язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Транспорт/ "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акционерлик компанияси ходимларининг интизоми тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 03.07.1995 й. 249-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

1995 йил 3 июлдаги

249-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акционерлик

компанияси ходимларининг интизоми тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акционерлик компанияси (бундан кейин компания деб аталади) Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ягона транспорт тизимининг энг муҳим қисмларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида юклар ва йўловчиларни ташиш эҳтиёжининг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли қондирилиши компаниянинг бир текис ва узлуксиз ишлашига боғлиқдир.

Поездлар ҳаракати ва манёвр ишлари хавфсизлигини, ташилаётган юклар, багаж, ишониб топширилган мол-мулк сақланишини ва шартнома мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш, шунингдек, одамларнинг саломатлиги ва ҳаётига хавф солувчи вазиятларнинг олдини олиш мақсадида ишда юксак уйғунлилик ва уюшқоқлик, компания бўлимлари, компания бирлашмалари, корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг ўз меҳнат вазифалари ва хизмат бурчларини сидқидилдан бажаришлари талаб этилади.


2. Мазкур Низом компания бўлимлари, бирлашмалари, корхоналари, ташкилотлари ва муассасаларининг барча ходимларига, шу жумладан, компания бошқаруви марказий аппарати ходимларига жорий этилади, уй-жой-коммунал хўжалиги ва маиший хизмат кўрсатиш, темир йўл транспортида умумий овқатланиш, қишлоқ хўжалиги, тиббий-санитария муассасалари, ўқув юртлари, илмий-тадқиқот, лойиҳа-конструкторлик ташкилотлари, кутубхоналар, методика кабинетлари, маданий-маърифий, спорт ва болалар муассасалари, пансионатлар ва дам олиш уйлари, профилакторийлар ходимлари бундан мустаснодир.


3. Компания ходимларининг интизоми амалдаги қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартиб ва қоидаларга, компаниянинг буйруқлари (фармойишлари), қарорларига, шунингдек, компаниянинг йўриқномаларига ҳамда ўз фаолиятига тегишли бўлган бошқа норматив ҳужжатларга қатъий риоя қилишдан, ўзларига юклатилган вазифани виждонан бажаришдан, ўз ишига онгли ва ижодий муносабатда бўлишдан, иш вақтидан унумли фойдаланишдан, мавжуд резервларни аниқлаш ва улардан фойдаланишдан ҳамда камчиликларни бартараф этишдан, шунингдек, раҳбарларнинг буйруқлари ва фармойишларини аниқ ва ўз вақтида бажаришдан иборатдир.


4. Компания ходимлари ўз меҳнат (лавозим) функциялари доирасида қуйидагиларни бажаришга мажбурдирлар:

поездлар ҳаракати ва манёвр ишлари хавфсизлигини, юклар ва йўловчиларнинг ўз вақтида етказилишини таъминлаш, поездлар ҳаракати жадвалига риоя қилиш;

компаниянинг техник воситалари (локомотивлар, вагонлар, пул, сигнализация воситалари, алоқа ва электр таъминоти ҳамда бошқалар)ни, шунингдек, асбоб-ускуналар, материалларни ва Ўзбекистон Республикасининг давлат мулки объектларини сақлаш, ташилаётган юклар, багаж ва ишониб топширилган мол-мулк сақланишини таъминлаш, улар ўғирланиши, йўқотилиши ва бузилишининг олдини олувчи чора-тадбирлар кўриш;

меҳнатни муҳофаза қилиш, техника хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси, табиатни ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бажариш;

йўловчиларга ва темир йўл транспорти хизматидан фойдаланувчи бошқа шахсларга маданий хизмат кўрсатишни таъминлаган ҳолда ғамхўрлик кўрсатиш ва уларга нисбатан эътиборли бўлиш;

меҳнат шартномаси (контракт) билан юклатилган лавозим вазифаларини ва мазкур Низом талабларини билиш ва уларни бажариш.


