язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Транспорт/ Йўловчилар ва юкларни ташиш. Транспорт экспедицияси/ Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида юкларни ташиш Қоидалари (ЎзР ВМ 01.08.2014 й. 213-сон қарорига илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2014 йил 1 августдаги

213-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида автомобиль

транспортида юкларни ташиш

ҚОИДАЛАРИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Қоидалар "Автомобиль транспорти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ автомобиль транспортида ташиш жараёни қатнашчиларининг ўзаро муносабатларини, уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини тартибга солади, шунингдек юкларни ташишга, уларнинг сақланишига қўйиладиган талабларни ва Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида юкларни ташишнинг бошқа шарт-шароитларини белгилайди.

Ушбу Қоидаларнинг амал қилиши фуқароларга мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида тегишли бўлган автомототранспорт воситаларини қўллаган ҳолда шахсий эҳтиёжлар учун улар томонидан бажариладиган юкларни ташишга татбиқ этилмайди.

Автомобиль транспортида хавфли, йирик габаритли ва оғир юкларни ташиш хусусиятлари алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан белгиланади.


2. Юкларни темир йўл, денгиз, дарё, ҳаво транспорти ва транспортнинг бошқа турлари билан ўзаро ҳамкорликда автомобиль транспортида ташишда юзага келадиган муносабатлар ва бундай ташишни ташкил этиш тартиби ташувчилар ўртасида тузиладиган битимлар билан тартибга солинади.


3. Божхона назорати остидаги юкларни ташиш Ўзбекистон Республикасининг божхона қонунчилиги талабларига мувофиқ амалга оширилади.


4. Юкларни автомобилда халқаро ташишлар Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномалари билан тартибга солинади.


5. Ушбу Қоидаларда қуйидаги атамалар ва тушунчалар қўлланилади:


ташиш шартномаси - у бўйича ташувчи унга юкни жўнатувчи томонидан ишониб топширилган юкни бориш пунктига етказиб бериш ва уни юкни олишга вакил қилинган шахсга (юкни олувчига) топшириш мажбуриятини олган, юкни жўнатувчи эса юк ташилганлиги учун белгиланган тўловни тўлаш мажбуриятини олган битим;


ҳайдовчи - ташувчининг вакили ҳисобланган ва автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний шахс;


юкни жўнатувчи - юкнинг мулкдори номидан иш кўрувчи ёки ташиш шартномаси бўйича юкнинг мулкдори ҳисобланган жисмоний ёки юридик шахс;


юкни олувчи - юкни олишга ваколат берилган ва юкка доир илова ҳужжатларида кўрсатилган жисмоний ёки юридик шахс;


юк - юкни олувчига бериш учун юкни жўнатувчидан ташишга қабул қилиб олинган моддий бойликлар. Юк товардан ва тарадан иборат бўлади. Юкнинг соф оғирлиги "нетто", таранинг оғирлиги - тара, тара билан биргаликда товарнинг умумий оғирлиги "брутто" деб аталади;


юк ўрни - автомобиль транспортига юклашда ёки туширишда уни ташиш ёки юкни олувчига топшириш учун қабул қилиш учун юкнинг шартли бирлиги;


мижоз - юкни жўнатувчи, юкни олувчи, экспедитор;


тиркама - автотранспорт воситаси томонидан шатакка олинадиган ва ўз энергия манбаига эга бўлмаган юкларни ташиш учун хизмат қиладиган автотранспорт воситаси;


тиркама аравалар - узун ўлчамли юкларни ташиш учун қўлланиладиган тиркаманинг бир тури;


яримтиркама - тўлиқ массасининг бир қисми ўтирғич қурилмаси орқали ўтиргич шатакчига бериладиган тиркаманинг бир тури;


пакет - тагликда ёки унингсиз битта йирик жойга шакллантирилган ва механизациялаштирилган усулда юклаш, жойни ўзгартириш ва тушириш бўйича операцияларни бажариш имконини берадиган майда тарали ёки тарасиз донали юклар туркуми;


ташувчи - мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосларда автотранспорт воситасига эгалик қилувчи, юкларни ташиш бўйича тижорат асосида хизматлар кўрсатувчи ва бунга лицензияга эга бўлган юридик ёки жисмоний шахс;


тагликлар - айри юклагичлар ва кранлар ёрдамида ортиш-тушириш ишларини механизациялаш учун мослама, кўп марталик тара ҳисобланади;


йўл варақаси - автотранспорт воситасининг ишини аниқлаш ва ҳисобга олиш учун белгиланган намунадаги юридик ҳужжат;


тез бузиладиган юклар - уларни сақлаш учун ташишда махсус ҳарорат ва санитария-гигиена режимларига риоя этиш талаб қилинадиган юклар;


тара - ўраб-жойлаштиришнинг асосий элементи, у ўзида ташишда, сақлашда ва ортиш-тушириш операцияларида маҳсулотлар ва товарларни жойлаштириш ва уларнинг сақланишини таъминлаш учун мўлжалланган буюмни ифодалайди;


контейнер - камида 1 куб.м ҳажмли, товарларни тарасиз, бирламчи ўрамда ёки енгиллаштирган тарада ташиш учун мўлжалланган кўп марталаб фойдаланиладиган тара;


ўраб-жойлаштириш - унга солинган маҳсулотлар ва товарлардан ажратилмайдиган, уларнинг зарур анжоми ҳисобланган ва унда маҳсулотлар ва товарларни сақлаш ҳамда уларнинг сифат ва миқдор жиҳатидан сақланишини таъминлаш учун хизмат қиладиган буюм;


товар-транспорт юкхати - транспорт жараёнининг қатнашчилари учун ягона бўлган, товар-моддий бойликларни ҳисобдан чиқаришга, уларни йўлда ҳисобга олишга, кирим қилишга, омбор, тезкор ва бухгалтерия ҳисоби учун, шунингдек юк ташилганлиги учун ҳисоб-китоб қилиш ва бажарилган ишнинг ҳисобини юритиш учун мўлжалланган ҳужжат.


6. Йўл варақалари ва юкларни автомобиль транспортида ташишга тегишли бошқа ҳужжатларнинг (юкларни ташиш масофаларини ўлчаш далолатномаларини расмийлаштириш бўйича низомлар, йўриқномалар, методик қўлланмалар) шакллари намуналари Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги томонидан тасдиқланади.



II. ТАШИШНИНГ УМУМИЙ ШАРТЛАРИ


7. Автомобиль транспортида юкларни ташиш ташиш шартномаси асосида амалга оширилади.

Ташувчи юкни ташиш шартномасида назарда тутилган муддатларда етказиб бериши керак. Юкни етказиб бериш муддати енгиб бўлмайдиган куч ҳолатлари амал қилиши даврига кўпайтирилиши ёки томонларнинг икки томонлама битими бўйича узайтирилиши мумкин. Юкни етказиб бериш кечиктирилиши тўғрисида кечикишнинг сабаблари ва вақти кўрсатилган ҳолда йўл варақасига белги қўйилади.


8. Юклар ташилганлиги учун, агар қонун ҳужжатларида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, ташиш шартномасида белгиланган тўлов ундирилади.


9. Ташувчи, агар қонун ҳужжатларида, ташиш шартномасида ўзгача ҳол белгиланмаган бўлса ёки мажбуриятларнинг моҳиятидан келиб чиқмаса, унга тегишли бўлган ташиш тўловини ва ташиш бўйича бошқа тўловларни таъминлаш учун ташиш учун унга берилган юкни ушлаб туриш ҳуқуқига эга.


10. Ташувчи, агар ташиш шартномасида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, ташиш шартномасини бажариш учун зарур бўлган автотранспорт воситаларининг типлари ва сонини мустақил белгилайди.

Ташувчи юкни ташиш шартномасида белгиланган муддатда тегишли юкни ташиш учун яроқли ҳолатдаги соз автотранспорт воситасини юкни жўнатувчига юкни ортиш учун беради, юкни жўнатувчи эса юкни белгиланган муддатларда ташувчига тақдим этади.


11. Агар мижозни ташувчи томонидан берилган автотранспорт воситаси қониқтирмаса, у ҳолда у тегишли далолатномани тузиб ва уни ташувчига бериб автотранспорт воситасини рад этишга ҳақлидир.


12. Юкни жўнатувчи томонидан ташишга яроқли бўлмаган ҳолатда тақдим этилган ва уни ўз вақтида жўнатишни таъминлайдиган муддатда юкни жўнатувчи томонидан зарур ҳолатга келтирилмаган юк тақдим этилмаган деб ҳисобланади.


13. Агар ташувчи қуйидаги ҳолатлар бўйича ташишда унинг сақланишини таъминлай олмаса, ташувчи юкни ташиш учун қабул қилишни рад этиши мумкин:

юк зарур тарзда бўлмаган тарада ёки ўрамда тақдим этилган;

юк бажариш учун юкларни ташишга қабул қилинган буюртманомага мувофиқ эмас;

юкнинг тақдим этилган туркуми массаси автотранспорт воситасининг юк кўтаришидан ортиқ;

юк ташиш йўналишининг автомобиль йўли бўйлаб ҳаракат вақтинча тўхтатилиши ёки чекланиши туфайли етказиб берилиши мумкин эмас.


14. Агар:

бундай ташиш қонун ҳужжатларида тақиқланган бўлса;

товар хусусиятига эга бўлган юклар товар-транспорт юкхатлари билан расмийлаштирилмаган бўлса;

ташиш учун тақдим этилган юкларнинг ҳар хил типлари ўз хоссаларига кўра бир автотранспорт воситасида биргаликда ташишга қўйилмаса;

юк йўл ҳаракати хавфсизлигига хавф солса ва Йўл ҳаракати қоидалари талабларига жавоб бермаса юкни жўнатувчи (экспедитор) юкни тақдим этмаслиги, ташувчи эса юкни ташиш учун қабул қилмаслиги керак.


15. Юкни жўнатувчи юкларни ташишга тақдим этишда нархни эълон қилишга ҳақлидир.

Юкнинг эълон қилинган қиймати миқдори ташувчида шубҳа уйғотган тақдирда, у ўз ҳисобидан шартнома асосида экспертларни жалб этиши ва юкнинг реал қиймати тўғрисида далолатнома тузиши мумкин.


16. Қиймати эълон қилинган юк ташишга тақдим этилганда юкни жўнатувчи уч нусхада юк ўринлари рўйхатини тузишга мажбурдир. Рўйхатнинг бир нусхаси юкни жўнатувчида, иккинчи нусхаси - ташувчида қолади, учинчи нусхаси - юкни жўнатувчи томонидан юк ўрнининг ичкарисига қўйилади.


17. Юкларни қабул қилиш-топширишда товар-транспорт юкхатида ушбу юкларнинг юк ўринлари массаси ва сони (имконияти бўлса санаб) кўрсатилади.

У бўйича товар-моддий бойликларнинг ҳаракати ҳисоби юритилмайдиган юкни ташиш эркин шаклдаги буюртма-наряд асосида амалга оширилиши мумкин. Ҳар хил автотранспорт воситаларида ташилиши керак бўлган юк ортилган тақдирда фойдаланиладиган автотранспорт воситалари сонига мувофиқ бўлган миқдорда буюртмалар-нарядлар тузилади.


18. Тарали ва донали юклар массаси юкни жўнатувчи томонидан улар ташишга тақдим этилгунга қадар белгиланади ва юк ўринларига тамға босишда кўрсатилади. Ушбу юкларни ташишда бир автотранспорт воситасида ташиладиган юкнинг бутун туркумининг умумий массаси тарозида тортиш орқали ёки юк ўринларининг барча массасини санаб чиқиш йўли билан белгиланади. Юкларнинг айрим турлари учун масса ўлчаш ёки ҳажмли масса бўйича ҳисоблаб чиқиш йўли билан аниқланиши мумкин.


