Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар /

Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 08.06.2011 й. 166-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 8 июндаги

166-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал

мулк агентлиги тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлигини ва фаолиятининг ташкилий масалаларини белгилайди.


2. Агентлик интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминловчи давлат бошқаруви органи ҳисобланади.

Агентлик мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарадиган ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказувчи ва уларнинг фаолиятини назорат қилувчи махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.


3. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа қонун ҳужжатларига ҳамда мазкур Низомга амал қилади.


4. Агентлик ўз фаолиятини давлат ва хўжалик бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


5. Қуйидагилар Агентликни молиялаштиришнинг асосий манбалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

патент божлари, асарларни ва турдош ҳуқуқлар объектларини рўйхатдан ўтказганлик учун тўлов тушумлари ҳисобига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шакллантириладиган бюджетдан ташқари маблағлар, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Бунда Агентлик ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига қопланади, ходимларни моддий рағбатлантириш ва Агентликнинг жорий таъминоти бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига амалга оширилади.


6. Агентлик юридик шахс ҳисобланади, мустақил балансга, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган думалоқ муҳрга, бошқа зарур муҳр ва штампларга, банк, шу жумладан, валюта ҳисоб рақамларига эга бўлади.


II. АГЕНТЛИКНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, ихтиролар, саноат намуналари, фойдали моделлар, товар белгилари ва бошқа интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш, интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқ эгалари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари ва бошқа интеллектуал мулк объектларини экспертизадан ҳамда давлат рўйхатидан ўтказиш;

инновация технологиялари ва ихтироларни, илмий-техника ва саноат ишланмаларини, селекция ютуқларини, бадиий-конструкторлик ва ижодиёт ишларининг бошқа турларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этишга ҳар томонлама кўмаклашиш;

патент ҳужжатларининг давлат фондини ва интеллектуал мулкнинг расман рўйхатдан ўтказилган объектлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириш, уларни сақлаш ва улардан фойдаланиш учун шарт-шароитларни таъминлаш;

интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этилишини қатъий назорат қилиш, ваколатли давлат органлари билан биргаликда контрафакт товарларнинг республика ҳудудига ноқонуний олиб кирилиши ва айланишининг олдини олиш чора-тадбирларини кўришда қатнашиш;

аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш, сотиш, прокатга бериш, шунингдек фонограммаларни тайёрлаш фаолиятини лицензиялашни амалга ошириш;

интеллектуал мулкни муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, тадбиркорлик субъектлари учун интеллектуал мулк соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш.

8. Агентлик ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш бўйича таклифлар киритади ҳамда уларни амалга оширишда бевосита қатнашади;

интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалалари бўйича таклифлар ишлаб чиқади ҳамда кўриб чиқиш учун уларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади;

инновация технологиялари ва ихтиролар, илмий-техника ва саноат ишланмалари яратилишини, селекция ютуқларини, бадиий-конструкторлик ҳамда ижодиёт ишларининг бошқа турларини рағбатлантириш, уларни, шу жумладан, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва модернизация қилиш доирасида ишлаб чиқаришга кенг жорий этишни таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, селекция ютуқлари, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, товарларнинг келиб чиқиш жойлари номига нисбатан муҳофаза ҳужжатлари бериш юзасидан буюртманомаларни кўриб чиқиш учун қабул қилади;

ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, селекция ютуқлари, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, товарларнинг келиб чиқиш жойлари номлари, интеграл микросхемалар топологиялари давлат экспертизасини амалга оширади, аризада кўрсатилган объектларнинг устуворлигини белгилайди;

ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, селекция ютуқлари, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, товарларнинг келиб чиқиш жойлари номларини, интеграл микросхемалар топологияларини давлат рўйхатидан ўтказади, муҳофаза ҳужжатларини беради, Ўзбекистон Республикасидаги барчага маълум бўлган товар белгиларининг тегишли реестрларини ва Рўйхатини юритади;

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ихтисослаштирилган ташкилотлари хулосалари асосида аризада кўрсатилган селекция ютуқларининг патентга лойиқлик шартларига мувофиқлигини белгилаш натижаларига кўра муҳофаза ҳужжатларини бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