5. Компаниянинг ва унинг таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари қуйидагиларга амал қилишга мажбурдирлар:

ўзига бўйсунувчилар ишини тўғри ташкил этиш, буйруқлар ва кўрсатмаларни аниқ бериш ҳамда уларнинг аниқ ва ўз вақтида бажарилишини текшириш, поездлар ҳаракати ва манёвр ишлари хавфсизлигини ташкил этиш масалаларига биринчи даражали аҳамият бериш, меҳнатнинг ва бошқарувнинг илмий ташкил этилиши жорий этилишини таъминлаш;

тежамкорлик режимига риоя этилишини таъминлаш, моддий ва молиявий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш, ташилаётган юклар, багаж ва ишониб топширилган мол-мулк сақланиши, улар йўқолиши, бузилиши ва ўғирланишига олиб келувчи сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш, ҳар бир ўғирлик факти тўғрисида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ўз вақтида маълум қилиш;

ходимлар ўртасида меҳнат ва технология интизомига риоя этилишини таъминлаш, одамларга, уларнинг эҳтиёжлари ва талабларига нисбатан сезгир бўлиш, хизматда ўрнак кўрсатган ходимларни рағбатлантириш ва интизомни бузувчиларни қаттиқ жазолаш;

хизмат бурчи бажарилишига нисбатан виждонан муносабатда бўлиш, шунингдек, хизматда ва ундан ташқарида ўзини муносиб тутиш намунасини кўрсатиш;

ўзига бевосита бўйсунувчи ходимларнинг лавозим вазифаларини аниқ белгилаш;

ўзига бўйсунувчиларни мазкур Низом билан уларнинг вазифалари доираси бўйича қоидалар, йўриқномалар, буйруқлар билан имзо қўйдириб таништириш.


6. Хизмат юзасидан бўйсунувчи ишга доир ҳар қандай кўрсатмани ўзининг бевосита раҳбаридан олади. Ходим юқори турган раҳбардан кўрсатма олган тақдирда бу ҳақда бевосита раҳбарни хабардор қилган ҳолда бу кўрсатмани бажаришга мажбурдир.


7. Темир йўл станцияси бошлиғи компаниянинг станция ҳудудида ишлаётган бошқа хизматларининг барча ходимларига, уларнинг бўйсунушидан қатъи назар, станция иши хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масалалар бўйича шошилинч фармойиш бериш ҳуқуқига эгадир.


8. Раҳбарият таркибига кирувчи ходимлар ҳамда йўловчиларга, юк жўнатувчиларга ва юк олувчиларга, поездлар ҳаракати ва манёвр ишларига хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ходимлар меҳнат мажбуриятларини бажариш чоғида, агар улар учун махсус ишда қийиладиган кийим-бош белгиланмаган бўлса, форма бўйича кийинган бўлишлари керак.



II. РАҒБАТЛАНТИРИШЛАР


9. Ходимлар меҳнат мажбуриятлари намунали бажарилганлиги, иш сифати яхшиланганлиги, меҳнат унумдорлиги оширилганлиги, новаторлик, ташаббускорлик кўрсатилганлиги, ҳаракат хавфсизлиги таъминланганлиги, ташилаётган юклар ва багаж сақланганлиги, ишониб топширилган мол-мулкка эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлинганлиги, узоқ вақт ва нуқсонсиз ишлаганликлари учун рағбатлантириладилар.


10. Компания ходимларига нисбатан рағбатлантиришларнинг қуйидаги турлари қўлланилади:

раҳматнома эълон қилиш;

мукофот бериш;

қимматбаҳо совға билан мукофотлаш;

Фахрий ёрлиқ билан мукофотлаш;

"Фахрий темир йўлчи" кўкрак нишони билан мукофотлаш;

энг яхши касб эгаси унвонини бериш ёки ишдаги муваффақиятлари учун бошқа унвонлар бериш;

коллектив шартномада ёки битимда назарда тутилган рағбатлантиришлар.

Рағбатлантиришнинг бир неча тури бир йўла қўлланилишига йўл қўйилади.

Ходимлар меҳнатдаги алоҳида хизматлари учун белгиланган тартибда давлат мукофотларига тақдим этиладилар.


11. Рағбатлантиришларни қўллаш тартиби:

а) "Фахрий темир йўлчи" кўкрак нишони билан мукофотлаш компания раисининг буйруғи билан амалга оширилади;

б) раҳматнома эълон қилиш ҳуқуқига ҳар бир раҳбар эга бўлади;

в) мукофот бериш, қимматбаҳо совға бериш, Фахрий ёрлиқ билан тақдирлаш ишга қабул қилиш ва зарур маблағларни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган раҳбар томонидан амалга оширилади.

г) энг яхши касб эгаси унвонини ва Ишдаги муваффақиятлари учун бошқа унвонларни бериш компания Ўзбекистон темир йўл транспорти ходимлари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмалари марказий қўмитаси билан биргаликда тасдиқлаган Низомга мувофиқ амалга оширилади.


12. Юқори турган раҳбар ходимларни рағбатлантиришнинг қуйи раҳбарга тегишли бўлган ҳуқуқидан тўлиқ ҳажмда фойдаланади.


13. Рағбатлантириш касаба уюшмаси ташкилоти билан келишилган буйруқда эълон қилинади ва меҳнат дафтарчасига ёзилади.



III. ИНТИЗОМИЙ ЖАВОБГАРЛИК


14. Темир йўл транспорти ходими томонидан меҳнат вазифаларини бажариш чоғида тартиб-интизомнинг айбли бузилиши интизомий ножўя ҳаракат ҳисобланади.


15. Интизомий жазо ушбу ходимни ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган раҳбар томонидан, шунингдек, унинг ана шундай ҳуқуққа эга бўлган юқори турган раҳбари томонидан берилади.

Тегишли раҳбарлар ҳозир бўлмаганлари тақдирда интизомий жазолар уларнинг вазифаларини расмий равишда бажарувчи мансабдор шахслар томонидан қўлланилиши мумкин.

Компания раисининг ўринбосарлари хўжаликнинг ўзларига қарашли корхоналари, муассасалари, бирлашмалари ва ташкилотлари ходимларига ҳайфсан кўринишида интизомий жазо беришлари мумкин.

Компания бўлимлари бошлиқлари, компания корхоналари, муассасалари, бирлашмалари ва ташкилотлари раҳбарлари юқори орган томонидан лавозимга тайинланадиган ўзларига бўйсунувчи ходимларга ҳам ҳайфсан кўринишида интизомий жазо бериш ҳуқуқига эгадирлар.

Ҳеч бир интизомий ножўя ҳаракат раҳбарнинг тегишли равишда таъсир кўрсатишисиз қолмаслиги керак.

Ўзига берилган интизомий ҳуқуқдан фойдаланмаган ёки уни ошириб юборган раҳбар бунинг учун белгиланган тартибда жавоб беради.


16. Ҳар бир интизомий ножўя ҳаракат учун фақат битта интизомий жазо берилиши мумкин.

Интизомий жазо ходимнинг йўловчилар ташиш ёки юк поездларида йўлда бўлган вақтини, бемор бўлган, таътилда бўлган вақтини, шунингдек, ходим томонидан жамлаштирилган дам олиш кунлари вақтини ҳисобга олмаган ҳолда ножўя ҳаракат аниқланган кундан бошлаб бир ойдан кеч бўлмаган муддатда берилади.

Материаллар суриштирув ёки дастлабки тергов органларига берилган тақдирда интизомий жазо иш қўзғатиш рад этилган ёки тўхтатилган кундан бошлаб бир ойдан кечиктирмай берилади.

Барча ҳолларда интизомий жазо ножўя ҳаракат содир этилган кундан бошлаб олти ойдан кейин, молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш натижалари бўйича эса - икки йилдан кейин берилиши мумкин эмас. Ишни жиноий тартибда кўриш вақти ушбу муддатга киритилмайди.


17. Раҳбар жазо берилгунга қадар йўл қўйилган қоида бузилишининг сабаблари ва вазифаларини ҳар томонлама ва холис шахсан ўзи текшириб чиқиши, ушбу қоида бузилишига йўл қўйган шахсдан олдиндан ёзма тушунтириш талаб қилиши шарт.

Тушунтириш беришни рад этиш айбдорни интизомий жавобгарликдан озод қилмайди ҳамда уч кишининг имзоси қўйилган ҳолда далолатнома билан расмийлаштирилади.

Интизомий жазо турини белгилашда раҳбар ушбу ножўя ҳаракатнинг хусусиятини, етказган зарарини, ушбу ҳаракат содир этилган ҳолатни, шунингдек, ножўя ҳаракатни содир этган шахснинг илгариги ишини эътиборга олиши керак.

Интизомий жазо беришда раҳбар хизмат ахлоқ-одоби қоидаларига риоя қилиши ва ўзига бўйсунувчининг қадр-қиммати пастга урилишига йўл қўймаслиги керак.


18. Меҳнат интизоми бузилганлиги учун айбдор ходимга интизомий жазонинг қуйидаги турлари қўлланилади:

а) ҳайфсан;

б) ўртача ойлик иш ҳақининг йигирма фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима солиш.

Меҳнат интизомини мунтазам равишда бузганлик, узрли сабабларсиз прогул қилганлик, ишга маст ҳолда, наркотик ёки заҳарли моддалар истеъмол қилиб гангиган ҳолда келганлик учун ходимга ўртача иш ҳақининг қирқ фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима солиниши мумкин;

в) машинистни ёрдамчиликка ёки чилангарликка, ҳайдовчи ва машинист ёрдамчисини эса транспорт воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ишга ўтказган ҳолда машинистни локомотив (мотор-вагонли ҳаракатдаги состав)ни бошқариш ҳуқуқидан; ейилмайдиган типдаги моторли-рельсли транспорт ҳайдовчи гувоҳномасидан, локомотив (мотор-вагонли ҳаракатдаги состав) машинисти ёрдамчисини эса - машинист ёрдамчиси гувоҳномасидан бир йилгача бўлган муддатга маҳрум этиш.

Ушбу жазо тақиқловчи сигналлардан ўтиб кетганлик (оқибатларидан қатъи назар), шунингдек, ишга маст ҳолда, наркотик ёки заҳарли моддалар истеъмол қилиб гангиган ҳолда келганлик учун қўлланилади ҳамда фақат компания раиси ёки компания бўлими бошлиғи томонидан эълон қилиниши мумкин;

г) поездлар ҳаракати, йўловчиларга хизмат кўрсатиш ёки ташилаётган юклар ва багажнинг сақланиши таъминланиши билан боғлиқ бўлмаган ишга касб (мутахассислик)ни ҳисобга олган холда бир йилгача муддатга ўтказиш;

д) йўлдан фойдаланиш иши билан ёки поездлар ҳаракати ва манёвр ишлари хавфсизлигини, ташилаётган юклар, багаж ва ишониб топширилган мол-мулкнинг сақланишини таъминлаш бўйича бошқа иш билан боғлиқ бўлган эгаллаб турган лавозимидан касб (мутахассислик) ҳисобга олинган ҳолда иш берилган ҳолда ишдан бўшатиш;

Муддат чекланмаган ҳолда эгаллаб турган лавозимидан озод қилиниши мумкин бўлган шахслар доирасига компаниянинг эксплуатация иши билан, шунингдек, ҳаракат хавфсизлигини ва ташилаётган юклар сақланишини таъминлаш бўйича бошқа иш билан боғлиқ бўлган лавозимларни эгаллаб турган раҳбарлар, мутахассислар ва хизматчилар тегишли бўлади;

е) ходим томонидан тартиб-интизомнинг поездлар ҳаракати, манёвр ишлари хавфсизлигига, одамлар ҳаёти ва саломатлигига хавф солган ёки юклар, багаж ва ишониб топширилган мол-мулкнинг сақланиши таъминланмаслигига олиб келган ҳолда бир марта қўпол равишда бузилганлиги учун ишдан бўшатиш.

Поездлар ҳаракатига, одамлар ҳаёти ва саломатлигига хавф солувчи тартиб-интизомнинг қўпол равишда бузилишлари рўйхати ва касаба уюшмаси билан келишмаган ҳолда ишдан бўшатиладиган ходимлар тоифаси Ўзбекистон темир йўл транспорти ходимлари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмалари марказий қўмитаси билан келишган ҳолда компания раиси томонидан тасдиқланади.

Тартиб-интизомнинг қўпол равишда бузилишлари Рўйхатига мувофиқ ходимни ишдан бўшатиш компания раиси ёки компания бўлими бошлиғининг буйруғи билан амалга оширилади.


19. Интизомий жазо ходим имзо чекиб таништирилиши керак бўлган буйруқда эълон қилинади.

Ходим имзо чекишни рад этган тақдирда далолатнома тузилади.


20. Интизомий жавобгарликка тортиш тартиби бузилиши буйруқнинг ўз юридик кучини йўқотишига ва бекор қилинишига олиб келади.


21. Поездлар ҳаракати ва манёвр ишлари хавфсизлигига, одамларнинг ҳаёти ва саломатлигига хавф солувчи ножўя ҳаракат содир этган ходим мана шу иш куни (смена)да ушбу участкада фармойиш берувчи ёки назорат-инспекторлик функцияларини амалга оширувчи мансабдор шахс томонидан бу ҳақда тегишли раҳбариятга дарҳол маълум қилинган ҳолда ишдан четлатилади. Билдиришномада ишдан четлатишга олиб келган сабаблар ва ҳолатлар батафсил баён қилинган бўлиши керак.

