язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Транспорт/ Ўзбекистон Республикасининг 03.07.1992 й. 653-XII-сон "Автомобиль йўллари тўғрисида"ги Қонуни

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

03.07.1992 й.

N 653-XII



АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛЛАРИ ТЎҒРИСИДА


I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикасида автомобиль йўлларини ривожлантириш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб беради.



1-модда. Автомобиль йўллари

тушунчаси ва таркиби


Автомобиль йўли давлат стандартларига мос келадиган, меъёрий оғирликка ва ўлчамга эга бўлган транспорт воситаларининг хавф-хатарсиз ва қулай ҳаракатланиши учун мўлжалланган муҳандислик иншоотлари мажмуидир.

Автомобиль йўллари таркибига йўл учун ажратилган минтақада жойлашган сунъий муҳандислик иншоотлари, йўл хизматининг яхлит технологик мажмуасига кирувчи йўл идоралари, ёрдамчи, қўшимча ва бошқа ишлаб чиқаришга хизмат кўрсатувчи корхоналар киради.

Йўл учун ажратилган минтақадаги ҳаво бўшлиғи ва ер остки қисми ҳам автомобиль йўли мажмуига киради.

Шаҳарлар, шаҳар посёлкалари ва қишлоқ аҳоли пунктларининг кўчалари ушбу Қонуннинг таъсир доирасида бўлган автомобиль йўллари жумласига кирмайди.



2-модда. Ўзбекистон Республикасининг

автомобиль йўллари тўғрисидаги қонунлари


Ўзбекистон Республикасининг автомобиль йўллари тўғрисидаги қонунлари ушбу Қонундан ҳамда автомобиль йўлларига тааллуқли бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Қорақалпоғистон Республикасида автомобиль йўлларини ривожлантириш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари Қорақалпоғистон Республикасининг қонунлари билан белгиланади.



3-модда. Автомобиль йўллари

тўғрисидаги қонунларнинг вазифалари


Автомобиль йўллари тўғрисидаги қонунларнинг вазифалари автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш, қайтадан қуриш ҳамда улардан фойдаланиш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни, шунингдек йўл идоралари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат автомобиль инспекцияси ва йўллардан фойдаланувчилар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш, давлат, жамият, аҳоли манфаатларини кўзлаб, йўлларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилишдан иборатдир.

Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикасининг барча автомобиль йўлларига нисбатан татбиқ этилади.



4-модда. Автомобиль йўлларини фарқлаш


Ўзбекистон Республикасининг автомобиль йўллари мансублигига қараб умумий фойдаланишдаги ва корхоналарга қарашли йўлларга ажратилади.

Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари жумласига Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати белгиланган тартибда тегишли рўйхатларга киритиб, индекси ва тартиб рақами кўрсатилган автомобиль йўллари киради.

Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ва улар таркибидаги барча иншоотлар давлат мулки бўлиб, Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда фойдаланишга бериб қўйилади.

Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари халқ хўжалиги ва маъмурий моҳиятига кўра халқаро, давлат ва маҳаллий (вилоят) аҳамиятига эга автомобиль йўлларига бўлинади.

Мустақил давлатларнинг пойтахтларини бирлаштириб турадиган, шунингдек давлатлар ўртасидаги битимларга мувофиқ халқаро автомобиль йўллари тармоғига кирадиган автомобиль йўллари халқаро аҳамиятга молик автомобиль йўллари ҳисобланади.

Давлат аҳамиятига молик йўллар жумласига республиканинг маъмурий, маданият ва саноат марказлари ҳамда вилоятлари ўртасидаги транспорт қатновини таъминлайдиган, мазкур марказларни эса темир йўл станциялари, портлар, кема тўхташ жойлари, шунингдек қўшни давлатлар билан боғлайдиган йўллар киради.