берилган буюртманомаларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини текшириш натижаларига кўра ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси, товар белгиси, хизмат кўрсатиш белгиси, товарларнинг келиб чиқиш жойлари номига, интеграл микросхемалар топологияларига нисбатан муҳофаза ҳужжатларини бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

муҳофаза ва бошқа зарур ҳужжатларнинг ягона шаклларини белгилайди;

интеллектуал мулк объектларидан фойдаланишга ҳуқуқлар бериш тўғрисидаги лицензия шартномаларини, шунингдек уларни ўзгага тўлиқ ёки қисман бериш ҳақида ёхуд уларнинг гаров ҳуқуқи тўғрисидаги шартномаларни рўйхатдан ўтказади ҳамда тегишли реестрларни юритади;

интеллектуал мулкнинг расман рўйхатдан ўтказилган объектлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантиради, уларнинг сақланиши ва фойдаланилиши учун шарт-шароитларни таъминлайди;

фан, адабиёт ва санъат асарларини, аралаш ҳуқуқлар объектларини, шунингдек аралаш ҳуқуқлар муаллифлари ва субъектларини рўйхатдан ўтказади, рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида белгиланган намунада гувоҳнома беради;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида интеллектуал мулк объектларидан фойдаланадиган юридик ва жисмоний шахслар ҳисобини юритади;

Агентликнинг бюллетенлари ва бошқа расмий нашрларини, шунингдек интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ҳамда уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш масалалари бўйича бошқа маълумотлар ва материалларни нашр этишни ташкил қилади ва амалга оширади;

патент бўйича ваколатли ходимларни аттестациядан ва рўйхатдан ўтказади, патент бўйича ваколатли вакилларнинг давлат реестрини юритади;

мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарадиган ташкилотларнинг фаолиятини назорат қилади ва уларнинг фаолиятига кўмаклашади;

интеллектуал мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар бўйича қонун бузилишларига йўл қўймаслик ва бузилган ҳуқуқларни тиклаш, интеллектуал мулк объектларидан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш, шу жумладан, ноҳалол рақобатга йўл қўймаслик бўйича зарур чора-тадбирлар кўради;

интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқ бузилишларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, контрафакт маҳсулотларнинг республика ҳудудига олиб кирилиши ва айланишининг олдини олиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш, божхона, солиқ ва бошқа давлат органлари билан ҳамкорлик қилади;

интеллектуал мулк субъектлари ҳуқуқларини амалга оширишга кўмаклашади;

патент ҳужжатларининг давлат фондини тўлдириш ишларини ташкил қилади ва амалга оширади, унинг сақланишини таъминлайди ва шу асосда манфаатдор ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқароларга кутубхона-библиография, маълумотнома-ахборот хизматлари кўрсатишни ташкил қилади;

патент-ахборот хизматлари ва бошқа хизматлар кўрсатганлик учун тўловлар миқдорини белгиланган тартибда тасдиқлайди;

интеллектуал мулк объектларидан қонунга мувофиқ фойдаланилишини белгилайди ва эксперт хулосалари беради;

интеллектуал мулк соҳасидаги фаолиятни ривожлантириш ва такомиллаштириш муаммолари бўйича илмий-тадқиқот ишларини амалга оширишда қатнашади;

интеллектуал мулк объектларини яратиш ва жорий этиш, уларни ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва ҳимоя қилишнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун аҳамиятини кенг ёритиш тадбирларини амалга оширади;

тадбиркорлик субъектлари, давлат ва хўжалик бошқаруви мансабдор шахсларининг, кенг аҳоли қатламларининг интеллектуал мулк соҳасидаги билимлари ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш чора-тадбирларини амалга оширади, интеллектуал мулк соҳасида кадрлар тайёрлаш учун ўқув-методик базанинг ривожлантирилишини таъминлайди;

интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида мутахассислар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;

интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида манфаатдор шахсларга методик ёрдам кўрсатади;

