язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси (Парламент)/ Олий Мажлис Сенати. Сенат аъзолари/ Ўзбекистон Республикасининг 12.12.2002 й. 432-II-сон "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида"ги Конституциявий Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

КОНСТИТУЦИЯВИЙ

ҚОНУНИ

12.12. 2002 й.

N 432-II



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ МАЖЛИСИНИНГ СЕНАТИ

ТЎҒРИСИДА


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) мақомини белгилаш, Сенат фаолиятини ташкил этишга ва унинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) ҳамда бошқа давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлигига доир муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Сенат


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати (юқори палатаси) ҳудудий вакиллик палатасидир.

Сенат аъзолари (сенаторлар) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда - олти кишидан сайланади.

Сенатнинг ўн олти нафар аъзоси фан, санъат, адабиёт, ишлаб чиқариш соҳасида ҳамда давлат ва жамият фаолиятининг бошқа тармоқларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли фуқаролар орасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади.

Сенат иши ялпи мажлисларга (бундан буён матнда мажлислар деб юритилади) ва унинг қўмиталари мажлисларига тўпланадиган сенаторлар фаолиятига асосланади.

Сенатда ҳудудий мансубликка кўра ҳамда сиёсий ёки бошқа асосда гуруҳлар тузишга йўл қўйилмайди.



3-модда. Сенат фаолиятининг ҳуқуқий асослари


Сенат фаолиятининг тартиби Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонунлар билан белгиланади.


4-модда. Сенат таркибини шакллантириш


Сенатни шакллантириш тартиби "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


5-модда. Сенатнинг ваколат муддати


Сенатнинг ваколат муддати - беш йил.

Ваколат муддати тугагач, Сенат янги чақириқ Сенати иш бошлагунга қадар ўз фаолиятини давом эттириб туради.


6-модда. Сенат аъзоси


Сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Сенат аъзоси бўлиши мумкин.

Айни бир шахс бир пайтнинг ўзида Сенат аъзоси ва Қонунчилик палатаси депутати бўлиши мумкин эмас.

Сенат аъзоси дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади. У Сенатнинг розилигисиз, Сенат мажлислари оралиғидаги даврда эса, Сенат Кенгашининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.

Сенат аъзосига унинг сенаторлик фаолияти билан боғлиқ харажатлар белгиланган тартибда қопланади.

Сенат аъзосининг ваколатлари қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда муддатидан илгари тугатилиши мумкин.

Сенат аъзолари Сенатда доимий асосда ишлашлари мумкин. Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторларнинг сони сенаторлар умумий сонининг тўртдан биригача бўлган миқдорда белгиланади. Улар сенаторлик ваколатлари даврида илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишлари мумкин эмас.

Сенат аъзосининг мақоми қонун билан белгиланади.


7-модда. Сенат ҳужжатлари


Сенат ўзининг ваколатларига киритилган масалалар юзасидан, шунингдек палатанинг ички фаолиятини ташкил этиш масалалари юзасидан қарорлар қабул қилади.

Сенат умумсиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа масалалар юзасидан баёнотлар ва мурожаатлар билан чиқиши мумкин, улар палатанинг қарори билан расмийлаштирилади.

Сенат қарорлари, ушбу Қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, Сенат аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.


II. СЕНАТ ВАКОЛАТЛАРИ ВА ФАОЛИЯТИНИНГ

ТАШКИЛИЙ ШАКЛЛАРИ

8-модда. Сенат ва Қонунчилик палатасининг

биргаликдаги ваколатлари


Сенат ва Қонунчилик палатасининг биргаликдаги ваколатлари қуйидагилардан иборат:

1) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини қабул қилиш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

2) Ўзбекистон Республикасининг конституциявий қонунлари ҳамда қонунларини қабул қилиш, уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

3) Ўзбекистон Республикасининг референдумини ўтказиш тўғрисида ва уни ўтказиш санасини тайинлаш ҳақида қарор қабул қилиш;

4) Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш ҳамда давлат стратегик дастурларини қабул қилиш;

5) Ўзбекистон Республикаси Конституциясига биноан Ўзбекистон Республикасининг ҳокимият тармоқлари тизимини ҳамда қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти органларининг ваколатларини белгилаш;

