язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Савдо. Умумий овқатланиш. Маиший хизмат кўрсатиш/ Корхоналар ва ташкилотлар ихтиёрида қоладиган маҳсулотлар ва товарларни сотиш бўйича республика ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида Вақтинчалик низом (ЎзР ВМ 19.04.1994 й. 216-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1994 йил 19 апрелдаги

216-сон қарорига

1-ИЛОВА



Корхоналар ва ташкилотлар ихтиёрида қоладиган

маҳсулотлар ва товарларни сотиш бўйича республика

ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида

ВАҚТИНЧАЛИК НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом тадбиркорликни ривожлантириш, барча жисмоний ва юридик шахсларга тенг ҳуқуқли шароитларни яратиш, ярмарка савдоси қоидаларига риоя қилиш мақсадида ишлаб чиқилган.


2. Ярмаркани ташкил этиш ва ўтказишни "Ўзулгуржибиржасавдо" уюшмасининг хўжалик ҳисобидаги доимий ишлайдиган республика товар-хом ашё биржаси амалга оширади.

Хўжалик ҳисобидаги, доимий ишлайдиган ярмарка ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг қонунларига, Президентнинг фармонларига, ҳукумат фармойишларига, мазкур Низомга ҳамда бошқа норматив ҳужжатларга амал қилади.


3. Доимий ишлайдиган ярмарка савдосини ўтказиш ҳамда барча юридик ва жисмоний шахсларга товарлар бозорида савдо битимларини тузишда қулай шарт-шароитларни яратиш, шунингдек, товарлар ва маҳсулотлар, технологик асбоб-ускуналар, янги илмий-техник ишланмалар ва технологияларнинг ярмаркаларини, кўргазмаларини, вакилларнинг савдо операцияларини амалга ошириш мақсадида мунтазам савдо йиғилишларини ўтказишлари учун махсус жиҳозланган бинолар беради.



II. ЯРМАРКАЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


4. Ярмаркаларни ўтказишдан олдин корхоналар, ташкилотлар, бошқа бозор тузилмалари ва тадбиркорлар билан биргаликда талабни ўрганиш, ярмаркаларда сотиш учун тақдим этилаётган товарлар ва маҳсулотларни ишлаб чиқарувчиларнинг таклифларини, фойдаланилмаётган маҳсулотни, зарур асбоб-ускуналарни, технологияларни ва иккиламчи ресурсларни аниқлаш, каталогларни ҳамда зарур маълумотларни эълон қилиш ишлари амалга оширилади.



III. ЯРМАРКА ҚАТНАШЧИЛАРИ


5. Харидоргир товарларни сотиш учун таклиф этувчи Ўзбекистон Республикаси ва бошқа мамлакатларнинг ҳар қандай корхоналари, ташкилотлари, юридик ва жисмоний шахслари ярмарка қатнашчилари бўлишлари мумкин.


6. Ярмарка комиссияси билан ярмаркага қўйилаётган товарларнинг сотувчилари, харидорлари ўртасида тузиладиган битимлар товарларни ярмаркада сотиш учун асос бўлади.



IV. ЯРМАРКАЛАР ЎТКАЗИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


7. Ярмаркаларни ташкил этиш ва уларга оператив раҳбарлик қилиш учун ярмарка қўмиталари тузилади.

Ярмарка қўмитаси таркибига давлат ва тижорат тузилмаларининг вакиллари киритилиши мумкин.


8. Ярмарка қўмитаси:

ярмарка савдоларини ўтказиш даврларини, муддатларини ва жойларини белгилайди;

ярмарканинг ишчи органлари (дирекция, ҳакамлик, шартномаларни ҳисобга олиш (бюроси) гуруҳини), комиссиялар ва ярмарканинг олдига қўйилган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган бошқа органлар тартибини аниқлайди ва ташкил қилади, уларнинг раҳбарларини келишиб олади ҳамда тасдиқлайди;

ярмаркани ташкил этиш ва ўтказиш ҳамда шартномалар тузиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этади;

амалда тузилган савдо битишувларидан олинадиган воситачилик ҳақи, йиғимлар миқдорини ва уларни ундириш тартибини белгилайди;

ярмаркани ташкил этиш ва ўтказиш харажатлари миқдорини ва уларни тақсимлаш тартибини белгилайди;

юқори сифатли ва харидоргир маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқариш, эскирган, сифати паст маҳсулотларни, шунингдек, харидоргир бўлмаган маҳсулот турларини ишлаб чиқармаслик тўғрисида корхоналарга таклифлар киритади:

ярмаркага хизмат кўрсатишни таъминлайди;

корхоналар ва воситачи ташкилотларнинг доимий ишлайдиган ваколатхоналарини жойлаштириш ва уларнинг ишлаши учун мавжуд майдонларни, шунингдек, техник воситаларни ижарага ёки бошқа шартларда беради;

маҳсулотни етказиб бериш ва олди-сотди борасида тузилаётган шартномалар, сотиш тўғрисидаги таклифлар ва сотишга тақдим этилаётган маҳсулотни харид қилиш буюртмалари ҳақидаги маълумотлар асосида ярмаркада сотиш учун таклиф этилаётган маҳсулотлар бўйича талаб ва таклифлар конъюнктурасини таҳлил қилади;

ярмаркаларда тузилган маҳсулот етказиб бериш, олди-сотди шартномалари ва товар айирбошлаш битимлари бўйича жорий (эркин ва тижорат) нархларнинг ҳисобини юритади, ўртача даражани аниқлаган ҳолда жорий нархлар ведомостларини тузади, уларни эълон қилади;

ярмарка фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан бошқарувчилик, товаршунослик ва юридик маслаҳатлар беради.


9. Ярмарка қўмитасининг қарорлари протоколлар билан расмийлаштирилади ва ярмарка қўмитаси раиси ёки унинг ўринбосари томонидан имзоланади.


10. Ярмарка қўмитаси аъзолари ўртасида келишмовчиликлар келиб чиққан ҳолларда ярмарка қўмитасининг қарори кўпчилик овоз билан, овозлар тенг бўлган ҳолларда эса ярмарка қўмитасининг раиси томонидан қабул қилинади.


11. Ярмарка қўмитаси ярмарка очилишидан олдин ярмаркани ўтказиш муддатлари ва жойи ҳақида қатнашувчиларни хабардор қилади.


12. Ярмарка ишида маҳсулот етказиб берувчилар сифатида қатнашиш истагини билдирган корхоналар ярмарка қўмитасига каталоглар, намуналар, моделлар, маълумотномалар, реклама-бюллетенларни ва шу кабиларни юборадилар.


13. Ярмарка ишида истеъмолчи сифатида қатнашиш истагини билдирган корхоналар ярмарка дирекциясига тегишли билдириш хати юборадилар.



V. ЯРМАРКАЛАРДАН ТУШАДИГАН ДАРОМАДЛАР


14. Доимий ишлайдиган ярмарка фойда олишни ўз олдига мақсад қилиб қўймайди ва кўрсатиладиган хизматларга энг кам ставкаларни белгилайди.

Ярмаркаларни ўтказишдан олинадиган даромадлар уни ўтказиш учун зарур бўлган харажатларни қоплаши керак.


15. Доимий ишлайдиган ярмарка олди-сотди ишларини ҳар қандай валютада амалга ошириш, қуйидагилардан даромад олиш ҳуқуқига эга:

ярмаркалар, кўргазмалар, савдо-сотиқ йиғилишларини ташкил этиш, ўтказиш ва уларга хизмат кўрсатишдан;

ярмаркалар, кўргазмалар, савдо-сотиқ йиғилишларида иш ўринларини беришдан, хоналар ва майдонларни ижарага беришдан, маҳсулот етказиб бериш шартномаларини тузишда воситачилик хизматини кўрсатишдан;

рекламаларни ташкил этишдан;

ахборот хизмати кўрсатишдан;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа тижорат-воситачилик хизматларини кўрсатишдан.



VI. ДОИМИЙ ИШЛАЙДИГАН ЯРМАРКАДАГИ

ҲИСОБГА ОЛИШ ВА ҲИСОБОТ


Доимий ишлайдиган ярмарка бухгалтерия, статистика ва оператив ҳисобни юритади, тасдиқланган шакллар бўйича бухгалтерия ва оператив ҳисоботларни тузади ва уни белгиланган муддатларда тегишли ташкилотларга тақдим этади ҳамда унинг тўғрилиги учун Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.



VII. ЯРМАРКАНИНГ БЎЛИНМАЛАРИ


16. Ярмарка республиканинг барча минтақаларида ваколатлар берган ҳолда ўз филиалларини ташкил этиш ҳуқуқига эгадир.


17. Шартномаларни ҳисобга олиш гуруҳи (бюроси):

ярмарка қатнашчилари-корхоналар вакилларининг шартномалар тузиш бўйича ваколатларини текширади, зарур ҳисоб ҳужжатларини юритади ва ярмаркада тузилган шартномаларни рўйхатга олади;

шартномалар тузиш ва спецификацияга мувофиқлаштириш жараёнини таҳлил қилади, ярмарка қўмитаси ёки ярмарка дирекциясининг талаби бўйича аналитик маълумотномалар, қайдномалар, таклифларни тайёрлайди;

маҳсулотларни валюта маблағларига ва чет эл фирмалари билан айирбошлаш операциялари йўли билан сотиш шартномалари (контрактлари)ни алоҳида ҳисобга олади.


18. Ярмарка ҳакамлиги:

ярмаркага ҳуқуқий хизмат кўрсатилишини таъминлайди;

ярмарка қатнашчиларига ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатлар беради;

ярмаркада тузилаётган шартномалар шартлари бўйича юзага келадиган келишмовчиликларни кўриб чиқади.



VIII. ШАРТНОМАЛАРНИ ТУЗИШ ТАРТИБИ


19. Маҳсулот етказиб бериш бўйича шартномаларни тузиш ва спецификацияларни мувофиқлаштириш бевосита ярмаркада амалга оширилади.

Зарур бўлганда ярмаркада шартномалар тузиш тартибини ярмарка қўмитаси белгилайди ва уни ярмарка қатнашчиларига етказади.


20. Ярмаркаларда контрактлар тузиш ва экспорт-импорт операциялари бўйича ҳисоб-китоблар Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг йўриқномасига мувофиқ амалга оширилади.


21. Корхоналарнинг вакиллари Шартномалар (контрактлар) тузиш учун тегишли равишда расмийлаштирилган ваколатларга, шунингдек, етказиб бериш шартномаси (контракти) тузилаётган маҳсулот ёки товар ишлаб чиқарувчи ихтиёрида қоладиган маҳсулот ёки товар эканлигини тасдиқловчи биринчи шахс (ёки унинг вазифасини бажарувчи) ва бош бухгалтер томонидан имзоланган, юмалоқ муҳр билан тасдиқланган тасдиқномага эга бўлишлари керак.


22. Маҳсулотларни сотиш шартномалари ярмаркаларда корхоналар тақдим этган маҳсулот намуналари ва моделлари, каталоглар, маълумотномалар, реклама бюллетенлари ва маҳсулотни тавсифловчи бошқа ҳужжатлар бўйича тузилиши мумкин.


23. Шартнома лойиҳаси ва спецификация камида уч нусхада тузилади, иккала томон имзолаганидан кейин бир нусхаси шартномаларни ҳисобга олиш гуруҳига (бюроси)га топширилади.


24. Томонлар илгари тузилган шартноманинг амал қилиш муддатни ярмаркада шартномаларни ҳисобга олиш гуруҳида (бюроси)да рўйхатдан ўтказиб ўзгартиришлари мумкин.


25. Эътирозлар бўлса томонлар бу келишмовчиликларни биргаликда кўриб чиқадилар, келишувга эришилмаган тақдирда эса, келишмовчиликлар протоколини тузадилар ва кўриб чиқиш учун ярмарка ҳакамлигига топширадилар.

Низолар ҳакамликда томонларнинг вакиллари иштирокида ариза тушгандан кейинги кундан кечиктирмай кўриб чиқилади.

Ҳакамлик мажлисининг протоколи низони кўриб чиққан ҳакамлар томонидан имзоланади. Протоколдан кўчирмалар манфаатдор томонларга қарор қабул қилинган кунда берилади.

Ҳакамликнинг қарори ярмарка қўмитаси томонидан у қабул қилинган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмай қайта кўриб чиқилади.



IХ. ЯРМАРКА ИШИНИ ЯКУНЛАШ ВА

ЯРМАРКАЛАРНИ ТУГАТИШ ТАРТИБИ


26. Ярмарка дирекцияси белгиланган муддатларда ярмарка қўмитасига тузилган шартномалар, сотилаётган маҳсулотлар конъюнктураси бўйича маълумотларни хабар қилади, шунингдек, ўз фаолияти ҳақида ҳисобот беради.


27. "Ўзулгуржибиржасавдо" уюшмаси ярмарка ташкилотчилари бўлган ташкилотлар билан биргаликда ярмаркаларнинг иш якунларини кўриб чиқади, қондирилмаган эҳтиёжлар ҳажмини ва таркибини манфаатдор корхоналар иштирокида аниқлайди, маҳсулотни қўшимча ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳақидаги таклифларни ишлаб чиқади, маҳсулотни пухта ишлаш ёки уни ишлаб чиқаришдан олиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.


28. Ярмаркани ташкил этиш ва ўтказиш харажатлари ярмарка қатнашчиларининг маблағлари ҳисобига, "Ўзулгуржибиржасавдо" уюшмаси тасдиқлаган ярмаркани ўтказиш сметаси доирасида ярмарка қўмитаси белгилаган тартибда ва миқдорларда амалга оширилади.