язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Савдо. Умумий овқатланиш. Маиший хизмат кўрсатиш/ Савдо бўйича умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикасининг 30.08.1997 й. 483-I-сон "Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

30.08.1997 й.

N 483-I



ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТИНИНГ

СИФАТИ ВА ХАВФСИЗЛИГИ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Ушбу қонуннинг мақсади


Ушбу Қонун аҳолини сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулоти билан таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради.

Ушбу Қонуннинг талаблари атир-упа, пардоз-андоз моллари ва тамаки маҳсулотларига ҳам тааллуқлидир.



2-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


болаларбоп озиқ-овқат маҳсулотлари - болалар организмининг (уч ёшгача) физиологик хусусиятларига жавоб берадиган махсус озиқ-овқат маҳсулотлари;


санитария-эпидемиологик хулоса - озиқ-овқат маҳсулотининг ва уни тайёрлаш ҳамда ундан фойдаланиш учун мўлжалланган ускуналарнинг санитария қоидаларига, нормаларига ва гигиена нормативларига мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжат;

овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар - озиқ-овқат хом ашёсини қайта ишлаш йўли билан ёки сунъий усулда ҳосил қилинган ҳамда бевосита овқат билан бирга истеъмол қилишга ёки озиқ-овқат маҳсулотлари таркибига қўшишга мўлжалланган табиий ёхуд табиийга айнан ўхшайдиган биологик фаол моддаларнинг концентратлари;

озиқ-овқатлар - озиқ-овқат хом ашёсидан тайёрланган ҳамда натурал ёки қайта ишланган ҳолида истеъмол қилинадиган маҳсулотлар;


озиқ-овқат маҳсулоти - озиқ-овқат хом ашёси (шу жумладан этил спирти), озиқ-овқатлар (шу жумладан алкоголли ичимликлар) ва уларнинг таркибий қисмлари, озиқ-овқат хом ашёси ва озиқ-овқатларга тегиб турадиган моддалар, материаллар ёрдамчи ва қадоқлаш материаллари ҳамда улардан тайёрланган буюмлар билан бирга;

озиқ-овқат маҳсулоти муомаласи - озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, харид қилиш, қайта ишлаш, етказиб бериш, сақлаш, ташиш ва реализация қилиш билан боғлиқ фаолият;

озиқ-овқат маҳсулотини реализация қилиш - озиқ-овқат маҳсулотини маълум шартлар билан сотиш, етказиб бериш ва топширишнинг бошқа шакллари;

озиқ-овқат маҳсулотининг сифати - озиқ-овқат маҳсулотининг истеъмол хоссаларини белгилаб берадиган ва унинг одамлар ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсизлигини таъминлайдиган мезонлар мажмуи;


озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлиги - озиқ-овқат маҳсулотининг санитария, ветеринария, ветеринария-санитария, фитосанитария қоидалари ва нормаларига мослиги;

озиқ-овқат хом ашёси - озиқ-овқатлар ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган ўсимлик, ҳайвонот, микробиология, шунингдек минераллар объектлари, сув;


озиқ-овқатларни ҳамда озиқ-овқат хом ашёсини таққослаш - озиқ-овқатлар ҳамда озиқ-овқат хом ашёси аниқ турдаги ва номдаги маҳсулотга доир норматив ва (ёки) техникавий ҳужжатда белгилаб қўйилган муҳим мезонларга мос келишини аниқлаш;


озиқ-овқат маҳсулотининг яроқлилик муддати (фойдаланиш муддати) - бу муддат давомида озиқ-овқат маҳсулотини сақлаш, ташиш, реализация қилиш чоғида хавфсизлик нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилган тақдирда у фойдаланишга яроқли бўлиб туради, бу муддат тамом бўлганидан кейин эса маҳсулот одамлар ҳаёти ва саломатлиги учун хавфли бўлиб қолиши мумкин;


озиқ-овқат маҳсулотини қалбакилаштириш - озиқ-овқат хом ашёсининг ҳамда озиқ-овқатларнинг хоссалари ва мезонларини атайлаб ўзгартириш ёки уларни алмаштириб қўйиш;