фуқаролар ва юридик шахсларнинг интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш масалалари бўйича ариза ва шикоятларини қонун ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқади;

интеллектуал мулк масалалари бўйича илмий анжуманлар, симпозиумлар, конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирларни ташкил қилади ва уларда қатнашади;

тузилган шартномаларнинг муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;

аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш, сотиш, прокатга бериш, шунингдек фонограммаларни тайёрлаш фаолиятини лицензиялашни белгиланган тартибда амалга оширади;

аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун яратилган дастурларни такрорлаш, сотиш, прокатга бериш, шунингдек фонограммаларни тайёрлаш соҳасида лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя қилиниши устидан назоратни амалга оширади.


III. АГЕНТЛИКНИНГ ХАЛҚАРО ФАОЛИЯТИ


9. Агентлик Жаҳон интеллектуал мулк ташкилотида ҳамда интеллектуал мулк соҳасидаги бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси номидан вакиллик қилувчи ваколатли орган ҳисобланади.

10. Агентлик:

интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида халқаро шартномалар тузиш тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар киритади, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари лойиҳаларини тайёрлашда қатнашади ҳамда Вазирлар Маҳкамаси топшириғига биноан, кўрсатиб ўтилган шартномаларни имзолайди;

интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида тегишли халқаро, минтақавий ва хорижий ташкилотлар билан музокаралар олиб боради, белгиланган тартибда идоралараро шартномалар тузади;

хорижий патент идоралари, халқаро, минтақавий ва хорижий ташкилотлар билан патент ҳужжатлари ва патентга оид ҳуқуқий адабиётларни халқаро айирбошлашни амалга оширади, интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги чет эл тажрибасини ўрганиш ва ундан фойдаланишни ташкил қилади;

интеллектуал мулк соҳасида халқаро ҳамкорликни белгиланган тартибда амалга оширади, ушбу ҳамкорлик доирасида интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш масалалари бўйича халқаро ва минтақавий ташкилотлар ишида қатнашади;

Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятларнинг бажарилишини ўз ваколатлари доирасида таъминлайди.



IV. АГЕНТЛИКНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


11. Агентлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат органлари, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслардан зарур ахборотлар, ҳужжатлар ва материалларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари бузилишлари тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш;

ихтирочилик ва ижодиётнинг бошқа турлари соҳасидаги улкан ютуқлар учун Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларини бериш тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, селекция ютуқлари, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, товарларнинг келиб чиқиш жойлари номи, интеграл микросхемалар топологияси юзасидан буюртманомаларни кўриб чиқиш ва давлат экспертизасидан ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча материалларни буюртмачилардан белгиланган тартибда сўраш;

интеллектуал мулк объектлари юзасидан буюртманомаларни кўриб чиқиш билан боғлиқ масалаларнинг муҳокамасини ташкил этиш ва ўтказиш, кўрсатиб ўтилган масалаларни кўриб чиқишда қатнашиш учун буюртмачиларни ва уларнинг вакилларини таклиф этиш;

белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш, интеллектуал мулк соҳасидаги илмий-методик ва ахборот материалларини, даврий нашрларни ҳамда бошқа матбаа маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш;

интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун мамлакатимиздаги ва хорижий мутахассисларни шартнома асосида жалб этиш;

бюджетдан ташқари маблағлар жамғармаларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шакллантириш;

ўз ходимларини ижтимоий муҳофаза қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш.

Агентлик қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


12. Агентлик ўз ваколатлари доирасида вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.

Агентлик, зарур ҳолларда, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатлар чиқаришга ҳақлидир.


13. Агентлик:

ўз зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши;

ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, селекция ютуқлари, товар белгилари, хизматлар кўрсатиш белгилари, товарларнинг келиб чиқиш жойлари номи, интеграл микросхемалар топологиялари бўйича буюртманомаларни давлат экспертизасидан ўтказишнинг ўз вақтидалиги, сифати ва маҳфийлиги;

бюджет маблағларидан ва патент божлари ундириш маблағларидан, асарларни ва турдош ҳуқуқлар объектларини рўйхатдан ўтказганлик учун тўлов тушумларидан ҳамда Агентлик тасарруфида қоладиган бошқа носолиқ тўловлардан мақсадли фойдаланилиши юзасидан жавоб беради.



V. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


14. Агентликка Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори билан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган Бош директор (кейинги ўринларда Бош директор деб аталади) бошчилик қилади.

Бош директорнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган ўринбосари бўлади.

15. Бош директор:

Агентлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ҳамда Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Агентлик тузилмасига ходимларнинг умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритади, Агентликнинг штатлар жадвалини, шунингдек харажатлари сметасини тасдиқлайди;

Агентликнинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

Агентлик ходимларининг лавозим вазифаларини тасдиқлайди;

Агентлик ходимларини белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

ўз ваколатлари доирасида Агентлик ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар ва йўриқномалар чиқаради, кўрсатмалар беради;

республикада ва чет давлатларда Агентлик манфаатларини ифодалайди.

Бош директор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширади.


16. Агентликда Бош директор (ҳайъат раиси), унинг ўринбосари (лавозимига кўра), шунингдек Агентлик фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъатнинг аъзолари сони ва шахсий таркиби Бош директор тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

Агентлик фаолиятининг интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва уларга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва амалга ошириш бўйича ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

инновация технологиялари ва ихтиролар, илмий-техника, саноат ишланмалари, селекция ютуқлари, бадиий-конструкторлик ва ижодиёт ишларининг бошқа турларини яратиш, ривожлантириш ва кенг жорий этишга кўмаклашиш;

Агентлик номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш юзасидан Агентлик раҳбарлари ва ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат Агентлик ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳайъат мажлисига Агентлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари Бош директорнинг буйруқлари билан амалга оширилади.

Бош директор ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда, Бош директор пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда, мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ёзма шаклда маълум қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.


17. Агентликда ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, селекция ютуқлари, интеграл микросхемалар топологиялари, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, товарнинг келиб чиқиш жойлари номини ҳуқуқий муҳофаза қилиш билан боғлиқ апелляцияларни, шунингдек товар белгиларини Ўзбекистон Республикасида умумий эътироф этилган деб тан олиш тўғрисидаги аризаларни судгача кўриб чиқиш учун Апелляция кенгаши тузилади.

Апелляция кенгаши таркибига Бош директор, унинг ўринбосари, Агентликнинг энг малакали ва тажрибали ходимлари, шунингдек интеллектуал мулк соҳасидаги мустақил олимлар ва мутахассислар киради.

Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг Апелляция кенгаши тўғрисидаги Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

18. Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилишнинг муҳим масалалари бўйича муаммоларни илмий таҳлил қилиш, кўриб чиқиш ва тавсиялар ишлаб чиқиш учун Агентликда унинг юқори малакали ходимларидан, шунингдек давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, корхоналар ва ташкилотлар вакиллари, интеллектуал мулк соҳасидаги етакчи олимлар ва мутахассислардан Илмий-техника кенгаши тузилади.

Илмий-техника кенгаши тўғрисидаги Низом ва унинг шахсий таркиби Агентлик бош директори томонидан тасдиқланади.


19. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, корхоналар ва ташкилотлар раҳбарлари ва ходимларини, таълим муассасаларининг ўқитувчилар таркибини, патент соҳасидаги ваколатли ходимларни, тадбиркорлик субъектларини ва интеллектуал мулк соҳасидаги бошқа манфаатдор шахсларни ўқитиш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш мақсадида Агентлик ҳузурида Интеллектуал мулк соҳасидаги кадрларни қайта ўқитиш ва мутахассислар малакасини ошириш бўйича ўқув маркази ташкил этилади.

Интеллектуал мулк соҳасидаги кадрларни қайта ўқитиш ва мутахассислар малакасини ошириш бўйича ўқув маркази тўғрисидаги низом Агентлик бош директори томонидан тасдиқланади.


20. Агентликни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 22-23-сон, 236-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами", 2011 йил, 6-сон, 47-модда

































Время: 0.0066
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск