язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Транспорт/ "Тошэлектротранс" давлат компаниясининг Устави (ЎзР ВМ 31.01.2006 й. 11-сон қарорига 4-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2006 йил 31 январдаги

11-сон қарорига

4-ИЛОВА



"Тошэлектротранс" давлат компаниясининг

УСТАВИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. "Тошэлектротранс" давлат компанияси (кейинги ўринларда "Компания" деб юритилади) Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тошкент шаҳрида йўловчи транспортини ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида" 2006 йил 11 январдаги ПФ-3713-сон Фармонига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Тошшаҳартрансхизмат" уюшмаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги Йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш департаменти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида" 2006 йил 18 январдаги ПҚ-262-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган. Компания таркибига Тошкент метрополитени, 2-трамвай депоси, 3-трамвай-троллейбус депоси, 2-троллейбус депоси, Йўллар хизмати, Шаҳар электр транспортига хизмат кўрсатиш хизмати, "Тоштатрасервис" техник марказ давлат унитар корхонаси, шунингдек шартнома асосида "Элтранстаъминот" масъулияти чекланган жамият ва "Рем-Элтранс" масъулияти чекланган жамият киради.


2. Компания Тошкент шаҳрида истеъмолчиларга транспорт хизматлари кўрсатадиган ягона ишлаб чиқариш-хўжалик комплекси ҳисобланади.


3. Компания "Тошшаҳартрансхизмат" уюшмаси кенгашига ҳисобот беради ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг бошқа қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, мазкур Уставга ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилади.


4. Компания юридик шахс - давлат унитар корхонаси ҳисобланади, мустақил ва йиғма балансларга, банк муассасаларида ҳисоб рақамларига, шу жумладан, валюта ҳисоб рақамларига, рамзга, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат тилида тўлиқ ёзилган муҳрга эга бўлади.


5. Компаниянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари унинг таркибига кирадиган корхоналар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.


6. Компания ўз мажбуриятлари бўйича амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратилиши мумкин бўлган мол-мулки билан жавоб беради. Компания ўз таркибига кирадиган корхоналарнинг мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди ва ушбу корхоналар Компания мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди.


7. Компания ўз фаолиятини тўлиқ хўжалик ҳисоби принциплари асосида амалга оширади.


8. Компания ва унинг таркибига кирадиган корхоналар ўртасидаги ўзаро муносабатлар қонун ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинади.


9. Компания қуйидаги манзилда жойлашган: Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Амур Темур кўчаси, 6-уй.



II. КОМПАНИЯНИНГ АСОСИЙ МАҚСАДЛАРИ,

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


10. Қуйидагилар Компаниянинг асосий мақсадлари ва фаолият йўналишлари ҳисобланади:

аҳолининг йўловчи ташиш транспортида ташишга бўлган эҳтиёжларини қондириш мақсадида, шу жумладан, транспортнинг бошқа турлари билан ўзаро ҳамкорликда йўловчиларга юқори даражада хизмат кўрсатган ҳолда йўловчи ташиш электр транспорти ва Тошкент метрополитенининг барқарор ва хавфсиз ишлашини таъминлаш;

электр транспорти ва Тошкент метрополитенида йўловчилар ташиш бозори конъюнктурасини ўрганиш, уларнинг ривожланишини прогнозлаш;

йўллар тармоғининг барқарор ишлашини ва унинг йўловчи ташиш қувватини ошириш чора-тадбирлари комплексини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

электр транспортини ривожлантириш ва такомиллаштириш концепциясини ишлаб чиқиш;

электр транспортини иқтисодий, илмий-техник ва ижтимоий ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаш;

Компания фаолиятининг истиқболга мўлжалланган ва йиллик дастурларини тасдиқлаш;

электр транспорти ва Тошкент метрополитенининг машиналар паркига ва уларни сотиб олиш учун маблағларга бўлган эҳтиёжини аниқлаш;

капитал қўйилмаларни, илмий тадқиқотларни молиялаштириш ва умумий аҳамиятга эга бўлган бошқа ишларни бажариш учун марказлаштирилган жамғармалар ва захираларни шакллантириш;

Компания корхоналари билан ўзаро иқтисодий муносабатлар принципларини ва уларни амалга ошириш методикасини ишлаб чиқиш.


11. Қўйилган вазифаларни бажариш учун Компания қуйидаги функцияларнинг бажарилишини таъминлайди:

ташиш жараёнини тезкор бошқаришни ташкил этиш, электр йўловчи транспорти ҳаракати жадвалини ва умуман Компания бўйича йўловчилар ташиш режасини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва ўз таркибига кирадиган корхоналар билан биргаликда бажариш;

фавқулодда вазиятлар шароитида электр транспорти ҳаракатини тартибга солиш ва ташкил этиш;

диспетчерлик хизматини ташкил этиш, ташишларни бошқариш жараёнларини автоматлаштириш, фойдаланиш ишларини умумий ахборот билан таъминлашнинг ягона принципларини ишлаб чиқиш;

электр транспортини ва Тошкент метрополитенини ривожлантириш комплекс дастурлари лойиҳаларини, асосий фаолиятда ишлаб чиқариш-иқтисодий, молиявий кўрсаткичларнинг йиллик истиқболли прогнозларини, шунингдек ижтимоий соҳада ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида комплекс дастурлар лойиҳаларини тузиш;

электр транспорти ва Тошкент метрополитенида йўловчилар ташиш соҳасида маркетинг тадқиқотларини ташкил этиш, ўз таркибига кирадиган корхоналар билан биргаликда электр транспортини келгусида ривожлантиришнинг йиллик истиқболли прогнозлари ва схемалари бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

ишлаётган корхоналарни ва электр транспорти объектларини бюджет маблағлари ва инвестиция маблағлари ҳисобига реконструкция қилиш ва техника билан қайта жиҳозлаш юзасидан лойиҳалар ишлаб чиқилиши ва экспертизадан ўтказилишини ташкил этиш;

Компания корхоналари билан биргаликда электр транспортида илмий-техника тараққиётининг устувор йўналишларини белгилаш, принципиал жиҳатдан янги техник воситалар, технологиялар ва материаллар яратиш ва улардан фойдаланишга доир илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари бажарилишини ташкил этиш, ушбу ишларни молиялаштириш;

табиий офатлар, ҳалокатлар ва бошқа кутилмаган ишларнинг оқибатларини тугатиш учун моддий-техника ресурсларининг асосий турлари захираларини яратиш;

Компания эҳтиёжлари учун моддий-техника ресурслари етказиб берувчилар билан ўзаро алоқа қилиш ва ҳамкорлик ишларини ташкил этиш;

Тошкент метрополитени ва электр транспортининг сафарбарлик тайёргарлигини таъминлаш ҳамда алоҳида даврда ишлаш учун моддий ресурсларни шакллантириш;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш, Компаниянинг эҳтиёжлари учун белгиланган тартибда экспорт-импорт операцияларини таъминлаш;

Компания корхоналари эҳтиёжи асосида кадрларни касбга ва иқтисодий ўқитиш тизимини ташкил этиш, моддий базанинг сақланиши ва ривожланишини таъминлаш;

кадрлар ва мутахассисларни ўқув юртларида тайёрлаш, қайта тайёрлашни ва уларнинг ишлаб чиқаришда малакасини ошириш ҳамда тажриба орттиришини таъминлаш;

Компания ходимларининг транспорт ҳаракати ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш билан бевосита боғлиқ бўлган иш шароити хусусиятларини, иш вақти режими ва дам олиш вақтини амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ белгилаш.


12. Компания санаб ўтилган функцияларни бажариш билан бирга:

электр транспортидан фойдаланиш қоидалари талабларига риоя этилиши, ҳаракат хавфсизлиги ҳолати ва транспортнинг сақланиши устидан назоратни амалга оширади, ҳаракат хавфсизлиги бузилиши сабабларини ўрганиб чиқади, ҳалокатлар, экологик офатларнинг олдини олиш чора-тадбирларини амалга оширади, хавф юқори бўлган зоналарда бўлиш ва у ерда иш олиб бориш қоидаларини ишлаб чиқади;

транспорт ҳаракати билан боғлиқ бўлган, шунингдек зарарли ноқулай меҳнат шароитлари таъсирига учрайдиган ходимларни тиббий текширувдан ва кўрикдан ўтказиш тартибини белгилайди;

транспортнинг сафарбарлик тайёргарлиги, фуқаролар мудофааси бўйича ишлар олиб борилишини ташкил этади;

метрополитеннинг ўзига хослигини ҳисобга олиб сафарбарлик тайёргарлигининг ягона методикасини ишлаб чиқади;

алоҳида даврда ташишларни бажариш масаласи бўйича манфаатдор ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилишни, давлат сафарбарлик захирасида ва махсус захирада техник воситалар ва моддий бойликлар сақланишини таъминлайди;

давлат сирларини ҳимоя қилиш бўйича зарур тадбирлар амалга оширилишини таъминлайди;

аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда бажариладиган ишлар ва кўрсатиладиган хизматлар ҳажмини белгиланган тартибда аниқлайди.



III. КОМПАНИЯ ФАОЛИЯТИНИ БОШҚАРИШ


13. Компания фаолиятини бошқариш ижро этувчи орган - "Тошшаҳартрансхизмат" уюшмасининг тақдимномасига кўра Тошкент шаҳар ҳокими томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор томонидан амалга оширилади.


14. Компания директорининг Тошкент шаҳар ҳокими билан келишган ҳолда лавозимга тайинланадиган ўринбосари - бош муҳандис бўлади.

Компания директори ва унинг ўринбосари лавозимига кўра Бошқарув таркибига киради.


