язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Сув, сувдан фойдаланиш ва сув хўжалиги/ Сув хўжалиги. Сув хўжалиги иншоотлари ва гидротехник объектлар/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 21.01.2014 й. 13-сон "2014-2015 йилларда ва истиқболда 2020 йилгача сувларни Ўзбекистон Республикаси сув оқимлари бўйлаб барқарор ва хавфсиз ўтказиб юбориш дастурини тасдиқлаш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

21.01.2014 й.

N 13


2014-2015 ЙИЛЛАРДА ВА ИСТИҚБОЛДА

2020 ЙИЛГАЧА СУВЛАРНИ ЎЗБЕКИСТОН

РЕСПУБЛИКАСИ СУВ ОҚИМЛАРИ БЎЙЛАБ

БАРҚАРОР ВА ХАВФСИЗ ЎТКАЗИБ ЮБОРИШ

ДАСТУРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси ҳудуди ва аҳолисини сел тошқини ва ер ўпирилиши ҳодисаларидан ҳимоя қилиш бўйича 2013 йил учун қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2013 йил 28 февралдаги ПҚ-1926-сон қарорини бажариш юзасидан ҳамда тошқин сувлари ва сел оқимларини Ўзбекистон Республикаси сув оқимлари бўйлаб барқарор ва хавфсиз ўтказиб юбориш бўйича амалга ошириладиган ишлар самарадорлигини ошириш, аҳолини ва иқтисодиёт тармоқларининг ижтимоий объектларини тошқин ва хавфли сел ҳодисаларининг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Андижон, Қашқадарё, Навоий, Наманган ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 28 февралдаги ПҚ-1926-сон қарори доирасида қирғоқни мустаҳкамлаш ва бошқа тарзда ҳимоя қилишнинг биринчи навбатдаги тадбирларини сўзсиз бажариш бўйича аниқ чора-тадбирлар амалга оширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Жиззах, Сурхондарё ва Тошкент вилоятлари ҳокимларига юқорида кўрсатиб ўтилган тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш таъминланмаганлиги кўрсатиб ўтилсин.


2. 2014-2015 йилларда ва истиқболда 2020 йилгача сувларни Ўзбекистон Республикаси сув оқимлари бўйлаб барқарор ва хавфсиз ўтказиб юбориш дастури маъқуллансин. Дастурда қуйидагилар назарда тутилади:

2014-2015 йилларда сел ва тошқин сувларини Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига қарашли сув хўжалиги объектлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг сув оқимлари бўйлаб барқарор ва хавфсиз ўтказиб юборишни таъминлаш ишларининг прогноз параметрлари (фойдаланиш харажатлари ҳисобига) 1-иловага* мувофиқ;

2015 йилда сел ва тошқин сувларини Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигига қарашли сув хўжалиги объектлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг сув оқимлари бўйлаб барқарор ва хавфсиз ўтказиб юборишни таъминлаш ишларининг прогноз параметрлари (капитал қўйилмалар ҳисобига) 2-иловага* мувофиқ;

2014-2015 йилларда сел ва тошқин сувларини маҳаллий давлат ҳокимияти органларига қарашли сув хўжалиги объектлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг сув оқимлари бўйлаб барқарор ва хавфсиз ўтказиб юборишни таъминлаш ишларининг прогноз параметрлари (капитал қўйилмалар ҳисобига) 3-иловага* мувофиқ;

2014-2015 йилларда сел ва тошқин сувларини бошқа вазирликлар ва идораларга қарашли сув хўжалиги объектлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг сув оқимлари бўйлаб барқарор ва хавфсиз ўтказиб юборишни таъминлаш ишларининг прогноз параметрлари (ўз маблағлари ҳисобига) 4-иловага* мувофиқ;

истиқболда 2016 - 2020 йиллар даврида сувларни Ўзбекистон Республикасининг сув оқимлари бўйлаб барқарор ва хавфсиз ўтказиб юборишнинг асосий параметрлари 5-иловага* мувофиқ.


3. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

вазирликлар ва идораларнинг ўз маблағлари;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси маблағлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар тошқин сувлари ва сел оқимларини Ўзбекистон Республикаси сув оқимлари бўйлаб барқарор ва хавфсиз ўтказиб юборишни таъминлаш ишларини бажаришни молиялаштиришнинг манбалари этиб белгилансин.


4. Белгилансинки, тасарруфида сув хўжалиги объектлари бўлган вазирликлар, идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари:

тегишли ишлар бажарилишининг буюртмачилари ҳисобланадилар;

ажратилаётган маблағлардан мақсадли фойдаланилиши ва манзилли дастур бажарилиши учун жавоб берадилар.


5. Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари, шунингдек манфаатдор вазирликлар ва идоралар ҳар йили 2014-2015 йилларда ва истиқболда 2020 йилгача сувларни Ўзбекистон Республикаси сув оқимлари бўйлаб барқарор ва хавфсиз ўтказиб юбориш дастури доирасидаги тадбирларни амалга ошириш бўйича тармоқ жадваллари белгиланган тартибда тасдиқланишини таъминласинлар, улар ўз вақтида бажарилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатсинлар.


6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда тошқин сувлари ва сел оқимларини Ўзбекистон Республикаси сув оқимлари бўйлаб барқарор ва хавфсиз ўтказиб юборишни таъминлаш лойиҳаларини шакллантириш, ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни ишлаб чиқсинлар ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.


7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда вазирликлар, идораларнинг харажатлари сметасида, шунингдек вилоятлар ҳокимликларининг маҳаллий бюджетлари параметрларида 1 ва 3-иловаларга* киритилган объектлар бўйича тадбирларни бажаришга зарур маблағларни назарда тутсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги 2014 йил ва кейинги йиллар учун Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурини шакллантиришда буюртмачиларнинг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича 2, 3, 5-иловаларга* киритилган объектлар бўйича ишларни бажаришни молиялаштиришга буюртмачиларга ҳар йили ажратиладиган лимитлар доирасида бюджет маблағларини назарда тутсинлар.


9. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда манзилли дастурга киритилган лойиҳалар амалга оширилиши устидан объектма-объект мониторинг ўрнатсин ва ҳар ойда тегишли ахборотни тошқин сувлари ва сел оқимларини хавфсиз ўтказиб юборишни таъминлаш, қор кўчкиси ва ер ўпирилиши ҳодисалари хавфини пасайтириш бўйича Ҳукумат комиссиясига киритсинлар.


10. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.И. Закиров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                           Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2014 йил 27 январь, 4-сон, 49-модда