язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Сув, сувдан фойдаланиш ва сув хўжалиги/ Сув хўжалиги. Сув хўжалиги иншоотлари ва гидротехник объектлар/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 17.01.2008 й. ПҚ-782-сон "Қуйимозор" насос станциясини қайта тиклаш" лойиҳасини ОПЕКнинг Халқаро ривожланиш жамғармаси иштирокида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

17.01.2008 й.

N ПҚ-782


"ҚУЙИМОЗОР" НАСОС СТАНЦИЯСИНИ

ҚАЙТА ТИКЛАШ" ЛОЙИҲАСИНИ ОПЕКНИНГ

ХАЛҚАРО РИВОЖЛАНИШ ЖАМҒАРМАСИ

ИШТИРОКИДА АМАЛГА ОШИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Бухоро вилоятининг суғориладиган ерларида қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришини барқарор ривожлантиришни таъминлаш, шунингдек, ОПЕКнинг Халқаро ривожланиш жамғармаси билан ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида:


1. Қуйидагилар маълумот учун қабул қилинсин:

2007 йил 20 ноябрда Ўзбекистон Республикаси билан ОПЕКнинг Халқаро ривожланиш жамғармаси ўртасида "Қуйимозор" насос станциясини қайта тиклаш" лойиҳасини молиялаштариш учун 5 йиллик имтиёзли даврни ҳам ҳисобга олганда 20 йил муддатда тўлаш шарти билан 12,0 млн. АҚШ доллари миқдорида қарз Битими имзоланди;

мазкур лойиҳани амалга оширишда Ўзбекистон Республикасининг ҳиссаси давлат бюджети маблағлари ҳисобидан эквиваленти 6,48 млн. долларни, шу жумладан, марказлаштирилган капитал маблағлар тарзида 3,54 млн. доллар ҳамда қарзга хизмат кўрсатиш бўйича фоизлар, воситачилик ҳақи сифатида 2,94 млн. долларни ташкил этади;

лойиҳани амалга ошириш даври - тўрт йил (2008 - 2011 йиллар).


2. Белгилансинки:

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги маблағларни мақсадли сарфлаш ҳамда лойиҳани самарали амалга ошириш учун масъул бўлган ижро этувчи агентлик ҳисобланади;

асосий қарзни узиш, фоизлар, воситачилик ҳақи ва қарзга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.


3. Қуйидагилар:

лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари асосий техник-иқтисодий параметрлари билан 1-иловага* мувофиқ;

лойиҳани амалга ошириш учун инвестициялар жадвали 2-иловага* мувофиқ;

ОПЕКнинг Халқаро ривожланиш жамғармаси қарзини узиш, лойиҳа бўйича фоизлар ва воситачилик ҳақини тўлаш жадвали 3-иловага* мувофиқ;

лойиҳани амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг таркиби 4-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ ва сув хўжалиги вазири ҳамда Бухоро вилояти ҳокими зиммасига лойиҳанинг барча зарур тадбирларини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш, шунингдек, ОПЕКнинг Халқаро ривожланиш жамғармаси тартиб-қоидаларига ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ зарур ҳисобот ҳамда ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланиши ва тақдим этилишини ташкил қилиш юзасидан шахсий жавобгарлик юклатилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси билан ОПЕКнинг Халқаро ривожланиш жамғармаси ўртасидаги Қарз битими бўйича белгиланган тартибда юридик хулоса тақдим этсин.


5. Лойиҳани амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш (Р. Азимов):

лойиҳа ечимларини татбиқ этишни жадаллаштириш бўйича аниқ тадбирларни ишлаб чиққан ҳолда, ажратиладиган маблағларни самарали ўзлаштириш устидан қаттиқ назорат ўрнатилишини таъминласин;

лойиҳанинг самарадорлиги ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш учун унинг қандай амалга оширилаётганини мунтазам кўриб борсин;

мазкур лойиҳа доирасида насос станцияси қурилишига ускуналарни олиб келиш ва ишларни бажариш тадбирларини амалга ошириш учун тендер комиссияси таркибини белгиланган тартибда тасдиқласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бир ой муддатда Бухоро шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан штат жадвалини ҳамда молиялаштириш сметасини келишиб олган ҳолда лойиҳани амалга ошириш гуруҳини ташкил этиб, унинг зиммасига лойиҳани амалга ошириш доирасида мувофиқлаштириш ва бошқариш вазифалари юклатилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги 2009 йилдан бошлаб ҳар йили Инвестиция дастурини шакллантиришда мазкур лойиҳани амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикасининг ҳиссасини молиялаштириш учун давлат бюджети маблағлар ҳисобидан марказлаштирилган капитал маблағлар лимитларини назарда тутсин.


8. Лойиҳани амалга ошириш даврида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинадиган импорт технологик ускуналар, шу жумладан эҳтиёт қисмлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг талабномаларига кўра, лойиҳани ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассисларнинг кириш визаларини консуллик йиғими ва бошқа йиғимлар ундириб олинмасдан белгиланган тартибда расмийлаштиришни таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг талабномаларига кўра, лойиҳани ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этаётган хорижий мутахассисларга вақтинча рўйхатда туриш ва зарур ҳолларда унинг муддатини узайтиришни таъминласин ҳамда улар давлат божи тўлашдан озод қилинсин.


11. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                            И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2008 йил, 1-сон, 52-модда.