язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Транспорт/ "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акционерлик компанияси Устави (ЎзР ВМ 03.07.1995 й. 249-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1995 йил 3 июлдаги

249-сон қарорига

1-ИЛОВА



"Ўзбекистон темир йўллари"

давлат-акционерлик компанияси

УСТАВИ


I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акционерлик компанияси, кейинги ўринларда матнда "компания" деб номланади, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 7 ноябрдаги ПФ-982-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган темир йўл транспорти тизимининг сафдаги темир йўл корхоналари ва бўлинмалари, саноат, қурилиш, савдо ва таъминот корхоналари, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт, лойиҳа-конструкторлик муассасалари, бошқа корхоналари, ташкилотлари ва муассасалари негизида ташкил этилган.


2. Компания истеъмолчиларга транспорт темир йўл хизмати кўрсатувчи ягона ишлаб чиқариш-хўжалик мажмуи ҳисобланади.


3. Компания таркибига компаниянинг бўлимлари, уларнинг сафдаги корхоналари ва таркибий бўлинмалари, давлат ва мулкчиликнинг бошқа шаклларидаги юридик шахс мақомига эга бўлган ва эга бўлмаган саноат, қурилиш, савдо ва таъминот бирлашмалари ҳамда корхоналари, соғлиқни сақлаш, маориф, мактабгача тарбия, маданият ва спорт, лойиҳа-қидирув муассасалари, матбуот ва нашриёт органлари ва бошқа ташкилотлар (кейинги ўринларда матнда корхоналар деб номланади) киради.


4. Компания таркибига ихтиёрийлик асосида, мулкчилик шакллари ва қайси идорага қарашлиликларидан қатъи назар, бошқа корхоналар ва ташкилотлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида темир йўл транспорти ва темир йўл сервисини ривожлантиришдан манфаатдор бўлган хорижий юридик шахслар ҳам киришлари мумкин.


5. Компания Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисоб беради ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига ҳамда Олий Мажлиснинг бошқа қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига ҳамда мазкур Уставга амал қилади.


6. Компания юридик шахс ҳисобланади, мустақил ва йиғма балансларга, банк муассасаларида счётларга, шу жумладан, валюта счётларига, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвирланган ва ўз номи ёзилган муҳрга, эмблемага, шунингдек, штампларга эга бўлади.


7. Компания давлат темир йўл транспорти бошқарувининг ваколатли органи ҳисобланади, темир йўл транспортида ташиш жараёни соҳасидаги раҳбарликни ва хўжалик бошқарувини амалга оширади, давлат назоратини амалга оширади ҳамда республика темир йўллари тармоғини ривожлантириш ва такомиллаштиришда улар қайси идорага қарашлиликларидан қатъи назар, ягона техник сиёсатни олиб боради.


8. "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акционерлик компаниясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари вазирликлар, идоралар, корпорациялар, концернлар, уюшмалар, мулкчилик шакллари ва қайси идорага бўйсунишидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ижро этилиши мажбурий ҳисобланади.


9. Компания ўз мажбуриятлари бўйича амалдаги қонунчиликка мувофиқ ундириб олиниши мумкин бўлган мулки билан жавоб беради ва давлат ва унинг органлари мажбуриятлари, шунингдек, ўз таркибига кирувчи корхоналар мажбуриятлари бўйича жавоб бермайди, худди шу каби давлат ва ушбу корхоналар ҳам компания мажбуриятлари бўйича жавоб бермайдилар.


10. Компания ўз фаолиятини тўлиқ хўжалик ҳисоби ва ўзини ўзи маблағ билан таъминлаш принциплари асосида амалга оширади, ишлаб чиқариш-хўжалик ва молия фаолияти масалаларини мустақил ҳал қилади.


11. Компания билан унинг таркибига кирувчи корхоналар ўртасидаги ўзаро муносабатлар амалдаги қонунчиликка мувофиқ тартибга солинади.


12. Компания йўловчиларни ва юкларни халқаро ва аралаш алоқа йўлларида ташишни ташкил этишда хорижий темир йўллар олдида "Ўзбекистон темир йўллари" деб номланадиган юридик шахс сифатида иш кўради.


13. Компания: Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Т. Шевченко кўчаси, 7-уйда жойлашган.



II БЎЛИМ. КОМПАНИЯНИНГ АСОСИЙ МАҚСАДЛАРИ,

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


1. Компания фаолиятининг асосий мақсади ва йўналишлари қуйидагилар ҳисобланади:

халқ хўжалиги ва аҳолининг темир йўл транспортида, шунингдек, транспортнинг бошқа турлари билан ўзаро алоқада ташишларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида, юқори даражада хизмат кўрсатиб темир йўл транспортининг барқарор ва хавфсиз ишлашини таъминлаш, етказиб беришнинг оптимал муддатлари ва йўловчилар соғлиги ҳамда ҳаётини, шунингдек, ташилаётган юкларнинг сақланишини таъминлаб истеъмолчиларга ишлаб чиқариш, суғурта, савдо, туристик ва шу каби бошқа хизматлар кўрсатиш;

жаҳон стандартлари даражасида маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини таъминлаш, темир йўл транспортининг рақобатбардорлигини ошириш;

темир йўл транспортида юк ва йўловчиларни ташиш бозори конъюнктурасини ўрганиш, Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини таркибий қайта қуришни ҳисобга олиб темир йўл транспортини ривожлантиришни ва жойлаштиришни прогноз қилиш;

темир йўллар тармоғи ишининг барқарорлигини ошириш ва ўтказиш қобилиятини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикасида темир йўллар тармоғини ривожлантириш ва ундан фойдаланиш устидан давлат назоратини амалга ошириш;

темир йўл транспортида ягона илмий-техник ва инвестиция сиёсати ўтказилишини, янги техника ва технологияни ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилишни, темир йўл транспортини комплекс ривожлантиришни ташкил этиш;

иқтисодий ўзаро муносабатлар принципларини ва уларни компания корхоналари ўртасида амалга ошириш методикасини ишлаб чиқиш.


2. Компания ўз олдига қўйилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларнинг бажарилишини таъминлайди:

а) ташиш жараёнларини бошқаришни ташкил этиш соҳасида:

ташиш жараёнларига оператив бошқарув, компания бўлинмалари билан биргаликда умуман компания бўйича поездлар ҳаракати жадвали, ҳаракатдаги состав иш нормалари ҳамда юклар ва йўловчилар ташиш режасининг ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ва бажарилишининг ташкил этилишини:

темир йўллардан техник фойдаланиш ва ташишлар шарт-шароитларига оид ягона норматив ҳужжатларни, юк вагонлари ва контейнерлардан фойдаланиш нормативларини ишлаб чиқишни, улардан фойдаланишни таҳлил қилиш ва тузатишлар киритишни, юк вагонлари ва контейнерлардан фойдаланиш устидан назоратни;

фавқулодда вазиятлар шароитларида юклашни бошқаришни ва поездлар ҳаракати ташкил этилишини;

диспетчерлик хизматини ташкил этишнинг, ташишларни бошқариш жараёнларини автоматлаштиришнинг, фойдаланиш ишини умумий ахборот билан таъминлашнинг ягона принциплари ишлаб чиқилишини;

б) иқтисодиёт ва молия соҳасида:

темир йўл транспортини ривожлантиришнинг давлат ва давлатлараро дастурлари лойиҳалари асосий, саноат ва пудрат фаолиятида, шунингдек, ижтимоий соҳада ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ишлаб чиқариш-иқтисодий ва молиявий кўрсаткичларнинг йиллик ва истиқбол прогнозларининг шакллантирилишини;

темир йўл транспортида юкларни ва йўловчиларни ташиш соҳасида маркетинг тадқиқотларини ташкил этиш, компаниянинг бошқа бўлинмалари билан биргаликда йиллик ва истиқбол прогнозлари ва истиқболда темир йўл транспорти объектларини ривожлантириш ҳамда жойлаштириш схемалари, темир йўл транспортининг ўтказиш ва ташиш қобилиятини оширишнинг комплекс тадбирлари бўйича таклифлар ишлаб чиқилишини;

темир йўл транспортининг бюджет ва инвестиция маблағлари ҳисобига барпо этиладиган янги корхоналари ва объектларини қуриш, ишлаб турганларини кенгайтириш, реконструкция қилиш ва техник қайта жиҳозлаш лойиҳалари ишлаб чиқилишини ва экспертиза қилинишини, пудрат қурилиш ташкилотлари ва қурилиш саноати корхоналари фаолиятининг мувофиқлаштирилишини;

юкларни, йўловчиларни, почта ва багажни ташиш тарифлари соҳасида келишилган сиёсатнинг Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги, давлатлараро ва Ҳукуматлараро битимларга мувофиқ ўтказилишини;

компания корхоналари ва хизматларидан фойдаланувчилар ўртасида ўзаро молиявий ҳисоб-китоблар амалга оширилишини, хорижий темир йўллар билан ҳисоб-китоб қилишни, бухгалтерия ва статистика ҳисоби ва ҳисоботини ташкил қилишни, миллий счётлар тизимини жорий қилишни, компания корхоналарида назорат-тафтиш фаолиятини, ҳисоб-китоб, солиқлар ва мажбурий тўловларни тўлашни амалдаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширишни;

компания бошқаруви тасдиқлаган нормативларга мувофиқ ташкил этиладиган фондлар ва захираларни, шу жумладан, валюта фондини, шунингдек, темир йўл транспортини ривожлантириш бўйича устувор илмий-тадқиқот дастурларини маблағ билан таъминлаш учун фондларни белгиланган тартибда ташкил этишни;

компания фаолиятини акс эттирувчи реклама ва бошқа адабиётларни нашр қилишни;

меҳнатга ҳақ тўлаш шакллари, тизимлари ва миқдорларини, шунингдек, ходимлар бошқа даромадлари турларини белгиланган тартибда аниқлашни;

ижтимоий ривожлантириш, компания корхоналари ходимларининг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишни;

келгуси беш йиллик давр учун компаниянинг иш стратегиясини, ривожлантириш дастурини, табиатни муҳофаза қилиш тадбирлари режасини ва тегишли тезкор ишлаб чиқариш ва молиявий мақсадли кўрсаткичларни баён қилиб, тижорат фаолияти ва бозор муносабатлари тамойилларига асосланган тегишли давр прогнозини ҳар йили аниқлаштирган ҳолда беш йиллик бизнес-режа лойиҳасини тайёрлаш ва тасдиқлашни. Беш йиллик бизнес-режага нотижорат хизматлар кўрсатиш, инфратузилмани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш ҳамда бошқа мақсадлар юзасидан мажбуриятларни бажариш бўйича кўзда тутилаётган бюджетдан молиялаш киритилади.

в) техника сиёсати соҳасида:

компания корхоналари билан биргаликда темир йўл транспортидаги илмий-техника тараққиётининг устувор йўналишларини аниқлашни, принципиал янги техника воситалари, технологиялар ва материалларни яратиш ва улардан фойдаланиш бўйича илмий-тадқиқот ҳамда тажриба-конструкторлик ишларининг бажарилишини, бу ишларни маблағ билан таъминлашни амалга оширишни ташкил қилишни;

поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга ва меҳнатни муҳофаза қилишга қаратилган, техника воситаларини ишлатиш, уларга қараш ва тузатишни тартибга солувчи тармоқ норматив-техник ҳужжатлар (техник ишлатиш қоидалари, поездлар ҳаракати ва маневр ишлари бўйича йўриқномалар ва бошқалар)ни ишлаб чиқишни;

маҳсулотни, илмий-техника ахборотини стандартлаш, метрология ва унификациялаш ҳамда илғор тажрибани ёйиш, ихтирочилик, рационализаторлик ва патентлицензия фаолиятига раҳбарлик қилиш соҳасидаги ишларни ташкил этишни;

г) моддий-техника таъминоти соҳасида:

темир-йўл транспортининг моддий-техника ва ёнилғи-энергетика ресурсларига бўлган эҳтиёжларини аниқлашни, уларни қондиришни ташкил этишни, шунингдек, алоқадор вазирликлар, концернлар ва идоралар билан биргаликда давлат эҳтиёжлари учун маҳсулот таркибида темир йўл транспорти учун етказиб бериладиган маҳсулотга буюртмаларни шакллантиришни, компания корхоналарини марказлашган ҳолда тартибга солинадиган номенклатурадаги маҳсулот билан таъминлашни;

табиий офатлар, авариялар оқибатларини тугатишга ва назарда тутилмаган бошқа ишларга мўлжалланган моддий-техника ресурслари асосий турларининг захираларини яратишни;

компания эҳтиёжлари учун моддий-техника ресурслари етказиб берувчилар билан ўзаро алоқа ва ҳамкорлик бўйича ишларни ташкил этишни;

ресурсларни ва энергияни тежаш ишларини ташкил этишни;

темир йўл транспорти фаолиятини зарур товарлар, ишлар ва хизматлар билан, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ очиқ савдолар ўтказиш йўли билан таъминлашни.

д) ташқи иқтисодий фаолият соҳасида:

хорижий темир йўллар (идоралар), ташкилотлар ва фирмалар билан юкларни ва йўловчиларни ташиш, халқаро транспорт алоқаларини ривожлантириш, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан халқаро темир йўл ташкилотларида қатнашиш масалалари бўйича битимлар ёки шартномаларни белгиланган тартибда ишлаб чиқишни ва тузишни.

Компания ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда хорижий шериклар олдида халқаро транспорт ҳуқуқи субъекти сифатида иш кўради. Йўловчилар ва ташқи савдо юкларини ташиш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилишда компания хорижий темир йўлларда ўз ваколатхоналари ёки ваколатли вакилларига эга бўлиши мумкин;

Ҳамдўстлик давлатларининг тегишли бошқарув органлари билан темир йўл транспортининг ишлаши масалалари бўйича битимлар тузишни;

компания ходимларининг чет элга чиқишлари учун паспорт-виза ҳужжатларини белгиланган тартибда расмийлаштириш учун тайёрлашни;

ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш, ташқи савдо кредит вексель ва амалдаги қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа битимларни тузиш, компания эҳтиёжларини қондириш учун экспорт-импорт ишларини белгиланган тартибда амалга оширишни;

е) кадрлар, меҳнат ва ижтимоий масалалар соҳасида:

компания ходимларини танлаш тизимини, уларнинг ўсиши, масъулияти, уларни рағбатлантириш, ижтимоий ҳимоя қилиш шарт-шароитларини белгилайди;

компания корхоналарининг эҳтиёжлари асосида кадрларнинг касб ва иқтисодий ўқишлари тизимини ташкил қилиш, моддий базани сақлаш ва ривожлантиришни таъминлашни;

ўқув юртларида ва ишлаб чиқаришда оммавий касблар кадрлари ва мутахассисларини тайёрлашни, қайта тайёрлашни ва малакаларини оширишни, шунингдек, уларнинг стажировкаларини таъминлашни;

компаниянинг умумтаълим мактаблари, мактабгача тарбия ва мактабдан ташқари муассасаларига раҳбарликни амалга оширишни;

темир йўл транспортида кадрлар сиёсатини самарали олиб боришни;

поездлар ҳаракати ва йўловчиларга хизмат кўрсатиш билан бевосита боғлиқ бўлган компания ходимлари айрим тоифаларининг меҳнат шарт-шароитлари хусусиятларини, иш вақти тартибини ва дам олиш вақтини амалдаги қонунчиликка мувофиқ белгилашни.


3. Компания санаб ўтилган функцияларни бажариш билан бир қаторда:

темир йўл транспортидан фойдаланиш қоидалари талабларининг бажарилиши, поездлар ҳаракати хавфсизлигининг ҳолати, темир йўл транспорти объектларининг сақланиши устидан назоратни амалга оширади, ҳаракат хавфсизлигининг бузилиш сабабларини таҳлил қилади, поездлар тўқнашувлари, авариялар, экологик офатларнинг олдини олиш чора-тадбирларини кўради, хавф юқори бўлган жойларда бўлиш ва у ердаги ишларни бажариш қоидаларини ишлаб чиқади;

йўловчиларни ва юкларни суғурта қилиш ишларини амалга оширади;

тўғридан-тўғри, аралаш алоқа йўлларидаги ташишларни ривожлантириш, шунингдек, ишларни транспортнинг бошқа турлари билан ҳамжиҳатликда олиб бориш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

умумий фойдаланишдаги темир йўлларга, уларнинг қайси идорага бўйсунишлари ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар ва ташкилотларнинг ҳаракатдаги составларини қўйиш тартибини белгилайди;

саноат корхоналарида темир йўл транспорти учун етказиб бериладиган темир йўл техникаси ва бошқа маҳсулотни қабул қилишни (техник инспекцияни) белгиланган тартибда ташкил қилади;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ темир йўлга ажратилган полоса доирасидаги ерлардан фойдаланиш, у ерга бино ва иншоотлар қуриш тартибини белгилайди, тегишли қурилиш норма ва қоидаларини келишиб олади, темир йўлларнинг трубопроводлар, алоқа, электр узатиш линиялари ва бошқа коммуникациялар билан кесишишини, шохобча йўлларнинг туташишини, шунингдек, портловчи, тез алангаланувчи, радиоактив, заҳарли ва заҳарловчи моддаларни ишлаб чиқариш, сақлаш, юклаш, ташиш ва туширишга алоқадор объектларнинг умумий фойдаланишдаги темир йўллар ва иншоотлардан минимал оралиғи шартларини белгилайди;

компания ходимларининг темир йўлдан техник фойдаланиш қоидаларини, темир йўл транспортидан фойдаланиш қоидаларини, юкларни ортиш ва мустаҳкамлаш техник шартларини, бошқа норматив ҳужжатларни билишларини синаш ва текширишни ўтказиш тартибини, умумий фойдаланиш йўлларида локомотивни бошқариш ҳуқуқи учун синовларни ўтказиш ва гувоҳномалар бериш тартибини, компаниянинг ва қайси идорага бўйсуниши ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, бошқа корхоналарнинг локомотив машинистларига класс даражасини бериш тартибини белгилайди;

темир йўл транспортида электр, иссиқлик ва иссиқлик-энергетика қурилмаларидан, шунингдек, босим билан ишловчи сиғимлардан фойдаланиш қоидаларига қандай риоя қилинаётганлиги устидан назоратни ташкил қилади;

ташиш қоидалари ва шартлари, темир йўл транспорти воситаларидан фойдаланиш, темир йўл транспортида ҳаракат хавфсизлиги, тартибни сақлаш, ёнғин хавфсизлиги, санитария қоидалари масалалари бўйича барча вазирликлар, идоралар, қайси идорага бўйсунишлари ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар (бирлашмалар), ташкилотлар, муассасаларнинг, шунингдек, фуқароларнинг бажаришлари шарт бўлган норматив ҳужжатларни белгиланган тартибда ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

поездлар ҳаракати билан боғлиқ, шунингдек, зарарли номувофиқ меҳнат шароитлари таъсирида бўладиган ходимларни тиббий-кўрув ва текширувдан ўтказиш тартибини белгилайди;

давлат сирларини сақлаш бўйича зарур тадбирлар ўтказилишини таъминлайди.



III БЎЛИМ. КОМПАНИЯНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


1. Компания ўзининг устав вазифалари ва функцияларини бажариш мақсадида қуйидагиларни амалга оширишга ҳақлидир:

бажариладиган ишлар ва хизматларнинг ҳажмларини республика халқ хўжалиги ва аҳолиси талабларидан келиб чиқиб, давлат буюртмалари ва тўғридан-тўғри шартномалар (контрактлар) асосида мустақил белгилаш;

компания бўлинмалари чегараларини ўзгартириш, Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда компания таркибига кирувчи ўзининг ишлаб чиқариш-хўжалик ва ташкилий-бошқарув тузилмасини мустақил тузиш, шунингдек, мулкчиликнинг давлат шаклига асосланган темир йўл транспорти корхоналарини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш;

белгиланган тартибда давлат хўжалик ҳисобидаги бўлинмаларни, марказларни, фирмаларни, шўъба корхоналарни, филиалларни, ваколатхоналарни, қўшма корхоналарни ташкил этиш, турли хил республика ва халқаро ташкилотларга ҳамда бирлашмаларга, акционерлик жамиятлари ва компанияларга кириш, Ўзбекистон Республикасида ҳам, унинг ташқарисида ҳам уларнинг акциялари ва облигацияларини сотиб олиш;

тармоқ, тижорат ва инвестиция банкларини белгиланган тартибда ташкил этиш.

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ корхоналарни, ижтимоий инфратузилма объектларини ва транспорт хизматлари кўрсатиш ёки фавқулодда функцияларни бажариш билан бевосита боғлиқ бўлмаган бошқа мол-мулкларни хусусийлаштириш ва бошқа юридик ва жисмоний шахсларга бериш юзасидан таклифлар киритиш.


IV БЎЛИМ. КОМПАНИЯ ФАОЛИЯТИНИ БОШҚАРИШ


1. Компанияни бошқариш компания бошқаруви томонидан амалга оширилади. Компания раиси айни вақтда бошқарув раиси ҳисобланади.


2. Компания раиси беш нафар ўринбосарга, шу жумладан, икки нафар биринчи ўринбосарга эга бўлади. Компания бошқаруви таркибининг сони - 13 кишидир. Компаниянинг раиси, унинг ўринбосарлари ва бошқарув аъзолари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадилар.

Компания раиси ва унинг ўринбосарлари, компаниянинг Орол-бўйи бўлинмаси бошлиғи, компаниянинг поездлар ҳаракати хавфсизлиги бўйича бош тафтишчиси лавозимларига кўра бошқарув таркибига кирадилар.


3. Акционерлик корхоналари фаолиятини бошқариш компанияга берилган ҳуқуқлар доирасида амалга оширилади.


4. Бошқарув мақоми ва иши компания раиси томонидан тасдиқланадиган бошқарув тўғрисидаги Низом билан тартибга солинади.


5. Қуйидаги масалалар компания бошқарувининг мутлақ ваколатига тегишли бўлади:

темир йўл транспорти тармоғини ривожлантириш ва такомиллаштириш концепциясини ишлаб чиқиш;

темир йўл транспортини иқтисодий, илмий-техник ва ижтимоий ривожлантиришнинг асосий йўналишларини аниқлаш;

компания фаолиятининг истиқбол ва йиллик дастурларини тасдиқлаш;

темир йўл транспортининг ҳаракатдаги составга, контейнерларга ва уларни сотиб олиш учун маблағларга бўлган эҳтиёжларини, шунингдек, бюджет маблағлари ҳисобидан пул билан таъминланадиган қурилишлар бўйича капитал қўйилмалар ва қурилиш-монтаж ишлари ҳажмларини аниқлаш;

молия-иқтисод ишларини ташкил этиш ва бўлимлар ҳамда бўйсунувчи корхоналарни маблағ билан таъминлаш; юклар, йўловчилар, почта ва багажларни ташиш тарифларини, шунингдек, маневр ишлари, вагонлар бериш ва йиғиштириш, юкларни, почта ва багажларни ортганлик ва туширганлик учун ҳар турли қўшимча йиғимларни, вагонлар ва контейнерлардан фойдаланганлик ставкаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

капитал қўйилмаларни, илмий тадқиқотларни маблағлар билан таъминлаш ва умумий аҳамиятга эга бўлган бошқа ишларни бажариш учун марказлаштирилган фондлар ва захираларни шакллантириш;

темир йўл транспорт эҳтиёжлари учун тармоқ корхоналари томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга тармоқ стандартларини ва техник шартларни тасдиқлаш;

компаниянинг бўлинмаларини, мулкчиликнинг давлат шаклларига асосланган бирлашмаларни, корхоналарни, муассасаларни, ташкилотлар ва бошқа тузилмаларни белгиланган тартибда ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш, уларнинг ваколатларини белгилаш;

корхоналарнинг давлат мулкини, шунингдек, акционерлик жамиятлари фаолиятини бошқаришни Давлат мулки қўмитаси билан тузилган бошқариш ҳуқуқини берувчи шартномаларга мувофиқ амалга ошириш;

компания Уставига киритиладиган ўзгартиришлар ва қўшимчалар юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

компаниянинг давлат корхоналари ва ташкилотлари молия-хўжалик фаолиятларининг йиллик ҳисоботлари ва балансларини тасдиқлаш;

компанияга янги қатнашчиларни қабул қилиш ва қатнашчиларни унинг таркибидан чиқариш;

компания таркибига кирувчи корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришга оид масалаларни кўриб чиқиш ва таклифларни республика ҳукуматига киритиш;

норентабель корхоналар узоқ вақт зарар кўриб ишлаган тақдирда уларнинг кейинги фаолиятининг мақсадга мувофиқлиги ёки мувофиқ эмаслиги тўғрисидаги масалаларни ҳал қилиш;

компаниянинг турли хил республика ва халқаро ташкилотларга ва фондларга кириши, шунингдек, улардан чиқиши ҳақида қарорлар қабул қилиш;

республика Ҳукуматига кейинчалик таклифлар киритиш учун темир йўл транспорти масалалари бўйича амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалаларини кўриб чиқиш;

компания ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш шакллари, тизимлари ва миқдорларини тасдиқлаш, шунингдек, хўжалик фаолияти якунлари бўйича ходимларни рағбатлантириш тўғрисидаги таклифларни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш.


6. Компания тузилмаси ва ходимларининг белгиланган сони Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган марказий бошқарув аппаратига эга бўлади.


7. Компания раиси бошчилик қиладиган марказий бошқаруви аппарати фойдаланиш, ишлаб чиқариш-молия ва бошқа фаолиятнинг бошқарувнинг мутлақ ваколатига кирмайдиган барча масалалари бўйича қарорлар қабул қилади.

Республика доирасида ташиш жараёнларига раҳбарлик қилиш ва ташиш жараёни соҳасида хорижий темир йўллар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш компания бошқаруви марказий аппаратининг мутлақ ваколатига киради.


8. Компания раиси:

компания ва марказий бошқарув аппарати фаолиятига раҳбарликни амалга оширади, компанияга юкланган вазифаларнинг бажарилиши ва мазкур Устав қоидаларига риоя қилинишига шахсан жавоб беради, раис ўринбосарлари ва бошқарув аъзолари ўртасидаги вазифаларни тақсимлайди, компания фаолияти масалаларини ҳал этишда уларнинг ваколатларини белгилайди;

компания бошқарув қарорларининг бажарилиши устидан назоратни таъминлайди;

компания бошқаруви марказий аппарати тузилмасига ходимларнинг белгиланган чекланган сони доирасида зарур ўзгартиришлар киритади;

компания бошқаруви марказий аппарати тегишли хизматлари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

белгиланган тартибда ишончномасиз компания маблағларини тасарруф қилади, банкларда ҳисоб-китоб ва бошқа счётларни очади, компания ҳисоб-китоб ҳужжатларини ва ҳисоботларини имзолайди, Ўзбекистон Республикасида ва унинг ташқарисида давлат органлари ҳамда ҳар қандай юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда компания манфаатларини ифодалайди, компания номидан битимлар, шартномалар, контрактлар, бошқа битимларни тузади, бундай битимларни тузиш учун ишончномалар беради;

компания ваколатига кирувчи масалалар бўйича қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатларлар лойиҳаларини Ҳукуматнинг кўриб чиқиши учун белгиланган тартибда тақдим этади;

компания таркибига кирувчи давлат корхоналари, бирлашмалар, муассасалар ва ташкилотларнинг уставлари ва низомларини тасдиқлайди;

ўз ваколатига кирувчи масалалар юзасидан буйруқлар, фармойишлар, кўрсатмалар беради, йўриқномалар ва бошқа ҳужжатларни чиқаради; компания раисининг қарорлари компаниянинг барча мансабдор шахслари ва ходимлари томонидан ижро этилиши мажбурийдир;

компания таркибига кирувчи давлат корхоналари раҳбарлари томонидан қабул қилинган, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига, шунингдек, компания Уставига ва бошқарув қарорларига зид ҳолда чиқарилган буйруқларни ва бошқа хил ҳужжатларни бекор қилади;

компания ва унинг корхоналарининг ишлаб чиқариш-молия фаолияти прогнозининг асосий кўрсаткичларини, компания марказий аппарати ва корхоналар аппаратининг штат жадвалларини, компания таркибига кирувчи таркибий бўлинмалар тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

компания бўлинмалари бошлиқларини, поездлар ҳаракати хавфсизлиги бўйича компания бош тафтишчисини, "Ўзтемирйўлузатишмаш" ишлаб чиқариш бирлашмаси бош директорини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда тайинлайди;

лавозимлар номенклатурасини тасдиқлайди ва унга мувофиқ равишда компания марказий аппарати ва давлат корхоналари, ташкилотлари ходимларини ишга қабул қилиш, ишдан бўшатиш, бошқа ишга ўтказиш, юборишни амалга оширади;

компания ходимларига нисбатан амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда интизомий жазо чораларини кўради. Компания ходимлари интизоми тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;

ходимларни мукофотлаш тўғрисидаги низомни тасдиқлайди;

мансаб окладларини ва уларга устамаларни, шунингдек, аппарат ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида турли хил қўшимча тўловларни ва компенсация тўловларини белгилайди; компания ходимларини рағбатлантиради;

компаниянинг илғор ходимларини кўкракка тақиладиган нишонлар, фахрий ёрлиқлар билан белгиланган тартибда мукофотлайди ва рағбатлантиришнинг бошқа турларини қўллайди;

компаниянинг алоҳида тоифа ходимлари учун кийим-бош формалари ва фарқлаш белгиларини белгиланган тартибда жорий этади. "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акционерлик компаниясининг шахсий таркиби учун формали кийим-бош тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;

қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда ундирилиши умидсиз бўлган қарзларни, маънавий ва жисмоний эскирган давлат мулкини, тегишли бўлинмалар томонидан тақдим этилган материаллар асосида тўхтатиб қўйилган ёки амалга оширилмаган ишлар бўйича харажатларни компания баланси ҳисобидан чиқариш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

компания таркибига кирувчи давлат корхоналарининг молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш ҳақида қарорлар қабул қилади, уларнинг натижаларини кўриб чиқади ва улар юзасидан қарорлар қабул қилади ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур чоралар кўради.



V БЎЛИМ. КОМПАНИЯНИНГ МУЛКИ,

МАБЛАҒЛАРИ ВА МОЛИЯСИ


1. Компания мулки асосий ва оборот маблағларидан, шунингдек, қиймати компания балансида акс эттириладиган бошқа мулк ва пул маблағларидан иборат бўлади.


2. Компания мулки тўлиқ хўжалик юритиш ҳуқуқи билан компанияга тегишли бўлади.


3. Компания мулки қуйидаги манбалар ҳисобига ташкил топади:

йўлнинг ҳуқуқий вориси ҳуқуқи билан собиқ Ўрта Осиё темир йўли бошқармаси мулки;

маҳсулотларни сотиш, ишларни бажариш, хизматлар кўрсатишдан, шунингдек хўжалик фаолиятининг бошқа турларидан олинган даромадлар;

компания томонидан сотиб олинган қийматли қоғозлардан олинган даромадлар;

акционерлик ва мулкчиликнинг нодавлат шакллари бошқа субъектлари фойдасидан дивидендлар кўринишида олинган даромадлар;

бюджет ва бошқа хил марказлаштирилган маблағлар ва қўйилмалар;

банк ва бошқа кредиторлар кредитлари;

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.


4. Компания ўз тасарруфида бўлган мулк ва маблағлардан барча корхоналар манфаатлари йўлида фойдаланади, белгиланган тартибда ҳар хил кўчадиган ва кўчмас мулкни Ўзбекистон Республикасида ҳам, унинг ташқарисида ҳам қуриши, реконструкция қилиши, сотиб олиши, ижарага олиши ва бериши, қонун ҳужжатларига зид келмайдиган бошқа ишларни содир этиши мумкин.


5. Янги темир йўл линияларини қуриш ва ҳаракатдаги составни сотиб олиш Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастурига мувофиқ, компания томонидан тақдим этиладиган ҳисоб-китоблар бўйича амалга оширилади.


6. Асосий фаолият баланси бўйича компанияда қоладиган фойда (даромад) бюджетга солиқлар ва бошқа тўловлар тўлаб бўлингандан сўнг тўла равишда компания ихтиёрига ўтади ва у олиб қўйилиши мумкин эмас. Фойдадан фойдаланиш бошқарув томонидан кўриб чиқилади ва компания раиси томонидан тасдиқланади.


7. Компания ва унинг таркибий бўлинмалари қуйидагиларга ҳақлидир:

пул маблағларини сақлаш ва улар рўйхатга олинган жойда ҳисоб-китоб, кредит ва касса операцияларининг барча турларини амалга ошириш учун исталган банкда ҳисоб-китоб ва бошқа счётлар очиш;

соф фойдадан (солиқлар тўлангандан кейин) пул маблағларини капитал қўйилмаларни маблағ билан таъминлаш, ижтимоий соҳа харажатларини қоплаш ва мулкни марказлаштирилган тартибда сотиб олиш, шунингдек, молиявий ёрдам кўрсатиш ва бошқа мақсадлар учун жамлаш ва бериш;

компания бўлинмаларида тузатиш ишларини бажариш учун маблағлар захираси ташкил этиш.



VI БЎЛИМ. ҲИСОБГА ОЛИШ, ҲИСОБОТ ВА НАЗОРАТ ҚИЛИШ


1. Компания ўз фаолияти натижаларининг оператив ва бухгалтерия ҳисобини юритади, шунингдек, амалдаги қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда статистика ҳисоботини амалга оширади, компания таркибига кирувчи корхоналарнинг фаолияти устидан назорат ўрнатади.


2. Корхоналар белгиланган тартибда компанияга, солиқ, суғурта ва бошқа давлат органларига ўз молия-хўжалик фаолиятлари натижалари тўғрисидаги зарур маълумотларни амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ тақдим этадилар.


3. Компания ва унинг таркибига кирувчи давлат корхоналарининг мулк ва маблағлардан фойдаланишларини ҳамда молия-хўжалик фаолиятларини назорат қилиш компаниянинг молия ва тафтиш органлари томонидан амалга оширилади. Тафтиш аудитор асосда ҳам амалга оширилиши мумкин.



VII БЎЛИМ. КОМПАНИЯ ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТИШ


Компания фаолиятини тўхтатиш қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда амалга оширилади.