язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қурилиш ва архитектура/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 26.01.1995 й. 19-сон "Ўзбекистон Республикасида Давлат архитектура-қурилиш назорати бошқармаси тўғрисидаги ва давлат идорадан ташқари экспертиза бош бошқармаси тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

26.01.1995 й.

N 19



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

ДАВЛАТ АРХИТЕКТУРА-ҚУРИЛИШ НАЗОРАТИ

БОШҚАРМАСИ ТЎҒРИСИДАГИ ВА ДАВЛАТ

ИДОРАДАН ТАШҚАРИ ЭКСПЕРТИЗА БОШ

БОШҚАРМАСИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМЛАРНИ

ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА


Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар тасдиқлансин:

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг Давлат архитектура-қурилиш назорати бошқармаси ("Давархитектқурилишназорат") тўғрисида Низом 1-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг Давлат идорадан ташқари экспертиза бош бошқармаси ("Бошдавлатэкспертиза") тўғрисида Низом 2-иловага мувофиқ.


2. Қурилиш сифатини ошириш, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг "Давархитектқурилишназорат" органлари фаолияти устидан назоратни кучайтириш масалаларида тегишли тартиб ўрнатиш мақсадида республикада қурилиш маҳсулотлари сифатининг аҳволи масалалари бўйича бир йилда камида икки марта семинар-кенгашлар ўтказиб турилсин.


3. Белгилаб қўйилсинки, лойиҳа ташкилотлари ва буюртмачилар 1995 йилдан бошлаб республика ҳудудида объектлар қурилиши қиймати ҳисоб-китобларида "Давархитектқурилишназорат" органларига сарфланадиган харажатларни, қурилишнинг смета қийматини кўпайтирмаган ҳолда, назорат функцияларини бажариш бўйича харажатлар таркибида 0,10 фоиз миқдорида назарда тутадилар.

Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда бир ой муддатда ушбу маблағларни "Давархитектқурилишназорат" органлари счётларига ўтказиш тартибини ва улардан белгиланган мақсадда фойдаланиш шартларини белгиласин.

"Давархитектқурилишназорат" органларига назорат функцияларини бажариш учун зарур ҳолларда кўрсатиб ўтилган маблағлар ҳисобига штатдан ташқари инспекторларни жалб этишга рухсат берилсин.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига мазкур қарор асосида давлат экспертизасининг маҳаллий органлари тўғрисидаги низомларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тавсия этилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда "Давархитектқурилишназорат" нинг маҳаллий органларини, қурилаётган корхоналар дирекцияларини, техникавий ва муаллифлик назоратини маблағ билан таъминлаш учун амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган ажратмалар миқдори доирасида қурилиш-монтаж ишлари смета қийматидан маблағ ажратиш миқдори ва тартибини белгиласин.


6. Ўзбекистон Республикси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси ҳамда Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларини мазкур қарорга мувофиқлаштириш тўғрисидаги таклифларни бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсинлар.

Республика вазирликлари ва идоралари ана шу муддатда ўзларининг норматив ҳужжатларини мазкур қарор билан тасдиқланган норматив ҳужжатларга мувофиқлаштирсинлар.


7. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.Р. Юнусов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                     А. Муталов





Вазирлар Маҳкамасининг

1995 йил 26 январдаги

19-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш

қўмитасининг Давлат идорадан ташқари экспертиза

бош бошқармаси ("Бошдавлатэкспертиза") тўғрисида

НИЗОМ


1. Давлат идорадан ташқари экспертиза бош бошқармаси ("Бошдавлатэкспертиза") Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига бўйсунади ва ушбу Низом асосида фаолият кўрсатади.


2. "Бошдавлатэкспертиза" ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг бошқа қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасининг қарорларига ва ушбу Низомга амал қилади.


3 "Бошдавлатэкспертиза" нинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборатдир:

инвестиция лойиҳаларини уларда конструкция жиҳатдан мустаҳкамлик, ишлатиш, экология, ёнғин ва портлаш хавфсизлиги, барча турдаги ресурслардан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш, лойиҳалаш ва қурилиш соҳасидаги мамлакатимиз ва жаҳон илғор тажрибаларини ҳисобга олиш, архитектура ва шаҳар қурилиш ечимларининг юқори сифатли бўлиши талаблари таъминланганлиги, санитария-гигиена нормалари ва қоидаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан белгиланган тартибда экспертизадан ўтказиш;

жойлардаги эксперт органлари ишига ташкилий ва услубий раҳбарлик қилиш;

лойиҳалаш ва қурилиш ишларини давом эттиришда давлат идорадан ташқари экспертиза органлари таклифларининг рўёбга чиқарилиши устидан назорат амалга ошириш.


