язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари/ Тижорат банклари балансида турган алоҳида объектларни сотиш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 28.05.2014 й. 2589-сон билан рўйхатга олинган 13.05.2014 й. Марказий банк Бошқарувининг 332-В-сон, Молия вазирлигининг 40-сон, Иқтисодиёт вазирлигининг 69-сон, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг 01/22-26/75-сон қарори билан тасдиқланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2014 йил 28 майда 2589-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки Бошқаруви,

Молия вазирлиги, Иқтисодиёт

вазирлиги ва Ўзбекистон

Республикасининг Хусусийлаштириш,

монополиядан чиқариш ва рақобатни

ривожлантириш давлат қўмитасининг

2014 йил 13 майдаги

332-В, 40, 69 ва 01/22-26/75-сон қарорига

ИЛОВА



Тижорат банклари балансида турган алоҳида

объектларни сотиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 24 мартдаги 71-сон "Тижорат банкларининг инвестиция фаолиятини рағбатлантиришга ва банклар томонидан корхоналарни янги инвесторларга сотишни жадаллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорининг иловасига киритилган объектларни сотиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


аукцион - мусобақалашиш асосида харидорни танлаш савдо шакли бўлиб, бунда объектни сотиб олиш учун энг катта нархни таклиф этган иштирокчи объектни сотиб олиш тўғрисида олди-сотди шартномаси тузиш ҳуқуқига эга бўлади;


сотиб олиш учун тўлов - харидор томонидан сотиб олинган объект учун тўланаётган миллий ва (ёки) чет эл валютасидаги пул маблағлари;


аукцион ва тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш санаси - аукцион ва (ёки) тўғридан-тўғри музокара ўтказилиши кўрсатилган эълондаги аукцион ўтказиладиган ва тўғридан-тўғри музокара бўлиб ўтадиган кун;


объект - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 24 мартдаги 71-сон қарори иловасига киритилган корхона ёки унинг устав фонди (капитали)даги тижорат банкларининг улуши, шунингдек қарздорларнинг мажбуриятлари бўйича банк томонидан ундирилган мулк;


ташкилотчи - қонун ҳужжатларига ҳамда сотувчи билан тузилган шартномага мувофиқ, аукцион ва тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишни ташкил этиш ҳамда ўтказиш хизматларини кўрсатадиган ихтисослаштирилган ташкилот;


харидор - аукцион ёки тўғридан-тўғри музокаралар натижалари бўйича олди-сотди шартномаси тузиладиган юридик ёки жисмоний шахс (Ўзбекистон Республикаси резиденти ёки норезиденти);


ваколатли вакил - ишончнома асосида аукцион ёки тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишда иштирок этиш учун талабгор томонидан вакил қилинган юридик ёки жисмоний шахс;


талабгор - таклиф этилган шартлар асосида аукцион ёки тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишда иштирок этиш хоҳишини билдирган юридик ёки жисмоний шахс (Ўзбекистон Республикаси резиденти ёки норезиденти);


сотувчи - аукцион ёки тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш йўли билан объект сотувини амалга оширувчи тижорат банки;


тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали сотиш - сотувчи ва харидор ўртасида олиб борилган тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш натижасида тузиладиган олди-сотди шартномаси орқали объектни сотиш;


бошланғич қиймати - аукцион ва тўғридан-тўғри музокарага қўйилган объектнинг нархи;


қатнашчи - аукцион ёки тўғридан-тўғри музокарада қатнашиш учун қўйилган талабгор ёки унинг ваколатли вакили.


2. Объектларни сотиш ташкилотчи томонидан сотувчи белгилаган шартлар ва муддатларда қуйидаги кетма-кетликда ўтказилади:

а) аукционга қуйиш орқали;

б) аукцион бўлиб ўтмаган деб эълон қилинган тақдирда, тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали.


3. Объектларни аукцион ёки тўғридан-тўғри музокаралар ўтказмасдан сотиш фақатгина Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига асосан амалга оширилади.


4. Объектлар Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларига қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда ҳам Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида, ҳам чет эл валютасида сотилиши мумкин.


5. Объектнинг бозор қийматини аниқлаш учун сотувчи томонидан тегишли лицензияга эга бўлган баҳоловчи ташкилот жалб этилади.

Агар баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот тузилган санадан объектнинг бошланғич қиймати белгиланаётган санагача 6 ойдан кўп вақт ўтмаган бўлса, баҳоловчи ташкилотнинг ҳисоботида кўрсатилган объектнинг бозор қиймати уни сотиш учун ишлатилади.

Агар объектлар баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот тузилган санадан бошлаб 6 ой давомида сотишга қўйилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 24 мартдаги 71-сонли қарори қабул қилингунга қадар тузилган баҳолаш ҳисоботлари объектнинг бошланғич қийматини белгилаш учун ишлатилади.

Мазкур Низомга асосан сотувга қўйилган ҳамда объектнинг бошланғич қиймати баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот тузилган санадан бошлаб 6 ой мобайнида белгиланган бўлса, объектни баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот тузилган санадан уч йилгача бўлган муддатда қайтадан баҳолаш талаб этилмайди.