озиқ-овқат қўшимчалари - озиқ-овқатларга белгиланган хоссаларни бахш этиш ва (ёки) уларни сақлаб қолиш мақсадида атайлаб қўшиладиган табиий ҳолдаги ёки синтез қилинган моддалар, бирикмалар;


токсикология-гигиена экспертизаси - озиқ-овқат маҳсулоти устида амалга ошириладиган бир туркум лаборатория тадқиқотлари бўлиб, улар мавжуд нормалар ва қоидалар билан қиёслашга мўлжалланган бўлади;

қадоқлаш материаллари, ёрдамчи материаллар ва улардан тайёрланган буюмлар - озиқ-овқат маҳсулотини муомала жараёнида ташқи таъсирлардан ҳимоялаш мақсадида ишлатиладиган воситалар;


энергетик ичимликлар - таркибида 150 мг/л.дан ортиқ миқдорда кофеин ва (ёки) инсон организмига тонусни ўзгартирувчи таъсир кўрсатиш учун етарли миқдордаги бошқа компонентлар мавжуд бўлган ичимликлар.


3-модда. Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонундан ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Қорақалпоғистон Республикасида озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ушбу Қонунда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгилаб қўйилган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



4-модда. Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини

таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви


Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Давлат санитария-эпидемиология хизмати, Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ҳамда қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган бошқа органлар (бундан кейин матнда давлат назорати органлари деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви қуйидагиларни ўз ичига олади:

давлат томонидан нормалаш;

озиқ-овқат маҳсулотини ҳамда уни тайёрлашга мўлжалланган ва фойдаланганда озиқ-овқатга тегиб турадиган ускуналарни давлат рўйхатидан ўтказиш;

озиқ-овқат маҳсулотини сертификатлаш;

давлат назорати ва текшируви;

озиқ-овқат маҳсулотининг сифатини ва хавфсизлигини таъминлаш тадбирларини режалаштириш.


5-модда. Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини

таъминлаш соҳасида давлат томонидан нормалаш


Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат томонидан нормалаш озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигига, уни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, харид қилиш, қайта ишлаш, етказиб бериш, сақлаш, ташиш ва реализация қилиш шарт-шароитларига қўйиладиган талабларни ўз ичига оладиган санитария, ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини, фитосанитария нормаларини, қоидаларини ва гигиена нормативларини, давлат стандартларини, техникавий шартларни (бундан кейин матнда нормалар ва қоидалар деб юритилади) белгилаш йўли билан амалга оширилади.

Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигига доир нормалар ва қоидалар давлат органлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланади ва улар озиқ-овқат маҳсулоти муомаласи соҳасида иш олиб бораётган юридик ҳамда жисмоний шахслар учун мажбурийдир.



6-модда. Озиқ-овқат маҳсулотини ҳамда уни тайёрлашга

мўлжалланган ва фойдаланганда озиқ-овқатга тегиб

турадиган ускуналарни давлат рўйхатидан ўтказиш


Озиқ-овқат маҳсулоти ҳамда уни тайёрлашга мўлжалланган ва фойдаланганда озиқ-овқатга тегиб турадиган ускуналар озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигига доир нормалар ва қоидалар талабларига мослиги баҳоланганидан ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин ишлаб чиқарилиши, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши, реализация қилиниши ва ишлатилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилаётган ва унинг ҳудудига олиб кирилаётган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомалага рухсат берилган озиқ-овқат маҳсулотини ва ускуналарни давлат рўйхатидан ўтказиш санитария-эпидемиологик хулоса берилаётганда давлат санитария назорати органлари томонидан амалга оширилади.

Қуйидагиларга йўл қўйилмайди:

озиқ-овқат маҳсулотининг ҳар хил турларини бир хил номда давлат рўйхатидан ўтказиш;

айни бир турдаги озиқ-овқат маҳсулотини бир хил ёки ҳар хил номлар билан қайта-қайта рўйхатдан ўтказиш;

таркибида гиёҳвандлик моддалари бўлган озиқ-овқатларни, овқатга қўшиладиган озиқ-овқат қўшимчалари, ембоп қўшимчалар ва биологик фаол қўшимчаларни рўйхатдан ўтказиш.



