язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Қурилиш ва архитектура/ Қурилишни контракт асосида ташкил этиш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 21.07.1993 й. 369-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1993 йил 21 июлдаги

369-сон қарорига

1-ИЛОВА



Қурилишни контракт асосида

ташкил этиш тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом капитал қурилиш (кенгайтириш, қайта тиклаш, техниқ қайта жиҳозлаш, асосли тузатиш) учун контрактлар тузиш ва уни бажориш тартибини, буюртмачилар ва пудратчиларнинг ҳуқуқ ва бурчларини, қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш учун уларнинг жавобгарликларини белгилайди.

Контракт инвестицион фаолият субъектлари ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади, бунда пудратчи буюртмачининг топшириғи бўйича унинг ёки ўзининг материалларидан фойдаланиб аниқ муддатда муайян ишни бажариш мажбуриятини олади, буюртмачи эса ишни қабул қилиб олиш ва унга келишилган нарх бўйича ва белгиланган муддатда ҳақ тўлаш мажбуриятини олади.

Контракт объектлар қурилишининг бутун даври, ишларнинг айрим турлари ёки комплекслари учун тузилади, бунда шу нарса назарда тутиладики, қурилиш муддатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат қурилиш ишлари қўмитаси томонидан тасдиқланган қурилишнинг меъёрий муддатларини белгилаш Тартибига мувофиқ меъёрий муддатдан ошиб кетмаслиги керак, бажарилган ишлар учун узил-кесил ҳисоб-китоблар контрактда назарда тутилган қурилиш объекти белгиланган муддатда буюртмачига топширилгандан сўнггина амалга оширилади.

Контракт томонларнинг мажбуриятларини ва жавобгарликларини белгилаш, ташкилий-технологик тақсимлаш ва юридик жиҳатдан биркитиб қўйиш мақсадида тузилади. Контрактларнинг тури ва шакллари ҳар хил бўлиши мумкин.


2. Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларига ва илгари имзоланган халқаро шартномаларга мувофиқ амалга оширилаётган объектлар қурилиши қабул қилинган ҳужжатлар билан белгиланган тартибда ёки Ўзбекистон Республикасининг халқаро битимлари шартлари бўйича амалга оширилади.


3. Инвестиция комплексидаги контракт муносабатлари:

аҳдлашувчи томонларнинг битим тузишдаги, унинг мақсадини, шартларини ва ўзаро мажбуриятларни аниқлашдаги мустақилликлари, бунда ҳар қандай органлар ва мансабдор шахсларнинг аралашмасликлари назарда тутилади, қонун ҳужжатлари ва республика Ҳукуматининг қарорлари ёки шартнома тузувчи томонларнинг ўзаро розилиги билан назарда тутилган ҳоллар бундан мустаснодир;

контракт муносабатларини ҳуқуқий таъминлаш тизими, хўжалик таваккалчилигини суғурта қилиш, кафолатлар бериш, кафолатга олиш, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунларига зид келмайдиган бошқа чора-тадбирлар;

истеъмолчи (буюртмачи) манфаатларининг устунлиги асосида қурилади.


4. Контракт қуйидагиларни ҳам назарда тутиши керак:

томонларнинг мулкий жавобгарлиги ва мажбуриятларнинг тегишли даражада бажарилмаганлиги сабабли келтирилган зарарлар, шунингдек билвосита зарарлар ва наф бой берилиши оқибатида кўрилган зарарнинг ўрнини тўлдириш;

томонларнинг контрактни бажариш чоғида пайдо бўладиган муаммоларни, уларнинг келиб чиқиш манбаларидан қатъи назар, хўжалик судларининг тажрибасини ҳисобга олиб ўзаро келишган ҳолда ҳал этишга интилиши;

битишув қатнашчиларининг ишлаб чиқариш, техник ва молиявий имкониятлари бўйича малакаларининг тасдиқ (лицензия)ланиши, шунингдек битишувларнинг банклар, суғурта ташкилотлари ёки бошқа муассасалар томонидан кафолатланиши;

контракт (лойиҳа)да назарда тутилган материаллар, буюмлар, конструкциялар, асбоб-ускуналар, машиналар ва механизмларга, уларнинг қурилиш жараёнида қўлланилишига қараб шаҳодатнома бериш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хорижий инвесторлар, пудратчилар, лойиҳаловчиларнинг қўшма фаолиятларини тартибга солиш қоидаларига риоя қилиш ва пудрат ишлари бўйича мажбуриятларни бажаришда уларнинг масъулиятлари.


5. Давлат капитал маблағлари ҳисобига амалга оширилаётган янги қурилиш, корхоналарни кенгайтириш, тиклаш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш учун контрактлар, одатда, танлов асосида тузилади.

Бошқа қурилишлар (объектлар) бўйича контрактлар танлов асосида ҳам, буюртмачи ва бош пудратчи (пудратчининг музокаралари асосида ҳам тузилиши мумкин.

Танлов шартлари буюртмачи томонидан белгиланади, Танлов эълон қилингунга қадар қурилишни маблағ билан таъминлаш манбалари масалалари буюртмачи томонидан ҳал этилган бўлиши керак.



II. ҚУРИЛИШДА КОНТРАКТЛАР ТИЗИМИ


Ўзаро муносабатлар ва жавобгарликни тақсимлаш тавсифига кўра контрактларнинг қуйидаги турларидан фойдаланиш мумкин:


1. Бевосита контрактлар асбоб-ускуналар ва материалларни еткатиб бериб ёки етказиб бермасдан комплекснинг бир қисмини ташкил этувчи айрим объектларда маблағ билан таъминланган қурилиш ёки махсус ишларни бажариш учун тузилади.

Бевосита контракт бўйича пудратчи фақат ўзининг бевосита мажбуриятлари, ўз ишлари ва хизматлари учун жавоб беради, объект (бутун комплекс қурилишининг ниҳоясига етказилиши ва барча ишларнинг мувофиқлаштирилиши учун жавобгарлик буюртмачи зиммасида қолади.

Анъанавий контракт 1991 йилги базавий нархларда маълум қийматига эга бўлган тугалланган лойиҳа асосида тузилади.


2. Лойиҳалаш-қуриш контракти объектни лойиҳалаш ва қуриш бўйича мажбуриятларни бош пудратчи зиммасига юклашни назарда тутади.

Объектни лойиҳалаш лойиҳалаш институтларининг кучи билан ҳам, пудратчининг раҳбарлигида унинг лицензияга эга бўлган лойиҳалаш бўлинмаларининг кучи билан ҳам бажарилиши мумкин.

Объектларни фойдаланишга тайёр ҳолда қуриш контракти лойиҳалаш-қуриш контрактининг ривожи ҳисобланади, бунда бош пудратчи буюртмачининг барча анъанавий вазифаларини, шунингдек ишга тушириш-созлаш ва ишга тушириш ишларини ўз зиммасига олади. Буюртмачига объект доимий фойдаланишга тўлиқ тайёр ҳолда топширилади.

Қўлланиш соҳаси: ижтимоий соҳа объектлари, намумавий технологияга эга бўлган саноат объектлари.

Пудратчи (буюртмачи билан келишиб ёки, агар бу контрактда қайд этилган бўлса, келишмасдан) бош пудратчи сифатида иш кўриши ва бошқа ташкилот (субпудратчи)ларни, улар билан субпудрат контрактлари тузган ҳолда, ишларнинг бир қисмини ёки турини бажариш учун жалб қилиши мумкин. Бу контракт контрактларнинг бевосита турларига мансубдир.

Маҳсулот етказиб берувчи заводлар билан контрактлар, одатда, фақат мураккаб ва ноёб асбоб-ускуналарни яратиш ҳамда етказиб бериш ёки асбоб-ускуналарни комплект ҳолда етказиб бериш учун тузилади.


3. Уч томонлама контракт учинчи шахслар (суғурта компанияси ёки маблағ билан таъминловчи банк ва таркибига пудратчи ҳам кирган пудратчи ташкилотларнинг уюшмалари) иштирокида тузилади, улар буюртмачи ёки бош пудратчига нисбатан, агар улардан бири ночор бўлса, кафил сифатида иш кўришлари лозим.

Бош пудратчининг кафолатчиси бош пудратчи ночор бўлиб қолган тақдирда буюртмачининг манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

Пудратчи томонидан мажбуриятлар бажарилмай қолган ҳолларда иқтисодий жавобгарликни ўзига олувчи суғурта компанияси, банк ёки юқори турувчи ташкилот кафолатчи сифатида иш кўришлари мумкин.

Буюртмачига ўз кафолатчиларини пудратчи тавсия этади, буюртмачи эса уни қабул қилиш ёки ундан бош тортиш ҳуқуқига эгадир. Контрактда кафолатчининг бурчи ва унинг иқтисодий мажбурияти кўрсатилади.

Буюртмачи бош пудратчининг ночорлиги сабабли, контрактни бузишга мажбур бўлганда, кафолатчи объект қурилиши охирига тўлиқ етказилгунгача уни давом эттириш мажбуриятини олади. Бунда у буюртмачига етказилган зарарни қоплаш юзасидан муайян харажатларни ўз зиммасига олади, бу харажатлар бош пудратчининг қарз олиш-бериш мажбуриятлари билан тўлдирилади. Ушбу пул контрактда олдиндан келишиб қўйилади ҳамда бош пудратчининг контрактга мувофиқ ишларни бажаришининг пул кафолати ҳисобланади ва бош пудратчи томонидан кафолатчининг ҳисобига киритилади. Кафолатчи ишларни ўз кучи билан ёки ўз хоҳишига кўра ҳар қандай пудратчини жалб қилган ҳолда тугаллаши мумкин.

Буюртмачининг кафолатчиси, буюртмачи ночор бўлиб қолган ҳолларда, иқтисодий мажбуриятларнинг бажарилишини кафолатлайди.

Кафолатчи сифатида маблағ билан таъминлаш банк, суғурта компанияси ёки бошқа муассаса иш кўриши мумкин. Контракт буюртмачининг айби билан бузилган тақдирда кафолатчи бош пудратчи томонидан бажарилган ишларнинг ва контракт бузилган кунгача қилинган тўғри харажатларнинг қийматини тўлайди.


4. Контракт баҳосини белгилаш шартларига кўра контрактларнинг қуйидаги хиллари фарқланади:

савдода ёки буюртмачи ва бош пудратчининг якка тартибдаги музокаралари жараёнида белгиланган, қурилиш охиригача ўзгармайдиган қатъий нархлар асосидаги контракт республика Давлат қурилиш ишлари қўмитаси томонидан ишлаб чиқиладиган қурилишда шартномавий нархларни белгилаш тартиби тўғрисидаги Низом асосида бош пудратчи ва буюртмачи томонидан белгиланадиган, 1991 йилги смета нархларидаги очиқ шартномавий нарх асосидаги контракт.

Бажарилган ишларнинг ҳақиқий қиймати, нархлар курсининг ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда, улар томонидан ҳар ойда (йилнинг ҳар чорагида) белгиланади.



III. КОНТРАКТЛАР ТУЗИШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАР


1. Ўтказилган савдо (танлов) ёки музокаралар асосида буюртмачи томонидан бош пудратчи танлангандан сўнг томонларга олдиндан (контрактдан олдинги) битим тузиш тавсия этилади, бунда қурилиш учун контрактнинг мақсади бўйича буюртмачи ва бош пудратчининг ниятлари, шартлашилган муддатда контракт тузишни ва ишларнинг бошланишини таъминловчи олдиндан кўриладиган чора-тадбирлар белгиланади.


2. Олдиндан тузиладиган битим қуйидагиларни ўз ичига олади:

объектнинг номи ва унга доир асосий маълумотлар (қуввати, бош пудратчи ишларининг базавий нархлардаги ҳажми, қурилишнинг меъёрий муддати ва қурилишни бошлашнинг тахминий муддати);

лойиҳа-смета ҳужжатларининг таркиби, ҳажми ва топшириш муддатлари;

бош пудратчи қурилиш майдонини бериш муддатлари ва иморатларни бузиш зарурати бўлган ҳолларда, уни бўшатиш шартлари;

қурилишни ускуналар, материаллар, конструкциялар ва буюмлар билан таъминлаш тартиби ва шартлари;

контракт турини (анъанавий, лойиҳалаш-қуриш ва фойдаланишга тайёр ҳолда қуриш) танлаш ва уни тузиш муддати;

қурилишни маблағ билан таъминлаш манбаи;

томонларнинг контрактдан олдинги битимни бузганлик учун жавобгарлиги.


3. Олдиндан тузиладиган битим контракт тузиш учун дастлабки шарт бўлиб хизмат қилади ва лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, ташкилий-технологик лойиҳаларни ишлаб чиқиш, конструкциялар, буюмлар, ускуналар тайёрлаш учун буюртмаларни жойлаштиришга тайёргарлик кўриш, субпудратчи ташкилотлар ва маҳсулот етказиб берувчи ҳамда бошқалар билан шартномалар тайёрлашни прогнозлаш учун асос бўлиб ҳисобланади.


4. Олдиндан тузиладиган битим банкнинг хоҳишига кўра бош пудратчи фаолиятини кредит билан таъминлаш учун асос бўлиши мумкин ва айни вақтда контракт имзолангунгача томонларнинг манфаатларини ҳимоя қиладиган ҳужжат бўлиб хизмат қилади.


5. Олдиндан тузиладиган битимда шартлашилган қурилиш бўйича контракт тузиш муддатлари етиб келганда буюртмачи бош пудратчига контракт тузиш учун зарур бўлган қуйидаги техник ҳужжатларни топшириши керак:

қурилишнинг тасдиқланган титул рўйхати;

қурилишнинг лойиҳалар ва сметаларни ишлаб чиқиш бўйича йўриқномалар ва кўрсатмаларда назарда тутилган йиғма смета қиймати ҳисоб-китоби билан бирга белгиланган тартибда тасдиқланган ишчи лойиҳаси - 2 нусхада;

қурилишнинг биринчи йили учун асбоб-ускуналар ва материаллар топшириш графиги агар бу таъминлаш вазифали буюртмачига юклатилган бўлиб, қурилишнинг тадрижий технологиясида кўзда тутилган бўлса;

ердан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатнинг нусхаси;

қурилиш чиқиндисини ва ортиқча тупроқни тўкиш учун жойлар ажратишга доир рухсатномалар;

етишмаган тупроқни қазиб олиш мақсадида карьерлар очиш учун рухсатномалар;

ерларни қайтадан экин экишга тайёрлаш мақсадида тупроқнинг унумдор қатламини тўплашга жой ажратиш учун рухсатнома;

кенгайтириш, қайта тиклаш ва техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш керак бўлган ишлаб турган корхоналар бинолари ва иншоотларининг ҳолати ва мустаҳкамлигини текширувдан ўтказганлик тўғрисидаги материаллар.


6. Объект икки ва ундан ортиқ бош пудратчи томонидан қуриладиган тақдирда кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар буюртмачи томонидан бош пудратчининг ҳар бирига улар бажарадиган ишлар ҳажмлари бўйича контракт тайёрлаш учун берилади. Бунда барча бош пудратчилар учун умумий бўлган ҳужжатлар тури бўйича уларга ҳужжатлардан кўчирмалар ва уларнинг нусхалари берилади.


7. Пудратчи буюртмачидан ушбу бўлимнинг 5-бандида кўрсатилган ҳужжатларни олган кундан бошлаб 20 кун (календарь) муддатда уни субпудратчи ташкилотлар билан биргаликда кўриб чиқишга, буюртмачига бутун қурилиш бўйича ишларни амалга ошириш жадвали билан бирга қурилишнинг давом этиш меъёрий муддатларини ишга тушириш комплекслари, технологик босқичлар, алоҳида объектлар ва иншоотлар бўйича топшириқларни ҳисобга олган ҳолда контракт лойиҳасини тақдим этишга мажбурдир.


8. Буюртмачи пудратчидан контракт лойиҳасини олган кундан бошлаб уни 10 кун (календарь) муддатда кўриб чиқиши, имзолаши ва пудратчига қайтариши шарт. Эътирозлар бўлган тақдирда буюртмачи келишмовчиликлар ҳақида баённома тузишга ва уни имзоланган контракт билган бирга шу муддатда пудратчига юборишга мажбурдир.


9. Пудратчи буюртмачидан келишмовчиликлар ҳақидаги баённома билан бирга имзоланган контрактни олган кундан бошлаб 15 кун (календарь) муддатда буюртмачи билан келишмовчиликларни ҳал қилишга мажбурдир. Агар келишувга эришилмаган бўлса, низоли масалалар ҳал этиш учун буюртмачи ва бош пудратчининг юқори ташкилотларига берилади. Агар низолар бу ташкилотлар томонидан ҳам ҳал этилмаса, улар хўжалик судига берилади.

Низоли масалалар юқори ташкилотлар томонидан 15 кун муддатда ҳал этилади.

Агар келишмовчиликлар пудратчи томонидан кўрсатилган муддатда ушбу органларга кўриб чиқиш учун берилмаса, буюртмачининг таклифлари қабул қилинган, контракт эса тузилган ҳисобланади.


10. Контракт тузилгандан сўнг буюртмачи бош пудратчига контрактнинг алоҳида шартларида назарда тутилган муддатларда тегишли назорат органлари ва ташкилотларининг қуйидаги ишларни бажариш учун рухсат берганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни бериши шарт:

шаҳар йўлларининг қатнов қисми, темирйўл, автомобиль йўллари доирасида фойдаланишда бўлган ҳаво электр узатиш, алоқа линиялари чегарасида қурилиш ишларини амалга оширишга;

йўл қопламаларини очишга;

ерости иншоотлари ва коммуникациялари (кабель, газ қувурлари, сув қувурлари, канализация ва бошқалар)нинг қурилиш майдони орқали ўтган жойларида қурилиш ишларини амалга оширишга;

уй-жой-хўжалик мақсадидаги объектларда қурилиш ишларини амалга оширишга;

дарахтзорларни кесиш ва дарахтларни кўчириб ўтказишга;

қурилишга тўсқинлик қилувчи иморатлар ва иншоотларни бузишга;

сув ва ердан махсус фойдаланишга.


11. Объект қурилиши бошлангунгача кечи билан 10 кун олдин буюртмачи далолатнома бўйича бош пудратчига майдоннинг геодезик жойлаштириш асосига ва қурилиш ҳудудига биркитилган пунктларга ушбу майдоннинг белгиларига доир техник ҳужжатларнинг аслида мавжудлигини амалий исботлаган тарзда топширишга мажбурдир. Геодезик жойлаштириш асосининг таркиби ва ҳажмлари қурилиш бўйича меъёрий ҳужжатлар талабларига мос келиши керак.


12. Қурилиш тугатилгандан сўнг бош пудратчи буюртмачига қурилиш даврида ва у тугагунгача сақланадиган геодезия ва режалаштириш ишлари олиб борилаётганда белгиланадиган геодезик белгиларнинг жойлашиш схемаларини ва координатлар ҳамда баландликларнинг каталогларини беришга мажбурдир.


13. Қурилиш учун контракт тузилаётганда буюртмачи билан бош пудратчи унинг алоҳида шартларида амалдаги қонунга, мазкур Низомга, қурилиш меъёрлари ва қоидаларига амал қилиб, қурилишни ташкил этиш ва ишларни амалга ошириш лойиҳаларидан, объект қурилишининг аниқ шартларидан келиб чиққан ҳолда бошқа хил ўзаро мажбуриятларни ҳам назарда тутадилар.



IV. ҚУРИЛИШНИ МАТЕРИАЛЛАР, КОНСТРУКЦИЯЛАР,

БУЮМЛАР ВА ТЕХНОЛОГИК АСБОБ-УСКУНАЛАР

БИЛАН ТАЪМИНЛАШ


1. Қурилишни қурилиш-монтаж ишларини бажариш учун зарур бўлган материаллар, конструкциялар, буюмлар, шунингдек эркин сотиб олинадиган барча асбоб-ускуналар ва аппаратуралар билан таъминлаш бош пудратчи ва субпудратчининг вазифаси ҳисобланади.

Томонларнинг келишувига кўра буюртмачи материаллар ва асбоб-ускуналар етказиб бериш учун заводлар ёки бошқа маҳсулот етказиб берувчилар (сотувчилар) билан тузилган шартномалар (контрактлар)ни бош пудратчига уларни амалга ошириш учун бериши мумкин.

Буюртмачи етказиб берадиган маҳсулотларнинг ҳажмлари ва турлари қурилиш учун контрактга илова ҳисобланадиган рўйхат билан расмийлаштирилади.

Буюртмачи томонидан технологик ва ностандарт асбоб-ускуналарни, арматура ва махсус материалларни қурилиш майдонига етказиб бериш бош пудратчи билан келишилган жадвалга мувофиқ амалга оширилади.


2. Пудратчи зарур бўлган ҳолларда буюртмачи билан келишиб олиш учун поллар, деворлар ва шифтларни қоплаш материаллари, сантехника ва электр техника ускуналари, мебель ва бошқа материаллар ҳамда буюмларнинг намуналарини, сифат шаҳодатномаларини ва маълумотномаларни тақдим этади.


3. Бош пудратчи буюртмачининг розилиги билан қурилиш-монтаж ишларини бажариш чоғида бинолар ва иншоотларни бузишдан ёки йўл-йўлакай топилган материаллар ва конструкциялардан фойдаланиши мумкин. Ушбу материаллар ва конструкцияларнинг ишга яроқлилиги буюртмачи, пудратчи ва лойиҳаловчи билан биргаликда аниқланади.


4. Буюртмачи томонидан етказиб бериладиган, монтаж қилиниши керак бўлган асбоб-ускуна ва материаллар бош пудратчига ёки унинг ишончномасига биноан далолатномалар бўйича субпудратчига қурилишни ташкил этиш лойиҳасида кўзда тутилган объект яқинидаги омборларда, стандартлар ва техник шартлар талабларига мувофиқ тўлиқ ва соз ҳолда, томонлар билан келишилган қурилиш жадвалда назарда тутилган муддатда топширилади. Оғир вазнли йирик ҳажмли асбоб-ускуналар буюртмачи томонидан объект яқинидаги омборда ёки келишувга мувофиқ монтаж ишлари доирасида ёки йириклаштириш (йиғиш) майдонида топширилади.

Агар йирик ҳажмли ускуналар техник шартларга мувофиқ уларни тайёрлаш учун қурилиш майдонига сочилган ҳолда, алоҳида қисмлар ҳолида етказиб берилса, у ҳолда йириклаштирилган узел қилиб йиғишни таъминлаш буюртмачининг вазифаси ҳисобланади. Йирик ҳажмли ускуналарни йиғиш ва тайёрлаш монтаж қилувчи субпудратчи ташкилот томонидан буюртмачи билан тузилган бевосита контракт (шартнома) бўйича ва буюртмачининг ёки ўзининг маблағлари ҳисобига бажарилиши мумкин.


5. Ускуналарни омборларда сақлаш шарт-шароитлари стандартлар, қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларига мувофиқ бўлиши керак. Ускуналар меъёрдан ортиқча муддатда сақланган тақдирда, монтаж қилишдан олдин улар муддатни ўтказиб юборишда айбдор бўлган ташкилот маблағи ҳисобига тафтиш қилиниши лозим.


6. Ускуналарни қабул қилиш чоғида бош пудратчи ва субпудратчи томонидан уларнинг нотўлиқлиги ва монтаж қилиш ёки синаб кўриш чоғида камчилиги аниқланган тақдирда бош пудратчи ёки субпудратчилар бу ҳақда буюртмачини хабардор қилишлари ва ускунани тайёрлаган заводга ёки уни етказиб берувчига даъво қилиш учун тегишли далолатномани тузишда қатнашишлари, ушбу ускунанинг тўлиқ бўлишини ёки уни техник жиҳатдан энг қисқа муддатда, агар бу товар етказиб бериш шартномасида назарда тутилган бўлса, алмаштиришни талаб қилишлари керак. Далолатномани тузиш маҳсулот етказиб бериш юзасидан контракт тузган томоннинг вазифасига киради.


7. Объектлар қурилиши хорижий асбоб-ускуна комплекти негизида ёки компенсация битимлари асосида амалга оширилган тақдирда буюртмачи хорижий фирма билан ускуналарни етказиб бериш ва монтаж қилишни келишиб олиш учун бош пудратчини ва монтаж қилиш ташкилотларини жалб қилишга мажбурдир.


8. Бош пудратчига буюртмачи томонидан бериладиган материаллар, буюмлар ва асбоб-ускуналар учун ҳисоб-китоблар ҳамда бош пудратчининг қабул қилиш, сақлаш ва уларни ташиш харажатларини қоплаш қурилиш учун контрактнинг алоҳида шартларида белгиланган, томонлар келишган нархлар ва шартлар бўйича амалга оширипади.


9. Бош пудратчи ва субпудратчилар объектни комплектлаш учун уларга берилган ускуналарнинг объект комплекс синаб кўриш учун буюртмачига берилгунгача сақланиши учун жавоб берадилар.



V. ИШЛАРНИ БАЖАРИШ ВА ХИЗМАТ КЎРСАТИШ

ШАРТ-ШАРОИТЛАРИНИ ТАЪМИНЛАШ


1. Буюртмачи бузилиши, кўчирилиши ёки қайта тикланиши керак бўлган биноларда яшовчи шахсларни кўчириши ва қурилишни ташкил этишга тўсқинлик қилувчи бинолар ва иншоотларни томонлар билан келишилган муддатда бузишни ёки қурилиш майдонидан кўчиришни таъминлаши зарур. Қурилиш қийматининг йиғма смета ҳисоб-китобида назарда тутилган ва шартномавий нархлар таркибига кирган қурилиш майдонини бўшатиш билан боғлиқ қурилиш-монтаж ишлари томонлар келишган муддатда пудратчи ташкилот томонидан бажарилади.


2. Буюртмачи бош пудратчи билан келишилган муддатларда ўз кучи билан бузиладиган, кўчириладиган ёки қайта тикланадиган объектлардаги ускуналарни, технологик ўтказиш қувурларини, аппаратураларни, механизмлар ва қурилмаларни қисмларга ажратиши, ишлаб турган тармоқларни узиб қўйиши керак. Томонларнинг келишувига кўра кўрсатилган ишларни бажариш тегишли тўловни тўлаш шарти билан бош пудратчига топширилиши мумкин.


3. Ишлаб турган корхоналарни кенгайтириш, қайта тиклаш ва техникавий қайта жиҳозлаш чоғида қурилиш майдонини ажратиб беришнинг имкони бўлмай қолган ҳолларда буюртмачи пудратчига ишлар кўламини тақдим этиши, майдонни бўшатиши ва бош пудратчи ҳамда субпудратчининг иш жойларини ишларни бажаришга тўсқинлик қилувчи барчо иншоотлар, омборхона, бинолар ва чиқиндилардан бош пудратчи билан келишилган тартибда ва муддатда бўшатиб бериши, шунингдек ўз ҳисобидан корхонанинг асосий фаолияти билан боғлиқ қурилишдаги техника хавфсизлиги (ҳимоя қурилмалари ўрнатиш, ёнғиндан сақлаш ва қўриқлашни таъминлаш) бўйича чора-тадбирларни таъминлаши керак.


4. Қурилиш майдонини ўзлаштириш жараёнида ёки қурилиш кетаётганда ишлаб турган ерости иншоотлари ва конструкцияларини очиш лойиҳа ечимларига мувофиқ ва улардан фойдаланувчи ташкилотнинг назоратида бош пудратчи томонидан амалга оширилади.


5. Қурилишни ташкил этиш лойиҳасига мувофиқ буюртмачи бош пудратчига ўзининг асосий фондларидан қурилиш эҳтиёжлари учун фойдаланилиши мумкин бўлган (амортизация ажратмалари бўйича ҳақ тўлаш шарти билан) бинолар ва иншоотларни ижарага беради, шунингдек бош пудратчига ўз устахоналари ва бошқа ёрдамчи ишлаб чиқаришлардан фойдаланиш имконини беради.


6. Бош пудратчи пардозлаш ишлари тўлиқ тугагунгача бўлган даврда буюртмачи учун қурилаётган бинолар ва иншоотлардан вақтинча ва ҳақ тўламасдан ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун (бу бинолар ва иншоотларни шартлашилган муддатларда тўлиқ соз ҳолда топшириш шарти билан) фойдаланиш ҳуқуқига эгадир.


7. Буюртмачи қуриб битказилган бинолар ва иншоотлардан объект қурилиши тўлиқ ниҳоясига етгунгача (агар бу бош пудратчининг бундан кейинги ишларига тўсқинлик қилмаса) фойдаланиши мумкин. Бундай ҳолларда буюртмачи ушбу бинолар ва иншоотларни бош пудратчидан далолатнома бўйича қабул қилиб ва объект тўлиқ топширилгунгача (қабул қилиб олингунгача) уларнинг сақланиши учун жавоб бериши лозим.


8. Буюртмачида ўзининг сув, газ, буғ, злектр таъминоти объектлари ва бошқа ёрдамчи қурилмалари бўлган тақдирда у бош пудратчига амалдаги нархлар ва тарифлар бўйича ҳақ тўлаш шарти билан улардан фойдаланиш ҳуқуқини беради. Агар амалдаги нархлар ва тарифлар смета нархларидан юқори бўлса, буюртмачи нархлардаги фарқни қоплайди.

Шаҳарлар ва аҳоли яшаш жойларидан ташқарида, шунингдек ўзлаштирилмаган жойлардаги объектларда янгидан бошланадиган қурилишни сув, газ, иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлаш учун объектлар ва қурилмалар қуриш бош пудратчи томонидан, қурилиш учун сметаларда назарда тутилган буюртмачининг маблағлари ҳисобига амалга оширилади.


9. Ишлаб чиқаришга илгари берилган лойиҳа-смета ҳужжатларига буюртмачи томонидан ўзгартиришлар киритилиши билан боғлиқ барча харажатлар ва зарарларни буюртмачи ўзгартирилган ҳужжатлар берилгандан сўнг 10 кун муддатда тузилган далолатнома асосида бош пудратчига тўлаши керак.


10. Буюртмачи томонидан объект қурилишини консервация қилиш ёки бутунлай тўхтатиб қўйиш ҳақидаги қарорга келинган ҳолларда курилиш бўйича тузилган контракт бекор қилинади, айрим объектлар қурилиши консервация қилинган ёки тўхтатиб қўйилган тақдирда эса контрактга қўшимча келишув билан аниқлик киритилади.


11. Қурилиш контракти қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин:

ваколатли органлар қарорига ва томонларнинг ташаббусига кўра;

келишиб олинган қурилиш жадвалида назарда тутилган қурилиш-монтаж ишларининг бажарилиш муддатлари бош пудратчи томонидан мунтазам равишда бузиб келинганлиги ва улар сифатининг пастлиги туфайли;

буюртмачи билан амалий ҳамкорлик қилишдан доимий равишда бош тортишлар туфайли;

контрактда назарда тутилган мажбуриятлар буюртмачи томонидан мунтазам равишда бузилиши туфайли;

пул билан таъминловчи банк томонидан буюртмачи тўлаш қобилиятига эга эмас деб эълон қилинган тақдирда.


12. Қурилиш контракти буюртмачи ва бош пудратчига боғлиқ бўлмаган қуйидаги сабабларга кўра бекор қилиниши мумкин:

республика Ҳукуматининг қарорига биноан;

жамиятга қарши унсурларнинг зўравонлик ҳаракатлари, иш ташлашлар натижасида;

материаллар ва ускуналарни ташиб келишдиги кечикишлар туфайли;

қурилиш объектларининг бузилишига ва тўлиқ йўқ бўлиб кетишига олиб келган табиий офатлар туфайли.


13. Қурилиш учун контракт тузилгандан ва белгиланган муддатда молиявий таъминот очилгандан сўнг 10 кун муддатда буюртмачи бош пудратчининг айланма маблағларини қурилишнинг йиллик шартлашилган қийматининг камида 15 фоизи миқдорида, агар қурилиш шарт-шароитлари кўплаб маблағларни талаб қилмаса, унинг ҳисобига аванс пули ўтказиш йўли билан тўлдириб боради. Бош пудратчи томонидан ҳақиқий бажарилган қурилиш-монтаж ишлари учун жорий тўловларни буюртмачи, берилган авансни қоплашга мутаносиб қисмини ва бажарилган ишлар қийматининг 5 фоизини чегириб қолган ҳолда, ҳар ойда амалга оширади, у бош пудратчига қурилиш тўлиқ якунлангандан ва буюртмачига топширилгандан сўнг тўланади.


14. Контрактда томонлар томонларнинг хўжалик таваккалчиликлари хусусиятларига, уларнинг молиявий аҳволига ва бошқа омилларга қараб тўловлар ва ҳисоб-китобларнинг бошқа шартлари ва тартибларини назарда тутишлари мумкин.



VI. ШАРТНОМА БЎЙИЧА КЕЛИШМОВЧИЛИКЛАРНИ

ҲАЛ ҚИЛИШ ВА МУЛКИЙ ЖАВОБГАРЛИК


1. Ишларни тўхтатиб қўйиш ёки контрактни бекор қилишга олиб келувчи вазиятлар пайдо бўлган ҳолларда томонлар бундай вазиятларни қайд этилган оқибатларнинг олдини олиш мақсадида, музокаралар олиб бориш йўли билан ҳал қилишга интилишлари керак.

Агар келишмовчиликларни ҳал қилишнинг иложи бўлмаса, низо тегишли хўжалик судида ҳал этилади.


2. Дастлабки контрактдан олдинги шартнома бекор қилинган ва қурилиш учун контракт тузиш рад этилган тақдирда айбдор томон иккинчи томонга контрактдан олдинги шартномада келишилган миқдорда жарима тўлайди.


3. Мазкур Низомнинг III бўлимидаги 5 ва 9-бандларда кўрсатилган ҳужжатларни топшириш муддатларини бузганлик учун, III бўлимдаги 7 ва 8-бандларда назарда тутилган муддатларда қурилиш юзасидан контрактни тақдим этишни кечиктирганлик учун айбдор томон иккинчи томонга ҳар бир кечиктирилган кун учун энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баравари миқдорида жарима тўлайди.


4. Буюртмачи қуйидаги контракт мажбуриятларига риоя қилмаганлиги ёки уларни тегишли равишда бажармаганлиги учун бош пудратчи олдида қуйидагича мулкий жавобгар бўлади:

- тегишли назорат органлари ва ташкилотларининг мазкур Низомнинг III бўлими 10-бандида кўзда тутилган тегишли ишларни амалга ошириш учун рухсат берганлиги тўғрисидаги ҳужжатларни кечиктирганлик ва майдоннинг геодезик тақсимоти ҳамда қурилиш майдонига биркитилган ҳудудда ушбу майдоннинг пунктлари ва белгиларини топширишни кечиктирганлик учун - ҳар бир кечиктирилган кун учун энг кам ойлик иш ҳақининг 7 баравари миқдоридаги жарима;

- ускуналар, материаллар ва буюмларни монтаж қилиш учун, шунингдек ускуналарни монтаж қилиш учун зарур бўлган материаллар ва буюмларни топшириш муддатларини бузганлик учун - ўз муддатида топширилмаган ускуна материаллар, алоҳида буюмлар қийматининг 1 фоизидан 4 фоизигача миқдордаги жарима;

- монтаж қилиш учун нокомплект ускуна топширганлик учун, агар нокомплектлилик ушбу ускунани монтаж қилишга тўсқинлик қилса, топширилган нокомплект ускуна қийматининг (етишмаётган қисмлар (деталлар) қийматини ҳам қўшган ҳолда) 5 фоизи миқдоридаги жарима;

- қурилаётган объект бўйича тузилган контрактга кўшимча битим тайёрлаш учун қайта тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларини топширишни кечиктирганлик учун - кечиктирилган ҳар бир кун учун энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдоридаги жарима;

- қурилишни ташкил этиш лойиҳасига мувофиқ тегишли ташкилотларнинг мавжуд сув, газ, буғ, иссиқлик, электр энергияси манбаларидан фойдаланиш учун уларга улаш ҳуқуқини берувчи рухсат тўғрисидаги ҳужжатларни ишлар бошлангунгача камида бир ой олдин топширишни кечиктирганлик учун - кечиктирилган ҳар бир кун учун энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдоридаги жарима;

- бузилиши лозим бўлган биноларни топширишни ва қурилиш майдонларидан магистрал электр узатиш линияларини темир йўлларни, ерости тармоқлари ва коммуникацияларни ҳамда қурилиш майдонига ажратилган жойдаги қурилишга ҳалақит берувчи бошқа муҳандислик иншоотларини кўчириш учун рухсатномаларни кечиктирганлик учун - кечиктирилган ҳар бир кун учун энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдоридаги жарима;

- қурилиши тугалланган объектни, унинг алоҳида навбатини, ишга тушириш комплексини, маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш учун тайёрлаб қўйилган бинони, иншоотни қабул қилиб олишни бошлашни бош пудратчининг уларни топшириш тўғрисидаги хабарини олган кундан бошлаб 5 кундан ортиқ кечиктирганлик учун кечиктирилган ҳар бир кун учун базавий шартнома нархларнинг 0,05 фоизи миқдоридаги пеня, аммо у кунига энг кам ойлик иш ҳақининг 5 бараваридан кам бўлмаслиги керак;

- консервация қилинган ёки қурилиши тўхтатилган қурилиш объектлари ва уларнинг таркибига кирувчи бинолар ва иншоотлар, моддий бойликларни қабул қилишни кечиктирганлик ва бош пудратчи томонидан бажарилган қурилиш-монтаж ишлари учун ҳисоб-китобларни кечиктирганлик учун - кечиктирилган ҳар бир кун учун шартномавий нархларнинг 0,05 фоизи миқдорида пеня, аммо у кунига энг кам ойлик иш ҳақининг 5 бараваридан кам бўлмаслиги керак;

- қурилиш учун контракт тузилган кундан бошлаб маблағ билан таъминлашни 15 кундан ортиқ кечиктирганлик учун - кечиктирилган ҳар бир кун учун энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдоридаги жарима тўланади.


5. Бош пудратчининг контракт бўйича мажбуриятларни бузганлик учун буюртмачи олдидаги мулкий жавобгарлиги турлари:

объект, унинг навбати, ишга тушириш комплекси, маҳсулот ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш учун тайёрлаб қўйилган бино, иншоот қурилишини ўз вақтида тугалламаганлиги учун - кечиктирилган ҳар бир кун учун базавий нархларнинг 0,05 фоизи миқдоридаги пеня, аммо у буюртмачига топширгунгача кунига энг кам ойлик иш ҳақининг 15 бараваридан ошмаслиги керак;

буюртмачи билан тузилган контракт бўйича монтаж ва бошқа ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан амалга ошириладиган ускуналарни монтаж қилиш майдонларини топшириш муддатларини бузганлик учун - кечиктирилган ҳар бир кун учун (базавий смета нархлари бўйича) ускуна қийматининг 0,03 фоизи миқдоридаги пеня, аммо у кунига энг кам ойлик иш ҳақининг 5 бараваридан кўп бўлмаслиги керак;

лойиҳа-смета ҳужжатлари асосида пудрат контрактига алоҳида шартларда белгиланган ерларни қайта унумдор қилиш бўйича ишларнинг муддатларини ва ҳажмларини бузганлик учун - кечиктирилган ҳар бир кун учун энг кам ойлик иш ҳақининг 7 баравари миқдоридаги жарима;

бош пудратчи томонидан ишлар ва конструкцияларда йўл қўйилган ва буюртмачининг муаллифлик назорати билан, назоратчи органлар томонидан қурилиш жараёнида ва оралиқ қабул қилиш пайтларида аниқланган чала ишлар аа камчиликларни, уларни бартараф қилиш мақсадида кўпи билан ҳар бирига белгиланган 30 кун муддатдан кечиктирганлик учун - кечиктирилган ҳар бир кун учун энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдоридаги жарима.

Агар пудратчи томонлар белгилаган муддатда камчиликларни бартараф этмаган бўлса, буюртмачи ёки фойдаланувчи ташкилот камчиликларни ўз кучи билан пудратчи ҳисобидан бартараф этиши мумкин, бунда камчиликларни бартараф этиш бўйича ишлар қийматининг 50 фоизи миқдорида жарима ундирилади.


6. Бош пудратчи қуриб битказилган объектлар ва қурилиш ҳамда монтаж ишларини далолатнома билан буюртмачига тўлиқ топширгандан сўнг контракт ёки унга алоҳида шартларда кўрсатилган кафолат муддатлари ичида камчиликларни ўз ҳисобидан бартараф этиши керак.


7. Бажарилган ишлар, иккинчи томонга берилган (сотилган) материаллар учун ёки кўрсатилган хизматлар учун тўловлар банк тизимларида белгиланган муддатлардан кечиктирилган ҳолларда айбдор томон иккинчи томонга кечиктирилган ҳар бир кун учун 0,04 фоиз миқдорида пеня тўлайди.

Тўлов ҳужжатларини имзолашни асоссиз равишда тўла ёки қисман рад этиш томоннинг бошқа томон (кредитор) фойдасига тўлов суммасининг 5 фоизи миқдорида жарима тўлашига сабаб бўлади.


8. Қурилиш учун контракт тузиш чоғида томонлар амалдаги қонун ҳужжатлари ва мазкур низомда белгиланмаган бошқа мажбуриятларни бажармаганлик учун жавобгарликни, бузилиш учун санкцияларни назарда тутишлари мумкин.


9. Контракт бўйича мажбуриятларни бажармаганлик учун мазкур Низомда назарда тутилган санкциялардан ташқари контрактни бузган томон иккинчи томонга жарима, пеня тўлаш билан қопланмаган харажатларда, мулкнинг йўқолиши ёки шикастланишида ифодаланган суммада ҳақиқий зарарларнинг ўрнини тўлдиради.


10. Жарима, пеняни тўлаш, шунингдек мажбуриятларни бажармаганлиги ёки лозим даражада ижро этмаганлиги учун зарарларнинг ўрнини тўлдириш томонларни натурадаги мажбуриятларни бажаришдан озод қилмайди, амалдаги қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.