Маҳаллий аҳамиятга молик йўллар жумласига республика ҳамда вилоятларнинг маъмурий марказларини ноҳияларнинг маъмурий марказлари билан, қишлоқ аҳоли пунктлари билан, шунингдек ноҳия марказларини республика аҳамиятига молик йўллар, темир йўл станциялари, портлар, кема тўхташ жойлари билан бирлаштирадиган йўллар киради.

Халқаро аҳамиятга молик автомобиль йўлларининг рўйхати давлатлар ўртасидаги битимлар асосида тасдиқланади.

Давлат аҳамиятига ва маҳаллий (вилоят) аҳамиятига молик автомобиль йўлларининг рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тасдиқлайди.

Идораларга қарашли автомобиль йўллари тегишли корхоналар, колхозлар ва хўжалик ташкилотларининг мулкидир.

Корхоналарга қарашли автомобиль йўллари ўз аҳамиятига кўра шохобча йўллар, технология, хўжалик ичидаги, хизмат, патруль йўллари ва бошқа йўлларга бўлинади.



5-модда. Автомобиль йўллари қуриш ва улардан

фойдаланиш эҳтиёжлари учун ер ажратиб бериш тартиби


Йўллар қуриш (йўлларни қайтадан қуриш) ва улардан фойдаланиш учун, шунингдек автомобиль йўлларига алоқадор махсус жойлар барпо этиш учун йўл идораларига ва бошқа йўллар қурувчи, улардан фойдаланувчи ташкилотларга доимий ёки вақтинча фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан белгилаб қўйилган тартибда ер ажратиб берилади.

Ердан фойдаланувчиларга автомобиль йўллари қуриш (уларни қайтадан қуриш) ва кейинчалик улардан фойдаланиш учун йўлнинг турига қараб тегишли лойиҳа бўйича минтақа ажратилади.



6-модда. Автомобиль йўлларига

ажратилган минтақадан фойдаланиш тартиби


Йўл учун ажратилган минтақадан фақат йўл идораларигина фойдаланади. Автомобиль йўлига ажратилган минтақада тегишли йўл идораларининг рухсатисиз ҳар қандай ишларни амалга ошириш тақиқланади.

Йўл идоралари ва корхоналарга қарашли йўлларнинг эгалари фойдаланмаётган йўл учун ажратилган минтақадаги ерлар шартнома асосида йўл сервис корхоналарини жойлаштириш мақсадида ижарага берилиши мумкин. Бунда фақат йўлларни транспорт - фойдаланиш даражаси, қатнов хавф-хатарсиз ўтиб туриши ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талабларини бажаришга кафолат бериши керак.



II БЎЛИМ. АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛЛАРИНИ БОШҚАРИШ


7-модда. Автомобиль йўлларини

бошқарувчи давлат идоралари


Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларининг давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг Ҳукумати махсус ваколат берилган автомобиль йўлларини бошқарадиган давлат идораси орқали республика автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш ва такомиллаштириш ишини назорат қилади ҳамда бу борада ягона техника сиёсати юритади, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини фойдаланиш учун яроқли ҳолда сақлашни, таъмирлашни ва бундай йўллар қуришни ташкил этади.

Идораларга қарашли йўлларни бошқариш қонунларда белгиланган тартибда ана шу йўлларни тасарруф этувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан амалга оширилади, бу ишларни маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари уйғунлаштирадилар.



8-модда. Автомобиль йўлларини

бошқарувчи идоралар


Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари Ўзбекистон Республикаси халқининг бойлиги бўлиб, давлатнинг мутлақ мулкидир ва у хусусийлаштирилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари Ўзбекистон Республикаси йўл хўжалиги идоралари (йўл идоралари) бошқарувида бўлади ва уларнинг балансида туради.

Корхоналарга қарашли автомобиль йўллари қайси корхона, муассаса ва ташкилот балансида турса ва қайси бири ана шу йўлларнинг сақланишини таъминласа, шу корхона, муассаса ва ташкилот ихтиёрида бўлади.

Шаҳарлар, шаҳар посёлкалари ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги кўчалар тегишли маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари тасарруфида бўлади ҳамда уларнинг сақланишини таъминлайдиган уй-жой-коммунал хўжалиги корхоналари ва ташкилотлари балансида туради.



9-модда. Автомобиль йўллари тармоғини

ривожлантиришни режалаштириш


Автомобиль йўллари тармоғини ривожлантиришни режалаштириш ҳудудий йўл идоралари ёки корхоналарга қарашли йўлларнинг эгалари томонидан республиканинг иқтисодиётини ва ижтимоий соҳасини ривожлантириш манфаатларини кўзлаб, барча ер эгаларининг фойдаларини ҳисобга олиб ва табиатни муҳофаза қилишга қаратилган қонун талабларига риоя этган ҳолда амалга оширилади.

Автомобиль йўлларини ривожлантириш режалари маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари билан келишиб олинади.



10-модда. Йўл ишларини пул билан таъминлаш


Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида бажариладиган ишлар (лойиҳалаш, қуриш, қайтадан қуриш, таъмирлаш ва сақлаш) йўл жамғармалари маблағлари ҳисобидан пул билан таъминланади.

Йўл жамғармаларини вужудга келтиришнинг ҳуқуқий негизлари ҳамда улардан қай йўсинда фойдаланиш Ўзбекистон Республикасининг қонунлари билан белгиланади.

Корхоналарга қарашли автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш (қайтадан қуриш), таъмирлаш ва сақлаш ишларини мазкур корхона, муассаса ва ташкилотлар маблағ билан таъминлайдилар.

Шаҳарлар, шаҳар посёлкалари ва қишлоқ аҳоли пунктларининг кўчаларини лойиҳалаш, қуриш (қайтадан қуриш), таъмирлаш ва сақлаш ишлари маҳаллий бюджетлар ҳисобидан маблағ билан таъминланади.



11-модда. Автомобиль йўлларини

лойиҳалаш, қуриш ва қайтадан қуриш


Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва қайтадан қуриш ихтисослаштирилган муассасалар, ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

Корхоналарга қарашли йўлларни лойиҳалаш, қуриш ва қайтадан қуриш мазкур ташкилотлар томонидан амалга оширилади. Корхоналарга қарашли йўлларни лойиҳалаш учун бериладиган топшириқ маҳаллий йўл идоралари билан келишилади. Корхоналарга қарашли йўлларни қуриш ва қайта қуриш лойиҳалари маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари томонидан тасдиқланади.

Тегишли идораларга ажратилган ҳудудлардаги умумий фойдаланиш учун мўлжалланмаган корхоналарга қарашли йўлларни лойиҳалаш ва қуриш махсус рухсатномаларсиз амалга оширилади.

Автомобиль йўлларидан фойдаланишдан манфаатдор бўлган юридик шахслар, шунингдек тегишли маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари йўлларни қуриш ва қайта қуриш ишларида улуш қўшиб иштирок этишлари мумкин. Бундай ҳамкорликнинг шакллари шартномалар билан белгиланади.

Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларига келиб қўшиладиган (туташтириладиган) ва улар кесишадиган йўлларни қуриш учун рухсатномалар тегишли йўлларни бошқарувчи ташкилотлар томонидан берилади. Агар бундай туташиш ёки кесишиш жойлари тегишли рухсатномасиз ёки йўл идоралари қўйган шартларни бузган ҳолда қурилган бўлса, йўл идоралари уларни қайта қуриш ҳақида ёхуд жойни дастлабки ҳолатига келтириш ҳақида қарор қабул қилишга ҳақлидир.