7-модда. Озиқ-овқат маҳсулотини, уни ишлаб чиқариш, сақлаш,

ташиш ва у билан савдо қилишга мўлжалланган технологиялар,

ускуналар, буюмлар ва воситаларни сертификатлаш


Озиқ-овқат маҳсулоти, уни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва у билан савдо қилишга мўлжалланган технологиялар, ускуналар, буюмлар ва воситалар уларнинг нормалар ва қоидаларга мослигини тасдиқлаш мақсадида сертификатланиши лозим.

Мажбурий сертификатланадиган маҳсулотлар рўйхати ҳамда сертификатлашдан ўтказиш тартиби қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.


8-модда. Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини

назорат қилиш ва текшириш


Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги ушбу Қонуннинг 4-моддасида кўрсатилган давлат назорати органлари томонидан уларнинг ваколатлари доирасида назорат қилинади ва текширилади.

Озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, харид қилиш, қайта ишлаш, етказиб бериш, сақлаш, ташиш ва реализация қилиш билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахслар белгиланган нормалар ва қоидаларга риоя этилиши устидан ишлаб чиқариш назоратини таъминлайдилар. Ишлаб чиқариш назоратини амалга ошириш тартиби озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигига доир нормалар ва қоидаларга, норматив ҳамда технология ҳужжатлари талабларига мувофиқ юридик ва жисмоний шахслар бажарадиган ишлар ва хизматларнинг хусусиятларини ва шарт-шароитларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади ҳамда тегишли давлат назорати органлари билан келишилади.

Ишлаб чиқариш назоратини амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар нормалар ва қоидаларнинг талаблари бузилганлиги аниқланган тақдирда ишларни амалга оширишни ва хизматлар кўрсатишни аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар тўхтатиб қўйишлари шарт.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини таъминлашга доир нормалар ва қоидалар бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга ҳақли.


9-модда. Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини

таъминлаш тадбирларини режалаштириш


Озиқ-овқат маҳсулоти ишлаб чиқаришни, озиқ-овқат моллари билан савдо қилишни, умумий овқатланиш тизимини ривожлантиришнинг республика ва минтақавий мақсадли дастурларини ишлаб чиқиш чоғида озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш тадбирлари назарда тутилмоғи керак.



10-модда. Янги озиқ-овқат маҳсулотини

яратиш ва ишлаб чиқариш


Юридик ва жисмоний шахслар янги озиқ-овқат маҳсулотини яратиш ва ишлаб чиқариш ёки уни такомиллаштириш чоғида, шунингдек ишлаб чиқариш технологиясини ишлаб чиқиш чоғида озиқ-овқат маҳсулотининг хавфсизлигини, яроқлилик муддатини, сифат кўрсаткичларини ва назорат қилиш усулларини асослаб беришлари шарт.

Озиқ-овқат маҳсулотининг сифат кўрсаткичлари, унинг хавфсизлигига қўйиладиган талаблар мажбурий бўлиб, ушбу маҳсулотнинг норматив ҳужжатларига киритилади.

Сифати ва хавфсизлиги муайян вақт ўтганидан кейин ўзгариши ҳамда одамларнинг ҳаёти ва саломатлигига хавф туғдириши мумкин бўладиган озиқ-овқат маҳсулотига яроқлилик муддати белгиланади.

Янги озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқаришга, янги технология жараёнларини, ускуналарни жорий этишга улар токсикология-гигиена экспертизасидан, ҳайвонлардан олинадиган озиқ-овқат хом ашёси эса давлат ветеринария хизмати томонидан ўтказиладиган ветеринария ва ветеринария-санитария экспертизасидан кейин ва (ёки) маҳсулот белгиланган қоидалар ва нормаларга мослиги ҳақида давлат санитария назоратини амалга оширувчи органларнинг санитария-эпидемиологик хулосаси, давлат ветеринария хизматининг ветеринария хулосаси олинганидан ҳамда озиқ-овқат маҳсулоти давлат реестрига киритилганидан кейин йўл қўйилади.


11-модда. Озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш


Озиқ-овқат маҳсулотини юридик ва жисмоний шахслар нормалар ва қоидалар талабларига мувофиқ ишлаб чиқарадилар.

Озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқаришда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган озиқ-овқат хом ашёсидан, озиқ-овқат қўшимчаларидан, қадоқлаш ва ёрдамчи материаллардан ва улардан ишланган буюмлардан, ускуналардан фойдаланишга йўл қўйилади.

Таркибида гиёҳвандлик моддалари бўлган озиқ-овқат қўшимчалари, ембоп қўшимчалар ва биологик фаол қўшимчаларни ишлатиш тақиқланади.

Ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотининг сифати белгиланган нормалар ва қоидалар талабларига мос бўлиши, ушбу Қонун 7-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган маҳсулотларнинг сифати эса мослик сертификати билан ҳам тасдиқланиши керак.

Ҳайвонлардан олинадиган озиқ-овқат хом ашёсини етиштириш чоғида ветеринария дори воситаларини ва озуқабоп қўшимчаларни қўллашга улар белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин йўл қўйилади.

Ўсимликлардан олинадиган озиқ-овқат хом ашёсини етиштириш чоғида заҳарли кимёвий моддалар ва минерал ўғитларни қўллашга улар токсикология-гигиена экспертизасидан ўтказилганидан кейин йўл қўйилади.


12-модда. Озиқ-овқатларни қадоқлаш, ўраш ва тамғалаш


Озиқ-овқатлар ишлаб чиқарувчи юридик ва жисмоний шахслар уларни қадоқланган, ўралган (барча муомала босқичларида сифати ва озиқлик қиммати сақланиб қолишини таъминлайдиган) ва қонун ҳужжатларига мувофиқ тамғаланган ҳолда чиқаришлари шарт.

Қадоқланган ва ўралган озиқ-овқатлар, овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар, озиқ-овқат қўшимчалари ёрлиқларга (суқма варақаларга) эга бўлиши, уларда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

озиқ-овқатнинг номи;

озиқ-овқатнинг нимага мўлжалланганлиги (болаларга махсус мўлжалланган маҳсулотлар ва парҳез таомлар учун);

тайёрловчининг номи;

товар белгиси (белгига эга ташкилотлар учун);

озиқ-овқат таркибига кирган нарсалар, шу жумладан, озиқ-овқат қўшимчаларининг номи;

озиқлик қиммати, нави;

сақлаш шарт-шароитлари;

тайёрланган санаси, яроқлилик муддати;

тайёрлаш усули (масаллиқлар ҳамда махсус болаларбоп ва парҳез озиқ-овқат маҳсулотлари учун);

оғирлиги;

фойдаланиш усули (биологик фаол қўшимчалар, озиқ-овқат қўшимчалари, махсус болаларбоп ва парҳез озиқ-овқат маҳсулотлари учун);

мувофиқлик белгиси (маҳсулотини мувофиқлик белгиси билан тамғалаш ҳуқуқини берадиган лицензияси бор корхоналар учун);

норматив ёки техникавий ҳужжатларнинг номерлари.


13-модда. Озиқ-овқатларни сақлаш ва ташиш


Озиқ-овқатларни сақлайдиган ва ташийдиган юридик ва жисмоний шахслар нормалар ва қоидаларга риоя этишлари, озиқ-овқат сифати сақланишини ва хавфсизлигини таъминлашлари шарт.


14-модда. Озиқ-овқат маҳсулотини реализация қилиш


Мажбурий сертификатланадиган озиқ-овқат маҳсулоти юридик ва жисмоний шахслар томонидан озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигини тасдиқлайдиган мослик сертификати ёки мувофиқлик белгиси бўлган тақдирда реализация қилинади.

Озиқ-овқат маҳсулотини чакана сотиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.

Озиқ-овқат маҳсулоти билан савдо қилишга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шу мақсадлар учун ажратилган жойларда йўл қўйилади.

Қуйидаги ҳолларда озиқ-овқат маҳсулотини реализация қилишга йўл қўйилмайди:

маҳсулот сифати белгиланган нормалар ва қоидалар талабларига мувофиқ бўлмаса, мажбурий сертификатланадиган маҳсулотлар учун эса мослик сертификати бўлмаса;

сақлаш ва реализация қилиш учун тегишли шароит бўлмаса;

яроқлилик муддати тугаган бўлса;

маҳсулот қалбакилаштирилган бўлса;

маҳсулотларни таққослаш мумкин бўлмаса.

