язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя/ Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш. Хайрия фаолияти/ Республика болалар ижтимоий мослашуви марказининг ҳимояга муҳтож болаларни ижтимоий муҳофаза қилишни мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва мониторингини олиб бориш бўйича Жамоатчилик кенгаши тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 20.01.2014 й. 11-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2014 йил 20 январдаги

11-сон қарорига

1-ИЛОВА



Республика болалар ижтимоий мослашуви

марказининг ҳимояга муҳтож болаларни ижтимоий

муҳофаза қилишни мувофиқлаштириш, назорат

қилиш ва мониторингини олиб бориш бўйича

Жамоатчилик кенгаши тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Республика болалар ижтимоий мослашуви марказининг ҳимояга муҳтож болаларни ижтимоий муҳофаза қилишни мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва мониторингини олиб бориш бўйича Жамоатчилик кенгаши (кейинги ўринларда Жамоатчилик кенгаши деб аталади) фаолияти тартибини белгилайди.


2. Жамоатчилик кенгаши фаолияти ҳимояга муҳтож болаларни ижтимоий ҳимоялашда идоралараро мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва мониторингини олиб боришни таъминлашга йўналтирилган, Ўзбекистонда болаларни ижтимоий ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш ҳамда Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази (кейинги ўринларда РБИММ деб аталади) фаолияти билан боғлиқ вазифаларни самарали бажариш учун РБИММ ҳузурида ташкил этилган маслаҳат органи ҳисобланади.

Жамоатчилик кенгашининг таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


3. Жамоатчилик кенгаши ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.



II. ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИНИНГ

МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


4. Жамоатчилик кенгашининг асосий мақсади болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишда болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимига (вазирликлар, идоралар ва нодавлат нотижорат ташкилотларига) кўмаклашишдан иборат.


5. Қуйидагилар Жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:

болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги устувор йўналишларни белгилаш;

болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича ҳимояга муҳтож гуруҳ болаларини самарали ижтимоий ҳимоя қилиш механизмларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

ҳимояга муҳтож гуруҳдаги болаларни самарали ижтимоий ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимидаги давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини идоралараро мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва мониторингини олиб бориш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими муассасалари ва мутахассисларининг амалий фаолияти асосларини ҳамда мезонларини ишлаб чиқиш;

болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимидаги атамалар ва асосий тушунчаларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш ва такомиллаштириш;

болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликка қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизасидан ўтказилишини ташкил этиш;

болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш;

болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида ички ва ташқи инвестицияларни жалб қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.



III. ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


6. Жамоатчилик кенгаши ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Жамоатчилик кенгаши зиммасига юкланган вазифаларни бажариш доирасида вазирликлар, идоралар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан зарур маълумотларни қонунчиликда белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

комплекс дастурларни ҳамда алоҳида ишларни ишлаб чиқиш учун олимлар ва амалиётчи мутахассисларни, шу жумладан, шартнома асосида РБИММ маблағлари ва молиялаштиришнинг бошқа манбалари ҳисобига белгиланган тартибда жалб этиш;

вазирликлар, идоралар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан ҳимояга муҳтож гуруҳдаги болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари бўйича ўтказиладиган йиғилишларда, конференциялар ва семинарларда иштирок этиш ва Жамоатчилик кенгаши манфаатларини ифодалаш;

ўз фаолияти йўналишлари бўйича Жамоатчилик кенгаши аъзолари, олимлар, амалиётчи мутахассислар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат комиссияларни, шунингдек фаолиятига раҳбарлик қилиш Жамоатчилик кенгаши аъзоси зиммасига юкланадиган доимий ва вақтинчалик ишчи гуруҳларни тузиш.


7. Жамоатчилик кенгаши ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун амалдаги аниқ натижалар самарадорлиги таҳлилини амалга ошириши ҳамда болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими фаолиятини (мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва мониторингини олиб бориш йўли билан) умумлаштириши, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қуйидагилар бўйича таклифлар киритиши зарур:

ҳимояга муҳтож гуруҳдаги болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш;

болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимидаги вазирликлар, идоралар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг идоралараро мувофиқлаштирилишини такомиллаштириш;

қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.



IV. ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИ ИШЛАРИНИ

РЕЖАЛАШТИРИШ


8. Жамоатчилик кенгашининг ишлари болаларни ижтимоий ҳимоя қилишга доир давлат дастурлари ҳамда йиллик режалар асосида амалга оширилади.


9. Йиллик иш режаси белгиланган масалаларни ҳал қилишга йўналтирилган чора-тадбирлар рўйхатидан иборат бўлиб, унда бажариш учун масъуллар ҳамда уларни бажариш муддатлари кўрсатилади.


10. Йиллик иш режасига Жамоатчилик кенгаши аъзолари томонидан киритиладиган таклифлар Жамоатчилик кенгаши масъул котибига юборилади. Тушган таклифлар ишчи гуруҳлар мажлисларида муҳокама қилингандан кейин йиллик иш режаси навбатдаги режалаштириш давридан олдинги ойда Жамоатчилик кенгаши қарори билан тасдиқланади.



V. ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


11. Жамоатчилик кенгаши раис, раис ўринбосарлари, масъул котиб ва Жамоатчилик кенгаши аъзоларидан иборат таркибда тузилади. Улар Жамоатчилик кенгаши ишларида жамоатчилик асосида иштирок этадилар. Жамоатчилик кенгаши аъзоларининг номзодлари тегишли вазирликлар, идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан тавсия қилинади.


12. РБИММ директори Жамоатчилик кенгаши раиси ҳисобланади.

Жамоатчилик кенгаши раисининг ваколатларига қуйидагилар киради:

Жамоатчилик кенгаши мажлиси кун тартибини белгилаш ҳамда мажлисларини чақириш;

Жамоатчилик кенгаши томонидан қабул қилинган қарорларнинг ижроси юзасидан назоратни ташкил этиш;

Жамоатчилик кенгаши аъзолари ишларини уларга юкланган вазифаларни бажаришлари бўйича мувофиқлаштириш;

Жамоатчилик кенгашига раҳбарлик ҳамда унинг фаолиятини назорат қилиш;

Жамоатчилик кенгашининг самарали фаолиятини таъминлашга доир бошқа ишларни амалга ошириш.


13. Жамоатчилик кенгашининг масъул котиби:

барча зарур ҳужжатларнинг навбатдаги Жамоатчилик кенгаши мажлисига ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

Жамоатчилик кенгаши мажлислари кун тартибига қўйилган масалалар бўйича ўтказилишини таъминлайди;

Жамоатчилик кенгаши аъзоларини ва таклиф қилинганларни мажлис ўтказиладиган сана, вақт ва жой тўғрисида хабардор қилади;

Жамоатчилик кенгаши қарорларининг ижроси мониторингини олиб боради ҳамда унинг натижаларини Жамоатчилик кенгаши мажлисида кўриб чиқиш учун тақдим қилади;

Жамоатчилик кенгаши мажлислари баённомаларини расмийлаштиради ҳамда тасдиқланган баённомаларни Жамоатчилик кенгаши аъзоларига ва бошқа манфаатдор ташкилотларга юборади;

Жамоатчилик кенгаши иш регламентига мувофиқ бошқа вазифаларни бажаради.


14. Жамоатчилик кенгашининг иш тартиби йиллик иш режасига ҳамда РБИММ директори томонидан тасдиқланадиган Жамоатчилик кенгашининг иш регламентига мувофиқ ташкил этилади.


15. Жамоатчилик кенгаши ўз фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ижтимоий ривожлантириш масалалари котибиятига тақдим этади.

16. Жамоатчилик кенгаши мажлислари ҳар ярим йилда камида бир марта ўтказилади. Зарур ҳолларда Жамоатчилик кенгашининг навбатдан ташқари мажлислари ўтказилиши мумкин. Жамоатчилик кенгаши мажлисини раис бошқаради. Раис бўлмаган ҳолларда мажлисни Жамоатчилик кенгаши раиси ўринбосарлари олиб борадилар.


17. Жамоатчилик кенгаши мажлиси унда аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этганда ваколатли бўлади.

Жамоатчилик кенгаши қарорлари Жамоатчилик кенгашининг мажлисда иштирок этаётган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар сони тенг бўлган ҳолларда Жамоатчилик кенгаши мажлисида раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.


18. Жамоатчилик кенгашига юкланган вазифаларни бажариш учун унинг аъзоларидан ишчи гуруҳлар ташкил этилади. Уларнинг фаолияти ва таркиби Жамоатчилик кенгаши қарори билан тасдиқланади.

Жамоатчилик кенгаши мажлисларида иштирок этиш, шунингдек ишчи гуруҳ таркибида ишлаш учун вазирликлар, идоралар ва нодавлат нотижорат ташкилотларидан мутахассислар жалб қилиниши мумкин.



VI. ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИ ТОМОНИДАН

ҚАРОРЛАРНИНГ ҚАБУЛ ҚИЛИНИШИ

ВА УЛАРНИНГ ИЖРОСИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


19. Жамоатчилик кенгаши қарорлари Жамоатчилик кенгаши мажлиси баённомаси билан расмийлаштирилади. Жамоатчилик кенгаши мажлиси баённомаси унинг барча аъзолари томонидан имзоланади, масъул котиб томонидан имзоланиб, Жамоатчилик кенгаши раиси томонидан тасдиқланади ҳамда бир ҳафта муддатда Жамоатчилик кенгаши аъзоларига ва манфаатдор ташкилотларга юборилади.

Жамоатчилик кенгашининг ҳар бир аъзоси қабул қилинадиган қарорлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини ёзма ифодалаш ҳуқуқига эга.


20. Жамоатчилик кенгаши раиси қарорларни тезкор қабул қилиш мақсадида, Жамоатчилик кенгашининг алоҳида масалалар бўйича қарорларини Жамоатчилик кенгаши иштирокчилари билан сўровнома ўтказиш йўли орқали тасдиқлаши мумкин.


21. Жамоатчилик кенгаши баённомасининг асл нусхаси ва унга илова қилинган материаллар Жамоатчилик кенгаши масъул котибида сақланади.


22. Жамоатчилик кенгаши қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини ўз мажлисларида мунтазам равишда кўриб чиқади.


23. Жамоатчилик кенгаши ўзига юкланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан жавоб беради.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 27 январь, 4-сон, 48-модда