язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қурилиш ва архитектура/ Вилоят, Тошкент шаҳар архитектура ва шаҳарсозлик бош бошқармаси тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 01.12.1993 й. 580-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1993 йил 1 декабрдаги

580-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Вилоят, Тошкент шаҳар архитектура ва

шаҳарсозлик бош бошқармаси тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


1. Вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокимлигининг архитектура ва шаҳарсозлик Бош бошқармаси ("Бошархитектура") республика архитектура ва шаҳарсозликни бошқариш органларининг ягона тизимидаги вилоят (шаҳар) бўғини ҳисобланади ва ўз фаолиятида тегишли вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига бўйсунади.

Бош архитектура ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг бошқа қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш Қўмитасининг қарорларига, буйруқларига ва йуриқномаларига, вилоят (Тошкент шаҳар) ҳокимлигининг карорлари ва фармойишларига ҳамда бошқа норматив ҳужжатларга ва мазкур Низомга амал қилади.


2. Қуйидагилар "Бошархитектура"нинг асосий вазифалари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг жорий ва истиқболдаги вазифаларини ҳал этишга, ҳаёт кечириш муҳитларини такомиллаштириш ва уларнинг архитектуравий қиёфасини яхшилашга қаратилган архитектура-шаҳарсозлик тадбирларини амалга ошириш;

вилоят ҳудудида жойлашган шаҳар ва қишлоқларни минтақавий хусусиятларни, кўп асрлик ўзбек миллий шаҳарсозлик маданиятини, шунингдек, жаҳон архитектура ва шаҳарсозлик тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ўзгартиришни таъминлаш;

саноат бинолари ва иншоотларининг архитектура ечимлари сифат даражасини ошириш, саноат тармоқларини комплекс шакллантиришни ва уларнинг ҳудудларини ободонлаштиришни ва кўкаламзорлаштиришни таъминлаш;

қишлоқлар бош режаларининг амалга оширилишини, уларнинг комплекс қурилишини, турар-жой районларининг қурилиши ва ободонлаштирилиши сифатини, муҳандислик инфраструктурасини ва транспортни назорат қилишни ҳамда лойиҳада қабул қилинган экология ва ишлаб чиқариш, шаҳар атрофи, рекреация, табиатни муҳофаза қилиш ҳудудлари, миллий боғлар ва қўриқхоналарни ривожлантириш бўйича шаҳарсозлик принципларига риоя этилишини таъминлаш;

архитектура ва шаҳарсозлик талаблари бўйича лойиҳалаш, илмий-тадқиқот, шунингдек, қидирув, қурилиш ва тузатиш-қурилиш ишларини мувофиқлаштириш;

шаҳарсозлик ечимларининг ижтимоий-иқтисодий самарадорлигини ошириш;

вилоят ҳудудида амалга оширилаётган инвестиция фаолиятини шакллантиришда иштирок этиш;

бошқариладиган бозор иқтисодиёти шароитида лойиҳалаш, қурилиш ва тузатиш-қурилиш ишлаб чиқаришининг турли шакллари ва усулларини ривожлантиришга кўмаклашиш;

архитектура-шаҳарсозлик органлари кадрларининг касб малакаси даражасини ошириш, архитектура ва шаҳарсозликни ривожлантириш жараёнларини бошқаришнинг замонавий ташкилий, иқтисодий ва техник усулларини жорий этиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;

архитектура ва шаҳарсозликни ривожлантириш масалаларини ошкоралик принциплари ва аҳолини ҳамда жамоат ташкилотларини шаҳарсозлик ечимларини, ишлаб чиқилаётган лойиҳаларни муҳокама қилишга жалб этиш асосида ҳал қилиш.


3. Кўрсатилган масалаларни ҳал этиш учун "Бошархитектура"га қуйидаги вазифалар юклатилади:

турар жой районларини режалаштириш схемаларини ва лойиҳаларини, шаҳарлар ва бошқа аҳоли яшайдиган жойларнинг бош режаларини, саноат узелларининг бош режалари схемаларини, батафсил режалаштириш лойиҳаларини, бошқа лойиҳа-режалаштириш ҳужжатларини, муҳофаза тегралари лойиҳаларини ва ҳудудларни хавфли геологик жараёнлардан ҳимоя қилиш схемаларини, сейсмик микрорайонлаштириш хариталарини ишлаб чиқишни ташкил этиш ва назорат қилиш;

шаҳарсозликни ҳужжатлаштиришни руёбга чиқаришни доимий назорат қилишни амалга ошириш, ўзига қарашли ҳудуддаги қурилиш объектлари бўйича лойиҳалаш ишларини ва лойиҳа ташкилотларининг муаллифлик назоратини мувофиқлаштириш;

режалаштириш ва обод қилиш лойиҳаларини, ўзига қарашли ҳудудда қуриш учун барча бино ва иншоотларнинг лойиҳаларини кўриб чиқиш ва келишиб олиш ҳамда уларни тасдиқлаш ёки келишиб олиш учун ҳокимликка тақдим этиш;

вилоят, Тошкент шаҳар ҳудудларини ижгимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ва комплекс режалар (концепциялар)ни ишлаб чиқишда ва келишиб олишда иштирок этиш;

талаб ва таклифларни, конъюнктуранинг аҳволини, лойиҳа ишлари ва хизматлари бозорини ривожлантириш тамойиллари ва истиқболларини ўрганиш бўйича ишларни ташкил этиш, архитектура ечимлари даражасини ва шаҳарсозлик тадбирларининг самарадорлигини ошириш мақсадида лойиҳачилар, инвесторлар ва пудратчиларнинг рақобатидан фойдаланиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан келишилган ҳолда иморатлар солиш қоидаларини ва бошқа қурилиш, қайта қуриш, таъмирлаш, замонавийлаштириш ва регенерациялаш, асосли тузатиш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва шаҳар дизайни масалаларини тартибга солувчи ҳужжатларни ишлаб чиқиш, шунингдек лойиҳалаш ва қурилишдаги нормаларни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

вилоят, Тошкент шаҳар ҳокимлигига лойиҳа-режалаштириш ҳужжатлари асосида ердан фойдаланиш шартлари бўйича таклифлар киритиш;

биринчи навбатдаги қурилишни жойлаштириш лойиҳасига ва пухта режалаштириш лойиҳаларига мувофиқ қурилишнинг барча турлари учун ер майдонларини аниқлаш, ер майдонлари бериш ҳакидаги ҳокимлик қарорларининг лойиҳаларини тайёрлаш, сув билан таъминлаш ва канализация иншоотларини ҳамда бошқа муҳандислик объектларини, шунингдек муҳандислик коммуникациялари трассаларини жойлаштириш;

маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларининг қарорларига мувофиқ қурилишнинг барча турлари учун ер участкаларини танлаш, жойлаштириш ва ер ажратиш. Ажратилган ер майдонларининг чегараларини аниқлаш;

белгиланган тартибда тасдиқланган техник ҳужжатлар ва ажратилган маблағларга мувофиқ иморат қурувчи-буюртмачиларга қурилиш-монтаж, тузатиш-қурилиш ҳамда объектларни қайта қуриш ишларини амалга оширишга рухсатномалар бериш;

иморат қурувчи-буюртмачиларга лойиҳалаш учун архитектура-режалаштириш топшириқларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва топшириш ҳамда инвестиция ишланмаларини амалга ошириш, қурилишнинг барча турлари учун лойиҳа-қидирув ишларини ўтказиш, биноларни комплекс қайта қуриш, асосли тузатиш, таъмирлаш ва ҳудудларни ободонлаштириш учун қурилиш паспортларини топшириш;

мулкчилик шаклидан қатъи назар, лойиҳачилар ва пудратчиларга, лицензия беришнинг Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан белгиланган тартибига ва шартларига мувофиқ, тегишли фаолиятни амалга ошириш учун лицензиялар бериш ҳақидаги масалалар бўйича Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига таклифлар тайёрлаш ва уларни ҳал қилишда иштирок этиш;

вилоят, Тошкент шаҳар ҳокимига архитектура-шаҳарсозлик вазифаларини самарали ҳал этишга ёрдам берувчи инвестиция жараёни иштирокчиларига имтиёзли солиқ солиш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

тарих ва маданият ёдгорликларини муҳофаза қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланиш чора-тадбирларини амалга ошириш ва уларни муҳофаза қилиш ҳудудларини белгилаш;

архитектура ва шаҳарсозлик қурилиш материаллари саноати масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан чет мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан амалга ошириладиган илмий-техникавий ва иқтисодий ҳамкорликда иштирок этиш;

қурилиш ва қайта қуриш ишларининг сифатини назорат этувчи тегишли давлат архитектура-қурилиш органларининг фаолиятига раҳбарлик қилиш, қурилиши (қайта қуриш) тугалланган турар жой-хўжалик ва коммунал қурилиш, ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш мақсадларидаги объектларни фойдаланишга қабул қилишда белгиланган тартибда иштирок этиш;

тасарруфидаги архитектура-шаҳарсозлик органининг таркибий бўлинмалари фаолиятига раҳбарлик қилиш, хўжалик ҳисобидаги лойиҳа-ишлаб чиқариш, архитектура-режалаштириш бюроларининг, лойиҳа-маслаҳат фирмаларининг, шунингдек, бош архитектор ихтиёридаги лойиҳалаш ташкилотларининг фаолиятини бошқариш ва мувофиқлаштириб бориш;

лойиҳаларни ички идоравий экспертиза қилиш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, лойиҳа-режалаштириш ва лойиҳа-смета ҳужжатларини белгиланган тартибда экспертиза қилишни ташкил этиш;

геодезия хизмати ишига раҳбарлик қилиш ва уни назорат этиш;

ер кадастрини, ер ажратиш ва иморат қуришга оид жорий-оператив режалар тузишни, ер ости коммуникациялари жойлашишини рўйхатга олиш режаларини ва муҳандислик-геология ишланмалари атласларини юритиш бўйича ишларни ташкил этиш; ер участкалари ажратиш, лойиҳа-режалаштириш ҳужжатларини, шунингдек давлат архитектура-қурилиш назорати хизмати ҳужжатларини муддатсиз сақлашга доир ягона техника архивини ташкил этиш.


4. "Бошархитектура"га қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

ўз ҳуқуқ доирасида ўзига қарашли ҳудудда архитектура ва шаҳарсозликка оид барча масалалар бўйича давлат ҳамда хўжалик бошқарув органлари ва уларга қарашли ташкилотлар, корхоналар, муассасалар, хорижий ва қўшма юридик шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар фуқаролари бажариши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилиш;

ҳар қандай қурилиш объектларига, қурилиш материаллари, буюмлар ва конструкциялар ишлаб чиқарадиган корхоналар ва ташкилотларга, бу корхона ва ташкилотларнинг қайси идорага бўйсуниши ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, ҳеч бир тўсиқсиз кириш ва у ердаги ишларнинг боришини назорат қилиш;

норматив, архитектура-шаҳарсозлик экология талабларига ва архитектура ҳамда шаҳарсозлик органлари томонидан берилган архитектура-режалаштириш топшириқларига жавоб бермайдиган лойиҳаларга розилик беришни рад этиш;

тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларини, норматив талабларни бузган ва улардан четга чикққан ҳолда бажарилаётган, кишиларнинг ҳаётига ва саломатлигига хавф солувчи, тарихий ва маданий бойликларни, шу жумладан, архитектура ва шаҳарсозлик ёдгорликларини, шаҳар ва табиат ландшафтларини йўқ қилувчи, шунингдек фуқаролар, давлат ва юридик шахсларнинг мулкига, ҳуқуқига ва манфаатларига зарар етказувчи қурилишларни маблағ берувчи банклар орқали маблағ билан таъминлашни ва уларга кредит беришни бутунлай ёки қисман тўхтатиб қўйиш, қуриш-монтаж қилиш, тузатиш-қуриш ва бошқа ишларни бундан кейин амалга оширишни тақиқлаш;

амалдаги йўриқномалар ва нормативларни бузган ҳолда ёки белгиланган тартибда бериладиган рухсатномасиз олиб борилаётган топогеодезия ва муҳандислик-геологик қидирув, режалаштириш ва қазиш ишларини амалга оширишни тўхтатиб туриш;

ўзбошимчалик билан иморат қуришда, шаҳарсозлик интизомини, қурилиш ва архитектура соҳасидаги амалда бўлган қонун ҳужжатларини бузишда айбдор бўлган шахслар ҳамда ҳудудларида мазкур хуқуқ бузилишларига йўл қўйилган ташкилотлар ва корхоналар раҳбарларини белгиланган тартибда маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли давлат органларида иш қўзғатиш, уларга мустақил равишда жарималар солиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига амалдаги қонунларни, шаҳарсозлик, экология ва бошқа норматив талабларни бузган ҳолда ишлаётган лойиҳа, қурилиш ва ишлаб чиқариш ташкилотларининг лойиҳалаш, қуриш ва қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳуқуқини берувчи лицензияларини олиб қуйиш тўғрисида таклифлар киритиш;

юклатилган вазифаларни бажариш учун ўзига қарашли ҳудуддаги тегишли статистика органлари, ташкилотлар, муассасалар ва корхоналардан, уларнинг қайси идорага бўйсунишлари ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, маълумотлар, шунингдек ўз ҳуқуқ доирасига тегишли масалалар бўйича режа-ҳисобот маълумотларини олиш;

маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органлари, Ўзбекистон Республикаси Архитекторлар уюшмаси ташкилотлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда белгиланган тартибда лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун танловлар ўтказиш.


5. "Бошархитектура"га бошлиқ - вилоят ва Тошкент шаҳар бош архитектори бошчилик қилади, уни вилоят, Тошкент шаҳри ҳокимининг тавсиясига кўра Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси тайинлайди. Бош архитектор ўринбосарларга, шу жумладан, вилоят ва Тошкент шаҳри бош архитекторининг тавсиясига кўра Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш Қўмитаси томонидан тайинланадиган бир нафар давлат архитектура-қурилиш назорати бошлиғига эга бўлади.


6. Вилоят, Тошкент шаҳар "Бошархитектура" бошлиғи-бош архитекторга "Бошархитектура"га юклатилган вазифаларни бажариш учун барча ҳуқуқ ва ваколатлар берилади, шунингдек у қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

зарур бўлган ҳолларда лойиҳачиларнинг доимий ёки вақтинчалик ижодий жамоаларини ва эксперт гуруҳлари ҳамда идоралараро комиссиялар ташкил этиш ва уларга бошчилик қилиш, шартнома асосида архитекторларни ва бошқа мутахассисларни уларда ишлашга жалб этиш;

лойиҳа-режалаштириш ҳужжатларини ва алоҳида бинолар ва иншоотлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда муаллиф сифатида иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан келишган ҳолда ўз олдида турган вазифаларни бажариш учун бош архитекторга қарашли хўжалик ҳисобидаги лойиҳа-ишлаб чиқариш, архитектура-режалаш, лойиҳа-маслаҳат бериш бюроларини тузиш ва улар фаолиятининг мавзу йўналишини белгилаш;

ўзига бўйсунувчи архитектура-шаҳарсозлик органининг, шунингдек ўзига қарашли хўжалик ҳисобидаги бўлинмалар ва ташкилотларнинг вазифаларини белгилаш, Устав (Низом)ини, тузилмасини ва ходимлари сонини тасдиқлаш, шу ташкилотларнинг раҳбарларини ўз ҳуқуқ доирасида тасдиқлаш;

Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан келишган ҳолда ўзига қарашли ташкилотлар, вақтинчалик ижодий жамоалар, буюртмачилар ва бошқа ташкилотлар ҳамда корхоналардан тушган ажратмаларни жамлаш учун банк муассасаларида махсус счёт очиб марказлаштирилган жамғарма тузиш. Ундан архитектура-шаҳарсозлик органлари ходимларининг касб малакаси даражасини ошириш бўйича чора-тадбирларни руёбга чиқариш, алоҳида объектларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун танловлар, шаҳарлар ва аҳоли яшаш жойларини режалаштириш ишларини, кўчма кўргазмалар ташкил этиш ва ўтказиш, тажриба алмашиш ва халқаро ижодий алоқалар ўрнатиш бўйича семинарлар ва кенгашлар ўтказиш, ижодий сафарларга бориш, Бош бошқарма фаолияти билан боғлиқ архитектура-шаҳарсозлик кенгашлари ва бошқа масалаларга оид харажатларни қоплаш учун фойдаланилади.


7. Бош архитектор ўз ишларини тегишли туман (шаҳар)ларнинг давлат бошқарув органлари, бошқарманинг тармоқ ва тармоқлараро ҳудудий органлари, ижодий уюшмалар, илмий-техника жамиятлари ва жамоат ташкилотлари билан узвий ҳамкорликда олиб боради.


8. Туманлар ва туманга бўйсунувчи шаҳарлар бош архитекторларининг ўзаро алоқаси, бўйсуниши тартиби ва вазифаларини чегаралаш вилоят "Бошархитектура"си томонидан белгиланади.


9. Шаҳарсозлик ва архитектура ечимларининг, монументал-декоратив санъат асарларининг сифатини архитектура билан боғлиқ ҳолда аниқлаш ва баҳолаш, шаҳарсозлик ҳужжатларини, бинолар, иншоотлар ва комплекслар лойиҳаларини кўриб чиқиш ва экспертиза қилиш ҳамда унга баҳо бериш учун бош архитектор ҳузурида доимий ишловчи идоралараро ҳайъат органи-маслаҳат берувчи орган ҳисобланадиган архитектура-шаҳарсозлик Кенгаши тузилади.

Архитектура-шаҳарсозлик кенгашига раис - бош архитектор бошчилик қилади. Кенгаш таркибига тажрибали архитекторлар, олимлар, шаҳарсоз-мутахассислар, шунингдек ҳокимликлар, жамоат ташкилотлари, ижодий уюшмаларнинг раҳбарлари, фан, маданият ва санъат арбоблари, инвестиция жараёни барча иштирокчиларининг, маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш органларининг, истиқомат қилувчиларнинг вакиллари кириши керак.

Архитектура-шаҳарсозлик кенгашининг шахсий таркиби вилоят, Тошкент шаҳар бош архитектори томонидан тасдиқланади.


10. Бош архитектор - "Бошархитектура" бошлиғи мазкур Низомга мувофиқ Бош бошқармага юклатилган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради, ўз ўринбосарларининг ва таркибий бўлинмалар раҳбарларининг Бош бошқарма фаолиятининг алоҳида йўналишлари учун жавобгарлик даражаларини белгилайди.


11. "Бошархитектура"нинг ташкилий тузилмаси ва штатдаги ходимлари сони Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан вилоят, Тошкент шаҳар давлат ҳокимияти органлари билан келишган ҳолда белгиланган ходимлар сони ва меҳнат ҳақи жамғармаси доирасида белгиланади.


12. Бош бошқарманинг штат жадвали, шунингдек таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомлар "Бошархитектура" бошлиғи томонидан тасдиқланади.


13. "Бошархитектура" юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи ўзбек тилида ёзилган муҳрга эга бўлади.