язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Жисмоний тарбия ва спорт/ Спорт тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 01.07.2014 й. 175-сон "Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ўқув муассасалари ўқувчилари ўртасида "Баркамол авлод-2014" спорт мусобақалари ўтказилиши якунлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

01.07.2014 й.

N 175



ЎРТА МАХСУС, КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ

ЎҚУВ МУАССАСАЛАРИ ЎҚУВЧИЛАРИ ЎРТАСИДА

"БАРКАМОЛ АВЛОД-2014" СПОРТ МУСОБАҚАЛАРИ

ЎТКАЗИЛИШИ ЯКУНЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Қайд этилсинки, республикада Олимпия ўйинлари қоидалари ва талаблари бўйича ўтказиладиган ёшларнинг "Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод", "Универсиада" узлуксиз спорт мусобақаларининг 3 босқичли тизими ташкил этилган ва самарали фаолият кўрсатмоқда.

Ёшларни спортга жалб этиш бўйича амалга оширилаётган тизимли ва аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар натижасида спорт билан шуғулланиш учун барча минтақаларда тенг қулай шарт-шароитлар яратилган, болаларни спорт тўгараклари ва секциялари билан қамраб олиш кенгайди, мусобақалар иштирокчилари орасида спорт маҳорати ва спорт рақобати даражаси ўсди.

Ушбу тадбирларни амалга ошириш доирасида шу йил 29 - 31 майда Наманган шаҳрида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида "Баркамол авлод-2014" спорт мусобақалари бўлиб ўтди.

Мусобақаларнинг якунловчи босқичида спортнинг 16 тури бўйича 996 нафар спортчи қатнашди. Тошкент шаҳри, Наманган ва Самарқанд вилоятлари жамоалари мусобақаларда энг яхши натижаларга эришди. Бу уларга "Баркамол авлод-2014" ўйинлари якунлари бўйича етакчилик қилиш имконини берди.

Шу билан бирга, орқада қолган жамоалар (Сирдарё, Жиззах вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси) натижаларининг таҳлили ушбу минтақаларда ёшларни спорт билан шуғулланишга жалб этиш ишлари зарур даражада ташкил этилмаганлигини кўрсатди.

Жумладан, спорт объектларидан мавжуд имкониятлар тўлиқ ишга туширилмасдан ҳали етарлича самарали фойдаланилмаяпти. Спорт объектларининг бандлиги республика бўйича бир кунда 9,5 соат бўлгани ҳолда ушбу кўрсаткич Сирдарё вилоятида бир кунда 8,8 соатни, Жиззах вилоятида 9,0 соатни, Қорақалпоғистон Республикасида 9,3 соатни ташкил этади.

Болалар спорт объектларини тренерлар, айниқса аёл тренерлар билан бутлаш ишлари етарлича олиб борилмаяпти. Аёл тренерларнинг улуши республика бўйича ўртача 25,4 фоиз бўлгани ҳолда ушбу кўрсаткич Жиззах вилоятида 18,4 фоизни, Қорақалпоғистон Республикасида 23,5 фоизни ташкил этади. Олий маълумотли тренерларнинг республика ўртача кўрсаткичи 46,6 фоиз бўлгани ҳолда улар улуши Сирдарё вилоятида 25,2 фоизни, Жиззах вилоятида 41,3 фоизни ташкил этади.

Болаларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этиш ишларини янада такомиллаштириш, болалар спорт объектларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек "Баркамол авлод-2014" спорт ўйинларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш якунларини чиқариш, шу жумладан, натижали фаолиятни рағбатлантиришнинг аниқ чора-тадбирларини ва ушбу ишда қониқарсиз кўрсаткичлар учун шахсий масъулиятни белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Болаларнинг спорт машғулотлари билан қамраб олинишини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, спорт иншоотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар ташкил этилганлиги, шунингдек "Баркамол авлод-2014" спорт ўйинларининг якунловчи босқичида тегишли жамоаларнинг иштироки натижалари бўйича эришилган юқори спорт кўрсаткичлари учун:

Тошкент шаҳри ҳокими Р.Ж. Усмановга, Наманган вилояти ҳокими Б.Т. Юсуповга ва Самарқанд вилояти ҳокими З.Т. Мирзаевга;

"Баркамол авлод-2014" мусобақаларида юқори натижаларга эришишга улуш қўшган 1-иловага* мувофиқ ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг ҳудудий бошқармалари ва маданият ва спорт ишлари бошқармалари раҳбарларига;

ўқувчилари ва тарбияланувчилари "Баркамол авлод-2014" мусобақаларида энг яхши натижалар кўрсатган 2 ва 3-иловалардаги* академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари раҳбарларига, шунингдек минтақавий жамоаларнинг тренерларига ташаккурнома билдирилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамда Халқ таълими вазирлиги томонидан 1, 2, 3-иловаларда* кўрсатилган маданият ва спорт ишлари бошқармалари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг раҳбарларини, шунингдек минтақавий жамоалар тренерларини моддий рағбатлантириш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


3. Спорт объектларидан фойдаланишнинг етарлича самарадорлиги таъминланмаганлиги, болалар спорт объектларини тренерлар билан бутлаш масалаларидаги камчиликлар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимининг таълим муассасаларида спортни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг даражаси пастлиги ва жамоаларнинг қониқарсиз якуний натижалари учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Б.Я. Янгибоевга, Сирдарё вилояти ҳокими О.Ш. Ашурматовга ва Жиззах вилояти ҳокими С.У. Исмаиловга ҳайфсан эълон қилинсин.


4. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш тадбирларини таъминлаш масалаларида етарлича иш олиб борилмаганлиги, шунингдек "Баркамол авлод-2014" ёшлар ўйинларининг бошланғич босқичларига тайёргарлик кўриш ва ўтказишдаги нуқсонлар ва камчиликлар учун Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори У.З. Салимов огоҳлантирилсин, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директорининг биринчи ўринбосари Х.Ф. Зикриллаевга эса ҳайфсан эълон қилинсин.


5. Ишда йўл қўйилган камчиликлар учун:

Сирдарё (Б. Исматов) ва Жиззах (М. Юсупов) вилоятлари маданият ва спорт ишлари бошқармалари бошлиқлари, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирининг ўринбосари (Д. Калхурозов), шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи (Д. Иззатуллаев) эгаллаб турган лавозимидан озод қилинганлиги;

Сирдарё (Н. Эгамбердиев) ва Жиззах (Ш. Турдиев) вилоятлари ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари бошлиқларига ҳайфсан эълон қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари икки ҳафта муддатда терма жамоалар спортчиларининг иштироки якунларини батафсил ва пухта таҳлил қилиш асосида:

"Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод" ва "Универсиада" ёшлар ўйинларининг тайёргарлик ва якунловчи босқичлари ташкил этилиши ва зарур даражада ўтказилиши, шунингдек ушбу мусобақаларда ўз жамоалари иштирокининг аниқ якунлари учун минтақалар раҳбарларининг шахсий масъулиятини кучайтиришни;

"Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод" ва "Универсиада" ёшлар ўйинларининг бошланғич (туман, туманлараро ва вилоят) ва якунловчи босқичларини ўтказиш учун молиялаштириш ва ҳомийлик маблағларини жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратишни;

спорт федерациялари ва Миллий олимпия қўмитаси билан биргаликда "Баркамол авлод-2014" ўйинлари якунлари бўйича энг паст натижалар қайд этилган спорт турларини такомиллаштириш ва ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқилишини назарда тутувчи тадбирлар дастурини ишлаб чиқсинлар.


7. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда:

болаларни жисмоний тарбия ва спорт билан тизимли шуғулланишга жалб этишни янада кенгайтириш (60 фоизгача), айниқса қишлоқ жойларда ва қизларнинг шуғулланишини кенгайтириш (камида 45 фоизгача), республиканинг етакчи спортчилари, жаҳон чемпионатлари, Олимпиада ва Осиё ўйинлари, халқаро турнирларнинг ғолиблари ва совриндорларининг республика минтақаларида маҳорат дарсларини доимий асосда ташкил этиш;

мактаблар, академик лицейлар, касб-ҳунар коллежларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий спорт анжомлари ва инвентарь билан жиҳозлаш, тренерлар, тарбиячилар таркиби, юқори малакали мутахассислар билан (аёл тренерлар улушини камида 30 фоизгача етказган ҳолда) бутлаш;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари ўқувчиларини болалар ва ўсмирларнинг спорт мактабларига кенг жалб этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсинлар ва амалга оширсинлар.


8. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Миллий олимпия қўмитаси ва спорт федерациялари билан биргаликда Олимпия ўйинларида юқори натижаларга эришган мамлакатларнинг халқаро тажрибасидан кенг фойдаланган, Олимпия захиралари ихтисослаштирилган мактаб-интернатларида мақсадли тайёрлаш учун ҳар бир вилоятдан ҳар йили танлаб олиш кўрсаткичини 100 кишигача етказган ҳолда спорт секцияси ва мактаб даражасидан бошлаб иқтидорли ва истиқболли спортчиларни танлаш, тайёрлаш ва маҳоратини оширишнинг узлуксиз тизими такомиллаштирилишини таъминласин.

9. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг спорт иншоотларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларини спорт секцияларида шуғулланишга жалб этиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича биргаликдаги ишларни кучайтирсинлар.

10. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Хоразм вилоятида "Умид ниҳоллари-2015" мусобақаларига тайёргарлик кўриш мақсадида, энг аввало, ўқувчиларни ўйинларнинг бошланғич (туман, туманлараро ва вилоят) босқичлари ташкил этилишига юқори даражада жалб этиш, шунингдек "Умид ниҳоллари-2015" ўйинларининг якунловчи босқичида иштирок этиш учун истеъдодли болаларни терма жамоаларга танлаш масалалари бўйича таҳлилий ва ташкилий ишларни таъминласин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.И. Икрамов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                         Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 7 июль, 27-сон, 328-модда