Энергетик ичимликларнинг ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилинишига йўл қўйилмайди.


15-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига

озиқ-овқат маҳсулотини олиб кириш


Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилаётган озиқ-овқат маҳсулоти ушбу Қонунда кўрсатилган нормалар ва қоидаларнинг талабларига мувофиқ бўлиши шарт.

Четдан олиб кирилаётган озиқ-овқат маҳсулотини етказиб берувчи уни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ишлаб чиқарувчининг ва экспорт қилувчи мамлакат махсус вакил қилган органнинг ушбу маҳсулот хавфсиз эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларини, тегишли экспертиза ўтказиш зарур бўлганида эса - озиқ-овқат маҳсулотининг намуналарини тақдим этади.

Четдан олиб кирилаётган озиқ-овқат маҳсулоти, технологиялар ва ускуналар қонун ҳужжатларига мувофиқ мажбурий сертификатланиши лозим.

Ўзбекистон Республикасига олиб кирилаётган озиқ-овқат маҳсулоти сифати ва хавфсизлигининг нормалар ва қоидаларга мослиги давлат назорати органлари томонидан божхона органлари билан биргаликда белгиланган тартибда аниқланади.



16-модда. Озиқ-овқат маҳсулотини олиб қўйиш


Одамлар ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган озиқ-овқат маҳсулоти тегишли давлат назорати органларининг қарорига мувофиқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб қўйилиши керак.


17-модда. Қоидалар ва нормаларга мос келмайдиган озиқ-овқат

маҳсулотидан фойдаланиш ҳамда уни йўқ қилиб ташлаш

Яроқлилик муддати ўтган, сифатсизлиги белги бериб турган, таққослаш ва ишлаб чиқарувчисини аниқлаш мумкин бўлмаган, шунингдек санитария-гигиена экспертизаси, лаборатория текширувлари ва (ёки) ветеринария, ветеринария-санитария экспертизаси ва сертификатлаштириш синовлари натижаларига кўра давлат санитария назорати ва (ёки) давлат ветеринария хизмати органлари томонидан овқатга ишлатиш учун яроқсиз деб топилган озиқ-овқат маҳсулоти ишлаб чиқарилиш ва реализация қилинишдан олиб ташланади, у белгиланган мақсадда ишлатилмаслиги ҳамда қайта ишланиши ёки йўқ қилиб ташланиши керак.

Озиқ-овқат маҳсулотини қайта ишлаш ёки йўқ қилиб ташлаш усуллари ва шартлари унинг эгаси томонидан тегишли давлат назорати органлари билан келишиб олинади.

Озиқ-овқат маҳсулотидан фойдаланиш (уни қайта ишлаш) ёки йўқ қилиб ташлаш унинг эгаси томонидан ёки маҳсулот эгаси шу ишларни бажаришни шартнома бўйича топширадиган ташкилотлар томонидан комиссия иштирокида амалга оширилади. Комиссия таркибига давлат ҳокимияти маҳаллий органларининг, давлат назорати органларининг, солиқ органларининг ва жамоатчиликнинг вакиллари киради.

Озиқ-овқат маҳсулоти ҳайвонларга ем сифатида ишлатилгунича ёки йўқ қилиб ташлангунича алоҳида жойда (резервуарда), алоҳида ҳисобда, миқдорини, ишлатиш (қайта ишлаш) ёки йўқ қилиб ташлаш усуллари ва шартлари аниқ кўрсатилган ҳолда сақланиши керак.

Бундай маҳсулотнинг бут сақланиши учун унинг эгаси жавобгар бўлади.

Озиқ-овқат маҳсулотининг эгаси давлат санитария назорати ва (ёки) давлат ветеринария хизмати органларига ушбу маҳсулотдан фойдаланилганлиги ёки у йўқ қилиб ташланганлиги тўғрисидаги далолатномани тақдим этади.

Озиқ-овқат маҳсулотининг эгаси давлат санитария ва (ёки) ветеринария назорати органларига маҳсулотдан фойдаланилганлиги ёки у йўқ қилиб ташланганлиги ҳақида далолатнома тақдим этади.


18-модда. Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги

тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                            И. Каримов



“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси”, 1997 йил, 9-сон, 239-модда