язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 14.11.1998 й. 474-сон "Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат автомобиль назорати ходимларининг масъулиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

14.11.1998 й.

N 474


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРЛИГИ ДАВЛАТ

АВТОМОБИЛЬ НАЗОРАТИ ХОДИМЛАРИНИНГ

МАСЪУЛИЯТИНИ ОШИРИШГА ҚАРАТИЛГАН

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Сўнгги пайтларда Давлат автомобиль назорати ходимлари томонидан хизмат вазифаларини бажариш пайтида йўлларда ҳаракатланиш иштирокчиларига нисбатан қўпол муомалада бўлиш, уларнинг ҳуқуқларини бузиш, ўз ваколатлари доирасидан четга чиқиш каби ҳолатлар кузатилмоқда.

Мазкур нуқсонларни бартараф этиш, ички ишлар идораларининг Давлат автомобиль назорати тизими ходимларининг маданиятини ошириш, улар томонидан хизмат интизомига ва қонунчиликка оғишмай риоя этилишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига (З.А. Алматов):

- Республика ички ишлар идоралари ДАН тизими шахсий таркибини уч ой муддатда навбатдан ташқари аттестациядан ўтказиш воситасида унинг сафларини малакали, хизмат бурчига садоқатли, юқори маданиятли ходимлар билан тўлдириш;

- ДАН хизматига ички ишлар идораларининг бошқа хизматларида камида бир йил мобайнида ўзини ижобий кўрсатган, тегишли мутахассислиги бўлган ходимларни ўтказишни йўлга қўйиш;

- бир ой муддатда ИИВ Академияси таркибида ДАН ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш куллиётини очиш ҳақида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиш;

- Ички ишлар вазирлиги тегишли тезкор тармоқлари Миллий хавфсизлик идоралари ходимлари билан ҳамкорликда ДАН ходимларининг хизмат фаолияти устидан мунтазам норасмий текширувлар ўтказишини йўлга қўйиш;

- ички ишлар идораларининг бошқа хизматлари ходимларини ДАН тизимига юкланган вазифаларни бажаришга жалб этиш зарурати туғилганда фақат Республика Ички ишлар вазирининг рухсати билан амалга ошириш;

- жойлардаги ички ишлар идораларида ДАН ходимларининг муомала маданиятини ошириш, хизмат кийимлари ва белгиларини ўрнатилган тартибда тутишларини таъминлаш юзасидан тадбирлар амалга ошириш топширилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги (З.А.Алматов) Республика Прокуратураси (Б.М.Мустафоев), Адлия вазирлиги (С.М.Мирсафоев), Давлат божхона қўмитаси (Ў.Т.Комилов) ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (Б.Э.Қосимов) билан биргаликда бир ой ичида ДАН ходимларининг ваколат доираси, улар томонидан автомототранспорт воситаларини тўхтатиш, йўлларда ҳаракатланишни чеклаш ёки тақиқлаш масалаларини тартибга солувчи Низом лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин;

- мазкур Низом Республика Ҳукумати томонидан тасдиқлангандан сўнг уни ҳар бир ДАН ходими диққатига етказсин ва унга аниқ, оғишмай риоя этилишини таъминласин;

- Низомда кўзда тутилмаган ҳолатларда ДАН ходимлари томонидан автомототранспорт воситаларини тўхтатишни, йўлларда қатновни чеклашни йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлигига зарар келтириш ва хизмат интизомини бузиш деб баҳоласин, айбдорларга ички ишлар идораларидан бўшатишгача бўлган қатъий чоралар кўрсин.


3. ДАН ходимлари томонидан ҳайдовчилар ва йўловчиларга нисбатан қўполлик қилиш ҳолатлари ваколатдан четга чиқувчи, хизмат этикасига зид ва "Ички ишлар идоралари ходими" номини бадном қилувчи ҳолат деб белгилаб қўйилсин.


4. "Ўзавтотранс" давлат-акционерлик корпорацияси (Қ.М.Сидиқназаров), "Ватанпарвар" жамияти (А.А.Абдуқаҳҳоров) ҳайдовчилар ва тингловчилар орасида уларнинг ҳуқуқлари, ДАН ходимлари ваколатларини тушунтириш ишларини ташкил қилсинлар.


5. Оммавий ахборот воситаларига ДАН ходимлари ва йўлларда ҳаракатланиш иштирокчилари ўртасидаги ўзаро ҳурмат, белгиланган қоидаларга риоя этиш каби масалаларга оид муаммоларни кенг ёритиш таклиф қилинсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги (С.М.Мирсафоев) ва Ички ишлар вазирлиги (З.А.Алматов) бир ой ичида тегишли меъёрий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш юзасидан таклиф берсинлар.


7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси У.Ч. Худойқулов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                             И. Каримов