ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш / Давлат мулкини (акциялар, улушлар ва пайлар) реализация қилиш /Давлат кўчмас мулк объектларини сотиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.10.2014 й. 279-сон қарорига 4-илова)
Вазирлар Маҳкамасининг
2014 йил 6 октябрдаги
4-ИЛОВА
Давлат кўчмас мулк объектларини
сотиш тартиби тўғрисида
НИЗОМ
1. Ушбу Низом давлатга мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мулкий мажмуа (корхона), бинолар ва иншоотлар, қурилиши тугалланмаган объектларни (бундан буён матнда давлат кўчмас мулк объекти деб юритилади) нодавлат юридик шахсларга, шунингдек жисмоний шахсларга хусусийлаштириш тартибида сотиш тартибини белгилайди.
Ушбу Низомнинг амал қилиши давлат кўчмас мулк объектларини суд ҳал қилув қарорига асосан сотишда юзага келадиган муносабатларга татбиқ этилмайди.
2. Ушбу Низомнинг мақсадлари учун қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:
давлат кўчмас мулк объектлари савдолари (савдолар) - сотувчи ёки риэлторлик ташкилоти, шунингдек, аукцион ва тендерлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда электрон шаклда, ташкил этиш ва ўтказиш учун хизмат қилувчи ихтисослаштирилган ташкилот томонидан давлат кўчмас мулк объектларини сотиш бўйича ташкил этиладиган савдолар;
савдолар ташкилотчиси - сотувчи билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузиладиган шартномага асосан давлат кўчмас мулк объектларини сотиш бўйича "E-auksion" электрон савдо платформасида аукционлар ва танловларни ташкил қилиш ҳамда ўтказиш хизматларини кўрсатадиган ихтисослаштирилган ташкилот ёки сотувчи;
талабгор - савдоларда ўзининг қатнашиш нияти тўғрисида ариза берган нодавлат юридик ёки жисмоний шахс (Ўзбекистон Республикасининг резиденти ва норезиденти);
қатнашчи - аукцион ёки танловда қатнашишга қўйилган талабгор ёки унинг ваколатли вакили;
ваколатли вакил - қатнашчи (талабгор) томонидан ишончномага асосан аукцион, танлов ёки тўғридан-тўғри музокараларда қатнашиш ваколати берилган шахс;
харидор - сотувчи билан қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат кўчмас мулк объектининг олди-сотди шартномасини (бундан буён матнда олди-сотди шартномаси деб юритилади) тузган нодавлат юридик ёки жисмоний шахс (Ўзбекистон Республикаси резиденти ёки норезиденти);
сотувчи - Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) ёки унинг ҳудудий бошқармаси (кейинги ўринларда - ҳудудий бошқарма);
Давлат комиссияси - Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссияси;
Ҳудудий танлов комиссияси - тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари бошқарадиган ҳамда таркибига Агентлик (танлов комиссияси раисининг ўринбосари сифатида), Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Кадастр агентлиги, Табиат ресурслари вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳудудий бошқармаларининг раҳбарлари кирадиган танлов комиссияси;
танлов - танлов ҳужжатлари мезонлари ва шартларига мувофиқ (ҳар қандай нодавлат юридик ва жисмоний шахс қатнашиши мумкин бўлган) қатнашчилар томонидан тақдим этилган энг яхши таклифларни танлаш орқали харидорни аниқлаш бўйича савдо шакли;
танлов шартлари - танловни ўтказиш тартиби, ўтказиш жойи, таклифнинг нархи, давлат кўчмас мулк объектларининг сони ва миқдори, қўшимча юкламалар, қатнашчиларга қўйиладиган инвестициявий мажбуриятлар ва ижтимоий мажбуриятлар ва талаблар бўйича сотувчи томонидан белгиланадиган шартлар;
танлов ҳужжатлари - давлат кўчмас мулк объектининг техник, тижорат, ташкилий ва бошқа тавсифлари тўғрисидаги, шунингдек танлов шартлари ва тартиб-таомили тўғрисидаги дастлабки ахборотдан иборат танлов ташкилотчиси томонидан талабгорларга тақдим этиладиган танлов ўтказиш қоидалари, танлов таклифлари шаклларини ўз ичига олувчи ҳужжатлар тўплами;
танлов таклифи - танлов ҳужжатларида белгиланадиган шартларда шартнома тузиш таклифи;
савдоларни ўтказиш санаси - аукцион ўтказиш ёки танлов якунлари юзасидан хулоса чиқариш санаси ва вақти;
сотиб олиш тўлови - сотиб олинаётган давлат кўчмас мулк объекти учун харидор томонидан миллий ва (ёки) эркин айирбошланадиган валютада (кейинги ўринларда ЭАВ деб аталади) Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармасига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб тўланадиган пул маблағлари;
инвестициявий мажбуриятлар - давлат кўчмас мулк объектини сотиб олишда харидор томонидан давлат кўчмас мулк объектига инвестицияларни амалга ошириш бўйича қабул қилинадиган пул баҳосига эга бўлган ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган шаклларда амалга ошириладиган мажбуриятлар;
ижтимоий мажбуриятлар - давлат кўчмас мулк объектини сотишда харидор томонидан қабул қилинадиган пул баҳосига эга бўлмаган ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган шаклларда амалга ошириладиган мажбуриятлар;
аукцион - мусобақалашиш асосида (ҳар қандай нодавлат юридик ва жисмоний шахс қатнашиши мумкин бўлган) харидорни аниқлаш бўйича савдо шакли, бунда энг катта нархни таклиф қилган қатнашчи давлат кўчмас мулк объектининг олди-сотди шартномасини тузиш ҳуқуқига эга бўлади;
танлов асосидаги аукцион - аукционнинг сотувчи томонидан белгиланган мезонлар бўйича олдиндан танланган махсус таклиф қилинган шахслар қатнашиши мумкин бўлган тури;
балансда сақловчи - сотилаётган давлат кўчмас мулк объекти бириктирилган юридик шахс;
бошланғич нарх - давлат кўчмас мулк объектини савдоларга қўйиш учун сотувчи томонидан белгиланган нарх.
3. Давлат кўчмас мулк объекти давлат органлари ёки хўжалик бошқаруви органларининг, балансда сақловчининг таклифларига, нодавлат юридик шахсларнинг, шунингдек, жисмоний шахсларнинг буюртманомаларига мувофиқ шакллантириладиган ва белгиланган тартибда республика мулки ҳисобланганда Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ёки муниципал мулк ҳисобланганда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарорларига мувофиқ тасдиқланадиган хусусийлаштириш дастурларига (давлат кўчмас мулки объектларининг рўйхатларига) (кейинги ўринларда - хусусийлаштириш дастури) асосан ушбу Низомга 1-иловага биноан схема бўйича сотувчи томонидан сотилади.
Давлат кўчмас мулк объектларини сотиш муддати ва шартлари, агар Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, Давлат комиссиясининг ёки Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўз ваколати доирасида қабул қилинган қарорларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, сотувчи томонидан белгиланади.
Савдоларда турган, илгари қабул қилинган хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ сотилаётган давлат кўчмас мулк объектлари мазкур давлат кўчмас мулк объектларини сотиш муддати узайтирилганда савдолардан олинмайди.
Давлат кўчмас мулк объектлари уч ой давомида сотилмаганда (Тошкент шаҳри ва вилоят марказлари бундан мустасно) уларнинг бошланғич баҳоси, қолдиқ (баланс) қийматидан қатъи назар 10 фоизигача босқичма-босқич 10 фоиздан пасайтирилади.
Савдоларда давлат кўчмас мулк объектларини сотиб олишга уч ой мобайнида талабнома тушмаган тақдирда, Давлат активларини хусусийлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини мувофиқлаштириш давлат комиссияси томонидан белгиланадиган механизмга асосан нархни босқичма-босқич пасайтириб борилиши мумкин.
4. Давлат кўчмас объектларини Ўзбекистон Республикасининг резидентларига сотиш Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари давлат кўчмас мулк объектларини ЭАВда ёки Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида сотиб олишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари давлат кўчмас мулк объектларини сотиб олиш учун республиканинг ваколатли банкларида очилган хорижий банкларнинг "лоро" вакиллик ҳисоб рақамларидаги миллий валютадаги маблағларидан фойдаланишлари мумкин.
II. ДАВЛАТ КЎЧМАС МУЛК ОБЪЕКТЛАРИНИ
СОТИШ ЮЗАСИДАН ТАШАББУС КЎРСАТИШ
5. Давлат кўчмас мулк объектларини сотиш юзасидан давлат органи ёки хўжалик бошқаруви органи, балансда сақловчи, нодавлат юридик ёки жисмоний шахс томонидан давлат кўчмас мулк объектларини сотиш учун Агентлик ёки ҳудудий бошқармага тегишлича таклифлар ёки буюртманомалар бериш йўли билан ташаббус кўрсатилиши мумкин.
6. Давлат органи, хўжалик бошқаруви органи ёки балансда сақловчининг давлат кўчмас мулк объектини сотиш тўғрисидаги таклифига:
давлат органи, хўжалик бошқаруви органи ёки балансда сақловчининг биринчи раҳбари томонидан имзоланадиган ва муҳр билан тасдиқланадиган сотишга таклиф этилаётган давлат кўчмас мулк объектини сақлаб қолиш зарурати мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулоса;
кадастр ҳужжатлари, шу жумладан, кадастр харитаси (режаси) нусхалари;
балансда сақловчи Ўзбекистон Республикасининг давлат корхоналари ва давлат муассасалари реестрига киритилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома, балансда сақловчи давлат корхонаси ёки муассасаси бўлган тақдирда.
7. Давлат кўчмас мулк объектини сотиш учун буюртманома:
нодавлат юридик шахс номидан ушбу Низомга 2-иловага биноан шакл бўйича раҳбар ёки унинг томонидан бунга вакил қилинган шахс томонидан имзоланиши керак;
жисмоний шахс номидан ушбу Низомга 3-иловага биноан шакл бўйича ўзи ёки бунга вакил қилинган шахс томонидан имзоланиши керак.
8. Агентлик ёки ҳудудий бошқарма давлат кўчмас мулк объектини хусусийлаштириш учун қонун ҳужжатларида белгиланган чеклашлар мавжуд бўлмаган тақдирда, буюртманомалар олингандан кейин беш иш куни ичида:
республика мулки ҳисобланганда, давлат кўчмас мулк объектини балансида сақловчининг юқори турувчи ташкилотига;
муниципал мулк ҳисобланганда, тегишли туман (шаҳар) ҳокимияти органига уни сотишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида тегишлича балансда сақловчи ва туман (шаҳар) ҳокимияти органининг биринчи раҳбари томонидан имзоланадиган ва муҳр билан тасдиқланадиган хулосасини тақдим этиш тўғрисида сўровнома юборади.
Агар давлат кўчмас мулк объектини сақлаб қолиш зарур бўлса, балансда сақловчининг юқори турувчи ташкилотининг биринчи раҳбари сўров олинган кундан бошлаб беш иш куни ичида Агентликни (тегишли ҳудудий бошқармани) ёзма равишда хабардор қилади ва сўров олинган кундан бошлаб ўн иш кунидан кечиктирмай, Агентликка (тегишли ҳудудий бошқармага) давлат кўчмас мулк объектини сақлаб қолиш тўғрисида тегишинча балансда сақловчининг биринчи раҳбари ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоят ёки Тошкент шаҳар ҳокими томонидан имзоланиши ҳамда муҳрлар билан тасдиқланиши шарт бўлган, давлат кўчмас мулк объектини ривожлантиришни назарда тутувчи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган дастур (таълим муассасаларининг кўчмас мулк объектлари, жумладан, мактабгача таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги муассасалардан ташқари) ёки давлат кўчмас мулк объектини ривожлантиришни назарда тутувчи ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли котибияти раҳбари ёхуд Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоят ёки Тошкент шаҳар ҳокими тасдиқлаган тармоқ жадвали илова қилинган асослантирилган хулосани тақдим этади.
9. Давлат кўчмас мулк объектини сотиш учун буюртманома (таклиф) ҳудудий бошқармага тушган тақдирда, хусусийлаштиришни рад этиш учун сабаблар бўлмаганда, ҳудудий бошқарма давлат кўчмас мулк объектини сотиш учун буюртманома (таклиф) тушган пайтдан бошлаб ўн беш иш куни ичида ҳудудий танлов комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда ахборот юборади:
давлат кўчмас мулк объектини сотиш учун тушган буюртманоманинг (таклифнинг) нусхаси;
Агентлик томонидан белгиланган шакл бўйича камида тўртта фотосуратни илова қилган ҳолда давлат кўчмас мулк объектини кўздан кечириш далолатномаси;
Агентлик томонидан белгиланган шакл бўйича давлат кўчмас мулк объекти тўғрисидаги асосий маълумотлар;
кадастр ҳужжатлари, шу жумладан кадастр харитаси (режаси) нусхалари;
балансда сақловчи ва маҳаллий давлат ҳокимияти органининг давлат кўчмас мулк объектини сотишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосалари;
сотиш мумкинлиги тўғрисидаги хулоса.
Ҳудудий танлов комиссияси давлат кўчмас мулки объектини сотиш бўйича аризани (таклифни) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан хусусийлаштириш тўғрисидаги қарор қабул қилиш учун тасдиқланган мезонларга мувофиқлигини кўриб чиқади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорини қабул қилиш зарур бўлган тақдирда, ҳудудий бошқарма ҳудудий танлов комиссияси қарори асосида ариза (таклиф) бўйича тегишли маълумотларни, ҳужжатларни илова қилган ҳолда Агентликка юборади.
Агентлик зарур бўлганда, ҳудудий бошқармадан давлат кўчмас мулк объекти тўғрисидаги қўшимча маълумотлар ва ҳужжатларни, уларни тақдим этиш муддатини кўрсатган ҳолда сўраб олиши мумкин.
10. Давлат улушини сотиб олиш учун буюртманома (таклиф) Агентликка келиб тушганда, сотишни рад этиш учун сабаблар бўлмаган тақдирда, буюртманома (таклиф) ушбу Низомнинг 9-бандида кўрсатилган тартибда ҳужжатларни расмийлаштириш учун ҳудудий бошқарма томонидан ўн беш иш куни мобайнида ҳудудий танлов комиссиясига юборилади.
11. Давлат кўчмас мулк объектига оид кадастр ҳужжатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органининг тегишли ер участкасини бериш тўғрисидаги қарори мавжуд бўлмаганда, кўрсатилган ҳужжатлар сотувдан олдинги тайёргарлик доирасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тайёрланади.
12. Давлат кўчмас мулк объектини сотиш учун тушган буюртманомалар (таклифлар) асосида Агентлик ва ҳудудий комиссияси буюртманомалар келиб тушишига қараб, лекин камида бир йилда бир маротаба Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан сотиладиган давлат кўчмас мулк объектлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хусусийлаштириш дастурларини тасдиқлаш юзасидан таклифлар киритади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари қарорига асосан хусусийлаштириладиган муниципал кўчмас мулк объектларини сотиш бўйича таклифлар ҳудудий танлов комиссия томонидан тайёрланади ва тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига келишиш учун киритилади.
Хусусийлаштириш дастури, шунингдек Агентлик ёки унинг ҳудудий бошқармалари ва ҳудудий танлов комиссиялари Ўзбекистон Республикаси "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда давлат мулкини хатловдан ўтказиш натижасида аниқланган фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари рўйхатидан тузилиши мумкин.
Хусусийлаштириш дастурига киритилган, сотишга таклиф этилаётган давлат кўчмас мулк объектлари рўйхати ҳудудлар ёки тармоқлар бўйича шакллантирилиши мумкин.
Хусусийлаштириш дастури ваколати доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ёки Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига кўра хусусийлаштириладиган давлат кўчмас мулк объектлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган хусусийлаштириш дастурларига киритилади.
13. Агар давлат кўчмас мулк объектини сотиш учун буюртманомани (таклифни) кўриб чиқиш натижаларига кўра у хусусийлаштириш дастури лойиҳасига киритилса, Агентлик ёки ҳудудий бошқарма бу ҳақдаги ёзма шаклдаги тегишли ахборотни буюртманома (таклиф) келиб тушган пайтдан бошлаб бир ой муддатда ариза берувчига етказади.
14. Давлат кўчмас мулк объектини хусусийлаштириш тўғрисидаги қарор қабул қилинган пайтдан бошлаб у янги мулкдорга топширилгунга қадар уни ҳар қандай усулда ўзгага бериш тақиқланади, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳоллар бундан мустасно.
14-1. Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимининг ёрдамчилари (кейинги ўринларда - ҳоким ёрдамчилари) томонидан ўз ҳудудларида аниқланган, ҳудуди 2 000 квадрат метргача бўлган давлат кўчмас мулк объектлари бўлганда - ҳоким ёрдамчиларининг онлайн-буюртманомасига асосан белгиланган тартибга мувофиқ тўғридан-тўғри "E-auksion" электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқарилади.
14-2. Вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органларига қарашли бўлган, уч ойдан ортиқ фойдаланилмасдан бўш турган давлат кўчмас мулк объектлари, ижтимоий объектлар бундан мустасно, Агентлик томонидан белгиланган тартибга мувофиқ уларнинг розилигисиз сотиш учун савдога чиқарилади.
III. ДАВЛАТ КЎЧМАС МУЛК ОБЪЕКТИНИ
СОТИШГА ТАЙЁРЛАШ
15. Тасдиқланган хусусийлаштириш дастурига мувофиқ Агентлик ёки ҳудудий бошқарма томонидан Бухгалтерия ҳисоби миллий стандартларига мувофиқ беш иш куни ичида давлат кўчмас мулки объектини инвентаризациядан ўтказиш тўғрисида балансда сақловчига ёзма талабнома юборилади.
21. Сотилаётган давлат кўчмас мулк объектининг инвентаризациядан ўтказилишини ташкил этиш ва ўтказиш Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларига мувофиқ амалга оширилади.
Ўтказилган инвентаризация якунларига кўра Агентлик томонидан тасдиқланган шакллар бўйича тегишли инвентаризациядан ўтказиш далолатномалари тузилади ҳамда балансда сақловчининг раҳбари томонидан имзоланади.
22. Иш якунлари бўйича балансда сақловчи томонидан Агентлик ёки ҳудудий бошқармага беш иш куни муддатида:
балансда сақловчининг раҳбари томонидан имзоланган асосий воситаларни инвентаризациядан ўтказиш далолатномалари;
давлат кўчмас мулк объектининг кадастр ҳужжатлари, шу жумладан кадастр харитаси (режаси) ва бошқа ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлар (мавжуд бўлганда) нусхалари;
ер участкасига, ер ости бойликлари ва бошқа табиий ресурсларга бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатлар;
сотилаётган давлат кўчмас мулк объектини тасарруф этиш ҳуқуқига таъсир қилувчи мавжуд юкламалар ва чеклашлар тўғрисидаги ахборот;
Агентлик томонидан белгиланган шакл бўйича давлат кўчмас мулк объекти тўғрисидаги асосий маълумотлар;
маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш органининг хулосаси (зарур бўлганда).
23. Фуқаролик муҳофазаси ва сафарбарлик аҳамиятига молик объектлари ва мол-мулки, архив ҳужжатлари, моддий-маданий мерос объектлари ва интеллектуал мулк объектлари, қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат сирига тааллуқли ҳужжатлари мавжуд бўлган давлат кўчмас мулк объекти сотилган тақдирда, балансда сақловчи томонидан ушбу Низомнинг 22-бандида кўрсатилган ҳужжатларга қўшимча тарзда мазкур объектлар ва мол-мулк ҳақидаги тегишли ахборот ва улардан келгусида фойдаланиш, шунингдек сафарбарлик топшириқларини бажаришнинг ҳолати бўйича маълумот тақдим этилади.
24. Балансда сақловчи томонидан тақдим этилган материаллар ва ҳужжатлар кўриб чиқилгандан кейин етти кундан кам бўлмаган муддатда Агентлик ёки ҳудудий бошқарма:
тайёрланган ҳужжатларда жиддий камчиликлар бўлганда уларни қайтариш сабабларини кўрсатган ҳолда ва уларни такрорий тақдим этишнинг улар қайтарилган пайтдан бошлаб ўн иш кунидан ошмайдиган муддатини белгилаган ҳолда пухталаштириш учун балансда сақловчига қайтаради;
тақдим қилинган ҳужжатлар ушбу Низомнинг 22 ва 23-бандларига мувофиқ бўлганда баҳоловчи ташкилот билан давлат кўчмас мулк объектини баҳолашдан ўтказиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шартнома тузади.
25. Балансда сақловчи ишининг умумий муддати талабнома келиб тушган пайтдан бошлаб беш иш кунидан ошмаслиги лозим. Агентлик ёки ҳудудий бошқарманинг қарори билан балансда сақловчининг иш муддати бир ойдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.
26. Давлат кўчмас мулк объектининг савдоларга қўйишдаги бошланғич нархи сотувчи томонидан баҳоловчи ташкилотнинг давлат кўчмас мулк объектининг қийматини баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботида ҳамда баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ишончлилигини экспертизадан ўтказиш натижалари тўғрисидаги эксперт хулосасида аниқланган миқдорда белгиланади.
Бунда, қуйидаги ҳолатларда баҳолаш ҳисоботлари ҳаққонийлигини мажбурий экспертизадан ўтказиш талаб этилмайди:
давлат кўчмас мулк объектини баҳолаш халқаро нуфузга эга аудиторлик компанияларининг Ўзбекистонда белгиланган тартибда фаолият юритаётган шуъба корхоналари томонидан амалга оширилганда;
давлат кўчмас мулк объекти "E-auksion" электрон савдо платформасида аукцион савдоларига чиқарилганда.
Давлат кўчмас мулк объектини савдоларга қўйиш тўғрисидаги буйруқ қабул қилингандан ва эълон оммавий ахборот воситаларида чоп этилгандан кейин мазкур объект қайта баҳоланмайди.
27. Давлат кўчмас мулк объектини савдоларга қўйиш Агентлик ёки ҳудудий бошқарманинг буйруғига асосан амалга оширилади.
28. Давлат кўчмас мулк объектини сотиш усули, муддатлари ва шартлари, агар Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Давлат комиссиясининг ёки Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ўз ваколати доирасида қабул қилинган қарорларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, сотувчи томонидан белгиланади.
29. Савдоларни ташкил этиш ва ўтказиш савдолар ташкилотчиси томонидан сотувчи билан тузиладиган шартномага асосан, унинг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Савдолар ташкилотчиси сифатида сотувчи ҳам қатнашиши мумкин.
III-1. ИЖАРАЧИ ТОМОНИДАН ДАВЛАТ КЎЧМАС
МУЛК ОБЪЕКТИНИ СОТИБ ОЛИШ ТАРТИБИ
29-1. Сотилаётган давлат кўчмас мулк объекти ижарага берилган бўлса, ушбу объектнинг ижарачиси мазкур Низомнинг 29-2-бандидаги талабларга мос келганда тўғридан-тўғри олди-сотди шартномасини тузиш орқали сотиб олиш мумкин.
29-2. Давлат кўчмас мулк объекти қуйидаги талабларнинг барчасини бажарган ижарачига олди-сотди шартномасини тузиш ҳуқуқи берилади:
2024 йил 1 январга қадар тузилган ижара шартномалари бўйича ижарага олганига камида беш йил бўлганда;
ижара шартномаси "E-auksion" электрон савдо платформаси орқали тузилганда;
объектда капитал таъмирлаш, модернизация қилиш, теварак-атрофини ободонлаштириш ва бино-иншоотларни турли даражада яхшилаш бўйича ишлар амалга оширилганда;
ижара тўловлари ўз вақтида тўлаб келинганда.
29-3. Давлат кўчмас мулк объектининг бошланғич баҳоси белгиланган тартибда аниқлангандан кейин уч кун муддатда, сотувчи ушбу давлат кўчмас мулк объектини ижарага олган ижарачини ёзма равишда (шахсан тилхат орқали ёки почтадан топширилганлиги маълум қилинадиган, шу жумладан электрон почтадан буюртма хат орқали) хабардор қилади.
29-4. Ижарачи томонидан давлат кўчмас мулк объектини тўғридан-тўғри сотиб олиш истагини билдирилган тақдирда, ўн кун муддатда ижара шартномасида назарда тутилган ҳолда ижарага берувчининг ёзма розилигига асосан ижара олинган давлат кўчмас мулк объектини капитал таъмирлаш, модернизация қилиш, объектга бириктирилган ер майдони доирасида теварак-атрофини ободонлаштириш бўйича ишларни амалга оширилганлиги тўғрисида назорат ўлчови натижаларини сотувчига тақдим этади.
29-5. Тегишли ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилган тақдирда, сотувчи томонидан беш кун муддатда ушбу Низомнинг 26-бандига мувофиқ аниқланадиган нархидан ижара даврида киритилган инвестицияларни чегириб ташлаш ҳисобига мазкур объектни шаклланган қийматда ижарачига таклиф этади.
Ижарачи, сотувчининг таклифи берилгандан сўнг, 20 кундан ошмаган муддатда объектни сотиб олишини тасдиқлаши ҳақидаги маълумотни ҳамда ижара даврида ижарачи томонидан кўчмас мулк объектига қилинган харажатларини тасдиқловчи мустақил аудиторлик ташкилоти ҳисоботини тақдим этади.
Бунда:
давлат кўчмас мулк объектининг ижарачисига унинг ижара даврида фойдаланилган қисмига мос қисми таклиф этилади, бир объектдан (унинг қисмларидан) бир неча ижарачи фойдаланган тақдирда, уларнинг ҳар бирига объектнинг ўзлари томонидан фойдаланган қисми (ушбу қисмларнинг ҳар биридан мустақил фойдаланиш имкониятини назарда тутган ҳолда) таклиф этилади;
давлат кўчмас мулк объектининг ижарачиси жами майдоннинг 50 фоиз ёки ундан ортик қисмидан ижара асосида фойдаланган тақдирда, унда ижарачи объектни тўлиқ ҳолда сотиб олиш таклифини сотувчига бериши, сотувчи томонидан эса объект унинг ушбу Низомнинг 26-бандига мувофиқ аниқланадиган нархидан ижара даврида киритилган инвестицияларни чегириб ташлаш орқали шаклланган қийматда тўлиқ ҳолда сотиш таклиф этилиши мумкин;
объектга қилинган харажатларнинг аудиторлик ташкилоти томонидан аниқланган қийматидан давлат кўчмас мулки объектининг ажратиб бўлмайдиган таркибий қисми ҳисобланмайдиган мол-мулклар қиймати чиқариб ташланиши лозим;
объектнинг ушбу Низомнинг 26-бандига мувофиқ аниқланадиган нархидан ижара даврида қилинган харажатларнинг аудиторлик ташкилоти томонидан аниқланган қийматини чегиришда аввал ижарачига ижара ҳақи юзасидан берилган чегирмалар қиймати инобатга олиниши лозим.
29-6. Ижарачи томонидан давлат кўчмас мулк объектини сотиб олишни рад этган ёки ижарачи хабардор қилинган кундан бошлаб ўн иш куни муддатида Агентлик ёки унинг ҳудудий бошқармасининг мурожаатига жавоб бермаган ёхуд ўн кун муддатда олди-сотди шартномасини тузмаган тақдирда ушбу давлат кўчмас мулк объекти мазкур Низом билан белгиланган тартибда оммавий савдоларга чиқарилади.
Давлат кўчмас мулки объектини (унинг қисмларини) ижарачи (ижарачилар) томонидан сотиб олиниши эҳтимолини инобатга олган ҳолда, сотувчи объект қийматини тўлиқ ҳолда ҳамда ижара асосида фойдаланилаётган қисми (қисмлари)ни қийматини алоҳида кўрсатган ҳолда аниқланишини таъминлайди.
Ижарачи ижара асосида давлат кўчмас мулки объектининг тўлиқ майдонидан фойдаланмаган ва фақат ўзи томонидан фойдаланилган қисмини сотиб олиш истагини билдирган тақдирда, сотувчи томонидан давлат кўчмас мулки объектининг тегишли қисмлари бўйича алоҳида кадастр ҳужжатлари белгиланган тартибда шакллантирилади ва кейин сотилиши таъминланади.
IV. ДАВЛАТ КЎЧМАС МУЛК ОБЪЕКТЛАРИНИ
АУКЦИОНДА СОТИШ
30. Аукционни ўтказиш учун сотувчи:
савдолар ташкилотчиси билан давлат кўчмас мулк объектларини сотиш бўйича аукционни ташкил этиш юзасидан хизматлар кўрсатишга шартнома тузади, шартнома тарафларнинг реквизитлари, шартнома предмети, савдолар ташкилотчиси ва сотувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шу жумладан, савдолар ташкилотчисини зарур ҳужжатлар ва сотилаётган давлат кўчмас мулк объекти тўғрисидаги ахборот билан таъминлаш, тарафларнинг ўзаро ҳисоб-китоблари тартиби ва жавобгарлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлардан иборат бўлиши лозим;
аукционнинг санаси ва турини белгилайди;
ўзининг расмий веб-сайтида аукцион ўтказилиши тўғрисидаги хабарномани (бундан буён матнда аукцион тўғрисидаги хабарнома деб юритилади) эълон қилади, танлов асосидаги аукционлар ўтказиш ҳоллари бундан мустасно;
сотувчи, риэлторлик ташкилоти, балансда сақловчи вакилларидан ва, зарур бўлганда, шу жумладан шартнома асосида жалб этиладиган мустақил экспертлар ва маслаҳатчилардан ташкил топган камида беш кишидан иборат таркибда доимий ёки вақтинча ишлайдиган аукцион комиссиясини шакллантиради. Аукцион комиссиясига сотувчининг вакили бошчилик қилади.
Аукцион комиссияси ўзининг иш регламентини мустақил равишда тасдиқлайди. Қарор комиссия аъзолари умумий сонининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда аукцион комиссияси раиси ҳал қилувчи овоз ҳуқуқига эга бўлади.
Аукцион комиссиясининг қарорлари, агар унинг мажлисида унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашса, қонуний ҳисобланади.
Аукцион комиссияси талабларнинг ягоналигини ва аукцион натижалари бўйича қарор қабул қилишнинг холислигини таъминлайди.
30-1. Давлат кўчмас мулк объектини "E-auksion" электрон савдо платформасида сотишда аукцион ҳайъати тузилмайди.
31. Савдолар ташкилотчиси сотувчи билан тузилган шартномага ва сотувчининг бошқа фармойиш берувчи ҳужжатларига мувофиқ:
аукционда қатнашишга буюртманома бериш муддатини белгилайди;
аукцион ўтказилишидан камида ўттиз кун олдин ўзининг ва сотувчининг расмий веб-сайтида аукцион тўғрисидаги хабарномани чоп этади, бунда байрам ва дам олиш кунларида савдолар ўтказилмайди, савдо байрам ва дам олиш кунларига тўғри келган тақдирда, навбатдаги иш кунида ўтказилади;
сотилаётган давлат кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги ахборотни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ошкор этади;
талабгорларнинг аукционда қатнашишга буюртманомаларини рўйхатдан ўтказади;
танлов асосидаги аукцион ўтказилиши тўғрисидаги хабарномани (бундан буён матнда танлов асосидаги аукцион тўғрисидаги хабарнома деб юритилади) юборади ва мазкур хабарномада кўрсатилган нодавлат юридик ва жисмоний шахслардан буюртманомалар олади;
талабгорларни тақдим этиладиган ҳужжатларнинг намуналари билан таъминлайди ва уларни расмийлаштиришда ёрдам беради;
талабгорлардан ушбу Низомга мувофиқ аукцион қатнашчилари рўйхатини шакллантиради;
аукцион тўғрисидаги хабарнома чоп этилган пайтдан бошлаб нодавлат юридик ва жисмоний шахсларга уларнинг сўровномалари бўйича сотилаётган давлат кўчмас мулк объекти тўғрисида қўшимча ахборот беради;
аукцион якунлари тўғрисидаги ахборотни чоп этади, у аукцион ўтказилган кундан бошлаб ўттиз кун ичида илгари аукцион тўғрисидаги хабарнома чоп этилган айнан ўша оммавий ахборот воситаларида чоп этилади;
тузилган шартномага мувофиқ бошқа функцияларни бажаради.
32. Аукцион (танлов асосидаги аукцион) тўғрисидаги хабарнома қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:
савдолар ташкилотчисининг номи ва почта манзили, унинг алоқа телефони, телефакси, электрон почтаси манзили;
аукционга қўйилган давлат кўчмас мулк объектларининг номи, миқдори, тавсифи ва уларнинг жойлашган жойи;
сотилаётган давлат кўчмас мулк объектининг бошланғич нархи;
балансда сақловчининг номи, унинг фаолияти соҳаси;
аукцион ўтказиладиган сана, вақт ва жой;
олди-сотди шартномаси тузилишининг охирги муддати;
закалат қўйиш миқдори, муддати ва тартиби, уни қўйиш учун банк реквизитлари;
буюртманомаларни қабул қилишнинг охирги муддати (кун ва соат кўрсатилган ҳолда);
қўшимча ахборот олиш мумкин бўлган манзил ва алоқа телефони.
33. Танлов асосидаги аукционни ўтказишда сотувчи унинг талабларига мос келадиган нодавлат юридик ва жисмоний шахслар рўйхатини олдиндан аниқлайди, савдолар ташкилотчиси уларга ёпиқ аукцион тўғрисидаги хабарномани аукцион бошланишидан камида ўттиз кун олдин юборади. Танлов асосидаги аукцион тўғрисидаги хабарнома оммавий ахборот воситаларида чоп этилмайди ҳамда аукцион таклиф этилган нодавлат юридик ва жисмоний шахслар ўртасида ўтказилади.
34. Аукционда қатнашиш учун талабгор мажбуриятларни бажариш таъминоти сифатида давлат кўчмас мулк объекти бошланғич нархининг камида 10 фоизи миқдорида закалат тўлаши лозим. Закалатнинг аниқ миқдори сотувчи томонидан белгиланади.
35. Аукционда қатнашиш учун буюртманомалар очиқ аукцион (танлов асосидаги аукцион) тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган муддатларда қабул қилинади.
35-1. "E-auksion" электрон савдо платформасида қатнашиш учун талабномани қабул қилиш, аукционни ўтказиш, ғолибни аниқлаш ва аукцион натижаларини расмийлаштириш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
36. Аукционда қатнашиш учун талабгор ёки унинг ваколатли вакили савдолар ташкилотчисига шахсан ёки почта орқали аукцион (танлов асосидаги аукцион) тўғрисидаги хабарномада белгиланган муддатларда қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда аукционда қатнашиш учун буюртманомани икки нусхада тақдим этади:
нодавлат юридик шахслар учун - давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган ваколатли вакилнинг аукционда қатнашиши учун ишончнома, унинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжат нусхасини илова қилган ҳолда;
жисмоний шахслар учун - паспортнинг нусхаси, аукционда ваколатли вакил қатнашган тақдирда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома, унинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжат нусхасини илова қилган ҳолда;
аукцион (танлов асосидаги аукцион) тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган банк ҳисобварағига закалат тўланганлигини тасдиқлайдиган тўлов ҳужжатининг нусхаси.
Тақдим этилган ҳужжатларнинг барча варақлари талабгорнинг имзоси билан тасдиқланади.
37. Савдолар ташкилотчиси буюртманоманинг иккинчи нусхасига ҳужжатларнинг рўйхати билан биргаликда берилган ҳужжатлар қабул қилинганлиги тўғрисида улар қабул қилинган сана ва вақтни кўрсатган ҳолда белги қўяди, ушбу нусха талабгорга ёки унинг ваколатли вакилига топширилади ёхуд почта орқали юборилади. Буюртманомалар сотувчи томонидан белгиланадиган тартибда ҳисобга олиниши лозим.
38. Танлов тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган қабул қилиш муддати тугагандан кейин тушган, ушбу Низомнинг 36-бандида кўрсатилган талабларга мувофиқ бўлмаган буюртманомалар савдолар ташкилотчиси томонидан қабул қилинмайди.
Ҳужжатларнинг тушган санаси савдолар ташкилотчисида рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги белги бўйича белгиланади.
Бошқа асослар бўйича аукционда қатнашишнинг рад этилишига йўл қўйилмайди.
39. Савдолар ташкилотчиси томонидан қабул қилинмаган буюртманомалар ўша куннинг ўзида талабгор ёки унинг ваколатли вакилига тилхат олиб топшириш ёхуд қабул қилиш рад этилишининг сабаблари кўрсатилган ҳолда почта орқали (буюртма хат топширилганлиги ҳақидаги хабарнома билан) юбориш йўли билан қайтарилади. Бунда тўланган закалат суммаси беш банк куни ичида қайтарилади.
40. Аукционда қатнашишга савдолар ташкилотчиси томонидан буюртманомалари қабул қилинган талабгорларга рухсат этилади.
41. Аукцион қатнашчиларига аукционни ўтказиш куни аукцион қатнашчиси чиптаси берилади, унда қатнашчининг рақами ва аукционга қўйилган давлат кўчмас мулк объектининг номи кўрсатилади. Қатнашчиларга шунингдек аукцион давомида фойдаланиладиган махсус рақамли белгилар берилади.
42. Аукцион қатнашчиси аукцион ўтказилишидан бир соат олдин савдо ташкилотчисига ёзма билдиришнома бериш йўли билан буюртманомани қайтариб олиши мумкин. Ушбу ҳолда қатнашчидан тушган закалат буюртманома қайтариб олиниши тўғрисидаги билдиришнома савдолар ташкилотчисига тушган пайтдан бошлаб беш банк кунидан кеч бўлмаган муддатда қайтарилиши лозим.
43. Аукцион, агар буюртманома қабул қилиш тамом бўлиши санасигача бирорта ҳам буюртманома тушмаса ёки фақат битта буюртманома тушса, бўлиб ўтмаган деб эътироф этилади.
Бунда савдолар ташкилотчиси бу тўғрида аукцион комиссиясини, сотувчини ва ягона буюртманомани берган қатнашчини хабардор қилади.
44. Давлат кўчмас мулк объектларини сотиш бўйича аукционлар объектнинг бошланғич нархини қадамба-қадам ошириш тарзида ўтказилади.
45. Аукционни савдолар ташкилотчиси томонидан тайинланадиган аукциончи ўтказади. Аукцион аукциончи томонидан савдо предмети, давлат кўчмас мулк объектининг номи, қисқача тавсифи ва бошланғич нархи, савдо жараёнида уни ошириш босқичи (аукцион босқичи) эълон қилинган ҳолда бошланади.
46. Аукционнинг дастлабки босқичи аукцион комиссияси томонидан бошланғич нархнинг 1 фоизидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади.
47. Аукцион жараёнида ҳар уч босқичдан кейин аукциончи аукцион босқичини ошириш томонга ўзгартириши мумкин. Бунда аукциончи нархни айтади, қатнашчилар эса рақамли белгини кўтариб давлат кўчмас мулк объектини мазкур нархда сотиб олишга тайёрликлари тўғрисида хабар берадилар.
48. Бир нечта қатнашчилар томонидан қизиқиш намоён этилган тақдирда аукциончи нархни аукцион босқичига мувофиқ ошириб навбатдаги нархни эълон қилади.
49. Аукцион навбатдаги нарх уч маротаба эълон қилингандан кейин қатнашчилардан бирортаси рақамли белгисини кўтармаганда якунланади. Чиптасининг рақами аукциончи томонидан охирги марта айтилган қатнашчи аукцион ғолибига айланади. Шундан кейин аукциончи аукцион савдосига қўйилган давлат кўчмас мулк объектининг сотилганлигини эълон қилади, сотув нархини ва аукцион ғолибининг чипта рақамини айтади.
Аукционлар биринчи аукцион ўтказилган санадан сўнг икки ой ичида ўн иш кунида бир марта даврийликда ўтказилади.
V. ДАВЛАТ КЎЧМАС МУЛК ОБЪЕКТЛАРИНИ
ТАНЛОВДА СОТИШ
50. Танловни ўтказиш учун сотувчи:
савдолар ташкилотчиси билан давлат кўчмас мулк объектларини сотиш бўйича танловни ташкил этиш юзасидан хизматлар кўрсатишга шартнома тузади, шартнома тарафларининг реквизитлари, шартнома предмети, савдолар ташкилотчиси ва сотувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шу жумладан, савдолар ташкилотчисини зарур ҳужжатлар ва сотилаётган давлат кўчмас мулк объекти тўғрисидаги ахборот билан таъминлаш, тарафларнинг ўзаро ҳисоб-китоблари тартиби ва жавобгарлиги, қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлардан иборат бўлиши лозим;
танлов санаси, шартлари ва турини белгилайди;
ўзининг расмий веб-сайтида танлов ўтказилиши тўғрисидаги хабарномани (бундан буён матнда танлов тўғрисидаги хабарнома деб юритилади) эълон қилади;
сотувчи, савдолар ташкилотчиси, балансда сақловчи вакилларидан ва зарур бўлганда, шу жумладан шартнома асосида жалб этиладиган мустақил экспертлар ва маслаҳатчилардан ташкил топган камида беш кишидан иборат таркибда доимий ёки вақтинча ишлайдиган танлов комиссиясини шакллантиради. Танлов комиссиясига сотувчининг вакили бошчилик қилади.
50-1. Давлат кўчмас мулк объектини "E-auksion" электрон савдо платформасида сотишда танлов ҳайъати тузилмайди.
"E-auksion" электрон савдо платформасида қатнашиш учун талабномани қабул қилиш, танловни ўтказиш, ғолибни аниқлаш ва танлов натижаларини расмийлаштириш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
51. Танлов комиссияси ўзининг иш регламентини мустақил равишда тасдиқлайди. Қарор комиссия аъзолари умумий сонининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда танлов комиссияси раиси ҳал қилувчи овоз ҳуқуқига эга бўлади.
Танлов комиссиясининг қарорлари, агар унинг мажлисида аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашса, қонуний ҳисобланади.
Танлов комиссияси талабларнинг ягоналигини ва танлов натижалари бўйича қарор қабул қилишнинг холислигини таъминлайди ва танлов ҳужжатларини тасдиқлайди, ушбу ҳужжатлар умумий қабул қилинган белгилар ва номлардан фойдаланган ҳолда тушунарли тилда, икки хил талқин этилмайдиган сўзлар ва жумлалардан тузилиши лозим.
52. Савдолар ташкилотчиси сотувчи билан тузилган шартномага ва сотувчининг бошқа фармойиш берувчи ҳужжатларига мувофиқ:
сотиш учун қўйилаётган давлат кўчмас мулк объектлари тўғрисидаги ахборотни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ошкор этади;
инвесторларни, шу жумладан, хорижий инвесторларни излашни ташкил этади ва талабгорларнинг сотилаётган давлат кўчмас мулк объектлари билан танишиши учун шароитлар яратади;
танлов ҳужжатларини тайёрлайди;
танловда қатнашиш учун буюртманомалар бериш муддатини белгилайди;
танлов таклифлари солинган конвертларни очиш белгиланган санадан камида ўттиз кун олдин ўзининг ва сотувчининг расмий веб-сайтида танлов ўтказилиши тўғрисидаги хабарномани (бундан буён матнда танлов тўғрисидаги хабарнома деб юритилади) эълон қилади, бунда байрам ва дам олиш кунларида савдолар ўтказилмайди, савдо байрам ва дам олиш кунларига тўғри келган тақдирда, навбатдаги иш кунида ўтказилади;
талабгорларга уларнинг сўровлари бўйича танлов ҳужжатларини беради;
талабгорларнинг танловда қатнашиш учун буюртманомаларини рўйхатдан ўтказади ва уларнинг маҳфийлигини ва сақланишини таъминлайди;
талабгорларни тақдим этиладиган ҳужжатларнинг намуналари билан таъминлайди ва уларни расмийлаштиришда ёрдам беради;
танлов якунлари тўғрисидаги ахборотни чоп этади, у танлов ўтказилган кундан бошлаб ўттиз кун ичида илгари танлов тўғрисидаги хабарнома чоп этилган айнан ўша оммавий ахборот воситаларида чоп этилади;
тузилган шартномага мувофиқ бошқа функцияларни бажаради.
53. Танлов тўғрисидаги хабарнома қуйидаги маълумотларни ўз ичига олиши лозим:
савдолар ташкилотчисининг номи ва почта манзили, унинг алоқа телефони, телефакси, электрон почтаси манзили;
танловга қўйилган давлат кўчмас мулк объектларининг номи, миқдори, тавсифи ва уларнинг жойлашган жойи;
сотилаётган давлат кўчмас мулк объектининг бошланғич нархи;
инвестициявий мажбуриятларнинг (киритиш шакли ва шартлари ёйиб кўрсатилган ҳолда) ва ижтимоий мажбуриятларнинг энг кам ҳажми;
мавжуд қўшимча юкламалар тўғрисидаги ахборот;
балансда сақловчининг номи ва унинг фаолияти соҳаси;
қатнашчиларнинг таклифлари билдирилган конвертларни очиш санаси, вақти ва жойи;
танлов ўтказиш санаси, вақти, жойи ва шартлари;
давлат кўчмас мулк объектининг олди-сотди шартномасини (бундан буён матнда олди-сотди шартномаси деб юритилади) тузишнинг охирги муддати;
закалат қўйиш миқдори, муддати ва тартиби, уни қўйиш учун банк реквизитлари;
буюртманомаларни қабул қилишнинг (кун ва соат кўрсатилган ҳолда) охирги муддати;
танлов ҳужжатларини ва қўшимча ахборотни олиш мумкин бўлган манзил.
55. Танловда қатнашиш учун талабгор мажбуриятларни бажариш таъминоти сифатида давлат кўчмас мулк объекти бошланғич нархининг камида 10 фоизи миқдорида закалат тўлаши шарт. Закалатнинг аниқ миқдори сотувчи томонидан белгиланади.
56. Танловда қатнашиш учун талабгор ёки унинг ваколатли вакили савдолар ташкилотчисига танлов тўғрисидаги хабарномада белгиланган муддатларда шахсан ёки почта орқали қуйидаги ҳужжатларни илова қилган ҳолда буюртманомани икки нусхада тақдим этади:
нодавлат юридик шахслар учун - қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган ваколатли вакилнинг танловда қатнашиши учун ишончнома, унинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжат нусхасини илова қилган ҳолда;
жисмоний шахслар учун - паспортининг нусхаси, танловда ваколатли вакил қатнашган тақдирда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган ишончнома, унинг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжат нусхасини илова қилган ҳолда;
бизнес-режа имзоланган конвертда, шунингдек танлов ҳужжатларига мувофиқ тузилган танлов таклифлари (таклиф қилинган сотиб олиш тўловлари суммаси ва уни тўлаш муддатлари, таклиф қилинаётган инвестиция мажбуриятлари суммаси, унинг шакли, муддати ва киритиш шарти) билан.
Тақдим этилган ҳужжатларнинг барча варақлари талабгорнинг имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак.
57. Савдолар ташкилотчиси буюртманоманинг иккинчи нусхасига ҳужжатларнинг рўйхати билан биргаликда берилган ҳужжатлар қабул қилинганлиги тўғрисида улар қабул қилинган сана ва вақтни кўрсатган ҳолда белги қўяди, ушбу нусха талабгорга ёки унинг ваколатли вакилига топширилади ёхуд почта орқали юборилади. Буюртманомалар сотувчи томонидан белгиланадиган тартибда ҳисобга олиниши лозим.
58. Танлов тўғрисидаги хабарномада кўрсатилган қабул қилиш муддати тугагандан кейин тушган буюртманомалар савдолар ташкилотчиси томонидан қабул қилинмайди. Почта орқали юборилган ҳужжатларнинг тушган санаси савдолар ташкилотчисининг рўйхатдан ўтказиши бўйича белгиланади.
59. Савдолар ташкилотчиси томонидан қабул қилинмаган буюртманомалар ўша куннинг ўзида талабгор ёки унинг ваколатли вакилига тилхат олиб топшириш ёхуд қабул қилиш рад этилишининг сабаблари кўрсатилган ҳолда почта орқали (буюртма хат топширилганлиги ҳақидаги хабарнома билан) юбориш йўли билан қайтарилади. Бунда тўланган закалат суммаси беш банк куни ичида қайтарилади.
60. Агар:
ушбу Низомнинг 56-бандида кўрсатилган ҳужжатлар рўйхатига мувофиқ барча ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса;
талабгор - нодавлат юридик шахснинг тугатиш босқичида турганлиги ёки банкрот деб топилганлиги аниқланса, талабгор ёки унинг ваколатли вакили танлов комиссияси томонидан танловда қатнашишга қўйилмайди.
Бошқа асослар бўйича танловда қатнашишнинг рад этилишига йўл қўйилмайди.
61. Конвертларни очишнинг белгиланган санасигача талабгор савдолар ташкилотчисини ёзма равишда хабардор қилган ҳолда ўзининг буюртманомасини қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Савдолар ташкилотчиси кўрсатиб ўтилган билдиришномани у тушган кунда рўйхатдан ўтказиши шарт. Ушбу ҳолда талабгордан тушган закалат тушган билдиришнома рўйхатга олинган кундан бошлаб беш банк кунидан кеч бўлмаган муддатда қайтарилиши лозим.
62. Танловда қатнашишга буюртманомаларни қабул қилиш танлов тўғрисидаги хабарнома чоп этилган кундан бошланади ва хабарномада белгиланган конвертларни очиш санасидан уч соат олдин тўхтатилади.
Танлов савдо ўтказилиши тўғрисидаги расмий эълон нашр этилган кундан эътиборан 60 кундан ортиқ бўлмаган муддатда, аниқ белгиланган мезонларга мувофиқ, шу жумладан инвестиция ҳажмлари ва янги иш ўринлари яратиш шартлари асосида ўтказилади.
63. Танлов, агар хабарномада белгиланган конвертларни очиш санасида бирорта ҳам буюртманома тушмаган ёки фақат битта буюртманома тушган бўлса, бўлиб ўтмаган деб эътироф этилади.
Бунда савдолар ташкилотчиси бу тўғрида танлов комиссиясини, сотувчини ва ягона буюртманомани берган талабгорни хабардор қилади.
64. Танлов комиссияси, агар берилган танлов таклифларидан ҳеч бири танлов шартларига мувофиқ бўлмаса, танловни бўлиб ўтмаган деб эътироф этиши мумкин.
65. Танлов таклифлари билдирилган конвертларнинг биринчи нусхаларини очиш танлов комиссияси томонидан амалга оширилади. Конвертларнинг иккинчи нусхалари савдолар ташкилотчисида сақланади ва таклифларнинг мазмунига оид низолар келиб чиққан тақдирда очилади.
Ягона қатнашчининг танлов таклифлари билдирилган конверт очилмайди.
Танлов қатнашчилари ёки уларнинг ваколатли вакиллари конвертларни очишда ҳозир бўлишлари мумкин.
Танлов таклифлари билдирилган конвертларни очишда танлов комиссияси томонидан танловда қатнашиш шартлари ва тартиб-таомилларига риоя қилиш, танлов ҳужжатларида кўрсатилган ҳужжатларнинг мавжудлиги текширилади.
66. Конвертларни очиш натижалари бўйича баённома тузилади, унда тушган барча танлов таклифлари ҳамда уларнинг танлов шартлари ва тартиб-таомилларига мувофиқлиги қайд этилади.
67. Танлов таклифларини баҳолаш ва танлов ғолибини аниқлаш қуйидаги формула бўйича амалга оширилади:
TT = (T * 0,8) + (И * 0,2), бунда:
ТТ - қатнашчининг танлов таклифи;
Т - давлат кўчмас мулк объекти учун сотиб олиш тўлови суммаси бўйича қатнашчининг таклифи;
И - инвестициявий мажбуриятлар миқдори бўйича қатнашчининг таклифи.
68. Танлов туридан қатъи назар, танлов ғолибини аниқлаш танлов комиссиясининг ёпиқ мажлисида ўтказилади.
Танлов таклифи (бизнес-режа) танлов шартларига энг кўп даражада мувофиқ деб эътироф этилган қатнашчи танлов ғолиби деб эътироф этилади.
Икки ёки ундан ортиқ танлов таклифлари тенг бўлган тақдирда, таклифида сотиб олиш суммаси юқори бўлган қатнашчи ғолиб деб эътироф этилади, агар сотиб олиш тўлови суммаси бўйича ҳам, инвестициявий мажбуриятлар миқдори бўйича ҳам бир хилдаги таклифлар берилган бўлса - таклифи савдолар ташкилотчиси томонидан олдин рўйхатдан ўтказилган қатнашчи ғолиб деб эътироф этилади.
Савдолар ташкилотчиси танлов қатнашчиларини унинг натижалари билан танлов якунлари тўғрисида қарор қабул қилинган кундан бошлаб беш иш куни ичида хабардор қилади.
69. Танловлар биринчи танлов ўтказилган санадан сўнг икки ой ичида ўн иш кунида бир марта даврийликда ўтказилади.
VI. АУКЦИОН ВА ТАНЛОВ КОМИССИЯЛАРИНИНГ
ҲУҚУҚЛАРИ
70. Аукцион ва танлов комиссиялари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ушбу Низом, бошқа қонун ҳужжатлари талаблари бузилган, аукцион ёки танлов жараёнини бузадиган тил бириктириш ва бошқа олдиндан кўриб бўлмайдиган ҳолатлар аниқланган тақдирда аукцион ёки танловни ўтказишни тўхтатиш;
тегишлича асослаган ҳолда аукцион ёки танловни бўлмаган деб эътироф этиш;
танлов қатнашчиларининг танлов таклифларини, улар танлов ҳужжатларига ва танловни ўтказиш шартларига мувофиқ бўлмаган тақдирда, рад этиш сабабларини кўрсатиб, танлов қатнашчиларини хабардор қилган ҳолда, рад этиш;
танлов ўтказиш санасини, илгари танлов тўғрисидаги хабарнома чоп этилган айнан ўша оммавий ахборот воситаларида тегишли ахборотни чоп этиш орқали ёзма равишда хабардор қилган ҳолда, танлов тўғрисидаги хабарномада белгиланган муддатдан икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатга кўчириш;
аукцион ўтказиш санасини илгари аукцион (танлов асосидаги аукцион) тўғрисидаги хабарнома чоп этилган айнан ўша оммавий ахборот воситаларида тегишли ахборотни чоп этиш орқали (илгари танлов асосидаги аукцион тўғрисидаги хабарнома юборилган нодавлат юридик ва жисмоний шахсларга тегишли ахборотни юборган ҳолда) ёзма равишда хабардор қилган ҳолда, аукцион (танлов асосидаги аукцион) тўғрисидаги хабарномада белгиланган муддатдан икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатга кўчириш;
аукцион ёки танлов ўтказилишини бекор қилиш, бу тўғрида сотувчи ва қатнашчиларни тегишлича асослаган ҳолда хабардор қилиш.
VII. АУКЦИОН ВА ТАНЛОВ НАТИЖАЛАРИНИ
РАСМИЙЛАШТИРИШ
71. Аукцион ёки танлов ўтказиш якунлари бўйича аукцион ёки танлов комиссияси томонидан тегишли равишда аукцион ёки танлов савдолари баённомаси расмийлаштирилади, баённомада аукцион ёки танловнинг барча қатнашчилари, уларнинг таклифларининг мазмуни ва ғолибни танлаш тўғрисидаги қарор кўрсатилади.
71-1. Давлат кўчмас мулк объектини "E-auksion" электрон савдо платформасида сотишда электрон савдолар баённомаси харидорга аукцион (танлов) ғолиби билан ЭРИ орқали имзоланадиган электрон олди-сотди шартномасини тузиш учун юборилади.
72. Аукцион ёки танлов комиссиясининг қарорига мувофиқ савдолар ташкилотчиси ва ғолиб томонидан савдо ўтказилган кунда олди-сотди шартномасини расмийлаштириш учун асос ҳисобланадиган ўтказилган савдоларнинг натижалари тўғрисидаги баённома имзоланади.
Ўтказилган савдонинг натижалари тўғрисидаги имзоланган баённома сотувчига ва ғолибга тақдим этилади.
73. Ғолиб баённомани ёки олди-сотди шартномасини имзолашдан бош тортган ёки рад этган тақдирда:
аукцион комиссияси томонидан баённомага тегишли белги қўйилади ва сотувчи аукцион ғолиби томонидан таклиф этилган нархдан бир босқич паст нархни таклиф этган аукцион қатнашчиси билан шартнома тузишни таклиф қилади;
танлов комиссияси томонидан баённомага тегишли белги қўйилади ва сотувчи таклифи танлов шартларига энг кўп мувофиқ бўлган танловнинг бошқа қатнашчиси билан шартнома тузишни таклиф қилади.
Агар ушбу қатнашчи ҳам олди-сотди шартномасини имзолашни рад этса, аукцион ёки танлов натижалари бекор қилинади.
Баённомани ва (ёки) олди-сотди шартномасини имзолашдан бош тортаётган ёки рад этаётган аукцион ёки танлов ғолибига унинг томонидан тўланган закалат суммаси қайтарилмайди.
74. Аукцион ёки танлов ғолиби баённомани ва (ёки) олди-сотди шартномасини имзолашдан, давлат кўчмас мулк объектини, шунингдек, келишув ва аукцион ёки танлов жараёнини бузувчи бошқа хатти-ҳаракатларда қатнашиш, сотиб олиш бўйича олди-сотди шартномаси шартларини бажаришдан бош тортган ёки рад этган тақдирда, у келгусида мазкур объектни сотиш бўйича навбатдаги савдоларда қатнашиши мумкин эмас.
IX. ДАВЛАТ КЎЧМАС МУЛК ОБЪЕКТЛАРИНИНГ
ОЛДИ-СОТДИ ШАРТНОМАЛАРИНИ ТУЗИШ
82. Баённома имзолангандан кейин ўн кундан кечикмай, агар аукцион (танлов) тўғрисидаги хабарномада бошқача муддат белгиланмаган бўлса, аукцион (танлов) ғолиби билан олди-сотди шартномаси тузилади.
Аукцион (танлов) ўтказиш натижалари бўйича олди-сотди шартномаси бир тарафдан сотувчи ва бошқа тарафдан ғолиб ҳамда балансда сақловчининг иштирокида тузилади.
83. Олди-сотди шартномасида қуйидаги маълумотлар ва шартлар акс эттирилиши керак:
тарафларнинг номи ва манзиллари;
олди-сотди шартномасини тузиш учун асослар;
давлат кўчмас мулк объектининг номи ва жойлашган жойи;
сотиб олиш тўловининг миқдори, валютаси, амалга ошириш шартлари, тартиби ва муддатлари;
тарафларнинг мажбуриятлари, шу жумладан, сотилган давлат кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқининг сотувчидан харидорга ўтиши шартлари, тартиби ва кетма-кетлиги, шу жумладан, мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордерини бериш;
олди-сотди шартномаси бўйича қабул қилинадиган мажбуриятларни ўз вақтида бажармаганлик ва (ёки) бажармаганлик учун жавобгарлик, жарима миқдори ва тўлаш шартлари;
олди-сотди шартномаси доирасида юзага келадиган низолар ва даъволарга нисбатан, биринчи навбатда медиация тартиб-таомилини амалга ошириш, олди-сотди шартномасини бекор қилиш шартлари, қўлланадиган ҳуқуқ, форс-мажор ҳолатларини аниқлаш ва бундай ҳолатда ҳаракат қилиш тартиби, тили, нусхалар сони, олди-сотди шартномасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш шартлари, унинг кучга кириши;
тарафларнинг кафолатлари шаклидаги иловалар.
Олди-сотди шартномасида зарурат бўлганда қуйидагилар кўрсатилиши мумкин:
харидор томонидан қабул қилинадиган инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларнинг ҳажми (пул ифодасида), умумий мазмуни, амалга ошириш шартлари, кетма-кетлиги ва муддатлари;
харидор томонидан тўловлар бўлиб-бўлиб тўланаётган ва инвестициявий ва (ёки) ижтимоий мажбуриятлар бажарилаётган даврда сотилаётган давлат кўчмас мулк объектидан фойдаланиш шартлари;
инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни амалга оширишнинг батафсил дастурини (режа-жадвалини) тайёрлаш ва харидор томонидан сотувчи билан келишиш учун тақдим этишнинг, уларнинг бажарилиши мониторингини олиб боришнинг муддати;
инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар асосий бандлари мазмунининг баёни, харидор томонидан бажарилиши муддатлари, уларнинг амалга оширилганлиги ҳолатини тасдиқлаш тартиби ва шартлари.
84. Агентлик, ҳудудий бошқармаси томонидан сотиб олиш тўловларининг тушиши, харидор томонидан инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларнинг сўзсиз бажарилиши ва уларнинг муддатлари юзасидан доимий мониторинг амалга оширилади.
85. Харидор билан тузилган олди-сотди шартномаси бекор қилинган тақдирда, унинг томонидан сотиб олиш тўловлари хорижий валютада амалга оширилган бўлса, қайтарилиши лозим бўлган маблағлар тегишли жарима ушлаб қолингандан кейин харидор билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг миллий валютасида, уларни харидор томонидан кўрсатилган банк ҳисоб рақамига пул ўтказиш санасидаги курси бўйича ўтказиб берилиши мумкин.
86. Баҳоланган нархидан паст қийматида сотилган давлат кўчмас мулк объектларининг савдолари якунлари бекор қилинган ёки олди-сотди шартномалари бекор қилинган ёхуд ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда, агар уларни савдога қўйиш ва олди-сотди шартномасини бекор қилиш (ҳақиқий эмас деб ҳисоблаш) санаси орасидаги муддат бир йилдан ошмаган бўлганда шаклланган нархи бўйича, баҳоланган нархидан баланд қийматида сотилганда охирги савдоларга чиқарилган нарх бўйича - агар савдога қўйиш ва шартномаларни бекор қилиш ёхуд ҳақиқий эмас деб топиш санаси орасидаги муддат бир йилдан ошмаган бўлса, амалга оширилади.
Савдога қўйиш ва шартномаларни бекор қилиш ёхуд ҳақиқий эмас деб топиш санаси орасидаги муддат бир йилдан ошган бўлса давлат кўчмас мулк объектлари белгиланган тартибда такрорий баҳолашдан кейин савдога қўйилади.
Бунда давлат кўчмас мулк объектлари ушбу Низомнинг тегишли равишда IV ва V бўлимларига мувофиқ айнан ўша турдаги савдоларга қўйилади.
87. Савдога қўйиш ва олди-сотди шартномасини бекор қилиш ёхуд уни ҳақиқий эмас деб топиш санаси ўртасидаги муддат бир йилдан ошган тақдирда давлат кўчмас мулк объекти белгиланган тартибда такроран баҳолашдан кейин савдога қўйилади.
X. ДАВЛАТ КЎЧМАС МУЛК ОБЪЕКТИНИ СОТИШ
ЯКУНЛАРИ БЎЙИЧА ҲИСОБ-КИТОБЛАРНИ ЎТКАЗИШ
ВА МУЛК ҲУҚУҚИНИ ТАСДИҚЛОВЧИ ДАВЛАТ
ОРДЕРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ
88. Олди-сотди шартномаси тузилгандан кейин харидор ёки унинг ваколатли вакили тузилган олди-сотди шартномасининг шартларига мувофиқ сотиб олиш тўловларини амалга оширади ҳамда инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни бажаради. Бунда аукцион ёки танловда ютиб чиқилган тақдирда ғолиб томонидан тўланган закалат сотиб олиш тўловлари суммасига қўшилади, савдоларнинг қолган қатнашчиларига эса тўлаган закалати беш банк куни ичида қайтарилади.
89. Давлат кўчмас мулк объектларини сотиб олиш тўловларини тўлаш муддати сотувчи томонидан белгиланади, бироқ у олди-сотди шартномаси кучга кирган кундан бошлаб уч йилдан ошмаслиги лозим, агар Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ёхуд Давлат комиссиясининг қарорларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса.
Давлат кўчмас мулк объектларини бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиш бўйича олди-сотди шартномаси тузилган кундан бошлаб бир ой ичида харидор томонидан сотиб олиш тўловларининг 35 фоизи миқдоридаги ҳамда 4 ва 5-тоифадаги туманларда жойлашган давлат кўчмас мулк объектларини сотиб олган харидорларга, шунингдек, ушбу тоифадаги ҳудудда фаолият юритаётган "АА" ва ундан юқори тоифадаги тадбиркорлик субъектларига 35 фоиздан кам бўлган (закалат тўловини инобатга олган ҳолда) (бундан устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улуши мавжуд бўлган хўжалик жамиятлари харидор бўлган ҳоллар мустасно) дастлабки тўлов амалга оширилган тақдирда, харидорга сотиб олиш тўловларини фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилади.
Агар дастлабки тўлов суммаси ушбу банднинг учинчи хатбошисида назарда тутилган фоизлардан (миқдорлардан) кам бўлган ҳолатда, бир ойлик муддат тугаган кундан кейинги кундан бошлаб қолган суммага ҳар бир кун учун Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида йиллик фоизидан келиб чиққан ҳолда, қуйидаги формула бўйича кунлик фоизлар ҳисобланади:
Фд=Қд*(МБд/365)*Кд
Бунда:
Фд - тўлов графиги бўйича тўловни амалга ошириш даври учун ҳисобланган фоизлар;
Д - тўлов графиги бўйича тўловни амалга ошириш даври тартиб рақами;
Қд - тўлов графиги бўйича тўловни амалга ошириш давридаги сотиб олиш тўловлари қолдиғи;
МБд - Марказий банкининг фоиз ҳисобланаётган давр учун амалда бўлган асосий фоиз ставкалари. Бунда, тўлов графигидаги ҳисобга олинаётган кунлар учун бир нечта асосий фоиз ставкалари амалда бўлса, фоиз миқдорлари тегишли кунларга мос равишда асосий фоиз ставкаси ўзгартирилган ҳолда алоҳида-алоҳида ҳисобланиб, тўлов графигидаги давр учун жамланади.
Кд - тўлов графиги бўйича тўловни амалга ошириш даврлари оралиғидаги кунлар сони, бунда биринчи давр учун кунлар сони олди-сотди шартномаси тузилган санадан кейинги кундан бошлаб ҳисобланади.
Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида йиллик фоизлар ҳисобланадиган шартномалар бўйича муддатида тўланмаган фоизлар учун харидордан пеня ундириш назарда тутилмайди.
Бунда, ҳисобланган фоизлар шартномада белгиланган тўлов графиги бўйича ҳар бир тўловни амалга оширишнинг охирги муддатида тўланмаган тақдирда, тўлов графиги бўйича кейинги амалга оширилган тўлов биринчи навбатда олдинги давр учун ҳисобланган фоизларни сўндиришга йўналтирилади.
Инвестициявий мажбуриятларни бажариш муддати беш йилдан ошмаслиги керак, давлат кўчмас мулк объектларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ёки Давлат комиссиясининг алоҳида қарорлари бўйича сотиш ҳолларидан ташқари.
Сотиб олиш тўловлари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармасига бирйўла ёки бўлиб-бўлиб тўланади.
Харидор сотилган давлат кўчмас мулк объекти учун сотиб олиш тўловини муддатидан олдин тўлашга ҳақли.
90. Давлат кўчмас мулк объектлари харидорнинг чегирмани бериш ҳақидаги ёзма (электрон) аризасига мувофиқ, сотиб олиш тўловлари бир ой муддатда тўланишини назарда тутувчи олди-сотди шартномаси тузилиб, харид тўловлари шартнома тузилган кундан бошлаб бир ой давомида тўланган тақдирда, харидорга харид суммасидан мазкур шартнома тузилган санада кучда бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкаси миқдорида чегирма берилади, бундан чегирма қўлланилмаслик шарти билан сотилган, шунингдек бошланғич нархи пасайтирилган ҳолда сотилган давлат кўчмас мулк объектлари мустасно.
Бунда харидорга сотиб олиш тўловларини мазкур чегирмани қўллаган ҳолда тўлаш имкони берилади.
91. Инвестициявий мажбуриятлар ва (ёки) ижтимоий мажбуриятларсиз сотилган давлат кўчмас мулк объекти бўйича сотиб олиш тўловлари тўлиқ ҳажмда тушган кундан бошлаб беш иш куни ичида сотувчи:
балансда сақловчини давлат кўчмас мулк объекти сотилганлиги тўғрисида хабардор қилади;
харидорга давлат хизматлари марказлари ва (ёки) Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали QR-код қўйилган ҳолда электрон шаклдаги мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордерини беради.
92. Харидор томонидан инвестициявий мажбуриятлар ва (ёки) ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан сотилган давлат кўчмас мулк объекти бўйича, сотувчи сотиб олиш тўловлари ва пеня (юзага келган тақдирда) тўлиқ ҳажмда тушган кундан бошлаб беш иш куни ичида харидор олди-сотди шартномаси бўйича барча мажбуриятларни бажариб бўлгунга қадар бўлган муддатга инвестициявий мажбуриятлар ва (ёки) ижтимоий мажбуриятлар тўлиқ бажарилгунгача давлат хизматлари марказлари ва (ёки) ЯИДХП орқали QR-код қўйилган ҳолда "тасарруф этиш ҳуқуқисиз" белгисини қўйган ҳолда давлат ордерини беради.
93. Олди-сотди шартномаси бўйича барча мажбуриятлар бажариб бўлингандан ва улар белгиланган тартибда сотувчи томонидан қабул қилиб олингандан кейин харидор сотиб олинган давлат кўчмас мулк объектига нисбатан мулк ҳуқуқига эга бўлади.
Бунда харидор давлат хизматлари марказлари ва (ёки) ЯИДХП орқали ариза берган кундан бошлаб беш иш кунидан кеч бўлмаган муддатда унга Агентлик ёки ҳудудий бошқарма томонидан аввал берилган электрон шаклдаги мулк ҳуқуқини тасдиқловчи "тасарруф этиш ҳуқуқисиз" сертификатга QR-код қўйилган ҳолда "тасарруф этиш ҳуқуқи билан" белгиси қўйилади.
94. "Электрон шаклдаги мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордери давлат хизматлари марказлари ва (ёки) ЯИДХП орқали QR-код қўйилган ҳолда ушбу Низомга 10-иловага мувофиқ шакл бўйича тайёрланади, тартиб рақамига эга бўлади ва қатъий ҳисобда турадиган ҳужжат ҳисобланади.
96. Махсус қоғозда берилган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордери бланкаси йўқолганда, унинг дубликати электрон шаклда QR-код қўйилган ҳолда давлат хизматлари марказлари ва (ёки) ЯИДХП орқали тегишли аризага асосан икки ҳафта ичида берилади.
Дубликат бериш тўғрисидаги аризага давлат хизматлари марказидан ҳужжат топилмаганлиги ҳақида маълумотнома илова қилинади.
Мулк ҳуқуқини тасдиқловчи Давлат ордерининг дубликати берилгандан сўнг Агентлик ёки ҳудудий бошқарма беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда даврий босма нашрда йўқолган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи Давлат ордерининг ҳақиқий эмаслиги тўғрисида эълон беради.
XI. БАЛАНСДА САҚЛОВЧИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ
ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
97. Балансда сақловчи сотилган давлат кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлар харидор томонидан тақдим этилган кундан бошлаб беш кун ичида сотувчининг иштирокида қабул қилиш - топшириш далолатномаси расмийлаштирилишини ва сотилган давлат кўчмас мулк объекти харидорга топширилишини таъминлаши шарт.
98. Харидор томонидан инвестициявий мажбуриятлар бажарилиши давомида балансда сақловчи қуйидагиларга мажбур:
харидорга сотилган давлат кўчмас мулк объектидан ва харидор томонидан ўзининг инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларини ўз вақтида ва самарали амалга оширишига боғлиқ бўлган ушбу объект тўғрисидаги ахборотдан фойдаланиш имкониятини бериш;
харидорга олди-сотди шартномаси ва инвестицияларни киритиш режасига мувофиқ объектда инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилмаслик.
XII. САВДОЛАРДА СОТИЛМАГАН ДАВЛАТ КЎЧМАС
МУЛК ОБЪЕКТЛАРИНИ ТАСАРРУФ ЭТИШ
99. Савдоларда сотилмаган муниципал кўчмас мулк объектлари бўйича ҳар ярим йиллик якунларига кўра Агентлик ёки ҳудудий бошқармалар томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ва уларнинг балансда сақловчилари билан биргаликда давлат кўчмас мулк объектлари рўйхати, уларни харид қийматида сотиш, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда консервация қилиш ёхуд уларни бузиш ва бўшаб қоладиган ер участкаларини захира ерлар тоифасига ўтказиш тўғрисидаги таклифлари билан биргаликда ҳудудий танлов комиссиясига ваколати доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан хусусийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилиш учун киритади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори билан хусусийлаштирилиши лозим бўлган савдоларда сотилмаган давлат кўчмас мулк объектлари рўйхати, уларни харид қийматида сотиш, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда консервация қилиш ёхуд уларни бузиш ва бўшаб қоладиган ер участкаларини захира ерлар тоифасига ўтказиш тўғрисидаги таклифлари билан Агентлик томонидан тегишли қарор қабул қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
100. Сотилмаган давлат кўчмас мулк объекти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат иштирокида ташкил этилган (ташкил этиладиган) хўжалик жамиятининг устав фондига (устав капиталига) улуш сифатида кейинчалик жамият қатнашчилари ёки жамиятнинг ўзи томонидан беш йилдан кўп бўлмаган муддатда улушини киритиш санасида белгиланган қиймат бўйича сотиб олиш шарти билан киритилиши мумкин.
101. Хўжалик жамиятининг устав фондига ушбу Низомда назарда тутилган тартибда киритилган давлат кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи QR-код қўйилган электрон шаклдаги давлат ордери хўжалик жамиятига Агентлик ёки ҳудудий бошқарма томонидан Давлат хизматлари марказлари ва (ёки) Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали хўжалик жамиятининг устав фондига киритилган давлат кўчмас мулк объектининг ўрнига олинган акцияларга (улушга) бўлган давлатнинг ҳуқуқи рўйхатдан ўтказилгандан кейин ўн иш куни ичида берилади.
XIII. ДАВЛАТ КЎЧМАС МУЛК ОБЪЕКТЛАРИНИ ХЎЖАЛИК
ЖАМИЯТЛАРИНИНГ УСТАВ ФОНДЛАРИГА КИРИТИШ
102. Давлат кўчмас мулк объектларини уларни хўжалик жамиятларининг устав фондларига киритиш орқали сотиш:
давлат улуши иштирокида ташкил этиладиган хўжалик жамиятлари таъсис этилганда;
хўжалик жамиятларининг устав фондлари хўжалик жамияти устав фондидаги давлат улуши ҳисобига оширилганда амалга оширилади.
103. Давлат кўчмас мулк объектларини хўжалик жамиятларининг устав фондларига киритиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси билан келишувга кўра Агентлик ёхуд муниципал мулк ҳисобланганда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг тегишли қарорига мувофиқ ва:
муассисларнинг (қатнашчиларнинг) ёки хўжалик жамияти ваколатли органининг қарори;
Агентлик ёки ҳудудий бошқарманинг давлат кўчмас мулк объектини хўжалик жамиятининг устав фондига бериш тўғрисидаги буйруғи, Агентликнинг давлат кўчмас мулк объектини хўжалик жамиятининг устав фондига бериш тўғрисидаги қарори бундан мустасно;
хўжалик жамиятининг устав фондига киритилаётган давлат кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлар, жумладан кадастр ҳужжатлари;
хўжалик жамиятининг устав фондига киритилаётган давлат кўчмас мулк объектининг қийматини баҳолаш тўғрисида баҳоловчи ташкилотнинг ҳисоботи мавжуд бўлганда амалга оширилади.
XIV. САВДОЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШДА
ҚАТНАШАДИГАН ШАХСЛАРНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ
104. Савдолар ташкилотчиси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сотувчи билан тузилган давлат кўчмас мулк объектларини сотиш бўйича хизматлар кўрсатиш шартномаси шартларини бажариш, савдолар қатнашчилари томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг сақланишини ва маҳфийлигини таъминлаш учун жавоб беради.
105. Балансда сақловчи қонун ҳужжатларига мувофиқ:
сотилаётган давлат кўчмас мулк объектларининг улар янги мулкдорга топширилгунига қадар сақланишини, давлат кўчмас мулк объектининг ўз вақтида қабул қилиш-топшириш далолатномаси таъминланиши, расмийлаштирилиши;
ушбу Низомга мувофиқ тақдим этиладиган ахборотнинг ишончлилиги учун жавоб беради.
106. Савдоларни ташкил этиш ва ўтказишда қатнашадиган шахслар талабгорлар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тақдим этилган ҳужжатларнинг сақланиши ва маҳфийлиги таъминланиши учун жавоб берадилар.
107. Давлат кўчмас мулк объектларини савдоларда сотишда юзага келадиган низолар ва даъволарга нисбатан, биринчи навбатда медиация тартиб-таомили амалга оширилади.
Медиатив келишувга эришилмаган тақдирда, низолар ва даъволар қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
1-ИЛОВА
Давлат кўчмас мулк объектларини сотиш
СХЕМАСИ
|
Агентлик, унинг ҳудудий бошқармаси
|
Мулкий ҳуқуқни тасдиқловчи давлат ордери Агентлик ёки унинг ҳудудий бошқармаси томонидан барча сотиб олиш тўловларини амалга оширган харидорга берилади.
|
Сотиб олиш тўловлари тўлиқ тўланган кундан бошлаб 10 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддат мобайнида: инвестициявий мажбуриятларсиз сотилган давлат кўчмас мулк объекти бўйича; инвестициявий мажбуриятлар мавжуд бўлган тақдирда харидорга харидор олди-сотди шартномаси бўйича барча мажбуриятлар бажариб бўлгунга қадар муддатга инвестициявий мажбуриятлар тўлиқ бажарилгунгача амалда бўладиган "тасарруф этиш ҳуқуқисиз" белгиси қўйилган ҳолда.
|
|||
|
||||||
|
||||||
|
Агентлик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ёки Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари, балансда сақловчилар билан биргаликда
|
Савдоларда сотилмаган республика мулки ҳисобланган давлат кўчмас мулк объектлари бўйича, инвестициявий мажбуриятлар ва янги иш ўрни яратиш шарти билан харид қийматида сотиладиган, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда консервация қилинадиган ёхуд бузиладиган ва бўшаб қоладиган ер участкалари захира ер тоифасига ўтказиладиган давлат кўчмас мулк объектлари рўйхати шакллантирилади ва тегишли қарор қабул қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
|
Ҳар бир ярим йиллик якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритилади. |
|||
|
||||||
|
|
|
|
|
|
|
2-ИЛОВА
Рўйхатдан ўтказиш N _______
|
||
(Давлат активларини бошқариш агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармаси)
|
_______ йил "___" _______________
Давлат кўчмас мулк объектини сотиш учун
БУЮРТМАНОМА
манзилида жойлашган |
|
(манзил, телефон, факс) |
нинг |
|
(давлат кўчмас мулк объектининг номи)
|
давлат улушини сотиш тўғрисида қарор қабул қилишингизни сўрайман.
Балансда сақловчи:
|
|
Ариза берувчи тўғрисидаги маълумотлар:
|
(нодавлат юридик шахснинг номи) |
|
(манзили, телефони, факси) |
|
(рўйхат рақами ва давлат рўйхатидан ўтказилган санаси) |
|
(ташкилий-ҳуқуқий шакли) |
|
(устав фондидаги давлат улуши, фоизларда) |
Буюртманомани имзолашга вакил қилинган шахс
|
(Ф.И.О., лавозими) |
(имзо) |
__________ йил "___" _______________
Изоҳ: ҳужжатни тўлдиришда тузатишга ва ўчириб ёзишга йўл қўйилмайди.
3-ИЛОВА
Рўйхатдан ўтказиш N _______
|
||
(Давлат активларини бошқариш агентлиги ёки унинг ҳудудий бошқармаси)
|
_______ йил "___" _______________
Давлат кўчмас мулк объектини сотиш учун
БУЮРТМАНОМА
нинг |
|
(давлат кўчмас мулк объектининг номи) |
давлат кўчмас мулк объектини сотиш тўғрисида қарор қабул қилишингизни сўрайман.
манзилида жойлашган |
|
(манзил, телефон, факс) |
|
|
Балансда сақловчи:
|
|
Ариза берувчи тўғрисидаги маълумотлар:
|
(жисмоний шахснинг Ф.И.О.) |
|
(манзили, телефон, факс) |
|
(паспорт серияси, рақами, ким томонидан ва қачон берилган) |
(имзо) |
__________ йил "___" _______________
Изоҳ: ҳужжатни тўлдиришда тузатишга ва ўчириб ёзишга йўл қўйилмайди.
10-ИЛОВА
Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ
АКТИВЛАРИНИ БОШҚАРИШ АГЕНТЛИГИ
ДАВЛАТ КЎЧМАС МУЛК ОБЪЕКТИГА МУЛК
ҲУҚУҚИНИ ТАСДИҚЛОВЧИ ДАВЛАТ ОРДЕРИ
(Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи фонида
олтин рангли босма ҳарфлар билан ёзилади)
---------------------------------------------------------------------------------------------------
МУЛК ҲУҚУҚИНИ ТАСДИҚЛОВЧИ
ДАВЛАТ ОРДЕРИ N _____________
|
(нодавлат юридик шахснинг номи ёки жисмоний шахснинг Ф.И.О.) |
га |
Мулкдорнинг манзили (яшаш жойи) |
|
паспорт серияси _____ рақами ___________ ким томонидан ва қачон берилган
(жисмоний шахслар учун)
СТИР________________, ЖШШИР |
|
(жисмоний шахслар учун) |
қийматидаги |
|
(сўз билан) |
га |
|
(хусусийлаштирилган давлат мулкининг манзили ва номи) |
мулк ҳуқуқи берилди. |
|
(ҳуқуқ турининг белгиси) |
Ушбу ордер |
томонидан |
|
(ушбу ордерни берган давлат органининг номи) |
га асосан берилди. |
|
(ордерни бериш асоси) |
*Изоҳ_____________________________________________________________
Ордер берилган ва рўйхатдан ўтказилган сана ___________________
Агентлик директори (ўринбосари) (ҳудудий бошқарма бошлиги) |
QR-коди |
(Ф.И.О) |
*) Сотиб олиш тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш ва/ёки инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларини бажариш шартлари мавжуд бўлганда тўлдирилади.
"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",
2014 йил 13 октябрь, 41-сон, 506-модда