Йўлга ажратилган минтақада иншоотлар (трубопроводлар, алоқа ва электр узатиш линиялари ва ҳоказолар) қуриш ҳамда уларни қайтадан қуриш лойиҳалари йўл эгалари билан ҳамда йўл ҳаракатининг хавфсизлигини назорат қилиб турувчи идоралар билан келишиб олишлари шарт.

Автомобиль йўллари, кўприклар ва бошқа йўл иншоотларини барпо этиш ёки қайта қуриш чоғида алоқа тармоқларини кўчириш юзасидан амалга ошириладиган ишларни қурилиш буюртмачилари ўз ҳисобларидан, алоқа коммуникацияларининг эгалари берадиган техникавий шартларга мувофиқ бажарадилар.



12-модда. Автомобиль йўлларини

сақлаш ва таъмирлаш


Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини йўл идоралари сақлаб турадилар ва таъмирлайдилар.

Саноат, қурилиш ва бошқа корхоналар ҳамда хўжалик ташкилотлари ўзларига қарашли кириб келувчи автомобиль йўлларини ўз маблағлари ҳисобига сақлаб турадилар ҳамда таъмирлайдилар.

Корхоналарга қарашли бўлиб, умумий фойдаланиш учун очиқ бўлган автомобиль йўлларини сақлаш харажатларини шу йўллардан доимий фойдаланувчи юридик шахслар улуш қўшиш асосида амалга оширадилар.

Йўл-транспорт иншоотларини (темир йўлларни кесиб ўтиш жойларини, осма кўприкларни, паром кечувларини, трамвай йўлларини ва ҳоказоларни) ана шу иншоотлар эгалари бўлган ташкилотлар сақлаб турадилар ва таъмирлайдилар. Бундай иншоотларни сақлаб туриш ва таъмирлаш тартиби тегишли йўл идоралари билан келишиб олинади.

Автомобиль йўлларини қуриш, сақлаш, таъмирлаш ва қайтадан қуриш ишлари Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан белгиланган экология меъёрларини албатта ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.



13-модда. Йўл идоралари ходимларининг ҳуқуқлари


Йўл идораларининг ходимлари хизмат гувоҳномасини кўрсатган ҳолда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

- йўл қисмларини бузаётган ёки ифлослантираётган, ё бўлмаса ўқига тушадиган оғирлиги, ёхуд ўлчамлари ушбу автомобиль йўли учун белгилаб қўйилгандан ортиқча бўлган транспорт воситаларини тўхтатиш ва автомобиль йўлининг қатнов қисмидан четга чиқариб қўйишни талаб қилиш, шунингдек аниқланган қоидабузарликлар ҳақида протоколлар расмийлаштириш (мазкур протоколлар зарур чоралар кўриш учун Давлат автомобиль инспекцияси идораларига ва транспорт воситаларининг эгаларига, транспорт воситалари йўлни ёки йўл иншоотларини шикастлантирган тақдирда эса - келтирилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун судларга ёки ҳакамлик суди идораларига юборилади);

- ўзлари хизмат қилаётган йўл бўлимлари чегарасида умумий фойдаланишдаги рейсли (маршрутли) автобусларда улар кетаётган йўналишда бепул юриш.

Бепул қатнашга рухсат бериладиган йўл идоралари ходимларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси йўл идоралари томонидан Ўзбекистон Республикаси Автомобиль транспорти вазирлиги билан келишган ҳолда тасдиқланади.

Юк автомобилларининг ҳайдовчилари (ҳарбий юклар, почта ташувчи, инкассатор автомобиллари ва бошқа махсус автомобиллардан ташқари) йўл-йўлакай йўл идораларининг ходимларини, агар хизмат гувоҳномасини кўрсатган тақдирда ва ўзлари хизмат кўрсатадиган йўл бўлимида хизмат бурчларини бажариш учун кетаётган бўлсалар, бепул олиб бориб қўйишлари, шунингдек уларнинг талаби билан йўлнинг қатнов қисмидан четга чиқариб қўйиш керак бўлган бузилган транспорт воситаларини шатакка олишлари шарт.



III БЎЛИМ. АВТОМОБИЛЬ

ЙЎЛЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ


14-модда. Автомобиль йўлларидан фойдаланувчилар,

уларнинг ҳуқуқлари ва бурчлари


Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва бошқа юридик шахслар, шунингдек бошқа ҳаракат қатнашчилари автомобиль йўлларидан фойдаланувчилардир.

Чет давлатларнинг юридик шахслари ва фуқаролари республика ҳудудида автомобиль йўлларидан Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари ва фуқаролари билан баравар фойдаланадилар.

Йўл ҳаракатининг қатнашчилари умумий фойдаланишдаги барча автомобиль йўлларидан, шунингдек умумий фойдаланиш учун очиқ бўлган корхоналарга қарашли автомобиль йўлларидан ўтиш ҳуқуқига эгадирлар.

Транспорт воситаларидан фойдаланадиган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқаролар улардан фақат ҳаракат хавфсизлигига жавоб берадиган ҳамда автомобиль йўллари ва йўл иншоотларига путур етказмайдиган ҳолатдагина фойдаланишлари керак.

Транспорт воситаларининг ҳайдовчилари ва ҳаракатнинг бошқа қатнашчилари автомобиль йўлида ёки унинг сунъий иншоотларида бузуқ жойларни кўриб қолсалар, бу ҳақда йўл ва милиция идораларини хабардор қилиб қўйишлари шарт.



15-модда. Автомобиль йўлларидан

фойдаланиш тартиби


Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларидан ушбу Қонунда ва Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгилаб қўйилган тартибда фойдаланилади. Корхоналарга қарашли автомобиль йўлларидан фойдаланиш тартибини тегишли корхоналар ҳамда маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари белгилайди.

Транспорт воситалари автомобиль йўлларида амалдаги йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ юрмоғи керак.

Автомобиль йўлларидан ўқига тушадиган юк ва оғирлиги белгиланган меъёрлардан ортиқ бўлмаган транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ҳамда механизмларнинг юришига рухсат этилади.

Автомобиль йўлларидан ўқига тушадиган юк ва оғирлиги белгиланган меъёрдан (шу жумладан мавсумлар бўйича) ортиқ бўлган транспорт воситаларининг ўтиши учун уларнинг эгаларидан махсус ҳақ ундирилади. Йўлдан фойдаланишга рухсат берилиши фойдаланувчиларни етказилган моддий зарарни қоплаш учун улардан ундирилган махсус ҳақдан ортиқ бўлган қисмини тўлашдан озод қилмайди.

Автомобиль йўллари чеккаларида иш олиб бораётган ташкилотлар ишларни амалга оширишнинг тартиби, муддатлари, сифатига риоя қилиниши учун, шунингдек транспорт воситаларининг автомобиль йўлларида ва айланиб ўтиш жойларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш учун тўла жавобгардирлар.

Мазкур ташкилотлар иш бошлашдан олдин тегишли йўл идораларидан масъул шахслар, ишларни бажариш технологияси ва муддатлари кўрсатилган ордер олишлари шарт.



16-модда. Автомобиль йўлларидан фойдаланиш ҳамда

уларда юриш шароитини ёмонлашишга олиб

келадиган ишларни амалга ошириш ҳуқуқини чеклаш


Ўзбекистон Республикасининг йўл идоралари билан келишмасдан туриб:

- йўл чеккаларида ва йўл учун ажратилган минтақада йўл ахборотига алоқаси бўлмаган реклама-шиорлар, лавҳалар, эълонлар ўрнатиш;

- спорт мусобақалари (кросслар, автомобиль, мотоцикл, велосипед пойгалари ва бошқа тадбирлар) ўтказиш;

- йўлга ажратилган минтақада кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш;

- автомобиль йўлларини каналлар, алоқа ва электр узатиш линиялари, нефть қувурлари, газ қувурлари, сув қувурлари, темир йўллар ва бошқа коммуникациялар кесиб ўтиши, туташадиган ва ажралиб чиқадиган йўлларни қуриш;

- кўприклар ва қувурлар яқинида мелиорация ҳамда бошқа мақсадлар учун дарёларнинг ва зовурларнинг ўзанларини чуқурлаштириш;

- умумий фойдаланишдаги йўллар билан бирлаштирилган шлюзларни, тўғонларни ва бошқа мелиорация ҳамда гидротехника иншоотларини таъмирлаш;

- йўл четларида ҳамда йўл кўтармалари ва ўйимларининг қияликларида жойлашган алоқа ва электр узатиш линияларини қайтадан қуриш тақиқланади.



17-модда. Автомобиль йўлларида

ҳаракатни чеклаш ва тақиқлаб қўйиш


Табиий офат юз берган ҳолларда, таъмирлаш - қурилиш ишларини амалга ошириш чоғида ёки бошқа ҳолларда маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари қарорларига мувофиқ автомобиль йўлларида ҳаракат вақтинча тўхтатиб ёки чеклаб қўйилиши мумкин.

Автомобиль йўлларини сақлаш учун жавобгар идоралар йўл учун ажратилган минтақада иш олиб бораётган даврда бу ишлар транспорт ҳамда пиёдалар тўхтовсиз ва хавфсиз ҳаракатига таҳлика солса, йўллардаги ёки уларнинг маълум бўлакларидаги қатновни ёпиб қўйиш ёхуд чеклашга ҳақлидирлар.

Автомобиль йўлларида йўл ишларини амалга ошириш учун қатновни ёпиб қўйиш ёки чеклаш маҳаллий ҳокимият ва бошқарув идоралари берадиган ордер асосида амалга оширилади.

Берилган кўрсатмаларни ёки ишларни амалга ошириш учун ордерда кўрсатилган муддатларни бузиш, ишларни амалга ошираётган идораларнинг қонунда белгиланадиган миқдорда ва тартибда моддий жавобгарлигига сабаб бўлади.

Шошилинч, кечиктириш мумкин бўлмаган ҳолларда ишларни амалга ошириш учун олдиндан ордер олмасдан туриб ҳам қатновни чеклаш ёки тақиқлаш мумкин, бироқ бу ҳақда йўлларни сақлаш учун масъулиятли бўлган идораларга ва Давлат автомобиль назорати идораларига хабар бериш шарт.



18-модда. Автомобиль йўлларига туташ ер

эгаларининг ва ердан фойдаланувчиларнинг бурчлари


Ҳудудларидан автомобиль йўллари ўтадиган ер эгалари ва ердан фойдаланувчилар:

- умумий фойдаланишдаги йўлларга қўшиладиган ва уларга олиб борадиган йўлларни техникавий жиҳатдан соз ҳолда сақлашлари;

- йўлкаларни, пиёдалар йўлларини ахлатдан, лойдан ва қордан тозалаб туришлари;

- дов-дарахтларни асраш ва яхши сақлаб туришга ёрдам беришлари;

- йўлга туташ буталар ва биноларни парваришлаган ҳамда бўялган ҳолатда сақлашлари;

- йўл ўртасидан 50 метрдан кам бўлган масофада тош, шох-шабба, конструкциялар ва бошқа материаллар тўпланишига йўл қўймасликлари шарт.



19-модда. Йўлларда транспорт

воситаларига техникавий ёрдам кўрсатиш


Умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида автомобилларга техника хизмати кўрсатиш станциялари, автомобиль транспорти корхоналари ва ташкилотлари (ушбу корхоналар жойлашган биноларда), кооперативлар транспорт воситаларига техникавий ёрдам кўрсатадилар.

Техникавий ёрдам кўрсатиш ташкил этиладиган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан автомотоҳаваскорлар республика кўнгилли жамияти билан келишган ҳолда тасдиқланади ва матбуотда эълон қилинади.

Корхоналарга қарашли автомобиль йўлларида автомобилларга техникавий ёрдамни шу йўлларнинг эгалари кўрсатадилар.



20-модда. Автомобиль йўлларида

тиббий ёрдам кўрсатиш


Автомобиль йўлларида йўл-транспорт ҳодисаларида жароҳатланганларга тиббий ёрдам ана шу йўлларга яқин бўлган тиббиёт муассасалари томонидан кўрсатилади.

Халқаро ва давлат аҳамиятига молик автомобиль йўлларидаги ана шундай тиббиёт муассасаларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикасининг йўл идоралари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат автомобиль назорати билан келишган ҳолда белгиланади.



21-модда. Автомобиль йўлларининг

давлат томонидан назорат қилиниши


Автомобиль йўлларининг ҳолати узлуксиз ва хавф-хатарсиз қатнов талабларига мувофиқ бўлишини ҳокимият ва бошқарув идоралари назорат қиладилар.



22-модда. Йўл идораларининг автомобиль йўллари

тўғрисидаги қонунларни бузганлик учун жавобгарлиги


Йўл идоралари ўзлари хизмат кўрсатаётган автомобиль йўллари ва йўл иншоотлари транспорт воситаларини узлуксиз ва хавф-хатарсиз ўтказиб туришни таъминлайдиган соз ҳолатда сақланиши учун жавобгардирлар.

Автомобиль йўлларини бошқарувчи идоралар ўз зиммаларига юклатилган вазифаларни бажармаганлиги оқибатида йўл шароитлари ёмонлашуви туфайли юз берган йўл-транспорт ҳодисалари натижасида етказилган зарарни автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларга тўлашлари шарт ва улар юз берган ҳодиса оқибатларининг оғирлик даражасига қараб интизомий, мулкий, маъмурий ёки жиноий жавобгар бўладилар.

Йўл шароитлари билан боғлиқ ҳолда юз берган йўл-транспорт ҳодисалари тўғрисидаги ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг идоралари томонидан автомобиль йўлининг тегишли бўлагини бошқарувчи йўл идораси вакиллари иштирокида расмийлаштирилади.



23-модда. Автомобиль йўлларидан

фойдаланувчиларнинг жавобгарлиги


Автомобиль йўллари бўлакларининг бузилиб, йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлишига йўл қўйган мансабдор шахслар ва фуқаролар Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.

Йўл белгилари, кўрсаткичлар, автопавильонлар, йўл ёқасидаги дов-дарахтлар, қор ва қум кўчишларидан ҳимоя қилувчи иншоотларнинг ҳамда автомобиль йўлларини ободонлаштиришнинг бошқа жиҳозлари шикастланишига йўл қўйган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқаролар мазкур элементларнинг ва уларни қайта тиклаш ишларининг қийматини тўлайдилар.

Йўл қопламасини, йўл четидаги иҳоталар, тупроқ кўтармаси, тўсиқ қурилмалари, кўприклар, кўтарма, осма йўллар, сувни оқизиб юборадиган ва бошқа иншоотлар шикастланишида айбдор бўлган корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва фуқаролар уларни йўл идоралари белгилаган муддатларда ўз кучлари билан ва ўз ҳисобларидан таъмирлашлари (қайта тиклашлари) ёки келтирилган зарарнинг ўрнини қоплашлари шарт.

Айбдорлардан йўл хўжалигига етказилган моддий зарар, шунингдек ушбу Қонунда кўзда тутилган жарималар Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда ундириб олинади.



24-модда. Халқаро шартномалар


Агар Ўзбекистон Республикаси иштирок этаётган халқаро шартномада Ўзбекистон Республикасининг Автомобиль йўллари тўғрисидаги қонунларидагидан бошқача қоидалар белгилаб қўйилган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                          И. Каримов