати - беш йил.
Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ёки айрим жойларида жорий этилган фавқулодда ҳолат амал қилишининг бутун муддати ичида халқ депутатлари Кенгашларига сайловлар ўтказилмайди.
Халқ депутатлари Кенгашига унинг депутатлари орасидан сайланадиган раис бошчилик қилади.
Вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас.
Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ айни бир вилоят, туман, шаҳар халқ депутатлари Кенгашининг раиси этиб сайланиши мумкин эмас.
Халқ депутатлари Кенгаши раиси Кенгашнинг ваколатлари муддатига сайланади.
Халқ депутатлари Кенгаши раиси ўз вазифаларини бажариш даврида сиёсий партияга аъзоликни тўхтатиб туради, шунингдек доимий ва бошқа комиссиялар, партия гуруҳлари таркибига кириши мумкин эмас.
Халқ депутатлари Кенгаши раиси:
халқ депутатлари Кенгаши сессиясига кўриб чиқиш учун киритиладиган масалаларни тайёрлашга умумий раҳбарликни амалга оширади;
халқ депутатлари Кенгаши сессиясига раислик қилади ва Кенгаш сессиясининг ишини ташкил этади;
халқ депутатлари Кенгаши Котибияти мудири ва ходимларини лавозимга тайинлайди ҳамда лавозимидан озод қилади;
Кенгаш Котибиятига халқ депутатлари Кенгаши ишини ташкил этиш бўйича топшириқлар беради, Котибият ходимлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
халқ депутатлари Кенгашининг қарорларини ва Кенгаш сессияси баённомаларини имзолайди, шунингдек уларнинг ижроси устидан назоратни ташкил этади;
халқ депутатлари Кенгашининг сессиясини, шу жумладан навбатдан ташқари сессиясини чақириш тўғрисида қарор қабул қилади;
фуқароларни қабул қилишни ташкил этади, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқади;
халқ депутатлари Кенгашининг доимий ва муваққат комиссиялари ишини мувофиқлаштириб боради;
халқ депутатлари Кенгаши муҳокамасига киритилган масалаларни кўриб чиқиш учун давлат органлари ва ташкилотларининг мутахассислари ҳамда экспертларини жалб этади;
депутатларга ўз ваколатларини амалга оширишда кўмаклашади;
халқ депутатлари Кенгаши фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш чораларини кўради;
халқ депутатлари Кенгаши фаолиятининг ташкилий, ахборот, моддий-техника таъминотини ташкил этади;
ушбу Қонунда ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган ваколатларни амалга оширади.
Халқ депутатлари Кенгашининг биринчи сессияси халқ депутатлари Кенгаши раисини сайлашдан бошланади.
Халқ депутатлари Кенгаши раисини сайлаш учун депутатлар орасидан халқ депутатлари Кенгашига сайловда иштирок этган ҳар бир сиёсий партия депутатларидан иборат сиёсий партиялар вакиллари гуруҳи ташкил этилади. Сиёсий партиялар вакиллари гуруҳининг таркиби тўғрисидаги қарор депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Сиёсий партиялар вакиллари гуруҳининг мажлисида халқ депутатлари Кенгашига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партиянинг вакили раислик қилади.
Халқ депутатлари Кенгаши раиси лавозимига номзодлар сиёсий партиялар вакиллари гуруҳининг тавсияси асосида депутатлар орасидан шакллантирилади.
Айни бир шахс бир вақтнинг ўзида бошқа вилоят, туман, шаҳар халқ депутатлари Кенгашининг раиси этиб сайланиши мумкин эмас.
Халқ депутатлари Кенгаши раиси лавозимига номзод, агар у овоз бериш натижасида Кенгаш депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини олган бўлса, сайланган деб ҳисобланади.
Халқ депутатлари Кенгаши раиси сайланганлиги тўғрисида қарор қабул қилинади, уни халқ депутатлари Кенгаши сессиясида раислик қилувчи имзолайди.
16-4-модда. Халқ депутатлари Кенгаши раисини
муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш
Халқ депутатлари Кенгаши раиси овоз бериш орқали Кенгаш депутатлари умумий сонининг учдан икки қисмидан кўпроғининг овози билан қабул қилинган Кенгаш қарорига биноан муддатидан илгари лавозимидан озод қилиниши мумкин.
Халқ депутатлари Кенгаши раисини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги масала Кенгаш депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисмидан иборат депутатлар гуруҳининг таклифига биноан Кенгаш томонидан кўриб чиқилади.
Халқ депутатлари Кенгаши раисини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилаётганда сессияда Кенгашнинг доимий комиссиялари раисларидан бири раислик қилади.
Халқ депутатлари Кенгаши раисини муддатидан илгари лавозимидан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилинади, қарор сессияда раислик қилувчи томонидан имзоланади.
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши фаолиятининг ташкилий шакли унинг сессияларидир. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг сессиялари тегишли Кенгашнинг фаолиятни жамоатчилик асосида амалга оширадиган раиси, у йўқлигида эса тегишли Кенгашга сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партиядан илгари сурилган депутатлар томонидан ташкил этилган партия гуруҳи раҳбари томонидан, заруратга қараб, ҳар чоракда камида бир марта чақирилади. Сессия халқ депутатлари тегишли Кенгаши депутатлари камида учдан икки қисмининг ташаббусига ёки ҳокимнинг таклифига биноан ҳам чақирилиши мумкин. Кенгаш сессиясини чақириш тўғрисидаги қарордан депутатлар сессия очилишидан камида уч кун олдин хабардор қилинади.
Янги сайланган халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг биринчи сессияси ҳоким томонидан сайловдан кейин кечи билан уч ҳафталик муддат ичида чақирилади. Кенгашнинг биринчи сессиясини тегишли ҳудудий, туман, шаҳар сайлов комиссияси раиси очиб беради ҳамда у Кенгаш раиси сайлангунига қадар сессияда раислик қилади.
Халқ депутатлари Кенгаши сессияларида раис, у йўқлигида эса тегишли Кенгашга сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партиядан илгари сурилган депутатлар томонидан ташкил этилган партия гуруҳи раҳбари раислик қилади. Агар бир нечта сиёсий партия тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини эгалласа, уларнинг ўзаро келишувига кўра тегишли партиянинг раҳбари раислик қилади.
Янги сайланган халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг биринчи сессияси ўтказилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай Кенгашнинг органлари тузилади.
Халқ депутатлари Кенгашининг ҳар бир сессиясини ўтказиш даврида депутатлар орасидан сессия котиби ёки котибияти сайланади.
Халқ депутатлари Кенгашининг сессияси, башарти унда жами депутатларнинг камида учдан икки қисми иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессиясида муҳокама қилинаётган масалалар бўйича очиқ ёки яширин овоз бериш орқали, депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган масалалар бўйича эса депутатлар умумий сонининг учдан икки қисмидан кўпроғининг овози билан қарор қабул қилинади.
Электрон овоз бериш тизимлари ўрнатилган залларда очиқ ёки яширин овоз бериш электрон овоз бериш тизимидан фойдаланилган ҳолда ўтказилади.
Депутат ўзининг овоз бериш ҳуқуқини шахсан амалга оширади.
Халқ депутатлари Кенгаши сессияларини чақириш ва ўтказиш, сессия муҳокамасига масалалар киритиш ва уларни кўриб чиқиш, халқ депутатлари Кенгаши органларини ташкил этиш ва сайлаш, уларнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш, Кенгаш сўровини юбориш тўғрисидаги таклифни кўриб чиқиш, Кенгаш текширувини ўтказиш, депутатлар сўровларини юбориш, қарорлар лойиҳаларини кўриб чиқиш, овоз бериш, қарорларни ўқиб эшиттириш, сессияга таклиф этилган шахслар сонини аниқлаш тартиби, шунингдек депутатларнинг масъулияти ва сессия ишини ташкил этишга доир бошқа масалалар халқ депутатлари Кенгашининг регламентига мувофиқ белгиланади.
19-модда. Халқ депутатлари Кенгашининг
доимий ва муваққат комиссиялари
Сессия муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш, халқ депутатлари Кенгаши қарорларини ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларини рўёбга чиқариш учун кўмаклашиш, шунингдек ўз ваколатлари доирасида назоратни амалга ошириш учун халқ депутатлари Кенгаши ўз ваколатлари муддатига доимий ва муваққат комиссиялар тузади.
Халқ депутатлари Кенгашларида, қоида тариқасида, қуйидаги доимий комиссиялар тузилади:
маҳаллий бюджет, тадбиркорликни ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотлар бўйича;
коррупцияга қарши курашиш, давлат органларида очиқликни таъминлаш ва ҳуқуқий масалалар бўйича;
ижтимоий соҳа, ёшлар сиёсати, маданият ва спорт масалалари бўйича;
аграр, қурилиш, коммунал соҳалар, экология, саноат ва транспорт масалалари бўйича;
регламент ва депутатлик одоб-ахлоқи масалалари бўйича.
Халқ депутатлари Кенгашида муваққат комиссиялар ҳам тузилиши мумкин.
Комиссиялар тўғрисидаги низомлар тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади.