6. Аукцион ва тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш учун сотувчи ташкилотчи билан тегишли хизматлар кўрсатиш тўғрисида шартнома тузади ва объектларни сотиш шартлари, шу жумладан, бошланғич қийматини тақдим қилади.


7. Аукцион ва (ёки) тўғридан-тўғри музокараларни ўтказишга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш ташкилотчи ҳисобидан амалга оширилади, агар сотувчи ва ташкилотчи ўртасида тузилган шартномада бошқа шартлар белгиланмаган бўлса.



2-БОБ. АУКЦИОНГА ТАЙЁРГАРЛИК

КЎРИШ ВА УНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


8. Ташкилотчи объектни сотиш бўйича сотувчи томонидан тақдим этилган шартларга асосан:

аукцион ўтказиш санасини белгилайди;

доимий ёки вақтинча фаолият кўрсатувчи аукцион комиссиясини шакллантиради;

аукционда иштирок этиш учун буюртманома бериш муддатини белгилайди;

аукцион ўтказилишидан камида 30 кун олдин ҳеч бўлмаганда иккита республика даврий нашрларида (2000 нусхадан ортиқ тиражда) ва ўзининг веб-сайтида аукцион ўтказилиши тўғрисида эълон қилади. Эълонлар белгиланган аукцион шартларига мувофиқ бўлиши ва мазкур объект бўйича тўрт марта, бир ҳафтада 2 мартадан ортиқ ўтказилмайдиган аукцион ўтказиш саналари тўғрисидаги маълумотга эга бўлиши лозим;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сотиладиган объектлар тўғрисида ахборотни ошкор этади;

аукционда иштирок этиш учун иштирокчилар буюртманомаларини рўйхатга олади;

аукционда иштирок этиш истагини билдирган шахсларни тақдим этиладиган ҳужжатлар намуналари билан таъминлайди, шунингдек уларни расмийлаштиришда ёрдам беради;

талабгорлар орасидан аукцион иштирокчилари рўйхатини шакллантиради;

аукцион иштирокчиларига иштирокчи рақами кўрсатилган чипта ва махсус рақамли белгини беради;

эълон чоп этилган санадан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга уларнинг сўровлари бўйича объект тўғрисида қўшимча маълумотлар тақдим этади;

аукцион ўтказилган кундан бошлаб 30 кун давомида аукцион ўтказиш тўғрисида эълон берилган республика даврий нашрлари ва веб-сайтларда аукцион натижаси тўғрисида маълумотни чоп этади;

тузилган шартномага мувофиқ бошқа вазифаларни бажаради.


9. Аукцион ўтказилиши тўғрисидаги эълонда қуйидаги маълумотлар акс эттирилиши лозим:

ташкилотчининг номи ва жойлашган ери (почта манзили), унинг алоқа қилинадиган телефони, телефакси, электрон почта манзили;

аукционга қўйилаётган объектнинг номи ва унинг жойлашган жойи;

объектнинг бошланғич қиймати;

аукцион ўтказиладиган сана, вақт ва жой;

олди-сотди шартномаси тузилишининг чекланган муддати;

закалат қўйиш миқдори, муддати ва тартиби, уни қўйиш учун банк реквизитлари;

буюртманомаларни қабул қилишнинг охирги муддати (кун ва соат кўрсатилган ҳолда);

сотиб олиш учун тўловнинг муддати;

қўшимча маълумотлар олиш мумкин бўлган манзил ва алоқа телефони.


10. Аукционда сотилган объект бўйича сотиб олиш учун тўловлар бирйўла ёки сотиб олиш суммасининг қолдиғига фоизлар ҳисобламасдан бўлиб-бўлиб, шунингдек сотиб олиш учун тўловлар тўлиқ тўлангунга қадар объектни ўзгага бериш ва учинчи шахсларга гаровга (ипотекага) қўйиш ҳуқуқисиз (сотувчи - тижорат банки бундан мустасно) тўланади.

Сотиб олиш учун тўловларни бўлиб-бўлиб тўлаш муддати 7 йилдан ошмаслиги лозим, агар мазкур объектни сотиш муддати Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида кўзда тутилмаган бўлса.


11. Аукцион ўтказиш жараёнини назорат қилиш, талаблар ягоналигини ва аукцион натижалари бўйича қарор қабул қилиш холислигини таъминлаш учун ташкилотчи томонидан доимий ёки вақтинча фаолият кўрсатувчи аукцион комиссияси ташкил этилади.


12. Комиссия таркиби камида беш кишидан ташкил топиши лозим. Аукцион комиссиясига қуйидагилар киритилади:

Сотувчи - банкнинг инвестиция фаолиятини назорат қилувчи Бошқарув раиси ўринбосари;

сотувчи банкнинг инвестиция фаолияти бўйича бўлинмаси раҳбари;

сотувчи банкнинг инвестиция компаниялари раҳбарлари (улар мавжуд бўлган тақдирда);

сотувчи банкнинг бошқа бўлинмалари ходимлари;

ташкилотчи раҳбари.


13. Аукцион комиссиясига сотувчи-банкнинг инвестиция фаолиятини назорат қилувчи Бошқарув раиси ўринбосари раҳбарлик қилади.


14. Қарорлар оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, комиссия раиси овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Аукцион комиссияси мажлисида унинг аъзоларининг камида 2/3 қисми иштирок этса, унинг қарорлари қонуний ҳисобланади. Бунда, аукцион комиссиясининг раиси ва ташкилотчи раҳбарининг иштирок этиши талаб этилади.


15. Аукционда иштирок этиш учун талабгор мажбуриятлар бажарилишининг таъминланиши сифатида объектнинг бошланғич қийматининг 5 (беш) фоизи миқдорида закалат тўлаши ва аукционда иштирок этиш учун буюртманома бериши лозим.


16. Аукционда иштирок этиш учун буюртманомаларни қабул қилиш аукцион ўтказиш тўғрисидаги эълонда кўрсатилган санадан бошланади ва аукцион ўтказиш бошланишидан камида уч соат олдин тўхтатилади.


17. Аукционда иштирок этиш учун буюртманомалар талабгор ёки унинг вакили томонидан ташкилотчига икки нусхада (шахсан ёки почта орқали) қуйидаги ҳужжатлар илова қилинган тарзда тақдим этилади:

юридик шахслар учун - давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисида гувоҳнома нусхаси, шунингдек аукционда иштирок этиш учун ваколатли вакил номига, унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси илова қилинган ҳолда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома;

жисмоний шахслар учун - паспорт (истиқомат гувоҳномаси) нусхаси, аукционда ваколатли вакил қатнашган тақдирда эса, унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси илова қилинган ҳолда, қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган ишончнома;

аукцион тўғрисида эълонда кўрсатилган банк ҳисоб рақамига закалат ўтказилганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати нусхаси.


18. Ташкилотчи тақдим этилган ҳужжатларнинг иккинчи нусхасига уларни қабул этганлиги тўғрисида сана ва қабул қилинган вақтни кўрсатган ҳолда белги қўяди ва уни талабгорга (ёки унинг вакилига) қайтариб беради. Қабул қилинган буюртманомалар ташкилотчи томонидан рўйхатдан ўтказилиши ва ҳисобга олиниши лозим.


19. Аукцион тўғрисида эълонда кўрсатилган қабул муддати ўтгандан сўнг аукционда иштирок этиш учун тақдим этилган, шунингдек мазкур Низомнинг 17-бандида белгиланган талабларга жавоб бермайдиган буюртманомалар ташкилотчи томонидан кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди.

Ҳужжатлар тақдим этилган сана ташкилотчининг рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ёзуви бўйича аниқланади.

Бошқа асослар бўйича аукционда қатнашишга рад этилишига йўл қўйилмайди.


20. Кўриб чиқиш учун ташкилотчи томонидан қабул қилинмаган аукционда иштирок этиш буюртманомалари шу куннинг ўзида талабгорга ёки унинг ваколатли вакилига тилхат остида қайтариб берилади, ёхуд почта орқали (буюртма хат билан), қабул қилишни рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда жўнатиб юборилади. Бунда тўланган закалат суммаси уч банк иш куни мобайнида талабгорга қайтарилади.


21. Буюртманомалари ва ҳужжатлари мазкур Низомда белгиланган талабларга жавоб берадиган ва ташкилотчи томонидан қабул қилинган талабгор аукционда қатнашишга қўйилади.


22. Аукцион қатнашчиларига аукцион ўтказиладиган куни аукцион қатнашчиси чиптаси берилади, унда қатнашчининг тартиб рақами ва объект номи кўрсатилади, шунингдек аукцион давомида фойдаланиладиган махсус рақам белгилари берилади.


23. Аукцион иштирокчиси аукцион ўтказилишидан камида уч соат олдин ташкилотчига ёзма билдиришнома бериш йўли билан буюртманомани қайтариб олиши мумкин. Бунда тўланган закалат суммаси буюртманомани қайтариб олиш тўғрисида билдиришнома келиб тушган вақтдан бошлаб уч банк иш кунидан кечиктирилмаган муддатда қайтарилиши лозим.


24. Аукцион объектнинг бошланғич қийматини босқичма-босқич оширган ҳолда ўтказилади. Аукцион босқичи аукцион комиссияси томонидан бошланғич қийматнинг бир фоизидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади.


25. Аукционни ташкилотчи томонидан тайинланадиган аукциончи ўтказади. Аукцион аукциончи томонидан объектнинг номи, қисқача таснифи ва объектнинг бошланғич қиймати эълон қилинган ҳолда бошланади.


26. Аукциончи нархни эълон қилади, иштирокчилар эса мазкур нархда объектни сотиб олишга тайёрлиги тўғрисида иштирокчи рақамини кўтариш орқали билдиради.


27. Бир неча иштирокчилар томонидан қизиқиш билдирилган тақдирда аукциончи нархни аукцион босқичига мувофиқ ошириб навбатдаги нархни эълон қилади.


28. Агар навбатдаги нарх 3 марта эълон қилингандан кейин харидорларнинг ҳеч бири рақамини кўтармаса, аукцион тугалланади. Чипта рақами аукциончи томонидан охирги марта эълон қилинган харидор аукцион ғолиби ҳисобланади. Шундан сўнг, аукциончи аукционга қўйилган объект сотилганлиги тўғрисида, сотиб олиш учун тўлов миқдорини ва аукцион ғолибининг чипта рақамини эълон қилади.


29. Агар аукционда иштирок этиш учун буюртманомалар уларни қабул қилиш муддати тугашига қадар тақдим этилмаса ёки фақат битта буюртманома тақдим этилса, аукцион бўлиб ўтмаган деб топилади. Бунда ташкилотчи аукцион комиссиясини, сотувчини, шунингдек ягона буюртманомани тақдим этган иштирокчини бу тўғрисида хабардор қилади.

Аукционда иштирок этиш учун ягона буюртманома тақдим этган талабгор истагига кўра унинг тўлаган закалат суммаси уч банк иш куни мобайнида қайтариб берилиши ёки унинг буюртманомаси навбатдаги аукционга (агар аукцион ўтказилиши назарда тутилган бўлса) ўтказилиши мумкин.


30. Аукцион натижаларини расмийлаштириш мазкур Низомнинг 5-боби талабларига мувофиқ амалга оширилади.



3-БОБ. ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ МУЗОКАРАЛАР ЎТКАЗИШ

ОРҚАЛИ СОТИШГА ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ

ВА УНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


31. Аукцион тўрт марта бўлиб ўтмаган деб топилган тақдирда, объект тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали сотилади.


32. Ташкилотчи томонидан сотилмаган объектнинг тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали, сотувчи томонидан ўрнатилган шартларда ва мазкур Низомда белгиланган тартибда сотилиши тўғрисида эълон чоп этилади.


33. Эълон тўғридан-тўғри музокараларда иштирок этиш учун буюртманомаларни қабул қилиш муддати тугаши санасидан камида 30 кун олдин, ҳеч бўлмаганда иккита республика даврий нашрларида (2000 нусхадан ортиқ тиражда) ва ўз веб-сайтида чоп этилади.

Эълонлар ўрнатилган шартларга мувофиқ бўлиши ва ўз ичига ўтказиладиган тўғридан-тўғри музокаралар санаси ҳамда талабгор таклифларининг амал қилиш муддатлари тўғрисида маълумотни олиши лозим.


34. Тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотиш тўғрисидаги эълонда қуйидаги маълумотлар бўлиши лозим:

ташкилотчининг номи ва жойлашган ери (почта манзили), унинг алоқа телефони, телефакси, электрон почта манзили;

тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотувга қўйиладиган объектнинг номи ва унинг жойлашган жойи;

объектнинг бошланғич қиймати;

тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотишни ўтказиш санаси, вақти ва жойи;

олди-сотди шартномаси тузилишининг охирги муддати;

закалат миқдори, киритиш муддати ва тартиби, уни қўйиш учун банк реквизитлари;

буюртманомаларни қабул қилишнинг охирги муддати (кун ва соат кўрсатилган ҳолда);

сотиб олиш учун тўлов амалга ошириладиган охирги муддат;

қўшимча маълумотлар олиш мумкин бўлган манзил ва алоқа телефони.


35. Тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотилган объект бўйича сотиб олиш учун тўловлар бирйўла ёки сотиб олиш суммасининг қолдиғига фоизлар ҳисобланмасдан бўлиб-бўлиб тўланади, шунингдек сотиб олиш учун тўловлар тўлиқ тўлангунга қадар объектни ўзгага бериш ва учинчи шахсларга гаровга (ипотекага) қўйиш ҳуқуқисиз (сотувчи - тижорат банки бундан мустасно) амалга оширилади.

Сотиб олиш учун тўловларнинг муддати 7 йилдан ошмаслиги керак, агарда ушбу объект бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорида бошқа муддат кўзда тутилмаган бўлса.


36. Тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали сотишда иштирок этиш учун талабгор мажбуриятлар бажарилишининг таъминланиши сифатида объект бошланғич қийматининг 1 (бир) фоизи миқдорида закалат тўлаши ва тўғридан-тўғри музокараларда иштирок этиш учун буюртманома бериши лозим.


37. Тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали сотишда иштирок этиш учун буюртманомалар талабгор ёки унинг вакили томонидан (шахсан ёки почта орқали) икки нусхада қуйидаги ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ташкилотчига тақдим этилади:

юридик шахслар учун - давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисида гувоҳнома нусхаси, шунингдек тўғридан-тўғри музокараларда иштирок этиш учун ваколатли вакил номига, унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси илова қилинган ҳолда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома;

жисмоний шахслар учун - паспорт (истиқомат гувоҳномаси) нусхаси, тўғридан-тўғри музокараларда ваколатли вакил қатнашган тақдирда эса, унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси илова қилинган ҳолда, қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган ишончнома;

тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш тўғрисидаги эълонда кўрсатилган банк ҳисоб рақамига закалат ўтказилганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати нусхаси;

икки нусхада, конверт ичида сотиб олиш суммаси ва тўловларни тўлаш муддатлари тўғрисидаги таклифлар. Бунда, тақдим этилган ҳужжатларнинг барча варақлари талабгор имзоси ва муҳри (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) билан тасдиқланган бўлиши лозим.

38. Ташкилотчи тақдим этилган ҳужжатларнинг иккинчи нусхасига улар қабул қилинганлиги тўғрисида сана ва қабул қилинган вақтни кўрсатган ҳолда белги қўяди ва уни талабгорга (ёки унинг вакилига) қайтариб беради. Қабул қилинган буюртманомалар ташкилотчи томонидан рўйхатдан ўтказилиши ва ҳисобга олиниши лозим.


39. Тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш тўғрисидаги эълонда кўрсатилган қабул муддати тугагандан сўнг тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотишда иштирок этиш учун тақдим этилган, шунингдек мазкур Низомнинг 37-бандида белгиланган талабларга жавоб бермайдиган буюртманомалар ташкилотчи томонидан кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди. Ҳужжатлар тақдим этилган сана ташкилотчининг рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ёзуви бўйича аниқланади.

Бошқа асослар бўйича тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотишда қатнашишга рад этилишига йўл қўйилмайди.


40. Ташкилотчи томонидан тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотишда иштирок этишни кўриб чиқиш учун қабул қилинмаган буюртманомалар шу куннинг ўзида талабгорга ёки унинг тўлиқ ваколатли вакилига тилхат остида қайтариб берилади, ёхуд почта орқали (буюртма хат билан) қабул қилишни рад этиш сабаблари кўрсатилган ҳолда, жўнатиб юборилади. Бунда тўланган закалат суммаси уч банк иш куни мобайнида талабгорга қайтариб берилади.


41. Ҳужжатлари мазкур Низомда белгиланган талабларга жавоб берадиган ва ташкилотчи томонидан қабул қилинган талабгорлар тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотишда иштирок этишга қўйилади.


42. Тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотишни ўтказиш ва талабгорларнинг тақдим этилган буюртманомаларини кўриб чиқиш учун ташкилотчи томонидан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш комиссияси ташкил этилади.


43. Тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш комиссияси таркиби беш кишидан кам бўлмаслиги лозим. Тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш комиссияси таркибига қуйидагилар киритилади:

сотувчи банкнинг инвестиция фаолиятини назорат қилувчи Бошқарув раисининг ўринбосари;

сотувчи банкнинг инвестиция фаолияти бўйича бўлинмаси раҳбари;

сотувчи банкнинг инвестиция компаниялари раҳбарлари (улар мавжуд бўлган тақдирда);

сотувчи банкнинг бошқа бўлинмалари ходимлари.


44. Тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш комиссиясига сотувчи банкнинг инвестиция фаолиятини назорат қилувчи Бошқарув раисининг ўринбосари раҳбарлик қилади.


45. Тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш комиссияси қарорлари оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, комиссия раиси овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш комиссияси мажлисида унинг аъзоларининг камида 2/3 қисми, шу жумладан комиссия раиси, иштирок этса, унинг қарорлари қонуний ҳисобланади.

Тўғридан-тўғри музокара ўтказиш комиссияси ишида, тўғридан-тўғри музокаралар ўтказилиш жараёнини, талаблар тенг бўлишини ва тўғридан-тўғри музокаралар натижаси бўйича қабул қилинадиган қарорлар ҳаққонийлигининг таъминланишини назорат қилувчи ташкилотчи раҳбари мажбурий тарзда иштирок этади.


46. Сотув ўтказиладиган кунда тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш комиссияси томонидан талабгорлар таклифлари солинган конвертларнинг биринчи нусхалари очилади. Конвертларнинг иккинчи нусхалари ташкилотчида сақланади ва таклифлар мазмуни бўйича низолар юзага келган тақдирда очилади.

Конвертдан олинган ҳужжатлар мазкур Низомнинг 37-банди бешинчи хатбошисида белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаган тақдирда, мазкур таклиф тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш комиссияси томонидан кўрилмайди.

Талабгорлар ёки уларнинг ваколатли вакиллари таклифлар солинган конвертлар очилишида иштирок этади. Талабгорлар билан музокара тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш комиссияси томонидан таклифлар солинган конвертлар очилгандан сўнг ўтказилади.


47. Иккита ва ундан ортиқ талабгорлардан таклифлар мавжуд бўлганда, тўғридан-тўғри музокаралар натижаси бўйича объект учун энг кўп миқдорда сотиб олиш учун тўловни таклиф этган талабгор, унинг таклифи эълонда кўрсатилган объектни сотиш бўйича олди-сотди шартномаси тузиш шартларига мос келишини ҳисобга олган ҳолда, ғолиб деб топилади.

Тўғридан-тўғри музокаралар натижаси бўйича объект учун бир хил сотиб олиш учун тўловлар суммасини таклиф қилган иккита талабгор мавжуд бўлган тақдирда, сотиб олиш учун тўловлар амалга оширилишининг энг қисқа муддатини таклиф этган талабгор ғолиб деб топилади.


48. Битта талабгор мавжуд бўлган тақдирда, тақдим этилган таклифлар эълонда кўрсатилган шартларга мувофиқ бўлса, сотувчи томонидан олди-сотди шартномаси тузилади.


49. Тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали ўтказилган сотув натижалари мазкур Низомнинг 5-боби талабларига мувофиқ расмийлаштирилади.



4-БОБ. АУКЦИОН ВА ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ

МУЗОКАРА ЎТКАЗИШ КОМИССИЯЛАРИ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


50. Аукцион комиссияси ҳамда тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш комиссияси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

қонун ҳужжатлари, шу жумладан, мазкур Низом талаблари бузилган тақдирда, шунингдек кимошди ёки тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотув ўтказилиши жараёнига тўсқинлик қилувчи бошқа вазиятлар юзага келган тақдирда, кимошди ёки тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотув ўтказилишини тўхтатиш;

тегишли эълонлар чоп этилишини, шунингдек буюртманомалар тақдим этган талабгорлар (агар мавжуд бўлса) ёзма равишда хабардор қилинишини таъминлаш, аукцион ўтказиш санасини бир ойдан кўп бўлмаган муддатга ва/ёки тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотишни ўтказиш санасини икки ойдан кўп бўлмаган муддатга кўчириш;

Аукцион комиссияси ҳамда тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш комиссияси қонун ҳужжатлари, шу жумладан, мазкур Низомга мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


51. Аукцион комиссияси мазкур Низомда кўзда тутилган ҳолатларда аукцион бўлмаган деб топиши лозим.

Тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш комиссияси мазкур низомга мувофиқ тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотиш ўтказилишини бўлмаган деб топиши, шунингдек иштирокчиларнинг таклифлари белгиланган шартларга мувофиқ келмаган ҳолатда, уларни хабардор қилган ва рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда таклифларини рад этиши лозим.

Аукцион комиссияси ҳамда тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш комиссиялари қонун ҳужжатлари, шу жумладан, мазкур Низомга мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажаришлари мумкин.



5-БОБ. АУКЦИОН ВА ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ МУЗОКАРАЛАР

ЎТКАЗИШ ОРҚАЛИ СОТИШ НАТИЖАЛАРИНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА БОШЛАНҒИЧ ҚИЙМАТДА

ОЛДИ-СОТДИ ШАРТНОМАЛАРИНИ ТУЗИШ


52. Ўтказилган аукцион ва/ёки тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш орқали сотиш натижалари, шу куннинг ўзида, аукцион комиссияси ёки тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш комиссиясининг баённомаси билан иштирокчилар, уларнинг таклифлари ва қабул қилинган қарорлари акс эттирилган ҳолда, аукцион комиссияси ёки тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш комиссиясининг аъзолари ҳамда ғолиб (у аниқланган тақдирда) томонидан имзоланган ҳолда расмийлаштирилади.

Ўтказилган аукцион ёки тўғридан-тўғри музокаралар натижалари бўйича баённома мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ расмийлаштирилади.


53. Баённома нусхалари сотувчи ва ғолибга (у аниқланган тақдирда) тақдим қилинади ва у объектнинг олди-сотди шартномасини тузиш учун асос бўлади.


54. Объектнинг олди-сотди шартномаси сотувчи ва ғолиб ўртасида баённома тузилган кундан бошлаб 20 кун муддат ичида тузилади.


55. Қонунчиликда белгиланган ҳолларда объект бўйича тузилган олди-сотди шартномаси бекор қилинган тақдирда, аукцион ёки тўғридан-тўғри музокаралар такроран ўтказилади.


56. Аукцион ғолиби баённома ёки олди-сотди шартномасини имзолашдан бош тортса ёки имзолашни рад этса, аукцион комиссияси баённомага тегишли ёзув киритади ва сотувчи аукцион ғолиби таклифидан бир босқич паст нарх таклиф қилган аукцион иштирокчиси билан шартнома тузишни таклиф қилади.

Агар ушбу аукцион иштирокчиси ҳам олди-сотди шартномасини имзолашни рад этса, аукцион натижаси бекор қилинади ва аукцион комиссияси томонидан белгиланган муддатда такрорий аукцион ўтказилади.


57. Тўғридан-тўғри музокаралар ғолиби баённома ёки олди-сотди шартномасини имзолашдан бош тортса ёки имзолашни рад этса, тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш комиссияси баённомага тегишли ёзув киритади ва сотувчи, таклифи эълонда кўрсатилган шартларга энг мувофиқ бўлган савдо иштирокчиси (у бўлган тақдирда) билан шартнома тузишни таклиф этади.

Агар бундай иштирокчи бўлмаган тақдирда ёки мазкур иштирокчи ҳам олди-сотди шартномасини имзолашни рад этса, тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотиш натижалари бекор қилинади ва тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш комиссияси қарори билан белгиланган муддатда такрорий тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотиш ўтказилади.


58. Аукцион ёки тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотиш ғолиби баённома ёки олди-сотди шартномасини имзолашдан бош тортса ёки имзолашни рад этса (сотувчи томонидан мазкур Низом талаблари бузилиши оқибатида олди-сотди шартномасининг имзоланиши рад этилиши ҳолатлари бундан мустасно), қўйилган закалат суммаси қайтариб берилмайди.

Сотувчи аукцион савдолари ёки тўғридан-тўғри музокаралар ғолиби билан баённома ёки олди-сотди шартномасини имзолашдан бош тортса ёки имзолашни рад этса, сотувчи аукцион ёки тўғридан-тўғри музокаралар ғолибига қўйилган закалат суммасининг икки баробари миқдорида жарима тўлаб беради.



6-БОБ. АУКЦИОН ЁКИ ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ МУЗОКАРАЛАР

ОРҚАЛИ СОТИЛМАГАН ОБЪЕКТЛАРНИНГ ДАСТЛАБКИ

БОШЛАНҒИЧ ҚИЙМАТДА СОТИЛИШИ


59. Объект аукцион ёки тўғридан-тўғри музокараларда дастлабки бошланғич қийматда сотилмаган тақдирда, сотувчи мазкур Низомнинг 60-бандига мувофиқ босқичма-босқич дастлабки бошланғич қийматини пасайтириш механизмини қўллайди, бироқ пасайтириш механизми дастлабки бошланғич қийматнинг 50%идан ортиқ бўлмаган миқдорда қўлланилади.


60. Объектни аукцион ёки тўғридан-тўғри музокараларда дастлабки бошланғич қийматидан пасайтирилган нархда сотиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

а) биринчи босқич:

объектни дастлабки бошланғич қийматидан 10%гача пасайтирилган нархда аукционга чиқариш ва аукционни тегишли эълон чоп этилган санадан бошлаб камида ўн беш кундан кейин ўтказиш;

аукцион тўрт марта бўлиб ўтмаган деб топилган тақдирда, объект сўнгги аукционда қўйилган нархда тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотишга чиқарилади. Тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотиш тегишли эълон чоп этилган санадан бошлаб камида ўн беш кундан кейин ўтказилади;

тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотиш бўлиб ўтмаган деб топилган тақдирда, объектни сотишнинг кейинги босқичи қўлланилади;

б) иккинчи босқич:

объектни дастлабки бошланғич қийматидан 20%гача пасайтирилган нархда аукционга чиқариш ва аукционни тегишли эълон чоп этилган санадан бошлаб камида ўн беш кундан кейин ўтказиш;

аукцион тўрт марта бўлиб ўтмаган деб топилган тақдирда, объект сўнгги аукционда қўйилган нархда тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотишга чиқарилади. Тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотиш тегишли эълон чоп этилган санадан бошлаб камида ўн беш кундан кейин ўтказилади;

тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотиш бўлиб ўтмаган деб топилган тақдирда, объектни сотишнинг кейинги босқичи қўлланилади;

в) учинчи босқич:

объектни дастлабки бошланғич қийматидан 30%гача пасайтирилган нархда аукционга чиқариш ва аукционни тегишли эълон чоп этилган санадан бошлаб камида ўн беш кундан кейин ўтказиш;

аукцион тўрт марта бўлиб ўтмаган деб топилган тақдирда, объект сўнгги аукционда қўйилган нархда тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотишга чиқарилади. Тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотиш тегишли эълон чоп этилган санадан бошлаб камида ўн беш кундан кейин ўтказилади;

тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотиш бўлиб ўтмаган деб топилган тақдирда, объектни сотишнинг кейинги босқичи қўлланилади;

г) тўртинчи босқич:

объектни дастлабки бошланғич қийматидан 40%гача пасайтирилган нархда аукционга чиқариш ва аукционни тегишли эълон чоп этилган санадан бошлаб камида ўн беш кундан кейин ўтказиш;

аукцион тўрт марта бўлиб ўтмаган деб топилган тақдирда, объект сўнгги аукционда қўйилган нархда тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотишга чиқарилади. Тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотиш тегишли эълон чоп этилган санадан бошлаб камида ўн беш кундан кейин ўтказилади;

тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотиш бўлиб ўтмаган деб топилган тақдирда, объектни сотишнинг кейинги босқичи қўлланилади;

д) бешинчи босқич:

объектни дастлабки бошланғич қийматидан 50%гача пасайтирилган нархда аукционга чиқариш ва аукционни тегишли эълон чоп этилган санадан бошлаб камида ўн беш кундан кейин ўтказиш;

аукцион тўрт марта бўлиб ўтмаган деб топилган тақдирда, объект сўнгги аукционда қўйилган нархда тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотишга чиқарилади. Тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотиш тегишли эълон чоп этилган санадан бошлаб камида ўн беш кундан кейин ўтказилади.


61. Объектнинг дастлабки бошланғич қийматидан пасайтирилган нархда аукцион ўтказиш ва тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотиш мазкур Низомда назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


62. Мазкур Низомнинг 60-бандида назарда тутилган объектнинг дастлабки бошланғич қийматини пасайтириш механизми олдинги босқичда кўзда тутилган тадбирлар бажарилгандан сўнг ҳамда ҳар бир босқич учун сотув шартлари сотувчининг акциядорлари умумий йиғилиши ёки кенгаши, ёхуд унинг ваколатли бошқарув органи томонидан тасдиқлангандан сўнг қўлланилади.


63. Объектни дастлабки бошланғич қийматидан пасайтирилган нархда сотиш бўйича ўтказилган аукцион ёки тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотиш натижаларига кўра олди-сотди шартномаси, сотувчи ва ғолиб ўртасида, аукцион ёки тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотиш натижалари тўғрисидаги баённома расмийлаштирилгандан сўнг йигирма кундан кеч бўлмаган муддатда тузилади.



7-БОБ. АУКЦИОН ЁКИ ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ

МУЗОКАРАЛАР ОРҚАЛИ СОТИШ НАТИЖАЛАРИ

БЎЙИЧА ҲИСОБ-КИТОБЛАРНИ АМАЛГА ОШИРИШ


64. Аукцион ёки тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотиш натижаларига кўра объектларни сотиш бўйича олди-сотди шартномаси тузилгандан кейин, сотиб олиш учун тўловлар харидор томонидан тузилган шартнома шартларига мувофиқ амалга оширилади. Бунда ғолиб томонидан тўланган закалат пули шартнома суммасига киритилади.

Аукцион ва тўғридан-тўғри музокараларда қатнашган қолган иштирокчиларнинг закалат суммаси, аукцион ва тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотиш ўтказилгандан сўнг 3 (уч) банк иш куни мобайнида қайтарилади.

Харидор бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олинган объект бўйича сотиб олиш учун тўловни муддатидан олдин амалга ошириш ҳуқуқига эга.


65. Объект сотилишидан тушган маблағлар тақсимоти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 18 апрелдаги 188-сон "Амалга оширилаётган иқтисодий ночор корхоналарни таркибий ўзгартириш ва молиявий соғломлаштириш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорининг 4-бандига мувофиқ амалга оширилади.

66. Сотувдан тушаётган маблағлар етарли бўлмаган тақдирда, сотувчи кузатув кенгашининг тақдимотига кўра акциядорларнинг умумий йиғилиши ёки сотувчи кенгаши (кенгаш бошқарувнинг олий органи сифатида) объектнинг баланс қиймати (банкнинг бухгалтерия балансида акс эттирилган объект қиймати) ва уни сотиб олиш учун тўловлар орасидаги салбий тафовутни, тижорат банклари томонидан илгари берилган кредитлар бўйича қопланмаган қарздорликларни ва объектга тегишли бошқа харажатларни (шу жумладан, инвестиция компанияларининг харажатлари) ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.



8-БОБ. ОБЪЕКТНИ СОТИШДА ИШТИРОК

ЭТГАН ТОМОНЛАР ЖАВОБГАРЛИГИ


67. Ташкилотчи иштирокчилар томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг сақланиши ва махфийлигини таъминламаганлиги учун қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда жавобгар бўлади.


68. Сотувчи:

сотиладиган объектларни янги мулкдорга топширгунга қадар бут сақланишининг таъминланмаганлиги, мулкларни қабул қилиш-топшириш далолатномасининг ўз вақтида расмийлаштирилмаганлиги;

мазкур Низомга мувофиқ тақдим этиладиган маълумотлар ҳаққоний эмаслиги учун жавобгар бўлади.


69. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.


70. Объектларни аукцион ёки тўғридан-тўғри музокаралар орқали сотиш жараёнида юзага келадиган низолар қонунчиликда ўрнатилган тартибда кўриб чиқилади.






Низомга

ИЛОВА



Аукцион ва тўғридан-тўғри музокаралар комиссиясининг

БАЁННОМАСИ

   

Аукцион/тўғридан-тўғри музокаралар

ўтказилган сана ва жойи:


    

Савдо ташкилотчиси:


     

Сотувчи:


     

Аукциончи (аукционда):


    

Талабгор иштирокчилар:


      

Аукцион/тўғридан-тўғри музокаралар

орқали сотиш объекти:


      

Бошланғич қиймати:


    

Ғолиб:


     

Ғолиб вакили:


      

Ғолиб тўғрисида маълумот:


    

Ғолиб таклифи:


     

Сотиб олиш учун тўлов:


     

Тўлов муддати ва шартлари:


       

Ғолиб мажбуриятлари:


    

       

   

Комиссия раиси:



(Ф.И.Ш., лавозими, имзо)

Комиссия аъзолари:



(Ф.И.Ш., лавозими, имзо)




(Ф.И.Ш., лавозими, имзо)

Ташкилотчи раҳбари:



(Ф.И.Ш., лавозими, имзо)

Аукциончи (аукционда):



(Ф.И.Ш., лавозими, имзо)

Аукцион/тўғридан-тўғри

музокаралар орқали

сотиш ғолиби:



(Ф.И.Ш., лавозими, имзо)

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 2 июнь, 22-сон, 263-модда