4. "Бошдавлатэкспертиза" техник ҳужжатлар сифатисиз экспертиза қилинганлиги сабабли етказилган зарар учун инвестор олдида моддий жавоб беради.


5. "Бошдавлатэкспертиза" ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидагиларни амалга оширади:

техник-иқтисодий ҳисоб-китобларни (техник-иқтисодий асослашларни), корхоналар, бинолар, иншоотлар, муҳандислик иншоотлари қурилиш, кенгайтирилиш ва қайта қурилиши лойиҳаларини (ишчи лойиҳаларини), мулкчилик шаклларидан ва маблағ билан таъминлаш манбаларидан қатъи назар, бошқа лойиҳаларни, районлаштириб режалаштириш схемалари ва лойиҳаларини, шаҳарлар ва бошқа аҳоли яшаш жойларини, курортларни ва дам олиш зоналарини қуриш бўйича лойиҳа-режалаштириш ҳужжатларини белгиланган тартибда комплекс экспертизадан ўтказади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатини муҳофаза қилиш қўмитасининг таклифларини ҳисобга олган ҳолда улар бўйича хулосалар беради;

лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш масалаларида буюртмачилар, лойиҳалаш пудратчи ва бошқа ташкилотлар ўртасидаги келишмовчиликларни кўриб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига таклифлар киритади;

экспертиза масалаларига оид услубий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, эксперт органлари ходимлари ўқувини ташкил қилади;

экспертиза натижаларини умумлаштиради, лойиҳалашнинг сифат даражасини таҳлил қилади ҳамда лойиҳа-смета ишини, унинг норматив базасини ва экспертизани такомиллаштириш бўйича белгиланган тартибда таклифлар киритади.


6. "Бошдавлатэкспертиза" га қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

экспертиза натижаларига кўра техник-иқтисодий асослашларни (ҳисоб-китобларни) ва лойиҳаларни рад этиш ёки уларни қўшимча ишлаш учун қайтариш;

зарурат бўлганда Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларининг сифатини паст эканлигида айбдор бўлган юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан жазо чораларини қўллаш ҳақида таклифлар киритиш;

экспертиза ўтказишга Ўзбекистон Республикасининг лойиҳалаш, илмий-тадқиқот ва бошқа ташкилотларини, олимлар ва мутахассисларни жалб қилиш, зарурат ҳолларда вақтинчалик эксперт жамоаларини тузиш.

тобе эксперт ташкилотлар ва мустақил фирмалар томонидан қурилиш, реконструкциялар учун бериладиган эксперт хулосалар сифатини назорат қилиш ва мониторингини амалга ошириш.

7. "Бошдавлатэкспертиза" га Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган бошлиқ раҳбарлик қилади.


8. "Бошдавлатэкспертиза" бошлиғи:

Бош бошқармага юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради, бошқарма фаолиятининг алоҳида йўналишлари бўйича ўз ўринбосарлари ва экспертларнинг масъулияти даражасини белгилайди;

барча ташкилотларда ва корхоналарда "Бошдавлатэкспертиза" фаолияти билан боғлиқ бўлган масалалар бўйича унинг номидан вакиллик қилади;

ўринбосарларни, тузилмани, ходимлар сонини ва штат жадвалини тасдиқлайди;

амалдаги қонунчиликка мувофиқ "Бошдавлатэкспертиза" ходимларини ишга қабул қилади ва ишдан бўшатади;

молия-штат интизомига риоя қилинишини таъминлайди, белгиланган сметалар ва ажратилган маблағлар доирасида бошқарма кредитлари ва маблағлар доирасида бошқарма кредитлари ва маблағларини тасарруф этади.


9. "Бошдавлатэкспертиза" фаолияти вазирликлар, идоралар, корхоналар ва ташкилотларга кўрсатиладиган эксперт хизматлари ва бошқа хизматлар ҳамда иш турлари бажарилганлиги учун олинадиган маблағлар ҳисобига амалга оширилади.


10. Ўзбекистон Республикаси вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги давлат идорадан ташқари экспертиза органлари ташкилий ва услубий раҳбарлик қилиш бўйича "Бошдавлатэкспертиза" га бўйсунадилар. Ушбу органлар тўғрисидаги Намунавий низом Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.


11. "Бошдавлатэкспертиза" юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвирланган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга бўлади.



Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1995 й., 1-сон, 2-модда