ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Умумий қоидалар /

Қон билан ишлаш хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 27.11.2014 й. 324-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2014 йил 27 ноябрдаги

324-сон қарорига

1-ИЛОВА


Қон билан ишлаш хизмати фаолиятини

мувофиқлаштириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг "Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ қон билан ишлаш хизмати фаолиятини мувофиқлаштириш тартибини белгилайди.


2. Қон билан ишлаш хизмати ташкилотларининг, шунингдек, вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг донор қони ва унинг таркибий қисмлари масалалари бўйича фаолияти Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.

Донор қони ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш ҳамда ишлатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.



2-БОБ. ҚОН БИЛАН ИШЛАШ ХИЗМАТИНИНГ

ТУЗИЛМАСИ ВА ВАКОЛАТЛАРИ


3. Қон билан ишлаш хизмати донор қони ва унинг таркибий қисмларини тўплашга, тайёрлашга, қайта ишлашга ва сақлашга ихтисослаштирилган тиббиёт ташкилотлари ҳамда донор қони ва унинг таркибий қисмларидан фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган фармацевтика ташкилотлари (кейинги ўринларда - қон билан ишлаш хизмати) мажмуидан иборатдир.


4. Қон билан ишлаш хизмати қуйидагиларни ўз ичига олади:

донор қони ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш ва ундан фойдаланишга ихтисослаштирилган давлат тиббиёт ташкилотлари;

донор қони ва унинг таркибий қисмларидан фойдаланадиган тиббиёт ташкилотлари;

дори воситаларини ишлаб чиқариш учун қон плазмасини йиғишга ихтисослаштирилган ташкилотлар;

қон плазмасидан дори воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган фармацевтика ташкилотлари.


5. Қон билан ишлаш хизмати ташкилотлари биноларини лойиҳалаштириш, қуриш ва эксплуатация қилиш санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативлари талабларига мувофиқ амалга оширилади.


6. Қон ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш фақат давлат рўйхатидан ўтказилган тиббий техникалар ёрдамида амалга оширилади.


7. Қон ва унинг таркибий қисмлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган талабларга мувофиқ узлуксиз ҳароратни сақлаш ва рўйхатга олиш тизими мавжуд бўлган махсус музлатгичларда сақланади.


8. Қон ва унинг таркибий қисмлари, шу жумладан, қон плазмасини 18 ёшга тўлган шахслар томонидан топширилишига рухсат берилади.

Қон ва унинг таркибий қисмларини топширадиган шахсларнинг саломатлик кўрсаткичлари, соғлиғига қўйиладиган талаблар ҳамда уларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.

Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш олдидан шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда уларнинг саломатлиги тўғрисидаги ҳужжат бериш бепул амалга оширилади.


9. Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш чоғида донор қуйидаги ҳуқуқларга эга:

соғлиғи сақланиши кафолатининг тиббиёт ходимлари томонидан таъминланиши;

соғлиғига етказилган зарарнинг ўрни қопланиши;

бепул овқат билан таъминланиш.

Донор қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


10. Қон ва унинг таркибий қисмлари бепул ва пулли асосда топширилиши мумкин.

Қон ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш бўйича ихтисослаштирилган давлат тиббиёт ташкилотлари ҳамда қон плазмасидан дори воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган ташкилотлар донорларга келишувга мувофиқ қўшимча кафолатлар ҳамда компенсация тўловларини белгилаши мумкин.


11. Қон билан ишлаш хизмати ташкилотлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг электрон тизимига уланиши лозим.


12. Қон билан ишлаш хизмати қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини қуйидагилар орқали ташкил этади:

донор қони, унинг таркибий қисмлари ва препаратларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш;

аҳолини қон ва унинг таркибий қисмларини ихтиёрий равишда топширишга жалб этиш;

донор қони ва унинг таркибий қисмларини, шунингдек, донор қони препаратларини ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишнинг хавфсизлик шароитларини таъминлаш;

донор қони ва унинг таркибий қисмларини, шунингдек, донор қони препаратларини хавфсиз ташишни ташкил этиш;

донор қони банкини яратиш ва янгилаб бориш;

қон билан ишлаш хизматини, донорликни қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини, уларни тайёрлашни ҳамда клиник қўлланишни ташкил этиш масалалари бўйича илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш;

қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги бўйича маълумотларнинг ягона электрон базасини шакллантириш;

қон ва унинг таркибий қисмларининг ихтиёрий бепул донорлигини ривожлантириш бўйича тадбиркорлик субъектлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш.

Қон билан ишлаш хизмати қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. ВАЗИРЛИКЛАР ВА ИДОРАЛАР, МАҲАЛЛИЙ

ИЖРО ЭТУВЧИ ҲОКИМИЯТ ОРГАНЛАРИНИНГ

ҚОН БИЛАН ИШЛАШ ХИЗМАТИ ФАОЛИЯТИНИ

МУВОФИҚЛАШТИРИШ БЎЙИЧА ВАКОЛАТЛАРИ


13. Вазирликлар ва идоралар раҳбарлари ўз ваколатлари доирасида:

шахсларни донорлар сафига жалб этишда қон билан ишлаш хизматига кўмаклашадилар;

донорнинг аризасига биноан уни иш, хизмат ёки ўқиш жойидан тиббий кўрикдан ўтиш кунида, шунингдек, қон топшириш кунида соғлиқни сақлаш ташкилотларига тўсқинликсиз юборадилар, донорнинг ушбу кунларда иш жойида ёки хизмат жойида бўлмаслиги одамларнинг ҳаётига ёки саломатлигига хавф солишига, давлат мудофаасини, хавфсизлигини ва жамоат тартибини таъминлаш билан боғлиқ вазифаларнинг бажарилмаслигига ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳолатлар бундан мустасно;

қон топширишни ташкил этиш учун зарур хоналар тақдим этадилар;

донорга қонунчиликда белгиланган кафолатларни берадилар ва уни рағбатлантириш чораларини қўллайдилар.

Вазирликлар ва идоралар қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасида қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширишлари мумкин.


14. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўз ваколатлари доирасида:

донор қони ва унинг таркибий қисмлари тўғрисидаги қонунчиликнинг бажарилишини таъминлайдилар;

ўз ҳудудларида қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ташкил этадилар;

қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ривожлантиришга маҳаллий бюджетдан маблағлар ажратадилар.

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимияти органлари қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасидаги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширишлари мумкин.



4-БОБ. ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАРДА ҚОН

ВА УНИНГ ТАРКИБИЙ ҚИСМЛАРИ

ДОНОРЛИГИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


15. Фавқулодда вазиятлар хавфи пайдо бўлганда ўз вақтида ҳаракатланиш, тегишли ҳудудларда қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ташкил этиш ишларига тезкор раҳбарлик қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

мўлжалланаётган донорлар рўйхатларини аниқлаштириш;

шикастланганлар учун қон топшириш шохобчаларини аниқлаш ва ташкил этиш;

донор қонини тайёрлаш бўйича кўчма бригадалар ташкил этиш;

донор қонини тайёрлаш ва текшириш учун реактивлар ва ускуналар захирасини яратиш;

аҳоли ўртасида қон донорлиги бўйича тушунтириш ишларини амалга ошириш;

донорларга сифатли тиббий хизмат кўрсатилишини ва донор қонини тайёрлашда санитария-эпидемиология назоратини таъминлаш.


16. Фавқулодда вазиятларда донор қони таркибий қисмларига ҳамда препаратларига бўлган эҳтиёж ушбу Низомга иловага мувофиқ, эҳтиёжнинг номенклатураси ва ҳисоби бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аниқланади.


17. Фавқулодда ҳолатлар ва вазиятларда Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида қон хизмати нодавлат ташкилотлари захирасидаги қон плазмаси ва қон препаратлари давлат захирасига олиниши мумкин.

Бунда захирага олинган қон плазмаси ва қон препаратлари учун улгуржи референт нархлардан юқори бўлмаган миқдорида компенсация тўлаб берилади.



5-БОБ. ҚОН БИЛАН ИШЛАШ ХИЗМАТИНИ

МОЛИЯЛАШТИРИШ


18. Қон билан ишлаш хизматининг давлат ташкилотлари фаолияти белгиланган тартибда, Давлат бюджети маблағлари ва қонун билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига, нодавлат ташкилотлари фаолияти ўзларининг маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


19. Ушбу Низомнинг қоидалари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавоб беради.






Низомга

ИЛОВА



Фавқулодда вазиятларда донор қони таркибий

қисмларига ҳамда препаратларига бўлган эҳтиёжнинг

НОМЕНКЛАТУРАСИ ВА ҲИСОБИ

Донор қони таркибий қисмлари

ҳамда препаратлари номи


Ўлчов

бирлиги


100 нафар жабрланганларни 5 кунлик

даволаш учун эҳтиёж нормаси


Эритроцитар масса


литр

50,0

Янги музлатилган плазма


литр

100,0

Тромбоцитлар концентрати


доза

20

Альбумин 10%


литр

40,0

Антистафилокок иммуноглобулин


доза

15

Қоқшолга қарши иммуноглобулин


доза

50

Изоҳ. Жабрланганлар ҳолатининг оғирлик даражасидан келиб чиқиб эҳтиёж нормаси ўзгариши мумкин.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 1 декабрь, 48-сон, 572-модда










































Время: 0.2262
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск