язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Давлат мукофотлари. Фахрий унвонлар. Ном бериш/ Орденлар/ Ўзбекистон Республикасининг 05.05.1994 й. 1040-XII-сон "Мустақиллик" орденини таъсис этиш тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

05.05.1994 й.

N 1040-XII



"МУСТАҚИЛЛИК" ОРДЕНИНИ

ТАЪСИС ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. "Мустақиллик" ордени таъсис этилсин.


2. "Мустақиллик" ордени тўғрисидаги Низом тасдиқлансин (илова қилинади).


3. "Мустақиллик" орденининг тавсифи тасдиқлансин (илова қилинади).



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                            И. Каримов






Ўзбекистон Республикаси

1994 йил 5 майдаги

1040-XII-сон Қонуни билан

ТАСДИҚЛАНГАН



"Мустақиллик" ордени тўғрисидаги

НИЗОМ


1. "Мустақиллик" ордени билан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари мустақил ҳуқуқий давлат барпо этиш ва уни мустаҳкамлашга, республикада тинчлик ва тараққиётни таъминлашга қўшган улкан ҳиссалари учун мукофотланадилар.

"Мустақиллик" ордени билан айрим ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.


2. "Мустақиллик" ордени билан Ўзбекистон Республикасининг Президенти мукофотлайди. Орден билан мукофотлаш тўғрисидаги Фармон матбуотда ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президентини "Мустақиллик" ордени билан мукофотлаш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан амалга оширилади.


3. "Мустақиллик" ордени билан мукофотлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар раҳбарларининг ҳамда жамоат бирлашмалари республика органларининг тақдимномасига биноан амалга оширилади.

4. "Мустақиллик" орденини ва бу мукофотга оид тегишли ҳужжатни тантанали ва кенг ошкоралик вазиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки унинг номидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Спикери, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати Раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири топширади.

5. "Мустақиллик" ордени билан мукофотланган шахслар энг кам ойлик иш ҳақининг етмиш беш карраси миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти оладилар.

"Мустақиллик" ордени билан мукофотланган шахслар қонун ҳужжатларида белгилаб қўйиладиган имтиёзлардан фойдаланадилар.


6. "Мустақиллик" ордени кўкракнинг ўнг томонига тақилади.


7. "Мустақиллик" ордени билан вафотидан кейин мукофотланган тақдирда орден, мукофотлаш тўғрисидаги ҳужжат ва бир йўла тўланадиган пул мукофоти мукофотланганнинг оиласига топширилади.






Ўзбекистон Республикаси

1994 йил 5 майдаги

1040-XII-сон Қонуни билан

ТАСДИҚЛАНГАН



"Мустақиллик" орденининг

ТАВСИФИ


"Мустақиллик" ордени 1 микрон қалинликда олтин қопланган 925 даражали (пробали) кумушдан тайёрланади. Орден икки ён бағридан зарҳал нур таралган саккиз қиррали мусамман кўринишида бўлади. Икки ён бағридан таралган нурларнинг юзасида диаметри 2 миллиметрли 46 та фианит бор. Мусамманнинг бурчаклари орасида ёқутранг эмаль қопланган тарам-тарам бўлиб таралаётган нурлар жойлашган. Мусамманнинг қарама-қарши учлари орасидаги масофа - 57 миллиметр. Нурлар жо бўлган айлананинг диаметри - 52 миллиметр.

Орденнинг марказида мустақиллик рамзи бўлмиш Ҳумо қуши кумуш рангда тасвирланган. Ҳумо қуши ортидаги, рангли эмалдан ишланган манзара Ўзбекистоннинг жозибаси ва саховатини акс эттиради.

Ҳумо қушини ўраб турган айлананинг юқори қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг рамзи - ярим ой ва юлдузни ўз ичига олган мовий мусамман тасвирланган. Мусамман жо бўлган майдоннинг диаметри - 10,5 миллиметр, ярим ой ҳамда беш қиррали юлдуз жо бўлган майдонларининг диаметрлари тегишлича - 5 миллиметр ва 2,6 миллиметр. Айлананинг тепа қисмида ўн икки инсоний фазилат рамзи бўлган, диаметри 2,5 миллиметрли ўн иккита ёқут тош бор. Айлананинг чеккалари ҳар икки томондан 1 миллиметр қалинликда мовий эмалдан ишланган қабариқ ҳошия билан ўралган. Айлананинг диаметри 36 миллиметр, қалинлиги 6 миллиметрдир.

Айлананинг пастки қисмида оқ рангли эмалдан ишланган манзарада ёқутранг эмаль билан қопланган "MUSTAQILLIK" деган ёзув бор. Ҳарфларнинг баландлиги - 2,7 миллиметр.

Орденнинг орқа томони ботиқ бўлиб, марказида орденни тақиш учун бурама штифт ва мурват бор.

Пастки қисмида орденнинг рақами 1 миллиметр катталикдаги ботиқ шрифт билан ёзилган.

Орденнинг қалинлиги - 8 миллиметр.

Орденнинг оғирлиги - 60,5 грамм.