6) Ўзбекистон Республикаси таркибига янги давлат тузилмаларини қабул қилиш ва уларнинг Ўзбекистон Республикаси таркибидан чиқиши ҳақидаги қарорларни тасдиқлаш;

7) бож, валюта ва кредит ишларини қонун йўли билан тартибга солиш;

8) солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни жорий қилиш;

9) Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши масалаларини қонун йўли билан тартибга солиш, чегараларини ўзгартириш;

10) туманлар, шаҳарлар, вилоятларни ташкил этиш, тугатиш, уларнинг номини ҳамда чегараларини ўзгартириш;

11) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини қабул қилиш;

12) давлат мукофотлари ва унвонларини таъсис этиш;

13) Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқарув органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;

14) Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясини тузиш;

15) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш, шунингдек мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботларини эшитиш ва муҳокама қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади;

16) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва унинг ўринбосарини сайлаш;

17) Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш;

18) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасига ҳужум қилинганда ёки тажовуздан бир-бирини мудофаа қилиш юзасидан тузилган шартнома мажбуриятларини бажариш зарурияти туғилганда уруш ҳолати эълон қилиш тўғрисидаги фармонини тасдиқлаш;

19) Ўзбекистон Республикаси Президентининг умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш, фавқулодда ҳолат жорий этиш, унинг амал қилишини узайтириш ёки тугатиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;

20) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини ратификация ва денонсация қилиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

21) парламент назоратини ва Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга ошириш.

Палаталарнинг биргаликдаги ваколатларига кирадиган масалалар, қоида тариқасида, аввал Қонунчилик палатасида, сўнгра Сенатда кўриб чиқилади.



9-модда. Сенатнинг мутлақ ваколатлари


Сенатнинг мутлақ ваколатлари жумласига:

1) Сенат Раисини ва унинг ўринбосарларини, қўмиталарнинг раисларини ва уларнинг ўринбосарларини сайлаш;

2) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини сайлаш;

3) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий судини сайлаш;

4) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг раисини тайинлаш;

6) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Ҳисоб палатаси раисини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;

7) Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раисини тайинлаш ва уни лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонларини тасдиқлаш;

8) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларини тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш;

9) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг раисини тайинлаш ва уни лавозимидан озод этиш;

10) Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан амнистия тўғрисидаги ҳужжатларни қабул қилиш;

11) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг тақдимига биноан Сенат аъзосини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш;

12) Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви раисининг ҳисоботларини эшитиш;

13) Регламентни ҳамда ўз фаолиятини ташкил этиш ва палатанинг ички тартиб қоидалари билан боғлиқ масалалар юзасидан бошқа қарорларни қабул қилиш;

14) сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт соҳасидаги у ёки бу масалалар юзасидан, шунингдек давлат ички ва ташқи сиёсати масалалари юзасидан Сенат қарорларини қабул қилиш киради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан мансабдор шахсларни Сенат томонидан сайлаш, тайинлаш ҳамда уларни лавозимидан озод этиш тартиби Сенат Регламентида белгиланади.


10-модда. Сенат мажлиси


Сенат фаолиятининг ташкилий шакли унинг мажлисидир.

Сенат мажлислари заруратга қараб, лекин йилига камида уч марта ўтказилади.

Сенатнинг биринчи мажлиси Сенат таркиб топганидан кейин бир ойдан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан чақирилади.

Сенатнинг биринчи мажлисини Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг Раиси очади ва Сенат Раиси сайлангунга қадар унда раислик қилади.

Сенатнинг навбатдан ташқари мажлиси Ўзбекистон Республикаси Президенти, Сенат Раиси таклифига биноан ёки Сенат аъзолари умумий сонининг камида учдан бир қисми таклифига биноан чақирилиши мумкин.

Фақат Сенат мажлисларида Ўзбекистон Республикаси қонунлари маъқулланади ҳамда Сенат ҳужжатлари қабул қилинади.

Сенат ва унинг органлари мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси Спикери, Бош вазир, Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди, Судьялар олий кенгаши раислари, Бош прокурор иштирок этишлари мумкин.

Сенат мажлисига давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг, илмий муассасаларнинг вакиллари, мутахассислар ва олимлар, матбуот органларининг, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситаларининг вакиллари таклиф қилиниши мумкин.