Ходимларнинг етарли асосларсиз ишдан четлатилиши айбдор мансабдор шахснинг белгиланган тартибда жавобгарлигига олиб келади.


22. Интизомий жазо қўлланилиши ножўя ҳаракатни содир этган шахсни амалдаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа жавобгарликдан озод қилмайди.

Интизомий жазо белгиланган тартибда мукофотлардан тўлиқ ёки қисман маҳрум қилиш ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларида, коллектив шартномада (битимда) ва Ички меҳнат тартиби қоидаларида назарда тутилган бошқа чоралар билан қўшиб қўлланилади.

Ходим интизомий ножўя ҳаракат содир этилган ёки интизомий жазо бериш тўғрисида буйруқ чиқарилган давр (ой, йил чораги) учун меҳнатга ҳақ тўлаш тизимида назарда тутилган мукофотдан маҳрум этилади.

Интизомий жазо амалда бўлган муддат давомида ходимга нисбатан рағбатлантиришнинг бир йўла (бир марта) бериладиган чора-тадбирлари қўлланилмайди.


23. Юқори турувчи раҳбар унга берилган ваколатлар доирасида қуйи раҳбар томонидан берилган интизомий жазони, башарти бундай қарорга келиш учун етарли асосни топса, бекор қилиш, енгиллаштириш ёки кўпайтириш ҳуқуқига эга бўлади.

Башарти жазо қўлланилишининг қонунийлиги ва асосланганлиги айбдор ходимнинг мурожаат қилганлиги муносабати билан кўриб чиқилаётган бўлса, интизомий жазо кучайтирилишига йўл қўйилмайди.


24. Башарти интизомий жазо берилган кундан бошлаб бир йил давомида ходимга янги интизомий жазо берилмаса, ундай ҳолда унга интизомий жазо берилмаган сифатида қаралади.

Интизомий жазо, башарти интизомий жазо берилган ходим янги ножўя ҳаракат содир этмаса ва ўзини виждонли ходим сифатида кўрсатган бўлса, бевосита раҳбарнинг илтимосномасига кўра интизомий жазони қўллаган мансабдор шахснинг ўз ташаббуси билан бир йил тўлгунга қадар олиб ташланиши мумкин.


25. Ходим ўзига интизомий жазо берилганлиги тўғрисидаги буйруқ билан имзо чекиб танишган кундан бошлаб бир ой давомида бундай буйруқ устидан мазкур Низомнинг 27-бандида назарда тутилган тартибда шикоят қилиши мумкин.

Шикоят қилиш ходимга интизомий жазо бериш тўғрисидаги буйруқнинг ижро этилишини тўхтатиб қўймайди.


26. Ходим поездлар ҳаракати ва манёвр ишлари билан боғлиқ ишга тикланишдан олдин белгиланган синовдан ўтиши керак.

Агар ходим бу синовдан икки марта ўта олмаган тақдирда ўзининг розилиги билан бошқа ишга ўтказилади, бошқа ишга ўтишни рад этган тақдирда эса амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ишдан бўшатилиши мумкин.

Агар поездлар ҳаракати ва манёвр ишлари билан боғлиқ бўлган ишдаги танаффус уч ойдан ошмаса синов ўтказилмайди.


27. Интизомий жазолар бериш масалалари бўйича ходимларнинг меҳнат низолари бўйича комиссиялар ва туман (шаҳар) судлари томонидан кўриб чиқилади.

Ходимга мазкур Низомнинг 18-банди "е" кичик бандида назарда тутилган тартибда берилган интизомий жазо устидан бевосита туман (шаҳар) судига шикоят қилиниши мумкин.


-------------------------

Изоҳ: "б" ва "в" кичик бандларда назарда тутилган жазолар тартиб-интизомнинг поездлар ҳаракати ва манёвр ишлари хавфсизлигига, одамларнинг ҳаёти ва саломатлигига хавф солувчи тарзда бузилганлиги ёки йўловчилар ташиш ва уларга хизмат кўрсатишнинг, юклар, багаж ва ишониб топширилган мол-мулк сақланишининг белгиланган қоидалари бузилганлиги учун қўлланилади.

Интизомий жазо бериш тартибида тиббий хулосага мувофиқ ходимни саломатлигининг аҳволига кўра унинг ишлаши мумкин бўлмаган бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилмайди.