язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пенсиялар. Нафақа. Ижтимоий ҳимоя/ Пенсия таъминоти/ Умумий қоидалар/ "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ пенсияларни тўлашга харажатларни қоплаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 23.12.2014 й. 357-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2014 йил 23 декабрдаги

357-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги

Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ

пенсияларни тўлашга харажатларни

қоплаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига (кейинги ўринларда Қонун деб аталади) мувофиқ:

ходимларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги оқибатида тайинланган боқувчисини йўқотганлик ва ногиронлик пенсияларини;

Қонуннинг 12-моддаси "б" - "ж" бандларига мувофиқ тайинланган пенсияларни;

Қонуннинг 14-моддасига (ёшга доир пенсияларни муддатидан олдин тайинлаш) асосан тайинланган пенсияларни тўлашга йўналтирилган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси (кейинги ўринларда Пенсия жамғармаси деб аталади) маблағларини қоплаш тартибини белгилайди.

Бунда корхоналар ва ташкилотлар (кейинги ўринларда ташкилот деб аталади) томонидан пенсияларни тўлашга харажатларни қоплашга тўлов ушбу Низомда назарда тутилган тартибда:

ходимларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги оқибатида тайинланган боқувчисини йўқотганлик пенсиялари бўйича 2016 йил 1 январдан бошлаб;

Қонуннинг 12-моддаси "в" - "ж" бандларига мувофиқ тайинланган пенсиялар бўйича 2016 йил 1 январгача амалга оширилади.


2. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш тартиби ҳақида" 1993 йил 3 сентябрдаги 939-XII-сон қарорининг 3-бандига мувофиқ ташкилотлар ходим "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган пенсия ёшига етгунига қадар мазкур Қонун 12-моддасининг "б" бандига мувофиқ тайинланган пенсиялар бўйича пенсиялар тўловига харажатларни қоплайдиган тўловни 100 фоиз миқдорида, лекин ушбу Низомда назарда тутилган минимал миқдордан кам бўлмаган миқдорда Пенсия жамғармасига ўтказадилар.



II. МЕҲНАТДА МАЙИБЛАНИШ ВА КАСБ

КАСАЛЛИГИ ОҚИБАТИДА ТАЙИНЛАНГАН

БОҚУВЧИСИНИ ЙЎҚОТГАНЛИК ВА НОГИРОНЛИК

ПЕНСИЯЛАРИНИ ТЎЛАШГА ХАРАЖАТЛАРНИ

ҚОПЛАШ ТАРТИБИ


3. Пенсионернинг яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими ҳар ойда кейинги ойнинг 1-санасига қадар ташкилотга меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги оқибатида тайинланган боқувчисини йўқотганлик ва ногиронлик пенсияларини тўлашга харажатларни қоплаш тўғрисида регресс талабномани юборади.


4. Ташкилотлар ҳар ойда меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда олинган меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги оқибатида тайинланган боқувчисини йўқотганлик ва ногиронлик пенсиялари тўланган ойдан кейинги ойнинг 25-санасигача мазкур харажатларни қопловчи тўловни Пенсия жамғармасига ўтказадилар.

5. Пенсионернинг яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими ҳар ойда ойнинг 15-санасигача Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими солиқ ҳисобига қўйилган жойдаги давлат солиқ хизмати органига мазкур Низомнинг 3-бандида кўрсатилган Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг ҳаражатлари бўйича қарздорлиги суммаси тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади.

6. Пенсионернинг ҳисобга турган жойи бўйича Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимлари мазкур Низомнинг 3-бандида кўрсатилган пенсияларни тўлашга сарфланган маблағларнинг, улар ташкилотлар томонидан ўз вақтида тўланмаган тақдирда, қонун ҳужжатларига мувофиқ регресс даъво аризалари бўйича ташкилотлардан ундирилишини таъминлайдилар.


7. Ходим меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги оқибатида меҳнат қобилиятини ҳар хил иш берувчиларда йўқотган тақдирда ҳар бир иш берувчи маблағларни солидар тартибда қоплайди.

Агар меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотиш даражасини бирламчи аниқлашда (биринчи иш берувчида) ногиронлик гуруҳи белгиланмаган бўлиб, кейинчалик эса янги олинган меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотиш даражаси ногиронлик гуруҳини белгилаш билан бирга оширилган бўлса, пенсияларни тўлашга сарфланган Пенсия жамғармаси харажатларини қоплаш ногиронлик гуруҳи қайси иш берувчи даврида белгиланган бўлса, шу иш берувчи томонидан амалга оширилади.


8. Меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги учун жавобгар ташкилот тугатилган тақдирда тугатиш комиссияси (тугатувчи) ташкилотнинг тугатиш кунига тайинланган пенсия миқдорида капиталлаштирилишни ҳисобга олган ҳолда ажратмаларни мажбурий равишда қуйидаги тартибда амалга оширади:

а) меҳнатда майибланиш ва касб касаллиги оқибатидаги ногиронлик бўйича пенсияларни тўлашга:

агар ногиронлик муайян даврга белгиланган бўлса, ногиронликнинг амал қилиш муддатига, бироқ камида беш йил учун;

агар ногиронлик муддатсиз белгиланган бўлса, ажратмаларни ҳисоблаб чиқиш санасида ходимлар Ўзбекистон Республикасида кутилаётган умр кўриш ёшига етгунгача бўлган муддатга;

б) боқувчисини йўқотганлик пенсиялари бўйича меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоларига нисбатан:

ўн саккиз ёшга етмаган оила аъзоларига - улар ушбу ёшга етгунларига қадар;

вафот этган боқувчининг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларини боқиш билан машғул бўлган оила аъзоларига - боқувчининг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набиралари, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар;

ота, она, ўгай ота, ўгай она, хотин, эрга - агар улар Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган пенсия ёшига тўлган ёки ногирон бўлсалар, шунингдек, бува ва бувига - агар қонунга мувофиқ уларни боқиши шарт бўлган кишилар бўлмаса, ажратмаларни ҳисоблаб чиқиш санасида улар Ўзбекистон Республикасида кутилаётган умр кўриш ёшига етгунга қадар бўлган муддатга.


9. Агар Ўзбекистон Республикасида кутилаётган умр кўриш ёши ва меҳнат вазифаларини бажаришда меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги оқибатида боқувчисини йўқотганлик ва ногиронлик пенсиясига ҳуқуқи бўлган фуқаро ёши ўртасидаги фарқ 5 йилдан кам бўлса, шунингдек, агар фуқаронинг ёши Ўзбекистон Республикасида кутилаётган умр кўриш ёшидан кўп бўлса, у ҳолда маблағлар камида 5 йил учун тўланиши лозим.



III. ҚОНУННИНГ 12-МОДДАСИ "Б" БАНДИГА АСОСАН

ТАЙИНЛАНГАН ПЕНСИЯЛАРНИ ТЎЛАШГА

ХАРАЖАТЛАРНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ


10. Ташкилотлар ходим Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган пенсия ёшига етгунига қадар Қонуннинг 12-моддаси "б" кичик бандига мувофиқ тайинланган, бироқ ушбу Низомнинг 11-бандига мувофиқ белгиланадиган унинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган пенсияларни тўлашга ўтган йил учун Пенсия жамғармасининг амалдаги харажатларини ҳар йили 1 февралгача тўлиқ қоплайдилар.

Кўрсатиб ўтилган харажатларни қоплаш ташкилот солиқ ҳисобига қўйилган жойдаги давлат солиқ хизмати органларининг хизмат кўрсатувчи банкларида очилган Пенсия жамғармасининг тегишли даромадлар транзит ҳисоб рақамларига ўтказилади.

11. Қонуннинг 12-моддаси "б" бандига мувофиқ тайинланган пенсияларни тўлашга харажатларни қоплаш учун зарур суммаларнинг минимал миқдори қуйидаги тартибда аниқланади:

Қонун 12-моддасининг "б" бандида назарда тутилган иш жойларига эга бўлган ташкилотлар ана шундай иш ўринларининг рўйхатини, касблар, лавозимлар номини, мазкур иш жойларида ишловчи ишчиларнинг йиллик ўртача сонини, иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш натижаларини ҳисобга олган ҳолда аниқлайдилар;

ушбу иш жойларидан мазкур йил давомида имтиёзли шартларда пенсияга чиқадиган ходимларнинг сони уларнинг йиллик ўртача сонининг 3 фоизи миқдорида қабул қилинади. Қонуннинг 31-моддасига мувофиқ уларга тегишли пенсия миқдорини аниқлаш учун кўрсатиб ўтилган касбларда ишлаган ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи олдинги йил маълумотлари бўйича ҳисоблаб чиқарилади. Пенсия миқдори кўрсатиб ўтилган ўртача ойлик иш ҳажмининг 60 фоизига тенг бўлади.


12. Пенсия жамғармасининг пенсионер ҳисобда турган жойдаги туман (шаҳар) бўлимлари ҳар йили 15 январга қадар Қонуннинг 12-моддаси "б" бандига мувофиқ имтиёзли шартларда ёшга доир пенсия олувчилар - 60 ёшгача эркаклар ва 55 ёшгача аёллар рўйхатини олдинги йил учун амалга оширилган харажатлар миқдорини ва ташкилотлар номини ва солиқ тўловчининг идентификация рақамини кўрсатган ҳолда ташкилот бошқа минтақада жойлашган тақдирда - Пенсия жамғармасининг ташкилот солиқ ҳисобига қўйилган жойдаги ҳудудий бошқармасига ва туман (шаҳар) бўлимига етказадилар.

Пенсия жамғармасининг ташкилот солиқ ҳисобига қўйилган жойдаги ҳудудий бошқармаси ва туман (шаҳар) бўлими кўрсатиб ўтилган пенсияларни тўлашга олдинги йил учун Пенсия жамғармасининг амалдаги харажатлари тўғрисидаги маълумотларнинг, шу жумладан Пенсия жамғармасининг пенсионерларни ҳисобга олиш жойидаги ҳудудий бошқармаларидан ва туман (шаҳар) бўлимларидан олинган маълумотларни ҳисобга олган ҳолда умумий тўпламини чиқаради ва 20 январгача уни тегишли ташкилотга етказади.

Ташкилот тегишли маълумотлар олинган кундан бошлаб ўн кун муддатда кўрсатиб ўтилган пенсияларни тўлашга олдинги йил учун Пенсия жамғармасининг амалдаги харажатларини солиштириб чиқиши шарт.

13. Пенсия жамғармасининг ташкилот солиқ ҳисобига қўйилган жойдаги ҳудудий бошқармаси ва туман (шаҳар) бўлими ҳар йили 1 февралгача ҳар бир ташкилот бўйича (солиқ тўловчининг идентификация рақами кўрсатилган ҳолда) ходим Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган пенсия ёшига еткунига қадар Қонуннинг 12-моддаси "б" бандига мувофиқ тайинланган пенсияларни тўлаш учун олдинги йил учун Пенсия жамғармасининг амалдаги харажатлари тўғрисидаги маълумотларнинг умумий тўпламини ушбу ташкилотлардан ундириш учун ташкилот солиқ ҳисобига қўйилган жойидаги давлат солиқ хизмати органига етказади.

Пенсия жамғармасининг ташкилот солиқ ҳисобига қўйилган жойдаги ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари қонун ҳужжатларига мувофиқ ушбу Низомнинг 10-бандида кўрсатилган маблағларни, улар ташкилотлар томонидан ўз вақтида тўланмаган тақдирда, регресс даъволар бўйича ташкилотлардан ундириб олиши мумкин.

14. Ташкилот тугатилаётганда тугатиш комиссияси (тугатувчи) мажбурий тартибда Қонуннинг 12-моддаси "б" бандида назарда тутилган иш ўринлари бўйича энг камида минимал талаб қилинган махсус иш стажига эга бўлган шахсларга улар Қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган пенсия ёшига етгунга қадар бўлган муддатга пенсиялар тўлаш учун кетадиган маблағларни, ажратмани амалга ошириш кунида белгиланган пенсия миқдорида капиталлаштирилишни ҳисобга олган ҳолда ажратадилар.

Пенсия миқдори Қонуннинг 31-моддасига мувофиқ аниқланган ўртача ойлик иш ҳақининг 60 фоизига тенг бўлади.



IV. ИШСИЗ МАҚОМИГА ЭГА БЎЛГАН ШАХСЛАРГА

МУДДАТИДАН ОЛДИН ТАЙИНЛАНГАН ЁШГА ДОИР

ПЕНСИЯЛАР ТЎЛАШГА ХАРАЖАТЛАРНИ

ҚОПЛАШ ТАРТИБИ


15. Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари ҳар ойда Қонуннинг 14-моддасига мувофиқ муддатидан олдин ёшга доир пенсиялар тайинланган шахсларнинг рўйхатини, амалга оширилган харажатларни кўрсатган ҳолда, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Бандлик Бош бошқармаларининг Аҳоли бандлигига кўмаклашиш тегишли туман (шаҳар) марказларига (кейинги ўринларда Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари деб аталади) етказадилар.

16. Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ҳар ойда пенсия тўланган ойдан кейинги ойнинг 15-санасигача Пенсия жамғармасига мазкур Низомнинг 15-бандида кўрсатилган харажатларни қопловчи маблағларни ишсиз Қонуннинг 7-моддасида белгиланган пенсия ёшига етгунига қадар ўтказадилар.


17. Пенсионер ҳисобда турган жой бўйича Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлими мазкур Низомнинг 15-бандида кўрсатилган Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлими амалга оширган харажатлар бўйича Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларининг қарздорлиги суммалари ҳақидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органига ҳар ойда ойнинг 15-санасигача тақдим этадилар.


18. Пенсионер ҳисобда турган жой бўйича Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари мазкур Низомнинг 15-бандида кўрсатилган пенсияларни тўлашга кетган маблағларни Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларидан, улар томонидан ўз вақтида тўланмаган тақдирда, қонун ҳужжатларига мувофиқ регресс даъво аризалари бўйича ундиришлари мумкин.



V. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


19. Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимлари ва давлат солиқ хизмати органлари харажатларнинг тўлиқ ва ўз вақтида қопланиши юзасидан назоратни мазкур Низомда белгиланган тартибда амалга оширадилар.

Тушумларнинг ўз вақтида ва тўлиқлилигини таъминлаш мақсадида Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари ва давлат солиқ хизмати органлари ахборот алмашинуви бўйича ўзаро ҳамкорликни, шу жумладан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга оширадилар.

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги меҳнат шарт-шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳат етказиш хавфи бўйича иш ўринларини аттестациядан ўтказиш натижаларининг давлат экспертизаси асосида тегишли ташкилотлар ҳисоби юритилишини таъминлайди ва шу жумладан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланилган ҳолда ахборот айирбошлаш бўйича Пенсия жамғармаси билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

19-1. Тугатилаётган ташкилотнинг мол-мулки етишмаганлиги туфайли қондирилмаган қарздорлиги суммаси умидсиз солиқ қарздорлигини ҳисобдан чиқариш учун назарда тутилган тартибда ҳисобдан чиқарилиши керак.

Бунда ушбу ташкилот бўйича харажатларни қоплаш суммасини бундан кейин ҳисоблаш умидсиз қарздорлик ҳисобдан чиқарилган санадан бошлаб тўхтатилади.

20. Мазкур Низомнинг 3, 10 ва 15-бандларида кўрсатилган пенсияларни тўлашга харажатлар ўз вақтида қопланмаганлиги учун ўтказилиши лозим бўлган сумманинг ҳар бир кечиктирилган куни учун 0,033 фоизи миқдорида, лекин қарздорликнинг 100 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда пеня ҳисобланади.


21. Ташкилот қайта ташкил этилган (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиш, ўзгартириш) тақдирда мазкур Низомнинг 3, 10 ва 15-бандларида кўрсатилган пенсияларни тўлашга харажатларни қоплаш мажбурияти учун унинг ҳуқуқий вориси жавоб беради. Харажатларни тўлаш тўғрисидаги барча талаблар (даъволар) ҳам унга берилади.


22. Мазкур Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 29 декабрь, 52-сон, 622-модда