Сенат мажлислари очиқ ва ошкора ўтказилади. Зарурат бўлганда, Сенат ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Сенат мажлисларини ташкил қилиш ва ўтказиш тартиби Сенат Регламентида белгиланади.


11-модда. Сенат ва Қонунчилик палатасининг қўшма мажлислари


Сенат ва Қонунчилик палатасининг қўшма мажлислари Ўзбекистон Республикаси Президенти қасамёд қилганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг, ички ва ташқи сиёсатининг муҳим масалалари юзасидан нутқ сўзлаганда, чет давлатларнинг раҳбарлари нутқ сўзлаганда ўтказилади. Палаталарнинг келишувига мувофиқ қўшма мажлислар бошқа масалалар юзасидан ҳам ўтказилиши мумкин.

Палаталарнинг қўшма мажлиси очиқ ва ошкора ўтказилади.

Палаталарнинг қўшма мажлиси, агар унда тегишинча Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади.

Палаталарнинг қўшма мажлисларида, агар қўшма мажлисда бошқача қоида белгиланган бўлмаса, Қонунчилик палатаси Спикери ва Сенат Раиси навбатма-навбат раислик қилади.

Палаталарнинг қўшма мажлисида эшитилган масалалар муҳокамаси натижалари асосида палаталарнинг қўшма қарори қабул қилиниши мумкин. Бунда овоз бериш, қоида тариқасида, алоҳида-алоҳида ўтказилади.


12-модда. Парламент сўрови, сенатор сўрови

Сенат давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси масалалари ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан парламент сўрови юборишга ҳақли.

Сенат аъзоси давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига, қоида тариқасида, тегишли ҳудудларнинг манфаатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён этиш талаби билан сўров юборишга ҳақли.

Давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари парламент сўровига, сенатор сўровига жавобни Сенат Регламентида белгиланган тартибда ва муддатларда беради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг аъзоларига, давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига юборилган парламент сўровига, шунингдек сенаторнинг сўровига ўз вақтида жавоб юборилишини таъминлашга кўмаклашади.


III. СЕНАТ РАИСИ ВА УНИНГ ЎРИНБОСАРЛАРИ.

СЕНАТ КЕНГАШИ, ҚЎМИТАЛАРИ ВА КОМИССИЯЛАРИ


13-модда. Сенат Раиси


Сенат Раиси Сенат таркиб топганидан кейинги биринчи мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Сенат аъзолари орасидан яширин овоз бериш орқали сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан Сенат ваколати муддатига сайланади. Сенат Раислигига номзод кўрсатиш ва сайлаш тартиби Сенат Регламентида белгиланади.

Сенат Раиси ўз вазифасини бажариш даврида сиёсий партия ва ҳаракатларга аъзоликни тўхтатиб туради.

Сенат Раиси Сенат қўмиталарининг таркибига сайланиши мумкин эмас.

Сенат Раиси яширин овоз бериш орқали сенаторларнинг учдан икки қисмидан кўпроғининг овози билан қабул қилинган Сенат қарорига биноан муддатидан илгари чақириб олиниши мумкин.

Сенат Раиси ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан фармойишлар чиқаради.



14-модда. Сенат Раисининг ваколатлари


Сенат Раиси:

Сенат ва унинг Кенгаши мажлисларини чақиради, уларда раислик қилади;

Сенат муҳокамасига киритиладиган масалаларни тайёрлашга умумий раҳбарлик қилади;

Сенат маъқуллаган қонунларни имзолаш учун Ўзбекистон Республикаси Президентига юборади;

Сенат қўмиталари ва комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Сенат қарорларининг ижроси устидан назоратни ташкил этади;

Сенат Раисининг ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

парламентлараро алоқаларни амалга ошириш ишларига ҳамда халқаро парламент ташкилотлари иши билан боғлиқ Сенат гуруҳларининг фаолиятига раҳбарлик қилади;

Сенат матбуот органларининг уставларини ва таҳрир ҳайъатлари таркибини ҳамда уларнинг ишлаши учун зарур харажатлар сметаларини тасдиқлайди;

Кенгаш билан келишилган ҳолда Сенат матбуот органларининг бош муҳаррирларини тайинлайди ва уларни лавозимидан озод қилади;

Сенат матбуот органларининг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади;

Қонунчилик палатаси, бошқа давлат органлари, чет давлатлар, халқаро ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро муносабатларда Сенат номидан иш кўради;

Сенат ва унинг Кенгаши қарорларини имзолайди;

Сенат девони фаолиятига раҳбарликни амалга оширади, сенаторлар ва Сенат девони ишлаши учун зарур харажатлар сметаларини тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ушбу Қонун ва Сенат Регламентида назарда тутилган бошқа ваколатларни амалга оширади.

Сенат Раиси ўзининг ваколатига тааллуқли масалаларни Кенгаш муҳокамасига киритишга ҳақли.



15-модда. Сенат Раисининг ўринбосарлари


Сенат Раисининг ўринбосарлари Сенат аъзолари орасидан яширин овоз бериш орқали сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан Сенат ваколати муддатига сайланади. Сенат Раисининг ўринбосарлигига номзодлар кўрсатиш ва сайлаш тартиби Сенат Регламентида белгиланади.

Сенат Раисининг ўринбосарлари ўз вазифаларини бажариш даврида сиёсий партиялар ва ҳаракатларга аъзоликни тўхтатиб туради.

Сенат Раисининг ўринбосарлари Сенат қўмиталарининг таркибига сайланиши мумкин эмас.

Сенат Раисининг ўринбосарлари Сенат Раисининг топшириғига биноан унинг айрим вазифаларини бажаради ва Сенат Раиси йўқлигида ёки ўз вазифаларини амалга ошириши мумкин бўлмаган ҳолларда унинг вазифасини бажариб туради.

Сенат Раисининг ўринбосарларидан бири Қорақалпоғистон Республикасининг вакили бўлади.


16-модда. Сенат Кенгаши


Сенатнинг фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Сенат Кенгаши тузилади.

Сенат Кенгаши палата мажлислари оралиғида заруратга қараб тўпланади.

Сенат Кенгашининг таркибига Сенат Раиси, унинг ўринбосарлари ва қўмиталарнинг раислари киради.

Сенат Кенгаши ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қарорлар қабул қилади.


17-модда. Сенат қўмиталарини сайлаш


Сенат муҳокамасига киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш, Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Сенат томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг ижросини назорат қилиш учун Сенат шаклланганидан кейин унинг ваколатлари муддатига сенаторлар орасидан раис, унинг ўринбосари ва аъзолардан иборат таркибда қўмиталар сайланади.

Сенат қўмиталарининг барча аъзолари тенг ҳуқуқлардан фойдаланадилар.

Қўмита таркибига сайланмаган сенатор унинг ишида маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этишга ҳақли.

Сенат қўмиталари Сенат олдида масъул ва унга ҳисобдордир.


18-модда. Сенат қўмиталарининг ваколатлари


Сенат қўмиталари:

1) Қонунчилик палатаси томонидан Сенатга маъқуллаш учун топширилган қонунлар юзасидан хулосалар беради;

2) ўзининг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан ўз ташаббуси билан ва Сенатнинг топшириғига биноан Сенат ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқади;

3) қонунни мажлис кун тартибига киритиш ёки унинг устида ишлашни давом эттириш ёхуд асослантирилган ҳолда уни рад этиш тўғрисида Кенгашга таклифлар киритади;

4) Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети лойиҳаси юзасидан хулосалар ва таклифлар беради;

4-1) Сенат мажлисида ҳукумат аъзоларининг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш масалаларини қўяди;

5) давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан, мансабдор шахслардан ҳужжатларни, эксперт хулосалари ва бошқа хулосаларни, статистика маълумотлари ва бошқа маълумотларни талаб қилиб олади;

6) Қонунчилик палатаси томонидан киритилган қонунларни кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлари тузади, уларнинг таркибига давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг, илмий муассасаларнинг вакилларини, мутахассислар ва олимларни, хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарларини жалб этади;

7) киритилган Ўзбекистон Республикаси қонунлари, шунингдек Сенат томонидан қабул қилинаётган қарорлар матнига ўзгартиш ёки қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

8) давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг улар томонидан қонунларга риоя этилиши, Сенат ва унинг Кенгаши, Сенат қўмиталари қарорларининг бажарилиши тўғрисидаги ахборотини эшитади;

9) давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари томонидан қонунларнинг, Сенат қарорларининг ижро этилиши ҳолатини, ҳуқуқни қўллаш амалиётини вақти-вақти билан жойларга чиқиб ўрганади;

10) янги қабул қилинган қонунлар ижросини таъминлаш учун қонун ости ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилиниши юзасидан мониторингни амалга оширади.

Сенат қўмиталари қонунларга мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


19-модда. Сенат қўмиталарининг ишини ташкил этиш


Сенат қўмиталари ишни ўз режаларига, шунингдек Сенат, унинг Раиси ва Кенгаши топшириқлари ҳамда тавсияларига мувофиқ ташкил этади.

Сенат қўмиталарининг фаолияти тартиби Сенат Регламентида белгиланади.



20-модда. Сенат қўмиталарининг мажлислари


Сенат қўмиталарининг мажлислари Сенат мажлислари оралиғида заруратга қараб ўтказилади.

Сенат қўмиталарининг мажлислари, агар уларда қўмита аъзоларининг камида ярми ҳозир бўлса, ваколатли ҳисобланади.

Сенат қўмиталарининг мажлислари очиқ ўтказилади. Зарурат бўлганида Сенат қўмиталари ёпиқ мажлис ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Қўмиталарнинг мажлисларига давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг, илмий муассасаларнинг вакиллари, мутахассислар ва олимлар, матбуот органларининг, телевидение, радио ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларининг вакиллари таклиф қилиниши мумкин.

Қўмиталарнинг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги ваколатли вакили иштирок этиши мумкин.


21-модда. Сенат қўмиталарининг қарорлари


Сенат қўмиталари кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан қўмита жами аъзоларининг кўпчилик овози билан қарорлар қабул қилади.

Сенат қўмиталарининг давлат органларига юборилаётган қарорлари улар томонидан кўриб чиқилиши шарт, натижалари ёки кўрилган чоралар тўғрисида, агар қарорда бошқача қоида белгиланган бўлмаса, узоғи билан бир ойдан кечиктирмай хабар қилиниши керак.



22-модда. Сенат комиссиялари


Сенат муайян вазифаларни бажариш учун комиссиялар тузиши мумкин.

Комиссиялар Сенат мажлисида сенаторлар орасидан тузилади. Айни пайтда комиссияни тузишдан кўзланган мақсад ва унинг ваколатлари белгиланади.

Комиссиялар ўз фаолиятини зиммасига юклатилган вазифалар бажарилганидан кейин ёки Сенатнинг қарорига биноан муддатидан илгари тугатади.

Комиссияларни ташкил этиш ва уларнинг фаолияти тартиби Сенат Регламентида белгиланади.


IV. ҚОНУННИ КЎРИБ ЧИҚИШ.

КЕЛИШУВ ТАРТИБ-ҚОИДАЛАРИ


23-модда. Қонуннинг Сенат қўмитаси томонидан

дастлабки тарзда кўриб чиқилиши


Қонун Сенатга келиб тушганидан кейин Сенат Раиси уни дастлабки тарзда кўриб чиқишни амалга оширадиган масъул қўмитани белгилайди.

Қонунни дастлабки тарзда кўриб чиқиш натижалари асосида масъул қўмита қонун юзасидан хулоса қабул қилади.


24-модда. Қонуннинг Сенат мажлисида кўриб чиқилиши


Сенат масъул қўмитанинг хулосасини олганидан кейин қонунни муҳокама қилади ва уни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Қонун Сенат томонидан сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан маъқулланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясини, унга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий қонунлари ҳамда уларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни маъқуллаш учун сенаторлар умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози талаб қилинади.

Овоз бериш очиқ ёки яширин бўлиши мумкин.

Овоз беришнинг шакли ва усули тўғрисидаги қарор Сенат томонидан Сенат мажлисида ҳозир бўлган cенаторларнинг кўпчилик овози билан очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади.

Сенат томонидан рад этилган қонун Қонунчилик палатасига қайтарилади.


25-модда. Келишув комиссияси


Сенат томонидан рад этилган қонун юзасидан Сенат ва Қонунчилик палатаси юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари орасидан тенглик асосида келишув комиссиясини тузиши мумкин.

Келишув комиссиясининг ҳар бир палатадан кўрсатилган аъзолари ўз таркибидан кўпчилик овоз билан комиссиянинг ҳамраисини сайлайди.

Келишув комиссияси қонуннинг ягона матнини ишлаб чиқиш мақсадида Сенатнинг ҳар бир эътирозини алоҳида-алоҳида кўриб чиқади. Келишув комиссияси қонуннинг Сенат эътироз билдирмаган айрим моддалари таҳририни ўзгартириш тўғрисида, агар бундай ўзгартиришни Сенатнинг таклифлари асосида ишлаб чиқилган қонун моддаларининг таҳрири тақозо этадиган бўлса, қарор қабул қилишга ҳақли.

Келишув комиссияси ишининг натижалари юзасидан келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича таклифларни ўз ичига олган хулоса қабул қилинади.

Келишув комиссиясини тузиш тартиби, комиссиянинг таркиби ва иши Регламентда белгиланади.


26-модда. Қонунчилик палатасида қайта кўриб чиқилган

қонуннинг Сенат томонидан маъқулланиши


Келишув комиссиясининг таклифлари қабул қилинган тақдирда, қонун Қонунчилик палатасида одатдаги тартибда қайта кўриб чиқилиши лозим ва у маъқуллаш учун Сенатга юборилади.

Агар Сенат илгари рад этилган қонунни қайта кўриб чиқишда уни келишув комиссиясининг таҳририда маъқулламаса, қонун рад этилган ҳисобланади ва у Қонунчилик палатасига қайтарилиши керак.


27-модда. Қонунни имзолаш ва уни эълон қилиш


Сенат маъқуллаган қонун имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига ўн кун ичида юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қонун ўттиз кун ичида имзоланади ва эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қонунни ўз эътирозлари билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қайтаришга ҳақли.


28-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан

қайтарилган қонуннинг Сенатда қайта кўриб чиқилиши


Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қайтарилган ва Қонунчилик палатаси томонидан маъқуллаш учун Сенатга қайтадан киритилган қонунни Сенат кўриб чиқиб, уни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Агар қонун аввалги қабул қилинган таҳририда Сенат аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан маъқулланса, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ўн тўрт кун ичида имзоланиши ва эълон қилиниши керак.


V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


29-модда. Сенатни тарқатиб юбориш


Сенат Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди билан бамаслаҳат қабул қилган қарори асосида қуйидаги ҳолларда тарқатиб юборилиши мумкин:

Сенат таркибида унинг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганда ёки у бир неча марта Ўзбекистон Республикаси Конституциясига зид қарорлар қабул қилган тақдирда;

Сенат билан Қонунчилик палатаси ўртасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг нормал фаолиятига таҳдид солувчи ҳал қилиб бўлмайдиган ихтилофлар юз берганда.

Сенат тарқатиб юборилган тақдирда уч ой мобайнида унинг янги таркиби шакллантирилади.

Сенат фавқулодда ҳолат жорий этилган даврда тарқатилиши мумкин эмас.



30-модда. Сенат Регламенти


Сенат, унинг органлари ва мансабдор шахслари фаолиятининг тартиби Сенат Регламентида белгиланади.


31-модда. Сенат девони


Сенат, унинг органлари ва сенаторлар фаолиятининг ташкилий, ахборот, моддий-техника таъминотини Сенат девони амалга оширади.

Сенат девони тузилмаси, штатлари, ходимларининг меҳнат ҳақи миқдори ва моддий-техника таъминоти, шунингдек уларнинг ишлаши учун зарур харажатлар Сенат Раиси томонидан тасдиқланади.

Сенат девони ходимларининг меҳнатга оид муносабатлари Сенатнинг ваколати муддатига боғлиқ бўлмайди.

Сенат девони юридик шахс ҳисобланади.

Сенат девонининг ташкил этилиши ва фаолияти тартиби Сенат Кенгаши томонидан тасдиқланадиган Низомда белгиланади.


32-модда. Сенат фаолиятини молиялаштириш


Сенат фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


33-модда. Сенатнинг матбуот органлари


Сенат ўз матбуот органларига эга бўлади.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                        И. Каримов



“Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, 2002 й., 24-сон, 190-модда


“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси”, 2002 й, 12-сон, 213-модда