19-1-модда. Халқ депутатлари Кенгаши доимий
ва муваққат комиссияларининг ваколатлари
Халқ депутатлари Кенгашининг доимий ва муваққат комиссиялари:
ўз ташаббусига кўра ёки Кенгашнинг топшириғига биноан Кенгаш қарорларининг лойиҳаларини ишлаб чиқади;
фаолият йўналиши доирасида ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;
халқ депутатлари Кенгаши қарорлари лойиҳаларини дастлабки тарзда кўриб чиқади ва уларни Кенгаш сессиясида кўриб чиқиш учун тайёрлайди;
халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг лойиҳалари юзасидан хулосалар беради;
вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетлари, шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетлари лойиҳалари юзасидан хулосалар ҳамда таклифлар беради;
халқ депутатлари Кенгашининг тавсиясига кўра бюджет маблағларининг мақсадли сарфланиши ва улардан самарали фойдаланилиши ҳолатини ўрганади;
ишчи гуруҳлар тузади, уларнинг таркибига давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг, илмий муассасаларнинг вакилларини, мутахассислар ва олимларни жалб этади;
тегишли ҳудуддаги давлат органлари ва ташкилотларидан, мансабдор шахслардан маълумотларни ва эксперт хулосаларини, шунингдек бошқа ахборотни талаб қилиб олади;
тегишли ҳудудда қонун ҳужжатларининг ва халқ депутатлари Кенгаши қарорларининг давлат органлари томонидан ижро этилиш ҳолатини, ҳуқуқнинг қўлланилиш амалиётини жойларга чиққан ҳолда ўрганади;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни, халқ депутатлари Кенгаши қарорларини тарғиб этиш, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш бўйича тадбирларни амалга оширади.
Доимий ва муваққат комиссиялар қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
20-модда. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши котибияти
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатлардан хизмат кўрсатиш тегишли халқ депутатлари Кенгаши котибияти томонидан таъминланади.
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши котибияти юридик шахс бўлиб, унинг фаолияти тегишли маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши котибиятининг тузилмаси, низоми, штатлари, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори ва моддий-техника таъминоти, шунингдек уларни сақлаш харажатлари тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади.
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши котибияти ходимларининг меҳнатга оид муносабатлари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ваколатлари муддатига боғлиқ бўлмайди, котибият мудири бундан мустасно.
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши котибиятининг мудири тегишли халқ депутатлари Кенгаши депутатлари орасидан Кенгаш раиси томонидан тайинланади ва доимий асосда фаолият юритади.
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши котибиятининг мудири ўз ваколатлари даврида илмий, ижодий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши котибияти Ўзбекистон Республикаси Давлат герби ва ўз номи туширилган муҳрига ҳамда бланкаларига эга бўлади.
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши котибиятининг намунавий тузилмаси ва намунавий низоми Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши томонидан тасдиқланади.
20-1-модда. Халқ депутатлари Кенгашларининг нодавлат
нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг
бошқа институтлари билан ҳамкорлиги
Халқ депутатлари Кенгашлари нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликни амалга оширади, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлайди.
Халқ депутатлари Кенгашлари ҳудудий дастурларнинг, Кенгаш қарорларининг лойиҳаларини ишлаб чиқиш масалалари юзасидан, шунингдек уларнинг ижроси устидан назорат борасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликни амалга оширади.
V БОБ. МАҲАЛЛИЙ ИЖРО ЭТУВЧИ ҲОКИМИЯТ ОРГАНЛАРИ.
ҲОКИМЛАРНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ
Тегишли ҳудуддаги ижро этувчи ҳокимиятга вилоят, туман ва шаҳар ҳокими бошчилик қилади.
Вилоят, туман ва шаҳар ҳокими ўз ваколатларини яккабошчилик асосида амалга оширади ҳамда ўзи раҳбарлик қилаётган органларнинг қарорлари ва ҳаракатлари учун шахсан жавобгар бўлади.
Ҳоким Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган миқдорда биринчи ўринбосарга ва ўринбосарларга эга бўлади.
Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳамда ўринбосарлари ҳоким томонидан Ўзбекистон Республикасининг Президенти билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади, бу хусусда қабул қилинган қарор тегишли халқ депутатлари Кенгашининг тасдиғига киритилади.
Туман, шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари тегишли ҳоким томонидан юқори турувчи ҳоким билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади, бу хусусда қабул қилинган қарор туман, шаҳар халқ депутатлари Кенгашининг тасдиғига киритилади.
Туманга бўйсунувчи шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари тегишли ҳоким томонидан юқори турувчи ҳоким билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
Ҳокимнинг ўринбосарлари ҳоким томонидан белгиланган вазифалар тақсимотига мувофиқ иш бажарадилар. Ҳоким йўқлигида ёки у зиммасидаги вазифаларни бажариш имкониятига эга бўлмаган тақдирда унинг ваколатларини биринчи ўринбосар ёки ҳокимнинг топшириғига биноан унинг ўринбосарларидан бири бажаради.
Ҳоким, унинг ўринбосарлари, ҳокимликнинг бошқа ходимлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мансабдор шахслари бошқа ҳақ тўланадиган лавозимни эгаллашлари мумкин эмас.
Вилоят, туман, шаҳар ҳокими:
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларини, Олий Мажлис палаталарининг қарорларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ҳамда фармойишларини, Вазирлар Маҳкамасининг, юқори турувчи ҳокимларнинг ва тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларини ижро этади;
ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жиҳатдан ривожлантиришни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширади;
жамоат тартибига риоя этилиши ва жиноятчиликка қарши курашиш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва соғлиғини муҳофаза қилиш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўради, табиий офатлар, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолларда ишларни ташкил этади;
вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан, туманлар ҳамда шаҳарлар бюджетларидан ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорларини бюджет сўровини тузиш учун кўриб чиқади ва тасдиқлайди;
вилоят, туман, шаҳарни иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан ривожлантиришнинг асосий йўналишларини, вилоят ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг, туман ва шаҳар бюджетининг тегишли лойиҳасини, шунингдек унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни халқ депутатлари Кенгашига тақдим этади;
халқ депутатлари Кенгашлари сессияларига кўриб чиқиш учун масалалар киритади, зарур ҳолларда Кенгаш сессиясини чақириш тўғрисида Кенгашга таклиф киритади;
халқ депутатлари Кенгашларининг сессияларида иштирок этади;
тегишли халқ депутатлари Кенгашига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этади;
ўз ўринбосарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш тўғрисидаги қарорларни халқ депутатлари Кенгашининг тасдиғига тақдим этади;
ҳокимлик аппарати бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимидан озод этади;
қуйи турувчи ҳокимларнинг қарорларини (бундан хусусий мулк ҳуқуқининг, шунингдек ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг юзага келиши учун асос бўлган қарорлар мустасно), агар улар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларига, шунингдек юқори турувчи халқ депутатлари Кенгашининг ва ҳокимнинг қарорларига зид бўлса, бекор қилади ва халқ депутатлари Кенгашига қуйи турувчи халқ депутатлари Кенгашларининг ҳужжатларини бекор қилиш тўғрисида тақдимнома киритади;
ижро этувчи ҳокимият органлари таркибий бўлинмаларининг ишини назорат қилади;
халқ депутатлари Кенгашининг қонунчиликка зид қарорларини қайта кўриб чиқиш тўғрисида тегишли халқ депутатлари Кенгашига тақдимнома киритади, бундан хусусий мулк ҳуқуқининг, шунингдек ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган қарорлар мустасно;
тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қонунчиликка зид қарорларини бекор қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига ёки судга мурожаат қилади;
халқ депутатлари Кенгашининг ва ҳокимнинг ҳужжатларини бажармаганлиги учун мансабдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида қонунда белгиланган тартибда тақдимнома киритади;
давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқади ва таклифлар киритади;
республикада ва хорижда вилоят, туман ҳамда шаҳарнинг расмий вакили сифатида иш юритади;
фуқароларни қабул қилишни ташкил этади, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқади.
Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига:
навбатдаги йил учун вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг лойиҳаларини кўриб чиқиш ҳамда тегишли хулоса тақдим этиш учун;
ўтган молия йили учун вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисоботни ташқи аудитдан ўтказиш ҳамда баҳолаш учун юборади.
Ҳоким қонунчиликда ўз ваколатлари жумласига киритилган режалаштириш, бюджет, молия, ҳисобга олиш, вилоят, туман, шаҳар мулкини бошқариш ҳамда мулкчиликнинг турли шаклидаги корхоналар, муассасалар, ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш, қишлоқ хўжалиги, ердан ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланиш, табиатни муҳофаза қилиш, қурилиш, транспорт, йўл хўжалиги ва алоқа, аҳолига коммунал, савдо ва ижтимоий-маданий хизмат кўрсатиш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, қонунийликни, ҳуқуқ-тартиботни ҳамда хавфсизликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш каби бошқа масалаларни ҳам ҳал этади.
22-модда. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият
органларининг тузилмаси ва штатлари
Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари (ҳокимликлар) бошқармалар, бўлимлар ва бошқа бўлинмалардан иборат бўлиб, уларнинг тузилмаси, уларни ташкил этиш тартиби ва фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.
Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ижро этувчи ҳокимият органларининг тузилмаси ва штатлари ҳоким томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда тегишли халқ депутатлари Кенгаши тасдиқлаган бюджет доирасида белгиланади ва ўзгартирилади.
Туман, шаҳар ижро этувчи ҳокимият органларининг тузилмаси ва штатлари ҳоким томонидан юқори турувчи ҳоким билан келишилган ҳолда тегишли халқ депутатлари Кенгаши тасдиқлаган бюджет доирасида белгиланади ва ўзгартирилади.
Вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари аппаратининг тузилмаси ва штатлари тегишли ҳоким томонидан вилоят, туман, шаҳар халқ депутатлари Кенгаши тасдиқлаган бюджет доирасида белгиланади ва ўзгартирилади.
Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги аппаратининг намунавий тузилмаси ва штатлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, туман ва шаҳар ҳокимлиги аппаратининг намунавий тузилмаси ва штатлари эса юқори турувчи ҳоким томонидан белгилаб қўйилади. Қорақалпоғистон Республикасида туман ва шаҳар ҳокимлиги аппаратининг намунавий тузилмаси ва штатлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан белгиланади.
23-модда. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари
таркибий бўлинмаларининг раҳбарларини лавозимга
тайинлаш ва лавозимидан озод этиш
Агар қонунчиликда лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилишнинг бошқача тартиби белгиланмаган бўлса, ижро этувчи ҳокимият таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари республика ижро этувчи ҳокимиятининг юқори турувчи органлари билан келишилган ҳолда ҳоким томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
Агар қонунчиликда лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилишнинг бошқача тартиби белгиланмаган бўлса, туманга бўйсунадиган шаҳар ижро этувчи ҳокимият таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари республика ижро этувчи ҳокимиятининг юқори турувчи органлари билан келишилган ҳолда тегишли ҳоким томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
КЕНГАШЛАРИНИНГ ВАКОЛАТЛАРИ
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг асосий ваколатларига:
ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш дастурларини, туман, шаҳарнинг бош режасини ҳамда уни қуриш қоидаларини тасдиқлаш;
вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларини, шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетларини тегишинча вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг тақдимномасига биноан кўриб чиқиш ҳамда қабул қилиш, уларнинг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш;
вилоятларнинг вилоят бюджетлари, Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети ҳамда туманлар ва шаҳарлар бюджетлари даромадларининг прогнозларини маълумот учун қабул қилиш;
вилоятларнинг вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига, туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қарорларни тасдиқлаш;
тегишли бюджетлардан молиялаштириладиган ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг бюджет маблағларидан самарали фойдаланилиши ҳамда эришилган натижалар тўғрисидаги ҳисоботларини эшитиш;
вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларининг, шунингдек туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг тегишли даврдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тегишинча вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг тақдимномасига биноан кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш;
маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкаларини қонунчиликда белгиланган миқдорлар доирасида белгилаш;
ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимга тасдиқлаш, ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимдан озод этиш, уларнинг фаолиятига доир ҳисоботларини, шунингдек ҳокимларнинг вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботларини тинглаш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Халқ қабулхоналарининг тегишли ҳудуддаги давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарлари фаолияти ҳамда мурожаатлар билан ишлаш ҳолати тўғрисидаги ахборотини ҳар чоракда эшитиш;
ёшлар муаммоларини ўрганиш, уларни ҳал этишга кўмаклашиш, ёш авлоднинг истеъдоди ва қобилиятини ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш чораларини кўришга қаратилган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳудудий раҳбарларининг ҳисоботларини ҳар олти ойда эшитиш;
ушбу қонунда назарда тутилган ҳолларда ҳоким қарорларини тасдиқлаш;
халқ депутатлари Кенгашининг Иш тартибини, халқ депутатлари Кенгаши доимий ва муваққат комиссиялари тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш;
халқ депутатлари Кенгашининг доимий ва муваққат комиссияларини, бошқа органларини тузиш, сайлаш ва тугатиш, уларнинг таркибини ўзгартириш, улар ишига доир ҳисоботларни тинглаш;
қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда халқ депутатларининг ваколатларини эътироф этиш ва муддатидан олдин тўхтатиш, уларни жавобгарликка тортиш учун розилик бериш;
зарурат бўлганда ижро этувчи ҳокимият бўлимлари, бошқармалари, бошқа таркибий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини, шу жумладан қонунларга риоя этилиши, тегишли халқ депутатлари Кенгашлари қарорларининг ва доимий комиссиялар тавсияларининг бажарилиши юзасидан ҳисоботларини эшитиш;
тегишли прокурорларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотини ҳар йили эшитиш;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;
тегишинча соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органлари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;
тегишинча ҳудудий адлия бошқармалари ва туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари бошлиқларининг ахборотини эшитиш;
Кенгаш сўровини юбориш тўғрисидаги таклифни кўриб чиқиш, Кенгаш текширувини ўтказиш, депутат сўровларини юбориш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилиш;
ҳокимнинг халқ депутатлари Кенгашининг қонунчиликка зид қарорларини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги тақдимномасига асосан Кенгаш қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш;
ҳокимнинг ва қуйи Кенгашнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ бўлмаган қарорларини бекор қилиш;
ҳокимнинг тақдимига биноан ҳокимликнинг тузилмасини, штатларини ва унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш фондини тасдиқлаш киради.
Халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари:
тегишли вилоятларнинг вилоят бюджетларидан ҳамда Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетидан туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертларнинг чекланган миқдорларини кўриб чиқади ҳамда тасдиқлайди;
жисмоний ва юридик шахсларга тегишинча мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш, доимий эгалик қилиш, доимий фойдаланиш, муддатли (вақтинча) фойдаланиш ёки ижара ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини ёки уларнинг қисмларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва олиб қўйилган ер участкаларида жойлашган кўчмас мулк объектларини қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда бузиб ташлаш тўғрисида қарорлар қабул қилади;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) минтақавий вакилининг инсон ҳуқуқлари, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳолати тўғрисидаги маърузасини ҳар йили эшитади;
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) минтақавий вакилининг тегишли ҳудудда бола ҳуқуқлари, эркинликларини ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳолати тўғрисидаги маърузасини ҳар йили эшитади;
тегишли ҳудудда маҳаллий аҳамиятга молик монументал ёдгорликларни қонунчиликда белгиланган тартибда ўрнатиш ва бузиш (кўчириш) тўғрисида қарорлар қабул қилади;
фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ўз ваколатлари жумласига киритилган бошқа ташкилий масалаларни ва Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ назорат қилишга доир масалаларни ҳал этади.
25-1-модда. Ҳокимнинг вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий
ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан
ҳисоботини халқ депутатлари Кенгаши томонидан эшитиш
Вилоят, туман, шаҳар ҳокими ҳар йили тегишли халқ депутатлари Кенгашига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисобот тақдим этади.
Вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботи тегишли халқ депутатлари Кенгашининг вилоят, туман, шаҳарнинг ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари ҳамда жорий йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган сессиясида эшитилади. Мазкур сессия вилоятларда ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли мажлиси ўтказилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай, туманлар ва шаҳарларда эса вилоятларда ва Тошкент шаҳрида тегишли мажлислар ўтказилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай ўтказилади.
Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳисоботини эшитишга тегишли вилоятлар ва Тошкент шаҳридан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари, вилоят ва Тошкент шаҳар ижроия ҳокимияти органлари таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари таклиф этилади.
Туман ва шаҳар ҳокимининг ҳисоботини эшитишга тегишли сайлов округларидан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари ва халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, давлат бошқаруви органларининг вакиллари, вилоят, Тошкент шаҳар ҳокими ёки унинг ўринбосарлари, туман ва шаҳар ижроия ҳокимияти органлари таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари таклиф этилади.
Вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботини эшитишга тегишли ҳудудда жойлашган бошқа давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, корхоналарнинг, муассасаларнинг, ташкилотларнинг, шу жумладан нодавлат нотижорат ташкилотларининг, сиёсий партияларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ва бошқа шахслар таклиф этилиши мумкин.
Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ҳисоботини муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида берилган баҳолар ва белгиланган вазифалар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.
Туман ва шаҳар ҳокимининг ҳисоботини муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида, шунингдек халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг сессияларида берилган баҳолар ҳамда белгиланган вазифалар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.
Вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботини муҳокама қилиш якунлари бўйича тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қарори қабул қилиниб, унда тегишли ҳоким ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ишининг самарадорлигига комплекс баҳо берилади, уларнинг ишини такомиллаштиришга доир тавсиялар ва таклифлар, шунингдек қарор амалга оширилишининг бориши устидан назоратни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилади. Мазкур қарор ва ҳокимнинг ҳисоботи расмий нашрларда ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг веб-сайтларида эълон қилиниши шарт.
25-2-модда. Халқ депутатлари Кенгаши томонидан
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳудудий
бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш
Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаларининг, вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг бошлиқлари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисида ҳар чоракда, жамоат хавфсизлиги тўғрисида эса ҳар олти ойда тегишинча халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоятлар Кенгашларига ҳисобот тақдим этади.
Туман (шаҳар) ички ишлар бошқармаларининг (бўлимларининг) бошлиқлари ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисида, шунингдек жамоат хавфсизлиги тўғрисида ҳар чоракда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига ҳисобот тақдим этади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитишга тегишли ҳудудда жойлашган бошқа давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, ташкилотларнинг, шу жумладан нодавлат нотижорат ташкилотларининг, сиёсий партияларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ва бошқа шахслар таклиф этилиши мумкин.
Юклатилган вазифаларнинг бажарилиши юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ва ишларнинг натижалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш чоғида танқидий жиҳатдан муҳокама қилинади, уларнинг фаолияти самарадорлигига шахсан баҳо берилади, шунингдек эгаллаб турган лавозимига мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисида тавсиялар қабул қилинади.