15. Компания директори:

Компания фаолиятига раҳбарлик қилади ва Компанияга юкланган вазифаларнинг бажарилиши ва мазкур Уставга риоя қилиниши, директор ўринбосари, бўлимлар, хизматлар ва шўъбалар ўртасида вазифаларнинг тақсимланиши учун шахсан жавоб беради, уларнинг Компания фаолияти масалаларини ҳал этишдаги ваколатларини белгилайди;

Компания корхоналарининг молия-хўжалик фаолияти йиллик ҳисоботлари ва балансларини тасдиқлайди;

Компания маблағларини ўз ваколатлари доирасида ишончномасиз, белгиланган тартибда тасарруф этади, банкларда ҳисоб рақамлари очади, Ўзбекистон Республикасида ва унинг ташқарисида, республика давлат органлари ҳамда бошқа юридик ва жисмоний шахслари билан муносабатларда Компания манфаатларини ифодалайди, Компания номидан шартномалар тузади, бундай шартномалар тузиш учун ишончномалар беради;

ўз ваколатига кирадиган масалалар бўйича буйруқлар, фармойишлар, кўрсатмалар, йўриқномалар ва бошқа ҳужжатлар чиқаради;

Компаниянинг барча мансабдор шахслари ва ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар қабул қилади;

Компания таркибига кирадиган корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш масалаларини кўриб чиқади ва белгиланган тартибда таклифлар киритади;

рентабелсиз корхоналарнинг келгусида фаолият кўрсатиши мақсадга мувофиқ эканлиги ёки эмаслиги тўғрисидаги масалаларни ҳал этади;

Компания ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шакллари, тизимлари ва миқдорларини тасдиқлайди, шунингдек хўжалик фаолияти якунлари бўйича ходимларни рағбатлантириш тўғрисидаги масалаларни кўриб чиқади ва таклифларни тасдиқлайди;

лавозимлар номенклатурасини тасдиқлайди ва унга мувофиқ Компания ходимларини ишга қабул қилади, ишдан бўшатади, алмаштиради ва бошқа ишга ўтказади;

амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Компания ходимларига нисбатан интизомий жазо чораларини кўради;

лавозим маошларини ва уларга устамаларни, шунингдек аппарат ходимларини ижтимоий муҳофаза қилиш мақсадида турли қўшимча ҳақ ва компенсация тўловларини белгилайди, Компания ходимларини рағбатлантиради;

Компаниянинг илғор ходимларини белгиланган тартибда фахрий ёрлиқлар билан мукофотлайди, рағбатлантиришнинг бошқа турларини қўллайди;

Компания ходимларининг айрим тоифалари учун кийим-бош шакли ва фарқлаш белгиларини белгиланган тартибда жорий этади.



IV. КОМПАНИЯНИНГ УСТАВ ФОНДИ,

МОЛ-МУЛКИ, МАБЛАҒЛАРИ ВА МОЛИЯСИ


16. Компаниянинг устав фонди Компания таркибига кирадиган корхоналарнинг балансидаги давлат мол-мулки ҳамда "Элтранстаъминот" масъулияти чекланган жамият ва "Рем-Элтранс" масъулияти чекланган жамиятнинг давлат улуши ҳисобига шаклланади.


17. Асосий ва айланма маблағлар, шунингдек қиймати Компания балансида акс эттириладиган бошқа мол-мулк ва пул маблағлари Компаниянинг мол-мулкини ташкил этади.


18. Компаниянинг мол-мулки тўлиқ хўжалик юритиш ҳуқуқи билан Компанияга тегишли бўлади.


19. Компаниянинг мол-мулки қуйидаги манбалар ҳисобига ҳосил бўлади:

тугатилган "Тошшаҳарйўловчитранс" акциядорлик компанияси мол-мулкининг ҳуқуқий ворислик ҳуқуқи билан тегишли қисми;

хизматлар кўрсатишдан, шунингдек хўжалик фаолиятининг бошқа турларидан олинган даромадлар;

Компания томонидан сотиб олинган қимматли қоғозлардан тушган даромадлар;

банк ва бошқа кредиторларнинг кредитлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


20. Компания ўз тасарруфида бўлган мол-мулк ва маблағлардан таркибига кирадиган корхоналарнинг манфаатлари учун фойдаланади, ҳар қандай кўчар ва кўчмас мулкни белгиланган тартибда қуриши, реконструкция қилиши, сотиб олиши, олиши ва ижарага бериши, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа хатти-ҳаракатларни содир этиши мумкин.


21. Компаниянинг хўжалик фаолияти натижасида Компания оладиган фойда қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар тўлангандан кейин Компаниянинг мулки бўлиб қолади ва ундан Компания жамғармаларини ташкил этиш учун фойдаланилади.



V. ҲИСОБ, ҲИСОБОТ ВА НАЗОРАТ


22. Компания ўз фаолияти натижаларининг тезкор ва бухгалтерия ҳисобини юритади, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда статистика ҳисоботини амалга оширади.


23. Компания давлат бошқарув органларига амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзининг молия-хўжалик фаолияти натижалари тўғрисидаги зарур маълумотларни белгиланган тартибда тақдим этади.



VI. КОМПАНИЯ ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТИШ


24. Компания фаолияти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2006 йил, 4-5-сон, 29-модда.