язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Жисмоний тарбия ва спорт/ Умумий қоидалар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27.05.1999 й. 271-сон "Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

27.05.1999 й.

N 271



ЎЗБЕКИСТОНДА ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА

СПОРТНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, касалликларнинг олдини олиш, аҳоли кенг қатламларини, айниқса ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури тўғрисида" 1998 йил 10 ноябрдаги Фармонини амалга ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси ҳамда тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш давлат дастури Концепцияси ва уни амалга оширишга доир тадбирлар 1 ва 2-иловаларга мувофиқ маъқуллансин.

Маълумот учун қабул қилинсинки, республика бюджети ва маҳаллий бюджетлар, спорт федерациялари, клублари, жамиятлари, ҳомийлар, хорижий инвесторлар маблағлари, шунингдек спорт ташкилотлари томонидан аҳолига пулли хизматлар кўрсатишдан тушган маблағлар Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш давлат дастурини маблағ билан таъминлашнинг асосий манбалари ҳисобланади.


2. Ўзбекистон Республикаси Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси, Миллий олимпия қўмитаси, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, бошқа вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, "Камолот", "Соғлом авлод учун", "Маҳалла" жамғармалари билан биргаликда бир ой муддатда:

Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш давлат дастурини амалга оширишни таъминлаш бўйича аниқ тадбирларни ишлаб чиқсинлар;

ҳар бир туманда қишлоқ спорт-соғломлаштириш клублари ташкил этсинлар, уларнинг фаолиятига спортнинг оммавий, миллий турларини ва халқ ўйинларини кенг жорий қилсинлар;

аҳолининг барча қатламларини жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва оммавий-спорт ишларига кенг жалб этишга йўналтирилган мунтазам оммавий-спорт мусобақаларини ташкил қилиш ва ўтказиш тизимини ишлаб чиқсинлар ва амалга оширсинлар;

мамлакат ҳудудидаги барча мавжуд спорт иншоотларини, уларнинг идоравий мансублигидан қатъи назар, хатловдан ўтказсинлар, шунингдек, минтақавий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда, оммавий мусобақаларни мунтазам ўтказиш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўрсинлар;

аҳолининг жисмоний тайёргарлиги ва саломатлиги даражасини белгиловчи махсус тестларни ишлаб чиқсинлар ва жорий қилсинлар. Мазкур тестларни муваффақиятли топширганлар учун уч даражали "Алпомиш" ва "Барчиной" нишонларини таъсис этсинлар.


3. Ўзбекистон Республикаси Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси Адлия вазирлиги билан биргаликда, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишган ҳолда, спорт-соғломлаштириш клублари тўғрисидаги намунавий низомни бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

Белгилаб қўйилсинки, спорт-соғломлаштириш клублари, жамоат ташкилотлари сифатида, ўз фаолиятини муассисларнинг улушли маблағлари, аъзолик бадаллари, ҳомийлар маблағлари ва қонунчиликка зид бўлмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширадилар.


4. Ўзбекистон Республикаси Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

бир ой муддатда Адлия вазирлиги билан биргаликда “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасини;

Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда пойтахтда Республика боксни ривожлантириш марказини ташкил қилиш бўйича икки ой муддатда;

Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда Тошкент отчопари негизида Республика миллий спорт турларини ривожлантириш марказини ташкил қилиш бўйича икки ой муддатда;

умумхалқ “Спорт байрами”ни таъсис этиш тўғрисида ўн кун муддатда таклифлар киритсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳар йили ишлаб чиқиладиган инвестиция дастурларида Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш давлат дастурини амалга оширишга маблағлар лимитларини назарда тутсинлар.

6. Ўзбекистон Телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, бошқа оммавий ахборот воситалари жисмоний тарбия ва спортни, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишни, ўқув юртлари ва меҳнат жамоаларининг спорт клублари, спорт мактаблари, мутахассислар ва мураббийлар фаолиятини ёритишни таъминласинлар.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ.С. Кароматов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                           И. Каримов






Вазирлар Маҳкамасининг

1999 йил 27 майдаги

271-сон қарорига

1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия

ва спортни ривожлантириш давлат дастури

КОНЦЕПЦИЯСИ


Ушбу Дастур Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш мақсадида ишлаб чиқилган. Дастурда жисмоний тарбия ва спортга миллатнинг умумий маданиятининг ажралмас қисми, мамлакатнинг ҳар бир фуқаросининг жисмоний ва ахлоқий камолотга етишини, касалликларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этишни таъминлашнинг асоси сифатида қаралади.



1. ДАСТУРНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


Қуйидагилар Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш дастурининг асосий вазифалари ҳисобланади:

халқнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, меҳнат самарадорлигини ошириш ва ижодий фаолликни узайтириш, одамларнинг касалланиши даражасини пасайтириш;

соғлом турмуш тарзини шакллантириш;

аҳолининг ўз жисмоний ривожи масалаларига бўлган дунёқарашини ўзгартириш;

"Соғлом авлод учун" дастурини амалга оширишда жисмоний тарбия-спорт ташкилотларининг ролини кўтариш;

жинси ва ёшига кўра аҳолининг жисмоний тайёрлиги даражасининг мақсадли дастурлари ва меъёрий талабларини ишлаб чиқиш;

қишлоқда жисмоний тарбия-соғломлаштириш, касалликларнинг олдини олиш ва спорт ишларини яхшилаш;

миллий ўйинларни, спорт мусобақалари ва турларини аҳолини жисмоний тарбиялаш тизимига жорий этишни, мувофиқлаштирилган жисмоний тарбияни ривожлантиришни таъминлаш;

қишлоқ жойларда ёшларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида миллий спорт турлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

"Таълим тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ кадрлар тайёрлаш тизимида жисмоний тарбия-спорт омилини янги поғонага кўтариш;

жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт клублари, шу жумладан уларнинг аҳолига пулли хизматлар кўрсатувчи шохобчаларини шакллантириш;

жисмоний тарбия ва спортни илмий жиҳатдан таъминлаш тизимини яратиш;

ўқув-машқ жараёнининг замонавий усулларини жорий этиш;

спорт заҳираларини тайёрлаш шохобчаларини кенгайтириш;

спорт маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича тадбиркорликни, маркетингни ҳамда жисмоний тарбия-спорт хизматлари кўрсатишни ривожлантириш;

жисмоний тарбия ва спортнинг моддий-техника базасини ривожлантириш, уларнинг технологик, илмий-техникавий ва ахборот билан таъминланиш даражасини ошириш;

тармоқни ислоҳ қилишнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш;

аҳолида олимпия ҳаракати тўғрисидаги билимларни, кичик ёшидан бошлаб кексайгунигача жисмоний мукаммалликка бўлган онгли эҳтиёжни шакллантириш;

мамлакат спортчиларини Олимпия ўйинларига, Осиё ўйинларига, Марказий Осиё ва Бутунжаҳон ўсмирлар ўйинларига тайёрлашни ҳамда уларнинг мазкур ўйинларда муваффақиятли қатнашишларини таъминлаш.



2. ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА СПОРТНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА БОШҚАРИШ

ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ


Жисмоний тарбия-спорт фаолиятини кадрлар билан таъминлаш мақсадида олимпия заҳиралари билим юртини коллежга айлантириш назарда тутилмоқда. Барча вилоят марказларида олимпия заҳиралари коллежлари очиш мўлжалланмоқда. Тизимни ташкилий жиҳатдан таъминлаш учун Ўзбекистон Республикасида вилоят, шаҳар ва туман спорт клублари, корхоналар, хўжаликлар, муассасалар, ташкилотлар ва ўқув юртлари тизимига эга бўлган республика тармоқ жисмоний тарбия-спорт клублари ташкил қилиш назарда тутилмоқда. Уларда халқ ўйинларини ривожлантириш учун кенг имкониятлар пайдо бўлади.

Қишлоқда жисмоний тарбия-соғломлаштириш ишларини кучайтириш учун спорт-соғломлаштириш клублари ташкил этиш назарда тутилмоқда. Улар соғлом авлодни тарбиялаш учун зарур шарт-шароитларни таъминлашга даъват этилган.

Фуқаролар турмушида жисмоний тарбия ва спорт мақомини ошириш мақсадида ҳар йили апрель ойининг учинчи шанбасида "Спорт байрами" умумхалқ байрамини ўтказиш назарда тутилмоқда. Ушбу байрамни, кенг аҳоли қатламларини жалб этган ҳолда, ёзги спорт мавсумининг очилиши тарзида ўтказиш мўлжалланмоқда.

Янги ташкил қилинган жисмоний тарбия ва спорт муассасалари даражаси ва турини белгилаш Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан уларни Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ аттестациядан ўтказиш асосида амалга оширилади.

Давлат, жамоат ва спорт ташкилотлари фаолиятидаги иш соҳалари ва йўналишларини аниқ белгилаб олиш йўналишида жисмоний тарбия ва спортни бошқаришни такомиллаштириш назарда тутилмоқда.

Жисмоний тарбия ва спортни давлат томонидан бошқаришни асосан қуйидагиларга қаратиш назарда тутилмоқда:

қонунчилик-меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда давлат, жамоат ва хусусий жисмоний тарбия-спорт муассасалари томонидан уларга риоя қилиш;

бюджет маблағлари ва жалб этилган маблағлардан терма командаларни Олимпия ва Осиё ўйинларига, жаҳон ва Осиё чемпионатларига тайёрлаш, спортнинг миллий турларини ривожлантириш мақсадли дастурларини амалга оширишда оқилона фойдаланиш;

аҳолининг турли жинс ва ёшдаги гуруҳларини жисмоний ривожлантиришнинг меъёрий стандартларини ишлаб чиқиш;

спортнинг миллий турларини, мусобақалар ва ўйинларни, ишлаб чиқаришда жисмоний тарбияни, мувофиқлаштирилган жисмоний тарбияни ва шу кабиларни ривожлантиришнинг давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

жисмоний тарбия-спорт йўналишидаги муассасаларни сертификатлаштириш ва аккредитация қилиш;

тармоқни илмий ва тиббий таъминлаш тизимини такомиллаштириш;

мусобақаларнинг ягона спорт тақвимини ишлаб чиқиш.



3. ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ-СОҒЛОМЛАШТИРИШ,

ОММАВИЙ-СПОРТ ИШЛАРИНИ ВА СПОРТНИНГ

МИЛЛИЙ ТУРЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ


Жисмоний тарбия-соғломлаштириш, оммавий-спорт ишларини ва спортнинг миллий турларини ривожлантириш соҳасидаги асосий вазифалар қуйидагилар ҳисобланади:

болаларнинг жисмоний қобилиятларини ривожлантиришга йўналтирилган жисмоний тарбия бўйича, уларнинг гавдаси, жуссасини нормал ривожлантириш бўйича кундалик машғулотларни барча болалар мактабгача муассасаларида жорий қилиш. Болалар мактабгача муассасаларида болаларни жисмоний тарбиялаш бўйича мутахассислар штатини жорий қилиш;

Жисмоний тарбияга доир ўқув дастурлари бўйича мажбурий дарс (машғулот)ларни ҳар ҳафтада 4-6 соатгача етказиш. Ўқув жараёнига олимпия таълимини, миллий ўйинлар ва мусобақаларни жорий этиш;

ўқувчилар ва талабаларнинг умумжисмоний тайёргарлигини махсус тестлар бўйича текширишнинг умуммиллий ҳафтасини жорий қилиш, махсус тестларни муваффақиятли топширганлик учун халқ достони қаҳрамонлари шарафига "Алпомиш" ва "Барчиной" деб номланган уч даражали кўкрак нишонларини таъсис этиш. Талабаларнинг "Талаба" спорт уюшмасини ташкил қилиш;

янгидан ташкил этилган коллежлар ва лицейларда маънавий ва жисмоний ривожланган ёшларни тарбиялашда жисмоний тарбия ва спорт омилларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирларини кўриш;

"Коллеж спорти" ҳаракатини ташкил этиш, уни ёшларни жисмоний тарбия ва спорт машғулотларига жалб қилишнинг асосий манбаига айлантириш;

соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда хотин-қизларни ҳомиладорлик даврида жисмоний тарбиялаш давлат дастурини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ҳамма жойда хотин-қизлар спорт-соғломлаштириш клублари очиш;

аҳолининг меҳнат самарадорлигини ошириш ва меҳнат қилиш фаоллигини узайтириш мақсадида жисмоний тарбия-соғломлаштириш тадбирларини меҳнат тартибига жорий қилиш ва бўш вақтларда оммавий жисмоний тарбия-спорт ишларини ташкил этиш орқали ишлаб чиқаришда жисмоний тарбияни ривожлантириш, ишлаб чиқариш корхоналари амалиётига соғлом турмуш тарзини ҳамда жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишни моддий рағбатлантириш чора-тадбирларини жорий этиш;

уй-жойлардан фойдаланиш ташкилотлари даромадларидан ажратмалар, оталиқ қилувчилар, ҳомийлар, жамоат ташкилотлари, кооперативлар ва хусусий корхоналар маблағлари ҳисобига маҳаллаларда жисмоний тарбия ва спорт жамғармаларини тузиш йўли билан уларда жисмоний тарбия усуллари ва шаклларини ишлаб чиқиш, барча боғларда ва дам олиш ҳудудларида аҳоли билан оммавий жисмоний тарбия-соғломлаштириш ишларини ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратишни таъминлаш;

қишлоқ меҳнаткашларида ва уларнинг оила аъзоларида соғлом турмуш тарзини шакллантиришни, уларнинг ўз жисмоний ривожи масалаларига муносабатларини ўзгартиришни, жисмоний тарбияни аҳолининг кундалик ҳаётига кенг жорий қилишни, жисмоний тарбия воситалари билан касалликларнинг олдини олишни назарда тутувчи дастурни амалга оширувчи дастурнинг муҳим қисми сифатида қишлоқда жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва оммавий ишларни ривожлантириш;

ҳамма жойда мавжуд умумтаълим мактаблари, лицей ва коллежлар базасида қишлоқ аҳолиси билан жисмоний тарбия-соғломлаштириш ишларини олиб борувчи марказлар, қишлоқ жисмоний тарбия-соғломлаштириш клублари, қишлоқ спорти уюшмалари ташкил қилиш ҳамда спортнинг миллий турларини ва халқ ўйинларини жорий этишни таъминлаш.

Халқ анъаналари ва урф-одатларини сақлашга, маданий меросни авайлаб асрашга, шунингдек аҳолининг спортнинг миллий турларига ва халқ ўйинларига бўлган муҳаббатига муҳим аҳамият бериб, маҳалла, қишлоқ, туман ва вилоятларда спортнинг миллий турлари ва халқ ўйинлари бўйича фестиваллар мунтазам ўтказилади, болалар-ўсмирлар спорт мактабларида спортнинг миллий турлари бўйича бўлимлар очилади.



4. ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА СПОРТНИ

ИЛМИЙ-УСЛУБИЙ ВА ТИББИЙ ТАЪМИНЛАШ


Ушбу йўналишда қуйидагилар назарда тутилади:

жинси ва ёшига кўра аҳолининг жисмоний тайёргарлиги даражаси бўйича мақсадли дастурлар ва меъёрий талабларни ишлаб чиқиш;

жисмоний тарбия ва спорт назарияси ва амалиётининг энг долзарб муаммолари бўйича илмий, услубий ва оммабоп адабиётларни нашр этиш дастурини тайёрлаш, фаолиятнинг турли йўналишлари бўйича маълумотларнинг тармоқ банкини яратган ҳолда жисмоний тарбия ва спортни илмий-ахборот билан таъминлаш тизимини ташкил қилиш, илмий, услубий ва оммабоп адабиётларни нашр этишни таъминлаш, спортнинг миллий турлари ва халқ ўйинларини илмий-ахборот билан таъминлаш тизимини ташкил этиш, "Фан спортга" илмий-спорт журналини нашр этишни ташкил қилиш;

соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда, кейинчалик саломатликни мустаҳкамлаш учун жисмоний машқлардан фойдаланиш бўйича тавсияномалар берган ҳолда, аҳолининг барча ёш гуруҳларини ҳар йили диспансеризациядан ва профилактика кўригидан, жисмоний ривожланиш аҳволи даражасини текширишдан ўтказиш;

мамлакат терма командаларини тайёрлаш жараёнида спортчиларни мунтазам тиббий кузатувдан ўтказиб боришни, якка тартибда даволаниш ва саломатликни тиклаш бўйича тавсияномалар ишлаб чиқишни таъминлаш, спортнинг барча турлари бўйича илмий жиҳатдан таъминлаш гуруҳларини шакллантириш;

врачлик-жисмоний тарбия диспансерлари ва врачлик назорати шохобчаларини кенгайтириш, касалхона ва санаторийларда жисмоний тарбия-саломатликни тиклаш марказлари очиш;

корхона, муассаса ва ташкилотларда соғлиқни сақлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва жисмоний тарбия мутахассисларини бирлаштирувчи ягона саломатлик хизматлари ташкил қилиш.



5. ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА СПОРТ ТИЗИМИ

ИМКОНИЯТЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ


Жисмоний тарбия ва спорт имкониятларини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтининг спорт турлари бўйича тренер кадрлар, спортда менежмент ва маркетинг бўйича, спортнинг миллий турлари ва халқ ўйинлари бўйича, даволаш жисмоний тарбияси бўйича мутахассислар тайёрлашдаги ролини ошириш назарда тутилмоқда.

Вилоятлардаги университетлар ва педагогика институтларининг жисмоний тарбия факультетларида мактаблар учун жисмоний тарбия ўқитувчилари ва мактабгача муассасалар учун йўриқчи-услубчилар тайёрлашни йўлга қўйиш мўлжалланмоқда. Тармоқ кадрлари малакасини ошириш, уларни қайта тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш, чет элларда тажриба орттиришга юбориш тизимини ишлаб чиқиш.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари, тегишли вазирликлар ва идоралар томонидан мавжуд спорт иншоотларининг моддий-техника базасини жиддий яхшилаш ва улардан фойдаланиш ишларини амалга ошириш мўлжалланмоқда. "Янгиобод" ва "Билдирсой" спорт базаларида спортнинг ёзги ва қишки турлари бўйича олимпия ўқув-машғулот марказлари ташкил қилиш кўзда тутилмоқда.

Спорт товарлари ишлаб чиқариш бўйича хорижий инвесторлар иштирокидаги кичик ва қўшма корхоналар ташкил қилиш ҳамда ушбу маҳсулотларни ички ва ташқи бозорда сотиш ишларини амалга ошириш мўлжалланмоқда.

Маданият ва спорт ишлари вазирлигига жисмоний тарбия ва спортнинг моддий-техника базасини ривожлантириш масалаларини мувофиқлаштириш, спорт объектларини лойиҳалаш ва қуриш, спорт товарларини ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича корхона ва ташкилотлар ташкил қилишга кўмаклашиш юкланади.


6. ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА СПОРТНИ ТАРҒИБ ҚИЛИШ


Вақтли матбуотда, телекўрсатувлар ва радио эшиттиришларда спорт мавзуидаги материалларни қуйидаги мақсадларда кенг ёритиш назарда тутилади:

аҳолида соғлом турмуш тарзига эҳтиёжни, ўзининг жисмоний ривожи тўғрисида қайғуриш истаги ва лаёқатини шакллантириш;

жисмоний тарбия ва спортнинг давлат олдида турган ижтимоий-иқтисодий ва тарбиявий вазифаларни ҳал этишдаги ролини тарғиб қилиш;

ишлаб чиқаришдаги жисмоний тарбиянинг меҳнатчиларнинг иш қобилиятини ошириш ва касб касалликларини камайтиришдаги имкониятларини намоён қилиш;

жисмоний тарбия ўқитувчиси ва тренерлик касбининг нуфузини ошириш;

жисмоний тарбия-спорт ташкилотларининг спорт тадбиркорлиги ва маркетингини, аҳолига пулли хизматлар кўрсатишни ривожлантириш бўйича тажрибасини умумлаштириш ва ёйиш.

Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси томонидан оммавий ахборот воситаларида, адабиёт ва санъатда жисмоний тарбия ва спортни тарғиб қилганлик учун ҳар йилги мукофотларни таъсис этиш, ҳар йили спорт журналистлари ва спорт тарғиботчиларининг семинар-кенгашларини ўтказиш, спортнинг миллий турлари, мусобақалар ва халқ ўйинларини ривожлантириш бўйича телерейдларни мунтазам ўтказиш, спортнинг миллий турлари, мусобақалар ва халқ ўйинларини тарғиб қилувчи мутахассислар иштирокида "Давра суҳбатлари" ташкил қилиш назарда тутилган.

Жисмоний тарбия-спорт мавзуидаги варақлама ва чўнтак тақвимлари, буклетлар, откриткалар, маълумотномалар, "спортга доир расмлар", "кичкинтойлар учун жисмоний тарбия" кабиларни бўяш учун болалар китобчаларини кўп нусхада нашр этиш ва Олимпия шон-шуҳрати музейининг спортчилар ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги ролини ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш назарда тутилади.



7. ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА СПОРТ СОҲАСИДА МАБЛАҒ БИЛАН

ТАЪМИНЛАШ ТИЗИМИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ,

НОДАВЛАТ СЕКТОРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ


Миллатни соғломлаштириш ва спортда юксак натижаларга эришиш бўйича чора-тадбирлар амалга ошириладиган маблағ билан таъминлаш манбаи сифатида давлат томонидан маблағ билан таъминлаш билан бир қаторда, ўз ходимларини ва уларнинг оила аъзоларини юқори даражада соғлом ва жисмоний ривожланган ҳолатда тутишдан манфаатдор бўлган касаба уюшмалари ташкилотлари, вазирликлар, идоралар, корхоналар, хўжаликлар, ташкилотлар маблағларини жалб этиш назарда тутилади.

Бозор муносабатларининг ривожланиши жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришда маблағ билан таъминлашнинг янги манбаларидан фойдаланиш вазифасини қўяди, улардан қуйидагилар мўлжалланган:

спорт маркетингини ривожлантириш;

спорт клублари қатнашчиларининг аъзолик бадаллари;

ҳомийликни кенгайтириш;

рекламада спортдан фойдаланиш;

аҳолига спорт хизматлари кўрсатишни янада ривожлантириш;

мамлакатимиз спорт маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш;

спорт федерациялари ва клубларининг ўзини-ўзи маблағ билан таъминлаши;

"Соғлом авлод учун" жамғармаси, Футбол жамғармаси ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги бошқа жамғармалар самарадорлигини ошириш;

хорижий инвестициялардан, халқаро жамғармалар ва ташкилотлар маблағларидан фойдаланиш;

телевидениеда реклама-спорт кўрсатувларини кенгайтириш;

спортшоу ташкил қилиш, профессионал спортдан тушадиган фойдадан фойдаланиш;

спорт лотереялари ўтказишдан тушадиган маблағлардан кенг фойдаланиш.

Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришда нодавлат сектори ва спорт хизматлари кўрсатиш маркетинги тобора катта аҳамиятга эга бўлади. Шу мақсадда қуйидагилар назарда тутилмоқда:

хусусий жисмоний тарбия-спорт муассасалари ташкил этиш, уларни аккредитация қилиш ва сертификатлаштириш шартлари, хизматлар сифати стандартлари бўйича меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

нодавлат сектори муассасаларига давлат ташкилотларидаги бинолар ва спорт иншоотларини уларга имтиёзли шартларда узоқ муддатли ижарага бериш орқали ёрдам кўрсатиш.