19. Юкни жўнатувчи (экспедитор) товар-транспорт юкхатида юкнинг массасини ва, агар масса тўғридан-тўғри тортиш орқали аниқланмаса, уни аниқлаш усулларини кўрсатиши керак.


20. Юклар ёпиқ автотранспорт воситасида ёки юкни жўнатувчи (экспедитор) томонидан тамғаланган алоҳида секциялар, контейнерлар ёки цистерналарда ташилганда, юкнинг массаси юкни жўнатувчи (экспедитор) томонидан аниқланади.


21. Нотовар хусусиятга эга бўлган юк массасини аниқлашда юкни жўнатувчи тортиш йўли билан бир русумдаги бир неча автотранспорт воситаларини назорат тартибида тарозида тортиши мумкин, шундан кейин юкнинг умумий массасини автотранспорт воситалари сонига бўлиш йўли билан бир автотранспорт воситасидаги юкнинг ўртача массасини аниқлаш мумкин.


22. Агар ташиш учун тақдим этилган юкнинг тараси ёки ўрамини ташқи томондан кўздан кечиришда ташувчи томонидан юкнинг йўқотилишига, бузилишига ёки шикастланишига олиб келиши мумкин бўлган нуқсонлар аниқланса, юкни жўнатувчи нуқсонларни бартараф этиши ёки ташишда юкнинг сақланишини таъминлайдиган бошқа ишларни бажариши керак.


23. Юкни жўнатувчи томонидан ташиш учун тақдим этилган юкнинг массаси автотранспорт воситасининг номинал юк кўтаришидан ортиқ бўлмаслиги керак.


24. Юкнинг массаси ёки сонини аниқлаш юкни жўнатувчи ва юкни олувчи томонидан бир хил усулда амалга оширилади. Ташиш учун юкни қабул қилишда массани аниқлаш учун бутун юкни тарозида тортиш зарур. Юкнинг алоҳида қисмларини тортиш орқали юкнинг умумий массасини аниқлашга йўл қўйилмайди.


25. Цистерна кузовли автотранспорт воситаларида ташиладиган тўкиладиган ва уюладиган юклар, шунингдек қуйиб ташиладиган озиқ-овқат юклари массаси автотранспорт воситаларини ташиш учун мўлжалланган турғун тарозиларда аниқланади.


26. Тўкиладиган, уюладиган ва қуюладиган юкларни ташиш олдидан автотранспорт воситасининг массаси текширилади.


27. Юкларни автомобиллар тортиладиган тарозиларда тортиш юкнинг массасини аниқлаш мақсадида амалга оширилади, тортиш мижоз билан ташувчи ўртасидаги келишув бўйича амалга оширилади.


28. Автопоездларни тортишда бутун автопоездни тарозига ўрнатиш зарур. Агар платформанинг ўлчами бутун автопоездни ўрнатиш имконини бермаса, шатакчи ва тиркама алоҳида тортилади.


29. Катта ўлчамли ва узун юкларни тортишда юкларнинг қуйи учлари тарозиларнинг ҳаракатланмайдиган қисмларидан (станиналар, устунлар) ёки боғловчи ромдан ташқарида турмаслиги керак.


30. Юкларни тарада, ўрамда ёки майда туркумлар билан ташишга тайёрлашда юкни жўнатувчи ҳар бир юк ўрнини маркалашга ҳақлидир.

Юкка товар-транспорт юкхатларидаги маълумотлар маркалашга мувофиқ бўлиши керак.

Юкнинг хоссаларини кўрсатиш ва юкларни ортиш (тушириш), ташиш ёки сақлашнинг махсус қоидаларига риоя қилиш зарур бўлганда юкни жўнатувчи махсус маркаланиши керак.


31. Маркалайдиган ёрлиқлар қоғоз, картон, мато, металл ёки пластмассадан тайёрланиши мумкин ҳамда энг қулай, яхши кўриладиган жойларда тарага ишончли маҳкамланган бўлиши керак.


32. Бир неча юкни олувчилар манзилига етказиб бериладиган сим чивиқлар, қувурлар ёки бошқа катта ўлчамли буюмларни ташишда ушбу буюмларнинг охири мойли бўёқда маркаланишига йўл қўйилади.


33. Уюлган, тўкилган ёки қуйилган ҳолда ортиладиган ва тушириладиган юкларни ташишда маркировка қилинмайди.


34. Юкни жўнатувчи (экспедитор) фургон типидаги кузовли автотранспорт воситасини, бир юк олувчига етказиб бериладиган контейнерларни тамғалашга, яшиклар, қутилар ва бошқа тарадаги майда донали товарларни эса тамғалашга ёки бандероль қилишга ҳақлидир.

Юкларни бандероль қилиш ўрамнинг яхлитлигини бузмасдан юкка яқинлашишни истисно этиши керак.

Юкни тамғалаш ёки бандероль қилиш ҳолати товар-транспорт юкхатида қайд этилади.


35. Бир неча манзиллар бўйича ташиладиган юкнинг сақланишини таъминлаш учун ташувчи кузовни алоҳида тамғаланадиган секцияларга бўлиш имконини берадиган тўсиқлар ўрнатиши мумкин.


36. Юкни жўнатувчи (экспедитор) томонидан тамғаланган юк ташувчи томонидан юкни олувчига юкнинг массаси, ҳолати ва юк ўринлари сони текширилмасдан топширилади.


37. Кузовни тамғалаш тамғанинг яхлитлигини бузмасдан юкка яқинлашиш ва автотранспорт воситаси кузови, контейнер, секция ёки алоҳида юк ўрнининг тамғасини олиб ташлаш имкони берилишига йўл қўймаслиги керак.


38. Юкни автотранспорт воситасига ортиш, шунингдек уни маҳкамлаш, тўсиш, боғлаш, тушириш, маҳкамлагичлар, қопламаларни олиб ташлаш, бортларни (цистерналарнинг қопқоқли туйнукларини) ёпиш ва очиш, шлангларни тушириш ва чиқариб олиш, шлангларнинг винтларини бураш ёки орқага бураш, агар ташиш шартномасида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, юкни жўнатувчи (юкни олувчи) томонидан амалга оширилади.


39. Ташувчи юкни жўнатувчи (юкни олувчи) билан келишув бўйича ортиш-тушириш ишларини бажаришни ўз зиммасига олиши мумкин.


40. Юклар автотранспорт воситаси кузовида ташиш вақтида юкнинг ўрами ва автотранспорт воситаси сақланиши таъминланадиган тарзда жойлаштирилиши ва маҳкамланиши керак.


41. Юкни жўнатувчи (экспедитор), юкни олувчи, агар ташиш шартномасида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, ортиш, ташиш ва тушириш учун зарур бўлган мосламалар ва ёрдамчи материалларни тақдим этиши, ўрнатиши ва олиб ташлаши керак.


42. Мижозга тегишли бўлган барча мосламалар ташувчи томонидан тушириш пунктида юк билан биргаликда юкни олувчига берилади ёки ташиш шартномасига мувофиқ ортиш пунктига ёки бошқа жойга қайтарилади.


43. Ташувчи томонидан автотранспорт воситасида юкни тахлаш ёки маҳкамлаш йўл ҳаракати хавфсизлиги ёки юк ва/ёки автотранспорт воситаси сақланишини таъминлаш талабларига мувофиқ эмаслиги аниқланган тақдирда, ташувчи мижозни бундан хабардор қилиши ва, агар ташиш шартномасида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, аниқланган камчиликлар мижоз томонидан бартараф этилгунига қадар ташишни бажаришни тўхтатиши керак.


44. Ташувчининг автотранспорт воситаси юклаш учун келиш вақти ортиш пунктида тегишли белги қўйилган йўл варақаси юкни жўнатувчига (экспедиторга) тақдим этилган пайтдан бошлаб, ташувчининг автотранспорт воситаси ортиш учун келган вақт эса - товар транспорт юкхати ва тушириш пунктларига келганлик тўғрисидаги тегишли белги қўйилган йўл варақаси юкни олувчига тақдим этилган пайтдан бошлаб ҳисобланади.


45. Агар ҳайдовчи юкни жўнатувчи (экспедитор) томонидан расмийлаштирилган товар-транспорт юкхатини олган бўлса ва юк автотранспорт воситасининг юк бўлинмасида турган бўлса, ташувчининг автотранспорт воситасини юклаш тугалланган деб ҳисобланади.


46. Юк юк бўлинмасидан тўлиқ туширилганда, юк бўлинмасини тозалаш бўйича барча зарур ишлар бажарилганда ва юк олинганлиги тўғрисида юкни олувчининг белгиси қўйилган товар-транспорт юкхатлари ҳайдовчига топширилганда автотранспорт воситасидан юкни тушириш тугалланган деб ҳисобланади.

Юклар туширилгандан кейин автотранспорт воситалари ва контейнерлар ушбу юкларнинг қолдиқларидан тозаланади, ушбу бандда санаб ўтилган айрим юклар ташилгандан кейин эса автотранспорт воситалари ва контейнерлар ювилиши ва зарурият бўлганда - бўлак-бўлак ва майдаланган алебастер; асбест; барит (оғир шпат); минерал момиқ пахта; сабзавот шарбати; гажа (гипсли оҳакгил); гипс; глина; алюминий оксиди; доломит; графит; ванналар учун минерал лойлар; озуқа хамиртурушлари (гидролиз сульфат); картошка ва лавлаги қолдиғи; кул; оҳактош; каолин; асбест картон; ғишт; коагулянтлар; омихта ем; апатит концентрати; нефелин концентрати; бўёқлар ва қуруқ бўёқлар; ёрмалар (истеъмол ўрами шикастланганда); бўр, мертели; ун; рангли металлар қипиқлари; чиқиндилар; пегматит; асфальт, оҳактош, металлургия магнезити, шамот (оловбардош) кукунлари; чанг; сигаретлар (папирослар) (истеъмол ўрами шикастланганда); туз; кукунсимон ювувчи воситалар; техник ва қурилиш шишаси (синган тақдирда); рангли металлар ва уларнинг қотишмалари қириндилари; сульфатлар, хавфлиларидан ташқари, тамаки ва мохорка хом ашёси; тамаки (барглардан ва илдизлардан ҳидланадиган ишлов берилган); янчилган ва илдизлардаги тальк (талькли тош); шиша тара (синган тақдирда); торф ва торф маҳсулотлари; ўғитлар; қуритилган гўшт қиймаси (қопларда); ферроқотишмалар; цемент; бўлак-бўлак шамот; тахтакунжара; тез бузиладиган юклар; ҳайвонлар ва паррандалар дезинфекция қилиниши керак.

Автотранспорт воситалари ва контейнерларни тозалаш, ювиш ва дезинфекциялаш мажбурияти юкни олувчиларга тегишлидир. Ташувчи юкни олувчи билан келишган ҳолда автотранспорт воситалари ва контейнерларни ювиш ва дезинфекциялаш ишларини бажаришни ўз зиммасига олишга ҳақлидир.


47. Товар ва нотовар хусусиятга эга бўлган юкларни ташиш товар-транспорт юкхати билан расмийлаштирилиши керак.


48. Юк ортиладиган автотранспорт воситасининг товар-транспорт юкхатлари ва йўл варақалари қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжатлар ҳисобланади, матбаа усулида тайёрланади, ҳисобга олиш серияси ва тартиб рақамига эга бўлади.


49. Товар-транспорт юкхати белгиланган тартибда юкни жўнатувчи томонидан ҳар бир боришга ҳар бир юкни олувчининг номига алоҳида тўрт нусхада тузилади, улардан:

биринчи нусха юкни жўнатувчида қолади ва товар-моддий бойликларни ҳисобдан чиқаришни (зарарни) ҳисобга олиш учун мўлжалланади;

иккинчи нусха юкни олувчига берилади ва у томонидан моддий бойликлар кирим қилиниши учун асос бўлиб хизмат қилади;

учинчи ва тўртинчи нусхалар ташувчига берилади ҳамда ташувчининг мижоз билан ҳисоб-китоб қилиши ва автотранспорт ишини ҳисобга олиш учун хизмат қилади.


50. Кўп миқдордаги товар-моддий бойликлар ташиш учун бир вақтнинг ўзида тақдим этилганда қўшимча варақани - барча қўшимча варақаларда товар бўлимида кўрсатилган товар-транспорт юкхатининг бош варақаси серияси ва тартиб рақами такрорланган ҳолда тўрт нусхада тўлдириладиган товар-транспорт юкхатининг давомини қўллашга йўл қўйилади.


51. Бир юкни жўнатувчидан бир юкни олувчининг манзилига айнан бир хил масофада бир неча марта боришни талаб этадиган бир хилдаги юкларни ташиш смена мобайнида автотранспорт воситаси томонидан бажарилган барча ишга жамланган ҳолда битта товар-транспорт юкхати билан расмийлаштирилиши мумкин. Бунда оралиқ боришларни расмийлаштириш юкни жўнатувчи томонидан ҳайдовчига ҳар бир алоҳида боришга талон бериш йўли билан амалга оширилади.

Талон фақат берилган кун учун ҳақиқийдир ва уч нусхада тўлдирилади, улардан бир нусхаси юкни жўнатувчида, иккинчи нусхаси - ҳайдовчида ва учинчи нусхаси юкни олувчида қолади.


52. Ҳайдовчи (ёки юкка ҳамроҳлик қилувчи шахс) юкни товар-транспорт юкхатида кўрсатилган юкни олувчига топшириши керак.


53. Юкни юкни олувчига масса ва ўринлар сони бўйича топшириш юк юкни олувчидан қабул қилинган тартибда амалга оширилади (тарозида тортиш, ўлчаш, юк ўринларини санаб чиқиш ва шу кабилар).


54. Шикастланмаган контейнерлар, цистерналарда келган ва юкни жўнатувчининг шикастланмаган тамғаларига эга бўлган юклар юкни олувчига юкнинг массаси, ҳолати ва юк ўринлари сони текширилмасдан берилади.

Юк юкни олувчига шикастланган тарада, автотранспорт воситасининг шикастланган кузовида ёки юкни жўнатувчининг шикастланган тамғалари билан келган тақдирда, ташувчи товар-транспорт юкхатига мувофиқ юк ўринларининг массасини, сонини ёки юкнинг ҳолатини текшириши керак.


55. Стандарт оғирлик ва мижоз томонидан ҳар бир юк ўрнида кўрсатилган оғирлик бўйича ташиш учун қабул қилинган тарадаги ва донали юклар бориш пунктида юкни олувчига ўринлар ҳисоби бўйича тортилмасдан, фақат шикастланган ўринлардаги (агар шундай бўлса) юкнинг оғирлиги ва ҳолатини текширган ҳолда топширилади.

Уюлган ва тўкилган ҳолда ташиладиган, камомад белгиларисиз келган юклар юкни олувчига оғирликни текширмасдан топширилиши мумкин.


56. Ташувчининг қайта йўналтириш, юкни реализация қилиш ёки уни юкни жўнатувчига қайтариш билан боғлиқ қўшимча харажатлари мижоз томонидан ташиш шартномаси шартларига мувофиқ тўланади.


57. Ташувчига боғлиқ бўлмаган сабаблар бўйича юкни олувчи юкни қабул қилишни рад этган тақдирда, юк ташувчи томонидан юкни жўнатувчига (агар ташиш шартномасида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса) қайтарилиши ёки унинг ёзма кўрсатмаси бўйича бошқа юкни олувчига берилиши мумкин. Юкни олувчи, агар у юридик шахс ҳисобланса, товар-транспорт юкхатига имзо билан тасдиқланган юк қабул қилиниши рад этилганлиги тўғрисидаги ёзувни қайд этиши керак.

58. Юкни қайта йўналтириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

а) ҳайдовчи алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда ташувчини юкни олувчи юкни қабул қилишни рад этган сана, вақт ва сабаблари тўғрисида хабардор қилади;

б) ташувчи ёзма шаклда ёхуд алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда юкни жўнатувчини юкни олувчи юкни қабул қилишни рад этганлиги ва сабаблари тўғрисида хабардор қилади ва юкни қайта йўналтириш ҳақидаги кўрсатмани сўрайди;

в) юкни жўнатувчи юкни етказиб бериш мумкин эмаслиги тўғрисида хабардор қилинган пайтдан бошлаб 2 соат мобайнида ундан қайта йўналтириш тўғрисида билдиришнома олинмаган тақдирда ташувчи ёзма шаклда юкни жўнатувчини юк қайтганлиги тўғрисида хабардор қилади ва ҳайдовчига юкни жўнатувчига қайтариш тўғрисида кўрсатма беради;

г) юкни жўнатувчидан товар-транспорт юкхатида кўрсатилган юкни олувчигача етказиб берган ҳолда юкни қайта йўналтириш тўғрисида кўрсатма олинганда ташувчи алоқа воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳайдовчини қайта йўналтириш тўғрисида хабардор қилади.



III. ЮКЛАРНИНГ АЙРИМ ТУРЛАРИНИ

ТАШИШ ХУСУСИЯТЛАРИ


1. Умумий шартлар


59. Юкларнинг айрим турларини ташишда уларнинг хоссаларидан, габаритлари ва бошқа хусусиятларидан келиб чиқиб:

ташувчи ҳайдовчи техника хавфсизлиги, ёнғинга қарши хавфсизлик, йўл ҳаракати хавфсизлиги, юкларни қабул қилиш ва етказиб бериш қоидалари бўйича ўқитилишини ва унга йўл-йўриқ берилишини таъминлайди;

ташувчи юкни ташиш шартномасида белгиланган муддатда юкни жўнатувчига тегишли юкни ташиш учун яроқли ҳолатдаги соз автотранспорт воситасини юклаш учун беради. Юкни бориладиган жойга ташишга, типи ва юк кўтаришига кўра ташиш шартномасида белгиланганга мувофиқ бўлган, шунингдек тегишли асбоб билан жиҳозланган автотранспорт воситалари ва контейнерлар юкни ташиш учун яроқли деб эътироф этилади;

юкни жўнатувчи товар-транспорт ҳужжатларида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган фитосанитария, санитария, карантин, божхона талабларини ва бошқа талабларни бажариш учун зарур бўлган маълумотларни, шунингдек ташишнинг чекланган муддатлари ва ҳарорат режими тўғрисидаги тавсияларни ва контейнернинг қулфлаш, тамғалаш қурилмалари тўғрисидаги маълумотларни кўрсатади.


60. Битта автотранспорт воситасида бир неча юкни олувчиларга юкларни ташишда юкни жўнатувчи (экспедитор) уларни автотранспорт воситаси кузовида ҳар бир юкни олувчига мўлжалланган юкнинг бутун ассортименти юкланишини таъминлайдиган этиб жойлаштириши, шунингдек ҳар бир юкни олувчига товар-транспорт юкхатларини ёзиши шарт.



2. Юкларни ташиш


61. Тез бузиладиган юклар асосан ҳарорат режимига риоя қилган ҳолда изотермик кузовли (фургонларда, рефрижираторларда ва шу кабиларда) ихтисослаштирилган автотранспорт воситаларида ташилади.

Тез бузиладиган юклар қуйидаги гуруҳларга бўлинади:

а) ўсимлик маҳсулотлари: мевалар, реза мевалар, сабзавотлар, қўзиқоринлар ва бошқалар;

б) ҳайвонларнинг маҳсулотлари: ҳар хил ҳайвонлар ва паррандаларнинг гўшти, балиқ, икра, сут, тухум ва бошқалар;

в) қайта ишлаш маҳсулотлари: сут маҳсулотлари, ҳар хил ёғлар, музлатилган мевалар, колбаса маҳсулотлари ва бошқа гўшт маҳсулотлари, пишлоқлар ва шу кабилар;

г) ўсимликлар: кўчатлар, гуллар ва бошқалар.

Агар ташиш ҳужжатларида юкни жўнатувчи томонидан ташишнинг чекланган муддати кўрсатилмаган бўлса, шунингдек агар ташишнинг чекланган муддати етказиб бериш муддатидан кам бўлса, тез бузиладиган юклар ташиш учун қабул қилинмайди.

Тез бузиладиган юклар, агар:

юкни олувчи юкни қабул қилишни рад этса, юкни жўнатувчи эса янги юкни қабул қилувчи тўғрисида ёзма кўрсатмалар бермаган бўлса;

юклар уларни бундан кейин ташиб бўлмайдиган ёки мақсадга мувофиқ бўлмаган даражада шикастланган бўлса, сотилиши керак.

Ташувчи тез бузиладиган юкни сотиш учун бериш зарурлиги тўғрисида мижозни ёзма равишда хабардор қилиши керак. Агар билдиришнома жўнатилгандан кейин беш календарь кундан сўнг мижоздан жавоб олинмаса, ташувчи тез бузиладиган юкни унинг рухсатисиз сотиши мумкин.

Агар ўз хусусиятига кўра омборга жойлаштирилиши мумкин бўлмаса, шунингдек агар юкни сотиш кечиктирилиши унинг бузилишига олиб келиши мумкин бўлса, ташувчи юкни сотиш учун қисқароқ муддатда ҳам бериши мумкин.

Сотилган юк учун ташувчи олган сумма улар ўртасидаги келишув бўйича мижозга ўтказилади (берилади).

Ташувчи ташиш учун берилаётган тез бузиладиган юкларнинг сифатини танлаб текшириши мумкин, герметик ўрамдаги юклар бундан мустасно.

Юкни очиш ва кейинчалик уни ўраб-жойлаштириш текширишдан кейин юкни жўнатувчи томонидан амалга оширилади.

Юкни жўнатувчи ташувчига тез бузиладиган юкка товар-транспорт юкхати билан биргаликда, агар бундай юк мажбурий сертификатланиши керак бўлган маҳсулотлар рўйхатига киритилган бўлса, сертификат ёки сифат гувоҳномасини тақдим этиши керак.

Юкни жўнатувчи тез бузиладиган юкка товар-транспорт юкхатида юклашдан олдин юкнинг амалдаги ҳароратини ва юкни ташишнинг чекланган муддатини кўрсатиши керак. Агар юкхатда кўрсатилган ташишнинг чекланган муддати етказиб бериш муддатидан ортиқ бўлса, тез бузиладиган юклар ташувчи томонидан ташиш учун қабул қилинмаслиги керак.

Бир автотранспорт воситасида таркиби ва хоссаларига кўра бир хил бўлган тез бузиладиган юкларнинг ҳар хил турларини биргаликда ташишга йўл қўйилади.


61-1. Автомобиль транспортида ташиш учун тақдим этиладиган тез бузиладиган юклар рўйхати мазкур Қоидаларга 1-иловада келтирилган. Тез бузиладиган юкларни сақлаш ва ташиш ҳарорат режими техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгиланади.

61-2. Битта автотранспорт воситасида бирга ташишга рухсат бериладиган тез бузиладиган юклар рўйхати мазкур Қоидаларга 2-иловада келтирилган.

61-3. Тез бузиладиган юкларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситаларини кўрикдан ўтказиш тартиби мазкур Қоидаларга 3-иловада келтирилган.

