ЎзР Конунчилиги
ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Саноат/ Машинасозлик/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.05.2014 й. ПҚ-2176-сон "Қишлоқ хўжалигининг машинасозлик корхоналарини бошқаришни янада такомиллаштириш ва молиявий соғломлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҚарориПолный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ
15.05.2014 й.
N ПҚ-2176
ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИНИНГ
МАШИНАСОЗЛИК КОРХОНАЛАРИНИ
БОШҚАРИШНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ
ВА МОЛИЯВИЙ СОҒЛОМЛАШТИРИШ
ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА
Қишлоқ хўжалигининг машинасозлик корхоналари фаолиятини бошқаришни янада такомиллаштириш, уларнинг самарадорлиги ва рентабеллигини ошириш, соҳада ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, агросаноат комплекси учун замонавий, унумдорлиги юқори, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош техника ва ускуналар ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган ягона техника сиёсатини амалга ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, шунингдек, республика қишлоқ хўжалигининг машинасозлик корхоналари акциядорларининг акциядорлик жамияти шаклидаги агросаноат машинасозлиги холдинг компаниясини ("Ўзагросаноатмашхолдинг" холдинг компанияси) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.
4. Белгилансинки, "Ўзагросаноатмашхолдинг" холдинг компаниясининг бошланғич низом жамғармаси компанияга мустақил баҳолаш ташкилоти томонидан белгиланган қийматда бериладиган давлат акция пакетлари ва улушлари ҳисобидан 3-иловага* мувофиқ шакллантирилади.
5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг:
тракторлар, тиркама ва пахта териш машиналари ишлаб чиқаришни янги ташкил этиладиган "Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи" очиқ акциядорлик жамиятида жамлаш ва "Тошкент трактор заводи" очиқ акциядорлик жамиятини қонунчиликда белгиланган тартибда тугатиш;
"Агрегат заводи" очиқ акциядорлик жамиятида ишлаб чиқариладиган маҳсулот турларини "Чирчиққишлоқмаш" очиқ акциядорлик жамиятининг ишлаб чиқариш майдонларига босқичма-босқич кўчириш ва улар негизида осма ва тиркамали қишлоқ хўжалиги техникасининг замонавий турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш бўйича "Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи" очиқ акциядорлик жамиятини ташкил этиш, "Чирчиққишлоқмаш" очиқ акциядорлик жамиятини қонунчиликда белгиланган тартибда тугатиш;
янги ишлаб чиқариш корхоналарини 4-иловага* мувофиқ жойлаштириш учун "Тошкент трактор заводи" ва "Чирчиққишлоқмаш" очиқ акциядорлик жамиятларининг бўшайдиган ишлаб чиқариш бино ва иншоотлари ҳамда ер участкаларини "Ўзагротехмаш" акциядорлик жамиятига кейинчалик "Ўзагротехмаш" АЖнинг низом капиталидаги давлат акция пакетини "Ўзагротехсаноатхолдинг" АЖнинг низом капиталига давлат улуши ҳисобидан номинал баҳода белгиланган тартибда ўтказиш;
"Агрегат заводи" очиқ акциядорлик жамиятида қишлоқ хўжалиги техникаси учун компонентлар ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилишини сақлаб қолиш, бунда акциядорлик жамиятининг устав жамғармасида давлат улушини "Агрегат заводи" очиқ акциядорлик жамиятининг бюджет ва давлат мақсадли фондлари олдидаги қарздорлигини, ҳисобланган пеня ва жарималари билан бирга капиталлаштириш эвазига кўпайтириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда уч ой муддатда "Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи" очиқ акциядорлик жамияти ва "Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи" очиқ акциядорлик жамиятининг низом жамғармаларини шакллантиришни белгиланган тартибда таъминласин.
Белгилансинки, "Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи" ва "Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводи" очиқ акциядорлик жамиятларининг бошланғич низом жамғармалари тугатилаётган "Тошкент трактор заводи" ва "Чирчиққишлоқмаш" очиқ акциядорлик жамиятларининг бюджет ва давлат мақсадли фондлари олдидаги қарздорлигини, жумладан, қарздорликни сўндириш пайтигача ҳисобланган пеня ва жарималарни қўшган ҳолда ундириш ҳисобидан мулк комплексларининг бир қисми сифатидаги давлат улуши эвазига шакллантирилади.
7. "Ўзагротехмаш" АЖ 2019 йилнинг 1 январигача "Тошкент трактор заводи" ва "Чирчиққишлоқмаш" очиқ акциядорлик жамиятларини тугатиш жараёни ниҳоясига етгач, жамиятга бериладиган ер участкалари ва мулк бўйича ер солиғи ва мулк солиғидан озод этилсин.
Белгилаб қўйилсинки, "Ўзагротехмаш" АЖга берилган ер участкалари ва мулк негизида ташкил этиладиган янги корхоналар ер ва мулк солиғини ўрнатилган тартибда тўлайди.
8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда 2014-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастурида кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа муассасалари ва бошқа объектларга хизмат кўрсатиш учун Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида (ТТЗ-1, ТТЗ-2, ТТЗ-4 ва Югнакий даҳаларида) энергия тежайдиган замонавий ускуналар билан жиҳозланган маҳаллий қозонхоналарни қуриш ва уларни 2015 йилнинг биринчи чорагидан кечиктирмай ишга туширишни кўзда тутсин.
Маҳаллий бюджет маблағлари, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида маҳаллий қозонхоналар қуришни молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.
9. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Мирзо Улуғбек туманидаги маҳаллий қозонхоналар фойдаланишга топширилгач, уч ой муддатда Мирзо Улуғбек тумани, Буюк Ипак йўли кўчаси, 434-уйда жойлашган бино ва иншоотларни белгиланган тартибда бузиш, қозонхона ускуналарини қайта монтаж қилишни таъминласин.
10. "Ўзагросаноатмашхолдинг" холдинг компаниясини ташкил этиш ва унинг фаолияти билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш бўйича Ишчи комиссияси 5-иловага* мувофиқ таркибда тузилсин.
Ишчи комиссия (У.У. Розуқулов) қонунчиликда белгиланган тартибда:
икки ой муддатда "Ўзагросаноатмашхолдинг" холдинг компанияси шакллантирилишини ташкил этиш, компания таъсис ҳужжатларини тайёрлаш ва уни давлат рўйхатидан ўтказиш, унинг низомини тасдиқлаш, ижро аппаратини юқори малакали кадрлар билан тўлдирилишини;
"Тошкент трактор заводи" ва "Чирчиққишлоқмаш" очиқ акциядорлик жамиятини тугатиш жараёнини ташкил этишни таъминласин;
"Ўзагросаноатмашхолдинг" холдинг компанияси ижро аппаратини Тошкент шаҳар, Буюк Ипак йўли кўчасидаги 434-уйда (1-маъмурий-маиший корпусда) жойлаштирсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда қуйидагиларни кўзда тутадиган 2014-2016 йилларда республикада қишлоқ хўжалиги техникасига сервис хизматларини кўрсатиш тизимининг фаолият кўрсатишини янада такомиллаштириш дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин:
қишлоқ хўжалиги техникасига сервис хизматларини кўрсатишнинг замонавий услублари ва технологияларини жорий этиш;
мамлакатимиз машинасозлик корхоналарида республикада фойдаланилаётган қишлоқ хўжалиги техникасига сервис хизматларини кўрсатиш учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, шунингдек қишлоқ хўжалиги техникасига сервис хизматларини кўрсатишда контрафакт ва сифати бўйича замонавий талабларга жавоб бермайдиган эҳтиёт қисмлардан фойдаланишга йўл қўймаслик чора-тадбирларини амалга ошириш;
қишлоқ хўжалиги техникасидан фойдаланиш ва уларга сервис хизматларини кўрсатиш учун, жумладан, ихтисослаштирилган олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларининг республика машина-трактор парклари билан ўзаро яқин ҳамкорлигини кучайтириш, шунингдек механизаторлар меҳнатини рағбатлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ҳисобидан кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан яхшилаш.
12. Қишлоқ хўжалиги техникасидан фойдаланиш, таъмирлаш ва унга сервис хизматларини кўрсатиш бўйича механик-ҳайдовчилар ва механикларни тайёрлаш учун масъул асосий касб-ҳунар коллежлари рўйхати 6-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан ҳамкорликда икки ой муддатда 6-иловада* кўрсатилган касб-ҳунар коллежларини зарур ускуналар, материаллар, ўқув ва кўргазмали қўлланмалар, шунингдек қишлоқ хўжалиги техникаси намуналари билан таъминлаш дастурини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда тасдиқлаш учун тақдим этсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги Адлия вазирлиги ва "Ўзагросаноатмашхолдинг" холдинг компанияси билан биргаликда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
14. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов
*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.
"Халқ сўзи", 2014 йил 17 май
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2014 йил 26 май, 21-сон, 243-модда