язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Транспорт/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.03.2009 й. ПҚ-1074-сон "2009 - 2013 йилларда Темир йўл соҳасини ривожлантириш ва модернизация қилишнинг комплекс дастури тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

18.03.2009 й.

N ПҚ-1074



2009-2013 ЙИЛЛАРДА ТЕМИР ЙЎЛ СОҲАСИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ ВА МОДЕРНИЗАЦИЯ

ҚИЛИШНИНГ КОМПЛЕКС ДАСТУРИ

ТЎҒРИСИДА


Республика темир йўл соҳасини янада ривожлантириш ва модернизация қилиш, шу асосда юксак халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берадиган кўп мақсадли самарали инфратузилмага эга бўлган замонавий темир йўлларнинг яхлит кенг тармоғини изчил шакллантириш, маҳаллий маҳсулотларни минтақавий ҳамда жаҳон бозорларига етказиб беришнинг истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда уларнинг халқаро транспорт коммуникациялари тизимига кенг интеграциялашувини таъминлаш мақсадида:


1. "Ўзбекистон темир йўллари" ДАК, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги томонидан бошқа манфаатдор тузилмалар билан биргаликда ишлаб чиқилган 2009-2013 йилларда Темир йўл соҳасини ривожлантириш ва модернизация қилишнинг комплекс дастури тасдиқлансин. У қуйидагиларни ўз ичига олади:

2009-2013 йиллар мобайнида "Ўзбекистон темир йўллари" ДАК ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантириш ва модернизация қилиш комплекс дастурининг асосий мақсадли параметрлари 1-ва 2-иловаларга* мувофиқ;

2009-2013 йиллар мобайнида "Ўзбекистон темир йўллари" ДАК қурилиши, уни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш инвестиция лойиҳалари рўйхати 3-иловага* мувофиқ;

2009-2013 йиллар мобайнида "Ўзбекистон темир йўллари" ДАК қурилиши, уни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш лойиҳалари бўйича инвестицияларнинг технологик таркиби 4-иловага* мувофиқ.


2. "Ўзбекистон темир йўллари" ДАК раиси зиммасига 2009-2013 йилларда Темир йўл соҳасини ривожлантириш ва модернизация қилиш комилекс дастурининг тасдиқланган дастурий чора-тадбирлари тўлиқ ҳажмда ва белгиланган муддатларда амалга оширилишини ҳамда мақсадли параметрларига эришишни таъминлаш юзасидан шахсий масъулият юклансин.


3. "Ўзбекистон темир йўллари" ДАК манфаатдор вазирликлар, идоралар ва тижорат банклари билан биргаликда мазкур қарорнинг 3-иловасига киритилган инвестиция лойиҳалари бўйича белгиланган тартибда лойиҳа ҳужжатларининг ўз вақтида ишлаб чиқилиши, келишиб олиниши ҳамда тасдиқланишини, шунингдек уларнинг амалга оширилишини таъминласин.


4. Балансида темир йўл транспорти объектлари бўлган идоралар, хўжалик бирлашмалари ва корхоналар раҳбарлари икки ой муддатда тегишли темир йўл туташ йўлакларини, омбор хўжаликлари, юк ортиш-тушириш фронтларини ривожлантириш ва модернизация қилишни ҳамда вагонлар ва локомотивларнинг идоравий паркини янгилашни назарда тутган ҳодда айни шундай дастурларни белгиланган тартибда ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин.


5. Вазирлар Маҳкамасига зарур ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, "Ўзбекистон темир йўллари" ДАК тақдимномаларига кўра бозор конъюнктураси ўзгариши эҳтимоли ва темир йўл тармоғининг ривожланишини назарда тутган ҳолда, 2009-2013 йилларда Темир йўл соҳасини ривожлантириш ва модернизация қилиш комплекс дастурининг тасдиқланган параметрларига аниқлик ҳамда қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатларга биноан темир йўл соҳасини ривожлантириш ва модернизация қилишнинг комплекс дастурини амалга ошириш доирасида "Ўзбекистон темир йўллари" ДАК четдан олиб келадиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар, материаллар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюм ва узеллар, технологик ҳужжатлар ҳамда асбоб-анжомлар 2014 йилнинг 1 январигача божхона тўловлари тўлашдан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳар йили Инвестиция дастурини шакллантиришда 2009-2013 йилларда темир йўл соҳасини ривожлантириш ва модернизация қилишнинг комплекс дастурида кўзда тутилган инвестиция лойиҳаларининг белгиланган тартибда унга киритилишини назарда тутсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2007-2010 йилларда хусусийлаштириш жараёнларини янада чуқурлаштириш ва хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2007 йил 20 июлдаги ПҚ-672-сон қарори 2-иловасидаги 80-83-позициялар чиқариб ташлансин.


9. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                  И. Каримов



-------------------------

*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.