язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Алоҳида ўқув юртларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти/ Олий таълим/ Гуманитар фанларга оид олий ўқув юртлари (санъат, чет тиллар ва б.) / Ўзбекистон Республикаси Президентининг 03.09.2014 й. ПҚ-2228-сон "Тошкент давлат шарқшунослик институти таркибида хитойшунослик факультетини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

03.09.2014 й.

N ПҚ-2228


ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ШАРҚШУНОСЛИК

ИНСТИТУТИ ТАРКИБИДА ХИТОЙШУНОСЛИК

ФАКУЛЬТЕТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда илғор ўқитиш услубларини жорий этиш асосида Хитой тарихи, маданияти, сиёсати ва иқтисодиёти соҳасида чуқур билимларга эга бўлган ва хитой тилини эркин биладиган юқори малакали хитойшунос мутахассисларни тайёрлаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг Тошкент давлат шарқшунослик институти таркибида хитойшунослик факультетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.


2. Тошкент давлат шарқшунослик институтининг бошқарув ходимлари чекланган сони 33 кишидан иборат янгиланган ташкилий тузилмаси 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Тошкент давлат шарқшунослик институти ректорига, зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда институт тузилмасига бошқарув ходимларининг белгиланган сони доирасида ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкент давлат шарқшунослик институти ректорати 2014/2015 ўқув йили учун бакалавриатга қабул квоталари ҳисобидан қуйидаги таълим йўналишлари бўйича хитойшуносликка ихтисослаштириладиган талабаларнинг ўқув гуруҳларини шакллантирсин:

хитой филологияси - 34 киши;

жаҳон сиёсати - 25 киши;

мамлакатлар иқтисодиёти ва мамлакатшунослик - 25 киши.


4. Тошкент давлат шарқшунослик институти таркибида хитойшунослик факультетини ташкил этиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал қилиш учун 2-иловага* мувофиқ таркибда махсус комиссия тузилсин.

Махсус комиссия (А.И. Икрамов) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда:

хитойшунослик факультетини ташкил этиш ва институтнинг низом ҳужжатларига киритиладиган ўзгартишларни давлат рўйхатидан ўтказиш, шунингдек хитойшунослик факультетининг 2014 йил 20 сентябрдан тўлақонли фаолият кўрсата бошлашини таъминлаш учун бошқа ташкилий масалаларни ҳал этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширсин;

хитойшунослик факультетини амалий иш тажрибасига эга бўлган ҳамда хитой тили ва адабиётини, Хитой тарихи, сиёсати ва иқтисодиётини ўрганиш соҳасида илмий-амалий тадқиқотларни ўтказиш ва таълим бериш жараёнида замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан фаол фойдаланувчи юқори малакали ташаббускор кадрлар билан таъминласин;

замонавий таълим технологияларини, энг янги ахборот ва ўқув-лаборатория ускуналарини татбиқ этиш ҳамда улардан кенг фойдаланиш асосида ўқув режалари ва дастурларини янгилаган ҳолда хитойшунослик масалалари бўйича ўқув жараёнини ташкил қилишни илғор халқаро тажрибани ҳисобга олиб, танқидий таҳлил қилсин ва қайта кўриб чиқсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда Тошкент давлат шарқшунослик институти билан Хитойнинг шу йўналишдаги етакчи университетлари ва институтлари ўртасида институтда ишлаш ҳамда ўқитувчилик қилиш учун таниқли мутахассислар ва хитойшунос олимларни жалб этиш, институтнинг хитойшунослик факультети талабалари ва ўқитувчиларининг стажировкаларини ташкил қилиш, биргаликдаги ўқув ва тадқиқот дастурларини амалга ошириш мақсадида шериклик алоқаларини йўлга қўйиш, Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳузуридаги Конфуций Институти фаолиятини янада ривожлантириш, шунингдек институт фаолиятини ташкил қилиш учун грантларни жалб этиш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва амалга оширсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги:

икки ҳафта муддатда Тошкент давлат шарқшунослик институтининг штатлар жадвали хитойшунослик факультети ташкил этилишини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин;

ташкил этилаётган факультетнинг ўқув жараёни ва илмий-методик ишларини ташкил қилиш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчилар ва талабаларнинг чет эллардаги олий таълим муассасаларида стажировкадан ўтишлари учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети параметрларида "Таълим" соҳасига ажратиладиган маблағлар доирасида 2014 йилда пул ажратсин ва 2015 йилдан бошлаб ушбу мақсадларга маблағ ажратилишини назарда тутсин.


7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 8 сентябрь, 36-сон, 453-модда