25-3-модда. Халқ депутатлари Кенгаши томонидан
тегишинчаҳудудий адлия бошқармалари ва туманлар
(шаҳарлар) адлия бўлимлари бошлиқларининг
ахборотини эшитиш
Ҳудудий адлия бошқармаларининг бошлиқлари ҳар йили тегишинча халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига жойлардаги норма ижодкорлиги фаолияти ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти, ҳуқуқий тарғибот ва маърифатнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади.
Ҳудудий адлия бошқармаси бошлиғининг ахборотини эшитиш якунлари бўйича тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қарори қабул қилиниб, қарор Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига юборилади.
Туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимларининг бошлиқлари ҳар олти ойда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига туман (шаҳар) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги фаолияти ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади.
Туман (шаҳар) адлия бўлими бошлиғининг ахборотини эшитиш якунлари бўйича тегишли халқ депутатлари Кенгашининг қарори қабул қилиниб, қарор ҳудудий адлия бошқармасига юборилади.
25-5-модда. Халқ депутатлари Кенгаши томонидан
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий
бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш
Вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси раҳбарлари ҳар ярим йиллик якунлари бўйича тегишинча халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига ҳудудда соғлиқни сақлашни ривожлантиришга оид давлат дастурларининг бажарилиши, касалликлар профилактикасининг ҳолати, соғлом турмуш тарзини ва тўғри овқатланишни шакллантириш, шунингдек соғлиқни сақлашнинг асосий кўрсаткичлари тўғрисида ҳисобот тақдим этади.
Вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси раҳбарларининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан уларнинг фаолияти самарадорлигига баҳо берилади, ҳудуддаги соғлиқни сақлаш соҳасидаги мавжуд муаммолар ва камчиликларни ҳал этишга, шу жумладан кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини оширишга, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини оширишга ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоя қилинишини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланади, шунингдек тегишли қарор қабул қилиниб, қарор Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига юборилади.
Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг раҳбарлари ҳар ярим йиллик якунлари бўйича тегишинча халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига ҳудудда соғлиқни сақлашни ривожлантиришга оид давлат дастурларининг бажарилиши, касалликлар профилактикасининг ҳолати, соғлом турмуш тарзини ва тўғри овқатланишни шакллантириш, шунингдек соғлиқни сақлашнинг асосий кўрсаткичлари тўғрисида ҳисобот тақдим этади.
Туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарларининг ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан уларнинг фаолияти самарадорлигига баҳо берилади, ҳудуддаги соғлиқни сақлаш соҳасидаги мавжуд муаммолар ва камчиликларни ҳал этишга, шу жумладан кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини оширишга, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини оширишга ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоя қилинишини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланади, шунингдек тегишли қарор қабул қилиниб, қарор соғлиқни сақлашни бошқариш ҳудудий органларига юборилади.
Халқ депутатлари Кенгаши тегишли ҳудудда жойлашган давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахсларига қонунларнинг, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг ижроси масалалари ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан Кенгаш сўровини юборишга ҳақли.
Кенгаш сўрови тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг, суриштирув ва тергов органларининг, судларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларга, шунингдек ижро иши юритиш ҳамда нотариал иш юритишнинг муайян материалларини кўриб чиқиш билан боғлиқ фаолиятга тааллуқли бўлиши мумкин эмас.
Кенгаш сўровини юбориш тўғрисидаги таклиф Кенгашнинг депутатлари, доимий ва муваққат комиссиялари, партия гуруҳларининг ташаббуси асосида Кенгаш сессиясида кўриб чиқилади.
Кенгаш сўровининг ташаббускорлари томонидан Кенгаш сўрови лойиҳаси тайёрланиб, у Кенгашнинг навбатдаги сессияси кун тартибига киритиш учун Кенгаш раисига юборилади.
Кенгаш сўрови лойиҳасига уни асослантирувчи зарур материаллар илова қилинади. Кенгаш сўрови лойиҳасида сўровга жавоб беришнинг шакли (оғзаки ёки ёзма) тўғрисидаги талаблар бўлиши керак.
Кенгаш сўровини юбориш тўғрисидаги қарор Кенгаш депутатлари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Давлат органларининг мансабдор шахслари Кенгаш сўровига оғзаки жавобни Кенгаш томонидан белгиланган муддатда Кенгаш сессиясида беради.
Давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари Кенгашнинг сўровига ёзма жавобни, агар бошқа муддат белгиланган бўлмаса, сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юбориши керак.
Кенгаш сўровига жавобда сўровда қўйилган масалаларнинг ҳар бири бўйича аниқ ва батафсил асослантирилган маълумотлар очиб берилиши керак.
Кенгашнинг сўровига жавоб сўров ўз номига юборилган мансабдор шахс ёки унинг вазифаларини вақтинча бажараётган шахс томонидан имзоланади.
Кенгаш сўровига ёзма жавоб Кенгашнинг сессиясида раислик қилувчи томонидан ўқиб эшиттирилади. Ёзма жавобнинг кўчирма нусхалари жавоб Кенгашнинг сессиясида ўқиб эшиттирилгунига қадар депутатларга юборилади.
Кенгаш сўровларига жавоблар Кенгаш сессиясида муҳокама қилинади ва унинг якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинади.
Кенгаш текшируви тегишли ҳудуднинг хавфсизлигига, барқарор ривожланиш асосларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига, жамият ва давлат манфаатларига таҳдид соладиган фактлар ҳамда воқеаларни ўрганиш мақсадида ўтказилиши мумкин.
Кенгаш текширувини ўтказиш тўғрисидаги Кенгаш қарори депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органларнинг, суриштирув ва тергов органларининг, судларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларни, шунингдек ижро иши юритиш ҳамда нотариал иш юритишнинг муайян материалларини кўриб чиқиш билан боғлиқ фаолият Кенгаш текширувининг объекти бўлиши мумкин эмас.
Кенгаш текширувини ўтказиш учун Кенгаш депутатлари орасидан Кенгаш текширувини ўтказиш бўйича комиссия тузилади.
Комиссия Кенгаш текширувини ўтказишда қуйидагиларга ҳақли:
давлат органлари ва ташкилотларининг вакилларини, мутахассисларни, экспертларни комиссия ишига жалб этишга;
давлат органлари ва ташкилотларидан, жисмоний ва юридик шахслардан зарур маълумотларни сўраб олишга;
давлат органлари ва ташкилотларининг, нодавлат ташкилотларнинг мансабдор шахсларини, шунингдек фуқароларни тушунтиришлар бериш учун таклиф қилишга.
Кенгаш текшируви натижаларига кўра комиссиянинг якуний ҳисоботи тайёрланиб, у Кенгаш сессиясида кўриб чиқиш учун Кенгашга киритилади.
VII БОБ. ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ КЕНГАШИ
ВА ҲОКИМНИНГ ФАОЛИЯТИДА
ҚОНУНИЙЛИКНИНГ КАФОЛАТЛАРИ
26-модда. Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким
фаолиятининг қонунийлигини назорат қилиш
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг қонунчилик нормаларига мувофиқ бўлмаган қарорлари белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан бекор қилинади.
Ҳоким халқ депутатлари Кенгашининг қонунчиликка зид қарорини қайта кўриб чиқиш тўғрисида Кенгашга тегишли тақдимнома киритади, бундан хусусий мулк ҳуқуқининг, шунингдек ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг юзага келиши учун асос бўлган қарорлар мустасно. Кенгаш ҳокимнинг тақдимномасини бир ойлик муддатда кўриб чиқиб, Кенгаш қарорини ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилади. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши томонидан ҳокимнинг тақдимномаси қаноатлантирилмаган тақдирда, ҳоким Кенгашнинг тегишли қарорини бекор қилиш тўғрисида юқори турувчи Кенгашга, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига ёки судга мурожаат қилишга ҳақли.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қарори билан бекор қилинган халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларининг қарорлари ўзининг амал қилишини тугатади.
Ҳокимларнинг ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тўхтатилади ёки бекор қилинади.
Ҳокимларнинг қонунчиликка, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг давлат манфаатларига зид бўлган ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тўхтатилади ёки бекор қилинади, бундан хусусий мулк ҳуқуқининг, шунингдек ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг юзага келиши учун асос бўлган ҳужжатлар мустасно.
26-1-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти
органларининг фаолиятини чеклаш
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолатни жорий этиш тўғрисидаги фармонида фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш даврида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш назарда тутилиши мумкин.
27-модда. Юқори турувчи ҳокимият органлари
қарорларининг қуйи органлар учун мажбурийлиги
Юқори турувчи давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлар қуйи органларнинг ижроси учун мажбурийдир.
28-модда. Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким қабул
қилган ҳамда чиқарган ҳужжатлар устидан судга
шикоят қилиш ва протест келтириш
Халқ депутатлари Кенгаши ва ҳоким томонидан қабул қилинган ҳамда чиқарилган ҳужжатлар устидан фуқаролар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан суд тартибида шикоят қилиниши, шунингдек прокурор томонидан протест келтирилиши мумкин.
29-модда. Ҳокимнинг прокурор протест билдирган
қарорлари қайта кўриб чиқилиши мажбурийлиги
Ҳокимнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг ҳужжатларига зид, прокурор протест билдирган қарорлари шу ҳокимнинг ўзи томонидан ёки юқори турувчи ҳоким ёинки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, заруратига қараб эса Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайта кўриб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов
“Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси”, 1993 йил, 9-сон, 320-модда