язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қурилиш ва архитектура/ Бозор муносабатлари шароитларида қурилишдаги шартномавий нархларни белгилаш Тартиби (ЎзР ВМ 21.07.1993 й. 369-сон қарорига 3-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1993 йил 21 июлдаги

369-сон қарорига

3-ИЛОВА



Бозор муносабатлари шароитларида қурилишдаги

шартномавий нархларни белгилаш

ТАРТИБИ


1. Мазкур тартиб Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги мулкчиликнинг барча шаклларидаги корхоналар ва ташкилотлар томонидан қурилиш маҳсулотига шортномавий нархларни шакллантиришда ягона услубни таъминлаш учун мўлжалланган.


2. Шартномавий нархлар бозорда вужудга келаётган шарт-шароитларни, материаллар, қўлланиладиган машина ва механизмлар қийматининг ўзгаришини, пудратчи ташкилотнинг ишлаб чиқаришни кенгайтириши учун зарур бўлган даромад олишини таъминлашни ҳисобга олган ҳолда шакллантирилади.


3. Буюртмачи ва пудратчининг қарорига мувофиқ қурилиш маҳсулотига шартномавий нархларнинг қуйидаги икки хили қўлланилиши мумкин:

бутун қурилиш даврида ўзгармайдиган қатъий ёки узил-кесил шартномавий нарх; нархларнинг бундай хили техник жиҳатдан мураккаб бўлмаган, қурилиш муддати бир йилдан ошмайдиган объектлар учун тавсия этилади. Бундай нархлар таркибида аҳдлашувчи томонлар ҳисоблаб чиққан ва келишиб олган, олдиндан белгиланадиган тузатиш, индекс ва коэффициентлар қўллаш йўли билан пудратчининг хўжалик таваккалчилигини қоплашни таъминлайдиган маблағлар ҳисобга олиниши мумкин;

қурилишда фойдаланиладиган материаллар нархининг, меҳнатга ҳақ тўлаш шартларининг ўзгариши, шартномавий нархда ҳисобга олинмаган бошқа харажатларнин юзага келиши муносабати билан қурилиш жараёни давомида контракт шартларига биноан аниқланадиган эркин келишилган нархлар.

Эркин нархлар контракт бўйича томонлар белгилаб қўйган чекланган даражага эга бўлиши мумкин. Контрактга мувофиқ чекланган даражани оширмасдан қурилиш жараёнида пудратчининг асословчи ҳужжатлари асосида нарх аниқлаштирилади.

Бозор муносабатлари шаклланишининг дастлабки даврида, пулнинг қадрсизланиши кучайиб бораётганлигини ва лойиҳалашнинг биринчи босқичида қурилишнинг узил-касил қийматини аниқлашнинг иложи йўқлигини ҳисобга олган ҳолда, техник жиҳатдан мураккаб объектлар учун қурилиш маҳсулотининг эркин келишилган нархларини қўллаш тавсия этилади.


4. Қурилиш маҳсулотига шартномавий нархларни бутун қурилишга объектлар бўйича шартномавий нархлар асосида шакллантириш мақсадга мувофиқдир. Айрим ҳолларда махсус қурилиш шароитларида шартномавий нархларни тегишли иш ҳажмларига локал сметалар бўйича белгилашга йўл қўйилади.


5. Қурилиш маҳсулотига шартномавий нархлар капитал қурилиш, қайта қуриш, модернизация, асосли тузатиш учун контракт тузилаётганда буюртмачи ва пудратчи томонидан ўзаро тенг асосда белгиланади ҳамда смета қийматининг базавий даражаси, меҳнат ва материал ресурсларининг, машина ва механизмлар машина-соатининг смета-меъёрий харажатлари ва пудрат ташкилотларининг бозор муносабатлари билан юзага келган қўшимча сарфларидан шаклланади.


6. Қурилиш смета қийматининг базавий даражаси смета меъёрлари ва баҳоларини Ўзбекистон Республикасида қурилиш ишлари шарт-шароитлари учун қўллашнинг умумий қоидалари (СНиР-91 Уз) ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 12 мартдаги 126-сон қарорига мувофиқ белгиланади, 1994 йил 1 январгача смета қийматининг базавий даражасини 1984 йилги нархларда, тасдиқланган тармоқ индекслари бўйича 1991 йилги нархларга қайта ҳисоблаган ҳолда, белгилашга рухсат этилади.

Бозор муносабатлари шаклланиши билан юзага келган пудрат ташкилотларининг базавий қийматидан ортиқча қуйидаги қўшимча сарф-харажатлари (компенсациялар) йиғма смета ҳисоб-китоби бўйича ҳисобга олинади:

қурилишда банд бўлган ишчилар иш ҳақининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан жорий йилга белгиланган энг кам иш ҳақи миқдори билан 1991 йилги нархлардаги энг кам иш ҳақи миқдори орасидаги фарқ сифатида аниқланган кўпайиши. Бу фарққа ижтимоий суғурта ажратмалари қўшиб ҳисобланади. Аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашиш жамғармасига ажратмалар асосий иш ҳақининг кўпайишини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади;

смета меъёрлари назарда тутилган 1991 йилги нархларга нисбатан эркин (бозор) нархларда сотиб олинадиган материал ресурсларининг қимматлашуви.

Пудрат контракти тузилаётган пайтда асоcий материаллар ва конструкцияларнинг қийматини белгилаб қўйиш тавсия этилади. Кўрсатилган қийматдан ошириш фақат буюртмачи билан келишилган ҳолда амалга оширилиши мумкин;

қурилиш машиналари ва механизмларидан фойдаланиш қийматининг 1991 йилги базавий нарх билан жорий режа-ҳисобланган нархлардаги ҳақиқий қиймат орасидаги фарқ сифатида аниқланган қимматлашуви;

Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 12 мартдаги 126-сон қарори билан қабул қилинган базавий даражага нисбатан қўшимча харажатларнинг кўпайиши;

уй-жой-коммунал хўжалиги зарарларини қоплашга, белгиланган меъёрлар билан қопланмайдиган ижтимоий соҳа объектларини, кашшофлар лагерларини, бошқаларни сақлашга харажатлар;

вақтинчалик бинолар ва иншоотларга қўшимча харажатлар;

қурилиш-монтаж ишлари қиш даврида олиб борилгандаги қўшимча харажатлар;

банк кредити учун йиғма смета ҳисоб-китобида назарда тутилганидан ортиқча миқдордаги тўлов. Объект имтиёзли кредит ҳисобидан қурилганда тўлов имтиёзли фоиз миқдорида қабул қилинади, тижорат кредити ҳисобидан қурилганда эса кредит тўлови томонларнинг келишувига кўра қопланади;

узлуксиз меҳнат стажи учун қўшимча таътилларга ҳақ тўлаш;

кўп йил ишлаганлиги учун мукофотлар;

истеъмолга йўналтириладиган маблағлар таркиби тўғрисидаги Йўриқномада назарда тутилган меҳнат ҳақи фондига кирувчи қўшимча ҳақнинг бошқа турлари;

пудрат ташкилотларининг маҳсулот (ишлар, хизматлар)нинг таннархига киритиладиган маҳсулот (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича харажатлар тўғрисидаги Низомга ҳамда Ҳукумат ва иқтисодий идоралар томонидан қабул қилинадиган қарорларга мувофиқ бошқа харажатлар;

томонларнинг келишувига кўра қурилиш маҳсулотига белгиланадиган шартномавий нархлар таркибида ҳисобга олинадиган бошқа харажатлар.

Юқорида кўрсатиб ўтилган қўшимча харажатлар қўшимча харажатларни, режадаги жамғарма ва лимитланган харажатларни қўшмасдан аниқланади.

Қурилиш маҳсулоти эркин нархидан ҳамда қурилиш қиймати йиғма смета ҳисоб-китоби йиғиндисидан сўнг қўшимча қийматга солинадиган солиқ тўлаш бўйича харажатларни қоплашга сарфланадиган маблағлар кўрсатилади.


7. Томонларнинг келишувига кўра шартномавий нарх тартибида қопланадиган қуйидаги харажатлар янгидан ишлаб чиқилаётган смета ҳужжатларига киритилмайди, илгари ишлаб чиқилганидан чиқариб ташланади:

электр энергияси қийматидаги фарқ;

тилоғоч қўллаш билан боғлиқ қўшимча харажатлар;

уюшган ҳолда ишчилар олишга харажатлар;

объектларни ишга туширганлик учун мукофотлашга маблағлар;

меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай усулини қўллаш билан боғлиқ харажатлар;

алюминий, зангламайдиган пўлатдан ва бошқалардан тайёрланган металл конструкцияларни сотиш нархидаги фарқ учун қўшимча ҳақ;

ишларнинг кўчма хусусиятига харажатлар;

"Ўздеҳқончиликқурилиш" ва "Ўзколхозқурилиш" бирлашмалари учун қурилиш-монтаж ишларининг смета қийматига қўлланиладиган тузатишлар билан боғлиқ маблағлар.


8. Бозор муносабатлари шароитларида нарх белгилаш омилларининг нобарқарорлигини ҳисобга олиб, контрактнинг алоҳида шартларида қуйидаги мазмундаги бандни назарда тутиш тавсия этилади: "Бажарилган қурилиш-монтаж ва таъмирлаш-қуриш ишлари учун ҳисоб-китоблар асословчи ҳужжатлар (маҳсулот етказиб берувчиларнинг счётлари, тўлов ҳужжатлари билан етказиб бериш шартномалари заводнинг калькуляциялари ва бошқалар) тақдим этилганда ҳамда нарх белгилашни тартибга солувчи кейинги чиққан қонун ва норматив ҳужжатларни ҳисобга олган ҳолда ҳақиқатда қилинган харажатлар бўйича амалга оширилади".


9. Қурилиш маҳсулотига эркин (шартномавий) нархларни белгилашнинг мазкур тартибини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қурилиш ва асосли тузатишни амалга ошираётган, идоравий бўйсунишидан ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча ташкилотлар томонидан қўлланилиши тавсия этилади.


10. Шартномавий нархларни ҳисоблашни "УзНИИПградостроительство" институти томонидан ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат қурилиш ишлари қўмитаси томонидан тасдиқланган бозор муносабатлари шароитларида қурилиш смета қийматини аниқлашда компенсацияларни ҳисоблашга доир методик қўлланма бўйича амалга ошириш тавсия этилади.