язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.01.1997 й. 27-сон "Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузурида Бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

15.01.1997 й.

N 27



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ДАВЛАТ МУЛКИ  ҚЎМИТАСИ ҲУЗУРИДА

БОЗОР ИСЛОҲОТЛАРИНИ ЧУҚУРЛАШТИРИШ

ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ИНСТИТУТИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш жараёнларини илмий таъминлаш, кўп укладли иқтисодиётнинг шаклланиши ва фаолият кўрсатиши механизмини ишлаб чиқиш, давлат мулкини кенг миқёсда акционерлаштириш ва хусусийлаштириш, фонд бозорини ривожлантириш, кичик, хусусий тадбиркорликнинг ривожланишига кўмаклашиш ҳамда республикада амалда мулкдорлар қатламини шакллантириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ҳисоблаш марказига эга бўлган кўп укладли иқтисодиётни шакллантириш муаммолари бўйича илмий-тадқиқот маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ҳузурида Бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш илмий-тадқиқот институти (БИЧИТИ) ташкил этилсин.


2. Қуйидагилар Бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш илмий-тадқиқот институти фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

Ўзбекистонда тизим ва бозор қайта ўзгартиришлари жараёнини таҳлил қилиш, иқтисодий ислоҳотларнинг боришини баҳолаш ҳамда иқтисодиётни ислоҳ қилишнинг жаҳон тажрибасидан фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда республикада бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштиришга оид илмий асосланган таклифларни тайёрлаш;

иқтисодиётда хусусий секторнинг жадал ривожланишини рағбатлантириш ва мулкдорлар ҳуқуқи кафолатларини кучайтириш, бозор инфратузилмасини, қимматли қоғозлар ва кўчмас мулк бозорини ривожлантириш бўйича илмий асослар ва тавсияларни ишлаб чиқиш;

корхоналарни ислоҳ қилиш ҳамда хусусийлаштирилгандан сўнг ёрдам кўрсатиш, ишлаб чиқариш-хўжалик тузилмаларини монополиядан чиқариш ва таркибий қайта ўзгартиришлар, кичик ва хусусий корхоналар тармоғини ривожлантириш ҳамда рақобат муҳитини яратиш бўйича илмий асосланган таклифларни тайёрлаш;

давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш шароитларида давлат мулкини бошқаришнинг услубий принциплари ва механизмини ишлаб чиқиш;

хусусийлаштириш ва бозор тузилмаларини шакллантириш жараёнларида хорижий инвесторларнинг самарали иштироқ этиши механизмини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш;

ахборот-таҳлил ва дастурий тизимларни ишлаб чиқиш, мулкнинг аҳволи ва ҳаракати, хусусийлаштирилган корхоналарнинг молиявий ҳамда иқтисодий аҳволи, кичик ва хусусий корхоналар тармоғини, фонд бозори ва бозор инфратузилмасини ривожлантириш тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаларини шакллантириш;

бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, хусусийлаштириш ва кўп укладли иқтисодиётни шакллантириш масалаларига оид илмий, йўриқнома-услубий ва ахборот материалларини тайёрлаш ҳамда нашр этиш, республиканинг иқтисодиётни ислоҳ қилиш соҳасидаги тажрибасини кенг тарғиб этиш, аҳолининг иқтисодий билим даражасини ошириш ва уларда замонавий иқтисодий фикрлашни шакллантиришда фаол иштироқ этиш.


3. Қуйидагилар тасдиқлансин:

Бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш илмий-тадқиқот институтининг ташкилий тузилмаси иловага мувофиқ;

илмий ва илмий ёрдамчи ходимлар штатлари сони Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитасининг ҳисоблаш марказига эга бўлган кўп укладли иқтисодиётни шакллантириш муаммолари бўйича илмий-тадқиқот маркази учун тасдиқланган доирада (хизмат кўрсатувчи ходимлардан ташқари 70 нафар).

БИЧИТИнинг раҳбар ва илмий ходимларига Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот институтлари учун амалда бўлган иш ва меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари тадбиқ этилсин.

БИЧИТИ директорига илмий ходимларига лавозим маошига 70 фоизгача миқдорда шахсий устамалар белгилаш ҳуқуқи берилсин.


4. Қуйидагилар Бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш илмий-тадқиқот институти фаолиятини маблағ билан таъминлашнинг асосий манбалари этиб белгилансин:

Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитаси тасдиқлаган илмий тадқиқотларнинг мақсадли дастурларини молиявий таъминлашга Молия вазирлиги томонидан ажратиладиган бюджет маблағлари;

илмий тадқиқотларни рағбатлантириш ҳамда амалий вазифаларни ҳал этиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси томонидан ажратиладиган маблағлар;

корхона ва ташкилотларнинг БИЧИТИ томонидан илмий-тадқиқот ва амалий ишларнинг шартнома асосида бажарилишига йўналтириладиган маблағлари.


5. Бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш илмий-тадқиқот институти Тошкент шаҳри, Ўзбекистон шоҳ кўчасидаги 53-уйда жойлашган Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси биносига жойлаштирилсин.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси БИЧИТИга моддий-техника базасини мустаҳкамлашда ёрдам кўрсатсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Алоқа вазирлиги БИЧИТИни зарур телефон ва коммуникация алоқаси билан, шу жумладан, бир дона ҳукумат алоқаси телефони ўрнатилишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 29 январдаги 54-ф-сон фармойиши билан тасдиқланган инвестиция молия ва бошқа бозор тузилмаларини хусусийлаштириш, ташкил этиш ва ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишга Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси томонидан йўналтириладиган маблағлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низомга қуйидаги қўшимча киритилсин:

11-банднинг 3-хат боши "бизнес-марказлар" сўзларидан сўнг қуйидаги сўзлар билан тўлдирилсин: "шунингдек, Бозор ислоҳотлари илмий-тадқиқот институти (БИЧИТИ)нинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш".


8. Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб қувватлаш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 1994 йил 14 февралдаги 72-сон қарорининг 4-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Бош вазирнинг ўринбосари В.А.Чжен зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                            И. Каримов



Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумати қарорлари тўплами, 1997 й., 1-сон, 2-модда





Вазирлар Маҳкамасининг

1997 йил 15 январдаги

27-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси

ҳузуридаги Бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш

илмий-тадқиқот институтининг

ТУЗИЛМАСИ ВА ШТАТДАГИ

ХОДИМЛАРИ СОНИ

(нафар)

Институт раҳбарияти

- 4

Таҳлил ва болзор қайта ўзгартиришларини ва иқтисодий ислоҳатларини чуқурлаштириш услубиёти бўлими

- 7

Кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш бўлими

- 7

Давлат мулкини бошқаришни ташкил этиш ва хусусийлаштириш бўлими

- 6

Монополиядан чиқариш, таркибий қайта ўзгартиришлар ва рақобат муҳитини яратиш бўлими

- 6

Қимматли қоғозлар бозорини ва бозор инфратузилмасини  ривожлантириш бўлими

- 6

Хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш ва хусусийлаштирилган корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўлими

- 6

Ахборот-ноширлик бўлими

- 5

Компьютерлаштириш ва ҳисоблаш тизимлари бошқармаси

- 15

Маъмурий-бошқарув ходимлари

- 8

ЖАМИ

- 70