62. Тарага жойлаштирилган сабзавотлар, мевалар, реза мевалар, узумни ташишда юкни жўнатувчи уларни автотранспорт воситаси кузовининг юк ўринларига зич қатор қилиб жойлаштиради.


63. Унли-кремли қандолатчилик маҳсулотлари ўрамларда ташилади. Улар автотранспорт воситаси кузовида бир нечта қатор қилиб устма-уст жойлаштирилиши мумкин.

Унли-кремли қандолатчилик маҳсулотларини ноозиқ-овқат маҳсулотлар, шунингдек ўткир ҳидли маҳсулотлар ёки янги ёпилган нон билан биргаликда ташишга йўл қўйилмайди.


64. Нон ва нон-булка маҳсулотларини ташиш учун фургон типидаги кузовли, секцияларга бўлинган ва лотоклар ўрнатиш учун йўналтирувчилар билан жиҳозланган автотранспорт воситаси ёки нон ва нон-булка маҳсулотларини контейнерларда ташиш учун мослаштирилган автотранспорт воситаси қўлланилади. Нон ва нон-булка маҳсулотларини ушбу талабларга мувофиқ жиҳозланмаган автотранспорт воситаларида ташишга йўл қўйилмайди.

Нон ва нон-булка маҳсулотларини ташиш учун юкни жўнатувчидан қабул қилиш ва юкни олувчига топшириш ташувчи томонидан ҳар бир лотокдаги (контейнердаги) маҳсулотларнинг сонини ҳисобламасдан стандарт тўлдирилган лотоклар (контейнерлар)нинг номи ва сони бўйича амалга оширилади.


65. Ун ихтисослаштирилган автотранспорт воситалари - цистерналарда тарасиз усулда ва шолча билан ёпилган бортли платформали автотранспорт воситалари - фургонларда тарали усулда ташилиши мумкин. Ёрма фақат тарали усулда ташилади.

Ун, ёрма, шакар ва тузни турғун ҳидли ёки уларнинг ўрами юзасини ифлос қилувчи юклар билан биргаликда ташишга йўл қўйилмайди.

Техник туз шолча билан ўралган очиқ автотранспорт воситаларида ташилади.

Ун, ёрма, шакар ва туз солинган қоплар, агар уларни жойлаштириш баландлиги автотранспорт воситаси борти баландлигидан ортиқ бўлса, маҳкамланади.


66. Дон, ҳашакнинг силос массаси ва пичанни ташишда автотранспорт воситасининг кузови юкни атмосфера ёғингарчилигидан ва ташишда камайишдан ҳимоя қилиш учун парда билан жиҳозланади.


67. Пахта хом ашёси автотранспортнинг барча турларида тарасиз усулда (тўкилган ҳолда) ташилади, элита уруғлик чигит ва янги қопларда ташиладиган янги навлар бундан мустасно. Тўкилган ҳолда ташиладиган пахта хом ашёсининг усти мато билан ёпилиши керак.

Пахта хом ашёсини ташийдиган автотранспорт воситалари учқун сўндиргичлар, оловни ўчиргичлар ва кузовни ёпиш воситалари билан жиҳозланади.

Хавфсизлик шартлари ва агротехника талаблари бўйича пахта хом ашёсини даладан тайёрлов пунктига ташишда автотранспорт воситаларининг пахтазорга киришига рухсат берилмайди.

Юкни жўнатувчи, юкни олувчи томонидан пахта хом ашёсини жўнатиш ва қабул қилиш селекция ва саноат навлари, териш турлари ва ҳоказолар бўйича бир хилдаги туркумлар билан амалга оширилади.

Пахта толаси, линтни ташишда юкнинг сақланишини ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун полига металл бўлмаган материал тўшалган ва текис бортли ёпиқ автотранспорт воситаларидан фойдаланилиши керак.

Пахта толасини бўёғи қуримаган юк бўлмаларида ҳайвонот-хом ашё юклари (тери хом ашёси, жун ва шу кабилар) ва нам чиқарувчи юклар билан биргаликда ташишга йўл қўйилмайди.

Толали пахта маҳсулотларининг ҳар бир туркуми (туркумнинг бир қисми) транспортда алоҳида ташилади. Автотранспорт воситасига толали пахта маҳсулотларининг бир нечта туркумларини (қоидага кўра учтагача), агар улар бир хилдаги селекция ва саноат навлари бўлса, автотранспорт воситасига юклашга йўл қўйилади, бунда ҳар бир туркумга сифат тўғрисидаги алоҳида ҳужжат расмийлаштирилади.

Юкни олувчи билан келишган ҳолда автотранспорт воситаларига толали маҳсулот туркумлари, агар айни бир селекция ва саноат молларидан бўлса, уларнинг учтадан ортиқ туркумини юклашга йўл қўйилади. Юкланадиган туркумга сифат тўғрисидаги алоҳида ҳужжат расмийлаштирилади.

Тахламларни автотранспорт воситаларига ортиш ва туширишда камарларни ечишга ва уларнинг "тугунчалари" узилишига йўл қўйилмайди.

Техник чигитлар тўкилган ҳолда ёки тоза, қуруқ, ўзга ҳидларсиз қопларда ташилади.

Транспортда ташишда ўртача толали ва узун толали селекция навлари уруғликлари, турлича саноат навлари ва даражалари, шунингдек намлик юқори бўлган уруғликлар аралаш ташилишига йўл қўйилмайди.

Экиладиган чигит солинган қоплар ёпиқ автотранспорт воситаларида ташилади. Экиладиган чигитларни очиқ автотранспорт воситаларида ташишда чигит солинган қоплар брезент билан ёпилади.

Доривор ишқор билан ишлов берилмаган экиладиган чигитларни тўкилган ҳолда транспортда ташишга йўл қўйилади.

Ишқор билан ишлов берилган чигитларни цехга транспортда ташишда нобудгарчиликларга ва экиладиган чигитларнинг шикастланишига йўл қўйилмайди.

Нуқсонлари аниқ кўриниб турган, боғлаш камарлари ва ўралган матонинг яхлитлиги бузилган, хўлланган ва ифлосланган тахламли пахта толаси, линт тахламлари, шунингдек ўзидан ўзи исиб кетадиган ёки ўзидан ўзи ёниб кетадиган пахта ташиш учун қабул қилинмайди.

Ташиладиган пахта хом ашёсининг амалдаги массасини аниқлаш учун ҳам тайёрлов пунктида юклашда (тара, брутто), ҳам пахта тозалаш заводларида туширишда (брутто, тара) автотранспорт воситасининг бир типдаги тарозиларида тортилади, шунингдек ҳар бир кузовдан намуна олиш, анализлар қилиш йўли билан натижалари пахта хом ашёсининг туркумига татбиқ этиладиган унинг кондицион массаси аниқланади.


68. Ҳайвонлар ёки паррандаларни ташиш ихтисослаштирилган автотранспорт воситасида ёки у мавжуд бўлмаганида, ҳайвонлар ёки паррандаларни ташиш учун жиҳозланган борт платформа типидаги кузовли автотранспорт воситасида ташилади.

Ҳайвонлар ёки паррандаларни ўзи ағдаргич кузовли автотранспорт воситасида ташиш тақиқланади.

Ташувчи, агар бу ташиш шартномасида назарда тутилган бўлса, ҳайвонлар ёки паррандаларни кузатиб боришни ўз зиммасига олиши мумкин.

Ташиш шартномаси шартларига мувофиқ юкни кузатиб борадиган мижоз ёки ташувчининг вакили ҳайвонлар ёки паррандаларнинг камомади, жароҳатланиши ва ўлатга чалиниши, шунингдек санитария нормаларига риоя этилмаганлиги, ҳайвонларни (паррандаларни) парвариш қилиш учун мўлжалланган мол-мулкнинг камайиши ва бузилиши учун жавоб беради.

Асалариларни ташишда мақбул ҳарорат 8° С. Асалариларни автотранспорт воситалари - фургонларда ташқи ҳаво ҳарорати 10° С дан ортиқ бўлмаганда ташишга йўл қўйилади.


69. Чарм, тери, момиқ, пат, жун ва бошқа шунга ўхшаш юкларни (чарм ва тери-мўйна хом ашё) ташиш юк албатта брезент билан ёпилган ҳолда фургонларда ёки бортли автотранспорт воситаларида амалга оширилади.

Чарм ва тери-мўйна хом ашёни автотранспорт воситалари билан чилвир билан боғланган тагликларда ташишга йўл қўйилади.

Тузланган терилар бочкаларда, тахламларда, боғлам қилиб ва алоҳида (тарасиз) ташилади. Териларни қуруқ юклар ва ўзга ҳидларни ўзига сингдириб оладиган юклар билан биргаликда ташиш тақиқланади.

Тузланган терилар атмосфера ёғингарчиликларидан ишончли ҳимояланган бўлиши керак. Сепарацияда ёки кузовнинг полига ётқизиш учун эман тахталардан фойдаланиш тақиқланади.

Ювилган ва ювилмаган (ёғли) жунни биргаликда ташиш, нам ёки хўл жунни ташиш учун тақдим этиш ва уни нам ёки ёғли юкка юклаш тақиқланади.

Ҳайвонларнинг юнглари прессланган ҳолда тахламлар ёки қопларда ташилади.


70. Йириклаштирилган пакетларда ёки контейнерларда идиш-товоқни ташишда автотранспорт воситаси кузовининг полига зич қилиб тенг ўлчамда хашак, пичан қатлами ёки ёғоч қипиғи тўшалади. Пакетлар қаторларига ҳам горизонтал ва вертикал бўйича ўраш материали қўйилади.

Шишадан ясалган, хўжаликда ишлатиладиган идиш-товоқ контейнерларда, тара-ускуналарда ёки полиэтилен плёнка ёпиштирилган пакетларда ташилади.

Идиш-товоқ солинган тара ва контейнерларга "ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ, ШИША!" деган ёзув ёзилиши керак.

Овқатланиш анжомлари солинган қутилар сув ўтказмайдиган қоғоз билан қопланган ёғоч яшикларга ёнма-ён жойлаштирилади. Ўралган яшиклар кўндалангига пўлат ўраш лентаси ёки юмшатилган сим билан ўралади.

Овқатланиш анжомларини кимёвий моддалар ва металлни коррозияга учратадиган бошқа материаллар билан биргаликда ташишга рухсат берилмайди.

Юкни олувчи пачкалар (пакетлар) ичидан сингандаги товуш эшитилса уларни очишни ва товарни битталаб топширишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Буюмларнинг синганлиги аниқланганда юкни олувчи буюмларни қабул қилишни ва синган буюмларнинг ҳақини тўлашни рад этишга, ташиш шартномасида белгиланган миқдорда ташувчидан жарима ундиришга, агар товарларнинг ҳақи тўланган бўлса, тўланган суммаларни белгиланган тартибда қайтаришни талаб қилишга ҳақлидир.


71. Суюқ органик ўғитлар фақат ихтисослаштирилган автоцистерналарда ташилиши керак. Ташувчи автоцистернанинг барча резбали бирикмалари, қопқоқли туйнуклари ва қулф қурилмаларининг герметиклигини, шунингдек шлангларнинг маҳкамланганлиги ишончлилигини таъминлаши ва тўлдириш даражасини назорат қилиши керак.


72. Матолар ва улардан тикилган буюмлар махсус қаттиқ, ярим қаттиқ ва юмшоқ тарага жойлаштириб ташилади.

Матолар ва улардан тикилган буюмлар солинган қаттиқ тара (тахта ва фанер яшиклар) кўндалангига қулфга маҳкамланган металл лента билан ўралган бўлиши керак.

Ипак матоларнинг тахламларини ингичка сим билан ўраш тақиқланади.

Тойга ўралган матолар қоғоз билан ёки ўраш матоси билан қопланиши, бир чокда тикилиши ва кўндалангига чилвир билан ўралиши керак.


73. Гилам ва гилам буюмлар қандай ҳолда ишлаб чиқарилган бўлса, ўша шаклда ўралмасдан рулонларда ташиш учун тақдим этилиши мумкин.


74. Пойабзалнинг ҳар хил турлари махсус тарага (картон қутилар, картон, ёғоч, фанер, комбинациялаштирилган яшикларга солинган ҳолда) жойлаштирилган ҳолда ташиш учун тақдим этилади.


75. Маиший машиналар, приборлар ва бошқа мураккаб маиший техника автотранспорт воситасида ташиш учун юкнинг турига қараб маҳкамланган ҳолда завод ўрамида ташиш учун тақдим этилади. Ўрамга манипуляцион белгилар ("ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ, ШИША!", "ТЕПА ҚИСМИ", "НАМДАН САҚЛАНГ!") босилади.


76. Мебель ташиш учун ҳам тарада, ҳам тарасиз усулда тақдим этилади. Мебель тарасиз усулда ташилганда ташувчи махсус жиҳозланган автотранспорт воситасини қўллаши керак.


77. Цемент ва гипс тарасиз ва тарали усулда (қопларда) ташилади. Тарасиз усулда ташиш фақат ихтисослаштирилган автоцистерналарда амалга оширилади.

Цемент ва гипсни ихтисослаштирилган автоцистерналардан омборхонага тушириш учун юкни олувчи қаттиқ қопламали майдончаларга эга бўлиши керак.

Цемент доимий равишда тушириладиган жойларда (қоришма узеллари, заводлар, қурилиш майдонлари ва шу кабиларда) юкни олувчи ихтисослаштирилган автоцистерна тушириш томонга 12 - 140 қияликда бўлишини таъминлаган ҳолда тушириш майдончаларини жиҳозлаши керак.

Ихтисослаштирилган автоцистерналарни тушириш жойига тракторларда шатакда олиб келиш, шунингдек тушириш шлангларини сим, чилвир ва бошқа қўлости воситалар ёрдамида қабул қилиш қурилмаларига маҳкамлаш тақиқланади.


78. Асбестоцемент шифер (ясси, тўлқинли ёки бошқа конфигурацияли) автотранспорт воситасида ташиш учун лентали ёки сим маҳкамлаш бандажлари билан маҳкамланган контейнерларда, тагликларда тақдим этилади.

Транспортда ташиш вақтида маҳкамлаш бузилган тақдирда шифер юкни олувчига товар-транспорт юкхатида кўрсатилган листлар сони бўйича топширилади.


79. Ғишт автотранспорт воситасида контейнерларда, тагликларда ва уларсиз, шунингдек уюлган ҳолда ташилади. Тагликлар, агар ғиштни жойлаштиришнинг баландлиги автотранспорт воситаси кузови бортининг баландлигидан юқори бўлса, тўсувчи қурилмаларга эга бўлиши керак.

Ташувчи пакетнинг пастки қаторидан, бурчакларидан ёки четларидан ғиштлар тушиб кетаётган бўлса, шунингдек агар ғиштни жойлаштиришнинг баландлиги автотранспорт воситаси кузови борти баландлигидан юқори бўлса, тўсувчи қурилмалар йўқ бўлганда пакетларни ташишга қабул қилмаслиги мумкин.

Хом ғишт 7 тоннагача юк кўтарадиган автотранспорт воситасининг тагликларида ташилганда пакетлар юкни жўнатувчи томонидан кузовнинг ўқи бўйлаб жойлаштирилиши, 7 тоннадан ортиқ юк кўтарадиган автотранспорт воситасида ташилганда эса - кузовнинг ён бортларидан бирига тақаштирилиб шахмат тартибида кузовнинг ўқига перпендикуляр жойлаштирилиши керак.


80. Қурилиш қоришмалари кузови цистерна шаклидаги автотранспорт воситалари - қоришма ташувчиларда, бортли автотранспорт воситасининг кузовига ўрнатилган махсус контейнерлар ва пастак ёғоч тараларда, шунингдек орқа борт термоизоляция қопқоқлари, кигиз тўшамалар, шунингдек йилнинг қиш вақтида кузовни ишлатилган газлар билан иситиш учун қурилмалар билан қўшимча равишда зичлаштирилган автосамосвалларнинг кузовларида ташилади.

Қурилиш қоришмалари ёпишиб қолишидан ҳимоя қилиш учун ифлос нарсалар ва занглардан синчиклаб тозаланган кузовнинг ички юзасига хлорли кальцийнинг сувли эритмаси суртилади.


81. Листли шишани ташиш учун брезент билан таъминланган борт платформали автомобиллардан (автопоездлардан ёки автомобиль фургонларидан) фойдаланилади. Витринага мўлжалланган лист шиша махсус жиҳозланган автотранспорт воситаларида ташилиши керак.

Листли шиша ёғоч яшчикларда, универсал ёки махсус контейнерларда, кўп оборотли яшчикларда ва шишанинг сақланишини таъминлайдиган бошқа тарада ташилади.

Шиша солинган яшчиклар бир-бирига зич тақалган ҳолда автотранспорт воситасининг ҳаракати йўналиши бўйлаб кўндаланг ҳолда унинг кузовига жойлаштирилади. Кузов тўлмаган тақдирда яшчиклар ҳаракат вақтида силжимайдиган ва тебранмайдиган қилиб маҳкамланади ёки тикилади.

Кўп оборотли яшчиклардаги листли шишани автотранспорт воситаси кузовининг узунаси ва кўндалангига ўрнатиш мумкин. Яшчикларни маҳкамлаш: юпқа тахталар билан тикиш ёки бурчаклари орқали сим билан боғлаш зарур.

Кўндалангига жойлаштиришда кўп оборотли яшчикларни автотранспорт воситасининг кабинасига томон сал қия ҳолда ўрнатиш зарур.

Носоз ва синган шиша бўлаклари бўлган яшчиклар ва контейнерлар ташиш учун қабул қилинмайди.


82. Сантехника буюмлари (чинни-ганч, металл) уларнинг ҳимоя қилинишини таъминлайдиган завод ўрамида ташиш учун тақдим этилади.


83. Темир-бетон буюмлар конструкциясига қараб йўлда юкнинг барқарор ҳолатини таъминлайдиган ускуна билан жиҳозланган ихтисослаштирилган автотранспорт воситаларида ва горизонтал, вертикал ёки қия ҳолатда ихтисослаштирилмаган автотранспорт воситаларида ташилиши мумкин.

Ихтисослаштирилган автотранспортдан деворбоп панеллар ва тўсгичларни, шунингдек массаси 16 тоннадан ортиқ темир-бетон буюмларни ташиш учун фойдаланилади.

Бортли платформали автотранспорт воситаларидан (автопоездлардан) унча катта бўлмаган ўлчамли темир-бетон буюмларни (пойдевор блоклари, тўшамалар, плиталар, зинапоя маршлари ва бошқаларни) ташиш учун фойдаланилади.

Узун ўлчамли темир-бетон буюмларни (фермалар, тўсинлар ва бошқаларни) ташиш учун яримтиркамали ва тиркамалар - ёғоч аравали автопоезддан фойдаланилади.


84. Ёғоч-тахта ва арраланган бинокорлик материалларини ташиш учун фойдаланиладиган ихтисослаштирилмаган автотранспорт воситалари ёғоч-тахталар кабинага силжишининг олдини олувчи махсус мосламалар (тишлар, сирғалишга қарши тароқлар) билан жиҳозланади, кабинанинг орқасига эса ёғоч хода, говронларнинг зарбаларидан ҳимоя қилиш учун ғов ўрнатилади.

Ёғоч-тахта ва арраланган бинокорлик материаллари автотранспорт воситаси ва тиркама бўйича тенг жойлаштирилади. Автотранспорт воситасидаги юкнинг баландлиги тиркама-ёғоч аравадаги юкнинг баландлигидан 100 миллиметрдан ортиқ бўлмаслиги керак.

Ёғоч-тахта ва арраланган бинокорлик материалларини ташишда юкни жўнатувчи ёғоч-тахта материалларини олдиндан узунлиги бўйича навларга ажратиб пакетларга жойлаштириши ва уларни инвентарь боғич билан маҳкамлаши керак.

Ёғоч-тахта ва арраланган бинокорлик материалларини юкни жўнатувчидан ташиш учун қабул қилиш ва юкни олувчига топшириш ташувчи томонидан ҳажми бўйича, пакетли усулда ташишда эса - юк ўринлари (пакетлар) сони бўйича амалга оширилади.


85. Металл ва ундан ясалган буюмларни ташиш учун уларнинг гуруҳига қараб бортли платформали автотранспорт воситалари, яримтиркамали шатакчилар, металл ташувчилар, тиркамали-ёғоч аравали автомобиллар қўлланилади.

Металл ва ундан тайёрланган буюмлар:

узун ўлчамли прокат (пўлат прокат, бурчаклар, швеллерлар ва қўштаврлар - штабелларда ёки боғламаларда;

пўлат канатлар - бухтага ёки барабанга ўралган ҳолда;

ўрама сеткалар - юмшоқ пўлат сим билан ўралган ҳолда;

ясси сеткалар - пакетларга боғланган ҳолда;

кичик габаритли металл (михпарчинлар, больтлар, гайкалар, шайбалар, винтлар) - тарага жойлаштирилган ҳолда;

электродлар - қоғозга ўралган ва яшчикларга жойлаштирилган ҳолда;

рангли металлар ва қотишмалар - пачкаларга боғланган ва тарага жойлаштирилган ҳолда ташилади.

Узун ўлчамли металларни (ва бошқа металлардан тайёрланган буюмларни) юклашда тиркама-ёғоч араваларда тиркаманинг буришини таъминлаш учун автомобилга нисбатан исталган томонга 90 даражада кабина билан юк ўртасида оралиқ қолдирилиши керак.

Ташувчи автотранспорт воситаси кузовининг олд қисмига юк кабинани шикастлашидан ҳимоя қилиш учун пўлат ғов ўрнатиши керак.


86. Юк ортилган контейнерни қабул қилиб олишда ташувчи ва мижоз контейнерни ташқи томондан кўздан кечирадилар, тамғанинг, тамғалаш симининг яхлитлиги ва созлигини, контейнер рақами ва тамға изи назорат белгисининг товар-транспорт юкхатида кўрсатилган контейнер рақами ва назорат белгисига мувофиқлигини текширадилар.

Юкни жойлаштиришда юкни жўнатувчи юк билан контейнер эшиги ўртасида 30 миллиметрдан 50 миллиметргача бўш оралиқ қолдириши керак. Юк контейнер ичида юкни жўнатувчи томонидан нотўғри жойлаштирилиши ёки маҳкамланиши оқибатида юз берган юкнинг бузилганлиги ва шикастланганлиги учун ташувчи жавоб бермайди. Тамға ноаниқ босилган, шунингдек нотўғри илинган тамғали контейнерни қабул қилишга йўл қўйилмайди.

Ҳар бир контейнерга юкни жўнатувчи юкланган ўринлар сонини кўрсатган ҳолда имзо билан тасдиқланган юкнинг рўйхатини солиб қўяди.

Юк носоз контейнерда, шунингдек тамға бузилган ёки тамғаланмаган контейнерда келган тақдирда юкни олувчи контейнерни очиши, ташувчининг вакили билан биргаликда юкнинг массаси, ўринлар сони ва ҳолатини текшириши керак ва юк йўқотилганлиги, бузилганлиги ёки шикастланганлиги аниқланган тақдирда товар-транспорт юкхатига ёзувни қайд этиши ёки белгиланган тартибда далолатнома тузиши керак.


87. Кимё-фармацевтика саноати маҳсулотлари (дори-дармонлар) ташиш учун 20 килограммдан оғир бўлмаган массали картон қутиларда, ёғоч яшчикларда, шиша идишларда, шунингдек контейнерларда тақдим этилади.

Шиша ўрамдаги суюқ дори-дармонлар ортиш, транспортда ташиш ва тушириш пайтида шикастланмаслиги учун яшчиклар тагликлар билан бирга жойлаштирилади. Шиша идишлар ёғоч катакларга ёки новдалардан ясалган саватларга жойлаштирилади. Яшчикларнинг туби, тагликлар ва саватлардаги бўш оралиқлар ҳамда қопқоқнинг остидаги жой ўраш материали билан тўлдирилади.


88. Каучук ўралмасдан тахламларда, яшчикларда, қопларда ва блокларда ташилади.

Автотранспорт воситаси кузови ички юзасининг барча металл қисми каучукдан қуруқ тахталар ёки фанер билан тўсилган бўлиши керак. Каучукнинг устига бошқа ҳар қандай юкни юклаш тақиқланади.

Каучукни ортиш бошлангунига қадар юкни жўнатувчи ёнғинга қарши хавфсизликнинг зарур чораларини таъминлаши керак.

Латексни (табиий каучукнинг сувли эритмасини) ташишда махсус сақлагичли клапанли бочкалар қўлланилади.

Халқ истеъмоли товарларига тегишли бўлган резина ва резина буюмлар (пойабзал, ўйинчоқлар, атторлик буюмлари) ўралган шаклда ташилади.


88-1. Қурилиш материалларини‚ қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини саноат ва озиқ-овқат товарларини, шунингдек, бошқа тўкиладиган (иссиқ асфальт, йирик габаритли ва оғир юклардан ташқари) юкларни очиқ автотранспорт воситаларида ташиш юкни мажбурий тартибда брезент ёки бошқа қалин материал билан қоплаган ҳолда амалга оширилади.

88-2. Автотранспорт воситаларининг қурилиш объектларидан кузовни ва автотранспорт воситаларининг ғилдиракларини ювмасдан умумий фойдаланиладиган йўлларга чиқишига йўл қўйилмайди.


IV. ТАШУВЧИЛАР, ЮКНИ ЖЎНАТУВЧИЛАР ВА ЮКНИ

ОЛУВЧИЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

ҲАМДА УЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


89. Ташувчи ва мижоз ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширадилар.


90. Ташувчилар ва мижозлар ташиш шартномаси бўйича мажбуриятлар бузилганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.


91. Тақдим этилмаган ёки бўлмаса тақдим этилган, бироқ ташилмаган юкка тақдим этилган ташиш қиймати ташиш пайтида амал қилган, шартномада кўрсатилган тарифнинг ташиш қийматидан келиб чиқиб белгиланади. Жабрланган томон ўз шартнома мажбуриятларини бажармаган томондан зарар қопланишини талаб қилиши мумкин.


92. Мижоз, агар юк юкни олувчининг талаби бўйича:

шаҳар ва шаҳар атрофида ташишда - юк ташиш учун қабул қилинган кундан бошлаб 10 кун мобайнида;

шаҳаралараро ташишда - етказиб бериш муддати тамом бўлгандан кейин 30 кун мобайнида;

тўғридан-тўғри аралаш ташишда - юк ташиш учун қабул қилинган кундан бошлаб тўрт ой ўтгач юкни олувчига берилмаса, юкни йўқотилган деб ҳисоблашга ва юк йўқотилганлигини қоплашни талаб қилишга ҳақлидир.


93. Автотранспорт воситаси ташиш шартномасида белгилангандан ортиқча вақт нормасида юк ортилган ёки туширилган ҳолда бекор туриб қолганлиги, шунингдек мижознинг айби бўйича автотранспорт воситаси тўхташ жойида ёки бориш йўлида бекор туриб қолганлиги учун ташувчи ташиш шартномасида назарда тутилган неустойкани талаб қилишга ҳақлидир.


94. Товар-транспорт юкхатидаги ёки йўл варақасидаги автотранспорт воситаси келган ва жўнаб кетган вақт тўғрисидаги белгилар автотранспорт воситаси бекор туриб қолганлиги учун даъво қўзғаш учун асос ҳисобланади.


95. Ташиш шартномасида товар-транспорт юкхатини, шунингдек йўл варақасини расмийлаштириш рад этилганлиги ёки нотўғри расмийлаштирилганлиги учун мижоз томонидан ташувчига неустойка тўлаш назарда тутилиши мумкин.


96. Юкни жўнатувчи у томонидан товар-транспорт ҳужжатларида кўрсатилган маълумотларнинг нотўғрилиги, ноаниқлиги ёки тўлиқ эмаслиги муносабати билан юзага келиши мумкин бўлган барча зарарлар учун ташувчи, юкни олувчи ва ташиш жараёнида иштирок этувчи барча шахслар олдида жавоб беради.


97. Мижоз автотранспорт воситаларига қонун ҳужжатларида тақиқланган ва илова ҳужжатларида кўрсатилмаган юклар ортилганлиги учун жавоб беради.


98. Юкни ташиш шартномасидан келиб чиқадиган даъвони ташувчига тақдим этишдан олдин унга талаб тақдим этиш мажбурийдир.

Ташиш шартномаси шартлари бажарилмаслиги ёхуд зарур тарзда бажарилмаслиги муносабати билан ташувчи билан мижоз ўртасидаги келишмовчиликлар ҳоллари томонларнинг келишувига кўра эркин шаклдаги далолатномалар билан расмийлаштирилиши мумкин, уларда томонларнинг жавобгарлиги чораларини белгилаш учун асос ҳисобланадиган ҳолатлар кўрсатилади.


99. Юкнинг йўқолганлиги, бузилганлиги, камомади ёки шикастланганлиги учун зарарни қоплаш тўғрисидаги даъво ҳар бир жўнатиш бўйича алоҳида тақдим этилиши керак. Бир юкни жўнатувчининг бир юкни олувчи манзилига бир турдаги юклари бўйича жўнатишлар гуруҳига битта даъво тақдим этишга йўл қўйилади.

Даъволарга зарур ҳужжатлар (товар-транспорт юкхати, товар учун чек ва зарарнинг ҳисоб-китоби) илова қилинган бўлиши керак.


100. Ташувчига даъволар мижоз томонидан ушбу Қоидаларнинг 7-бандида белгиланган муддатлар тамом бўлгандан кейин тақдим этилиши мумкин.

Зарур ҳужжатларсиз ташувчига берилган даъволар у олинган кундан бошлаб ўн кун муддатда берилган ҳужжатлар билан биргаликда ва қайтариш сабаблари кўрсатилган ҳолда ариза берувчига қайтарилади. Бунда даъволарни тақдим этиш учун белгиланган муддат тўхтатилмайди.

Даъво почтада ёки бевосита ташувчига тилхат остида берилган кун мижоз томонидан даъво берилган кун деб ҳисобланади.

Даъвони кўриб чиқиш натижалари тўғрисида ташувчи мижозни ўттиз кунлик муддатда хабардор қилиши керак. Даъво ташувчи томонидан рад этилган тақдирда у даъво рад этилишининг сабабларини кўрсатиши керак.


101. Ташувчи даъвони тўлиқ ёки қисман рад этган, ёхуд ташувчидан ўттиз кунлик муддатда жавоб олинмаган тақдирда, ташувчига даъво юкни жўнатувчи ёки юкни олувчи томонидан тақдим этилиши мумкин.



V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


102. Ушбу Қоидалар бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.


103. Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 11 декабрдаги 472-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган юкларни ташишга қўйиладиган талаблар бузилган ҳолларда, юкларни ташиш қоидалари бузилиши Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ жавобгарликка олиб келади.






Қоидаларга

1-ИЛОВА


Автомобиль транспортида ташишга

тақдим этиладиган тез бузиладиган юклар

РЎЙХАТИ

     

Т/р

Юк номи

1.

Музлатилган юклар (гўшт, калла-поча, ичак-човоқ, гўшт, қуш, балиқ, шпиг, тухумли музлатилган маҳсулотлар)

2.

Сариёғ

3.

Эритилган мол ёғи, эритилган ёғ

4.

Янги ва пастеризацияланган сут, сут маҳсулотлари (йогурт, кефир, қаймоқ ва янги пишлоқ)

5.

Бирламчи қайта ишлаш заводидан ташиладиган сут

6

Музқаймоқ

7.

Ачитқи (Дрожжи)

8.

Майонез

9.

Маргарин

10.

Турли пишлоқлар

11

Яшиклардаги енгил тузланган сельд

12.

Совутилган, муз билан аралаштирилган балиқ

13.

Иссиқ дудланган музлатилган балиқ

14.

Колбасалар ва қайнатилган колбаса маҳсулотлари

15.

Тез музлатилган гўшт, балиқ, пазандалик маҳсулотлари, мева ва реза мевалар, қуюлтирилган мева шарбатлари

       

Изоҳ

Ўзбекистон Республикасида автомобиль транспортида юкларни ташиш қоидалари талаблари жорий этилган юкларни ташишларда уларга риоя этиш учун жавобгарлик:

юкларни ёллаш ёки ҳақ тўлаш бўйича ташишда - товар-транспорт юк хатига мувофиқ юк жўнатувчи ҳисобланган жисмоний ёки юридик шахсга ёки товар-транспорт юк хати мавжуд бўлмаган тақдирда - ташувчи билан ташишлар ҳақида шартнома тузган жисмоний шахсга;

бошқа ҳолатларда - ташувчига юкланади.






Қоидаларга

2-ИЛОВА


Битта автотранспорт воситасида

бирга ташишга рухсат бериладиган тез

бузиладиган юклар гуруҳи

    

Т/р

Маҳсулотлар гуруҳи


А гуруҳи) ўсимликлардан тайёрланган маҳсулотлар


1) Совутилган маҳсулотлар

1.

Қишки олмалар

2.

Қишки ноклар

3.

Узум


2) Совутилган маҳсулотлар

1.

Ёзги ва кузги олмалар ва ноклар

2.

Ўрик ва шафтолилар

3.

Олхўри

4.

Узум

5.

Олча ва гилос

6.

Крижовник

7.

Қорағат


3) Совутилган маҳсулотлар

1.

Қўнғир ва пушти ранг помидорлар

2.

Оқ пўстли карам


Б гуруҳи) ҳайвонлардан олинган маҳсулотлар


1) Музлатилган ва совутилган маҳсулотлар


1.

Музлатилган гўшт

2.

1-тоифали музлатилган калла-поча, ичак-човоқ маҳсулотлари (жигар, буйрак, юрак, мия, тиллар, елин, думлар, нимталанган гўшт), идишга солинган миядан ташқари

3.

Блокларда музлатилган гўшт ва калла-поча, ичак-човоқ,

4.

Музлатилган қуш

5.

мой - шпиг

6.

Музлатилган тухум маҳсулотлар


2) Совутилган маҳсулотлар

1.

Тухум

2.

Герметик тунука ва шиша идишлардаги консервалар


В гуруҳи) қайта ишланган маҳсулотлар: сут маҳсулотлари, турли ёғлар, колбаса маҳсулотлари, пишлоқлар ва бошқалар


Г гуруҳи) тирик ўсимликлар: кўчатлар, гуллар ва бошқалар


Д гуруҳи) қуритилган маҳсулотлар

1.

Қуритилган тухум маҳсулотлари

2.

Қуруқ қуймоқ

3.

Қуруқ сут

4.

Ёғсизлантирилган қуруқ сут

5.

Қуруқ мевалар

6.

Ёнғоқлар

7.

Қуюқлаштирилган сут

8.

Герметик тунука идишдаги қуюқлаштирилган сут

9.

Герметик тунука ва шиша идишлардаги консервалар

   





Қоидаларга

3-ИЛОВА


Тез бузиладиган юкларни

ташишга мўлжалланган автотранспорт

воситаларини кўрикдан ўтказиш

ТАРТИБИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Атамалар ва таърифлар


СПС - 1970 йил 1 сентябрда Женева шаҳрида (Швейцария Конфедерацияси) имзоланган Тез бузиладиган озиқ-овқат маҳсулотларини халқаро ташишлар тўғрисидаги ва ушбу ташишлар учун мўлжалланган махсус транспорт воситалари ҳақидаги битимлар;


изотермик автотранспорт воситаси - кузови, шу жумладан эшиги, поли ва томи кузовнинг ташқи ва ички юзаси ўртасида иссиқлик алмашишини чеклаш имконини берадиган термоизоляция деворларидан иборат бўлган автотранспорт воситаси;


музхона-автотранспорт воситаси - механик ёки абсорбцион ускуна бўлмаган совуқлик манбаи ёрдамида (туз қўшилган ёки қўшилмаган табиий муз; эвтектик плиталар; сублимациясини бошқариш имконини берадиган мосламали ёки мосламасиз қуруқ муз; буғланишни бошқара оладиган ускунали ёки ускунасиз суюлтирилган газлар ва бошқалар) юксиз кузовнинг ичида ҳароратни пасайтириш ва шундан сўнг ушбу ҳароратни белгиланган ташқи ҳароратда, белгиланган вақтгача ўрнатилган диапазонда сақлаб туриш имконини берувчи изотермик автотранспорт воситаси;


рефрижератор-автотранспорт воситаси - бир неча автотранспорт воситалари учун алоҳида ёки умумий бўлган музлатгич ускунаси (механик компрессор ёки абсорбцион ускуна ва бошқалар билан жиҳозланган) ёрдамида юксиз кузовнинг ичида ҳароратни пасайтириш ва шундан сўнг ушбу ҳароратни белгиланган ташқи ҳароратда, белгиланган вақтгача ўрнатилган диапазонда сақлаб туриш имконини берувчи изотермик автотранспорт воситаси;


иситиладиган автотранспорт воситаси - иситиш ускунаси ёрдамида юксиз кузовнинг ичида ҳароратни кўтарадиган ва шундан сўнг ушбу ҳароратни қўшимча иссиқлик келмаганда, муайян вақт давомида доимий маромда сақлаб туриш имконини берувчи изотермик автотранспорт воситаси;


СПС гувоҳномаси - мамлакатнинг СПС Битимини амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли органи томонидан бериладиган ва автотранспорт воситаси СПС Битими талабларига мослигини тасдиқловчи ҳужжат;


техник кўрик (келгусида - автотранспорт воситалари кўриги - автотранспорт воситасининг ўрнатилган талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш мақсадида уларни эксперт текширувларини ўз ичига олган чора-тадбирлар. Ушбу текширувлар натижалари бўйича СПС гувоҳномаси расмийлаштирилади ва СПСда белгиланган тартибда маркировка амалга оширилади;


техник тартибга солиш - маҳсулотлар, ишлар ва хизматлар хавфсизлигига қўйиладиган мажбурий талабларнинг ўрнатилиши, қўлланиши ва бажарилиши;


автотранспорт воситаларининг эксперт текшируви - тез бузиладиган юкларни ташишларга мўлжалланган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатдан ўтган ва фойдаланишдаги автотранспорт воситаларининг "Ўзстандарт" агентлигида белгиланган тартибда рўйхатга олинган лабораториялар томонидан ўтказиладиган текшируви;


совутиш ва иситиш учун мўлжалланган термик ускунанинг самарадорлиги - термик ускунанинг маълум ташқи ҳароратда изотермик автотранспорт воситаси кузови ичидаги белгиланган ҳароратни сақлаш қобилияти.


2. Тез бузиладиган юкларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситалари қуйидаги белгилар бўйича тоифаланади:

автотранспорт воситаси тури;

кузов тури;

ҳарорат режимини таъминлаш технологияси.


3. Тез бузиладиган юкларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситалари турлар бўйича қуйидагиларга бўлинади:

юк автомобили;

тиркама;

яримтиркама;

контейнер.


4. Тез бузиладиган юкларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситалари кузов турлари бўйича қуйидагиларга бўлинади:

фургон;

цистерна.


5. Тез бузиладиган юкларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситалари ҳарорат режимини таъминлаш технологияси бўйича қуйидагиларга бўлинади:

I - изотермик автотранспорт воситаси;

R - музлатгич-автотранспорт воситаси;

F - рефрижератор-автотранспорт воситаси;

C - иситиладиган автотранспорт воситаси.

6. Изотермик автотранспорт воситалари кузовнинг ички ва ташқи юзалари ўртасида иссиқлик алмашишни чеклаш хусусиятига кўра икки тоифага бўлинади:

нормал изоляцияли IN изотермик автотранспорт воситаси;

кучайтирилган изоляцияли IR изотермик автотранспорт воситаси.


7. Совутиш ва иситиш учун мўлжалланган термик ускуналар самарадорлиги бўйича автотранспорт воситалари қуйидаги тоифаларга бўлинади: A, B, C, D, Е ва F.


8. Иссиқлик бериш умумий коэффициентининг миқдори, яъни К коэффициенти тез бузиладиган юкларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситалари кузовининг изотермик хусусиятларини ифодаловчи асосий кўрсаткич ҳисобланади.


9. Тез бузиладиган юкларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситалари К коэффициентига нисбатан қуйидаги талабларга жавоб бериши шарт:

нормал изоляцияли IN изотермик автотранспорт воситалари - 0,70 Вт/м-2 Кдан кўп бўлмаган К коэффициентига эга бўлиши;

кучайтирилган изоляцияли IR изотермик автотранспорт воситалари - 0,40 Вт/м-2 Кдан кўп бўлмаган К коэффициентига эга бўлиши;


10. А тоифадаги нормал ёки кучайтирилган изоляцияли музхоналар ташқи ҳарорат ўртача 30 °C бўлганда, кузов ичидаги ҳароратнинг плюс 7 °C дан ошмайдиган даражада сақланишини таъминлаши лозим.


11. В тоифадаги кучайтирилган изоляцияли музхоналар ташқи ҳарорат ўртача 30 °C бўлганда, кузов ичидаги ҳароратнинг минус 10 °C дан ошмайдиган даражада сақланишини таъминлаши лозим.


12. С тоифадаги кучайтирилган изоляцияли музхоналар ўртача 30 даража ташқи иссиқ ҳароратда, кузов ичида минус 20 °C даражадаги ҳароратни сақланишини таъминлаши лозим.


13. D тоифадаги нормал ёки кучайтирилган изоляцияли музхоналар ташқи ҳарорат ўртача 30 °C бўлганда, кузов ичидаги ҳароратнинг 0 °C даражада сақланишини таъминлаши лозим.


14. А тоифадаги нормал ёки кучайтирилган изоляцияли рефрижераторлар ташқи ҳарорат ўртача 30 °C бўлганда, кузов ичидаги ҳароратнинг плюс 12 дан 0 °C гача даражада сақланишини таъминлаши лозим.


15. В тоифадаги кучайтирилган изоляцияли рефрижераторлар ташқи ҳарорат ўртача 30 °C бўлганда, кузов ичидаги ҳароратнинг плюс 12 °C дан минус 10 °C гача даражада сақланишини таъминлаши лозим.


16. С тоифадаги кучайтирилган изоляцияли рефрижераторлар ташқи ҳарорат ўртача 30 °C бўлганда, кузов ичидаги ҳароратнинг плюс 12 °C дан минус 20 °C гача даражада сақланишини таъминлаши лозим.


17. D тоифадаги нормал ёки кучайтирилган изоляцияли рефрижераторлар ташқи ҳарорат ўртача 30 °C бўлганда, кузов ичидаги ҳароратнинг 0 °C дан ошмайдиган даражада сақланишини таъминлаши лозим.


18. Е тоифадаги кучайтирилган изоляцияли рефрижераторлар ташқи ҳарорат ўртача 30 °C бўлганда, кузов ичидаги ҳароратнинг минус 10 °C дан ошмайдиган даражада сақланишини таъминлаши лозим.


19. F тоифадаги кучайтирилган изоляцияли рефрижераторлар ташқи ҳарорат ўртача 30 °C бўлганда, кузов ичидаги ҳароратнинг минус 20 °C дан ошмайдиган даражада сақланишини таъминлаши лозим.


20. А тоифадаги нормал ва кучайтирилган изоляцияли иситиладиган изотермик автотранспорт воситалари ташқи ҳарорат ўртача минус 10 °C бўлганда, кузов ичидаги ҳароратнинг плюс 12 °C дан ошмайдиган даражада камида 12 соатдан давомида сақланишини таъминлаши лозим.


21. В тоифадаги кучайтирилган изоляцияли иситиладиган изотермик автотранспорт воситалари ташқи ҳарорат ўртача минус 20 °C бўлганда, кузов ичидаги ҳароратнинг плюс 12 °C дан ошмайдиган даражада камида 12 соатдан давомида сақланишини таъминлаши лозим.


22. Тез бузиладиган юкларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситалари юк бўлинмаларида ҳаво ҳароратини минус 20 °C дан плюс 30 °C гача даражада назорат қилиш, шунингдек, ташишлар ҳарорат режимининг ўзгаришлари ҳақида ҳайдовчини хабардор қилиш имконини берадиган ўлчаш ва ёзиб борувчи ускуналар билан жиҳозланиши лозим.


23. Тез бузиладиган юкларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситаларининг юк бўлинмалари озиқ-овқат маҳсулотлари билан контактда бўлганда хавфсиз материаллардан тайёрланиши лозим.


24. Изотермик автотранспорт воситаларининг термик ускуналарида озонни емириш қобилияти нолга тенг ва глобал иситиш қобилияти паст рухсат этилган хладагентлар қўлланиши лозим.



2-БОБ. АВТОТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ

КЎРИКДАН ЎТКАЗИШ


25. Кўрик тез бузиладиган юкларни ташиш учун мўлжалланган ҳар бир автотранспорт воситаларига СПС га мувофиқ СПС гувоҳномасини беришни назарда тутади.


26. СПС гувоҳномасида қуйидагилар қайд этилади:

тез бузиладиган юкларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситаси эгасининг (вакилининг) номи ва жойлашган жойи;

тез бузиладиган юкларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситасини ишлаб чиқарувчининг номи ва жойлашган жойи;

гувоҳномани берган ташкилотнинг номи ва жойлашган жойи;

тез бузиладиган юкларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситаси ҳақида, ушбу Тартибга мувофиқ ушбу автотранспорт воситасини, унинг тури, тоифасини идентификациялаш имконини берадиган маълумотлар;

тез бузиладиган юкларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситасининг белгиланган талабларга мувофиқлиги ҳақида эксперт ташкилотининг хулосаси;

автотранспорт воситаларининг ўтказилган эксперт текширувлари натижалари ҳақидаги маълумот;

СПС гувоҳномасининг амал қилиш муддати.

Гувоҳнома берганлик учун йиғим ундирилмайди.


27. Тез бузиладиган юкларни ташиш учун мўлжалланган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ва фойдаланилаётган автотранспорт воситалари автотранспорт воситаларини эксперт текширувларини ўтказиш асосида кўрикдан ўтказилади.


28. Тез бузиладиган юкларни ташиш учун мўлжалланган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ва фойдаланилаётган автотранспорт воситаларининг эксперт текширувлари "Ўзстандарт" агентлигида белгиланган тартибда рўйхатга олинган лабораториялар (кейинги ўринларда рўйхатга олинган лаборатория деб аталади) томонидан ўтказилади.


29. Автотранспорт воситаларини эксперт текширувдан ўтказиш усуллари фойдаланилаётган автотранспорт воситаларини текширувдан ўтказишига нисбатан СПСга ҳамда эксперт ташкилотлари томонидан ишлаб чиқилган бошқа усулларга мувофиқ бўлиши лозим.


30. Тез бузиладиган юкларни ташиш учун мўлжалланган янги тайёрланган автотранспорт воситаларининг эксперт текшируви улар тайёрланганидан 6 йилдан сўнг, келгуси йилларда эса - ҳар 3 йилда ўтказилади.


31. Тез бузиладиган юкларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситаларининг эгалари ёки эгаларининг номидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган тартибда уларга эгалик қилувчи, фойдаланувчи ва (ёки) тасарруф этувчи шахслар (кейинги ўринларда эгалари/эгаларининг вакиллари деб аталади) автотранспорт воситаларини эксперт текширувидан ўтказиш учун мазкур Тартибнинг 30-бандига мувофиқ муддатларда тақдим этишлари лозим.


32. Автотранспорт воситаларининг эксперт текшируви рўйхатга олинган лаборатория томонидан ариза берувчининг талабномаси ва у билан икки нусхада тузиладиган шартнома асосида ўтказилади.


33. Рўйхатдан ўтган лаборатория аризани бир иш кунида рўйхатга олади ва икки иш куни давомида ариза берувчига транспорт воситасининг изотермик хусусиятлари текширилгани тўғрисида баённома нусхасини беради. Баённоманинг асл нусхасини СПСни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли органга СПС гувоҳномасини бериш учун топширади. Баённома электрон шаклда ёки тўғридан-тўғри берилиши мумкин.


34. Битимни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган (Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари) бир иш куни давомида ариза берувчига СПС гувоҳномасини СПСда ўрнатилган шаклда беради ва уни СПС гувоҳномалари реестрида рўйхатдан ўтказади.


35. Тез бузиладиган юкларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситалари изотермик хусусиятларининг ёки уларга ўрнатилган термик ускуналар самарадорлигининг айрим ташқи таъсирлар натижасида конструкция бузилиши туфайли ўзгариши тез бузиладиган юкларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситалари эгаси (унинг вакили) томонидан автотранспорт воситасини эксперт текшируви шаклида режадан ташқари кўрикдан ўтказиш учун тақдим этишга асос бўлади.


36. Тез бузиладиган юкларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситасининг эгаси (унинг вакили) СПС гувоҳномаси берилган тез бузиладиган юкларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситасига мазкур Тартиб талабларига мувофиқ унинг тоифаси ва турини ўз ичига олган ҳарфли таниш белгиларини қўйиши лозим.



3-БОБ. ФОЙДАЛАНИЛАЁТГАН ТРАНСПОРТ

ВОСИТАЛАРИНИНГ ИЗОТЕРМИК

ХУСУСИЯТЛАРИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ

37. Транспорт воситасини умумий текшириш:

Бажарилаётган ишлар номи

Техник хусусият, қисқа таъриф

Транспорт воситасини умумий текшириш:

Изоляцияловчи қатлам тузилишининг умумий хусусияти;

Изоляциялаш усули, деворлар тури ва ҳолати;

Изотермик тўсиқнинг сақланиш ҳолати;

Деворлар қалинлиги.


Эксперт томонидан кўрикдан ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Аниқланган камчиликлар, эътирозлар кўрик баённомасида қайд этилади

Ҳаво ўтказмаслигини текшириш

Тешиклардан қарама-қарши томондан ёруғлик тушишини текшириш. Бу жараён эксперт томонидан бажарилади.

     

Изоҳ. Ҳаво ўтказмаслигини текшириш (цистерна-транспорт воситаларига нисбатан қўлланилмайди).

38. Текширув ёрқин ёритиладиган зонага қўйиладиган транспорт воситасининг ичида турган эксперт томонидан амалга оширилади. Аниқроқ натижаларни бериши мумкин бўлган бошқа усуллар қўлланилиши мумкин.


39. Ўлчовлар воситалари улардан фойдаланиш ҳужжатларига мувофиқ жорий этилади, ўлчовлар шартлари ва давомийлиги ўлчовлар усулига тўлиқ мос келиши лозим.


40. Геометрик ҳажмлар ўлчовлар воситалари ёки бир неча ўлчов воситалари ёрдамида ўлчанганда, ушбу ҳажм уч марта ўлчаниши лозим ва якуний натижа эса уч ўлчовнинг ўртача арифмет қиймати сифатида қабул қилиниши керак.

Ўлчовларни амалга оширишда ўлчов приборларининг техник ҳужжатлари йўриқномасига риоя этилиши шарт.


41. Геометрик ҳажмларни штангенциркуль ва рулеткалардан фойдаланган ҳолда ўлчанади.

Қуйидаги кўрсаткичлар ўлчанади:

кузовнинг ташқи ўлчамлари: узунлиги, эни, баландлиги;

кузовнинг ички ўлчамлари: узунлиги, эни, баландлиги;

Ҳисоб-китоб йўли билан қуйидагилар аниқланади:

кузовнинг умумий майдони;

кузовнинг ички фойдали ҳажми;

кузовнинг умумий ички юзаси;

кузовнинг умумий ташқи юзаси;

кузовнинг ўртача юзаси;

иссиқлик алмашиш юзасининг ўртача катталиги;

деворларнинг умумий қалинлиги;


42. Эксперт транспорт воситасининг умумий ҳолати бўйича хулоса қилади. Кузовнинг умумий ҳолатига тегишли хулоса ижобий бўлган тақдирда, транспорт воситасини уни ишлаб чиқарган завод томонидан дастлаб белгиланган тоифа бўйича уч йил муддатга баҳолаш тавсия этилади ва автотранспорт воситаси унинг изотермик хусусиятларини аниқлаш ўтказиш учун юборилади.


43. Хулоса салбий бўлган тақдирда, автотранспорт воситаси аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун юборилади. Камчиликлар бартараф этилгандан сўнг автотранспорт воситаси қайта текширувга тақдим этилиши мумкин.



4-БОБ. ФОЙДАЛАНИЛАЁТГАН ТРАНСПОРТ

ВОСИТАЛАРИ ТЕРМИК УСКУНАЛАРИНИНГ

САМАРАДОРЛИГИНИ ТЕКШИРИШ


44. Фойдаланилаётган ҳар бир рефрижератор-транспорт воситаси термик ускуналарининг самарадорлигини текшириш учун унинг изотермик хусусиятлари текширилади.


45. 2012 йил 2 январдан кейин ишлаб чиқарилган транспорт воситалари учун:

ташқи ҳарорат плюс 15 С° дан кам бўлмаганда, юксиз транспорт воситасининг ички ҳарорати максимал даврда (дақиқаларда) ушбу тоифадаги транспорт воситаси учун қуйидаги жадвалда назарда тутилган ҳароратгача етказилиши мумкинлигини аниқлаш мақсадида текшириш амалга оширилади:

   

Ташқи ҳарорат

30

29

28

27

26

25

24

23

22

21

20

19

18

17

16

15

°C

C,F тоифалар

360

350

340

330

320

310

300

290

280

270

260

250

240

230

220

210

дақиқа

B,E тоифалар

270

262

253

245

236

228

219

211

202

194

185

177

168

160

151

143

дақиқа

A,D тоифалар

180

173

166

159

152

145

138

131

124

117

110

103

96

89

82

75

дақиқа

         

Юксиз транспорт воситасининг ички ҳарорати дастлаб ташқи ҳароратгача етказилиши шарт.


46. Фойдаланилаётган транспорт воситаларига нисбатан қўлланиладиган қўшимча қоидалар.

Мазкур Тартибнинг 45-бандида кўрсатилган муддатгача ишлаб чиқарилган транспорт воситаларига нисбатан қуйидаги қоидалар қўлланилади:

ташқи ҳарорат плюс 15 °С дан кам бўлмаганда, юксиз транспорт воситасининг дастлаб ташқи ҳароратгача етказилган ички ҳарорати давомийлиги олти соатдан ортиқ бўлмаган муддат мобайнида:

А, В ва С тоифадаги транспорт воситалари учун - ушбу тоифадаги транспорт воситаларига мўлжалланган минимал ҳароратгача;

D, E ва F тоифадаги транспорт воситалари учун - ушбу тоифадаги транспорт воситаларига мўлжалланган ҳароратгача етказилиши мумкинлигини аниқлаш учун текширув ўтказилади.


47. Натижалар қониқарли бўлган тақдирда, ушбу транспорт воситалари дастлаб белгиланган тоифадаги изотермик транспорт воситалари сифатида уч йил муддатгача бўлган янги даврда фойдаланишда қолиши мумкин.



5-БОБ. ИЗОТЕРМИК АВТОТРАНСПОРТ

ВОСИТАЛАРИНИНГ ҲАРФЛИ ТАНИШ

БЕЛГИЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


48. Изотермик автотранспорт воситалари қуйидаги ҳарфли таниш белгилари билан белгиланиши лозим:

IN - нормал изоляцияли изотермик автотранспорт воситалари;

IR - кучайтирилган изоляцияли изотермик автотранспорт воситалари;

RNA - А тоифадаги нормал изоляцияли музхона;

RRA - A тоифадаги кучайтирилган изоляцияли музхона;

RRB - B тоифадаги кучайтирилган изоляцияли музхона;

RRC - C тоифадаги кучайтирилган изоляцияли музхона;

RND - D тоифадаги нормал изоляцияли музхона;

RRD - D тоифадаги кучайтирилган изоляцияли музхона;

FNA - А тоифадаги нормал изоляцияли рефрижератор;

FRA - A тоифадаги кучайтирилган изоляцияли рефрижератор;

FRB - B тоифадаги кучайтирилган изоляцияли рефрижератор;

FRC - C тоифадаги кучайтирилган изоляцияли рефрижератор;

FND - D тоифадаги нормал изоляцияли рефрижератор;

FRD - D тоифадаги кучайтирилган изоляцияли рефрижератор;

FRE - E тоифадаги кучайтирилган изоляцияли рефрижератор;

FRF - F тоифадаги кучайтирилган изоляцияли рефрижератор;

CNA - А тоифадаги нормал изоляцияли иситиладиган изотермик автотранспорт воситаси;

CRA - А тоифадаги кучайтирилган изоляцияли иситиладиган изотермик автотранспорт воситаси;

CRB - В тоифадаги кучайтирилган изоляцияли иситиладиган изотермик автотранспорт воситаси;


49. Изотермик автотранспорт воситаларининг ҳарфли таниш белгилари кузов ҳар икки ташқи тарафининг олд томонига яқин юқори бурчакда оқ фонга кўк рангда лотин алифбосининг бош ҳарфлари билан ёзилиши ва ҳарфлар баландлиги 100 мм дан кам бўлмаслиги лозим.


50. Максимал вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлмаган изотермик автотранспорт воситалари учун ҳарфлар баландлиги 50 мм ни ташкил этиши мумкин.


51. Изотермик автотранспорт воситаларининг ҳарфли таниш белгилари тагида СПС гувоҳномаси амал қилишининг тугаш муддати (йил, ой) оқ фонга кўк рангда араб рақамлари билан ёзилиши лозим. Рақамлар баландлиги изотермик автотранспорт воситаларининг ҳарфли таниш белгилари баландлигининг ярмига тенг бўлиши шарт.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 11 август, 32-сон, 401-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2014 йил, 8-сон, 77-модда